Файзулла Қиличев. Исловатхона “маликалар”и (1988)

Ёки фоҳишабозлик ҳақида айрим мулоҳазалар

Аёллар ҳақида салбий сўз айтиш жуда оғир.

Халқимизда азалдан ўзига хос одат бор. Ўғил фарзанд вояга етгач уни уйлантириш ота-она қарзларидан бири ҳисобланиб келинган. Одатда бўлажак қудалар ўзаро келишиб олишганларидан сўнг маълум муддат (ойлар, ҳатто йиллар) тўйга тайёргарлик ва янги рўзғорни моддий базасини тузиш учун қолдирилган. Мана шу давр ичида бўлажак келин билан куёвнинг учрашувлари махсус ташкил қилинади. Кўпчилик олимларимиз, изланувчиларимиз ўз «асар»ларида ўзбек халқи ва одатлари ҳақида сўз юритганда йигит билан қиз тўйгача бир-бирларини мутлақо кўрмасдан, кўр-кўрона, ота-она ихтиёри билан уйланишганини ёзишади. Бу фикрлар кўпам тўғри эмас. Юқорида айтганимиздек, келин-куёв бир-бирини таниб олишида ўзига хос синовдан ўтиши учун имконият-учрашувлар ташкил қилинган. Бу учрашувлар «қаллиққа бориш», «қаллиқ ўйини» деб аталиб, ота-оналар ёки яқин қариндошлар томонидан ташкил қилинган. Шу учрашув — «қаллиқ ўйини»да йигит қизга яхши кийимлик, тақинчоқлар, ширинлик совға қилиб бориши одат бўлган. Бу одат ҳозирги кунга қадар ҳам айрим областларимизда (Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд) сақланиб қолган. Бошқа айрим регионларда (Тошкент, Фарғона водийси) бўлажак келин-куёвни бир-бири билан пинҳона учраштириш одати бор. Агар қиз йигитга ёқиб қолса, ўзи билан олиб келган совғаси — тоза кийимликми, нафис буюм ёки матоми қизга топширади.

Яна бир азалий «одат» борки, унинг тарихидан кўра, яқинроқ ўтмиши ва ҳозирги кундаги ҳолатидан фикрлашган маъқулдир. Чунки унинг давомчилари ҳаром йўллар билан умумхалқ дастурхонидан чегириб қолган молу-пулини қўлтиқлаб олиб, «қаллиқ» — суюқ оёқли қиз-жувонларни ахтариб умрини ўтказаётган бир гуруҳ шахслардир.

Мен прокуратура органларида кўп йиллик иш тажрибамда учратган жиноий ишларни, шикоят хатларини варақлаб, кўрган-эшитганларимдан шу хулосага келдимки, «тўқликка-шўхлик»дан келиб чиқадиган ҳаром қилиқлар анча томир отган экан.

Бу гуруҳ одамлар оиласи борлиги, ёши, жамиятдаги ўрни, мансабидан қатъий назар, ўйнаш тутади. Тўғри, мен ўйнаш тутишни оқламаган ҳолда, агар бу муносабатлар ўзаро муҳаббат, бир-бирига интилиш беғараз бўлса, ҳар бир инсон ҳаётининг, шахсий муҳокама қилиш ножоиз ҳисобланган томонини назарда тутмоқчи эмасман. Мен жазманини пул ҳукми билан сақловчи, текинхўрлик билан яшашга ўргатувчи, эл-халқ ва бола-чақа насибасидан чегириб бир фоҳишага обориб бериб, ўзича «қутуриб» юрганларни айтмоқчиман.

Аввало шу нарса маълумки, бирор эркак ўз меҳнати эвазига, пешона тери билан топилган пулга ўйнаш ахтармайди. Энг яхши даромад олувчи мансабдор ҳам ёлғиз бўлсаку «ҳай-ҳай», хотини, болалари бўлса, рўзғор эҳтиёжидан орттириб уй қуради, машина олади, дала ҳовлини обод қилади, сайру томошага боради, лекин ўйнаш ахтариб, уни сақлаб, боқиб, кийинтириб юришга сарфиёти етишмайди. Бундайлар бошқа шаҳарга командировкага, сафарга ёки дам олишга, даволанишга етиб борар-бормас кўзи аланг-жаланг, чўнтагини чангаллаганча жувон-фоҳиша ахтармайди.

Демак, аввало фоҳишабозликка интилувчи эркаклар, пул, қимматли совға-салом эвазига аёллар билан жинсий яқинлик қилувчи «куёв»лар ўғри, талончи, каззоб, давлат ва жамоат пулини ўмарувчилар ёки одамлар мулкини турли фирибгарликлар билан шилган жиноятчилардан иборат бўлади десак хато қилмаймиз.

Мен эркакларнинг фоҳишабозликдаги ролини мутлоқ қоралаган ҳолда, ҳаром ишдаги иштироклари, юқорида айтганимиз — ҳаром пул топишдаги жинояти соясида кўринмай кетишини эътиборга олиб, бу борадаги суҳбатимиз мавзуини фоҳишаларга қаратишни маъқул кўрдим. Маълумки, фоҳишабозликни фоҳишалар қилади, улар эса асосан — аёллардир.

Азиз ва мўътабар инсон — она ҳақида мадҳ айтавериб, адоғига ҳеч ким етиб боролмаган. Лекин шу номга даъвогар бўлатуриб, вақтинчалик кайфи-сафо йўлини тутиб, ҳатто фарзандларидан фаҳшни афзал кўриб кетган аёллар қанчадан-қанча эканлигига ишонасизми?

Бизда катта камчиликлар ёки томир отган жиноятлар ҳақида ҳам «онда-сонда учраб турадиган айрим ҳоллар, айрим инсонлар…» деб айтишга ўрганиб қолинган. Биз келтирмоқчи бўлган ҳолатлар, минг афсуски, «онда-сонда…» эмас-да! Бу нарса анча-мунча томир отган. Милиция, прокуратура, суд органларидаги том-том ишлар фикримиз далилидир.

Айниқса бирор жиноий ишга аралашиб қолган бузуқ аёлларнинг сўроқдаги кўргазмаси билан бораверсангиз «занжирли реакция»сининг нақд устидан чиқиб қоласиз.

Чилонзор районида яшовчи Гулчеҳра Т. ўз «фаолияти»ни жуда эрта бошлади. Ҳаётнинг бирор қиррасини билмай туриб, ёнидан ўтган эркак зотини бирортасини назардан қочирмас эди. Ўқиш, ўрганиш, меҳнат қилиш ҳисси унга ёт эди. Ҳалоллик билан бахт топишни хаёлига ҳам келтирмади. Ичкилик ва ишратга берилиб кетиб, ота-онани ҳам бевақт «гўрга тиқди».

Уч хонали данғиллама уй-жойда ёлғиз қолгач «фаолияти»ни авж олдириб юборди. Ўзига ўхшаган ахлоқсиз «дугоналар» ва ўғри-каззоб эркакларни йиғиб тонготаргача фоҳишабозлик билан машғул бўлди. Орада «ўйнаш»дан ўғил ҳам туғиб олди. Кўни-қўшнилар, милиция ходимлари уни огоҳлантиришар, жарима солишар, муҳокама қилишарди. Бошқа нимаям қилишсин, ахир қонунда бошқа жазо бўлмаса? Охир-оқибат уни оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишди, холос.

Хўш, Гулчеҳра паразитларча ҳаёт кечирди, неча ўнлаб ёшларни ёмон йўлга бошлади, қанча оилалар, тақдирлар инқирозига сабабчи бўлди, маҳаллани, қўни-қўшниларнинг юзини ерга қаратди. Аёл деган номга, она деган номга доғ туширди. Жазо эса…

Гулчеҳранинг қўшниси Ирина С. ҳам ундан қолишмади. Эри вафот этгандан сўнг кўп ўтмай унинг хотирасига хиёнат қилди. Болалари Лена ва Женя кўзи олдида мурдор ишларини бошлаб юборди. Гўдак болалар оналарини бегона одамлардан қизғаниб устига ташланганларида уларни аёвсиз савалади. Болаларни врачлар ўлимдан асраб қолишди. Фоҳишага айланган аёл она номидан маҳрум қилинди…

Фарғона шаҳрида Умида Д. исмли аёл маст ҳолда жамоат жойида тўпалон кўтарди, ашаддий безорилик қилди. Унинг қилмишига баҳо бериш мақсадида шахси ўрганиб чиқилди; бу аёлнинг ҳаммаёғи тиллага «беланиб» кетган экан. Уйи эса пул, қимматбаҳо буюмларга кон бўлиб кетган… Маоши атиги 70—80 сўм бўлган фаррош аёл бунча бойликни қаердан олган — эри билан ажралишганда унга радио, телевизор, холодильник ва бошқа рўзғор анжомлари теккан эди, холос. Олти ёшли қизи билан икки хонали уйда яшарди. Орадан саккиз йил ўтди. Шу давр мобайнида унинг уйи тўрт хонали бўлди. Аввал болахона, сўнг ҳовлида ҳаммом қурилди. Хоналарни чет эл мебеллари безади. Кийим шкафига кўйлаклари сиғмай қолди.

