Ҳалима Худойбердиева. Сабр япроғи (1989)

(“Ёш ленинчи” газетасининг махсус мухбири Муяссар Исроилова билан суҳбат)

— Суҳбатимизни сиз ва менга яқинроқ бўлган аёллар мавзусидан бошласак, қайта қураётганимизга ҳам кўп йил бўлди. Сизнингча, шу давр мобайнида Ўзбекистон хотин-қизлари турмушида қандай амалий ўзгаришлар юз берди?

— Муяссархон! Аёллар ҳаёти, тақдирини таназзулга юз тутаётган болалар тақдири, заҳарланаётган эркаклар тақдири, умуман, бугунги кунда мақтангулик бўлмаган жумҳуриятимиз тақдиридан узиб шарҳлаб бўлмас. Ҳамма муаммолар, дардлар бошқалардан кўра кўпроқ аёл тақдирида кескинроқ хуруж қилаётгани ҳақида айтсак, бу бошқа гап. Аёл — илдиз. Эндиликда бу илдиз унутилди ҳисоб. Етиб келган жойимиз шу бўлдики, сариқ, камқонлик, рахит, гипотрофия (озиб-тўзиб кетиш), ичбуруғ каби сон-саноқсиз касалликлар болаларнинг маъсум дунёсига кўп бошли аждарҳодай бостириб киряпти. Қорақалпогистоннинг Бўзатов ноҳиясида ҳар 1000 гўдакдан 26 таси нобуд бўлаётганини эшитиб, ўзимни қўярга жой топмай қолдим. Навқирон ёшдаги ҳар уч йигитимиздан биттаси ҳарбий хизматга яроқсиз. Аждоди Алпомиш, Кунтуғмиш, Рустами-достон бўлган балоғат ёшидаги ўзбек болаларининг бугунги ўртача вазни 46 килограммга тушиб қолган. Уларни Ватаннинг ҳимоя чизиқларида эмас, қурилиш батальонларида юриши юракни оғритмайдими? Уларнинг оғир аскар этикларини зўрға кўтариб босган қадамлари юракка ботмайдими? Болаларимизнинг овқатланиши, кийиниши, билим олиш даражалари мамлакат миқёсида бошқа жумҳуриятлардан бир неча баробар паст. Қизчаларни авжи ғунча ёшида офтоб уриб кетяпти. Учрашувларда ҳилма-толмадеккина, чўпдай қўллари билан кетмонни аранг кўтараётган, кийимлари, қизил кўйлаклари кун қизиғида оқариб, ранги билинмай кетган қизалоқларни кўриб, қорайиб кетган энажонларимизни кўрганимда кўз ёшимни сездирмаслик иложини излайман. Юрагимдаги дардларим сатрларга айланаверади:

Бу сўлгин лолалар оҳ, додим менинг
Рангпар, пок болалар фарёдим менинг.

Кўз олдимдан ўтли фиғонлари билан украин халқини оёққа турғизган, ўзини касаллик тўшакка михлаб ташлаганига қарамай, ўз халқининг қуламас устунларидан бирига айланган Леся Украинка қад кўтара бошлайди:

Украинам, ҳасратингдан юрак-бағрим бўлди доғ.

Биз фидойи бўлолмадик. Биз фидойи бўлолганимизда эди, диёнатсизлик юзига тик қаролганимизда эди, бугунги ночор кунга қолмаган бўлардик. “Мамлакатнинг бир бурчида бойлик, бир бурчида камбағаллик кучайди”, деб бежиз айтилмади. Бугун ҳам тўпиғига сув чиқармай, сиртини силаб, гуллаб-яшнаётган баъзилар савол ташлашлари мумкин:

— Қандай ночор кун ҳақида гапиряпсиз? Мен эсимга келганларини қисқача санаб ўтай:

— Тамоман заҳарланиб бўлган, бундан кейин бир грамм ҳам кимёвий дорилар ишлатилмаган (ҳолбуки ҳали бутунлай чеклаш ҳақида гап ҳам йўқ) тақдирда ҳам 10—15 йилларсиз ўзига келмайдиган” бемор, пажмурда тупроқ.

— Иттифоқдаги энг юқори, даҳшатли ўринни ишғол қилиб турган болалар ўлими.

— Қуриб, мангуга видолашиб бораётган Орол… “Жумҳурият аҳолиси бир сўмдан берганида ҳам… Орол фондига 18 миллион сўм тушиши мумкинлиги ҳақидаги гап ҳақиқатан диққатга сазовор, ҳаммамиз ўйлаб кўришимиз, шунга кўра ҳаракат қилишимиз керак бўлган гап.

Ғурурини босиб ўтдилар тикка
Номус-ор дегани ўтларда куйди.
Фақат инсон чидар бунлай хўрликка
Орол чидамайли,
Орол қурийди!
 
Кечдилар отадан — ортиқча юкдан
Ўлган диёнатга кўк кийдим.
Инсон ўлмайди бу бешафқатликдан
Орол тирик қолмас,
Орол қурийди!

— Ғурурини босиб ўтиш — 37-қатағон йилларгагина хос эмас. У куни кечагача давом этди. Бечора, безабон халқимиз орасида “кўпга келган тўй” тусини олган “қама-қама”лар хусусида айтаяпман. Айблари бўйинларига қўйилиб, исботланса-ку хўп-хўп, исботланмаса-чи, дўзахий кўргиликлар қаммаси туҳмат, бўҳтон бўлиб чиқса-чи, бунинг хунини ким тўлайди? Халқнинг ғурури тоғдай устунларини синдириб, майиб қилганлар ҳаётимизга, маънавиятимизга атайлаб етказган катта зарарларини қачон, қандай йўллар билан тўлашади? Ахир шундай бўляптику. Матбуотда юзлаб, минглаб одамнинг бегуноҳлиги исботланиб, қамоқдан бўшатилгани айтилди. Яна ёзиляпти. Бунинг додини кимга арз қиламиз?!

