Пайдо бўлдимми, бас, қаршимда қатор
Эшиклар тақа-тақ ёпилур фақат…
— Одамлар, ҳой, шошманг, сизда гапим бор,
Одамлар… бир нафас сабру қаноат!..
Мен пул сўрамайман, сўрамайман мол,
Нон ҳам сўрамайман… Ошиқманг унча!..
Бир савол сўрайман, фақат бир савол,
Киши саволдан ҳам қўрқарми шунча?..
Уйқу — ўлим, деб бекорга айтишмайди, яъни ўлим машқи. Киши умр бўйи ҳар кеча ухлаб, ўлимни машқ қилади. Ва охир-оқибат бир кун уйқуга кетадию бошқа уйғонмайди. Бу гапни бир ерда ўқиганманми ёки ўзим ўйлаб топганманми — билмайман. Лекин ақидам шунақа. Шунинг учун ҳар тонг уйқудан уйғонганимга шукр қиламан… Шукр қилиб, дунёга ва сарвари коинотга салом бераман:
— Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳ…
Сўнг ўзимдан секин ҳол-аҳвол сўрайман:
— Хўш, ўзларидан сўрасак?
— Шукр…
— Демак, насибада шу кун ҳам бор экан-да?
— Бор экан…
— Хўш, бу ёғи нима бўлди энди?
— Бу ёғи — қайта қуриш..
— Хўп, гапни айлантирмасдан, ростини айт-чи, шу қайта қуришга ишонасанми ўзи?
— Ишонаман ҳам, ишонмайман ҳам…
— Ийе, бу қанақаси бўлди?
— Шунақаси, ишонмайман ҳам…
— Бундоқ тушунтириб гапирсанг-чи?…
— Тушунтириб гапирсам, оғайни, ўзинг бундоқ ўйлаб қара: қайта қуришнинг раҳбари — партия ва унинг йўлига ғов бўлиб турган куч — бутун мамлакат бўйлаб томир отган маъмурий-буйруқбозлик аппарати. Шундоқми? Балли. Энди шу бюрократик аппаратни синдириш ёки энг камида ундан ошиб ўтиш керак. Тўғрими? Баракалла. Хўш, ўша — маъмурий-буйруқбозлик аппарати, дегани нима ўзи? Биринчи галда райком, горком, обком, яъни, партия органлари эмасми? Демак, бундан чиқдики, партия раҳбарлигида партиянинг маъмурий-буйруқбозлик аппаратини синдиришимиз, енгишимиз керак… Бу — менинг раҳбарлигимда менга қарши кураш деган сўз… Хўш, менинг раҳбарлигимда менга қарши курашга мен қўярмидим? Аҳволнинг нақадар жиддийлиги ва нозиклигини пайқаяпсанми? Қайта қуришга ишонмаслигим, маъюслигимнинг сабабини энди тушунгандирсан? Энди қайта қуришга ишонаман, дейишимга боис шуки, унга ишонгим келади, ишонмасам бўлмайди, негаки бўлак чорам йўқ… Ноумид шайтон, дейишади-ку, зора, инсофга келишса…
— Ким?
— Ким бўларди? Бюрократлар-да.
— Содда экансан. Бир ривоят эшитганман. Ривоят — мажоз… Бировни бор дунёдан ажратиб, ўн йиллар чамаси қамоқда тутишибди. Атрофида қават-қават деворлар эмиш. Охири тутқуннинг сабри тугаб, эшикка ёпишибди. Бақириб — чақирибди, елкаси билан итариб, оёғи билан тепибди. Ногаҳон эшик очилиб кетибди… Қараса, қаршисида яна бир девор турганмиш, эшиги қулфлоғлик эмиш… Уни ҳам бир бало қилиб очибди. Қараса — тағин бир девор ва тағин танбаланган эшик… Хуллас, ундан ҳам ўтиб, энг сўнгги деворга етибди, тепибди, боши билан урибди… Бефойда!.. Эшик очилмабди… Ҳолдан тойиб, ўтириб қолибди. Бир пайт нафасини ростлаб, яхшироқ тикилиб қараса, қаршисида эшикмас, туташ девор турганмиш… Фақат унга… эшикнинг суврати солиб қўйилганмиш… Шунда шўрликнинг кўксидан аччиқ бир фарёд отилиб чиқибди… «Дунё! — деб қичқирибди у жони ҳалқумига тиқилиб. — Мени эшитяпсанми, дунё!..»