У хазина топганмикин деб ўйлаётгандирсиз? Йўқ! Терговда Умиданинг суюқоёқлик — фоҳишаликни ўзига касб қилиб олганлиги, устига-устак ҳали ўн гулидан бири ҳам очилмаган қизини «харидор»ларга қўшиб бераётганлиги аниқланди. Суд аввало, уни ягона қизига оналик ҳуқуқидан маҳрум қилди. Ҳаромдан йиққан молу-мулки мусодара этилди. Ўзи эса… қизининг номусига зўрлаб текканликда иштирокчи ва қўшмачи сифатида жиноий жавобгарликка тортилди. Қилмиш-қидирмиш… Адолатли ҳукм…

Хўш, Умида ўз хатти-ҳаракатлари билан жиноят йўлига кираётганлигини, ўзининг келажагини, қизининг бахтини оёқ ости қилаётганлигини билмасмиди? Йўқ, биларди, у ўзи танлаган йўлни жуда яхши биларди, аммо нафс балоси уни ҳаром-хариш комига йўллади, ору-номусни, шарм-ҳаёни унутди.

Унинг бузуқчилик кўчасига кириб кетганлигини шу пайтгача наҳотки қариндош-уруғлари, қўни-қўшнилари сезишмаган бўлсалар? Билишарди. Улар ўзларини билиб-билмасликка, кўриб-кўрмасликка олишади. Ана шу лоқайдлик туфайли фоҳиша аёлнинг ҳеч нарсадан тап тортмасдан кўнгилнинг истаган кўчасида юраверишлари учун шароит яратилди.

Лоқайдлик…      Дангал айтиш мумкинки, содир бўлаётган жуда кўп жиноятларнинг илдизлари, суриштириб келсангиз, охири шунга бориб тақалади;

Зарина Б. оқшом тушишини сабрсизлик билан кутар, бетоқат бўлиб соатига тез-тез кўз ташларди. Соат миллари эса жуда имиллаб юраётгандек туюлди унга. «Эҳ, тезроқ кеч бўла қолсайди!» — ўйлади у ичи қизиб.

Қаерга ошиқаяпти бу қиз? Тўйгами? Ёки дугонасиникига бормоқчими? Йўқ!.. У… «овига бормоқчи, фоҳишаликка!..

Шу пайт Заринанинг ичида кимдир «бу ниятингдан қайт, охири ёмон бўлади, ахир бир марта… эсингдан чиқдими?» дегандай бўлди. У бир дақиқа ўйга чўмди. Бу овоз унинг ёдига нохуш хотираларни солди: илгари «кўнгил очиш» пайтида қўлга тушгани, кўпчилик ўртасида мулзам бўлиб «Энди бундай номаъқулчиликни қилмайман», деб ваъда берганини эслади.

Қиз иккиланди, бир қарорга келолмай боши қотди. Шунда, беихтиёр кафтида ўйнаётган жарақ-жарақ пулларни тасаввур қилдию қора кўзлари чақнади: «Бораман».

У шахд билан йўлга тушди. «Дўстлик» меҳмонхонаси қаршисидаги ёруғда ўзини товлаб, нари-бери бориб келабошлади. Ва ниҳоят…

Унинг юрагида ғалати, ёввойи қувонч бош кўтарди. Ёнидаги ёши ўтиб қолган кишининг қучоғида эркаланар, хаёли эса «даромад»га эртаси куни нима харид қилиш билан банд эди.

Келинг, энди Зарина билан яқиндан танишайлик: у эндигина ўн етти ёшга кирди. Ота-онаси, акаси, сингиллари бор… Унда нима учун у бу нопок йўлга қадам қўйди? Унинг бу иш нақадар тубанлик эканлигига ақли етмайдими? Ёшлик қилаяптими? Ўз ҳаётини боши берк кўчага олиб кираяптику?

Унинг хатти-ҳаракатларининг боисини тушуниб олиш учун, кечаги кунларга қайтмасдан иложимиз йўқ.

Зарина бундан 3 йил бурун, аниқроғи 1984 йил ноябрь ойида ўз-ўзидан уйдан кетиб қолди. Ҳеч ким уни уришган эмасди. Кетганини уйдагилар ҳам билмай қолишди. Лена исмли дугонасиникига борди. Сўнг сайрга чиқиб кетишди. Лена бир группа йигитчалар билан таништирди. Кейин музика эшитишга таклиф қилишди. Озгина-озгина винодан татиб кўришди. Роса ўйинга тушишди. Сўнг эса… 7 кундан сўнг милиция ходимлари Заринани уйига элтиб қўйишди…

Эндигина ўн тўрт ёшга кирган қизнинг уйидан чиқиб кетиши таажжубга солади кишини. Модомики, шундай воқеа юз берган экан, демак бу хонадонда қиз учун оғир вазият вужудга келган деб ўйларсиз? Афсуски, йўқ. Лекин шуни айтиш керакки, бу пайтга келиб Заринанинг юриш-туришида ножўя қадам олишлар кўзга ташлана бошлаган эди. Уни-буни баҳона қилиб уйдан чиқар, ҳар хил таниш-нотаниш тенгдошлар билан кинога борар, подъездларни «обод» қилишарди. Ота-она, яқинлари тегишлича «тергамадилар», ҳар ким ўзининг иши билан банд бўлди.

Айни ўсмирликнинг нозик даврида қизнинг тақдирига бефарқлик, лоқайдлик қилинди. Мактабдаги кўпни кўрган тажрибали ўқитувчилар Заринанинг тарбияси устида астойдил қайғуришмади: ишлари фақат ота-она билан суҳбат ўтказиш, синф мажлисларида қизлар хулқи ҳақида насиҳатбозликдан нарига ўтишмади. Яъни, «…назорат ўрнатдик…», «…суҳбат ўтказдик…», «муҳокама қилдик…», «…ишлаб чиқдик…» дегандай сийқаси чиқиб кетган усуллар…

Энди воқеага қайтайлик. Милиция ходимлари Заринани уйга келтиришгач, кўп ўтмай мактаб маъмурияти шундай ҳужжатга имзо чекишди:

«…Зарина Р. қобилиятли, намунали хулқи билан ажралиб туради. Ўқишни яхши ўзлаштиради. Фаол жамоатчи, мёҳнатсевар… Топшириқларни виждонан бажаради. Меҳрибон ва ибратли ўқувчи, ҳурмати баланд…»

Бу ҳужжат… уни ҳунар-техника билим юртига жўнатиб мактабни эса «шаънига доғ тушишдан қутқариб қолиш» учун эканлигини сезган бўлсангиз керак.

Кўп ўтмай милиция бўлимидаги янги папкада мана бундай ёзувлар пайдо бўлди: «…Зарина ўта енгил табиатли, чекади, бир неча марта маст ҳолда бўлганлиги кузатилган. Саёқ қизларга қўшилиб бузуқлик қила бошлаган… Совға эвазига жинсий алоқа қилишда фош қилиниб огоҳлантирилган…» Узундан-узоқ ёзилган ҳужжатнинг охирида Зарина… фоҳиша деб аталган эди.

Бундай аҳволга олиб келган умумий сабабларга кейинроқ қайтиш мақсадида яна Зарина ҳақида тўхталайлик: бу 17 яшар навниҳол қиз катта хатога йўл қўйди. У ўзида уйғонган енгил ҳавасларга, майлларга қул бўлиб қолмаслиги, қайтанга уларни жиловлаб ўзининг маънавий қиёфаси учун курашиши керак эди. Аммо унда ирода етишмади. Енгил ҳаётга интилди. Турли ерларда учраб турадиган суюқ оёқ аёл-қизларни ўзига раҳнамо деб билди. Бунинг оқибати унинг ўзи учун ҳам, ота-она, ака ва сингил, мактаб учун ҳам ёмон бўлди. У барвақт номусини йўқотди. Сўнгра эса нафси «ғовлай» бошлади: танасини пуллашга ўтди. У келажагини барбод қилди, наҳс ботқоғига ботди. Энди орқага йўл йўқ. Фақат олдинда, унинг ўзига кўпроқ боғлиқ бўлган бир қанча йўллар турибди. Қайси бирини танлаш эса…

Фоҳишабозлик русча «проституция» деб аталиб, бу лотинча prostituo яъни шарманда қиламан, номусдан ажратаман, деган маънони билдиради.

