Ҳамид Ғулом. Ҳаммаси ўзимизга боғлиқ (1989)

1. Сизнингча социал-сиёсий ислоҳотлар шароитида миллий муносабатларни ривожлантиришнинг истиқболлари қандай?

2. Кўпмиллатли давлатимизда миллий тилларнинг ўрни ва аҳамияти сизнингча қандай бўлиши керак?

3. Миллий маданиятларнинг бойиш йўллари ҳақида сизнинг тасаввурингиз?

Газетанинг 10-сонида Ойдин Ҳожиева миллатлараро муносабатларнинг, тиллар ривожининг муҳим муаммоларига бағишланган «Руҳимизга ёнғин тушмасин» сарлавҳали мақоласида бир қанча ёзувчиларни баҳсга даъват этган.

«Қолаверса, — деб ёзади шоира, — халқнинг яхши-ёмон кунларида бирга бўлган, элу юртини ўз оғзига қаратган қаҳрамонларимиз Комил Яшин, Уйғун, Зулфияга жамоатчилик умид кўзини тикмоқда.

Шоиранинг бу сўзларида ҳақли талаб билан бир қаторда озгина гина-кудурат ҳам йўқ эмас. Дарҳақиқат, мамлакатимиз, жамиятимиз кутаётган муҳим анжуман — КПСС МКнинг миллий муносабатларни такомиллаштиришга бағишланадиган Пленуми олдидан маданият арбоблари, олимлар, ёзувчилар, педагоглар ва зиёлилар ўз фикр-мулоҳазаларини хоҳ матбуотда, хоҳ йиғилишларда рўй-рост айтиб, давримиз ўртага қўйган миллий масалани тўғри ҳал этишга ҳисса қўшишлари ҳам фарз, ҳам қарздир.

Ойдин Ҳожиеванинг даъватини ўзимга ҳам, касбдош дўстларимга ҳам тўла тааллуқли, деб биламан. Умуман, газета анкетасига жавобан ёзилган барча мақолаларни ўқиб, жуда хурсанд бўлдим. Буларда фикрлар турлича бўлишидан қатъи назар, муаллифлар ягона фикрни — миллатлар орасидаги муносабатлар адолатли бўлиши зарурлигини, миллий тилларнинг ўз она заминида ҳар тарафлама эркин равнақ топиши халқларнинг маънавий камолига, маданиятларнинг гуллаб-яшнашига хизмат қилишини ҳақли равишда такрорлайдилар.

«ЎзАС» анкетасига ўхшаш анкеталар бошқа газеталарда ҳам, чунончи «Совет Ўзбекистони» газетасида ҳам эълон қилинди. Бу газетамиз анкетасига берилган жавоблар ичида академик Эркин Юсуповнинг батафсил мақоласи анча диққатга сазовор.

Бу мақолани шоиранинг чақириғига жавобан ёзар эканман, айни вақтда, шу кунларда менга тез-тез мурожаат қилиб турган китобхонларнинг ташвишланиб бераётган саволларига жавобимни ҳам айтмоқчиман.

Бу ташвишларга сабаб шу бўлдики, яқинда телевидение ташкил қилган давра суҳбатда Темур Пўлатов, академик Аҳмадали Асқаров билан мен бизнинг давримизда юксак маданиятли, билимдон киши бўлиш учун икки тилни — ўз она тилини ва рус тилини мукаммал эгаллаш зарурлигини айтдик. Ўша суҳбатда Чингиз Айтматовнинг «Қирғиз тили — она тилим, у менинг вужудимга она сути билан сингиган, рус тили эса, муаллимим, устозим», деган сўзларини мисолга келтирдим. Темур Пўлатов эса бизнинг мамлакатимизда халқлар, миллатлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашда рус тилининг бебаҳо аҳамияти ҳақида сўзлади. Давра суҳбатига қатнашган бошқа ўртоқлар ҳам фикримизни қувватладилар.

Афсуски, баъзи зиёлилар, айниқса ёшлар бизнинг фикримизни нотўғри тушуниб, «Ўзбек тили давлат тили бўлмас экан-да», деб ташвишга тушиб қолибдилар.

Ўша телекўрсатувдан кейин бир неча кун давомида уй телефоним тинимсиз жиринглаб турди, анчагина мактублар олдим, жуда кўп одамлар билан суҳбатлашдим. Яқинда шулардан бири билан учрашдим.

Республика Касаба союзлари Марказий Комитетининг мажлислар залида ўтказилган «Меҳр-шафқат ва саломатлик фондиянинг таъсис конференциясидан чиқиб, Навоий театри олдидаги майдонга ўтган эдим, бир йигит салом берди.

