Ўзбек халқининг атоқли фарзанди Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг қисқа ҳаёти давомида катта адабий ва илмий мерос қолдирди. Унинг мусиқа ва ҳарбий ишга доир рисолаларидан бошқа ҳамма асарлари бизгача етиб келган. Булар орасида адибнинг шоҳ асари «Бобурнома» алоҳида аҳамият касб этади.
«Бобурнома» ўзбек классик адабиётидаги насрий асарларнинг етук намунаси, XV—XVI аср адабий тилининг нодир ёдгорлигидир. «Бобурнома» Ўрта Осиё, Афғонистон ва Ҳиндистон халқлари тарихи бўйича қимматбаҳо маълумотлар манбаи сифатида салкам беш асрдан буён тарихчилар, шарқшунослар, этнографлар, иқтисодчилар, тилшунос, адабиётшунослар ва умуман илммаърифат аҳлларини баҳраманд қилиб келмоқда. Шу боисдан асар XVI асрдан бошлаб форс, голланд, француз, инглиз, немис, рус, ҳинд, усмонли турк тилларига таржима қилинган.
Бобурнинг набираси Акбаршоҳ топшириғи билан «Бобурнома» XVI асрда Ҳиндистонда уч маротаба форс тилига ағдарилди. Дастлабки икки таржима Акбарни қаноатлантирмагач, унинг топшириғи билан Бобур лашкарбошиси, шоир Байрамхоннинг ўғли, шоҳнинг яқин дўсти Абдураҳимхон 1589 йили учинчи ва энг муваффақиятли таржимани амалга оширади. Асарнинг асли ўзбек тилидаги нусхасининг қадимий қўлёзмаси бизгача етиб келмаган, бизга ҳозирда Ҳиндистоннинг Ҳайдаробод шаҳридаги Салоржанг музейида сақланаётган, XVI асрда кўчирилган қўлёзмасигина маълум холос.
«Бобурнома»нинг форсий таржимаси қўлёзмаларидан мўъжаз расмлар билан безатилган уч нусхаси бизгача етиб келган. Уларнинг бири Лондондаги Британия музейида сақланади, афсуски, унда кўчириш тарихи кўрсатилмаган. Аммо, қоғоз, хат услуби, айниқса мўъжаз расмлар услубига биноан уни XVI асрнинг охирги чорагига тааллуқли деб ҳисоблаймиз. Ушбу қўлёзмада (инвентар рақами 3714, 528 варақ) Ўрта Осиё, Хуросон ва Ҳиндистон рассомларининг мўйқаламига мансуб бўлган 96 та ажойиб мўъжаз расмлар бор. Буюк Акбар кутубхонаси учун тайёрланган ушбу китобни инглизлар Ҳиндистондан, Бобурийлар саройи кутубхонасидан олиб кетганлар.
Иккинчи қўлёзма Янги Деҳлидаги Миллий музейда (инвентар рақами 50336, 378 варақ) сақланмоқда. Бу қўлёзма 1598 йили китобат этилган бўлиб, 183 та мўъжаз расм билан безатилган. Хати гўзал, йирик настаълиқ, лекин хаттот номи кўрсатилмаган. Бу қўлёзма учун ишланган миниатюралар мусаввирлари Лондон қўлёзмасидагиларнинг айнан ўзлари, мавзу жиҳатидан ҳам икки қўлёзма расмлари бир-бирига яқин.