Яқин-яқин вақтларгача мамлакатимизда «фоҳишабозликка чек қўйилган, бизда бу иллат йўқ» деб келинди. Муаммо устидаги «оқ парда»ни олиб ташламоқчи бўлган айрим жонсарак кишиларнинг «оғзига урилди». Бу ёлғон ростгўйлик устидан ҳукмрон бўлган, ҳақиқат камалакдай эгилиб, синай-синай деб турган даврлар эди. Таажжубки, кўпчилик «жиловдор»лар учун шуниси маъқул эди. Ўйлашга, бош қотиришга ҳам ўрин йўқ. Фоҳишалар ва улар атрофидаги «арвоҳ капалаклар» сафи эса гуркираб ўсар, борган сари кўпаярди.

Фоҳишабозликнинг илдизи қадим-қадимларга, деярли инсон онгли ҳаётга қадам қўйган кундан бошланган, десак хато қилмаймиз. Бу иллатни «онгли ҳаёт»га тақаганимизнинг боиси шундақи, фоҳишабозлик ҳам онгли равишда қилинадиган ҳаракатдан иборатдир. Ҳаётий мисоллардан бирига мурожаат қиламиз:

Музлатиш комбинатида секретарь-машинистка бўлиб кўп йиллар ишлаб келган Р. С. Виленскаяни коллективда иззат-ҳурмат билан пенсияга кузатишди. Бу серҳаракат ва мулозаматли аёл ишбилармонлиги билан ажралиб турарди. Уни кўпчилик ҳанузгача ҳурмат билан эслайди.

Аммо…

Кейин маълум бўлишича, Виленская ишда бошқаю, уйда — шахсий ҳаётда бутунлай бошқа аёл экан. У Чилонзор районида жойлашган кўп қаватли уйнинг 3 хоналик квартирасида ёлғиз яшарди. Эри ўлиб кетган. Ягона қизи турмуш қуриб, чиқиб кетган эди. Қўни-қўшнилари вақти-бемаҳал Виленскаянинг уйига кириб чиқиб турган кишиларни кўришар, лекин бу «беозор» кишилар ҳеч кимга ҳалақит беришмаганлиги учун «одам олдига одам келадида» деб қўйишарди. Бир куни унинг уйига иккита аёл кириб келди. Кийиниши, ўзларини сипо тутишидан, бу аёллар ҳақида бирор ножўя фикрлаш гуноҳга ўхшаб туюларди. Ичкаридаги суҳбатни эшитган ҳар қандай кишининг эса эти жунжикиб кетиши аниқ: улар пулдор эркак топишдан ва учрашувдан умидвор бўлиб келишган экан.

Виленская ўзига таниш фоҳиша — асли қарағандалик, ёлчитиб бирор жойда ишламайдиган Лариса Свершукка қўнғироқ қилади. «Клиент» кераклигини уқтиради…

Шу кечаси вақт алламаҳалга етганда Лариса кириб келади ва бир «фрайер» билан келганлигини маълум қилади. Виленская эшикни очиб, «меҳмон»дан 30 сўм олгандан сўнг ичкарига қўяди.

«Меҳмон» — Р. Микаэлян таниқли жиноятчи — Лариса билан пинҳона кўз уруштириб, «гаплашиб» олганлигини уй бекаси сезмай қолади. Шу кечаси тонгга яқин Лариса билан «кавалери» алланарсаларни кўтаришганича оёқ учида уйдан чиқиб кетишади, уйда эса «бека» боши қоқ бўлингани ҳолда ўлиб ётарди.

Тергов узоқ давом этди. Кўп йиллардан бери фоҳишабозлик, қўшмачилик билан шуғулланаётган Виленскаянинг унча-мунча жамғарма пули, қимматбаҳо буюмлари борлиги Ларисага маълум экан. У ўз навбатида буни Микаэлянга айтди. Оқибатда эса «ўғрини қароқчи урди» хилидаги оғир жиноят содир бўлди.

Бу воқеани келтиришдан мақсадимиз шуки, қаерда номус сотиш, фоҳишабозлик бор экан, жиноятчилар шу атрофда айланиб юради ва бу «томоша»нинг оқибати мана шундай фожеа билан тугайди. Айрим ҳолларда эса нафақат фоҳишалар, уларнинг қўни-қўшнилари, ҳеч қандай гуноҳи бўлмаган кишилар ҳам жабрланиши мумкин. Чунки халқимизнинг «қозонга яқин юрсанг қораси юқади» деган гапи бежиз айтилмаган.

Давлат ва жамоат мулкини таъмагирлик билан, шахсий бойлик орттириш мақсадида эгаллаб олишга қаратилган жиноятлар, шунингдек, ўғирлик, талончилик, босқинчилик, камомад, мансабни суиистеъмол қилиш ва фирибгарлик каби жиноятларнинг таҳлили шуни кўрсатадики, бу ишларнинг деярли ҳаммаси у ёки бу даражада фоҳишабозликка бориб тақалади.

Матбуот органлари орқали ёки бўлиб ўтаётган очиқ суд мажлислари материалларидан маълум бўлган — 80-йиллар жиноий ишларининг қайси бирини варақлаб кўрсангиз, «қаҳрамон»лардан хоҳ партиявий раҳбар, хоҳ хўжалик раҳбари, хоҳ пахта заводи директори, хоҳ савдо ходими ёки маъмурий органларда масъул ходим бўлсин давлат, халқ пулининг мўмайгина қисмини ўмарганига дуч келасиз. Тергов фақат қанча пул ўзлаштирилганини эмас, балки бу пул қаерга сарфланганини ҳам аниқлаши лозим. Буни қарангки, бебилиска топилган пул инсонни бузади, деганлари рост экан. Ҳаромхўрлар хотини, бола-чақаси бўлган ҳолда, яна бир нечтадан ўйнаш-теқинхўр аёлларни шу ҳаром топилган пул ҳисобидан сақлаб турган ва катта миқдордаги пулларни фоҳишабозлик йўлида — суюқоёқ аёлларга сарфлаганлар. Эркаклар-ку ўғирлиги ва сарфиёти учун жиноий жавобгарликка тортилиб, муносиб жазоларини олаяптилар. Лекин бу ҳамтовоқ аёлларчи? Қайси бир фоҳиша «қаллиғи» совураётган пуллар унинг ойлиги — пешона тер билан топилган иш ҳақи эмаслигини билмайди? Ҳаммасини билади. Ҳар бир мижози ғарра-ғарра сарфлаётган пуллар нопоклик билан, жиноий йўл билан топилганлигини жуда яхши тушунади. Оддий бир меҳнаткашнинг бир ойлик иш ҳақи миқдоридаги пулни, қандайдир бир лаҳзалик лаззат учун, у ҳам бўлса маст-аласт ҳолда «қутуриб» кечадиган ҳайвоний ҳирс учун сарфлаган одам бу пулни ё кимнингдир уйидан ўғирлаб ёки давлатнинг «тубсиз кисса»сидан шилиб келганини аъло даражада билади.

Хўш, шундай экан, нега бу фоҳишалар вақти келиб жиноятчилар билан бир қаторда ўтиришмайди? Нега бундай ҳолларда уларнинг жавобгарлигини белгиловчи қонун йўқ? Ахир, жиноят қонунида жиноий йўл билан топилган пул ёки мулкни яширишга ёрдам қилиш, «шундай йўл билан топилган маблағ эканлигини билатуриб сотиб олиш» каби хатти-ҳаракатлар учун жиноий жавобгарлик бор-ку?

Лекин жиноий ҳаракатлар оқибатида тўпланган пулларни фоҳишалик йўли билан ўзлаштириш, талон-тарож қилишда иштирок этиш, ўғирлик пуллигини билатуриб, тан сотиш эвазига ўзлаштирганлик учун жавобгарлик йўқ?

Айрим қонуншуносларимиз «фоҳишалар ўзларига сарф қилаётган пул қаердан келиб қолганини билмаслиги мумкин. «Кишининг билмаган нарсаси учун жавоб бериши мумкин эмас», дейишади. Мен бу фикрга қўшилмайман. Мана далил:

Фоҳишалар ўз «мижозлари»ни жуда яхши билишади. Улар «қаллиқ» танлашда хато қилмайдилар: чўнтагида доллари бор чет элликни бехато «отадилар», қассобни шофёрдан, савдо ходимини матбуот ходимидан, ферма мудирини ўқитувчидан, бухгалтерни инженердан, кассирни партия ходимидан адашмай ажрата оладилар. Бу касб эгаларининг ойлик иш ҳақи миқдоридан ҳам, даромад манбаларидан ҳам жуда яхши хабардорлар. Ўғрилик пулни билатуриб шерик бўладилар-у; жавоб беришда томошабин бўлиб тураверадилар.