— Болаларимиз баъзан ҳарбий хизмат учун уйларидан ўйнаб-кулиб, новдадеккина бўлиб чиқиб кетиб, ўлиб келишяпти. Мурдалари ҳам хор бўлиб шишиб, тобутга тўлиб келишяпти. Нега “келган куни тўйини бошлайман” деб янги уйни сувоқдан чиқариб ўтирган ғамдийда ота-онанинг тун қоронғусидаги тобут устида кўтарган фиғони, саволларига тайинли жавоб йўқ! Нега?! Бу қандай кун бўлди ўзи?

“Қалъанинг бойлиги, қўрғон саломатлигини сақлаш мақсадида кетган йигитни ортга шундай қайтарадиларми?” Карим Баҳриев санаб ўтганидай уларнинг кўпчилигини эмас, биргинасининг бетайин ўлими дунёни алғов-далғов қилишга арзимайдими?

— Дардларнинг ҳаммаси аввало аёл юрагини куйдиради. Ғира-шира эсимда қолган. Болалигимда бир қўшнимиз бўлгучи эди. Эру хотин бир-биридан хушхулқ, хушсурат одамлар эди. Ўша эркак нимадир бўлиб (пахтанинг ўрнига маккажўхори эккани учунмиди-ей) қамалди. Хотин ҳафта ичиёқ бир бурда бўлди-қолди. Худонинг куни у-бу егулик олиб, болаларини устидан қулфлаб, турмага чопади. Янглишмовчилик бўлган эканми, икки-уч ойларда эркак оқланиб чиқди, орадан бир ҳафталар ўтиб эру хотин кўчада эркак оқланиб чиққан турманинг қоровулига дуч келиб қоладилар.

— Ё тавба,—дебди ўшанда қоровул,—сиз ўша, турмага қатнаб юрган қоқсуяк аёлмисиз? Ростданми?

— Ҳа, нимайди,— дейишибди эр-хотин.

— Вой янга-ей, мен сизни лўли-пўли бўлса керак, деб ўйлардим, ойдаккина хотин экансиз-ку!

— Болалар тарбияси ўлда-жўлда. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган жиноят турларини бугун болалар “уддалашаяпти”. Оилада она, айниқса ота масъулиятини ошириш керак. Максим Горький “Ёмон болалар учун ота-онани жазоламоқ керак”, дейди. Шундай қўшимча қилиш мумкин. Тарбияси бузуқ, безори болалар келтирган ҳар қандай зарар ота-онадан ундириб олиниши керак. Шунда ўз ташвишидан ортмайдиган ота-оналар сергак тортадилар. Бу тадбир ишларимизни олдинга силжитади деб ўйлайман. Шундай. Бугун аёл юрагига урилаётган зарбаларнинг қайси бирини айтай. Иқтисодий тақчилликними? Вақт зиқлигиними, ёлғизликними? Яқинда рақамларни солиштириб кўриб, юрагим увишиб кетди. Оилаларда қўйди-чиқдилар сони космик тезликда кўтарилиб боряпти. 1950 йилда 674 та ажралиш юз берган бўлса, бу рақам 1960 йилда 2725 ни ташкил этган. 1986 йилда 27477 бўлса, 1987 йилда 29167 та оила ажралган. Бир йилда бузилган оилалар сони илгариги ўн йилдагидан кўп. Ҳар йили ўрта ҳисобда шу рақамдан 2—3 баробар кўп болалар оилада ё она, ё отанинг меҳрига зор бўлиб қолмоқдалар. Ҳолбуки, Сухомлинский айтади: қоровулдан тортиб министргача истаган ходимни худди шундай ёки ундан ҳам қобилиятлироғи билан алмаштириш мумкин. Яхши отани эса бошқа яхши ота билан алмаштириб бўлмайди. Бу ўсиш жараёнларини камайтириш ҳозирча қийин экан, ҳеч бўлмаса тўхтата олишга таъсир этувчи чоралар топмагунимизча, амалий ўзгаришлар ҳақида гап бўлиши ҳам мумкин эмас.

— Инқилобдан кейинги дастлабки йиллардаёқ аёллар тунги смена ишларидан озод қилингандилар. Афсуски, уруш туфайли бунга яна мажбур бўлдик. Орадан шунча вақт ўтди-ю, ҳали-ҳамон хотин-қизларимиз уч сменалаб ишлашади. Наҳотки мамлакатимиз аёллар меҳнатига шу қадар муҳтож бўлса?

— Тўғри айтдингиз. Ҳукумат томонидан аёлларнинг оғир ишлар, тунги сменаларда, ер ости шахталарида ишлашлари тақиқланганига жуда кўп йил бўлди. Аммо аёллар соғлиқларини гаровга қўйиб ишлашда давом этаяптилар. Худди бизнинг аслларимиз пахтанинг қора меҳнати ҳақида гап кўпайгани сайин унга бола-чақаси билан кундан-кунга ёпишиб бораётгандай. Худди шундай гапни Навоийдаги химия заводига бориб қайтган бир дўстимиз ҳам гапирди. Ҳомиладор аёллар декрет отпускасигача енгилроқ ишга ўтишни ўзлари исташмайди. Чунки ўтсалар кам маош олиб ишлашлари керак.

Тўғри, юқорида айтганимиздек, уруш пайтлари далалар, корхоналар эркаксиз қолди. Қарамоғидаги чоллар, гўдакларни боқиш, уруш вайроналарини тиклаш зарурати аёлни уч сменалик ишга ҳайдарди. Бугунчи, бугун уни ҳеч ким зўрлаётгани йўқ-ку? Англаб турганимиз аччиқ ҳақиқат шундан иборатки, то биз муштипар аёлни тирикчилик ўтказиш ғамидан қутқармас, яшаш тарзини ўнгламас эканмиз, у ишга уч сменалаб ўз рози-ризолиги билан бўзчининг мокисидек қатнайверади.

— Ҳар ҳолда аёлларимиз инқилобдан олдин давлат корхоналари, пахта далалари, уйда уч сменалаб тик оёқда туриб ишлашмаган. Оғир юкларни кўтаришмаган, сариқ нимча кийиб олиб, кўчаларда асфальт ётқизишмаган; сочлари пахтадай оппоқ оқариб, ёшлари бир жойни қоралаганда ёмғир-қор остида инқиллаб, беланги бўлиб кўча супуриб юришмаган; бугунги қишлоқ аёлларидай кун бўйи далада тутдай тўкилиб, кечаси, тонг билан уй қураётган эрга лой узатишмаган, ярим кечалаб нон ёпишмаган; нимжон оёқлари захда, лойда зирқираб тандир тепишмаган, томирлари бўртиб, шўра чопишмаган.

