Ўқитувчига бўлган муносабатни ҳеч пайсалга солмай ва иккиланмай, қатъий равишда тубдан ўзгартирмоқ керак. У икир-чикир васийликлардан халос этилсин, уларнинг изланишлари ва янги топган усулларига шубҳа-гумон билан қарашга чек қўйилсин. Муаллимлик меҳнатига тўғри келмайдиган вазифалардан озод қилинсин, унинг вақти ва кучи асосий иш учун имкони борича бўшатиб берилсин. Педагогикадаги новаторлик йўлларида қўйилган ҳамма тўсиқ ва тўғаноқлар олиб ташлансин, ўқитувчининг ижодий меҳнати учун муносиб моддий шароитлар яратиб берилсин.
М. С. ГОРБАЧЕВ
Илгари ўқитувчининг ҳурмати баланд эди. Ҳамма ўқитувчининг кийинишига, маълумотига ҳавас қиларди. Кекса, ветеран педагогларнинг айтишларича, колхоз раислари, райком секретарлари муаллимни кўрганда отдан тушиб, сўрашиб ўтишар экан. Ҳозир эса қишлоқда ҳам, шаҳарда ҳам зиёлилар истаганча топилади, шунинг учун ўқитувчини ҳурматини жойига қўйишга унча зарурат қолмади шекилли, дейишади баъзан. Йўқ! Гап бошқа ёқда. Назаримда биз бироз маънавий қашшоқлашиб қолдик.
Айтайлик, сиз 4-синф ўқувчиларига адабиётдан дарс бераяпсиз. Она-Ватанга ҳурмат, виждон, бурч, ор-номус, ҳалоллик, тўғрисида тушунча бера бошлайсиз. Мусаффо қалбли бола сизнинг кўзингизга тик боқиб, сўзларингизга маҳлиё бўлади. Эзгулик тушунчалари ёш қалбда мустаҳкам ўрнашиб боради. Аммо йиллар ўтиб, бола юқори синфга кўтарила боргани сайин сиз — муаллим ишончни йўқотасиз. Йиллаб сарфлаган меҳнатингиз саробга айлана боради. Кимдир бройлер фабрикасида, кимдир колхоз омборида, яна биров савдода ишлайди, товуқ ўғирлайди, дон ўғирлайди ёки меҳнаткаш ҳақига хиёнат қилади. Қилинаётган бу ўғирликлар, меҳнатсиз даромадлар боланинг кўз ўнгида содир бўлади. Ҳатто айрим оила аъзолари ўртасида юлғичлик фазилат қилиб кўрсатилади. Ўғриларни тўрга чиқаришади. Унинг «топармон-тутармон»лиги учун мақташади. Шундан кейин бола ўқитувчисига ишонсинми ёки ота-онасига?!
Ҳар қалай бола диёнатсиз бўлиб кетмайди, унга берилаётган таълим озми-кўпми ўз кучини кўрсатади. Ҳеч бўлмаганда ота-онасининг қилаётган иши нотўғрилигини, уйдаги нохуш ҳолатни кўчага олиб чиқиш номус эканлигини билиб олади.
Устига устак, оилада «ўзингни бил, ўзгани қўй» қабилида тарбия беришга ҳаракат қилинади. Биз ҳамма ота-оналарни диёнатсизга чиқариб қўймоқчи эмасмиз. Аммо меҳнатсиз даромадга ўрганган оилалар тарбиявий ишимизга путур етказаётганлиги ҳақиқат.
Биз педагоглар чиқарилаётган қарорлардан ва унинг ижроси изчил назорат қилинаётганидан ғоят хурсандмиз. Неча йиллар виждонимиз қийналди, асаблар қақшади, кўникиб ҳам қолаёзгандик, кўпларимизнинг миссиямиз ўзгарганди ҳам. Аммо қайта қуриш келажакка ишончимизни, касбга муҳаббатимизни тиклади. Ҳаётда катта хатоликлар юз берса ҳам деярли кўпчилик ўқитувчилар ҳалол яшади, болага тўғри тарбия беришда давом этди.
Ҳозирги ўқитувчиларни тўла маънода маърифатчи деб атай олмасликнинг сабаби жуда кўп, менимча.
Аввало, бу таниш-билишчилик ва кадрларнинг ниҳоятда бўш тайёрланиши билан изоҳланади. Кейинги ўн-ўн беш йиллар давомида фақат маорифдагина эмас, бошқа соҳада ҳам ўз мутахассислигини чала-чулпа эгаллаган кадрлар ниҳоятда кўпайди.
Биринчи сентябрь куни дарс бошланди дейлик. Эртасигаёқ пахтага чиқиш ҳақида хабар келади. Беш-ўн кун бола 6 соатдан дарс тинглайди ва дарсдан сўнг пахтага чиқа бошлайди. Сўнг, дарсларни қисқартирмасак бўлмайди, деб 7-10 синф ўқитувчилари йиғилиши ўтказилади, 45 минутлик дарс 30 минутликка тушади. Орадан 2-3 кун ўтгандан кейин бўлса яна янги гап чиқади: асосий дарслар ўтилса бўлди, ҳамма далага чиқиши керак. Далада 8-9 соат ишлаган бола энди мутлақо дарс тайёрлай олмайди. Кўп болалар дарсда мудраб ўтиради. Пахтага чиқиб кетган ўқитувчиларнинг бир қисмининг қуйи синфларда дарслари бўлади-ку, дерсиз. Нима бўларди, қуйи синфлардаги дарслар ўз-ўзидан қолиб кетаверади. Ана шундай қилиб уёғини ўзингиз тушунасиз. Ўқувчиларнинг асосий ўқиш даври уч ойга — январь, февраль, март ойларига тўғри келади. Апрель, майга келиб яна дала юмушлари бошланиб кетади.
Худди мана шу аҳвол узоқ йиллар ҳукм суриб келди. Ўқувчиларнинг билимсиз, маънавий қашшоқ бўлиб қолишларининг энг асосий сабабларидан бири шунда эмасми, ахир?..
Аҳвол шу тарзда бўлгандан кейин қандай қилиб ҳозирги ўқитувчиларни том маънодаги маърифатчи деб атай оламиз? Ўқитувчилар маърифатчи эмас, болаларга турли юмушларни бажартирадиган бригадир ёрдамчиларига айланиб қолишган эдилар-ку…
ҚОҒОЗБОЗЛИК КАСАЛИНИ КИМ ДАВОЛАЙДИ?
Очиғини айтганда, кейинги йилларда кўп ҳамкасабаларимиз ўз маҳоратларини оширишга юзаки қарайдиган бўлиб қолдилар. Бунинг сабаблари оддий. Ўқитувчи фаолиятини баҳолашда ҳам расмиятчилик авж олди. Ўқитувчининг иши унинг техник меҳнатларига қараб ўлчанди. Кабинетини келинчак уйидек безатгани, хўжалик, дала ишларини яхши ташкил этгани, мактаб раҳбарларининг чизган чизиғидан чиқмагани, ҳужжат ва ёзув-чизув ишларини дўндирганига қараб баҳоланди.