Сурхондарё областида бир магазин мудири 50 минг сўмдан ортиқ миқдорда давлат пулини еб юборганлиги учун қўлга тушиб, қамалиб кетди. Терговда у йигитга бир жувон элакишиб юрганлиги аниқланди. Маълум бўлишича, у бу йигитни йўлдан уриб «пинҳоний йўлдош»ига айланган, «уни соғиб ичган». Йигит билан бир неча марта курортларга борган. Гувоҳларнинг айтишича, бу аёлнинг камтаргина хонадони, у мудир билан «донлаша бошлагани»дан сўнг яхшигина ремонт бўлиб, турли-туман буюмларга лиқ тўлибди, ўзи эса тиллага «беланибди»… Хуллас, мудир қамалиб кетди. Пуллари эса фоҳишада қолди: мудир давлатни, фоҳиша мудирни шилди. Яна «ўғрини қароқчи урди». Лекин нима учун «ўғри» қамалади-ю, «қароқчи»нинг мушугини биров «пишт» демайди, эски «касбини» давом эттираверади? Янги «қаллиқ»лар эса панжара ортидан қараб қолиш учун номзодликка навбатда турганликларини ўйлашмайди ҳам. Бу аёлни жавобгар қилишга қонунимиз «ожиз»лиги сизга қизиқ туюлмаяпдими-а?

Фоҳишаликни «касб» қилиб олганлар ўзларининг инсоний қиёфаларини йўқотиб, жиноятчилар қўлида буюмга айланиб қолганликларини тушуниб етмайдилар. Уларни истаган пайтда буюмдек сотиб олиб, пайти келганда бошқаларга пуллаб юришганда ҳам ўзларини ҳеч кимдан кам кўрмайдилар.

Юқорида айтганимиз, республикамиздаги собиқ мансабдор шахсларга нисбатан олиб борилаётган тергов ишларида порахўрлик чуқур томир отганлиги кўзга ташланади. Пора берувчилар ўз «ҳомий»ларини кўнглини олиш учун бир тарафдан пул, тилло буюмлар берганлар. Бундан ташқари суюқ аёл-қизлар — фоҳишаларни пул эвазига бошлиқларига қўшиб қўйиш йўлидан ҳам фойдаланганлар. Бу ўринда фоҳишалар бир буюм вазифасини бажаришган. Жиноий йўл билан тўпланган пулнинг бир қисмини иккинчи бир жиноятчига топширишда оралиқ предмет бўлиб хизмат қилганлар. Жиноят кўриб чиқилаётганда эса улар фақат гувоҳ сифатида иштирок этадилар.

Гарчанд биз масаланинг бу тарафи ҳақида фикрлашар эканмиз, айрим ҳамдардлашадиган жойларда тўхталиб ўтишни лозим топдик.

Порнографик нарсаларни тайёрлаш ёки сотиш фоҳишабозлик туғдирувчи омил сифатида ҳам хавфли ҳаракатдир. Шунинг учун республикамиз жиноят қонунининг 221-моддаси порнографик (уятсиз) асарларни, босма нашрларни ва расмларни ёки бошқа шу характердаги нарсаларни тайёрлаш, тарқатиш ва эълон қилиш ёхуд сотиш мақсадида сақлаш ва тарқатганлик учун, тегишли буюмлар мусодара қилиниб, бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки шу муддатга ахлоқ тузатиш иши ёки 300 сўмгача жарима жазосини белгилайди.

Чунки бу ҳаракатлар тубан ҳис-туйғулар, орсизлик, ҳаёсизликни уйғотиш мақсадида ясалган, жинсий муносабатларни акс эттирувчи нарсаларда ифодаланади ва кўпинча, енгил табиатли шахслар психологиясига тез таъсир қилади. Орсиз, ҳаёсизларга эса фоҳишабозликкача бир қадам… Жуда қизиқ эмасми? Қандайдир уятсиз суратлар, буюмлар учун жиноий жавобгар қилиш мумкин-у, «фалон сўм берсанг жинсий алоқага тайёрман», деб ҳар куни бир эркак тагидан иккинчисига ташланадиган беҳаё «ўзиюрар уятсиз»лар учун жазо бўлмаса?

Ёки Ўзбекистон жиноят Кодексининг 218-моддаси иккинчи қисмда «Вояга етмаганларни… фоҳишабозлик… билан шуғулланишга жалб қилиш…» учун уч йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Савол туғилади: нега фоҳишабозлик билан шуғулланишнинг ўзи жиноят деб тан олинмайди? Нима учун фақат вояга етмаганларни фоҳишабозликка жалб қилиш учун жиноий жазо бўлиши керак? 18 ёшга тўлишига бир неча кун етмаган қиз учун кимдир жиноий жавобгар қилинадию, «юбилей»идан эртасигаёқ уни фоҳишабозликка жалб қилавериш мумкинга ўхшаб қолади?

Жиноят қонунимизнинг 220-моддасини олайлик. Бу модда дарбадарлик, тиланчилик ёхуд бошқача тарзда текинхўрларча ҳаёт кечирганлик учун жиноий жазо белгилайди.

Текинхўрларча ҳаёт кечиришнинг энг тарқалган формаси сифатида фоҳишабозлик тан олиниши керак эмасми? Ахир фоҳишалар ишлашдан бўйин товлаб, осонгина мўмай пул топиш пайида бўладилар-ку?..

Ҳеч қандай меҳнат қилмасдан (қонунда ижтимоий фойдали меҳнат дейилади) пул-молга эга бўлишади-ку? Лекин фоҳишаларга ушбу моддани тадбиқ этолмаймиз?

Жиноят қонунимизда фоҳишабозликка қарши курашда амалда бўлган бирдан-бир модда бор. Бу 219-модда бўлиб, «Фоҳишахона ва қиморхоналар очиш ёки сақлаш, шунингдек, таъмагирлик билан қўшмачилик қилганлик» учун молу-мулкини мусодара қилиб ёки қилмай, икки йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини белгилайди.

Бундай бузуқилик уяларини сақлаш ғаразли қўшмачилик, таъмагирлик билан қилинганлиги учун айбдорлар жазоланади. Лекин бу ерда ҳам ноҳақлик кўзга ташланиб қолади. Ўзингиз ўйлаб кўринг. Фоҳишалик «касби»ни пухта эгаллаган аёл бирор ишга ўрнашиб олади-да, меҳмонхона ва ресторанларда «ов» билан шуғулланади. Ўткир ҳиссиёт ахтарувчи «бойвачча»ларни бехато нишонга олади. Лекин улар «савдо»ни охирига етказишлари учун «жой»дан қийналишади. Шунда ёлғиз яшайдиган кампирми, боши билан ичкиликка шўнғиб кетган дарди-бедавоми, кўнгли бўшроқ танишми топиб, 5—10 сўм пул ёки бир шиша спиртли ичимлик ҳисобига жазмани билан «гаплашиб» олишга рухсат сўрайди. Бора-бора бундай «уй эгалари»ни мазахўрак қилиб қўядилар. Ҳар бир фоҳишалик «акти» учун ўртача 50 сўм атрофида «даромад» қилинса, шундан 35—40 сўми фоҳишага, 10—15 сўми «бека»га тегади. Албатта, бундай ҳол узоқ давом этмайди. Бу «ишбилармонилар қўлга тушадилар. Тергов ҳам бўлиб ўтади. Фоҳишалар, жазманлар аниқланади. Натижаси нима бўлади денг? Фоҳишалар огоҳлантирилади. Жазманлар огоҳлантирилади. Жарима тўлашлари ҳам мумкин. Судга эса фақат «жой берган»лар боради. Суд жазосига ана шуларгина тортиладилар.

Раиса Г. 1931 йилда туғилган, Тошкент шаҳрида яшайди. Унинг фоҳишабозлик кўчасига кирганига кўп йиллар бўлди. Аввал ўз номусини пуллади. Сўнг «бозори касод» бўлгач (қариликда!), бошқаларни қовуштириб «лаззатланадиган» бўлди. Ҳамёни ҳам қаппаяверди.

Раиса билан ўтказилмаган тадбир, кўрилмаган чора қолмади. Ҳатто бир-икки марта қамалиб ҳам келди. Бир мунча вақт ўзини яхши тутиб юрди. Сўнг яна «безгак хуруж» қилиб қолаверди. Навбатдаги «қоровул»да турганида милиция ходимлари келиб қолишди. Уйидаги жим-жит хоналардан қип-яланғоч эркак-аёлларни судраб чиқишди…

Табиийки, шу ерда фоҳишаларга нисбатан кўриладиган чоралар нимадан иборат деган савол туғилади.

Ўзбекистон ССР Олий Совети Президиумининг 31 июль 1987 йил Фармони билан тасдиқлаган «маъмурий жавобгарлик ҳақида»ги кодексининг 186-моддасига кўра фоҳишабозлик билан шуғулланганлик учун огоҳлантириш, 50 сўмгача жарима, агар бир йил давомида такрорланса 200 сўм жарима жазосидан бошқа чора йўқ. Ёки 186-моддасига кўра, чет эл гражданларига буюм, пул олиш мақсадида ҳар хил йўллар билан элакишиш учун, аввало 100 сўмгача, такрорланса 200 сўмгача жарима солиш мумкин.

