“Аёллар шароитини, оналик ва болаликни муҳофаза қилишни яхшилаш, оилани мустаҳкамлаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган тадбирлар” ҳақидаги ҳужжатларда таъкидланишича, Иттифоқда туғилиш коэффициенти 1989 йилда ҳар 1000 киши ҳисобига 17,6 ни ташкил қилди. Бу 1971 йилдан буёнги энг паст кўрсаткичдир. Бу ҳолнинг илдиз сабаблари нимада деган савол туғилиши табиий. Сабаби, биз ҳали яратувчи халқимиз, жумладан ҳаётнинг боши — муҳтарама аёлга, онага яшаш, ишлаш шароитларини кўнгилдагидай яратиб беролганимиз йўқ. Бу ҳол Иттифоқда ва айниқса пахта якказироатчилиги боис тупроғи, ҳавоси бузилган, экологик шароити ночор бўлган бизнинг жумҳуриятимизда яққолроқ кўзга ташланади.
Экологик шароитнинг яроқсизлигига қўшимча иқтисодий етишмовчиликлар, турмуш даражасининг пастлиги, бундан келиб чиқадиган давоси топиладиган ва бедаво дардларнинг кўпайиши оммавий асабийлик, ҳар кунги кўнгилхираликлар зарби ҳамманинг ва аввало аёлнинг юрагини ишдан чиқаради. Чунки биз ҳали заводларнинг ҳавога пуркаётган аччиқ тутунларини бутунлай йўқотиб ёки ичимлик сувни, ерни тозалаб улгурмадик. Пахта майдонларини имкон қадар тез камайтирган, сочиладиган борки кимёвий оғулардан бутунлай воз кечган тақдиримиздаям бу тозаланиш жараёни ҳали ўн, ўн беш йилларга чўзилишини олимларимиз исботлаб беришаяши. Бугун теран томирлари, қарқарали дарёлари, сулаймон тоғлари заволга юз тутган она табиатимиз боис, унинг узилмас бир парчаси, бўлаги инсон соғлиги, Аёл сиҳати ҳам таназзулга рўбарў келди. Аёлга бугун ёрдам керак. Унинг соғлиги ишдан чиқди ҳисоб. Орол бўйида яшовчи аёлларнинг кўкрак сутидан токсидлар топилганига анча бўлди, Сариосиёда болаларга фтор бирикмаларининг ашаддий ҳужуми ҳали улар она қорнида эканликларидаёқ бошланади. Оролдан кўтарилаётган тузлар, сезилиб-сезилмай бутун аҳоли, жумладан аёллар, болалар соғлигини емириб бормоқда.
Тонг саҳардан бошлаб тун қоронгусигача жазирама офтобда алвон кўйлакларининг ранглари ўнгиб пахта даласида меҳнат қилаётган пахтакор аёллар кун тиғида қовжираб, қуриб боришаяпти. Бошқа муаммолар у ёқда турсин, жумҳуриятимизда ичимлик сув ҳам муаммо бўлиб турган районлар бор (Қашқадарёнинг Ғузор районида ҳар машина ичимлик сувига 15—20 сўм тўлаб ташиб келтиришади). Шундай жойларда истиқомат қилувчи аёллар ўзлари ичимлик сувга ҳам ёлчимаган ҳолда пахта етиштирадилар, хўжаликнинг бошқа тармоқларида меҳнат қиладилар. Ҳозирги шароитимизда агар одамнинг у учини бу учига етказиб бир нави яшаши учун 85 сўм керак бўлса, Ўзбекистонда киши бошига даромади 50 сўмдан ҳам тўғри келмайдиган оилалар ишчи-хизматчилар орасида 11 фоиз, колхозчилар орасида 25 фоизни ташкил этади. Мамлакатимиздаги кўп болали оилаларнинг учдан бир қисми бизнинг жумҳуриятимизда яшайди. Булардан 40 фоизи 7 ва ундан ортиқ болалилар.
Аёлларнинг тунги сменаларда ишлашлари тақиқланганига 30 йилдан ошганига қарамай, бу ҳол давом этиб келаётгани ҳеч кимга сир эмас. Саноатда ишловчи аёлларнинг қарийб ярми, қишлоқ хўжалигида банд бўлганларнинг қарийб тўқсон фоизи оғир қўл меҳнатини бажаради. Завод ва фабрикаларда меҳнат қилаётган аёлларнинг 18 фоизи тунги сменаларда ҳам ишлашга мажбур. Колхозчи аёлларимизнинг саратон жазирамасидаги меҳнати дам олиш кунларисиз суткасига 13—14 соатлаб давом этади. Иқтисодий ночорлик халқ турмуши ва айниқса аёл ҳаётида ўзининг сезиларли, гоҳо тузатиб ўрнига келтириб бўлмас изларини қолдирмоқдаки, бу ҳақда тўхталмай илож йўқ.
