Яхши кунлар, мазмунли кунлар, кўнгилдагидай яшаб, яйраб ишлайдиган кунлар тобора яқинлаб келаётгандай, эзгулик эпкинлари тобора ишончлироқ эсаётгандай туюлади мднга.
Булар ора-сира учраётган бўлса-да руҳга қувват, кўнгилга малҳам берувчи эпкинлардир. Шундай ишонч руҳи, енгиш руҳи катта, давлат миқёсига эга ишларимизда ҳам кўзга ташланиб турибди.
Бир мисол. Эрталаб телефон жиринглаб қолди. Симдаги овоз дўстларимдан бириники. У севинчдан юраги ёрилгудай чақнаб қўнғироқ қиларди:
— Мени табрикланг, бугун бу дунёда мендан бахтли одам йўқ. Бугунги кунни мен кўнгилдагидай нишонлашим керак. Девзира гуручдан шундай бир палов ясайки… Хуллас бугун эрийман Сизга.
— Қанақа кун экан ўзи бугун?— қизиқдим мен ҳам.
— Қани ўзингиз топинг-чи,— жаранглади унинг овози.
— Туғилган кунингиз… асарингиз чиққан, Сизни тушунишди…
— Тўхтанг, мана шу охиргиси сал ҳақиқатга яқинроқ, бизни тушунишади шекилли.
Кейин у менга бугун қандай “хушбахт кун” эканлигини айтиб берди. Маълум бўлишича, ўша куни бундан буён имзосиз хатлар кўрилмаслиги ҳақида махсус қарор чиққан ва бу қарор газеталарда эълон қилинган экан.
— Қарорни яхшилаб қирқиб олиб иш столимдаги ойна тагига қўйиб қўйдим. Ҳар кўзим тушганда баҳра оламан денг. Эшигимдан мўралаган ҳар бир кишидан суюнчи олаяпман…
Хуллас, биз шу куни бу “оламшумул ғалабани нишонладик”. Дўстим менга ўз бошидан кечирган баъзи бир воқеаларни гапириб берди. Мен унинг бу қарордан бу қадар ҳаяжонлангани, қувоншнининг маънисига етгандай бўлдим.
— Ижодни-ку “йиғиштириб” қўйгандим,— деди у оғир хўрсиниб,— бунга на кайфият бор, на имкон. Эрталаб 10 дан кечқурун 7 гача михлангандай жойимдан жилмай ишга “шўнғиганман”. Қандай қилиб бўлса-да ишни озгина жонлантириш, ишга ижодий тус бериш керак. Бу соҳага яқинроқ одамларни ишхонага таклиф қиламан, суҳбатлашаман. Орқамдан тегишли жойга коллективга яхшилик истовчи “холис одам” номидан юмалоқ хат боради: “Эртадан кечгача ишхонага ўз яқинларини йиғиб чақчақлашиб ўтиради, ишхона унга кўнгил очар жойми?” Иссиқ жон иситмасиз бўлмайди, касал бўлиб ишга боролмай қолган пайтларим бўлади. Яна юмалоқ хат, “номига касаллик варақаси олиб асарини ёзади, йил давомида тўрт марта стационарга тушди…” Бир марта тушган бўлсангиз кифоя, ёнига учни қўшишади-да юмалоқ хатни юмалатишаверади.
— Нега бундай, текшириб кўришларингиз осон-ку,— жиғибийрон бўламан, тегишли жойда мен билан суҳбат қилган одамга,— Стационарга битта телефон билан ёлғонни билсаларингиз бўлади-ку.