— Ғалати ривоят экан… Аммо мен бундан ҳам ғалатисини биламан. Мана, эшит… 1965 йил. Ўзбекистон ССРга навбатдаги Ленин орденини топшириш учун Брежнев Тошкентга келади. Кундузи — расмий тантаналар, чапаквозлик, кечқурун Олий Совет боғида олий меҳмон шарафига шоҳона банкет, зиёфат. Қадаҳлар, табриклар… Бир пайт Брежнев бир оз кайфи ошиб, ўрнидан турибди-да, тикка юриб, саҳнага чиқибди… Рақс этаётган қизлар «дув» этиб тарқалишибди… Саҳнада ёлғиз Брежнев эмиш. Ҳамма жим, ҳамма ҳайрон: «Не истайди?.. Нима қилмоқчи?..» Маълум бўлишича, у боя нутқ сўзлаганига қарамай, яна нутқ сўзламоқчи экан. Эндигиси — кайф устида… «Товариши,— дебди у дабдурустдан,— знаете ли вы, сколько у меня карманов?» Бундай саволни кутмаган бизнинг казо-казолар жим қотиб туришаверибди… Шунда Брежнев чўнтакларини битта-битталаб санай кетибди: — Вот карман… вот карман… верхний карман… задний карман… Сўнг яна саволга ўтибди: — А знаете ли вы что, все мои карманы полным полно золота?». Яна ҳамма жим тураверибди, одамлар «знаем» дейишга ҳам, «не знаем» дейишга ҳам ҳайрон эмиш… «Откуда это золото? — сўрашда давом этибди нотиқ ва ўз саволига ўзи жавоб берибди: «Это — узбекистанское золото». Сўнг у кутилмаганда қизиқ якун ясабди: «Узбекистан есть золотой карман Советского Союза!.. Давайте же, товариши, выпьем за золотой карман Советского Союза!» Шунда ҳамма «гурр» этиб ўрнидан туриб, қадаҳларни жаранг-журунг уриштириб: «За золотой карман Советского Союза!.. За золотой карман Советского Союза!»— дейишиб, баҳамжиҳатлик билан ичишибди…
«Ўзбекистон — Совет Иттифоқининг олтин тўла чўнтагидир!».. Қойил!.. Бундан ошириб айтиб бўлмайди!.. Барака топгур Брежнев ўшанда мастлик-ростлик қилиб, гапнинг пўсткалласини айтиб қўя қолган эканда… Хўш, нега энди биз буни ҳаммага эшиттириб, баралла айтмадик? Халқдан, жамоатчиликдан яширдик? Балки, айтганимизда «Ўзбекистон — боқиманда, бировларнинг ҳисобига кун кўрувчи тирик товон» деган таъна-дашномларни эшитмасдик. Чала ҳақиқат — ёлғондан ёмон, деб шуни айтишади-да. Ҳа, чала ҳақиқат — ғафлатнинг уяси… Чала ҳақиқат эшитавериб, ғафлатга ботдик. Биз ҳалигача ўзимиз етиштираётган маҳсулотларнинг жаҳон бозоридаги асл нархларини билмаймиз. Тўғри, бир тонна пахта толаси жаҳон бозорида 5 минг доллар, яъни, 30 минг сўм туришини Одил Ёқубовнинг шу йил «Ёш ленинчи» газетасининг 1 январь сонида босилган суҳбатидан билиб олдик. Лекин қоракўл-чи? Газ, олтин, мармар-чи? «Давлат монополияси» деб қўлимиздан қоқиб олиб кетишяпти. Мева ва сабзавотнинг жаҳон бозоридаги нархи нечук? Мен тасодифан пилланинг нархини эшитиб қолдим: бир килограмми жаҳон бозорида 136 сўм баҳоланар экан. Жаҳон бозори нари турсин, бошқа распубликаларда пилланинг қиймати қанчалигини ҳам яқин-яқингача айтишмасди. Эшитиб ҳайрон бўлиб қолдим: бизники билан қиёслаганда, орадаги тафовут анча-мунча… «Мамлакатнинг етмиш фоиз пилласини бераётган Ўзбекистоннинг гуноҳи не экан?..» деб беихтиёр ўйлаб қоласан киши.