Тўғри, фоҳишабозлик билан шуғулланганларни ушлаш, текшириш, фоҳишалик орқасидан топган буюм ва пулларни олиб қўйиш, мажбуран медицина кўригидан ўтказишга юбориш мумкин. Мана шулар билан чегараланилади, холос. Бир кунда «ошиқ»лар сонини 2-3 тадан 10 тагача етказадиган фоҳиша учун 100—200 сўм жарима тўлаш, йўл-йўлакай «чирт» этказиб тупургандай гап эмасми?

1941 йилда туғилган Дина К. уч боланинг онаси, завод ишчиси, Чилонзордаги шинамгина квартирада яшарди. Оила ҳаёти уни зериктира бошлади. Эри кўзига балодай кўринадиган бўлиб қолди. Кунлар ўтган сайин хаёлидан пулдан бошқа фикр аримайдиган бўлди.

Анчагина тўлишиб қолган қизи Юлияни кузатар, ўзини ойнага солиб кўрар ва пулдор эркакларнинг кўнглини топса анча-мунча даромад қилиши мумкинлигини ўйларди. Лекин… Эри халақит беради-да!..

Дина бўлар-бўлмасга жанжал чиқара бошлади. Охири мақсадига эришди. Эри билан ажралишди. Уйда «ҳоким» бўлиб олди. Энди бу хонадонга турли пакет, тўрхалта кўтарган эркаклар серқатнов бўлиб қолди. Бу ҳол бир қанча муддат давом этди.

Динанинг топган «харидор»лари кеча-кундуз тиним бермаганидан безор бўла бошлаган Юлия бир бўшроқ йигитга ўзини покиза кўрсатиб тегиб олди ва кўчиб кетди. Дина илгаригидай «фаолияти»ни давом эттиролмай қолди. Даромаднинг баракаси учиб қолгани уни ташвишлантира бошлади: ёши ўтиб борарди-да!

Ресторанма-ресторан юриб официанткалар орасидан шерик қидира бошлади. «Лаббай», деганлари ҳам бўлди. Уларга уй адреси ва телефонини қолдирди. «Иш»и бироз жонланди: уйига хотин, эркаклар кела бошлади. Уйи ичкиликбозлик, пинҳоний учрашувлар жойига айланди. Ҳар гал уй бекасига маълум миқдорда, 10—30 сўм атрофида пул тўланарди. Дина қизларнинг адресларини йиғиб юрарди. Шу билан уйи исловатхонага, ўзи қўшмачи-«севги» ахтарувчи эркак ва хотин ёлловчига айланди. Бу орада қизи Юлия ҳам эрининг кўзини шамғалат қилиб келиб-кетиб турди…

Қарангки, «ёмон қилиқ юқумли бўлади», деб бекорга айтишмаган экан. Динанинг қилмишларидан хабардор бўлиб қолган қўшниси Зайнаб X. эрига маслаҳат солди: «Осонгина пул топиш йўли бор…»

Бу хонадон ҳам кўп ўтмай учрашувлар, ҳаром-харишликлар учун «қадамжо»га айланди.

«Парилар уяси» фош қилинди. Бу «қадамжоининг «зиёратчилари» бирма-бир тавба-тазаррусини айтишди. Кимлар денг? 16, 27, 21, 25, 29… яшар қиз-жувонлар. 25, 40, 45… ҳатто 60 яшар эркаклар… студент, ишчи, бухгалтер, савдо ходими, медицина ҳамшираси, артист, педагог, қассоб, ошпаз ва… оилалик, ажрашган, болалик она, кўп болали ота, орденли мутахассис, комсомол, КПСС аъзоси, раҳбар ва ҳоказолар…

Номуссизнинг катта-кичиги бўлмас экан.

Совет қонунлари СССРда хотин-қизларнинг жинс даҳлсизлигини, ёки жинс эркинлигини қўриқлайди. Ҳар қандай мажбурий-зўрлик ишлатиш билан боғлиқ жинсий алоқалар учун айбдор шахсларга жиноий жавобгарлик белгиланган.

Қонунларимиз мажбуран номусга тегиш учун жавобгарликда жабрланувчи ор-номусли, пок қалбли қизми, ёки фоҳишами бир хил жазо белгилайди. Бир шиша вино учун ўз танини дуч келган кишига таклиф қилиб юрган дайди аёлни вино олиб бермасдан номусига текканлиги учун бир қанча ёш йигитлар жиноий жавобгарликка тортилиб, 13—15 йилга қамалиб кетгани кўпчиликка маълум. Чунки, улар фоҳиша айтган винони олиб беришмаган, бу эса аёлга алам қилган, у ариза ёзиб келган эди-да! Бундай ҳол бузуқ аёлларга кўпроқ қўл келарди. Улар турли йўллар билан обрўли, топиш-тутиши яхши шахсларга элакишиб, олиб, ўзлари «хурмачаси тошганича» ичкилик ичишар, сўнгра эса «беҳуш ҳолда қаршилик кўрсата олмасликдан фойдаланиб, «номусимга тегди» деган сўзга таяниб, хоҳлаганларича катта пул талаб қилишар, қаматаман деб қўрқитишарди. Қонун эса уларни ҳимоя қиларди!

Шуни қайд қилиб ўтиш лозимки, кўпчилик буржуа мамлакатларида фоҳишаларга, ахлоқи бузуқ аёлларга нисбатан қилинган ҳаракат учун «мажбуран номусга тегиш» деган жиноят қонуни қўлланилмайди. Ўтган асрнинг 40-йилларида яшаб ўтган таниқли немис қонуншуноси ва криминалисти А. Фейербах «Номусга мажбуран тегиш жинояти фақат ўзини бадномликдан асраганлар учундир, тўғри келган эркаклар билан алоқада бўлиб кетаверганлар учун эмас, фоҳишани жинсий алоқа қилиш учун зўрлаш шарт эмас, жуда нари борганда шахсга нисбатан зўрлик деб баҳолаш мумкин» — деб таъкидлаган эди. Революциядан илгариги рус кримналистикаси ҳам шунга яқин позицияда бўлган. (И. Я. Фойницкий. Жиноят ҳуқуқи курси).

Хўш, фоҳишабозликка чет элларда муносабат қандай?

Масалан Венгрия Халқ Республикаси қонунлари фоҳишабозлик учун жиноий жавобгарлик белгилайди. Венгрия жиноят Кодексида: «Ҳаром ишлар ва ахлоқ бузишга олиб келадиган ҳаракатлар билан шуғулланувчи шахс бу нарсани касб қилиб олса, жиноят содир этган деб ҳисобланади ва бир йилгача муддатга озодликдан маҳрум қилиш ёки ахлоқ тузатиш иши, шунингдек, пул жаримаси тўлатиш билан жазоланади» — дейилган.

Бундан ташқари суд ҳукми билан фоҳиша яшаб турган жойдан бадарға қилиниши мумкин. Фоҳишабозлик ҳаракатлари учун маъмурий чоралар қаторида 60 суткагача қамоқ ва 10 минг форинтгача (ВХР пул бирлиги) жарима тўлатиш жазоси берилади.

Германия Демократик Республикаси жиноят қонунлари бўйича, фошиҳабозлик жамоат тартибига таҳдид солади, аҳоли ахлоқини бузилишига таъсир қилади, деб ҳисобланиб, икки йилгача муддатга қамоқ, шартли жазо ёки озодликдан маҳрум қилиш чоралари белгилайди.

Польша Халқ Республикасида фошиҳабозлик учун уч ойгача қамоқ, ҳуқуқини чегаралаб қўйиш ва жарима жазолари амалдадир.

Руминия Республикасида фоҳишалар учун уч ойдан уч йилгача, Чехословакияда 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари мавжуддир.

Капиталистик мамлакатларда эса фоҳишабозликка бошқача қаралади. Масалан, Германия Федератив Республикасида фоҳишалик профессия — касб деб тан олинган. Фоҳишалар маълум миқдорда доромад солиғи тўлаб турадилар ва ёши етгандан сўнг стажига қараб пенсияга чиқарилади. ГФРда фоҳишабозлик тўғрисида айрим чеклашлар ҳам йўқ эмас. Масалан, фоҳишабозлик билан аҳолиси 50 мингдан оз бўлган шаҳарларда шуғулланиш мумкин эмас. Шунингдек, катта шаҳарларда ҳам, марказий кўчалар, мактаб, болалар муассасалари, диний қадамжолар яқинида фоҳишабозлик қилиш таъқиқланган. Бу тартибларни бузиш эса ГФР қонунчилигида жиноят деб танилади ва уни бузганлар жазога тортиладилар. Менинг бу борадаги шахсий фикрим шуки, агар илгаригидай бизда фоҳишабозлик йўқ бўлиб кетган деган позицияда турилса, оқ билан қорани ажрата олмай қоламиз. Гарчанд биз аёлларни ҳақиқий номи билан — аёл деб атасак ва иккинчи қисмини фоҳиша деб тан олсак, қонун ҳам шунга қараб қўлланилиши керак. Ахир номуси поймол қилинган қиз — аёл билан аллақачон номусини тарк этган фоҳиша қонун шоҳсупасида бир қатор ўтириши мумкин эмас-ку!