— Биламиз, Сизнинг кимлигингизни билмасак Сизга у жойни ишониб топшириб қўймаган бўлардик, лекин кўрмайсизми, ораларингизда бор экан-да шундайлар, эҳтиёт бўлиш керак. Қўйингчи, юмалоқ хатлар ҳаётимизнинг бир қисмига айланиб қолганди… Ишхонадаги фаолиятингиздан “ёзишади”, худди шундай хатлар шахсий ҳаётингиз ҳақида, шундай хатлар қариндошларингиз ҳақида…
Иқтидорли шоир Шавкат Раҳмон айтганидай:
Кимгадир қўлингни чўзганинг учун, Кимдандир йўлингда ўзганинг учун. Тағин бироз ғамгин кўзларинг учун Ёғила бошлайди юмалоқ хатлар…Бу энди ҳеч кимнинг мушугини “пишт” демай “силлиқ” юрган пайтларингизда. Агар бир одам билан орангиздан тариқча гап ўтган бўлса борми, “холис ният”лилар ўша одамни қидириб ернинг тагидан бўлсаям топишади. Ўзларининг бутун тирикчиликларини йиғиштириб қўйишиб уни сенга қарши шундай хафсала билан тайёрлашадики, қачон қандай қилиб, унинг отасини ўлдиргандан қаттолроқ душманига айланиб қолганингни ўзинг ҳам билмай қоласан. Ва ҳалиги “тариқча” гап хатдан хатга, ташкилотдан ташкилотга ўтиб борган сари катталашиб, шишиб бораверади…
Менимча, бу иғвогарлик ишлари билан аҳён-аҳёнда шуғулланувчилар (пайт-пайти билан ўша холис ниятлиларнинг таъсирига берилувчилар) ва йил бўйи, тўрт фасл бошқа ҳеч қандай ишларга чалғимай, оғишмай фақат шу иш билан шуғулланувчилар бўлади.
Булар истеъдодсиз бўлмай ким бўлсин, ахир одам бир иш билан шуғулланади-да, унинг учун ҳам вақт, темирдай асаб керакдир. Осонми бировнинг юз йил олдин ўтган авлод, аждодларининг гўригача ағдариб кўриш… Менимча, бундай одамлар ижод соҳасига адашиб сириб қолишган-у, ўзларидан ҳеч вақо чиқмагач, бировларни орқаворотдан титкилашга тушишган. Бундайларга раҳминг ҳам келади баъзан. Улар қайсидир қидирув органларида ишлаганларида жамиятимизга фойдалироқ одамлар бўлишармиди? (Ижобий маънодаги қидирув органларимизга бу гапнинг даҳли йўқ).
Ҳар бир ташланган қадамдан кўзланган мақсад бўлади тўғрими? Бу “холислар” ҳам мардлик билан сенга унга нима керак бўлаётганини ўз тили билан айтса, шунга қараб иш тутсанг, қўлингдан келса у талаб қилган нарсани топиб, қўлига тутқазиб қутулсанг…
Дўстим билан суҳбатдан кейин мен ҳам кўп нарсаларни ўйлаб қолдим. Қачонгача элнинг меҳру-муҳаббатига сазовор, Эркин Воҳидов айтганидай “Девонайи ҳақгўйнинг тўни елкасида”, қачонгача жаҳолатнинг қўли устун келади? Халқ халқ бўлибдики унинг бутун шўришларига мана шу адовату-ғайриликлар сабаб эмасми?!
Бобокалонимиз Яссавийнинг қушлари чуғурлаб, гуллари барқ урган ер юзи жаннати баҳридан ўтиб, тарки дунё қилиб, ер остини ўзига макон тутганини Сиз қандай тушунасиз? Мирзо Бобурнинг киндик қони томган ерлардан оҳ уриб, бош олиб чиқиб кетиши, Фурқатнинг фиғонларини-чи? Озор чекмаган, чорасиз қолмаган қуш ўз инини тарк этадими?! Моҳларойимдай чин ойим — Нодирабегимни, девонаи ҳақгўй — Машрабдай тирик виждонларимизни кимнинг қўллари дорга тортди?!
Кўролмаслик, ҳасаду-киннинг, жаҳолатнинг қўллари эмасми? Ўттиз еттинчи йил воқеалари-чи, бу қўллар бугун ҳам тиниб ўтиргани йўқ, бундан кейин ҳам тинмайди.
Ўзларича “тўдачалар”га бирлашадилар, ўзларига ишонганларни яккалаш, “иҳоталаш” йўлларини қидирадилар, зарба беришнинг турли кўз кўриб, қулоқ эшитмаган турларини топадилар. Лекин буларнинг бари ҳурматли ёзувчимиз Ўткир ака айтганларидай курашнинг “ғирром” усуллари. Ғирромлик билан эса узоққа бориб бўлмайди. Бугун давр бошқа, талаб бошқа.