«Бобурнома»нинг яна бир нусхаси Ҳиндистоннинг Алвар шаҳридаги Давлат музейида (инвентар рақами 2) сақланаётганини домла Ҳамид Сулаймон аниқладилар. Бу қўлёзмалар Алвар маҳаражаси Жей Санг мулки бўлиб, мамлакат мустақилликка эришгач, жаноб Жей Санг саройи, кутубхона ва нодир санъат буюмларини давлатга топширган ва шу мулк асосида Алвар Давлат музейи ташкил этилган эди. Алвар «Бобурнома»си ҳам форс тилида бўлиб, 457 варақдан иборат, хаттоти Али ал-Котиб. Қўлёзма яхши сақланган. Китоб ҳошияси абри баҳор услубида безатилган, унда 18 та мўъжаз расм бор. Лекин нима учундир миниатюралар қўлёзманинг иккинчи ярмига ишланган, улар, асосан, Ҳиндистонга бағишланган боблар воқеаларини акс эттирадилар. Домла Ҳамид Сулаймон қўлёзмага тавсиф берар эканлар, «тарих 937-1530» деб ёзадилар. Бу ерда қандайдир англашилмовчилик рўй берган бўлса керак. 1530 йил Бобур вафот этган йил, асарни форс тилига ағдариш ҳақида ҳали ҳеч гап йўқ эди. Иккинчидан, асарни безовчи мўъжаз расмлар ХVII-ХVIII асрдаги ҳинд услубида ишланган. Балки хаттот Али ал-Котиб колофонда асар аслининг тамом бўлиши йилини ёзган бўлиши мумкин, деган фикрга келдик.
Юқорида зикр этилган уч безакли қўлёзмадан ташқари, «Бобурнома»нинг XVI асрда кўчирилиб, ҳозир йўқолиб кетган яна бир форсий нусхасидан йиртиб олинган, Москвадаги Шарқ халқлари маданияти музейининг мулки ҳисобланган 69 та алоҳида миниатюралар ҳам бор. Уларни 1960 йили санъатшунос олим, проф. С. Тюляев Москвада нашр эттирган эди.
«Бобурнома»нинг бизга маълум бўлган мўъжаз расмли уч мўътабар қўлёзмадан энг яхши сақлангани Лондондаги Британия музейиникидир. Бу қўлёзмадаги мўъжаз расмлардан айрим намуналар аввал чет эллик санъатшунос олимлар ва домла Ҳамид Сулаймон томонидан чоп эттирилган. 1970 йили эса Британия музейи қўлёзмаси миниатюралари тўлиқ мураққаъ сифатида домламиз томонидан нашр эттирилди. Эндиликда «Бобурнома»га ишланган расмлар» мураққаъси Деҳли ва Алвар қўлёзмалари расмлари билан бойитилган ҳолда «Фан» нашриёти томонидан ГДРда 1991 йилда чоп эттирилмоқда.
Беҳзод ва унинг шогирдлари ижодида юксак босқичга кўтарилган китобат санъати XVI аср бошларидаги маҳорабалар натижасида вужудга келган нотинчликлар даврида уч ўлка — Ўрта Осиё, Эрон ва Ҳиндистонга кўчди. Миниатюра санъатининг такомили бундан кейин шу мамлакатларда давом этди, уларда Ҳирот мактабининг энг илғор анъаналари маҳаллий санъаткорлар маҳорати билан бойитилган ҳолда янги мазмун, янгича шакл касб этди.
XVI—XVII асрлардаги ҳинд миниатюралари кўпчилик олимлар томонидан «Буюк мўғуллар миниатюраси» деб номланиб келинмоқда. Тарихий ҳақиқатга зид бўлган «Буюк мўғуллар» ибораси ўрнига «Бобурийлар даври миниатюраси» деган янги иборанинг илмда қўлланилишини илмий жиҳатдан тўғри ва адолатли деб ҳисоблаймиз. Бобур ва Бобурийлар даврида Ўрта Осиё билан Ҳиндистон ўртасида иқтисодий ва маданий алоқалар кенг кўламда ўрнатилди, бу жараён ҳинд маданиятини янгича юксалиш йўлига бошлади. Хусусан, Бобурийлар даври ҳинд миниатюраси Темурийлар, Сафавийлар ва Ўрта Осиё санъат мактаблари билан маҳаллий ҳинд китобат санъати анъаналарининг ижодий қоришмаси сифатида дунёга келди.