Аёлларимиз орасида камқонлик, ошқозон-ичак, сариқ, сил, рак, турли аёллар касалликлари кўрсаткичлари камаймаётганлиги, болалар, оналар ўлими кўрсаткичлари Иттифоқ миқёсидан анчагина юқорилиги юракни оғритади. Улар орасида турли тарафлама (дала, рўзғор, оила, болалар, жамоат ишлари) эзилиш оқибатида асабийлик, организмнинг заифлашуви, юқумли касалликларнинг кенг тарқалаётганлиги бугуннинг инкор қилиб бўлмас аччиқ ҳақиқатларидир.
Жумҳуриятимиз болалар ўлими бўйича Иттифоқда юқори ўринда туради. Ўзбекистонда болаларнинг боғчалар билан таъминланиши 34,5 фоизни, айрим вилоятларда бу кўрсаткич 20 фоизни ташкил қилади. Шу мавжуд боғчаларнинг ҳам қарийб ярми гигиена талабларига жавоб бермайди. Уларда канализация тармоғи, иссиқ сувлар, иситиш системалари йўқ… Бу мушкулотлар юки ҳам аввало бечора аёллар елкасига тушади. Яшаш учун оддий имкониятларнинг йўқлиги, кўрпасини бошга тортса, оёғи очилиб қолаётган бу ночор ҳаёт, дардлар йиғила бориб гоҳо фожиаларни келтириб чиқараяпти. Аёллар ўлимининг содир бўлиб турганлиги, уларнинг ўзларини ёқиш фактлари камаймаётганлиги ҳам бугун ҳаётимизда бундай фожиали оқибатларни келтириб чиқараётган сабабларнинг илдизлари жуда чуқур эканлигини кўрсатмайдими? Жамиятдаги моддий ночорлик аёлни аста-секин маънавий қашшоқлик занжирлари билан ҳам чирмаб олди. Улар, айниқса қишлоқ аёлларининг кўпчилиги ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши билмайдилар. Мутасадди маҳкамалардан ўз ҳақларини ундириб ололмайдилар. Бугуни, келажакларига бефарқ яшайдилар. Ишга кириш зарурати бўлган тақдирда ҳам раҳбарларимиз болали, ҳомиладор аёлларга рўйхушлик бермай, тўраларча муносабатда бўладилар.
Жамият мана шундай, дейиш мумкинки, инқироз ҳолатда турганида ҳукуматимизнинг ёш болали ҳамда серфарзанд оилаларга янги имтиёзлар бериш борасидаги бу уринишлари, қарорлари, шубҳасиз катта гап. Аёлларимиз бола туғиб, тарбиялаганлари учун ҳам маош олиб яшашлари, қадрланишлари мумкин бўлган эзгулик даврига қадам қўяяпмиз.
Мен аёлларнинг яшаш, ишлаш шароитларини яхшилаш хусусидаги СССР Олий Совети қарори билан синчиклаб танишиб чиқдим.
Улардан “ишламайдиган аёлларга ҳам ойликни энг кам миқдорининг 50 фоизи тўланиши” ҳақидаги бандига қўшимча менинг шахсий фикрим шундан иборатки, бизда аксарият оилаларда 5—6 тадан фарзанд борлиги сабабли аёлларимиз ишламаслиги табиий. Шунинг учун ҳам уларга иш ҳақининг 50 фоизини тўлаш — денгиздан томчи деган гап. Менимча, уларга кам иш ҳақи 100 фоиз тўланса, эҳтимол, уларнинг амал-тақал тирикчилик ўтказишларига имкон яратилар.