Ҳолбуки, ўқитувчи ўз маҳоратини қандай оширяпти, ўқувчиларга қай йўсинда ғоявий-сиёсий тарбия беряпти, болаларнинг гражданлик туйғуларини қандай камол топтиряпти, боланинг келажакда ким бўлиши ҳақида қанчалик қайғуряпти — бу билан ҳеч кимнинг иши йўқ эди. Бундан икки йил олдин СССР Маориф министрлигининг «Мактаб ва ўқитувчи фаолиятини баҳолаш тўғрисида»ги Низоми эълон қилинди. Шунга қарамай кўп жойларда иш ҳамон эскича юритилаяпти.
Мен Уйчи районидаги 22-мактабда адабиётдан дарс бераман. 1986-87 ўқув йилида мактабимиз облОНО томонидан комплекс текширилиши керак эди. Шунга кўра, райОНОнинг ўнлаб инспекторлари мактабда бир ҳафтадан ортиқроқ бўлиб ўқитувчиларга амалий ёрдам беришди. Айрим кабинетлар қайтадан жиҳозланди, заллар безатилди, ташқи кўринишни яхшилашга алоҳида эътибор берилди. Бу ишлар ўқитувчиларни дарс ўтишдан қолдириш ҳисобига бўлса-да бажарилди.
Дарс сифати ва самарадорлиги, ўқувчиларни тарбиялаш борасидаги ишлар, ўқитувчининг синфдан ташқари фаолияти, педагогик маҳорат масалаларига ҳеч ким эътибор бермади.
Ҳайрон қоласан киши: ахир маорифда дабдабабозлик, қоғозбозлик, расмиятчилик — ўқитувчини ҳақиқий ишдан чалғитадиган нарсалар қачонгача «илғор метод» ҳисобланаркин?!
Мен бу ҳақда маорифдаги ўртоқларга бир неча бор айтиб кўрдим. Ўқитувчи асосий сиймо, у асосий фигура сифатида қандай фаолият кўрсатяпти, масалани мана шу томонига кўпроқ эътибор бериш кераклигини таъкидладим. Аммо маориф мудири «Ўқитувчи сиймо, фигура нима дегани, биринчи навбатда кабинетни жиҳозлаш керак», деди.
Мудирнинг шу қадар саёз фикрлагани кишини таажжубга солади. Кабинет дегани 4—5 ёзувчи портретини илиб қўйиш эмас-ку?! Унда ўқитувчининг йиллаб тўплаган иш тажрибаси томчида қуёш акс этгандек кўриниши керак-ку. Текшириш давомида облОНО иш услубининг қашшоқлиги, облОНО инспекторлари мактаб ва ўқитувчи фаолиятини чуқур таҳлил қила олмагани сезилиб турди. Очиғини айтганда, ҳали маориф органларидаги кадрлар қайта қуриш талаби даражасида эмас. Улар пухта иш услубини эгаллаб олмаганлар.
ИЗЛАНИШНИ КИМ ТАҚДИРЛАЙДИ?
Мен 2—3 йил мобайнида қўшни Қирғизистон, Тожикистон, Қозоғистон республикаларида бўлдим, муаллимлар, маорифга алоқадор кишилар билан суҳбатлашдим. Суҳбат жараёнида бизнинг республикамиз маориф ишида қўшни республикалардан айрим жиҳатлардан орқада эканлигини яққол кўрдим. Шундан кейин маориф ишидаги муаммолар тўғрисида фикрлашиш учун Ўзбекистон ССР Маориф министри О. Аббосова ҳузурига кирдим. Министр бетоб экан. Мақсадимни министр қабулхонасида қоғозга тушира бошладим. Мени кузатиб турган масъул ходимлардан бири (аёл киши): «Ҳа, бу ерда бемалол ўтириб олиб иншо ёзяпсизми? ОблОНО мудирлари бу табаррук даргоҳга хижолат билан қадам босади-ю, оддий бир ўқитувчи ўз уйингиздай бу ерда ўтиришингизни қаранг!» дея менга дашном берди.
— Нима бу ерда ўтириш учун камида облОНО мудири бўлишим керакмиди? — дедим.
Министрликдаги масъул ходимларнинг фикрлаши шу хилда бўлгандан кейин биз қайта қуришни қандай қилиб амалга оширишимиз керак.
Маориф министри менинг хатим билан танишибди. Лекин қизиғи шундаки, мен унинг фикрини била олмадим.
ЎҚИТУВЧИНИНГ ОБРЎСИ ЎЗ ҚЎЛИДА
Мен бунга аминман. Республикамизда зукко, давр талабини тўғри тушуниб, уни амалиётда қўллаётган ўқитувчилар анчагина топилади. Аммо ўз касбини фақат тирикчилик манбаи деб қарайдиган, касб маҳоратини оширмайдиган чаласавод ўқитувчилар (аслида, уларни ўқитувчи деб аташга тилинг бормайди) ҳам оз эмас. Ўқитувчининг обрўсини тўкаётганлар асосан ана шулар. Мен мактаб ислоҳоти ҳақидаги қарор чиққандан сўнг илғор тажрибаларни ўрганиш мақсадида областимиздаги олтмишдан зиёд мактабларда бўлдим. Юз соатдан ортиқ дарс таҳлил қилдим. Уч юздан ортиқ тил ва адабиёт муаллимларининг давра суҳбатларини уюштирдим, юқори синф ўқувчилари билан суҳбатлашдим, бошланғич таълим иши билан танишдим. Шуни афсус билан айтиш керакки, кўп ўқитувчилар изланмайдилар, дарс ўтиш методлари қашшоқ, қолаверса, уларнинг ўқувчилари ҳам ўта пассив, мустақил фикрлай олмайдилар. Бунинг исботи учун мулоқотларимдан айримларини айтиб ўтмоқчиман.
Учқўрғон районининг Янгиобод колхозидаги 22-ўрта мактабда Ортиғали Ўтанов 5—10-синфларга адабиётдан дарс беради. Наманган Давлат педаготика инстигутини битирган, 42 ёшда, айни қирчиллаган, оқу қорани таниган пайти.
— Юринг, ичкарига кирайлик, — таклиф қилди Ортиғали. — Мана, адабиёт кабинетимиз, яқинда адабиёт ўқитувчиларининг район семинарини ўтказдик.
— Яхши, маҳоратларингни ўртоқлашибсизлар-да. Адабиёт ўқитиш мавзуида суҳбатлашсак розимисиз? — сўрадим.
— Бемалол, — деди О. Ўтанов.
— Матбуот билан муносабатингиз қандай? Газеталарга хат-хабарлар йўллаб турасизми?
— Ёзай-ёзай дейман-у, тағин хато ёзиб қўйсам, гап-сўзга қолмай деб…
— «Наманган ҳақиқати» газетасида берилган «Савия ҳам шундай бўладими?» мақоласини кўрдингизми?
— Йўғ-а, кўзим тушмабди, — хомуш жавоб берди у.
— «Литературная газета»га обуна бўлганмисиз?