Инқилобдан кейин эса қисма бел беқасам камзулларни сириб кийиб, дуррачаларни дол қўйиб ғарчли махси ковушчаларда босайми-босмайми деб гапгаштакларда, қиз базмларда кўнгил очиб, яйраб юрмаганлар.

В. Г. Белинский шундай ёзади: “Аёлнинг вазифаси эркакнинг қалб шуурини, ундаги олижаноб эҳтиросларни алангалатиш, бурч туйғуси ва юксаклик ҳамда буюкликка бўлган интилишини қўллаб-қувватлашдан иборатдир — аёлнинг қисмати шу ва бу қисмат буюк ва муқаддасдир”.

Инқилобдан кейин сезилар-сезилмас бўлса-да, бу “буюк қисмат”дан чекиниш бошланди. Турғунлик йилларида бу кураш яна авж олди. Пахта далаларида дориланган сувларни ичиб силга чалинган пахтакор қиз Ойбўстонларнинг номи оламга достон бўлаверди. Яқин йилларда ҳам бўйимиз кетмондан паст бўлишига қарамай, кўнглимиз осмонда, “Гул диёрим бор менинг, гулшан диёрим бор менинг”ни айтиб муштдай-муштдай қизалоқлар далани бошимизга кўтармасмидик. Ўргатдилар. Сайрайвердик. Кетмон тутқаздилар, ишлайвердик. Бу ишларни аёл учун хос ёки хос эмаслиги ҳақида ҳеч ким ўйлаб ўтирмади. Оқибатда қўлларимиз аёл ишлари — игна-ип, тикув-чатувдан бутунлай чиқиб кетди. Халқдаги

“Янгамсан-о, янгамсан
Иштон пичар билмайсан”

деганлари биз, бугунги жамоат ишларидаги “фаол” аёллар бўлдик. Нуридийда моможонларимизнинг чевар қўлларидан чиққан юзлаб турдаги беҳиштий кашталар, минглаб нусхада тўқилган олача-ю, пату-гиламларнинг жўнгина нусхасини эплаб тўқиш қўлимиздан келадими бугун? Кўряпсизми, сезилар-сезилмас, йиллар, ўн йиллар оша аёллар эркаклаша бордилар. “Аслда аёлга хос фазилатларни чеклаб, эркаклик хислатларини кучайтириш — унга зиён етказиш демакдир”,— дейди Ж. Ж. Руссо.

— Янги иш бошлаган пайтларимда хоразмлик механизатор қирқ қизларнинг ташаббуси ҳақида мақола ёзгандим. Ўйлагандимки, хотин-қизларга минг букилиб қўлда пахта тергандан, машина бошқарган осон, ҳам даромадли деб. Шаҳарда ўсганман, механизатор меҳнати нима эканини билмаганман. Не ажабки, бу ташвиқот “меҳрибон” эркакларимизга пахтанинг қолган-қутган заҳматини ҳам аёл зиммасига юклаш имконини бераркан.

Салқин хоналарда ўтириб пахтага нарх белгилаётган, ўзбек хотин-қизларини 10—12 соатлаб далада ишлашга мажбур қилаётган раҳбарларимиз, иқтисодчиларимиз ҳам пахта заҳмати нималигини билишмаса керак?

— Ў, Муяссар-а, умрбод пахта орасида ишлаш заҳматини ёш хазон бўлган механизатор аёл Турсуной Охунова тирик бўлганларида батафсил гапириб берармидилар. Тўғри, мажлисларда, минбарларда ўтирдилар. Кремлда сўзладилар. Биз у киши билан фахрландик. Лекин буларнинг ҳаммаси рўё, оний ёлғон шуҳрат экан-да. Бундан унинг ўзи, оиласи, гулдай-гулдай фарзандлари нима наф кўрди? Раҳматли Турсуной опанинг қазоларидан олдинроқ сочлари мутлақо тўкилиб кетганлигини айтишди. Бугун бу кўргулик сабабларини англаётгандайман.

Эътибор беринг: АҚШ Въетнамдаги урушда “сариқ аралашма” деб аталган заҳар ишлатиб ўсимлик оламига қирон келтирган. Бу офатдан жабрланган аёлларнинг кўпчилиги қайтиб фарзанд кўрмаганлар. Тасодиф бўлиб кўрганларида ҳам гўдаклар майиб-мажруҳ, ногирон туғилган. Матбуотда айтилишича, ўша “сариқ аралашма” таркибида ҳозирги замон заҳарлари ичида энг кучлиси саналган диоксин моддаси бор экан. Бу ҳақда ўз чиқишларидан бирида тиббиёт фанлари номзоди Жуманазар Бекназаров атрофлича, асосли тўхталдилар. Олим шундай ёзади: “Унинг (диоксин) атиги 100 миллиардидан бир қисми ҳам инсон организмининг иммунобиологик кучларини кескин даражада пасайтириш қудратига эга, насл-насабини бузиш хусусиятини эса 5—10 йил мобайнида ҳам йўқотмайди. Далаларимизда ишлатилаётган ҳар хил пестицидлар, гербицидлар таркибида ҳам ана шу диоксин моддаси аралашма ҳолида учрайди. Эндиликда одамларнинг қони ва оналарнинг сутидан ҳам диоксин топилаётганлигини “Медицинская газета” ҳам эътироф этди. Болаларнинг 30—40 фоизи ҳар хил касалликлар билан туғилаётганининг сабаби ҳам шу модда билан боғлиқдир. Америка атроф-муҳитни ҳимоя қилиш агентлигининг хабар беришича, мева-чевалар, полиз маҳсулотлари таркибидаги пестицидларнинг энг кичик миқдори ҳам хавфли ўсмалар ҳосил бўлиш ва асаб системасини зарарлаш хусусиятига эга. Хўш, жумҳуриятимизда оқ қон ўсмаси касаллигидан нобуд бўлаётганларнинг 38,3 фоизини 14 ёшгача бўлган болалар ташкил қилаётганини қандай изоҳлаймиз. Бутифос ва ундан қолишмайдиган заҳарли моддалар жабрини узоқ йиллар тортишимизга тўғри келади”…