Қарорнинг қуйидаги, яъни:
8-бандда: Давлат болалар уйларида тарбияланувчиларнинг ота-оналаридан ундирилган пулни вояга етгунча банкда, шу боланинг счётида сақланиши;
6-бандда: Ҳомиладор аёлларнинг туғуруқ отпускаларининг узайтирилиши;
9-бандда: Аёлларнинг ва болаларнинг юк кўтариш нормаларини, оғир ва зарарли корхоналарни, мутахассисликларни қайта кўриб чиқиш;
Аёлларни тунги сменалардан озод қилиш, биринчи навбатда болалари 14 ёшга тўлмаган, ёки 16 ёшга етмаган инвалид болалари бор аслларни озод қилишнинг аниқ муддати ва тартибини аниқлаш;
10-бандда: Аёллар ва болалар саломатлигига зарарли таъсирни олдини олиш мақсадида тамаки йиғиш ва уни қайта ишлашнинг зарарсиз технологияларини ва шунга мувофиқ бўлган меҳнатни ташкил қилишнинг формаларини ишлаб чиқишни ва қўллашни Иттифоқдош республика Министрлар Советига топшириш каби имтиёзлар халқимиз ҳаётига бир қатим нурдай кириб келадиган, унинг соғлиғини тиклаш, ҳаётини изга солиш мақсадида ўртага ташлашга асосли фикрлар борки, уларни миннатдорлик билан таъкидлашимиз ва ҳаётга тезроқ тадбиқ этишга киришишимиз керак бўлади.
Шу билан бирга, менинг фикримча, Иттифоқда аёллар, оналар аҳволини яхшилаш хусусидаги бу ҳужжатга Ўрта Осиё жумҳуриятлари, жумладан Ўзбекистондай қийин шароитли, бирдан-бир ишонган уммони — Ороли туз пуркаб турган, суви, нони, ҳавосигача таркиби бузилган ночор аҳволдаги жумҳурият аёллари турмушини яхшилаш масаласи алоҳида бўлим бўлиб кириши керак эди.
Модомики Ўзбекистон пахта базаси бўлиб қолаверар экан, пахтакор аёллар (пахтада ишлайдиганларнинг 90 фоизи аёллар) ҳаётини чуқурроқ ўрганиш ва шу асосда уларга ёрдам беришнинг аниқ, асосли йўллари кўрсатилиши керак эди.
“Советская женшина” журналидаги бир далилга диққат қилдим:
“Мамлакатимизда ўртача олганда янги туғилган минг чақалоқнинг 25 таси нобуд бўлади. Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятида бу рақам 45 тага тенг. Бу ерда ҳар йили тўрт минг гўдак нобуд бўлади…” Бу фикрлар Фарғона вилоятигагина хос эмас.
Касалхоналардаги шарт-шароитларнинг ниҳоятда ночорлиги, 2—3 ўринга 6—8 тагача бемор болалар жойлаштирилган, димиққан палаталар, оддий дори-дармонларнинг муттасил етишмаслиги ва ниҳоят болаларни ҳам, катталарни ҳам бирдай ҳолдан тойдираётган моддий етишмовчиликлар… Буларга қўшимча бизнинг моддий аҳволимизни ўнглаб ололмаётганлигимизнинг яна бир жиддий сабаби маънавиятимизнинг у қадар бутун эмаслигида деб ўйлайман. Жойларда, вилоятларда одамлар саломатлиги, болалар, аёллар соғлигини ўйлаб, аниқ ҳисоб-китоблар асосида планлаштирилиб, етарли маблағ ажратилиб болалар касалхоналари, поликлиникалари қуриш ўрнига уларга алмисоқдан қолган, маҳкамавий эски идоралар мослаштириб берилмоқда. Бу путурдан кетган биноларни ҳар йили, гоҳо икки мартадан ремонт қилишга тўғри келаётганини ҳисобга олсак, биринчидан, бу бинолар ўша биз харажатидан қочган янги биноларга кетадиган маблағдан кўпроғини аллақачон ўмариб кетаяпти. Иккинчидан, бу зах, тўкилиш арафасида турган биноларнинг бемор болалар соғлигига таъсири… Биз чуқур мулоҳаза қилмай иш юритиш, хўжалик юритиш жафоларини кўп тортдик. Эндиги хатоларимиз, айтиш керакки, бизни янада қашшоқлаштиради.
Биз жумҳуриятимизнинг суви, гили пахта якказироатчилиги боис заҳарланди, дедик. Пахта даласида ишловчиларнинг 90 фоизи аёллар, дедик. Демак, ўша аёлларнинг ҳар бирининг соғлигида бу оғулар ўз таъсирини бугун кўрсатаяпти ёки эртага кўрсатади. Ноҳиялар, вилоятларимизда биз журналимизда эълон қилган сирдарёлик механизатор Ҳабиба Мирзаевадек 40—45 га кирмай ранглари сомондай сарғайиб 7—8 хил касб касалликларини орттириб, қўлларида яримжон, инвалидлик қоғозчасини олган ва ололмай юрган пахтакор механизатор аёлларимиз озми? Пойтахтимиз Тошкентда шундай беморларни даволайдиган “касб касалликлари касалхонаси” борлигинию, бу дунёга келиб кўрганию билгани шу пахта орқасидан неча хил касал орттирганини ўзи ҳам билмай дунёдан ўтаётганлар йўқми орамизда?
