Фозила Сулаймонова. Навоийнинг мўъжаз сурати (1990)

Алишер Навоий портрети. Маҳмуд Музаҳҳиб расми. 15-аср

Алишер Навоийнинг профессор А. А. Семёнов Америка журналидан олиб, шоирнинг 500 йиллик юбилейи олдидан 1940 йили чоп эттирган («Портрет эпохи Навои») ва яқин вақтларгача ягона деб ҳисобланган расмидан ташқари бошқа тасвири йўқ эди. Шоирнинг портрет, ҳайкалларини ишлаган санъат соҳиблари (В. Кайдалов, А. Абдуллаев, Л. Абдуллаев, Ч. Аҳмаров ва бошқалар) ўз асарларини худди ана шу мўъжаз расм асосида ишлаганлар.

А. А. Семёнов чоп эттирган расм 1500 йили Беҳзоднинг шогирди Маҳмуд Музаҳҳиб томонидан яратилган бўлиб, бу расм Эроннинг Машҳад шаҳридаги Остонаи қудс кутубхонасида сақланмоқда. 1936 йили Америкада чоп этилган «Ислом санъати» журналининг саккизинчи жилдининг биринчи қисмида Маҳмуд Музаҳҳиб ишлаган расм босилган.

Юқорида тилга олинган ва ҳаммага маълум бўлган расмда Навоий ҳассага суянган, анча кекса (ваҳоланки бу вақтда шоир энди 59 ёшда эди) ҳолатда тасвирланган. Мўъжаз расм имкони чекланган бўлишига қарамай, мусаввир буюк инсоннинг ички қиёфасини зўр маҳорат билан бера олган. Маҳмуд Музаҳҳиб суратидан сизга фозил, инсонларга меҳр тўла қалб эгаси, буюк мутафаккир, ўзида энг олий инсоний хусусиятларни мужассамлантирган нуроний Одам боқиб турганини бир қарашдаёқ англайсиз. Афсуски, бизнинг давримиздаги бирорта ҳам мўйқалам соҳиби ўзлари яратган Навоий портретларида, XV аср расмидан келиб чиққан ҳолда, Музаҳҳиб ишининг худди ана шу хусусияти, шоирнинг ички дунёсини акс эттира олмаганлар.

Маҳмуд Музаҳҳиб ишлаган расмнинг юқориги чап бурчагида «Суврати Амири Кабир Мир Алишер», пастки ўнг бурчагида эса «Амали Маҳмуд Музаҳҳиб» сўзлари ёзилган. Юқоридаги ёзувнинг пастки қисмида, Навоийнинг елкаси устида муҳр бор, аммо ундаги ёзувни ўқиб бўлмади. Афсуски, бизга расмнинг фақат қора-оқ нусхаси маълум холос, инглиз олими академик Б. Грей устоз Ҳамид Сулаймонга юборган асли суратдан олинган фотонусха ҳам қора-оқ тасвирдан иборат.

1965 йили Туркияда профессор Огоҳ Сирри Леванднинг Алишер Навоийга бағишланган тўрт жилдлик китоби босилди. Ана шу нашрнинг биринчи жилди Навоий даври, ҳаёти ва ижодини ёритишга бағишланган бўлса, қолган уч жилдида шоир асарларидан парчалар берилган. Мажмуанинг биринчи жилдида Навоий анча ёшлик пайтини тасвирловчи мўъжаз расм берилган. Бу рангли расм Тўп қопи Реван кутубхонасида 2155 сақлов рақами остидаги мураққаънинг 29 б варағидан олинган. Афсуски, Леванд ҳеч қандай изоҳ бермайди. Расмда бир ёш йигит билан 30—35 ёшлик киши тасвирланган. Суратнинг юқори томонидаги чап бурчагида майда араб ёзувида «Суврати дилпазир Мирзочучук бо Амир бе шибҳу назир Низомиддин Алишер», пастки қисмида, ўнг томонда эса зўрға ўқиббўларлик майда ёзувда «Амали ал-фақир Али» сўзлари бор. Демак, расмда Навоий тасвирлангани ҳақида ҳеч қандай шубҳа туғилмайди.