Афсусланадиган яна бир жиҳати шундаки, юқоридаги Турсуной опадай фожиали тақдирли аёллар бир-иккита эмас. Бизнинг нотўғри сиёсатимиз, тарғиботимиз ўз ишини қилиб улгурган, “Узоқни кўзлаган қиз”, “Турсуной ва унинг издошлари” каби асарлар, “Турсуной бўлай дейман” ашулалари таъсирида юзлаб қизлар бу касбни эгаллаган эдилар. Юзлаб қизлар тилга тушиб, машҳур бўлишган, шу билан бир вақтда гулгун ёшларида соғлиқларига ҳам шикаст етказиб улгуришган эди. “Саодат” журнали саҳифаларида “Механизатор бўлишни истайсизми?” мақоласига кўзингиз тушгандир. Қирқ беш ёшлик механизатор Ҳабибахон Мирзаеванинг чеҳрасига-чи?.. Аёл қирқ ёшида қарийдими? Аксар аёлларнинг аёл сифатида баркамоллашиб, балоғатга етиши, очилиши 35—40 ларга тўғри келмайдими?

В. Панова ва Ю. Вахтин “Биби Ҳадича Муҳаммад Пайғамбарга текканида қирқ ёшда бўлиб, Муҳаммад уни бутун қалби, вужуди билан, чуқур ва чин юракдан севиб қолди. Ҳадича унинг учун энг гўзал, яккаю-ягона ва тенги йўқ аёлга айланди. Ҳадича Муҳаммаддан етти ўғил-қиз кўрди”, деб ёзадилар.

Сиз касалликлар азоби, азиятларидан бир бурда бўлиб қолган сирдарёлик механизатор Ҳабибахоннинг савол аломатлари қотиб қолган катта-катта кўзлари, завол аломатлари, фарёд аломатлари кўриниб турган аламзада сўзларига эътибор қилинг.

— Пахтага ишлатилган дорилар, унинг қора меҳнати ҳақида нега олдинроқ ёзишмади,— дейди у титраб.— Шунда кўпроқ одамни офатдан қутқариб қолишармиди. Шунда менинг икки фарзандим ҳам омон қолармиди, балки бир умр дала кезган опам 46 ёшида оламдан ўтмасмиди, балки мен 45 ёшимда тугаб, ярим жон бўлиб қолмасмидим?! Менинг 7 хил касаллигимнинг ҳаммаси пахта меҳнати билан боғлиқ бўлиб, энди мени инвалидликка чиқаришаркан. Тошкентдага касб касалликлари касалхонасида даволашди. Шу ўринда мени яна бир масала ўйлантиради. Далада заҳарланган, касаллик орттирган хотин-қизлар озми? Ҳеч жойга дард айтолмай, касаллиги сабаби, даво йўлларини билмай оламдан ўтаётганлар-чи. Бор. Лекин улар касб касаллигини даволовчи шундай махсус касалхона борлигини билишмайди. Ҳеч ким бу ҳақда ўйламайди. Мен ўзим учун ўзим югурдим. Ўзи учун ўзи югура олмаётганлар қанча?

“Ўзи учун ўзи югуролмай” ўттизга кирмай ўтин бўлиб, яқинда дунёдан кўз юмганлардан бири Қашқадарё вилоятининг Ғузор ноҳиясида яшаган механизатор Турсунтош Болтабоевадир. Яқинда Турсунтош Болтабоеванинг редакциядан ёрдам сўраб ёзилган хати ноҳия партия комитетига жўнатилган эди. Шундай мазмунда жавоб олдик: “Болтабоева Турсунтош узоқ вақт нафас қисиш касали билан оғриган. У яқинда бевақт оламдан ўтди”. Кечикдик! Ёрдамга шошилган журнал ҳам кечикди! Мана шундай заҳри қотил муҳитимиз соғлиқларини емириб улгурган, ҳаётининг сўнгга йиллари, ойларини машаққат билан яшаётган аёллар, эркаклар вилоят ва ноҳияларимизнинг ҳар бирида бор. Биз уларни таниймизми?! Биздан ёрдам сўраган раҳматли Турсунтош Болтабоеванинг мактубида шундай жумлалар бор эди: “1987 йилдан ишсиз бўлиб қолдим. Шу орада соғлиғим ёмонлашди. Турмушим бузилди. Икки йилдан бери ота-онамга муҳтож бўлиб яшаяпман. Бир неча бор иш сўрасам, “иш йўқ, ўқимагансан, касалсан, инвалидликка чиқ”,— деган жавоб олдим”.

Бугун бизнинг ночор табиий муҳитимизгина эмас, гоҳо ноинсоний муносабатларимиз ҳам одамларни заҳарлаш, ўлдиришга “ўз ҳиссасини” қўшаяпти. Шу шафқатсизлик, ноодилликларнинг ҳисобини олиб борувчи ҳакам қаерда? Бугун план, мажбурият денгизига боши билан шўнғиган айрим раҳбарларимизга берган меҳнат рапортларигагина қараб эмас, қўл остидаги фуқароларнинг огзида оши, кўзида ёши билан ўтказаётган тирикчиликларига қараб баҳо бериш керак, деб ўйлайман.

— “Литературная газета”нинг қуйидаги жумлаларига диққат қилдим: . “Ўрта Осиёнинг энг муҳим хусусиятларидан бири — унинг ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ниҳоятда қолоқлигидир… фаровон яшашнинг барча кўрсаткичлари бўйича Ўзбекистон жумҳуриятларнинг ҳаммасидан охирги ўринда туради”.

Фаровонлик бўйича энг охирги ўринда, аёллар касалликлари, болалар ўлими бўйича энг юқори ўринда, саводхонлик, китоб ўқиш бўйича энг охирги ва ҳоказо… (киши бошига пуллик хизмат кўрсатиш ўртача Иттифоқда 217 сўм, Эстонияда 321 сўм, Латвияда 292 сўм, Грузияда 236 сўм, бизнинг жумҳуриятимизда эса бу кўрсаткич 117 сўмни ташкил этади).