Биз кўп йиллар давомида фоҳишабозлик капитализм жиноятига хос деб, аввало ўзимизни алдаб келдик. Унинг пайдо бўлишини аёллар меҳнатига кам ҳақ тўпаниши, бой ва камбағаллар мавжудлиги, ишсизлик, қашшоқлик кабиларга боғладик. Бизда бундай социал иллатларга чек қўйилган, деб ноғора қоқдик. Кўчаларда, меҳмонхоналарда, дам олиш жойларида фоҳишаларни кўриб, кўрмаганга олдик. Нафақат ўзгалар, бутун ҳаёти танини пуллаш билан ўтаётган аёлга «сиз жалаб, фоҳишасиз» деб кўринг эди, уни ҳақорат қилган, шахсини пастга урган, ғурурига тегиб, жиноят қилган ҳисобланар эдингиз.

Бундай муносабат бузуқлик, фоҳишабозликнинг устига парда тортади, уни жирканч «касб» эканлигини яшириб, бу «касб» эгаларини рағбатлантиради. Яхши-ёмонни ажрата олмай қолиб, бу иллат билан курашни қийинлаштирди. Притонлар (исловатхона) деярли барча жиноятларнинг келиб чиқишида озми-кўпми омил саналади. Бу жойлар айниқса фоҳишабозлик тараққий этишига биринчи «база» бўлиб хизмат қилади. Хоҳ қимор ўйини, хоҳ порногафия билан ўралашувчи, хоҳ ичкиликбозлик ёки бангихона ишқибозлари тўпланмасин, бу «давра»ларда номус орадан кўтарилган бўлади ва бу жойларга қадам босган хотин-қиз фоҳишаликдан холи бўлмайди.

Самарқанд шаҳрида бир неча маҳалла «Шоввоз»лари «ким зўр?» қабилида фаолият кўрсата бошлаганлар. Йигитчалар маълум доирадаги ёш қизчаларни гўё «ўз ҳимоясига олганлар». Навбатдаги «ҳимоя»дан сўнг «шоввозлар»нинг «штаб-квартираси»—хилват жойлардаги уйчага йиғилишиб, спиртли ичимликлар ичиш, наркотик моддалар истеъмол қилиш билан шуғулланганлар. Ёш қизлар ўз «соябон»ларидан қайси бири билан алоқада бўлганларини ҳисобига етаолмасдан, тубанликка кетаётганликларини сезмай қолишган. Бора-бора йигитлар ичкилик ва наркотик моддаларга «чанқоқ» бўлиб қолишиб, қизларни «ишга солган»лар. Қизлар ҳам ҳеч тап тортмай, «ким ошди» савдосига ўзларини қўйишиб, фоҳиша деган номни «фахр» билан ёрлиқ қилиб олганлар.

Шуни қайд қилиб ўтиш лозимки, наркомания, бангиликка ружу қўйган хотин-қизларнинг биронтаси ҳам фоҳишабозлик кўчасидан ўтмай қолмайди, бу иккала иллат доимо бирга юради.

Ҳозирги кунда республикамизда фоҳишабозликка қарши бир қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Яшириб ўтиришдан не фойда, 1984—87 йиллар давомида ўтказилган амалий ишлар натижасида республикамиз шаҳар ва қишлоқларида 10 мингдан ортиқ суюқ оёқ аёллар аниқланиб, махсус рўйхатга тиркалди. Фақат 1987 йилда ушланган фоҳишалар орасида 1248 таси турли хил юқумли таносил касалликларига мубтало эканликлари қайд этилди.

Рашида Ф. олий маълумотли педагог, мактабда ўқитувчилик қиларди. Институтни битирган йили турмуш қурди. Аммо оила ҳаёти Рашидани қониқтирмас, кўпроқ пули, тақинчоғи, кийимлари бўлишини хоҳларди. Эрини қийнайвергач, охири эр уни ташлаб кетди. Иккинчи бор топиш-тутиши яхши бир йигитга «кўнгил берди». Лекин буниси яхшигина пул топиш билан бирга «яхшигина» ичар ҳам экан. Маст-аласт ҳолда уйга «дўст»ларини эргаштириб келар эди. Рашида эрининг дўстлари орасида «топарман»ларини кўзи илғаб қолди. Устомонлик билан уларга суйкалиб, совға-инъом эвазига жинсий алоқа қиладиган одат чиқарди. Бора-бора бу ҳол эрига маълум бўлиб қолди ва у аламини ароқдан ола бошлади. Мутлақо алкоголизмга чалиниб, даволанишга юборилди. Рашида энди «иш»ни кенг кўламда бошлаб юборди. Кундузи мактабда ўқувчиларга эзгулик ҳақида, номус, виждон ҳақида ваъзхонлик қилар, кечқурун эса бир қанча қиз-жувонларни йиғиб, пулдор эркакларни «сиқиб сувини чиқариш»дан сабоқ берарди.

Бу аёлнинг фоҳишабозлик ва қўшмачилик борасида қилган ишлари ҳар қандай одамни ақлдан оздиради. Хуллас, унинг «ҳисоби»да турган қиз-жувонларнинг сони 100 дан ошиқ эди. «Харидор»лар эса республикамиздан ташқарида ҳам бор эди. Улар истаган маҳали бу ерда «самимий қабул» қилинар эдилар…

Ҳозирги кунда фақат Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасида деярли 800 га яқин ашаддий фоҳиша рўйхатга олинган. «Иш жойлари» асосан шаҳар меҳмонхоналари, ресторанлар, ётоқхоналар ва махсус уюштирилган уйлардан иборат бўлган бу ифлос «жамоа» билан қонун доирасида тегишли ишлар олиб борилмоқда.

Текширишлар шуни кўрсатдики, бу қадимий «ҳунар» эгалари аввало ўз жонларига қасд қилар эканлар. Ўз бўйниларига сиртмоқ тортиб, ўн гулидан бир гули очилмасдан сўлиб, барвақт қарир эканлар. Кексайган чоғларида эса ёлғизлик азобидан қийналар, бир пиёла сув тутувчига зор бўлиб қолишар экан.

Фақат 1987 йилнинг ярмида 3 мингга яқин бузуқ аёл таносил касаллиги билан оғриганлиги медицина муассасаларида қайд қилинган. Ўтказилган тадбирлар натижасида мингдан ортиқ уй-жойлар жинсий алоқа қилиш ва интим учрашувлар учун хизмат қилиб турганлиги, қўшмачилик мақсадида фойдаланиб келинганлиги аниқланиб, айбдор шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўрилди.

Зина деган 37 яшар аёл иш жойининг ва меҳнат даромадининг тайини бўлмаган ҳолда системали равишда фоҳишабозлик ва қўшмачилик билан шуғулланиб келган. Унинг уйидан яланғоч эркак ва аёллардан ташқари 68 минг сўмдан ошиқ пул қўйилган омонат касса дафтарчаси ва бир қанча қимматбаҳо буюмлар топишган. Тошкент шаҳрида ўтказилган тадбирлардан биридан келиб чиққан натижа таҳлили эътиборга моликдир. Бир оқшом ресторан, кафе, меҳмонхоналар атрофида ўралашиб юрган фоҳишалардан 120 таси қўлга олинди. Текширишда уларнинг ярмидан кўпи, яъни 67 таси таносил касаллиги билан оғриганлиги маълум бўлди.

Хўш, бу фоҳишалар кимлар? Аниқланишича, уларнинг ҳар учинчиси Тошкент шаҳридан, ҳар тўртинчиси Тошкент области шаҳар ва қишлоқларидан, ҳар бешинчисининг яшаш ва ишлаш жойининг тайини йўқ, қолганлари эса мамлакатнинг турли шаҳарлари — Москва, Ленинград, Свердловск, Куйбишев, Олмаота, Мурманск, Могилёв ва бошқа жойлардан келган «гастролёрлар» экан.

Улар орасида 20 ёшдан 30 ёшгача бўлган жувонлар кўпчиликни ташкил қилади. Аммо 14 яшари ҳам, 40 яшари ҳам бор. Социал состави ҳар хил: ўқувчи, студент, ишчи, дайди… Энг кўп қисмини ким ташкил қилади денг? Хизматчи — номига дабдабали давлат идораларида турли ишларда ўралашиб юрадиган «сирти силлиқ» ойимчалар…

Яна шу нарса ҳақиқатки, турғунлик йилларида, гарчи кенг оммалашмаган бўлса ҳам, «идоравий фоҳишалар» пайдо бўлди. Бундайлар бирор иқтидори бўлмаган, лекин сирти силлиқ аёллардир. Улар каттароқ идораларга ишга жойлашиб оладилар-да, бошлиққа пинҳона кўз суза бошлайдилар. Уни ўз «тузоғи»га илинтиргач, коллективнинг «маликаси»га айланадилар. Дарҳол иши енгил, маоши мўмай лавозимга ўтадилар, навбатдан ташқари квартира оладилар, тез-тез мукофотланадилар. Энг даҳшатлиси, бу хил бузуқ аёллар бошлиқни «гаҳ» деса қўлига қўнадиган қилиб олгач, унинг ишига аралаша бошлайдилар. Қарабсизки, коллективда адолат тарозиси чил-парчин бўлади, норозиликлар кучаяди.