Навоий расмда кулча юзли, қирри бурун, калта қилиб олинган қизғиш соқол-мўйлаб, қобоқлари кенг этиб тасвирланган. Шоирнинг либоси ҳам ўзига хос — оқ кўйлак устидан ёқасиз мовий камзул, устидан узун енглик, пушти астарлик жигарранг чакмон, оёғида оқ чувак, бошида эса яшил дўппига оқ салла ўралган. Шуниси ҳайратомузки, бу расмда ёш Навоий Маҳмуд Музаҳҳиб расмидаги кекса тасвирига ўхшаб, узун ҳассага суяниб турипти. Бу сирнинг сабабини аниқлай олмадим.

Учинчи расм 1970 йили профессор Ҳамид Сулаймон чоп эттирган «Навоий достонларига ишланган расмлар» албомида 23-сана остида берилган. «Садди Искандарий»га ишланган бу расм достоннинг 95 б варағида берилган (ҳаммаси 97 варақ).

Навоий «Хамса» устидаги ишни тугаллар-тугалламас валийаҳд шаҳзода Бадиуззамон учун бадиий безаклар, мўъжаз расмлари бор нусха тайёрланади. Ушбу қўлёзма ҳозир Англияда Оксфорд дорилфунунининг Бодлеян кутубхонасида сақланади. Қўлёзманинг хаттоти номи келтирилмаган, фақат «Лайли ва Мажнун» колофонида 890 (1485) санаси бор. Демак, қадимийликда Бадиуззамон қўлёзмаси иккинчи ўринда туради.

Бодлеян кутубхонаси «Хамса»сида Беҳзод ва унинг шогирдлари томонидан ишланган 13 та жуда ажойиб мўъжаз расм бор. Бизни расмларнинг охиргиси қизиқтиради, домла уни «Навоий буюк шоирлар ўртасида» деб номлаганлар. Чет эл санъатшунослари (И. Шчукин, Сакися, Б. Грей ва ҳоказо), уларнинг кетидан баъзи рус олимлари ҳам, қўлёзмани ўқимасдан, асарни тахминан таҳлил этиб, расмни «Мутасаввуфлар боғда» деб атаганлар. Ваҳоланки, устоз Ҳамид Сулаймоннинг асар мазмунидан келиб чиқиб аниқлашича, расм достоннинг сўнгги эпизодларидан бири, яъни Навоий тугалланган «Хамса»ни устози Жомий ҳузурига олиб келиб, Маҳдум асар варақлар экан, шоир буюк илкдошларни хаёлан боғда кўргани тасвирланади:

Кўруб ўзни бир тоза бўстон аро.
Қилиб гашт боғу гулистон аро.

Чу Саъдию, Фирдавсию, Унсурий,
Саноию, Хоқонию, Анварий.

Анга тегурким шайху пайрав эди
Ки, яъни Низомию Хусрав эди.

Расмда анъанавий ярим доирада Низомий, Фирдавсий, Хусрав Деҳлавий, Шайх Саъдий, Саноий, Анварий ва Ҳоқонийлар, Низомийнинг ёнида Жомий ва Навоий алоҳида ўлтиришипти, Ҳасан Деҳлавий эса тик турипти. Осмонда 3—4 кунлик ой, юлдузлар, адирлик, гуллаб турган мева дарахтлари, юқоридан сув оқиб келиб, ўтирганлар ёнидан, Анварий ва Хоқонийлар олдидан ўтади (шу ўринда сувнинг қора бўёқда берилишини изоҳлаш лозим, деб топдим: даставвал сувни табиий кумуш бўёқда тасвирлаганлар, вақт ўтиши билан кумуш қорайган). Юқоридаги ўнг бурчакда достон охиридан уч байт берилган. Пастки байт жадвали ичида «амали Қосим Али» сўзлари қизил сиёҳда ёзилган (Қосим Али — Беҳзод шогирдларининг бири). Аммо кўпчилик санъатшунослар, айниқса, И. Шчукин миниатюра бу Музаҳҳиб мўйқаламига мансуб эмаслиги, ёзув эса кейинча битилганини таъкидлайди, мен ҳам шу фикр тарафдориман.