Муяссархон, ҳақиқатан ҳам соя-салқинда ўтириб, пахтага нарх белгилаётганлар, аёлларни 10—12 соатлаб далада ишлашга мажбур қилиб қўйган раҳбарларимиз, иқтисодчиларимиз пахта заҳмати нима эканини билишмайди. Билмаганлари учун юқоридаги кўрсаткичлардан ҳам у қадар азоб чекмайдилар.

Улки солгай шуъла аълосига ўтлуғ оҳлар,
Куймакни қайдин билур зарбофт кийган шоҳлар.

дейдилар ҳазрат Алишер Навоий. Агар бу фактлар даҳшатини ҳаммамиз етарли тушунолганимизда эди, бугунги ошкоралик замонида шоир Эркин Воҳидов таъкидлаганидай “қайта қуриш ҳар биримизга фарёд кўтариш ҳуқуқини берган” замонларда ҳам оғзимизга талқон солиб, чўт қоқишда давом этмасдик.

Эркакларимиз аёлга “тенг ҳуқуқли” деган ёрлиқни ёпиштирдилар-у, уни уйдан олиб чиқдилар. Евтушенко таъбири билан айтганда, эркаклар аёлни юксакликдан ўз ёнларига туширдилар. Аёлни сиз айтгандай тракторга ҳам чиқарган бўлишди. Ташвиқот қилишди. Аммо унинг нимжон қўллари трактор рулини бошқариши мушкуллиги сезилиб қолдими, бу кампания узоққа бормади. Узоққа бормади, деяпман-у тағин кўзим ўнгидан жойи жаннатда бўлгур Турсуной опанинг ақлли, ювош, кўнувчи кўзлари, қиёфалари ўтаверади.

— Илғорликни ким қўювди менга, олтин юлдузлари қурсин, ана, токчада қолди-кетди. Қийналганда, ёлғизгина жоним қийналди. Эл қатори кўкрагимга шамол тегиб, қаттиқ ерни қайириб босиб юриш менга насиб қилмаса нима қилай… Ҳали мажлис, ҳали комиссия… гўдакларимни бағримга босиб, сочларини ҳидлаб ўтирганимни эслолмайман-а, водариғ…

— Яқинда Сурхондарёнинг Денов шаҳрида бўлдим. Учрашувлардан, суҳбатлардан шу нарса аён бўлдики, маҳаллий хотин-қизларнинг кўп қисми ҳали қайта қуриш ҳақида тасаввурга ҳам эга эмаслар. Эгниларига фалон пуллик кийим кийиб, қимматбаҳо тақинчоқлар тақсалар, улар учун бу бахт. Орзу-умиднинг ушалиши. Не сабабки, Нодира, Увайсийдек, Зебуннисодек курашувчан аждоди бор аёл бу қалар тор фикрлайдиган бўлиб қолди?

— Шанба, якшанбаларни интиқлик, умид билан кутаман. Ўша кунларда қандай бўлмасин ўзим учун вақт ажратиб ўқийман, бошқача айтганда, озгина бойийман. Кичкина бўлса-да, шу имконият менда бор. Сиз айтган қишлоқ аёлларида эса бу имкон ҳам ҳали тўлалигича амалга ошгани йўқ. Пахта яккаҳокимлиги ҳаммани ва айниқса қишлоқ аслини бутунлай чирмовуқдай ўраб, ўзиники қилиб олди. Бугун олдимизда турган энг долзарб масалалардан бири қишлоқ аёли маънавиятини кўтариш. Аммо қаранг, Муяссар, муаммолар занжири бир-бири билан қанчалар чамбарчас боғлиқ. Рўзғори учма-уч етиб-етмаётган, очин-тўқин одамнинг қулоғига маънавият ҳақида гап кирадими? Гўдакларнинг оёқларига топса, бошига йўқ, бошига топса эгнига дегандай, кам деганда 5—6 бола атрофида гирдикапалак, етишмовчиликлардан боши айланган аёлнинг китоб ўқишга қурби етадими?!

Шу ерда қозоқ халқининг ўлмас фарзанди Абайнинг қуйидаги сатрлари эсимга келади:

Шўрлик халқим,
Мол ортида судралиб ўтган халқим!

Ажабланадиган жойи шундаки, қишлоқ аёллари ўзларини, болаларини емагидан, ризқидан қийиб бўлса-да, оз-оздан йиғиб қимматбаҳо кийимларни, тақинчоқларни албатта олишга ҳаракат қилишади. Қорайиб кетган, озғин, эти бориб устихонига ёпишган аёлларнинг фалон пулли, ялт-юлт кийимларни савдогарлардан 2—3 ҳисса қимматга олиб кийиб юрганларини кўрган пайтларимда бўғзимга нимадир тиқилиб келади.

— Мамлакатимизда ҳар йили 60 мингдан зиёд мажруҳ гўдак дунёга келади. Бу дегани, 60 минг армон, 60 минг аёлнинг бахтсизлиги. Сабаби 3 миллион аёл зарарли ишлаб чиқаришда банд. Ўзбекистон мисолида-ку бу борадаги фактлар янада даҳшатли. Наҳотки 60 минг мажруҳга сарфланадиган маблағни аёллар саломатлигига харж этишнинг имкони бўлмаса?!

— Нега бўлмасин? Хўжаликни қандай юритиш ўз қўлимизда-ку? Агар 60 минг мажруҳ болаларга сарфланадиган маблағ аёллар саломатлигига сарфланганда эди, юқорида айтганим, аёлни — илдизни согломлаштирган бўлардик. Бу деган сўз дарахт гуркираб ўсишига омил яратилади. Яхши мева, ҳосил олишга ишонч бор. Бунинг учун озгина тадбиркорлик, озгина журъат керак холос. Лекин мана шу тадбиркорлик вақти қачон келади, бу менга қоронғу. Сўзларимиз қоғозда қолаверади. Мутасадди одамлар бундан ҳам “муҳимроқ” ишлар билан банд. Хуллас, донишманд Р. Гамзатов айтгандай “Биз таёқнинг ўзини эмас, унинг соясини тўғрилашга уриниб ётаверамиз”. Ҳеч қачон сояни тўғрилаб бўладими? Зарарли ишлаб чиқаришдан аёлни қутқариб, соғлиғини тиклаш бизга мажруҳ болага кетган меҳнат (ҳам моддий, ҳам маънавий) харажатлардан енгилроқ, осонроқ кўчмайдими?