Мана, ўзингиз солиштириб қаранг: бир килограмм аъло нав пилла: РСФСРда — 28 сўм 50 тийин, Украинада — 24 сўм 75 тийин, Грузияда — 15 сўм, Молдавияда — 22 сўм 50 тийин, Қозоғистонда — 18 сўм 80 тийин, Ўзбекистонда эса — 12 сўм 80 тийин.
Бир килограмм биринчи нав пилла: РСФСРда — 24 сўм 80 тийин, Украинада — 21 сўм 95 тийин, Грузияда — 13 сўм 50 тийин, Молдавияда — 19 сўм 50 тийин, Қозоғистонда — 15 сўм 50 тийин, Ўзбекистонда эса — 10 сўм 70 тийин.
Бир килограмм учинчи нав пилла: РСФСРда— 13 сўм 30 тийин, Украинада— 11 сўм 55 тийин, Грузияда — 7 сўм, Молдавияда — 10 сўм 50 тийин, Қозоғистонда — 7 сўм 50 тийин, Ўзбекистонда — 6 сўм…
Хуллас, чала ҳақиқат — ёлғоннинг акаси, бўҳтоннинг укаси, деб бекорга айтишмаган. Чала ҳақиқат ғафлатга, дунёдан бехабарликка бошлайди, ғофиллар дунёдан бехабарлар эса чала ҳақиқатларга ишониб юришаверади.
Аҳмад Дониш ўтган асрнинг охирларида: «Ўзидан ҳам, дунёдан ҳам бехабар, авомидан уламоси, уламосидан авоми баттар бўлган бу халқнинг бошига ҳали не кунлар тушгай…» деб кўз ёши тўккан эди. Ундан бери орадан юз йилдан кўпроқ вақт ўтди. Бизнинг ўзимиздан ва дунёдан хабардорлигимиз не даражада? Ўзгариб қолдикми? Ўзимизни, ўзлигимизни таниймизми? Тарихимизни биламизми? Дунёдан нечук хабардормиз?.. Ўзимизни танисак, тарихимизни билсак, икки турк — икки мусулмон Фарғонада қон тўкишармидик? Ва бу фожеанинг сабаб ва оқибатлари ҳақида айтилган ва айтилаётган чала ҳақиқатларга ишониб ўтирармидик?
Турклар билан ўзбеклар, қирғизлар билан тожиклар ўртасида қўзғалган низолар бировларга камлик қиляпти, шекилли. Яқинда Москвага «Билим» жамияти фаоллари иштирокида ўтказилиб, марказий телевидение орқали кўрсатилган бир суҳбатда Трапезников деган олим ўйламай-нетмай, Қирғизистонда қирғиз тилининг давлат тили деб эълон этилиши Ўш шаҳрида яшовчи ўзбекларнинг ҳақ-ҳуқуқларини чеклайди, Ўзбекистонда ўзбек тилининг давлат тили деб эълон этилиши эса Самарқанд ва Бухорода яшовчи тожикларнинг ҳақ-ҳуқуқларини камситади, деб айтди. Бу Ўрта Осиё халқлари орасига низо-нифоқ солиш, уларни бир-бирига қарши гиж-гижлаш эмасми? Ҳолбуки халқаро ҳуқуқда уч муқаддас тушунча бор: халқ ҳуқуқи, аҳоли ҳуқуқи, инсон ҳуқуқи. Номидан ҳам кўриниб турибдики, уларни тенг қўйиб бўлмайди, бирининг қаноти остида иккинчиси яшайди. Улар четлаб ўтиларкан, жанжал, тўполон чиқади. Биздаги жанжал, низоларнинг кўпчилиги ана шу ҳуқуқларнинг четлаб ўтилиши туфайли юз бермаяптими? Фарғонада йиллар бўйи маҳаллий ёшларнинг шаҳар корхоналарига ишга олинмагани — халқ ҳуқуқини четлаб ўтиш эмасми? Ўзбекистонда бир миллион ишсиз қаёқдан пайдо бўлиб қолди? Четдан келтирилган бир миллион ишчи ҳисобига эмасми? Ерли халқнинг ҳақ-ҳуқуқини назар-писанд қилмай, ҳадеб четдан ишчи кучи олавериб, бугун мисли кўрилмаган ишсизлик балосига дучор бўлиб ўтирибмиз-ку… Демократия ва қонун чинакам қарор топган мамлакатларда халқ ҳуқуқига ҳам, аҳоли ҳуқуқига ҳам, инсон ҳуқуқига ҳам қатъий риоя қилинади. Бу ҳуқуқларнинг доиралари бир-бирини кесиб ўтмайди. Шунга кўра, Қирғизистонда яшовчи ўзбеклар — Қирғизистоннинг ўзбек халқи эмас, ўзбек аҳолиси саналади ва қирғиз халқининг манфаатларига мос тушувчи қонунлар мазкур