— Йўқ. «Ўзбекистон адабиёти ва санъати»га обуна бўлиб, ҳамма сонларини йиғиб қўйганман…
Мана, бошқа бир мактабда ўзим гувоҳи бўлган жонли мисол. Ўқитувчи «Жонтемир» поэмасини таҳлил қиляпти. Болалар ўқитувчининг зерикарли ва ҳиссиз баёнидан лоқайд ўтирдилар. Сўнг поэмани ўқувчиларга навбатма-навбат ўқитилди. Болалар ҳам ўз навбатида устозлари сингари шеър текстини бузиб ўқий бошладилар.
— Ўзингиз кичикроқ бир шеърни ёддан ўқиб берсангиз, — илтимос қиламиз домладан.
— Энди шу масалада оқсоқроқмиз, — дейди у.
— «Ўтган кунлар»ни ўқиганмисиз?
— Анча илгари бир ўқиганмиз.
— «Рус характери»ни-чи?
— Йўқ, ўшани кўрмаган эканмиз.
— «Бўтакўз», «Биринчи муаллим»ни-чи?
— Йўқ, — дейди у энди астойдил хижолатга тушиб.
— Бу асарларни билмай туриб, болаларни адабиёт оламига олиб кириб бўлмайди-ку!
— Энди ўқиб оламиз.
Мана, ўттиз йиллик педагог стажига эга бўлган муаллим билан мулоқот. Шундай бўлгандан кейин қандай қилиб, болаларнинг билими пухта бўлсин! Шундай ўринли савол туғилади, аҳвол шу даражага бориб қолган экан райОНО ва облОНО, қолаверса, Маориф министрлиги эътиборни нимага қаратяпти экан? Мактабнинг шу аҳволга тушиб, умуман ўқитувчиларнинг маънавий қашшоқ бўлиб қолишида маориф органларидаги масъул ўртоқларнинг ҳам ҳиссаси борлиги, таълим-тарбия иши устидан назорат ниҳоят даражада бўшаштириб юборилгани сабаб эмасми?
ОЛИМЛАР МАКТАБ ҲАЁТИНИ БИЛАДИЛАРМИ?
Умуман бугунги кунда олимлар ва мактаблар ҳамкорлигиини тўғри йўлга қўйиш лозимга ўхшайди. Шу ўринда мен ўз ҳаётимда кечган бир-икки воқеани айтиб ўтмоқчиман.
1968 йилнинг кузи эди. Почтальон қўлимга хат тутқазди. Очиб ўқисам мени Андижонга — консультация пунктига чақиришибди. Ўша пайтлари ТошДУнинг сиртқи бўлимида филология факультетининг тўртинчи курсида ўқир эдим. Шу билан бирга Уйчи районидаги Наримонов номли 14-ўрта мактабда (ҳозирги Фурқат номли 28-ўрта мактаб) ўзбек тили ва адабиётидан дарс берар эдим. Андижонга бордим. У ерда ўқитувчиларим филология фанлари кандидатлари С. Фузаилов ва А. Ҳожиаҳмедов билан учрашдим.
— Шогирдимизнинг дарсини кузатгани Наманганга бормаймизми? — деди Анвар ака ҳамроҳига.
— Жуда соз, — дедилар С. Фузаилов.
— Борсангиз бошим осмонга етади, — дедим хурсанд бўлиб. Журналистика факультетининг домласи В. Абдуллаев улар билан бирга экан, тўртовлон йўлга тушдик. Уларга қўшилиб бошқа домлалар ҳам — 10 чоғли киши дарсга киришди. Унда мен бор маҳоратимни ишга солишга ҳаракат қилган бўлсам-да, тажрибасизлигим сезилиб турарди. Масалан, мен болаларга назарий жиҳатдан кўпроқ маълумот бериб, практик машғулотларни камроқ уюштирар эканман. Уч олим уч томонда туриб дарсни ҳалол, жуда одил баҳолашди, дарснинг ютуқ ва камчиликларини илмий асосда чуқур таҳлил қилишди. Улар фақат дарсни кузатибгина қолмай, педагогик фаолиятим билан ҳам атрофлича танишишди, келажак режаларим қай тарзда бўлиши кераклиги ҳақида маслаҳатлар беришди.
Олимларнинг ўша ташрифи менга жуда катта ижобий таъсир кўрсатганини ҳали-ҳали миннатдорчилик билан эслайман. Мана, ўшанга ҳам 20 йил бўляпти.
1986 йилда ЎзССР Маориф министрлиги, республика малака ошириш институти, Уйчи район халқ маориф бўлими ва шу райондаги А. В. Суворов номли 22-ўрта мактаб тил ва адабиёт ўқитувчилари ҳамкорлигида адабиёт ўқитувчиларининг илмий-амалий семинарларини уюштирдик. Шу муносабат билан университет олимлари иккинчи маротаба районимизга ташриф буюрди.
Баъзан хаёлга толаман. Ҳозирги кунларда нега олимлар ўз талабалари тақдири билан дурустроқ қизиқмайдилар. Улар мактабларга тез-тез чиқиб туришса, матбуотда ижобий ёки танқидий чиқишлари билан қатнашса фойдадан холи бўлмасди-ку. Адабиёт муаллимларининг дарсларини нафақат олимлар, ёзувчилар, журналистлар, мунаққидлар ҳам вақти-вақти билан кузатиб боришса яхши бўларди.
Олдинги йили Янгиқўрғон районида область халқ маорифи бўлими, область малака ошириш институти ва Наманган Давлат педагогика институти ташаббуси билан область адабиёт ўқитувчиларининг илмий-амалий конференцияси бўлди. Умуман олганда конференция педагогик жараённи таҳлил қилиш нуқтаи назаридан катта аҳамиятга эга бўлди. Бироқ конференция иши адабиёт ўқитувчиларининг долзарб вазифаларини белгилаб бера олмади. Шу конференцияда педагогика институтидан вакил бўлиб қатнашган ЎзССРда хизмат кўрсатган ўқитувчи, адабиёт кафедраси муаллими, доцент Т. Ғозибоевга шундай савол билан мурожаат этдик:
— Наманган Давлат педагогика институти адабиёт кафедраси олимлари бу даргоҳни битириб кетган талабалари тақдири билан қизиқадими? Олимлар ва мактаблар ҳамкорлиги масаласига кафедра қандай қарайди?
— Биз бу ишни бундан икки-уч йил илгари бошлаганмиз, — деди у, — ўтган йили Норин районидаги 34-мактабда бўлган эдик, Аммо бу йил ҳозирча ҳеч қаерга чиқа олганимиз йўқ.
Аввало институтнинг бу ташаббусини маъқуллаш керак. Аммо жавобдан қониқмадик. Сабаби, адабиёт кафедрасида камида 10-15 муаллим ишласа керак. Улар бир йилда биргина мактабда эмас, график асосида кўпроқ мактабларда бўлишни планлаштирсалар яхши эмасми?
Наманган областида 509 та мактаб бор. Ҳар йили фақат биргина мактаб ўрганилса биз ислоҳотни қачон дурустроқ йўлга қўямиз. Аслида олий таълим министрлиги олимлар ва мактаблар ҳамкорлиги масаласини ўйлаб кўрса мақсадга мувофиқ бўлур эди.
НЕГА САВОДХОНЛИК ДАРАЖАСИ ПАСТ?