Аёллар фоҳишалик кўчасига қандай кириб кетиши тўғрисида таг-заминли жавоб топиш қийин. Чунки илгари бу социал ҳодиса тадқиқ этилмас, биз айрим манбалар — бадиий адабиёт, кинофильмлар, хабардор кишиларнинг ҳикояси орқали фикр-мулоҳаза юритардик. Фоҳишабозлик аксарият моддий етишмовчилик, қийин, ночор аҳволга тушиб қолиш натижаларида бошланади, деб тушунар эдик. Наинки, илгари бир бурда нонга зор бўлган аёлнинг танасини пуллагани ҳақида кўп эшитганмиз. Лекин ҳозирги «мижозлар»нинг аҳволи мутлақо бошқача — бирортаси муҳтожлик кўришмаган. Яшайман деса — уй, ишлайман деса иш жойи, қийналган бўлса атрофида меҳрибон кишилар топиларди.

Фоҳишалар бу «ҳунар»ини кўпдан-кўп сабабларга кўра танлаб олишгани равшан. Лекин энг асосийси уларнинг эс-ҳушини «лаззат ва фароғат» дунёси, осонгина мўмай пул топиш имконияти олиб қўйган. Фоҳишалик билан жарақ-жарақ пул топиб, яхши кийиниш ва ҳузур-ҳаловатда яшаш мумкиндай кўринган. Сиртдан жилпанглашиб, бахтиёр кўринишга уринган бу бахти қаролар маълум бир даврда арзимас пул ва бойлик тўплайдилар. Аммо, ору-номусидан, соғлиғидан, жамиятдаги ўрнидан, ҳатто ўз инсоний қиёфасидан маҳрум бўлиб, бедаво дардга чалиниб, қолган умрлари азобда ўтиши аниқ. Бу ҳаёт ҳақиқатидир. Фоҳишаларни даволайдиган муассасаларда, жазо ўтайдиган тарбия муассасаларида улардан бирор киши (яқинлари, дўстлари, қариндошлари) хабар олмаганлиги, аксинча учрашиб қолганларида ҳазар қилиб, юз ўгириб ўтишганини яхши биламиз.

Яна бир омил ҳақида тўхталсак.

Оила мустаҳкамлигига эриша билмаганимиз оқибатида кўпдан-кўп оилалар «синаяпти». Бунинг сабабини ахтариб узоққа боришнинг кераги йўқ. Дангал айтиш керак, бу узоқ йиллар давомидаги занжирли хатоларимиз оқибатида юзага келган ичкиликбозлик, гиёҳвандлик, уй-жой билан аҳолини тўла таъминлай олмаганлигимиз, ёш оила аъзоларининг кам иш ҳақи олиши ва моддий таъминланилмаганликлари, таълим-тарбия ишларининг сусайганлиги ва жамиятимиздаги бошқа нуқсонларнинг «меваси»дир.

Хўш, оилавий ажралишлар масаласида аҳвол қандай? Мана, 1950 йилда ҳар 100 та никоҳдан 3 таси, 70-йилларга келиб ҳар 28 таси, бугунги кунга келиб эса 40 тадан ошиғи, деярли ҳар иккита никоҳдан биттаси «синиб» турибди. Мамлакатимиз бу масалада жаҳонда Швециядан сўнг иккинчи «фахрли» ўринда туради.

Таҳлиллар шуни нсботлайдики, ажралишлардан сўнг, ҳар икки «бева» қолган аёлдан бири бошқа турмушга чиқмас экан. Орзу-ҳавас ва муҳаббат билан, ҳақли равишда бахтли бўлишга интилган аёл рўзғорда бахтини топа олмай, эру-хотинликдан ҳафсаласи совийди. Эрсиз қолгач, муҳаббатга ишонмай қўяди. Секин-аста тўғри келган эркак билан тасодифий жинсий алоқаларни одат қилади. Ана шу бир қисм аёллар орасидан айримлари фоҳишалар сафидан ўз ўрнини топади.

Яна бир масала бор. Қизларда жинсий уйғониш ва унга қизиқиш шаклланиш даври медикларимиз фикрига кўра 11 —12 ёшдан бошланиб, бу давр 25—26 ёшгача давом этади. Мана шу даврда улар алоҳида эътибор ва муносабатга муҳтождирлар.

14—15 атрофидаги ёшлар, хоҳ қиз, хоҳ ўғил бўлсин, бузуқлик йўлига тушиб қолиши сабаби сўралганда онаси ёки отасини ичкиликбоз ёки маънавий юзтубан кетганлиги айтилади. Улар ўзлари гувоҳ бўлган гумроҳликлар ҳақида қизариб-бўзариб ҳикоя қилиб беришади.

Мавзуимизнинг буларга боғлиқ томони борми, деган савол туғилиши табиий. Ҳа. Боғлиқ томони бор! Орамизда фоҳишабозликии муаммо даражасига олиб келган омиллардан бири ҳам мана шу ҳолатлардир. Ўз уйида, атрофида андоза олиши, ҳаёт тарзини ўрганиши лозим бўлган шахслар — катталарнинг беандиша ҳаётини кўравергач, ҳар қандай ўсмирнинг ҳам ахлоқи бузилади. Кўча-кўйда бемалол дайдиб юришни, подъезд, ертўлаларда тунашни одатга айлантиради. Бу эса тасодифий жинсий алоқаларга олиб келади. Энг даҳшатлиси ҳам мана шу ерда-да! Ким билан алоқа қилишга бефарқ бўлиб қолган қизда нима ташвиш бўларди? Кўпроқ пул топиш, яхши кийиниш, маишат қилиш ташвишида!.. Шундан кейин у ўз танасини эҳтиёжларига хизмат қилдира бошлайди.

Инсоннинг энг муқаддас бойлиги бўлган муҳаббати, номуси бозорга — савдога олиб чиқилади — фоҳиша деб номланадиган янги бир шахс пайдо бўлади.

Фоҳишабозликни туғдирувчи омиллардан яна бири порнографиядир. Илгари порнография деганда турли хилдаги уят расмлар, жинсий ҳирсни уйғотувчи чизмалар, карталар каби суръатлар билан чегараланиларди. Энди эса техника тараққиёти ўзи билан видеофильмларни одамлар орасига олиб кирди.

Турли, ноқонуний йўллар билан чет эллардан келтирилган ёки пулқувар «ижодкор»лар, эркатантиқ ўғил-қизларнинг «чанқоқ босди» қилиқлари оқибатида қўлбола «кинофильм»лар, уятсиз «асар»лар пайдо бўла бошлади.

Сир эмас, бундай фильмлар ҳатто катта ёшдаги кишиларда ҳам қандайдир қизиқишга ўхшаш ҳис уйғотади. Агар томошабин ёшлар бўлса-чи? Улар характер жиҳатидан тез ҳиссиётга берилувчан бўлганликлари сабабли бундай «фильм»ларга «қойил қоладилар» ва тақлид қила бошлайдилар. Вақтида олди олинмаса, уларнинг фоҳишабозлик кўчасига кириб кетишлари ҳеч гап эмас.

Меҳнат қилмай «лаззат» ахтаришга тушиб қолган ёшлар ўқиш-ўрганиш, касб танлашга вақтлари бўлмайди. Бора-бора яшаш учун маблағни ўз «касб»ларидан чиқариб олишга одатланади.

Фоҳишабозлик билан шуғулланувчиларга қарши маъмурий жавобгарлик белгиланганига ҳам бир йилдан ошди. Мазкур қонун билан белгиланган жазо чораси — 200 сўмгача миқдорда жарима тўлатиш билан ўз танасини пуллаш ҳолларига чек қўйиладими?

Ҳозирча фақат бир нарсани айтиш мумкин: бу иллат ҳақида ошкора фикр-мулоҳаза юритилаяпти, холос. Бир қатор мақолалар эълон қилинди. Қонуншуносларимиз ҳам, гражданлар ҳам фоҳишабозликка қарши курашда «енгил-елпи» чоралар билан тегишли мақсадга эришиб бўлмаслигини таъкидламоқдалар. Ахир, кўпгина социалистик ва ҳатто, капитал ҳукмрон мамлакатларда фоҳишаларга қарши курашда таъсирчан қонунлар мавжудлигини айтиб ўтдик.