«Садди Искандарий» 1485 йили, шоир 44 ёшда эканида тамомланган, қўлёзма ҳам ўша йили кўчирилган, расм ҳам шу вақтда ишланган. Лекин шуниси қизиқки, куч-қувватга тўлган шоирнинг соқол-мўйлаби оппоқ этиб тасвирланган. Ваҳоланки, Низомий «Хамса»сидаги расм бундан ўн йил кейин чизилган бўлса-да, Навоий кекса этиб тасвирланмаган. Фикримча, шоирлар даврасидаги Навоийнинг оқсоқол этиб тасвирланиши етуклик рамзи билан боғлиқ бўлса керак.

«Садди Искандарий»даги расмда шоир ўз асарини буюк устозлар муҳокамасига олиб келган ва уларга ҳурмат юзасидан бошини қуйи солиб, эҳтиром билан ўлтирипти, Низомий билан Жомий эса қўлларини ҳаракатга келтириб сўзлашмоқдалар. Бу суратда Навоий узун енглик яшил чакмонда (енгининг узунлиги сўфизм таълимотига амал қилиб, дунё ташвишларидан қўл силкитишнинг белгиси.) Бу расмдаги Навоийнинг қиёфаси Маҳмуд Музаҳҳиб ишлаган машҳур тасвирга анча ўхшайди. Миниатюрани Беҳзод шогирдларининг бири, демак шоирнинг ўзи вояга етказган мусаввир ишлаган.

Деҳлидаги миллий музей залларининг бирида «Навоий ва Жомий. Беҳзод иши» деб аталган расм топилди. Унинг рангли слайдини 1977 йили Ҳамид Сулаймон Ҳиндистондан олиб келдилар. Расмда оқ соқолли икки нуроний шахс суҳбатлашиб ўлтириптилар. Пастроқда, ҳовузча атрофида, чап томонда иккита ва ўнг томонда битта одам ўлтирипти. Эшик олдидаги панжара тўсиқ олдида қора танли ғулом бола ва ёш ўғлон туриптилар. Расмда ҳаммаси бўлиб 9 шахс тасвири берилган. Булар орасида гиламчада ўлтирган икки кекса бизнинг диққатимизни жалб этди. Улар юз тузилиши, кийим-кечаги, ўлтириш усули ва умуман ҳамма томонлама олганда XV асрда Ҳиротда яшаган икки буюк шахс — Жомий ва Навоийга ўхшайди. Ҳар иккала қиёфа юқорида айтилган «Садди Искандарий» охирида берилган «Навоий буюк шоирлар ўртасида» деб номланган расмдаги Жомий ва Навоийга жуда ўхшайди. Аммо санъат, маҳорат, бўёқлар, чизиқлар нафислиги жиҳатидан XV аср миниатюраларидан анча тубан туради. Расмда ҳеч қандай ёзув йўқ, «Навоий ва Жомий. Беҳзод иши» деган маълумотни қаердан олдинглар, деган саволга музей ходимлари жавоб беролмадилар. Фикримча, бу миниатюра XV асрда ишланган бирор асардан кўчирма ёки кейинги даврда унга тақлидан ишланган бўлса керак.

Буюк Британия қироличаси Елизавета II нинг Виндзор қасри кутубхонасида Навоий асарларининг Султон Али Машҳадий кўчирган икки қўлёзмаси сақланаётганини 1968 йили профессор Ҳамид Сулаймон аниқладилар ва улардаги расмларнинг рангли слайдини олиб келдилар. Бу асарларнинг бири терма девон, иккинчиси «Хамса», ҳар иккаласида ҳам бадиий безакли ва мўъжаз расмлар бор эди. Девонни 1872 йили Бухоро амири Ҳиндистондаги инглиз губернатори орқали қиролича Викторияга тортиқ сифатида юборган, «Хамса» эса Бобурийлар кутубхонасидан чиққан эди. Бизни «Хамса» қўлёзмаси қизиқтиради.