Ҳозир Наманган областида болаларнинг саводхонлиги энг ташвишли масалалардан бири бўлиб турибди. Бунинг сабаби кейинги ўн йиллар мобайнида область маорифи ташқи безакка, қоғозбозликка зеб бериб, мактабнинг ички аҳволини етарли таҳлил қилмаганлиги билан изоҳланади. Жуда кўп мактабларда ўқувчиларнинг саводхонлиги ниҳоятда паст, 7—8-синфларда ўқиётган ўқувчилар орасида ҳатто ҳарф танимайдиганлари ҳам учрайди. Бу гапга ишониш қийин, аммо факт!
Бу нарса на райОНО, на облОНО раҳбарларини ташвишга соляпти.
Наманган областида саводхонликни ёппасига кўтариш учун барча ўқитувчилар бараварига ҳаракат қилишмас эканлар, буни фақат тил ва адабиёт муаллимларининг ўз куч-ғайратлари билан амалга ошириб бўлмайди.
Худди шу мақсадда область адабиёт ўқитувчиларининг анжуманида Наманган Давлат педагогика институтидан вакил бўлиб қатнашган тил кафедрасининг ўқитувчиси, филология фанлари кандидати Т. Иминовга шундай савол билан мурожаат қилдик:
— Областимиздаги тил ва адабиёт ўқитувчиларининг кўпчилиги негадир «Ягона орфография ва пунктация ҳақидаги Низом» дан яхши хабардор эмас. Институтда ана шу Низом ҳақида тушунча бериладими ўзи?
У киши ҳам Низомдан бехабар экан шекилли, янги имло қоидалари ҳақида гапира бошлаган эди, саволнинг моҳиятини қайтадан тушунтирдик. Шундан кейин бу мавзуни область малака ошириш институти адабиёт кабинетининг мудири Ҳ. Қирғизов шундай изоҳлади:
— Савол жуда ўринли. Бир пайтлар Маориф министрлиги томонидан ана шу Низом тайёрланган эди. Шу кунларда бу Низом ҳақиқатда ҳеч қайси мактабда йўқ. Мен уни топиб, кўп нусхада чоплатиб, областдаги барча мактабларга тарқатаман.
Ҳ. Қирғизов гапининг уддасидан чиқиб, йўқ бўлиб кетган Низомни тиклади, уни барча районларга тарқатди. Аммо бу Низом бугунги кунгача ҳам райОНОдагиларнинг масъулиятсизлиги туфайли кўп мактабларга етиб боргани йўқ ва у юзасидан амалий иш бошлангани йўқ. Низомда ҳар бир ўқитувчининг саводхон бўлиши кераклиги, савод бўйича фан ўқитувчилари, тил ва адабиёт муаллимлари, илмий бўлим мудирлари ва ҳоказоларнинг алоҳида-алоҳида вазифалари белгиланган. Бироқ, бугунги кунда у Низом анча эскириб ҳам қолди. Наманган области маорифини бугунги аҳволдан келиб чиқиб, Низомни қайтадан кўриб чиқишга тўғри келади. Яна шуни алоҳида таъкидлаб айтамизки, мактабда ягона орфография ва пунктация режими ишлаб чиқилмас экан, саводхонлик ҳақида гап бўлиши мумкин эмас.
ЛОКАЙДЛИК ОҚИБАТИ
Фан-техника жадал суръатлар билан ривожланган бугунги кунда кўп мактабларда дарслар техник воситаларсиз уюштириляпти. Чунки маориф мудирлари ва шу иш билан шуғулланадиган бошқа ўртоқлар ўзларига яқин бўлган директорларнинг мактабларини техник воситалар билан таъминлаганлар, йўғида ҳозир ҳам йўқ. Айниқса адабиёт дарсларини техник воситалар билан ташкил қилишнинг аҳамияти жуда катта. Қани энди адабиёт кабинетида видеомагнитофон, рангли телевизор, магнитофон, фильмоскоп, 4—5 дона бинокль ва бошқалар бўлса. Адабиёт дарсларида ва синфдан ташқари машғулотларда болалар ўрни билан қўшиқ айтишни, рақсга тушишни, музика асбобларидан фойдаланишни, расм чизишни билсалар, уларнинг бадиий завқлари, дидлари ўсган бўларди. Шу мақсадда катта бир анжуманда область халқ маорифи бўлими мудири Э. Аҳмедовга шундай савол бердик:
— Областимиз мактабларида техник воситалар камчил, айниқса, деярли кўпчилик адабиёт кабинетларида воситалар йўқ. ОблОНО шу масалада янги тадбирлар белгилаганми?
— Область халқ маорифи бўлими мактабларни техник воситалар билан таъминлаш бўйича шуғулланмайди, бу ҳақда тадбир ҳам йўқ, қолаверса, Уйчида бир қанча техник воситалар чанг босиб ётибди. Бу саволни бу ерга кўтариб келмай, ўша ернинг ўзида ҳал қилсанглар бўлмайдими, — деди Э. Аҳмедов Уйчи район халқ маорифи бўлимининг мудири Ю. Дарвешовга юзланиб.
— Тўғри, ўзимизда ҳал қилинса бўларди, — деди райОНО мудири облОНО мудири фикрига қўшилиб.
Мактабларнинг моддий базаси билан облОНО мудири шуғулланмаса, райОНО мудири қизиқмаса, ким бу ишга жон куйдиради? Аллақаерларда санқиб юрадиган дайди сайёр отарчиларнинг қўлида 4—5 минг сўмлик видеомагнитофон. Хўш, ўша видеомагнитофонлар адабиёт кабинетларида бўлса, «Ўзбекфильм» киностудияси дарсликларга мослаб, ёзувчи фаолиятини акс эттирувчи монографик характердаги қисқа метражли фильмларни яратса бўлмайдими? Ёки замонавий фотоаппаратлар мактабларга берилса, ўқувчиларнинг илмий тафаккурини ўстирувчи саёҳатларда ана шу фотоаппаратлардан фойдаланилса ёмонми? Ҳамма яхши нарсалар — болаларга, улар бизнинг келажагимиз, эртанги ўринбосарларимиз деймизу, амалда кўпинча ўз сўзимизнинг уддасидан чиқмаймиз.
Ҳозирги кунда мактаблар учун чиқарилаётган ўқув-техника воситаларининг тури ва фойдаланиш самарадорлиги бугунги кун талабидан жуда орқада.