аҳолининг ҳақ-ҳуқуқини чекламайди. Худди шунингдек, Самарқанд ва Бухорода яшовчи тожиклар — Ўзбекистоннинг тожик халқи эмас, тожик аҳолиси ҳисобланади ва ўзбек халқининг манфаатларига мос тушувчи қонунлар ушбу аҳолининг ҳақ-ҳуқуқларини камситмайди… Бу гаплардан москвалик олим наҳот бехабар бўлса? Шуниси ғалатики, Трапезниковнинг бу «хиргойиси»га «Озодлик» радиосида ишловчи баъзи бировлар жўр бўлишди. Мазкур радиостанциянинг русча бир эшиттиришида айтилишича, Самарқанд ва Бухоро тожикларники эмиш… Надоматлар бўлсинки, бу гапларга ишониб, лақиллаб юрувчилар бор. Табиийки, улар ўзларидан ҳам, дунёдан ҳам ғофил, бехабар. Масалан, Самарқанд ва Бухоро фақат тожикларники, ёки бўлмасам, фақат ўзбекларники, дейиш учун камида тарихдан бехабар бўлиш керак. Тарихдан озми-кўпми хабардор киши бу гапни айтмайди. Тарих эса, биламизки, роса чувалаштириб юборилган. Аммо фикри очиқ, ақлу идроки бутун киши учун унинг етакчи йўллари, асосий довонлари «мана, мен!» деб кўзга ташланиб турибди.
Келинг, «Самарқанд, Бухоро аслида кимники?»деган масалани олиб қарайлик. Биламизки, Самарқанд — икки минг беш юз йилдан ортиқроқ тарихга эга бўлган шаҳар, Римнинг тенгдоши. — Айтинг-чи, унинг қайси халққа тегиш ёки тегишмаслигини тайин этганда ана шу узоқ ва ҳудудсиз тарихини ҳисобга олмай бўладими? — У жаҳон тарихига илк бор Турон пойтахти сифатида кирган. Маълумки, Турон — турклар мамлакати дегани. Самарқанд ўшанда «Семизкент» деб аталган. Афросиёб — Алп Эртонгли (ёки Алп Эртўнга) подшо бўлган. Самарқандни шаҳар сифатида тарихга ва тарих орқали дунёга танитган биринчи маълумот — мана шу. Сўнг тизилишиб, замонлар кетидан замонлар ўтади. Навбат ўн тўртинчи асрга етади. Тарих саҳнасига Амир Темур чиқади. У «Турон султони — Темур» деб ўзига муҳр ўйдиради, Самарқандни пойтахт қилади, шаҳарни бошдан-охир қайтадан куриб, овозасини оламга таратади. «Самарқанд — сайқали рўйи замин» деган таъбир ўшанда пайдо бўлади. Темур ва темурийлар (масалан, Мирзо Улуғбек) тарих китобида Самарқандга иккинчи нафас бағишлайдилар. Улар қурдирган иморатлар ҳамон шаҳарга ҳусн ва ҳашамат бағишлаб турибди. Самарқанднинг учинчи бор 1924 йилда пойтахт бўлиши — бунга илова. Бу тарихий фактларни истисно этадиган бўлсак, у ерда биз талашадиган нима қолади? Хуллас, Самарқандсиз Турон тарихини тасаввур этиб бўлмайди. Лекин бу билан мен, Самарқанд — фақат туркийларники, ҳозирги таъбир билан айтганда, ўзбекларники, демоқчимасман. Самарқанд — ҳаммамизники, туронийларники. Туронийлар — фақат туркийлар эмас, аслан форсийзабон бўлса-да, тарихий-жуғрофий шаклланиш эътибори билан тожиклар ҳам — туроний қавм, яъни, Турон замин фарзандлари, Эрондамас, Туронда шаклланган халқ. — Самарқандни боболаримиз елкама-елка туриб, баҳамжиҳат бунёд этишган: бири лой қорган бўлса, бири ғишт узатган. Ва елкама-елка туриб душманлардан ҳимоя қилишган. Бугун уни бўлишиб ўтиришга ҳожат йўқ…