Телевидениенинг Орол ҳақидаги кўрсатган фильмларидан бирида Қора ўзакда туғилган ҳар 10 боланинг 6—7 таси оламдан ўтаётгани ҳақида эшитганимда, юрагим орқамга тортиб кетди.
Муолажа столида ётган, икки кўзигина йилтираб тириклигидан белги бериб турган, эти бориб суягига ёпишган… бу ҳолдаги ногирон, мажруҳ болаларни уруш кинолари, концлагерлардагина кўрардик. Ўйламай иш юритиш оқибатида бошимизга тушган аччиқ кўргулик бу!
Ўлаётган сенмисан, ё мен фарқ қилолмайман, Кўз ёшим денгиз, аммо ўзни ғарқ қилолмайман, Ортда жарлик, олдга ҳам бир қадам жилолмайман, Аросат, оралиқда ўлмасайдик, Оролим!Бугун ҳолдан тойган Оролни ҳам, аёлни ҳам қутқариш, дардига малҳам бўлиш учун “Аросат оралиқ”дан чиқиш, депсиниб туравермай йўл топиб, имкон топиб халқнинг косасини оқартириш, тараққиёт машиналарини олдинга жилдириш керак бўлади. Турмуш, тирикчилик юклари остида эзилган аёлнинг нафас олиши енгиллашадиган, болаларининг юзларига қон югурадиган, ранг кирадиган кунларга бир кун бўлса-да тезроқ етиш учун ҳаракат, халқнинг ўзини тушунган ҳолдаги оммавий ҳаракати бошланмас экан, бизнинг узуқ-юлуқ, яккам-дуккам ҳаракатларимиз натижа бермайди.
Шундай ривоят бор: эмишки, бир табиб зотни ёриб кўрса, қуш юрагининг бир жойида каттагина доғи, яраси бор экан. Қушнинг юрагидаям доғ бўлар экан-да, деб ҳайратланган табиб бошқа бир қушнинг ҳам кўксини ёрибди, кўрсаки, унинг ҳам юрагининг икки-уч жойида доғ. Бу — энди ривоят-да. Жумбушга келган табиб мингта зоғнинг кўксини ёриб кўрган эмиш. Бирортасининг кўксини доғдан холи кўрмаган табиб шундай хулоса қилган экан:
“Ки бу дунёда бир зоғи-бедоғ йўқ”.
Орамизда бугунги аҳволимизнинг ғоят мушкуллигини тушунмаган, бугунги муаммолар таъсиридан юрагига ларза, доғ тушмаган одамнинг ўзи йўқдир балки. Иттифоқдан ташқари, жумҳуриятимиз раҳбарияти ҳам бугун халқнинг аҳволини чуқур ҳис этиб, ўз имкониятларидан келиб чиқиб, унга ёрдам бериш йўлларини қидирмоқда, топмоқда.
Етмиш йил давомида ишлаб, елкаси яғир бўлган деҳқоннинг бугунга келиб ерга эга бўлиши кичкина гап эмас. Касалванд, ҳомиладор аёлларга давлат ҳисобидан маблағ ажратилиши, болаларнинг бепул овқатлантирилиши, Президентимизнинг дастлабки эзгу ишларидан бўлган оналарга тўланадиган нафақаларнинг икки ҳисса оширилиши каби кўпгина халқ тақдирини ўйлаб қилинаётган улуғ ишлар борки, бу бизни яхши кунлар келаётгани, аҳволимизнинг ўнгланажагидан умидвор қилади.
Шу билан бирга, яна ўша ота-боболаримизнинг “етти ўлчаб, бир кес” мақоли жуда теранлиги, кун тартиби, яшаш тарзидан ҳеч қачон тушиб қолмаслиги ҳақида ўйлайман. Ўнгламоқ учун ҳамма нуқтада, ҳамма соҳада комплекс тарзда етти ўлчаб тадбирлар белгиланмас экан, ишда силжиш бўлиши қийин. Болаларни баҳорги армияга жўнатиш кунларида кўпгина баҳслар, тортишувлар бўлди. Шундай суҳбатларнинг бирида ўртага тушган “Бутунлай соғлом бўлмаган болаларни армияга бермасак-чи” — деган фикр врачларни ҳам ўйга толдирди. Шундай, бутунлай ҳамма аъзолари соппа-соғ болаларимиз борми ўзи, бўлса улар болалар орасида неча фоизни ташкил қилади?