Болаларни тарбиялашда уларнинг илмий тафаккурини ўстирувчи саёҳатларни уюштиришнинг аҳамияти мислсиз. Аммо бунга ҳамма жойда ва ҳамма ўқитувчилар ҳам ижодий ёндашяпти, деб бўлмайди. Кимдир шунга йўл қидириб, фурсат топиб ўқувчиларнинг илмий тафаккурини ўстирувчи саёҳатларни уюштиряпти, кимдир эса ортиқча ташвиш орттириб, бошимни қотириб ўтираманми, деяпти. Бурноғи йили Тошкентда қўқонлик бир ҳамкасбимнинг ўз ортидан 15 нафар болани эргаштириб юрганини кўрдим. Иномжон Отабоев исмли бу ўқитувчи болаларни пойтахтнинг диққатга сазовор жойлари билан таништириш мақсадида олиб келибди. Болалар биринчи кун ўқитувчилар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш Марказий институти ётоқхонасида тунашди. Иккинчи куни эса мумкин эмас, деган гап билан уларни ётоқхонадан чиқариб юборишди. Аслида ётоқхоналар бўш, институтда машғулотлар сийраклашган пайт эди. Тўғри, юридик жиҳатдан институт маъмурияти ҳақдир, аммо масалага ҳар вақт ҳам объектив, инсоний қалб билан қарашимиз керак. Ўша қишлоқ ўқитувчиси болаларни саёҳатга осонликча олиб чиқмаган. Аввало ота-оналар билан суҳбат уюштирган, мактаб ва райОНОдан рухсат олган, меҳнат отпускасидан шунга вақт ажратган, қолаверса, орада молиявий масалалар ҳам бор. Кимдир тарбиявий ишларга чин дилдан киришади, кимдир унинг меҳнатига лоқайд қарайди.
Аслида бу масала билан юқори маориф органлари жиддийроқ шуғулланишлари, мактаблар учун саёҳат бюроларининг графигини ташкил қилиш керак эмасми?
ОЛТИН МЕДАЛЬ ХУСУСИДА
Олтин медаль кимга берилади? Буни яхши биламиз. Аммо ҳамиша ҳам ўқувчининг иқтидори олтин медалга лойиқми-йўқми, бунга дурустроқ эътибор берилмаяпти. Олтин медалга ёзилган иншоларни текшириш комиссияси аъзоси сифатида бир неча йил иштирок этдим. Очиғини айтганда, олтин медаль олиш ўқувчилар қобилиятининг эмас, ўқитувчилар «қобилияти»нинг намойишига айланиб кетяпти. Кўп ҳолларда ўқувчилар тайёр шпаргалкалардан кўчиряптилар. Ўқувчининг чиройли ёзиш, тайёр манбадан кўчириш санъатига қараб медаль берилаётгани, олий ўқув юртида ҳам ана шу маҳорат иш бераётгани сир эмас.
Мана, қўлимда ўқувчининг олтин медалга тавсия қилинган «Мен севган адиб» деган темадаги иншоси. Саҳифаларга кўз югуртирар эканмиз, А. Қаҳҳор ҳақида қачонлардир ёзилиб, энди сийқаси чиққан таниш жумлаларга дуч келамиз. Грамматик хатолар ҳам озгина эмас — йигирма олтита.
— Домла, бу иншо медалга арзимайди-ку, — деймиз мазкур ўқувчининг иншосига баҳо қўйган ўқитувчига.
— Келинг, ўтказиб юбораверайлик, — дейди домла илтимос билан. Чунки домла ҳам олтин медалга ёзилган иншоларнинг текшириш комиссияси аъзоси сифатида биз билан биргаликда ҳакамлик қилаётган эди. Қолаверса, бу ўқитувчи оддий домлалардан эмас, унвонли ўқитувчи эди.
Умуман, ўқувчининг ижодий фантазиясини аниқлашнинг бир усули бўлган иншо ёздириш методини такомиллаштириш тўғрисида ўйлаб кўрмоқ керак эмасмикан?
Яқинда бир воқеанинг гувоҳи бўлдим: оғайниларимиздан бири қизини республикамизнинг катта шаҳарларидан бирига ўқишга олиб борди. Унинг акаси ўша шаҳарда юқори лавозимда ишлар экан. Гаплашиб ўтиргандик, иттифоқо унинг қўшниси — педагогика институти тил кафедрасининг мудири чиқиб қолди. Воқеадан хабар топган олим «шу холосми, қизни ўқишга жойлаш керакми, тўғрилаймиз, тўғрилаймиз», деди. Ҳолбуки, унга «тўғрилаш» ҳақида ҳеч ким оғиз очмаган эди.
— Ҳеч ҳожати йўқ, қиз мактабни аълога битирган, ўз кучи билан кириб кетади, — деди уй эгаси.
— Ўз кучи билан кириш осон эканми, шпаргалкалардан ғамлаб қўйиш керак, — деди олим.
Ўз кўзинг билан кўриб турганинг бу воқеа кишини таажжубга солмай иложи йўқ. Ҳукуматимизнинг шу кунлардаги қарори қаёқда-ю, бу одам, олим, кафедра мудири қаёқда?! Бу ҳолда биз қайта қуришни, олий таълим ва мактаблардаги ислоҳотни қачон амалга оширамиз? Аслида ана шу хилдаги «педагог»лардан қанчалик тез воз кечсак, ишимиз шунчалик тезроқ олдинга босади. Хўш, бундай кишиларни мухолифлардан қандай фарқи бор? Бундайлар биз билан ёнма-ён яшайди, қиёфаси ҳам маданий, ҳатто ўзини минбарларда қайта қуришнинг фаол аъзоси қилиб кўрсатади, амалда эса ҳалигидақа қинғир йўлларга бошлайди. Ана шундай устомонлардан маорифни покламас эканмиз, ишимиз олға босиши қийин.
БАҲО НОРМАСИ: ҚЎШИБ ЁЗИШМИ ЕКИ КЎЗБЎЯМАЧИЛИК!
Ҳунар-техника мактабининг ўқитувчиси Тўлан Алибоев шундай деб қолди: «Болаларнинг билими турлича, ё ўта зўр, ё ўта паст. Шундай ўқувчилар борки, улар билим жиҳатидан айрим домлаларимизни шошириб қўйишади, яна шундайлари ҳам борки, улар бирор саҳифани дурустроқ ўқиб беролмайдилар, ҳатто ҳарф танимайдиганлари бор».
— Кейингиларини қандай баҳолайсизлар?
— Нимасини айтасиз, бир дона «3» ни аямай қўя қоламиз-да.
— Ўша болаларни ўзинглар қабул қилганмисизлар?
— Кабулда ҳақиқат бор, деб ўйлайсизми?.. — Аммо Солиев деган адабиёт ўқитувчимиз бор. Бола «икки»га билса — «икки», «уч»га билса — «уч» қўяди. Ўзининг принципиаллиги билан доим бошига бало орттириб юради. Баҳо тўғрисида педсоветларда сўкиш эшитгани эшитган. Чунки у тутган ишни ҳеч қайси ўқитувчи тутмайди-да, — деди ҳалиги суҳбатдошимиз.
— Ўша принципиал ўқитувчи ҳақида шахсий фикрингиз қандай? — сўраймиз Т. Алибоевдан.
— Аслида унинг принципиаллиги менга унчалик маъқул келмайди. Тўғри, ўта саводсиз болалар бор. Тўрт қатор шеър айт, сенга «4» баҳо қўйиб берай десангиз, оғзини оча олмайдиганлари
ҳам бор. Лекин барибир ошпазликми ё қассобликними эгаллаётган у болалар учун адабиётнинг нима кераги бор? Солиев ҳақиқат қиламан, деб «директорликни, завучликни талашяпти» деган гапга ҳам қолган. Лекин аслида у амалга қизиқмайди. Шундай бўлса ҳам унинг орқасидан кулишади, болаларга ҳам ёмон кўринади.
