Пахта ва бошқа экин майдонлари оқилона ва жўяли бир тарзда қайта кўриб чиқилмаса, пахтанинг нарх-навоси унга сарфланаётган меҳнат ва жаҳон бозори билан мослаштирилмаса, қишлоқ аҳлининг аҳволи кескин яхшиланмаса (менинг тасаввуримда Ўзбекистонимиз даставвал сахий, валломат бободеҳкон тимсолида гавдаланади!), даромад буромадни тақозо этмайдиган бўлса, давлат тилига ғамхўрлик мунтазам ошиб бормаса, табиат, аждодлар ва авлодлар, тарих ва истиқболга дахлдор ғоят чигаллашиб ва чуқурлашиб кетган муаммоларни ҳал қилмасак, оғизда бошқа гапларни айтиб, амалда бўлак ишларни қилишда давом этсак, бундай олганда нимани «қайта қурамиз» ўзи?
Жудаям шаккок бўлмайлик. Тўғри, катта ишлар ҳам қилинди. Мамлакат миқёсини олсак: совет қўшинларининг Афғонистон еридан чиқарилиши, касофат ароқнинг жиловланиши, демократия ва ошкоралик, кейинги вақтгача хаспўшлаб келинган шахсга қуллуқ қилишнинг оқибатлари-ю, мудҳиш фожиалари очиб ташлангани, миллий жумҳуриятларда давлат тили масаласи тубжой аҳолининг раъйига қараб ҳал этила бошлагани… Буларнинг ҳаммаси, ҳеч муболағасиз, жаҳоншумул ишлар. Шунинг учун ҳам бутун дунё бизга қараб турибди. Ўзимиз ҳам дунёга қарашни ўрганмоқдамиз.
Ҳозиргача ўзимиз яратган дунёга ўз дунёқарашимиз билан қараб келдик. Энди билсак, биз билган дунёдан бўлак дунё ҳам бор экан.
Айрим адашишлар, бўрттиришлар, қинғирликларни ҳисобга олмаганда, жумҳуриятимизда ҳам, хусусан кейинги йилларда бирмунча ишлар қилинаётганидан кўз юмиб бўлмайди.
Аммо мол ишлаб чиқариш, давлат тарҳи (плани), сифат, нарх-наво сингари ҳаётий муҳим масалаларда ҳали чалкашликлар кўп.
Оврупонинг бурчак-бурчакларигача чирмашиб, тармоқланиб кетган газимиз, бутун Менделеев жадвалини тўлдирадиган маъданларимиз ва бўлак табиий бойликларимизни қўя турганимизда ҳам, оқилона нарх-наво тайин қилинса, биргина қишлок хўжалик маҳсулотлари, пахта билан пилланинг ўзиёқ жумҳуриятни бемалол боқа олади. (Етиштирилаётган хом ашёга, ниҳоят, «ҳийлаи шаръий» қилмасдан ҳақ тўлаш вақти етди-ёв.)
Аммо мен «ўзим бўлай»чиликка даъват этмоқчи эмасман. Тўғри, табиат халқимизни сахийлик билан сарафроз этган. Мушфиқ одамларимиз кунни тунга улаб оғир меҳнат қилишни билади. Деҳқонларимизнинг танти меҳнатига яраша танти ҳақ тўланса, аминманки, ҳар бир меҳнаткаш ўзбекнинг туваги олтиндан бўлади. Ҳа-ҳа, ҳовлисининг остонаси эмас, бешигининг тувагигача олтиндан бўлади! Аммо дала ишчиларимиз яхши тушунадики, бир мамлакатда яшаётган фуқаронинг тақдири ҳам бир хил бўлиши керак. Кемага кирганнинг жони бир. Айрим халқлар ўзининг картошкасини ҳам топиб еёлмайдиган аҳволга тушиб қолган бир вақтда, биз «олтин тувак» даъво қилсак, хўп ғалати гап бўлар эди… Ер остимизда ҳозир ҳам турли-туман, рангбаранг жавоҳирлар, олтин қат-қат бўлса-да, «олтин камар», «олтин баркаш», «олтин кўшк», «олтин ўрдалар» ўтмишда қолиб кетди. Афсона ва ривоятларга айланди. Халқимиз ихтиёрида фақат «оқ олтин» қолди, холос. У ҳам, аслида, ўз эгасининг инон-ихтиёрида бўлмади. Олтин билан боғлиқ, умид қилса бўладиган бирдан-бир нақд матох,— ипаклари зардан тикиладиган дўппи ҳозирча фахримиз бўлиб турибди.
Яқин ўтмишда яшаган валломат даҳолардан бири, ўзича каромат қилиб, «оқ олтинни олтин қўллар яратади», деган эди. Эсизки, у оқ олтинни олтин қўллар эмас, балки қадоқ қўллар яратишини билмасдан кетди… (Дарвоқе, Тошкентимизнинг марказий кўчаларидан бирида ўн беш кун мобайнида «Оқ олтинни олтин қўллар яратади», деб ёзиғлиқ турди!)
Бўзчи белбоққа ёлчимайди, дейдилар. Пахтакор қачон пахтага ёлчибди? Кўрпа билан ёстиққа соладиган пахтасини ҳам… дўкондан сотиб олади. Фалакнинг гардишини қарангки, айни изғирин ёғин-сочинда, шалаббо бўлиб, тиззасигача лойга ботиб пахта терса-да, бунга устама ҳақ олиш уёқда турсин, учинчи, тўртинчи нав учун, сифати паст деб, ёнидан давлатга… жарима тўлаб ўтирса! Қайси иқлим, қайси минтақа, қайси мазҳабда бор бу?