— Ажралишларнинг асосий сабаби нимада деб ўйлайсиз. Ўз-ўзига ўт қўяётган аёллар ҳақми?

— Ажралишларнинг асосий сабабларидан бири сифатида бизнинг моддий жиҳатдан қийин яшашимизни, албатта, айтиш керак. Кетма-кет юзага келаверадиган рўзғордаги камчиликлар асабийликни келтириб чиқаради. Назаримда, кейинги пайтда эркаклар бемалолроқ, аёллар фаолроқ, шу билан бирга тажангроқ бўлиб боришяпти. Ажабланарли жойи шундаки, эркакларимиз назарида бу қол шундай бўлиши керакдай қабул қилиняпти. Кичкина мисол. Яқин дўстларимиз билан кўчада кетаётгандик. Тун қоронғуси. Дўстимизнинг аёли ухлаб қолган полвонгина боласини бир амаллаб кўтариб, аранг оёқ босаяпти.

— Ўғлингизни ўзингиз кўтариб олинг Марат, Маъсуда қийналяпти,— луқма ташлади орамиздан кимдир.

— Нима, Маъсуда қийналяпти? Керак бўлса Маъсуданинг мениям кўтариб кетишга кучи етади,— деди дўстимиз хотиржам оҳангда.

Бу гап ҳазилнамо бўлса-да, Марат хотинининг қўлидан боласини олмади. Ори келдими, кўтармоқчи бўлган бошқа эркакларга болани Маъсуда ўзи бермади…

Оилавий ҳаёт мана шундай оний лаҳзалардаги ҳолатлар, муносабатлардан ташкил топади. Буларнинг қар бири ёмғир томчисидай йиғилиб бораверади. Ва кўп ҳолларда беиз кетмайди.

Қадимги қадриятларимизга мурожаат қиламиз. Қуръонда: “Аёлларга яхшилик ила ҳамҳаёт бўлинглар” (Нисо сураси, 19-оят) дейилади. Пайғамбар алайҳиссалом эса: “Ким ўз бола-чақасига яхшироқ муносабатда бўлса, ўша орангиздаги энг яхши одамдир”,— деб таълим беради (Муҳаммад Қутб. Ислом ва Аёл). Одамлар орасида бир-бирини тушуниш камайиб бормоқда. Эр хотинни, хотин эрни, ота болани, бола отани, дўст дўстни, эл элни…

Оилада эса бундай муносабатлар ҳақиқатан фожиага айланяпти. Бир одамдан бир одамнинг кетиши, оиланинг дарзи, жамиятнинг эртанги куни, келажакни хавф остида қолдираяпти. Бузилган оилалардаги назоратсиз қолган болалар ахлоқи тўкис оилаларда ўсаётган болалардан кескин даражада фарқ қилади. Бундай оилалардаги улғайиб қолган, ўзини тутиб олган, ақлли болалар кўзларида ҳам ҳаётга ишончсизлик, ички бир ғам соя ташлаб турадики, бу ғам ҳеч қачон болани руҳлантирмайди, аксинча, яшаш учун учмоққа шайланаётган қанотлари кучини қирқади.

Мен ҳар ҳолда яшашга сабаб қидирадиган, топадиганларни икки қўллаб ёқлайман. Одамзод боласининг ҳар қандай қийин кунда ҳам ақлсизларча, тентакларча ҳаракат қилишга ҳаққи йўқ! Аммо яна бир томониям борки, аёл эрмак учун ўзини ёқмайди, кўнгил хушлик учун бормайди бу охирги йўлга. Иқтисодий тақчиллик, сурункали, беқадр меҳнат, одамнинг ғурурини ерга урадиган бешафқат муносабатлар, зуғум, асабни эговлайдиган уруш-жанжаллар… Булар йиллар, ўн йиллар давомида заҳар томчисидай чак-чак томиб, асл юрагини тешиб заҳарлаб боради. Охирги томчи жуда арзимас сабаб ҳам бўлиши мумкин. Зоминда ўн болали, ёшгина аёл, эрини бошқа аёлдан рашк қилиб ўзини ёқиб юборди. Ўн бола чирқираб қолаверди. Аммо шу охирги томчига аёлнинг зада юраги дош беролмаган бўлиши мумкин.

Айбдор ким? Ҳеч ким. Мана шу “ҳеч ким”лиги даҳшат. Бизнинг жамиятимиз ҳуқуқ ҳимоячиларининг мана шу “ҳеч ким” олдида қўлларидан ҳеч иш келмаслиги янгидан-янги жиноятларга йўл очаверади. Сабабсиз натижа йўқ-ку ахир! Шундай фожиа рўй берган жойда ҳамма охирги томчини эмас, йиллар давомида заҳар бўлиб томиб келган ҳамма нарсани таҳлил қилиши, хулоса чиқариши керак.

Л. Н. Толстойнинг “ўз уйида бахтли бўлган кишигина бахтлидир”, деган ҳикматидан келиб чиқадиган бўлсак аёл оиласида бахтли бўлса, у ҳеч қачон ўзини ўзи осмайди, ёқмайди. Агар у ўз уйида бахтсиз бўлса, бу тўғридан-тўғри унинг эри, шу уйдаги эркак билан боғлиқ масала. Агар унинг ўз уйидан, эридан кўнгли тўқ бўлса, мен аминманки, ҳаётнинг ҳеч қандай мушкул синовлари уни синдиролмайди. Севган, севилган эркакларда менинг назаримда мана шундай, пинҳоний, ҳар қандай мушкул чоғлардан ҳам аёлни омон олиб чиқиб кета оладиган куч-қудрат бор.

“Севгиси йўқ одамлар — бузуқ одамлардир”, дейди Бернард Шоу. Севгиси йўқ, уйи, бола-чақасига меҳру-муҳаббати йўқ одамлардан қанчалик қўрқишимни билсангиз эди. Табиатдаги, ҳаётдаги бутун бузилишларга, инқирозларга мана шу хил қора йўл одамлар сабаб бўлади.

— Бахт ҳақидаги тасаввурингиз?