— Кечирасиз, сизга битта саволим бор эди… — У ўзини таништирди. Фарғонадан Тошкентга иш билан келган муаллим экан. — Анови кун телевизорда кўрдик. Икки тиллилик ҳақидаги фикрларингизни эшитдик. Ниҳоятда таажубландик… Наҳотки, ўзбек тили давлат тили бўлмаса?..

— Ким сизга ўзбек тили давлат тили бўлмайди, деб айтди? — сўрадим ундан.

— Бундай фикр очиқ айтилмаган бўлса ҳам, биз шундай тушундик…

— «Биз» деганингиз кимлар?

— Суҳбатингизни эшитганлар…

— Ҳа, шундай денг, — дедим меҳмонга. — Сизлар фикримни яхши илғамабсизлар. Фикримни билмоқчи бўлсангиз, эшитинг ва дўстларингизга ҳам аниқ қилиб етказинг: Ўзбекистон ССРда ўзбек тили давлат тили бўлиши керак, рус тили эса халқлар, миллатлараро муносабатлар тили бўлиб қолади, айни вақтда республикамизда яшаб турган бошқа халқларнинг тиллари тенг ҳуқуқли тиллар сифатида амалда бўлиб, ривожланаверади, — дедим.

Унга бу жуда муҳим, жуда мураккаб, айни вақтда ниҳоятда долзарб масалани ишлаб чиқиш, ҳал қилиш ва қонун сифатида шакллантириш учун халқ, жамоатчилик кўмагида жуда кўп ишлар қилиниши зарурлигини айтдим.

Тўғри, фарғоналик ёш муаллим билан суҳбат, кичкинагина баҳс — шу кеча-кундузларда бутун эл-юртда қизиб кетган муҳокамалар, мунозаралардан бир шингил, холос. Қайта қуриш даврида ошкоралик, демократия яратиб берган имкониятлар моддий ва маънавий ҳаётимизда тўпланиб қолган муаммоларни ўртага ташлашга, беҳисоб мураккаб масалаларнинг ечимини кенг жамоатчилик иштирокида излашга, топишга йўл очди.

Айииқса, СССР халқ депутатлигига номзодлар билан ҳар куни бўлиб турган учрашувлар ўз-ўзидан катта баҳслар, мунозаралар минбарига айланиб кетмоқдаки, бундай ҳолни катта-кичик ҳамма табиий бир ҳол деб тушунмоқда. Пахта монокультураси, экология масалалари, халқнинг саломатлиги, оналар ва болалар аҳволи, болалар меҳнати, ўтмиш маданий меросга муносабати каби улкан муаммолар қаторида миллатлараро муносабатлар, тиллар мустақиллиги ва раанақи масалалари ҳам ўртага қўйилмоқда.

Шундай учрашувларнинг бирини мисолга келтираман. 115-нчи Тошкент — Ҳамза миллий территориал сайлов округида депутатликка номзод Абдулла Орипов билан учрашув бўлди. Абдуллажоннинг илтимоси билан номзоднинг ишончли вакили сифатида ЎзФАнинг Химия институти мажлислар залида ўтказилган учрашувга қатнашдим. Унда халқни қизиқтираётган, қизғин баҳсларга сабаб бўлаётган, вақтли матбуотда айтилаётган долзарб масалалар тилга олинди.

Албатта, миллатлараро муносабатлар, давлат тили, турли фанларни ва биринчи навбатда, адабиётни ўзбек тилида ўқитиш масалалари сайловчиларни ниҳоятда қизиқтирди.

Абдулла Орипов бу учрашувда одиллик ва зийраклик билан сайловчиларнинг ҳамма саволларига мукаммал жавоб қайтаришга, баҳсдошларини мамнун этишга улгурди.

Ўша йиғилишда ЎзФАнинг Ботаника институтидан академик Жўра Камолович Саидов сўзлади.

Саксон ёшга кирган муҳтарам олим Жўра ака Қори Ниёзий, Ҳабиб Абдуллаев, Обид Содиқов билан бирга ишлашган, ҳозир ҳам илмий ижодини давом эттираётган аллома.

Муҳтарам ботаник олим сўз олдию мен, қалами анча қайралган адиб унинг ташбеҳларга бой, гўзал нутқини мароқланиб тингладим, гўё у ўзи парвариш қилган наботот чаманидаги ранг-баранг гуллар жилосини кўрсатаётгандай эди…

Олимнинг нутқи ғоят равон, сўзлар нафис жаранглар, тингловчини беихтиёр ўзига маҳлиё қилиб оларди.