Пахта давлатга керак экан. Буни тушундик. Лекин пахтакор-чи? Мамлакатни хорижга пахта қарамлигидан қутқазишдек жаҳоний мушкулотни ҳал қилган азамат пахтакорнинг ўзи ҳам давлатга керакми? Биров давлатга топшириладиган йиллик пахта ҳажмини тўрт миллион тонна бўлсин деса, бошқаси — беш миллион тонна тарафдори. Олти миллион тонна ва ундан юқорини мўлжаллайдиганлар ҳам бор. Начора, ҳар каллада ҳар хаёл. Менга қолса, ажаб эмаски, замонлар келар, жумҳуриятимиз мамлакатга ўн миллион тонна пахта етказиб беришга ҳам қодир бўлар, деб ўйлайман. Икки мингинчи йилларнинг нарисида, ким билсин, бизнинг иқлимга мос фавқулодда ҳосилдор, тезпишар навлар етилар. Шунга мувофиқ қудратли техникалар яратилар. Ҳеч бир зўриқмай-нетмай мамлакат эҳтиёжига керакли ҳосил олинар. Лекин ҳозир-чи? Мен бир неча йил мобайнида тўрт миллион тонналик маррада туришни оқилона тадбир деб биламан. Нима учун? Буни академик Мирзаали Муҳаммаджонов айтгани учунми?
Ҳа. У фақат «айтмади», балки чуқур илмий асосда, мантиқан исботлади. Ер дам олиши, ўзининг зўриқишдан йўқотган сифатларини тиклаши, одамлар ўзига келиши керак. Пахтадан ортган ёки унга ноқулай ерларга инсон учун қиммати пахтадан кам бўлмаган ширин-шарбат мева, сабзавот экиш, чорва учун ем-хашак тайёрлаш керак.
Умуман, вақт ва сурункали аччиқ тажрибалар шуни кўрсатдики, қайси соҳада бўлмасин, мутахассислар, олимларнинг фикр ва таклифларини беписанд қилиш нуқтасидан бошлаб иш пачава бўла бошлар экан. Ҳозирги давр, янгича тафаккур шуни тақозо этадики, ниҳоят, ҳеч бўлмаса энди шундай хатога йўл қўймаслик керак.
Мамлакатимизда турли халқлар ўртасидаги миллий муносабатлар асосида уларнинг иқтисодий манфаати ётади. Иқтисодий манфаатдорликка дарз кетган нуқтадан ўзаро миллий англашилмовчиликлар бошланади.
Пахтанинг устидан баъзи бир исботланмаган қўшиб ёзишлар бутун халқимиз учун куйдиргижон бўлиб чиқди. Тўқайга ўт тушса, ҳўлу қуруқ баравар ёнади, дейдилар. Ҳақ-ноҳак, минглаб одамларнинг шўри қуриди. Бутун мамлакат бўйлаб ўзбеклар бадном қилинди.
Хўш? Қўшиб ёзиш қаёқдан келиб чиқди? Давлатни алдашми бу?
«Бирон халқни асоратга солмоқчи бўлсанг, уни пахта экишга мажбур қил», деган экан қадимги юнон ҳакимларидан бири.
Қўшиб ёзиш, аслида қўшиб ёзишга мажбур қилишдан келиб чиқади. Даврага киргандан сўнг қийшангламасдан бошқа иложинг йўқ. Қўшиб ёзмаслик учун эса давлат олдида ақл бовар қиладиган сиғим ва миқдорда тарҳ (план), мажбурият олиш керак. Халқни юқоридан туриб «мажбурият» олишга мажбур этиш яхши ният ифодаси эмас. Қўшиб ёзиш — кулфат, аммо, чамаси, деҳқонни қўшиб ёзишга мажбур этиш, доимий маҳкумлик ва гаров ҳолатида ушлаб туриш кимларгадир қўл келадиганга ўхшайди…
Марказий матбуот («Огонёк») сўз ўйини қилиб, ўзбек «оқ олтин» соҳибкорларини «хлопкороб» («пахтакор») эмас, «хлопкораб» («пахтақул») деб атаганида, биз ўз маҳаллий жаридаларимизда:
— Йўқ, «Пахтақул» эмасмиз, балки «Пахтабекмиз!» — деб шовқин солдик.
Ҳақиқий аҳвол эса барчага аён.
«Муштум» журналининг 1990 йил 5-сони жуда қизиқ жиҳозланган. Биринчи саҳифа (муқова)нинг сўл томонига чиқазилган мундарижада ёзилган: «Пахта иши» қачон ёпилади? Минг йиллик қарз. Томоғимда жоним турибди йиғлаб. «Ҳақиқат йўқ ерда бахт бўлмайди».
Ўша бош саҳифанинг ўнг ёғидан рассом Э. Рўзибоев чизган икки қисмли йирик сурат ўрин олган. Унда одамнинг қадди-басти тасвирланган. Бош ўрнида кулиб турган пахта. Тананинг белдан юқори, «пахта» қисми ястаниб турибди. Устида беқасам тўн ял-ял ёнади. Кўкракда ўттиз битта ҳар хил нишон (темир-терсак) порлайди. Белдан пастки қисмда: ўша беқасам тўн қирқ ямоқ, тўкилиб бораяпти… Йиртиқ шим, оёқлар яйдоқ…
Сурат остига: Қашшоқ «бойвачча» деб ёзиб қўйилган.