X. Солиев ҳақми ёки маъмурият билан муросагўйликка кўникиб қолган ҳозирги суҳбатдошимизми?
Суҳбатдан шундай хулосага келиш мумкин. Ўша ўқув даргоҳида соғлом муҳит бўлса Ҳ. Солиев яккаланиб қолмаган, уни ҳимоя қиладиган ва қўллайдиганлар топиларди. Ҳарфни танимаган ўқувчига «3» баҳо қўйишни қандай тушунса бўлади. Бу кўзбўямачиликми ёки маорифдаги ўзига хос қўшиб ёзишми? Албатта, ҳар иккиси ҳам.
Автобусларда, бекатларда, кўчаларда, ишхоналар ва жамоат жойларида турфа одамларга истараси иссиқ, муомала маданияти юксак, қобил кишиларга ёки аксинча турқи совуқ, қўпол, маданиятсиз кишиларга дуч келасиз. Дилкаш одамни кўрганингизда қалбингизда эзгу ҳислар тўлиб тошади. Аксинча товламачи, ғирромларни учратганингизда ўйга толасиз. Шулар ҳам қачонлардир мактабда ёки бошқа жойда адабиётдан сабоқ олишган-ку. Ана шу сабоқларнинг қайсидир ўринда бўш берилганлигининг таъсири эмасмикан? Мен шундай фараз қиламанки, адабиётни севган, эзгулик ҳақидаги шеърни ёд билган киши ҳар вақт мулойим, хушфеъл бўлади, ўзгаларни ўринсиз ранжитмайди.
Ислоҳ қарорларида процент кетидан қувиш, ошириб баҳо қўйиш қораланган. Биз буни қачон амалда қўллаймиз? Қачонгача адолат юзасидан иш тутаётган муаллимлар юзига қора чаплаймиз? Маорифдаги масъул ўртоқлар қўшиб ёзишга чек қўйинг, дейиш ўрнига қачонгача нега қўшиб ёзмайсиз, қабилида иш тутилади??! Кадрларнинг пишиқ-пухта бўлиши учун кураш барча муаллимларнинг вазифаси эмасми? Тўғри, кадрлар сиёсатини яхшилаш учун болаларнинг билимини ҳалол баҳолашнинг ўзи кифоя қилмайди. Аввало ўқитувчи ўзи назарий ва сиёсий жиҳатдан пухта қуролланган бўлиши ва ҳар бир дарсини юксак савияда уюштириши, болаларга чуқур билим бериши керак. Қуруқ шиорлар, формулаларни ёдлатиш билангина эмас, болаларни юракка етиб борадиган қалб сўзлари билан тарбиялаш керак. Очиқ айтамиз: қилинаётган ўғирликлар, меҳнатсиз даромадлар, жиноий безориликлар, ғирромликларнинг барчаси педагогларимизга ҳам дахлдор. Бола қалбига, агар шундай таққослаш мумкин бўлса, юз фоиз имкониятдан қайсидир ўқитувчи 70, қайсидир муаллим 15 фоиз таъсир қилади. Қайсидир ўқитувчи эса умуман дарс давомида бола онгини тескарисига заҳарлаб чиқади. Болага ким қандай таъсир ўтказяпти, буни ўрганадиган, анализ қиладиган, ўқитувчи фаолиятини баҳолайдиган ўртоқлар эса аллақаердаги қоғозбозлик, расмиятчилик учунгина қилинадиган ишлар билан банд бўлмоқдалар. Аслида маорифдаги раҳбарларни чуқур аттестациядан ўтказадиган пайт келди. Бизнингча маориф раҳбарлигига сайлаш, тайинлаш йўли билан эмас, конкурс йўли билан қўйиш мақсадга мувофиқдир. Чунки таълим жараёнини бошқариш иши ҳамма соҳадан ҳам кўра масъулиятлироқ, нозикроқ.
АТТЕСТАЦИЯ РАСМИЯТЧИЛИК УЧУНМИ?
Илгари ўқитувчиларни аттестациядан ўтказиш иши расмиятчилик учунгина бажариларди. Ҳатто аттестациядан ўтадиган ўқитувчи қай тарзда ўтганлигини ҳам билмай қоларди, ўзи ҳақида тўлдирилган аттестация варақасига нима ёзилганидан бахабар бўларди. Ҳозир-чи? Ҳозир ўқитувчилар аттестациядан қандай ўтказиляпти? Ислоҳ, бугунги қайта қуриш талаблари асосидами ёки яна расмиятчилик ҳукмронми? Яхшиси бир мактабда ўтган, ўзим гувоҳи бўлган аттестация ҳақида гапира қолай.
Мажлислар залида барча ўқитувчилар йиғилган, аттестация ўтказиш комиссияси аъзолари президиумдан ўрин олган. Комиссия составида райОНО вакили ҳам бор.
Аттестациядан ўтаётган математика ўқитувчисига райОНО вакили кетма-кет савол беряпти.
— Хўш, домла, нечта шогирд етиштирдингиз?
— Жуда кўп. Шогирдларим ишлаб чиқаришнинг турли соҳаларида меҳнат қиляпти.
— Қандай жамоат топшириқларини бажаргансиз?
— Мактаб раҳбарлари нимани буюрган бўлса, ҳаммасини бажараверганман, биз гап қайтаришни билмаймиз.
— Домлага саволлар борми? — райОНО вакили мажлис қатнашчиларига мурожаат қилди.
— Домла жуда меҳнаткаш, собиқ ўқувчилар яқинда домлани йигирма йиллик юбилей ўтиришига таклиф қилишди. Бу ҳам домланинг яхшилигидан, — деди кимдир.
— Жуда яхши, — деди илмий бўлим мудири, — аттестациядан ўтдингиз, ишингизга омад тилаймиз.
Навбат иккинчи бир ўқитувчига — тил ва адабиёт муаллимига келди.
— Қани, домла, қилаётган ишларингиз ҳақида гапирингчи, — сўради вакил.
Тил ва адабиёт муаллими дарсларни, синфдан ташқари ишларни қай тарзда уюштираётганлиги, жамоатчилик фаолияти ҳақида қисқача гапириб берди.
— Бу кишини, — деди илмий мудир, — методист ўқитувчи унвонига тавсия қилганмиз. Мактабимиз залларида домланинг бутун ишлари кўзга ташланиб туради. Домланинг дарсини ҳам кузатганман, болалар шеър ўқишни жуда боплашади.
Шунингдек комиссия аъзолари жисмоний тарбия ўқитувчиси ҳақида ҳам ижобий фикрларни билдириб, уни катта ўқитувчи унвонига тавсия қилишди.
— Бу икки домлани нафақат мактабимиз, балки районимиз, областимиз миқёсида ҳам фаолияти ибратли эканлигини ҳисобга олиб, «Республикада хизмат кўрсатган ўқитувчи» унвонига тавсия қилиш керак, — деди комиссия аъзоларидан бири.