Партиямиз, давлатимизнинг биргина ўттиз еттинчи йил воқеаларига муносабатидан биз бугун қайси йўлдан, қандай бораётганимизни тушуниш мумкин. Биз бугун кеч бўлса-да, бир вақтлар тарих ғилдирагини айлантирган ғайирликнинг қўллари билан —”овози ўчирилган”, “ухлатилган” элнинг ишончли фарзандлари руҳини ардоқлаб “Сиз”лаб уйғотаяпмиз. Бу менга савоб ишдай, тарихимиз йўлларидаги хатоларимиз туфайли қулатилган чинорларимизни тиклашдай таассурот қолдираяпти.
Бир кун келиб авлодлар нафрати, маломатларига дучор бўлмаслик, бизнинг тузатиб бўлмас хатоларимизни тузатиб юрмасликлари учун ҳам ҳар биримиз ўз ичимиздаги гоҳ-гоҳ бўлса-да “ўзим бўлай” деб бош кўтарадиган, ўзгани йўлдан сиқиб чиқаришга уриниб ғимирлаб қоладиган хоин туйғуларимизни ҳар лаҳза ўлдириб боришимиз, партиямизнинг бугунги меҳру-шафқат принципларига асосланган ошкоралик сиёсатини тил учидагина эмас, дилдан қувватлашимиз керак бўлади.
Бугун гап илдиз масала — инсоннинг инсонийлиги, маънавиятини юксалтириш устида бораяпти. Инсонларнинг маънавияти юксалмай, дунёқарашларида кескин, ижобий ўзгаришлар бўлмай туриб эришган ҳар қандай ютуқларимиз тасодифий бўлиб қолаверади.
— Тулпорни эмас, йўлни ўзгартириш керак,— дейди Расул Гамзатов. Дарвоқе, ишдан чиқиб, яроқсиз қолга келиб қолган йўл ўзгармас экан, у ҳар қандай учқур тулпорни қам кўпга етказмай ишдан чиқараверади.
Ҳақиқатан ҳам бугун халқимизнинг виждон садоси бўлиб ишлаб турган катта талантларимиз бармоқ билан санарли ўзи. Бундай қора ишларга ўрганган талантсиз одамларга шундай таклифимиз бор. Қандингизни уриб, кунингизни хуш ўтказиб юраверинг, талантлиларнинг Сиз билан шуғулланиши учун вақти ҳам, имкони ҳам, улар учун бу ишнинг қизиги ҳам йўқ. Фақат Сиз уларга тегманг. Кундуз демай, тун демай Сиз берган озорларга чап бериб, ўз ҳузур-ҳаловатлари, соғлиқлари ҳисобига Сиз билан бизнинг ҳаётимизга нур, мазмун, сурур ташиётган заҳматкаш қуёшларимизга лой чаплашга уринманг. Уринганингиз билан фойдасиз. Ўзимизнинг қўлимиздан нур ташиш келмагандан кейин ҳеч бўлмаса уларга халақит бермайлик, келар йўлларига муз тўшаб, аро йўлда қолдирмайлик уларни.
Мен баъзан ўйлаб ўйимга етмайман. Нимани талашишади ўзи? Ҳар кимнинг ўз уйи, ўз куйи… дегандай. Мен куни кеча шу хусусда кичкина бир шеър машқ қилгандим. Сўзимни шу шеър билан тугатсам.
ТАСАЛЛИ
Ҳар кимнинг ўз қуёши, ўз уфқи бор, ҳойнаҳой
Муҳаммад Иқбол
Қўрқма, мендан бул қадар қўрқишинг бекор, ғаним,— Ўраш-сўрашларимиз, шеъримиз бўлак-бўлак. Ахир сенинг далангга, йўқ-ку назар солганим, Дон сочиб ундиргучи еримиз бўлак-бўлак. Барака топ, меҳмонинг қайга ўтқазсанг ўтқаз, Пойгакларимиз бошқа, тўримиз бўлак-бўлак. Ўйлаб юрган ўйингни қоровуллаб чарчама, Замон фикр сўраса, деримиз бўлак-бўлак. Минг дардимнинг биридан хабаринг йўқ-ку ахир, Ювмоққа етар манглай шўримиз бўлак-бўлак. Гапимнинг индаллоси, бир вақтда ўлмагаймиз, Хотиржам бўл, бўлгуси гўримиз бўлак-бўлак.