Бухоро хусусида ҳам шундай. Ўзим бухоролик бўлганим учун бу тупроқнинг тарихини бир оз биламан. Муҳаммад Наршахийнинг «Бухоро тарихи», Муҳаммад Нишопурийнинг «Хазоин ул-улум» асарларида Бухорога доир қадим маълумотлар бор. Уларда айтиладики: Бухоро тупроғи бошда қамишзор, тўқайзор ерлар эди, Туркистон томондан келган қавмлар бу жойларни обод айлаб, шаҳар барпо қилишди, турклар подшоси Қоражўриннинг ўғли Бухоро шаҳристонини бунёд этди. Араблар ҳужум қилганда Туркон хотун Бухорода подшо эди. Табарий уни «Қабаж хотун», эрини «Бидун» деб атайди. Бидун ҳозирги арк устида Етти оғайни юлдузлари шаклида қаср қурдирди… Араблардан сўнг подшолик Сомонийларга ўтди. Тарихдан маълумки, сомонийлар ота томонидан — эроний, Сиёвуш авлодига, она томондан — туроний, Афросиёб қизининг зурёдига бориб туташади. Уларнинг салтанатига форсийлар қанча ворис бўлса, туркийлар ҳам шунча меросхўр. Сомонийларнинг суянчиғи — турк қўшини бўлгани, улар шу қўшинга суяниб, давлат бошига келгани ва мамлакатни идора этгани бежиз эмас. Сомонийлардан сўнг Бухорода минг йиллар давомида — то кеча кунга қадар салтанат қурган сулолаларнинг ҳаммаси туркий: ғазнавийлар, қорахонийлар, хоразмшоҳлар, темурийлар, шайбонийлар, аштархонийлар, манғитлар… Хўш, айтинг-чи, халқсиз салтанат ёки салтанатсиз халқ бўладими? Шундоқ деб ўйлаш мантиқсизлик ёки анойилик эмасми? Бунинг устига, Бухорони жаҳонга машҳур қилган қадим иморатлар, осори атиқаларни қурдирганларнинг номлари тарих саҳифаларига битта-битталаб ёзиб қўйилган, уларни ўчириб бўлмайди. Масалан, Бухоронинг рамзи бўлмиш, ҳозир Минори Калон деб аталаётган обиданинг асл тарихий номи — Арслонхон Қорабуғрахон минораси… Чунки уни подшо Арслонхон Қорахоний қурдирган. Тоқи Заргарон, Тоқи Саррофон, Тоқи Телпакфурушон гумбазлари, кўплаб тим ва мадрасаларнинг бунёдкори — Абдуллахон Шайбоний. Бу рўйхатни яна давом этдириш мумкин. Тағин боягидек савол туғилади: ана шу тарихий қийматлар истисно этилса, Бухорода нима қолади? Тап-тақир ер… Маълумки, тап-тақир ернинг биринчи эгаси ўзбек ҳам, тожик ҳам эмас Одам Ато бўлган…
Энди Бухоро шаҳрида кўпроқ тожикча гапирилиши масаласига келсак, бунинг маълум сабаблари бор. Аввало бу ерда фақат тожиклар эмас, ўзбеклар ҳам тожикча гапиришади (Асрлар давомида Бухородаги юзлаб мадрасаларда таълим-тарбия анъанавий араб ва форс тилларида олиб борилганини унутмайлик). Кейин шаҳарда эронийлар, маҳаллий яҳудийлар, лўлилар ҳам яшайди, уларнинг тили ҳам тожикий. Мана шулар туфайли бу ерда тожикча сўз қулоққа бир қадар кўпроқ урилади. Энди ўзбекларнинг шаҳарда бир мунча камайиб кетиш сабабларини ҳам айтиш керак. Инқилоб йилларида ўн минглаб оилаларнинг Бухорони тарк этиб, хорижга кетишганини кексалар ҳали-ҳамон эслашади. Уларнинг авлодлари ҳозир Покистон, Ҳиндистон, Афғонистон, Саудия Арабистони, Туркия каби мамлакатларда яшаб туришибди. 1937 йилда Файзулла Хўжаев «халқ душмани» деб эълон этил-, гач, ўрта ва қуйи табақаларга мансуб яна ўн минглаб кишилар унинг «думи» ҳисобланиб, машъум «тройка» воситасида қириб ташланди. Омон қолганларнинг бир қисми қишлоқларга қочди. Бу жабру жафоларнинг асосий оғирлиги, маълум сабабларга кўра, яна ўзбекларга тушди…
Ўзбеклар билан тожиклар — азалдан эту тирноқ, жону жигар. Ўтмишда қайсидир бувиси тожик бўлмаган ўзбекни топиш қийин. Ёки қайси бир бобоси ўзбек бўлмаган тожикни ҳам топиш маҳол. Қонимиз қонимизга, жонимиз жонимизга туташиб, чатишиб кетган.