— Аслида менга ҳеч қандай унвоннинг кераги йўқ, аттестация муносабати билан баъзи ишларим ҳақида гапирган бўлсам, буни мақтанчоқликка йўйиб юрманглар, — тил ва адабиёт муаллими бироз хижолат бўлиб жойига ўтирди…
Мана, бир мактабда ўтган аттестациянинг тафсилоти. Хўш, шу тариқа ўтаётган аттестацияни ҳаққоний деб бўладими? Аттестациядан ўтадиган ўқитувчи фаолиятини йил давомида ўрганиб борилса, дарсларни педагогик коллектив томонидан бир неча бор кузатилса бўлмайдими? Ким бу масала билан қизиқади? Мактаб директори, райОНО мудири, облОНО нега бу масалада аниқ позицияга эга эмас. Ҳолбуки, аттестацияларни пухта тайёргарлик билан ўтказишнинг ёш ўқитувчилар учун катта тарбиявий аҳамияти бор-ку. Ўқитувчи меҳнати қандай қадрланяпти, унга муносабат қанақа, илғор тажриба қай тариқа пайдо бўлади, ёш ўқитувчи бу ҳақда мулоҳаза юритадиган, келажак истиқболини ўйлаб кўрадиган бўлади-ку.
Мен бошлиғимнинг чизган чизиғидан чиққан эмасман, нима буюрса шуни бажарганман, деган математика ўқитувчисининг гапини қандай тушунса бўлади? Бордию бошлиғи ҳам ўзи сингари мўминтой, у ҳам бошлиқ олдида бўйнини қисиб турадиган, ўз мустақиллиги бўлмаган одам бўлсачи?
Бордию бошлиғи дарсни ташла, болаларни ўн-ўн икки соат далада ишлат, пахта бригадирнинг сўзидан чиқма, бола манфаатини кўзлайман, деб тағин бригадир ва раисларга қаттиқ сўзлаб юрма, деган бўлса-чи? Шуми бошлиқнинг сўзидан чиқмаслик! У ҳолда математика ўқитувчисининг гражданлик позицияси қаерда қолди? Ўзича мустақил иш тутмабди-да. Тарбиявий ишда унинг ташаббускорлиги қани?
Бошлиғи мана бу «2»ни тузат, деган бўлса-чи?
Бундай ўқитувчининг виждони қаерда қолди?
Ҳа, керак пайтда ўқитувчи ўз қадр-қимматини, иззат-нафсини биладиган, ўз-ўзини ҳимоя қилаоладиган, аниқ гражданлик позициясига эга бўлган шахс бўлмоғи лозим. Аслида мана шундай позициясиз кишилар ўқитувчи обрўсини тўкадилар, ўзгаларнинг муаллим деб аталмиш буюк унвонга бўлган эътиқодини сўндирадилар.
Биз шундай таклиф қилардик. Илғор, билими пухта, педагогик жараённи чуқур таҳлил қила оладиган, ижодкор ўқитувчиларни аттестациядан ўтказаётганда райОНО вакилидан ташқари, облОНОдан, керак бўлса маориф министрлигидан, марказий малака ошириш институтларидан, педагогика фанлар академиясидан, педагогика институтларидан, матбуот органларидан вакилларни таклиф қилиш керак. Ёки ана шундай тил ва адабиёт муаллимларини аттестациядан ўтказаётганда шоирларни, журналистларни, педагогика институтлари тил ва адабиёт кафедраларидан вакилларни, ўқитувчининг иқтидорли шогирдларини таклиф қилиш мумкин. Шунда ҳақиқий ўқитувчи ўз баҳосини олган ва зиёкорнинг қадр-қимматини оширган бўламиз. Маориф министрлигидаги ўртоқлар ўқитувчиларни аттестациядан ўтказиш ишини бир қайта қўриб чиқсалар, унга тузатиш киритсалар, жойларда ўтаётган аттестация ишини расмиятчиликдан холи қилиш йўлини ўйлаб кўрсалар яхши бўлар эди.
БИР СЕМИНАР ТАРИХИ
Минбарларда кенг хаёл ва тафаккурга, шахсий ташаббусларга йўл очиш керак, шундай кишиларни қўллаб-қувватлаш зарур деган гапларни кўп эшитамиз. Шахсий ташаббус билан чиқаётган илғорларга эргашгингиз, ўз иш жойингизда ташаббус кўрсатгингиз, илғорлар сафида бўлишга интилгингиз келади. Аммо сизнинг ҳаракатингиз, интилишингиз қўллаб-қувватланмаса-чи? Ташаббуснинг ижобий ёки камчил томонлари таҳлил этилмаса-чи? Аксинча, сизни орқаворотдан камситишга уриниб кўрилса-чи? Яхшиси ўз ҳаётимда бурноғи йили бўлиб ўтган, эълон қилинмаган бир семинар тарихи ҳақида гапира қолай.
Аввало ўзинг ҳақингда гапириш қийин. Аммо касбимга, ишимга дахли бўлгани учун гапиришга тўғри келади.
— Сиз тезда райОНОга етиб борар экансиз, ҳозиргина қўнғироқ қилишди, — деди директор ўшанда.
Районга етиб борганимда ўқитувчилар машиналарга ўтиришаётган экан.
— Машинангизни юргизинг, кетдик. Янгиқўрғонда адабиёт бўйича илмий-амалий конференция бўлар экан, — дейишди.
Янгиқўрғондаги конференция таассуротлари менда янги бир ниятнинг туғилишига асос бўлди. Ўз мактабимда адабиёт фани бўйича илмий-амалий семинар ташкил қилсам-чи? Семинарни шундай ташкил қилишим керакки, у ҳар қандай дабдабадан, расмиятчиликдан ҳоли бўлсин, ўқитувчи асосий сиймо деган масалани кўтариб чиқа олсам бўлди!
Мақсадимни аввал мактаб директорига, сўнгра райОНО бош инспекторига маълум қилдим. Улар рози бўлишди. Семинар ишини мазмунли уюштириш, материал тўплаш, кенгроқ доирада ўтказиш мақсадида Тошкентга бордим. Дастлаб ТошДУ ўзбек филологияси факультетига учраб, ниятимни айтдим.
— Жуда яхши, вакил жўнатамиз, — дейишди улар. Сўнгра маориф министрлигига, Марказий малака ошириш институти ректорига, «Ўқитувчилар газетаси» редакторига учрадим, улар ҳам вакил жўнатмоқчи бўлишди. Учрашилган ерларга расмий жиҳатдан қонуний бўлиши кераклигини эътиборга олиб, райОНОнинг алоқа хатини жўнатдик. Семинар 19 май кунига белгиланди.
Ихтиёримда ўн кун вақт бор, бу кунлар ичида докладларни тайёрлашим, областнинг бошқа районларидаги адабиёт ўқитувчиларининг докладлари кўрикдан ўтказилиши керак эди. Аввало бу ишларнинг бошланиши ва охири бир кишининг назоратида бўлиши, вазифалар аниқ тақсимланиши керак эди. РайОНО мудири ва инспекторлар аввалига «хўп, ишни Сиз айтгандек ташкил қиламиз», дейишди-ю, аммо амалда ўзларини чеккага олишди, қолаверса, ишнинг боришига ҳалақит бера бошлашди. Бу орада мудир билан айрим масалаларда келиша олмай қолдик.