Биз бугун кўпгина кўнгилсизликларимизнинг боши, еримиз, сувимиз, тупроғимиз, ҳавомиз таркибининг бузилиши, аҳоли орасида турли хил юқумли касалликларнинг кўпайиши кабилар пахта якказироатчилиги, еримизга ташланган кимёвий дорилардан келиб чиқаётганлигини тушуниб турибмиз. Ахир ҳар гектар ҳайдаладиган ерга солинадиган заҳарли кимёвий дорилар АҚШда 2 килограмм, Иттифоқимизда 3, Ўзбекистонда 54,4 килограммга тўғри келса, Ўзбекистонда касаллик кўплиги, ўлим кўплигидан ажабланишнинг ўзи кулгили эмасми?! Бизнинг бу ҳолатимиз илдизи қирқилган дарахтни, илдизи қирқилганини эсдан чиқариб, унинг сўлиб бораётганига ҳайрон бўлиб қараш, ачиниб қарашга ўхшаб кетмайдими?
Қирқилиш, ўлиш олдида турган илдизни асраш учун аввало тупроқ, сув, ҳавони тозалаш керак, бизда эса Аркадий Марнинг ёзишича, (“Шарқ юлдузи”, 3-сон) “Кейинги саккиз йил мобайнида Ўзбекистонда рак билан оғриш 16,5 фоизга ортди. Ҳар йили жумҳуриятимизда 13800 киши рак билан оғриб нобуд бўлмоқда. Заҳарли кимёвий моддаларни ишлатиш йилдан-йилга ортиб бормоқда. 1987 йилда СССР чет элдан 500 миллион сўмга ёки икки йил аввалгидан уч баробар кўп пестицид сотиб олди. Бу заҳарнинг асосий қисми Ўрта Осиё ўлкалари ерларига сепилади. Масалан, Ўзбекистонда 1989 йилда аввалги йилдагидан 15 минг тонна кўп пестицид сарфланди. Бу заҳарли моддалар пахта навини, унинг фойдали хусусиятларини ишдан чиқараяпти, тупроқ таркибини бузаяпти, ундаги фойдали таркибий қисмларни қираяпти. Қолаверса, ўзимиз ҳам “заҳар ютишга мажбур бўлаяпмиз”.
Шундай. “Етти ўлчаб, бир кесиш” ҳамма нуқталарда қатьий қоида бўлмас экан, биз минг азобда бир нуқтадан топган имкон, шифо, малҳамларимиз билан бошқа нуқтадаги йўл қўйган хатоларимизни ювиш, дардларимизни даволашга мажбур бўлаверамиз.
Ўзимизни ўз илдизимизга болта уришдан тийиб фаросат билан иш юритишимизга тўғри келади. Ишлаб чиқаришни тўғри режалаштирмас, кескин чоралар кўриб касаллик тарқатувчи манбалардан зудлик билан воз кечмас эканмиз, халқ тили билан айтганда, кўп ейман деб уринган билан боридан ҳам ажраб қолавсрамиз. Касаллик тарқатувчи манбадан қутулмас эканмиз, бизнинг камқон, бемор аёлларга ёрдам тариқасида ажратаётган маблағларимизга ўхшаш жуда кўп хайрли тадбирларимиз сувга оқизилгандай изсиз кетавериши табиий. Биз йўл топиб, имкон топиб элга касаллик пурковчи мана шу кимёвий заҳар номли юҳони бартараф қилмасак, элимизга узатилган икки қўлимизнинг бирида шифо, малҳам, бирида заҳар тураверади, деган гап бўлади. Ваҳоланки, ери, суви, ҳавоси заҳарланган, гўдаклари нимжон, аёллари касалванд элни икки қўлда ҳам шифо, малҳам тутмай даволаб бўлмайди. Даволаб олмасликнинг ҳеч иложи йўқ. Чунки аёллар шу бугун, шу бемадор ҳолда ҳам қўлларида, юракларининг остида авайлаб келажакни, шу юрт келажагини кўтариб юрибдилар.
Биз ўтамиз. Бу Ўзбскистон деган экологик шароити увада, кўкси минг жойидан ярадор, тўкилай-тўкилай деб турган қалъа қолади. Ватан қолади. Биз улгурмаган ишларни амалга ошириш, бу ҳар бир тоши табаррук Ватанни тиклаш, бутлаш ишлари яна шу, бугунги жабрдийда аёлнинг қўлларида, юрагининг тагида улғаяётган нимжонгина болалар зиммасига тушади. Уларни турли касаллик, бало-қазолардан асрашимиз, топилмас жавҳардай жону имонимиз кафтида асрашимиз ўзимизнинг халқ сифатидаги давомимизни асрашимиз эмасми?