Инқилобдан олдин ҳеч ким «Бухоро ўзбекникими ёки тожикникими?» деб сўрамаган. Шундай савол бериш бемаънилик, уят, ҳаттоки, гуноҳ саналган. Зеро, халқ орасида «Ўзбекмисан ёки тожикмисан?» деган гапнинг ўзи бўлмаган. Ўзбеклар тожикча, тожиклар ўзбекча гапиришаверган. Ажралиш, ажралиш кейин пайдо бўлди. У ҳам кўпчилик халқ ўртасида эмас, бир ҳовуч калтабин зиёлилар орасида. Сувни ҳозир лойқалатиб юрган ўшалар. Бухоролик бир қариянинг афсус-надоматлар чекиб, айтгани ёдимда:
Буд замоне, мо ҳама муслим будем,
Шуд замоне, ўзбегу тожик шудем…
Яъни: бир замонлар ҳаммамиз мусулмонлар эдик, энди ўзбегу тожик бўлиб қолдик…
Гапнинг хулласи, Бухоро ҳам, Самарқандга ўхшаб — ҳаммамизники. Эскичасига айтганда — туронийларники, янгичасига айтганда — Ўрта Осиёликларники. Бугун бу ёқ — Ўзбекистон, нариёғ — Тожикистон деб аталаётган экан, бу — замонанинг зайли. Ўзбеклар Тожикистонда ўз она юртида яшаётганидек, тожиклар ҳам Ўзбекистонда бегона тупроқда эмас, ўз она юртида яшайди. Юрт талашиш бизга ярашмайди. Боболаримиз юрт талашмаган. Амир Темур ўзининг олий фармонларини ҳамиша: «Менинг турк ва тожик умароларим!» деб бошлаган. Ана шуни эсга олайлик ва шунга содиқ қолайлик. Ҳушёр бўлайлик: арманлар билан озарбойжонларни Қорабоғда жиққамушт қилганлар бизни ҳам шунга ундамоқдалар, бу йўлда улар ҳаттоки «Озодлик» радиосини ҳам ишга солишяпти.
Маълумки, Қозоғистоннинг Чимкент ва Туркистон, Қирғизистоннинг Ўш, Жалолобод, Ўзган, Тожикистоннинг Хўжанд ва Душанбе, Туркманистоннинг Чоржўй ва Тошовуз шаҳарларида ўзбеклар кўп яшайди. Фараз қилинг, шуни дастак қилиб, баъзи бировларга ўхшаб, орти-кетини ўйламай, биз ҳам «шу шаҳарлар сизникимас, бизники!» деб оёқ тираб олсак, оқибати нима бўлади? Бутун Ўрта Осиёни низо-нифоқ оловлари қуршаб олмайдими? Бу баъзи бировлар учун айни муддао эмасми?.. Йўқ, биз бу йўлдан бормаймиз, қозоқлар ҳам, қирғизлар ҳам, тожиклар ҳам, туркманлар ҳам — бегона эмас, битта тупроқда азалий униб ўсган, ўз туғишган биродарларимиз. Улар билан ҳеч нарсани бўлишмаймиз, ҳамиша бирлашиб яшаганмиз, бирлашиб яшайверамиз. Биз дунёдаги барча инсонлар билан қўлни қўлга бериб яшашни хоҳлаймиз. Жумладан, чет эллардаги ўзбек муҳожирлари билан ҳам яхши маданий-иқтисодий алоқалар ўрнатишни, борди-келди қилишни истаймиз. Зеро, руслар, украинлар, яҳудийлар, арманлар, эстонлар, латишлар, грузинлар шундай қилишмаяптими? Улар хориждаги қавмлари билан самимий, инсоний муносабатлар қуришяпти. Ҳаттоки, оқ гвардиячи генерал Деникиннинг кундаликларию, Керенскийнинг китобини бостириб чиқаришга ҳозирлик кўришяпти. Бу — замон талаби, янгича тафаккур такозоси, яъни, ўз-ўзича равшан бир ҳақиқат. Лекин…