Бобурнинг ўғли Ҳумоюн Шоҳ Тахмасп Сафавий саройидан, Табриздан Ҳожа Абдусамад Шерозий ва Мир Саид Али Табризийларни Ҳиндистонга олиб кетади. Беҳзоднинг шогирди Мир Саид Али ҳинд миниатюрасига Ҳирот мактаби анъаналарини олиб кирса, Хожа Абдусамад Эрон мактаби анъаналари билан уни бойитди. Бобурийлар даври санъати ривожига айниқса Акбар катта ҳисса қўшди. Шоҳ фармони билан Ҳирот, Эрон ва Туркистондан 50 санъаткор Деҳлига таклиф этилди, Амир Ҳамза ривоятлари 12 жилдга жамланиб, 1700 мўъжаз расм ва Темурийлар сулоласи тарихи ёзилиб, 140 расм билан безатилган қўлёзмалар таёрланди. Бу воқеа китобат санъати ривожи соҳасидаги бошланғич қадам эди. Санъат ривожидаги фаолиятида Акбар бундан — кейин ҳинд санъаткорларини ҳам жалб этади. Ҳинд рассомлари ҳиротлик ва табризлик устозлардан таълим оладилар, натижада Ҳирот, Эрон ва Туркистон рассомлик анъаналарини ўзида мужассамлантирган ҳинд мактаби дунёга келади.
Ҳинд рассомлари эски анъана тусини олган диний шартлиликдан чекиниб, асарларига портрет жанри, қаҳрамоннинг ички дунёсини бера билувчи асарлар яратишга, кўп йўналишли табиат манзараларини турли бўёқларда бериш, нақшин саҳифалар яратишга ўтадилар. Бобурийлар даври китобат санъати ҳинд миниатюра санъатининг янги намунасини ташкил қилди ва юқори нафосат ҳам балоғат босқичига кўтарилди.
ХVI-ХVII асрларда ҳинд маданиятининг тараққиётига Бобурийлар жуда катта ҳисса қўшдилар, шу даврда яратилган санъат мўъжизалари ҳанузгача мухлисларни ҳайратга солиб келмоқда. Буларнинг барчаси жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий шароити билан бир қаторда Бобурийларнинг маърифатпарварлиги ва юксак нафосат оламлари билан изоҳланади. Акбаршоҳнинг вазири Абул Фазл «Ойини Акбарий» асарида Акбар ёшлигидан тасвирий санъат — нафосат ва гўзалликнинг муҳим соҳаси деб ҳисоблаб, унинг тараққиётига катта аҳамият бергани ҳақида ёзиб, «ҳинд рассомларининг деталлардаги аниқлик, расмдаги умумий тугалланганлик, бўёқлар монандлиги, ижродаги балоғат маҳоратини» таъкидлайди.
Британия музейи ва Янги Деҳли музейида сақланаётган «Бобурнома» қўлёзмаларига ишланган расмлар мавзу ва услуб жиҳатидан бири бирига яқин. Ҳар иккала қўлёзмага ишланган мўъжаз расмларни бир хил мусаввирлар чизганлар. Деҳли қўлёзмасида фақат Лондонникида бўлмаган уч рассом номини — Муҳаммад Кашмирий, Мукро ва Баҳкванларни аниқлашга муваффақ бўлдик. Ҳар иккала қўлёзма расмларини ишлашда 44 йирик санъаткор қатнашган бўлиб, уларнинг кўпчилигини ҳиндлар ташкил этган, энг кўзга кўринганлари — Кесу Гужаротий, Рас, Даҳнирож, Сангар Гужаротий, Сарун, Тарё, Баҳвоний, шунингдек туркистонлик ва эронлик Устод Мансур, Иброҳим наққош, Абдуллоҳ, Фарруҳбек, Жамшид, Иброҳим Қаҳҳор ва бошқалар.
Ҳайвонот дунёсини тасвирлашда Устод Мансур беназир эди, бу соҳада ҳеч ким унга тенглаша олмаган. «Бобурнома»даги Ҳиндистон табиат манзаралари ва ҳайвонот дунёсини акс эттирувчи 36 суратнинг кўпчилиги Устод Мансур мўйқаламига мансуб бўлиб, улар ҳаётийлиги билан ажралиб туради.