Йиғилишда Жўра Камоловичнинг нутқига тамомила терс, чин маънода тўмтоқ, жумлалари телба-тескари тузилган, ўзбек ва рус сўзлари керак-нокерак аралаштириб юборилган, эшитган одамни беихтиёр ранжитадиган бошқа бир нутқни ҳам тингладик. Мазкур нутқни сўзлаган киши ҳам олим — кимёгар ва айни вақтда касаба союз арбобларидан бири. Бу кишининг исм-шарифларини айтиб ўтирмайман, ўзлари ҳам, йиғилишда қатнашган кишилар ҳам яхши биладилар. Бинобарин, бундай «нотиқ»лар оз эмас. Бундайларни узоқ ва чекка жойлардан қидириб юришга ҳожат йўқ. Телевидениеда ҳар кун, кунора бўлиб турган давра суҳбатларнинг анчагина иштирокчилари, айниқса раҳбарлик лавозимидаги бир қанча юртдошларимиз «тилга эътибор — элга эътибор» деган ҳикматдан мутлақо бехабар эканликларини намойиш қилмоқдалар.

Нотиқлик ҳам ўзига хос истеъдод ҳисобланади. Биз хўжалик раҳбарлари, турли лавозимдаги юртдошларимиздан қайта қуриш вазифалари ҳақида оташин нутқлар сўзлашларини талаб қилаётганимиз йўқ. Бинобарин, турғунлик даври анчагина вазифадорларнинг тилларини боғлаб қўйганки, улар ёрдамчилар, котиблар, маслаҳатчилар ёзиб берган маърузаларни базўр ҳижжалаб ўқиганлар.

Энди бошқа давр, бошқа замонлар келди. Дилларнинг қулфи очилди, тилларнинг тугуни ёзилди. Эндиликда юракда етилган фикрларни бемалол, эркин ифодалаш учун имконият туғилди.

Бунинг учун, аввало, тил билиш керак. Майли, ўзбек тили, майли, рус тили, майли бошқа бир истаган тилингизда ёзинг, сўзланг, сўзлашинг. Тил маданияти — умуминсоний маданиятнинг энг олий ифодасидир.

Мен ўзбек тили республикамнинг давлат тили сифатида қонунлаштирилишини ўйлаганимда, аввало, халқимнинг, биринчи навбатда, унинг зиёлиларининг ўз она тилларини мукаммал билишларини, бул ноёб маънавий хазинадан моҳирона ва самарали фойдаланишларини, ўтмиш меросдан, ҳозирги тараққиёт имкониятларидан тўла фойдаланган ҳолда, унинг миллатлараро обрў-эътиборини юксалтиришларини назарда тутаман.

Тилни билиш керак. Билиш учун эса, уни севиш керак. Ўз тилини билибгина қолмай, уни сеаиб ардоқлаган, бойитган, сайқал бериб ривожлантирган устозлар билан ҳамсуҳбат, ҳамкор, тўғрироғи, уларга дастёр бўлганимдан фахрланаман. Абдулла Қодирий, Чўлпон, Ғафур Ғулом, Ойбек, А. Қаҳҳор каби алломаларнинг бир сўз ёки битта ҳикмат тарихи устида баҳслашганликларига гувоҳ бўлганман. Усмон Носир «Демон»ни таржима қилаётганида «чодра»га «Хадра»ни қофия қилмоқчи бўлиб, мени Хадрага бошлаб келган ва шу сўзнинг маъносини кексалардан сўраб «ҳад роҳ» яъни «йўлнинг чеккаси…» эканлигини билган.

Мақсуд Шайхзода доим тилга оид ён дафтарини олиб юрган.

Миртемир олтмиш ёшга тўлганида юбилей комиссиясининг раиси бўлиб қолдим. Китобхонлар билан учрашиш учун аввал Андижонга, кейин Ўшга бордик. Айниқса, қирғизлар «Манас»ни ўзбек тилига ағдарган аллома шоирни самимий ҳурмат ва муҳаббат ила сийладилар. Чунончи, Новқат районида тоғ этагидаги бир қишлоққа бордик. Бизга район партия комитетининг секретари Суюнбека исмли бир сулув жувон ҳамроҳлик қилди.

Тоғ тагида шишадай тиниқ, зилол бир кўл бор экан. Қуёш чарақлаб турган пайт. Кўл лоладай товланади. Ундан оқиб чиқаётган кўм-кўк ариқ эса лоланинг кўк бандини эслатади.

— Кўлимизга ном қўйиб беринг, Миртемир оға! — деб илтимос қилди Суюнбека.

— Суюнкўл бўлсин! — деди шоир.

Миртемир энди йўқ, аммо Суюнкўл қирғиз диёрида ҳамон қуёш шуъласида мавжланиб, яшнаб турибди…

Тил — тинимсиз жонли ижод.

Лекин бу ижодий жараён ҳақида, тилимизни бойитган ижодкорлар ҳақида, уларнинг асарларининг тили ҳақида етарлича фикримизни айта олдикми? Афсуски, йўқ. Адабий асарлар тили ҳақидаги тадқиқотларимиз деярли йўқ ҳисобида, борлари ҳам ғоят ночор. Демак, ҳали олдинда қилинадиган ишлар кўп. Бадиий асарлар тили чуқур ўрганилиши керак.