— Атоқли рус саркардаси П. И. Багратионнинг шундай жумласи бор: “Бахт ҳар доим мард одам томонида”. Ҳақиқатан ҳам одам ҳаётини мардлик, ҳалоллик билан яшар экан, бахт уни четлаб ўтмаслигига менда ҳам гумон йўқ. Фақат бахтни ким қандай тушунади? Одамзод тирик экан, бахтга интилиб яшайди. Кўзи йўл тешиб, ранги кузги япроқдай сарғайиб, касалхонада ётган бемор назарида бахт — тўрт мучасининг соғлиғидан бошқа нарса эмас. Қамоқхонадаги маҳбус учун бахт — озодликка, ёруғликка чиқадиган кун. Одамнинг ўзи қандай бўлса, бахти шундай бўлади деган тушунча юради. Жаннатмакон моможонимиз Кенагасхоним учун бахт — душман қўшинларига асир тушган ўғлининг эгилмаслиги, дор остида шармисорлик либосини киймай, сўнгги маконига ёруғ юз, ғолиблик билан душман юрагига таҳлика солиб кетиши бўлган.

Кенагасхоним учқур отда осмондан тушгандай пайдо бўлиб: “Кўксингни тик тут, унутма, сен менинг ўғлимсан, болажоним”, деб гулдурос солиб шамолдай ўтиб кетишини бир тасаввур қилиб кўринг. Жасур ўғлининг тириклик дунёсидаги умрининг сўнгги лаҳзаларини мардларча яшашига, ногоҳ гумбирлаган бу садодан чайқалиб кетган халқнинг дарғазаб оёққа туриши, енгишига балки шу гулдурос, она фарёди сабаб бўлгандир. Шундай. Гап ким ўзига қандай бахтни лозим кўришида.

Мен бу хил бахтни аччиқ, аммо умрингни тиксанг арзийдиган азиз бахт деб тушунаман. Кундалик ҳаётда бўлса агар исталса, қулоқ олинса бахтни барбод бўлишига сабаб кўп бўлганидай бахтни бутун сақлашга ҳам ундовчи омиллар, ҳикматлар кўп. Шулардан бирини қадимги юнон файласуфи ва математиги Пифагор эрамиздан беш юз йиллар олдин айтиб кетган экан: “Оқила рафиқам! Агар эринг ёнингда бўлишини истасанг, шунинг пайига тушгинки, токи у ҳеч қаерда сенинг ҳузурингдаги каби роҳат-фароғат ва мулойимликка дуч келмасин”. Яхши, сермазмун оила қуриш бахти бор. Яхши фарзанд ўстириш, яхши дўстлар орттириш… яхши шеър ўқиш… Тагордан ўқийми?

Банголия, руҳинг бор, қалбинг бор ҳамма ёқда
Сингилу укаларинг яшар қаёқ-қаёқда.
Иттифоқ бўлсин бари, иттифоқ бўлсин бари,
Иттифоқ бўлсин бари, эй тангри!

— Кўп болали онасиз. Ҳам йирик бир нашрнинг муҳаррири, булар бир-бирига халақит бермайдими?

— Фарзандларимизнинг ҳар бири умримизнинг давоми бўлиб дунёга келар экан, оилада қанча фарзанд бўлса шунча бахт, толе борлигига мен қаттиқ ишонаман. Болаларим ва ишим. Бир-бирига халақит беради. Аммо мен иккала тарафга ҳам боғлиқлигим, кўнгил қўйганлигим учунми бундан у қадар азият чекмайман. Фақат учинчи иш (асосий, юкинган ишим) — ёзиш масаласида қийналаман. Бутун жумҳурият аёлларида бўлгани каби менда ҳам вақт тақчиллиги…

— Сўнгги савол. Нимадан безовтасиз?

— Маънавий қашшоқлигимиздан. Айрим аёлларимизнинг, болаларимизнинг ҳимоясизлиги, эркакларимизнинг бешафқат, бемурувватлигидан…”Саодат”га келадиган минг-минглаб хатлардан 2—3 тасини аслича газетхонлар диққатига ҳавола қилмоқчиман.

“…Ўзимни ўлдирмоқчи бўлдим. Чуқурроқ ўйлаб қарасам бу жафолардан ўз жонимни қутқариб кетарканман-у, болаларимни аҳволи нима кечади? Эрим 5—6 ойлик муттасил ароқхўрликдан кейин наша чекадиган бўлиб қолди. Келди-кетди шундай кўпки, чекилаверган уйлар тутунга тўлиб кетади. Икки ойча бўлди, бир-бирига укол қилишни бошлашди. Сархуш, пиёлаларда бир нимани тайёрлайдилар. Шприц қайнатадилар. Посудаларга аралашган қон томчилари. Уларни қайнатиб тозалаётганимни кўрган эрим бошимга урмоқчи бўлиб дағдаға қилади:

“Сен ит, улардан жирканиб қолдингми, сенинг бир ой итдек ишлаб топадиган пулингни улар бир кунда топадилар”. Идиш-товоқларни айрим қилиб қўяй десам, оладиган 100 сўм ойлигимни қайси бирига етказай, ейиш-ичишимизгами, кийимимизгами, ҳар куни синадиган посудаларгами? Бир кун ишдан келсам болаларим мўралаб оталарига қандай укол қилаётганини томоша қилишаяпти. Бир гал эрим икки эркак, икки фоҳиша аёлни уйимизга бошлаб келди. Улар бизникида қолишди. Тонгда барвақтроқ ишга кетишга чоғланаётганимда, эрим “қизларнинг кайфини бузиб уйғотиб юбординг, ифлос”, деб шундай тепдики, чуваланиб ерда қанча ётганимни билмайман… Наркоманлиги учун псих больницага ҳам ётқизишганди. Бир ҳафтада чиқиб келди. Кейин у билан қизиқадиган одам бўлмади, шекилли. Яқинда ҳушёрхонага тушган экан. Юз сўм жарима солишибди. Менинг ойлигимни тўлаб келди. Келгуси ойликкача бўлка, чой билан амал-тақал кун ўтказдик. Болаларимга байрам куни йиртиқ кийимларини ямаб кийдириб юбордим. Шундай қилиб милициядагилар эримни эмас, мени ва гўдакларимни жазоладилар. Турмушим шу тарз.