«Бобурнома» расмларининг мавзуи жуда бой. Уларнинг фақат 20 таси ҳарбий юриш ва жанг лавҳаларини тасвирласа, қолганларида тарихий воқеалар, турмуш манзаралари, ов, зиёфат, Ҳиндистоннинг ҳайвонот ва наботот дунёси ёрқин бўёқларда тасвирланган. Умуман, «Бобурнома» суратлари мавзу танлаш, воқеаларнинг жонли берилиши ва ҳаққонийлиги билан кишини мафтун этади. Умуман олганда, ҳинд санъаткорларининг маҳорати жуда кучли, улар нафосатни, расм ва бўёқлар мувозанатини сезиш ва рангларни танлай билиш қобилиятига эга бўлганликлари туфайли даврнинг руҳи ва гўзаллигини аниқ шаклда гавдалантира олганлар.
Бобурийлар даври мўъжаз рассомчилиги бошқа мактаблар услубидан мустақиллиги, нафосат талаблари билан ажралиб туради. Шарқ миниатюрасининг шартлилиги, яъни кичик сатҳда бутун бир воқеани тасвирлаш, текислик услубида расм чизиш кабилардан «Бобурнома» рассомлари моҳирлик билан фойдаланганлар. Мураккаб воқеаларни кўринишларга ажратиб, уларни саҳифанинг пастидан юкорисига қараб жойлаштирганлар (масалан, Бобурнинг Хонзода бегим билан учрашувида тўрт манзара акс этган).
«Бобурнома» расмларида мусаввирлар ҳамма ўринда ҳам ҳиндистонликларга хос қаҳра монларни яратдилар, одамларнинг юзи, кўзи, соқол-мўйлови, кийим-кечаги асли ҳиндча. Афсуски, ҳинд рассомлари «Бобурнома»нинг Мовароуннаҳр ва Хуросон қисмига оид воқеаларни ҳаётий тасвирлай олмаганлар. Бобурнинг Андижонда тахтга ўтириши, Шайбонийларга қарши жанглари, Самарқанд, Ҳирот воқеаларини чизар эканлар, ҳаммасида Ҳиндистонга оид табиат, бинолар, одамлар тасвирланган.
«Бобурнома» қаҳрамонлари орасида кўпчиликни асарда номлари тилга олинган тарихий шахслар эгаллайди, айниқса асосий ўринни Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг сиймоси ишғол қилади. Бу, албатта, табиийдир — 129 мўъжаз расмдан 72 тасида Бобур турли ҳолатларда тасвирланган. Шуниси муҳимки, ҳамма ўринда ҳам — жанг, ов, зиёфат, давлат ишларини бажаришни тасвирловчи суратларда бир киши қиёфаси ифодаланган. Бобур уларда куч-қувватга тўла, иродали, жасур, айни вақтда меҳрибон қалбли, нигоҳидан нур ёғилиб турган, руҳий дунёси бой инсон сифатида гавдаланади. Уларнинг ҳаммаси шоирнинг боғда китоб ўқиб ўтирган пайтини тасвирловчи машҳур суратларга айнан ўхшайди.
«Бобурнома»га ишланган расмлар асар мазмунини китобхон томонидан янада чуқурроқ идрок этишга ёрдам бериш билан бирга китобхонга маънавий лаззат бахш этади. Афсуски, асарнинг ўзбек тилидаги қўлёзмаси — бадиий безакли нусхасининг биронтасини учратмадик.
«Бобурнома»га ишланган мўъжаз расмлар Самарқанд, Ҳирот, Бухоро, Табриз, Шероз ва маҳаллий ҳинд рассомлик мактабларининг энг яхши анъаналарини ўзига ижодий сингдирган ҳинд тасвирий санъатининг тенги йўқ нодир намуналари бўлиши билан бирга XVI аср охиридаги Акбаршоҳ даврида яратилган ҳинд миниатюра санъатининг юксак даражадаги янги услубини ҳам намойиш қилади. Бу ҳолат, ўз навбатида, Марказий Осиё халқлари ўртасидаги узоқ тарихга эга бўлган дўстлик ва ҳамкорлик анъаналарининг яна бир исботи, намойиши эканини кўрсатади.
«Гулистон» журнали, 1990 йил, 9-сон