Мўъжаз расмлар одатда «Лайли ва Мажнун», «Фарҳод ва Ширин», «Сабъаи Сайёр» ва «Садди Искандарий» достонларига ишланиб, «Ҳайрат ул-аброр»га камдан-кам расм ишланган. Виндзор қўлёзмасида эса аксинча, фақат шу достонгагина тўрт расм ишланган. 7а варақдаги суратда Султон Ҳусайн ҳузурида базм тасвирланиб, сарой аҳллари, чет эллик меҳмонлар, овчилар, созандалар, зиёфатга ҳозирлик кўраётган ғуломлар… Адир этагидаги майсазорда шоҳона чодир тикилган, унинг тагида сўри, унинг устида оддийгина тахтда қўлида коса ушлаган Султон Ҳусайн ўлтирипти. Унинг олдида қўлида очиқ китоб ушлаган, қадди букилган, оппоқ соқолли кекса ялангоёқ одоб сақлаган ҳолда Султонга нимадир демоқда. Ўнг томонда оқ соқолли, жигарранг камзул устидан мовий чакмон кийган кекса ва яшил тўнли одамлар ўлтирипти.

Расмнинг юқорисида 5 байт матн бор, унда:

Хон келибон ҳам ато, ҳам от анга.
Фақр оти бирла мубоҳот анга.
Турки мўғул қуллари хонлар анинг.
Мулк диҳи, мулкситонлар анинг.
Қуллуғи хонларга келиб фарзи айн,
Хонлару шаҳлар шаҳи Султон Ҳусайн, —

мисралари бор, лекин сўнгги мисрадаги Султон Ҳусайн номи ўчирилган.

Расмдаги бизни қизиқтирган шахсларга келсак, ким Султон ҳузурида бўлиши мумкин эди, деган савол туғилди. Навоий давридаги энг кекса ва атоқли шоир Лутфий бўлиши керак. Сўрининг ўнг томонида ўлтирган икки кишига келсак, «хонлару шаҳлар шаҳи» ҳузурида бемалол суҳбатлашиб ўлтириш ҳуқуқига ким эга бўлиши мумкин эди, фақат устоз, пир ва энг яқин дўст. Сарой адабига кўра, шоҳ ҳузурида ўлтириш фақат маълум даражадаги шахсларга илтифот этилган, холос. Ана шу мулоҳазалардан ва оқсоқол кексанинг Жомийнинг кўпчилик тасвирига айнан ўхшашлигини назарда тутиб, унинг Жомий эканлигини аниқ деб топдик. Энди ҳазрати маҳдум ёнида Навоийдан бошқа ким бемалол суҳбатлашиб ўлтириши мумкин? Бундан ташқари, Султон Ҳусайн базми мамлакатдаги шоҳдан кейинги эътиборли шахс ва энг яқин дўст бўлган Алишер Навоийсиз ўтишини тасаввур этиб бўлмайди.

Қўлёзмани синчковлик билан ўрганган профессор Ҳамид Сулаймон қўлёзмага берган тавсифда «бу ажойиб қўлёзма Ҳиндистонда Бобурийлар кутубхонасининг мулки бўлиб, авлоддан авлодга ўтиб келган. 1а варақда «соҳибқирон Шаҳобиддин Муҳаммад Шоҳижаҳон подишоҳи Ғозий, 1038» деб ёзилган, ўша варақдаги муҳрда «Оламгир подишоҳ» (яъни Аврангзеб) сўзлари бор, дейилган. Демак, нусхани Бобурийлар кутубхонасидан инглизлар олиб кетган. Колофонда ёзилишича, китоб Султон Ҳусайн «Шоҳ Абулғозий» учун тайёрланган. Афсуски, XV асрда Ҳиротда Камолиддин Беҳзод ва унинг шогирдлари томонидан ишланган мўъжаз расмлар Ҳиндистонда ўз услубларига мослаштириб қайта ишланган, лекин асосий шахслар — Султон Ҳусайн, Лутфий, Жомий, европалик меҳмон эски ҳолатича сақланиб қолган. Фикримнинг исботи сифатида қуйидаги далилларни келтираман: саҳифанинг пастки қисмида қўпол хатда «шоҳ Султон Ҳусайн, амали Даҳанрож» ва расмдаги зинапояда «амали Даҳанрож» ёзувлари бор. Маълумки, Ҳирот санъаткорлари ўз номларини ҳеч қачон бундай бўрттириб, қўпол равишда ёзмайдилар, аксинча, камтарона яширадилар, ёки умуман кўрсатмайдилар. Ҳақиқатан, пастда турган оқ рангли ов ити ёпинчиғининг гули орасида «Раҳимий» исмини топдим. Демак, расмнинг асли ижодкори Раҳимий. Бундан ташқари, қўлёзмадаги бошқа расмлар ҳам (ҳаммом тасвиридан ташқари) худди ана шундай «тузатилган», уларда кейинги бўёқлар бироз тўкилиб, остидан Ҳиротда ишланган тасвир кўриниб турипти.