Шу йил январь ойида «Совет Ўзбекистони» газетасида Дарвиш Али имзоси билан бир мақола босилди. Унда бултур сентябрь ойида Истамбул шаҳрида Туркистон муҳожирларининг бутундунё қурултойи ўтказилгани хабар килиниб, қурултой қатнашчиларининг фикр‑мулоҳазалари танқид этилади. Мухолифлар билан баҳс‑мунозара юритиш, уларнинг номаъқул фикр-мулоҳазаларини танқид этиш даркор. Бу — табиий. Зотан улар: «Туркистонни озод қилиш керак»! деб энди айтишаётгани йўқ. Бунга ўхшаш гапларни бугун муҳожир руслар ҳам, муҳожир украинлар ҳам, муҳожир арманлар ҳам, муҳожир эстонлар ҳам айтишяпти. Масала бунда эмас. Дарвиш Али ана шу баҳонада «пантуркизм» деган эски матоҳни яна майдонга сурибди. Масала шунда. Ўқидиму сесканиб кетдим… Пантуркизм— биз учун, тарихимиз учун — қонли сўз, қора тамға!.. Бу туркий халқларнинг бирлашиб, келажакда бутун дунёга ҳукмронлик қилиши, деган маънони билдиради. Мактаблар, олий ўқув юртларида бизга шундай деб ўргатишган. Ўнинчи, йигирманчи йилларда баъзи бировлар шу сўз билан дунёни қўрқитмоқчи бўлишган. Ўттизинчи йилларда шу тамғани босиб, шу айбнома билан минглаб, ўн минглаб инсонларнинг ёстиғини қуритишган. Ўша жиноятлар учун ҳали жавоб беришгани йўқ, ҳали жазо ҳам олишгани йўқ. Шуниси ғалатики, ўшанда ҳам матбуотда — «Туркестанские ведомости» ва «Туркестанский курьер» саҳифаларида «Дарвиш Али» деган кимса фаоллик кўрсатган. Ҳозирги Дарвеш Али ўшанинг набираси эмасмикин? Майли, гап бунда эмас. Масала, боя айтганимдек, пантуркизмда, яъни, туркий халқларнинг бирлашиб, келажакда дунёга ҳукмронлик қилиши хусусида. Хўш, айтинг-чи, ҳозир ақлга сиғадиган гапми шу? Магар Туркия билан Туркистон халқлари, бошқа халқларга ўхшаб, ўзаро яхши муносабатлар ўрнатишса, бу нарса дунёга таҳдид соладими? «Араб дунёсида нима гап?» деб ёзамиз, бу «панарабизм» саналмайди, лекин «Турк дунёси» десак, бу «пантуркизм» бўладими? «Панславизм» деган сўз-ку, кўпдан ишлатилмайди. Кечаги кунга қадар «Сионизм — бугунги фашизм» дейиш одат эди, энди бу сўз ҳам оқланди, Москвада сионистларнинг ташкилоти тузилиб, кўплаб маданият арбоблари унга аъзо бўлиб киришди, бу ҳақида «Правда» газетаси хабар берди. Хўш, шундай шароитда, бутун дунё халқлари қўлни қўлга бераётган ҳозирги кунда «пантуркизм»ни яна ўртага солиш жоизми? Панславизм, панарабизм, панэронизм, ва ниҳоят, панисломизм эскирганда, пантуркизм эскирмадими? Такрор айтаманки, бу сўз бировлар томонидан тўқиб чиқарилган ўлик тушунча, кўп йиллар давомида туркий халқларни бир-биридан айиришга хизмат қилган қурол. Баъзи кимсаларнинг номаъқул гаплари учун уни тағин яланғочлаш халқаро дўстликка, мамлакатлар ўртасидаги яхши муносабатларга хизмат қилармикин?.. Табиатда тош тошга, қуш қушга интилади. Жамиятда инсон инсонга, халқ халққа талпинади. Бутун дунёда руслар — русларга, арманлар — арманларга, яҳудийлар — яҳудийларга, эстонлар — эстонларга интилаётган шу кунларда туркий халқлар ҳам бир-бирига интилса, не ажаб… Газеталарда «пантуркизм» деб ёзаверсак шу сўз билан ўзимизни ҳам, ўзгаларни ҳам қўрқитаверсак, халқимизни бундан ҳам кўпроқ маҳдудликка, дунёдан бехабарликка маҳкум этмаймизми? Шусиз ҳам дунё илгарилаб кетди, биз орқада қолдик. Умр бўйи чала ҳақиқатларни айтиб келганимиз учун орқада судралиб юрибмиз. Бугун иқтисодий тараққиёт бўйича — 69‑ўринда, узоқ умр кўриш бўйича — 59‑ўриндамиз. Мана, йиллар бўйи ҳар турли «изм»ларни такрорлайвериб, биз қўлга киритган натижа!..