Мен буни қўпол бўлса ҳам «чорасизлик»дан бошқа нарса деб атай олмайман. Ахир номусини бир-икки оқшомда 400—600 сўмга «пуллаган» фоҳишани 200 сўм жарима билан жазолаш кулгили-ку… Дарҳақиқат, Тошкент шаҳридаги меҳмонхоналардан бири олдидан ўтиб кетаётиб, «овчи қизининг, уни тўхтатган милиция ходимига қилган «буйруғи»ни эшитганман:

— Мана, тезроқ жаримангни олда, гапни чўзма. Жазманлар кетиб қолади. (Балки «кутиб қолади» дегандир)…

Қайд этиш лозимки, фоҳишалар билан кураш қанча кучлироқ ва ошкора бўлмасин, улар ҳам қараб турмас эди. Бундан бир неча йил муқаддам меҳмонхоналар ва истироҳат боғларида ҳар қадамда тўғаноқ бўладиган «шаддод ойимча»ларни ҳозир учратмайсиз. Лекин сал синчковлик билан қаралса «яширин ҳолат»га ўтилганлигини пайқаш қийин эмас…

Текширишлар шуни тасдиқлайдики, фоҳишаликни касб қилиб олганларнинг кўпчилиги енгил-елпи ишларга жойлашиб олар экан. Бир қисми бир сутка ишлаб икки-уч кун дам оладиган сменали ишларда бўлишади. Айримлари эса жавобгарлиги йўқ иш ахтаришиб, устига-устак маълум пул ҳисобига ўз ўринларида иш бажариб туришга одам топишади. Улар орасида юз-кўзига гард юқтирмасдан «кўча супурувчи — фаррош», «қоровул», «йўл ремонти ишчиси», «қувур тозаловчи», «ўт ўчирувчи» каби касбларда ҳисобда турганлари борлиги маълум бўлиб қолди. (Ҳатто сувга чўкканларни қутқариш хизматида ҳам «ишлашаркан»!)

Фоҳишабозлик билан шуғулланувчи аёлларнинг қилмишлари яна бир қатор текинхўрларга қўл келиши аниқланган. Булар пул илинжида юрган автомобиль эгалари, давлат таксиси ҳайдовчилари, уйларини бўшатиб бериш ҳисобига пул тўпловчи турли қаланғи-қасанғилар, меҳмонхона «бека»лари, ресторан официантлари ва шуларга ўхшаган шахслар экан.

Республика прокуратураси почтаси турли хил хат-хабарларга тўла бўлади. Улар орасида бузуқлик, фоҳишабозликка тегишли хабарлар, таклифлар ҳам учраб туради. Алам билан ёзиладиган бу хатлар одатда ана шундай нопокликдан жабр кўрган кишиларга тегишли бўлади.

Мана, уларнинг айримларига эътибор беринг:

Тошкент шаҳар Чкалов номли авиация ишлаб чиқариш бирлашмасидан А. Сердюк:

«…Бундан 30 йилча илгари «мамлакатимиз фоҳишабозликдан холи» деб жар солиниб, жиноят кодексларидан бу жиноятни шошма-шошарлик билан чиқариб ташлаб, катта хатога йўл қўйилган. Ҳозирги кунда ўтмиш хатолари кенг миқёсда тузатилмоқда. Бу хато ҳам тузатилиши керак…» Менимча жуда тўғри таклиф.

Қарши шаҳридан пенсионер К. Маллаев:

«…Кейинги пайтда фоҳишаларга нисбатан чора кўриш бирмунча жонлангани яхши бўлаяпти. Лекин бу кам. Ахир порнографияни (уятсиз), бузуқиликни тарғибот қилиш каби ҳаракатлар учун жиноий жазо бору, лекин ўз қилиғи билан бузуқиликни тарғибот қилиб юрган фоҳишаларга бу моддани қўлламайсизлар? Ахир бир-иккита яланғоч аёл суратидан кўра, ҳаммани кўз олдида билтанглаб, тан сотиб юрганлар эл ахлоқини кўпроқ бузаяпти-ку!.,»

Қўқон шаҳридан етти боланинг онаси Маърифат Турсунова:

«…Бир зинапоядан суюқ оёқ қиз билан бирга кириб чиқиб туриш сизга ёқадими? Бунинг устига уйингизда ўғил-қизларингиз бўй чўзиб қолган бўлса? Лекин маъмурий органларга мурожаат қилсак, ҳар гал «огоҳлантирдик, факт тасдиқланмади, нима ҳам қилаолардик», деб елка қисишади. Бу қандай «латталик» ахир?!»

Хоразмдан келган бир хатдан. (Хат муаллифининг фамилиясини маълум мулоҳазалар билан келтирмадик);

«…Ўғлим хотинини бегона эркак билан тутиб олганида аччиқ устида уни дўппослаб, тан жароҳати етказди. Ҳаромдан келиб қолган буюмларни топиб, синдириб, ёқиб ташлаган эди. Терговда хотини ўйнаш тутиб, пул, мол эвазига фоҳишалик қилиб юрганини далиллар билан тасдиқлай олмади. Уни суд қилиб уч йилга қамашди. Ҳозир эса «келин» уйида 2 та неварамнинг кўз олдида фоҳишабозликни авжига чиқараяпти…»

Текширишда бу фактлар тасдиқланди. Лекин фақат огоҳлантириш билан чегараланилди. Чунки икки ёш боласи билан бу аёлни жавобгар қилишга қонунимиз ожизда!

Деновлик Р. Тожиддинов: «…фоҳишаларни оқламайман. Лекин асосий айб эркакларда ҳам бор-ку! Эркаклар ўзларини босишмайди. Аёлларни улар бузади. Албатта, фоҳиша аёл жавоб бериши керак. Лекин эркак… унинг иштирокчиси эмасми?..»

Одамлар фикрида жон бор, куюнчаклик бор. Улар билан ҳисоблашиш керак.

Фоҳишабозликка қарши курашни кучайтириш масаласи муҳокамасида жиноят Кодексига бу ҳақда тегишли қўшимчалар киритиш ҳақида таклифлар бўлган эди. Лекин тегишлича баҳо олмади. Кўпчилик қонуншунос олимларимиз, ҳатто тажрибали практик ҳуқуқшунослар орасида ҳам «фоҳишабозликни жиноят кодексига киритиш мумкин эмас, ахир буни далиллаш, исботлаш қийин бўлади», деган фикрлар бўлди.

Ваҳоланки, жиноят — бу ижтимоий хавфли, ҳуқуққа хилоф, қасддан ёки эҳтиётсизликдан қилинган ҳаракатдан иборатдир. Фоҳишабозликни жиноят деб таниш учун унинг жамоат учун хавфлилиги, қонунга хилоф муносабат эканлиги, одамлар ахлоқини бузиш, текинхўрлик билан кун кечириш, давлат ва жамоат мулкини талон-тарож қилишда, оилалар бузилишига ва турли хил таносил касалликлари тарқалишига олиб келадиган хавфи, қасддан содир этилиши каби бир қатор ҳолатлар тўла мавжуд эди.

Қолаверса, жиноятчиликка қаттиқ қонунчилик асосида курашиш керак. Исботлаб бўладими, йўқми, деб иккиланиб ўтириш билан масалага тўғри ёндошиб бўлмайди. Бу менинг шахсий фикрим. Ҳар қандай қонунда халқнинг иродаси ифодаланган ва унинг манфаатига хизмат қилади. Шундай экан, журналхонлар — халқ, бу борада ўз фикрларини, муносабатларини билдирадилар деган умиддаман.

Ҳаётнинг муқаддас мезонлари бор. Қаерда бу мезон бузилса, адолат ўрнини ноҳақлик, диёнат ўрнини хиёнат, ҳалоллик ўрнини ўғирлик, самимият ўрнини таъмагирлик эгаллайди. Таъмагирлик!.. Фоҳишабозликда ҳам бош «рол»ни таъма ўйнайди. Фоҳиша кўзларини қув қилганича учраган «ошиқ»дан иложи борича кўпроқ пул, нарса юлиб қолишга уринади. Аслида фоҳиша ўша эркакдан эмас, балки жамиятдан юлади.

Жамият учун эмас, ўз ғами билан яшайдиган шахсларга ҳеч ким яхшиликни раво кўрмаса керак, чунки, худбин, юзсиз, ўз оиласи ва ўз коллективига, ўз дўсти ва она-юртига хиёнат қилган кимсалардан нафратланиш туйғуси табиийдир. Ўз номусини сотган кишидан эса ҳар қандай хиёнатни кутиш мумкин.

Хўш, фоҳишабозликнинг бошқа илдизлари ҳам борми? Ҳа, бор. Асосий илдиз бошқа ёқда. Менимча, уни энг аввало, ўсиб келаётган ёш авлодни тарбиялашдаги нуқсонларимиздан, қолаверса, сексуал масалаларда ошкоралик талаб даражасида эмаслигидан, турмушимиздаги етишмовчиликлардан, қонунларимиз мукаммал эмаслигидан, инсоний муносабатларда ўзгалар тақдирига лоқайдлигимиздан ахтариш керак…

“Шарқ юлдузи” журнали, 1988 йил, 11-сон