Лондондаги Британия музейида бадиий қўлёзманинг ажойиб намунаси бўлган Низомий Ганжавий «Хамса»сининг Ҳиротда кўчирилган нусхаси сақланади. Унда Беҳзод ва унинг мактабига мансуб бўлган 21 мўъжаз расм, шамс, лавҳа ва унвонлар бор. 1б ва 62б варақлардаги ёзувларга биноан китоб сарой амалдорларидан бўлган Амир Али Форсий барлос буюртмаси билан тайёрланган. Қўлёзма Бобурийлар сарой кутубхонасидан чиққан бўлиб, ўз даврида Жаҳонгир подишоҳ (1605—1628) ва кейинчалик санъатшунос олимлар қўлёзма расмлари устида кўп тадқиқотлар олиб борганлар.

«Низомий «Хамса»сига ишланган расмлар» мураққаъси устида иш олиб борар эканман, диққатимни 214а варақдаги расм жалб этди. Қизиғи шундаки, 214а ва 37б варақдаги (мен уни «Султон Ҳусайн ҳузурида ёш жангчи қасамёд этмоқда» деб номладим) расмларнинг Низомий достонлари мазмунига ҳеч қандай алоқаси йўқ, шунинг учун бўлса керак, шоҳ Жаҳонгир ҳам, санъатшунослар ҳам уларни тадқиқотларидан четда қолдирганлар. 1969 йили Англияда чоп этилган откриткада эса 214а варақдаги расмни «Искандар донишмандлар даврасида» деб атадилар.

Миниатюра устида ишлар эканман, унда тасвирланган уч шахс жуда таниш туюлди. Боғ, гуллаган дарахтлар, гуллар, ҳашаматли бино, панжара девор, эшик нимтасвирида гиламлар устида анъанавий ярим доира шаклида саккиз нафар нуроний кексалар суҳбатлашиб ўлтириптилар. Олдиларида китоблар, астурлаб асбоби, марказда сууба (иситувчи мослама). Бизни марказдаги настарин (сирень) ранг кўрпачада болишга суянган ҳолда ўлтирган 40—50 ёшлар чамасидаги одам қизиқтирди. Устида узун енглик яшил чопон, ичида қизил камзул, гулдор дўппи устига бежиримгина салла ўралган. У киши чап томонда ўлтирган, жигарранг тўнлик, гапираётган оқ соқол кексани диққат ва эҳтиром билан эшитмоқда. Жигарранг тўнлик бу кекса Жомийнинг бошқа аниқ расмларига айнан ўхшайди. Яшил тўнликнинг ўнг томонида эса қора чопон кийган, оппоқ соқоллик жуда қари одам ўлтирипти. У Виндзор «Хамса»сидаги, «Султон Ҳусайн ҳузурида базм» суратида шоҳ олдида тик турган одам, яъни Лутфийнинг айнан ўзи.

Ярим доирада ўлтирганларнинг марказидаги яшил чопон кийган одам тасвирини кўрар эканман, ўша ондаёқ кўз олдимга Леванд нашр эттирган расм келди. Бу расмдаги одам қиёфаси, ёши, соқол-мўйлабининг шакли, ранги Туркиядаги расмнинг айнан ўзи бўлса, кийим-кечаги, ўлтириш усули Бадиуззамон қўлёзмасидаги Навоий суратига ўхшайди. И. Шчукиннинг маълумот беришича, Маҳмуд Музаҳҳиб ишлаган портретда ҳам шоирнинг соқол-мўйлаби қизғиш.