Хўш, таржималаримиз тили таҳлил қилиндими? Ўтган етмиш йил давомида қилган таржималаримиз озмунчами? Ҳомер, Данте, Руставели, Фирдавсий, Шекспир, Саъдий, Ҳофиз, Байрон, Пушкин, Толстой, Достоевский, Горький, Шевченко, Шолохов, Чингиз Айтматов… Жаҳон адабиётининг ўнлаб, юзлаб забардаст алломалари турли тиллардан моҳирона таржима қилиниб, нашр этилди-ю, бироқ уларнинг тил борасидаги маҳорати батафсил таҳлил этилмади. Ахир оригинал ижод билан бир қаторда таржима ҳам аввало, бадиий тилни тадқиқ этиш, такомиллаштириш, халқ тилини бойитиш соҳасида кашфиётлар яратиш эмасми?

Ўзбек халқининг, ўзбек адабиётининг дўстлари аввало, ўзбек тилига муҳаббатларини амалда исбот этиб келганлар. Иккитагина мисол келтираман: ленинградлик олим ва шоир, туркий тиллар билимдони Сергей Ивановнинг халқимизга, маданиятимизга қилаётган хизматини ким билмайди, дейсиз. Ёки машҳур ёзувчи Константин Симоновнинг ўз асарларида, таржималарида ўзбек тилига ва унинг ифодаларига ғоят нозиктаъблик билан ёндашганлиги-чи?

Эсимда, К. Симонов «Солдат бўлиб туғилмайдилар» романида шаҳримизда содир бўладиган воқеалар тасвирини ёзиб тугатгач, қўлёзмани ўзбек дўстларининг назаридан ўтказиш учун Тошкентга келганди. У биздан: «Ўзбек сўзларини тўғри ишлатибманми? Миллий урф-одатларингиэни тўғри тасвирлай билибманми? Номлар тўғри ёзилганми?», деб сўраганди, маслаҳатлар олганди.

Хўш, эндиликда-чи? Нега бугунги кунда бундай мулоқотлар йўқ. Тилимизга эътибор сезилмайди. Таржимонларимиз тилимизни яхши билишмайди. Чунки рағбат йўқ. Бу рағбатни ўзимиз сўндирганмиз. Тилимизга эътиборсизлик ўзимиздан бошланган. Энди уни бошқалардан талаб қилиб олармидик?

Қайта қуриш, ошкоралик ва демократия даврининг шарофатли ишларидан бири — хориждаги ватандошлар билан алоқалар ўрнатилиб, амалий мулоқотнинг тобора кенгайиб бораётганидирки, бундай имкониятлар миллатларнинг адабий тилини яхлит бир жараёнда ривожлантиришга ҳам йўл очади.

Афғонистон, Туркия, Саудия Арабистони, АҚШ, ГФР ва бошқа бир қанча мамлакатларда ўзбеклар яшайдилар. Уларнинг кекса авлодлари турли даврларда турли сабаблар билан юртларини тарк этганлар, ёш авлодлари эса хорижда туғилганлар. Демак, улар тилларида ҳам маълум ўзгаришлар юзага келган. Лекин «Ватан» жамияти ва бошқа жамоат ташкилотлари воситачилигида хориждаги ватандошлар билан алоқалар тобора кенгроқ кўламда ўрнатиляпти, борди-келди, мулоқотлар йўлга қўйиляпти. Ўзбек ёзувчиларининг бу соҳадаги саъй-ҳаракатлари таҳсинга сазовор.

Модомики, ер курраси бўйлаб сочилиб кетган ўзбеклар эндиликда янги давр, янги шароитларда учрашиб, кўришиб, суҳбатлашиб, яқинлашиб бораётган эканлар, бу таҳсинга саэовор жараённинг миллий тил ривожига ижобий таъсир кўрсатиши шубҳасиздир.

Газета анкетасида социал-сиёсий ислоҳотлар шароитида миллий муносабатларни ривожлантиришнинг истиқболлари қандай бўлиши ҳақида савол берилибди.

Мен қайта қуриш миллий муносабатларнинг барқ уриб равнақ топишига баракали таъсир кўрсатади, деб қаттиқ ишонаман.

СССРдаги тенг ҳуқуқли биродар халқларнинг қардошлик оиласи тобора мустаҳкамланиб бораверади. Ҳар бир миллат ва халқ ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий жиҳатдан тобора ривожланиб, камол топиб боргани сари, уларнинг фани, маданияти, адабиёти, тили эркин тараққий этади ва шу тариқа умуммамлакат, умумжамият иқтисодий қудрати мустаҳкамланиб, барқ уриб равнақ топаверади.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 17 март