X. У. Хоразм”.

“…Мен 1983 йили ўз районимизда Алимов Синдорга турмушга чиқдим. Кўп ўтмай — эрим ичиб олиб бутун аламини мендан оладиган, ҳақоратлаб урадиган одат чиқарди. Тишимни-тишимга қўйиб тоқат қилишимга қарамай турмушимиз бўлмади. 1987 йил суд орқали ажралдик. Мен қизчам билан турар-жойсиз, қаровсиз қолдим. Мана икки йилдан буён 40 сўм тўлаб квартирада яшаб келаяпман. Кийим-кечак, озиқ-овқат пули, боғча пули дегандай. Ота-онам оддий колхозчи. Оиламиз катта.

Бир йил бўлди, отам ҳам оёқ-қўли ишламай тўшак тортиб ётиб қолган. Турмуш ўртоғим икки йилдан буён бир сўм алимент тўлагани йўқ. Булунғур район халқ суди раиси ўртоқ Аҳроровга икки йилдан буён қатнайман. Суд ижрочиси Ҳидиров ҳам ёрдам бермади. Қачон борсам “Эринг қочиб юрган бўлса, биз нима қилайлик” ёки “Нима қиласан шу 20 сўмни, шу билан бойиб кетармидинг”,— деб дўқ уришади. Мен нима қилай. Яшашим қийин бўлиб қолди. Охирги умидим сизлардан

Бозоргул Ҳидирова. Самарқанд”.

“…Менинг ёшим 17 да. Эсимни таниганимдан буён дастурхон устида тинчгина гаплашиб ўтирганимизни эслолмайман. Оилада 7 фарзандмиз. Дадамиз доим ичиб келиб ҳеч бир сабабсиз уйда жанжал кўтаради. Ойимизни қақшатиб уриб, уйдан кетказиб юборади. Ким ўз онасини яхши кўрмайди. Шундай пайтларда мен жонимдан тўйиб кетаман. Шу дунёга келганимдан минг-минг пушаймонман. Ҳаёт гўзал, дейдилар! Қани бу ҳаётнинг гўзаллиги! Менинг тушунишимча ҳаёт аччиқ қисматлардан иборат экан. Шундай аччиқки, бардош бериш қийин. Бизнинг қўлимиздан ҳеч иш келмайди. Шунинг учун сизлардан ялиниб илтимос қиламан, қўлларингдан келса айтинг, арақни йўқ қилишсин. Шунда балки бизнинг уйимизга ҳам тинчлик кунлар келар!

Билмайман… Келажакдан ҳеч қандай умидим йўқ.

Шундай оталарнинг боридан йўғи яхши-ку. Шундай эмасми? Мен шу пайтгача хўрликларга чидаб келдим. Аммо бундан буёғига нима бўлишига кўзим етмайди. Жонимга қасд қилгим келади. Бир неча марта бу ишга қўл уриб кўрдим. Эплолмаяпман!”

Исм-фамилиямни тўлиқ ёзишга виждоним йўл бермади.

Лайло. Чимкент”

“Эплолмаяпман!” Бирданига юрагим орқамга уриб кетади… Нима бу “ўлолмаяпман” деганими? Ёраб, авж бу дунёнинг сиру-синоатларига мурғак ақли етмай оламга қиқир-қиқир кулгу улашиб, ўзи ҳам ўйин-кулгуларга қоришиб, капалакдай учиб-қўниб яшайдиган ўсмир ёшдаги Лайлонинг фарёди жонимни ларзага солди.

Ҳой, одамлар! Инсоф чегарасини бузиб дарбадар кетаётганлар. Ерни, кўкни заҳарлаганимиз, табиатни, қуш-қумурсқаларни қуритганимиз, қийратганимиз бизга сабоқ бўлмадими?

Қайси қаҳр қўзғагулик қилмишларимиз сабаб бўлдики, минг йиллар аждодларимизни ундириб, ўстириб, кўкартириб келган улуғ Орол биз келганда қурий бошлади? Ёки унинг қирғоқларига мастлик, ношукурлик билан қадам қўйдикми? Энди навбат оила номусини ҳар нарсадан баланд қўйгувчи, оила бахтини тишида тишлаб асрагувчи, тўзимли, сабр япроғидай сарғайган аёллар, қушдай бегуноқ, ҳуркак гўдакларга келдими?

Мен юқоридаги хатларни қандай ёзилган бўлса шундайлигича кўчирдим, бу хатларни шарҳламоқчи ҳам эмасман. Мутасадди одамлар ўйлаб кўришар, хулосалари, жавобларини йўллашар журналга. Мени изтиробга солган нарса шу бўлдики, иттифоқо қўлимга тушган 3 хатда ҳам ичкиликдан азият чеккан аёл дарди, гўдак фарёди!

“Мен сизлардан ялиниб илтимос қиламан. Қўлларингдан келса ароқни йўқ қилинглар!” 17 ёшли гулгун қизалоқни биз катталардан нималарни илтимос, илтижо қилаётганига эътибор бердингизми? Ер юзида қачон, қандай номақбул қора иш бўлган бўлса мастлик-насликда бўлган. Бизнинг бугунги йўқотишларимиз билан бобокалонларимиздан Ҳусайн Бойқаронинг мастлигида ўз набираси Мўмин Мирзонинг ўлимига рози бўлиб, муҳр босиб берганлиги орасида қандай фарқ бор?

Ҳусайн Бойқаро-ку мастлигида, оний лаҳзаларда келган бу машъум қарорга. Биз эса йиллар бўйи… ўзимиз тушунган ҳолда ит юриш, мирза туриш қабилида яшаяпмизки, оқибатда гўдакларимиз ҳали дунёни тушуниб улгурмай ундан тезроқ кетмоққа йўл қидириб қолишаяпти. Ҳали ўн етти ёшига етиб-етмаган мурғак қолда бу машъум ишга “бир неча марта қўл уриб кўргани, эплолмаётгани” ҳақида эзилиб ёзишяпти.

Ҳой, одамлар! Атрофингизга синчковроқ қаранг. Ахир денгизда ҳам чўкаётган кемаларни қутқаришади-ку!