XV аср охирги чорагида Ҳиротдаги тарихий шароитни кўз олдимизга келтирсак, Навоийдан ўзга ким ўзидан ёш жиҳатдан катта бўлган уламо-фузало, олим, шоирларни ўз ҳузурига тўплаши мумкин эди? Агар шу ўринда бирор амалдор бўлса, у ҳеч қачон шунчалик камтарона кийинмаган, атрофидагиларга шунчалик диққат ва эҳтиром билан муносабатда бўлмас эди. Юқоридаги ҳамма мулоҳазалардан келиб чиқиб, Британия Музейидаги Низомий «Хамса»сининг 214а варағида ҳазрат Алишер Навоийнинг етуклик даври тасвири берилган, деган хулосага келдим.

Қўлёзма яхши сақланган, унда хаттот номи ва яратилиш тарихи кўрсатилмаган, лекин 214а варақдаги расмда тасвирланган бинонинг иккинчи қавати ойнаси пештоқига майда ёзув билан «тарих сана сомония» дейилган. Агар бу абжад ҳисобини санага айлантирсак, 900 ҳижрий, яъни 1494 йил ҳисоби чиқади. Демак, расм Навоий 53 ёшда эканида чизилган.

Британия Музейидаги «Хамса» 214а варағидаги суратга ўхшаган расм Амир Хусрав Деҳлавийнинг Ленинграддаги Салтиков-Шчедрин номли Давлат халқ кутубхонасида сақланаётган «Лайли ва Мажнун» достони 5а варағига ҳам ишланган. Бу қўлёзма ҳам Ҳиротда XV аср охирида китобат этилган, афсуски, тарихи йўқ. Китобни Султон Али Машҳадийнинг шогирди Султон Муҳаммад Ҳиравий кўчирган. Китобдаги бадиий безаклар ва етти расмни Беҳзод ва унинг яқинлари яратганлар. Етти расмнинг биринчиси 5а вараққа ишланган. Чинор дарахти, қизил панжара, шинам бино олдида олти киши ярим доира бўлиб ўлтириптилар. Уларнинг олдида очиқ китоб устида бош эгиб иззат сақлаб бир ёш йигит ўлтирипти. Ярим доира марказида яшил чопонда, қора дўппи устига оқ салла ўраган 45—50 ёшлар чамасидаги кулча юзлик, қобоқлари кенг, қизғиш соқол-мўйлаблик бизга таниш одам ўлтирипти. Чамамда, ёш шоирнинг асари муҳокама этилмоқда. Марказдаги одам Туркия ва Британия музейи миниатюраларидаги портретнинг айнан ўзи. Ҳар уччала расм буюк шоирга яқин бўлган, ўзи тарбиялаб етиштирган мусаввирлар томонидан чизилган. Натижада, Навоийнинг олтита тасвири борлиги аниқланди.

Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида Навоийнинг «Наводир ун-ниҳоя» девонининг XV асрнинг 80-йилларида Султон Ҳусайн учун тайёрланган қўлёзмаси сақланади. Девонни Султон Али Машҳадий кўчирган, аммо уни безаган, расмлар ишлаган санъаткорларнинг оти йўқ. Китоб бадиий безаклик, 6 мўъжаз расм ҳам бор, аммо улар яхши сақланмаган, кўп жойларга бўёқлар тўкилган. 29а ва 97а варақларда бир ёш, кулча юзлик йигит тасвирланган, ҳар иккаласида ҳам ой юзлик гўзал шоир сурати чизилган. Буларни ҳам Навоийнинг йигитлик чоги, деб тахмин қилиш мумкин.

Изланишлар ва топилмалар натижасида инсонпарвар, олижаноб, файласуф, олим, тенги йўқ шоир, буюк Инсон Низомиддин Алишер Навоийнинг ўзидан чизилган ва у киши назаридан ўтган тасвирлари топилди. Ишонамизки, замонамиз мўйқалам соҳиблари бундан кейин ана шу мўъжаз расмлар асосида шоирга арзигулик портрет ва ҳайкаллар яратадилар.

Англияда сақланаётган ва Навоийнинг ўзидан ишланган тасвир, деб ойнаижаҳон орқали эълон қилинган расм XVI аср Шероз мактабига тааллуқли бўлиб, «Мажолис ун-ушшоқ»қа ишланган, унинг шоирга ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Фозила Сулаймонова, филология фанлари доктори

«Гулистон» журнали, 1990 йил, 2-сон