Мен семинар ҳар қандай дабдабадан холи бўлиши, районимиз ва мактабимизда адабиёт фанининг ўқитилиши рўй-рост таҳлил этилиши, тил ва адабиёт муаллимларининг вазифалари аниқ белгиланиши, ўқитувчи асосий сиймо, асосий фигура деган масалани кўтариб чиқиш кераклигини таъкидладим. РайОНО мудири эса, «келаётганларнинг ўқитувчи асосий сиймо, фигура деганимиз билан нима иши бор, кабинетни, залларни безатиш керак, оғайни» — деди.
— Кабинет заллари жиҳозланган, мактабимиз ўқитувчилари айрим ўзларига ёқмаган жиҳозларни ўзгартиришаётир, бизнинг вазифамиз дарсларни юксак савияда уюштириш, тил ва адабиёт фанининг ўқитилишида ечимини кутаётган муаммолар устида фикр юритиш, — дедим.
Бу ишга райком эътиборини жалб этиш мақсадида район партия комитетининг биринчи секретари ўртоқ С. Тошпўлатов ҳузурига кирдим. Райком секретари билан илгари ҳам район миқёсидаги социал-ижтимоий масалалар бўйича анча суҳбатлашгандим. Секретарь мени очиқ чеҳра билан кутиб олди. Аммо фикрини дангал айтди:
— Ўша мактабингизга боргим йўқ. Умуман, ўша қишлоқ одамларининг маданияти жудаям юқори эмас. Кўчаларда ахлат уюмлари қалашиб ётибди, хўжалик ва қишлоқ совети раҳбарлари ҳам бунга бепарво — деди у.
— Боринг демоқчи эмасман. Аммо кейинги пайтда районимиз қиёфаси тубдан ўзгараётгани, ишлаб чиқаришда силжиш борлиги, янги секретарнинг ишчанлиги тўғрисида жойларда фахр билан гапираяпмиз.
Секретарнинг чиройи очилди.
— Майли, борганим бўлсин, доклад ҳам қилишим керакми?
— Албатта, хоҳлаган мавзуни танлашингиз мумкин, — дея олдиндан тайёрланган уч хил доклад темасини кўрсатдим. «Ислоҳот адабиёт муаллимлари олдига қандай вазифаларни юклайди?» номли мавзу секретарга маъқул бўлди.
Бу гап билан секретарь районнинг манфаатини кўзда тутаётган эди.
Ниҳоят, уйқусиз кечалар, югур-югур билан ўтган кунлар орқада қолди. 19 май — белгиланган куни Ўзбекистон ССР Маориф министрлиги, Тошкент Давлат университети, Наманган область ўқитувчилар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш институти, Уйчи район халқ маорифи бўлимининг она тили ва адабиёт ўқитилишини КПСС XXVII съезди, Ўзбекистон Коммунистик партияси XXI съезди қарорлари ҳамда мактаб ислоҳоти талаблари асосида яхшилаш юзасидан илмий-амалий семинари бўлиб ўтди. У ҳақда район газетасида ахборот чиқди. Аммо гап бунда эмас, семинардан кейин амалий ишга ўтганда сургалиш, қоқилишлар бошланди.
В. И. Ленин номидаги Тошкент Давлат университетининг ўзбек филологияси факультети билан Уйчи район халқ маорифи ўртасида ўзаро ҳамкорлик ҳақида мактаб ислоҳотини амалга ошириш юзасидан шартнома тузилди.
РайОНО ходимлари шартнома текстини катта хурсандчилик билан кутиб олишди. Аммо орадан икки кун ўтгандан сўнг айниб қолишди. «Бизга бундай шартноманинг кераги йўқ, кадрларимиз етарли, бунга муҳтожлик ҳам сезмаймиз» дейишди.
Аслида шундаймикан? Асло. Ахир бир қатор кекса тил ва адабиёт муаллимлари пенсия ёшида, уларнинг ўрнини тўлдирадиган, олий ўқув юртида ўқиётган студентлар эса жуда озчиликни ташкил қилади. Қолаверса, бугунги куннинг ўзида ҳам ўқитувчилар етишмайди. Кейинги 5 йил ичида ТошДУ ўзбек филологияси факультетига бирорта ҳам ўқувчимиз киргани йўқ. Бу ҳам майли. Хўжалик ишлари бўйича директор ўринбосари С. Охуновнинг таъкидлашича, семинар кунлари 6 минг сўмликдан ортиқроқ инвентарь олиб келинди, аммо тил ва адабиёт бўйича бирор сўмлик ҳам нарса келтирилмади. Ҳолбуки, мактабда тил ва адабиёт фани бўйича стандарт кўргазма қуроллар камчил ва техник воситалар ҳам йўқ ҳисобида эди. Маориф министрлигининг адабиёт бўйича ўқув-методика кабинетининг методисти А. Зоиров ҳам райОНО вакилига бу ҳақда топшириқ берган эди.
Энг ачинарлиси, семинардан кейин райОНО ходимларининг баъзилари мени ҳамма нарсадан четга суришга ҳаракат қила бошлашди, муомала ҳам ўзгарди.
Илгари районда ўтадиган катта-кичик адабий кечаларни асосий уюштирувчиси ва иштирокчиси сифатида, олтин медалга ёзилган иншоларни текшириш комиссияси аъзоси, олимпиадаларнинг ҳайъати аъзоси, мактабларни ўрганиш бўйича штатсиз инспектор сифатида мендан фойдаланишарди. Актив фаолиятим туфайли совғалар ҳам беришганди. Семинардан кейин эса, аксинча мени жамоатчиликка ёмон кўрсатишга интилиш пайдо бўлиб қолди. Шундан кейин ташаббус кўрсатгинг, яхшироқ ишлагинг, қайта қуришда фаол қатнашгинг келадими?..
РЕДАКЦИЯДАН:
Икром Расулов кўп йиллардан бери Уйчи районидаги А. В. Суворов номидаги 22-ўрта мактабда ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчнси бўлиб ишлайди. У мақоласида муаллимнинг касб маҳоратини ошириш, обрў-эътиборини кўтариш, ёшларга таълим-тарбия беришни янада яхшилаш хусусида ўз тажрибалари ва кузатувлари асосида фикрлайди. Албатта, унинг фикр-мулоҳазаларида объектив ва субъектив томонлари, баҳсли жойлари бўлиши мумкин. Бизнингча мақола ҳозирги мактабларимиз ҳаёти учун анча типик бўлган воқеалар куйинчаклик билан қаламга олинганлиги жиҳатдан диққатга сазовордир. Биз ушбу мақола журиалимиз саҳифасида республикамизда ўрта мактаб фаолиятини қайта қуришнинг аҳволи хусусида мунозара бошлашга туртки бўлади, деган умиддамиз. Шу муносабат билан маориф соҳасида меҳнат қилаётган кишилардан, ҳурматли ўқитувчиларимиздан, барча журналхонлардан мазкур мақолада кўтарилган масалалар хусусидаги, шунингдек ўзлари меҳнат қилаётган мактабларда қайта қуриш ишлари қандай бораётганлиги ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини ёзиб юборишларини илтимос қиламиз.
“Шарқ юлдузи” журнали, 1988 йил, 6-сон