Дунёнинг саволлари мени қуршаб олади…
Дунёнинг саволлари мени қийнайди…
Улар бутун мамлакат устига ёпирилган…
Айниқса, Туркистон устида уларнинг булути қуюқ… Қорайган, қўрқинч булутлар — аламли, аччиқ саволлар… Улар — менинг юрагимда. Мана, эшитинг: Зулфия — тоғамнинг тўнғич қизи эди. Эрталаб сигир соғаётганда самолёт устидан заҳар қуйиб ўтди. Уч кун деганда сигири, уч ой деганда ўзи ўлди. Олти бола, олтита жўжа-бирдай жон чирқиллаб, етим бўлиб қолди… Аэропортда ўлим телеграммасини кассир хотинга узатсам, «Менга нима!» деб юзини тескари ўгирди… Не машаққат билан қишлоққа етиб борсам, қариндошлар айтиб беришди: Зулфияни чиқаришаётганда обкомда ишлайдиган бир амалдор тасодифан айланиб, келиб қолибди. Бир оз кайфи бор экан… «Одамлар иш пайтида нега далада эмас, бу ерда тўпланишиб турибди?» деб дўқ урибди… Мен буни қандоқ унутай?.. Бу— жиноят, бу— қабоҳат, бу — ҳақорат эмасми?..
— Эй, майда-чуйдасини қўйиб, катта-каттасидан гапирсанг-чи…
— Майли! Аввалги ўн йиллар давомида устимизга ёпирилган ҳақсизликларни айтмай қўя қолай, сўнгги ўн йилликда чекилган кулфатларни айтай… Майда‑чуйдасинимас, катта-каттасини… Мана, улар: Орол денгизининг қуриши… Болаларнинг ялпи ўлими… Хотин-қизларнинг ўз-ўзини ёқиши… Халқимиз устига аёвсиз сепилган заҳар-заққумлар… Ер усти ва ер ости сувларнинг заҳарланиши… Касалликлар… Беҳисоб майиб-ногиронлар… Хазон бўлган саноқсиз умрлар… Емирилиб бораётган обидалар… Тарихимизга доир тўқиб-пичилган ёлғонлар… «Ўзбеклар иши» қабилидаги бўҳтонлар… Гдлян, Иванов гуруҳи томонидан халқимизнинг ялпи қирғин — геноцид қилиниши… Фарғонада икки қардош халқ орасида шармандали хунрезликнинг ташкил этилиши… Бу ҳам етмагандек, «Боқиманда» деб камситишлар, «боласи кўп» деб айбситишлар… Гўё бошқа жойларда порахўрлар йўқдек, Москва телевидениеси орқали «порахўр ўзбеклар»ни дунёга достон этишлар… Бир халқнинг бошига озмунча офат, озмунча фалокатми бу!..
Тилимга сўнгги савол келади:
— Бу офат, бу фалокатлар учун ким жавобгар?..
Ҳеч кимдан садо чиқмайди…
— Айтинг, бу савдолар учун ким жавоб беради?..
Ҳеч ким чурқ этмайди, кимдир томоқ қириб, йўталади, яна жимжитлик.
— Ким жавоб беради, деяпман?!
Биров ғулдурайди, яна сукунат…
Тушунаман, одамларга бу гаплармас, гўшт, картошка, совун керак. Аммо менинг ҳам бошқа иложим йўқ. Беихтиёр бошимни деворга уриб, қичқиргим, фарёд солгим келади:
— Ҳой, дунё!.. Мени эшитяпсанми?.. Мен ҳам инсон — умид билан келган халқман!.. Бу қабоҳатларнинг чеки борми?.. Инсоф борми ўзи?.. Мени эшитяпсанми, дунё!..
“Ёшлик” журнали, 1990 йил 6–сон