Истеъдод шундай бир жавоҳирки, у денгиз тубида садаф ичида ҳам гавҳар. Истеъдод шундай бир зилол ирмоқки, унинг ҳар қатрасида дарёларининг қудрати, уммонларнинг теранлиги бор. Истеъдод шундай бир. гулки, унинг очилмаган ҳар ғунчасида чаманларнинг бўйи ва таровати бор.
Усмон Носир ана шундай гавҳар, ана шундай ирмоқ, ана шундай ғунча эди. Шоирнинг замондоши, қаҳрамон адиб, чех фарзанди, ўзбек халқининг дўсти Юлиус Фучик: «Одамлар, ҳушёр бўлинг, мен сизни севардим!», деган сўзларни айтган. Усмон Носир ўз ижоди билан, ўз қисмати билан, ҳар нафас бизга шу сўзларини такрор этади: «Одамлар, ҳушёр бўлинг, мен сизни севардим!»
…Шоир бўлсанг, бўлса қалбинг, Элга қурбон бўлгудек, Шоир бўлсанг, бўлса қалбинг, Сенга қалқон бўлгудек…Усмон Носирнинг элга қурбон бўлгудек қалби бор эди. У агар, ҳеч бўлмаса, 1941 йилгача етиб келолса, балки ўша фидойи жонини Султон Жўра каби Ватан учун қурбон қилган бўларди. Агар унга узоқ умр кўриш насиб этса, балки неча-неча бетакрор шеъру достонлар, драмалар ёзиб, адабиётимизнинг табаррук сиймоларидан бўлиб, етмиш бешга кириб, орамизда юрарди!
Усмон Носирни ижод боғидан юлиб олиб кетган мудҳиш даврни қоралаш, лаънат ўқишнинг ўзи камлик қилади. Ўша даврни келтирган ўша даҳшатли муҳитни яратган шароитни билиш, унинг сабабини айтиш лозим. Бугун биз ҳамма айбни фақат Шахсга ва унга сиғинишга қўйсак, барча саволларга жавоб берган бўлмаймиз. Ўша Шахсни давлат тепасига келтирган, ўша сиғинишни пайдо қилган куч нима? Бутун-бутун халқларни сеҳрли қаҳҳор ва жаббор қудрат олдида ожиз томошабин қилиб қўйган нарса нима? Бугун қайта қуриш тўлқинида уйғонган онг шуни таҳлил қилмоқда. Қимларнидир қоралаш, кимларгадир айб тўнкаш учун эмас, балки ўша муҳитни ҳеч қачон, ҳеч бир шароитда, ҳеч қандай раҳбар замонида такрорламаслик учун таҳлил қилмоқда.
Усмон Носир руҳи бизни уйғоқликка чақиради. «Ким эрк, ҳаёт, деб жанг қилолса ҳар кун, эрку ҳаёт учун ўша муносиб». Улуғ немис мутафаккири Гётенинг Фауст тилидан айтган бу сўзларни ҳамма замон ва ҳамма халқларга тегишлидир. Замонлар оша, замонларнинг гирдобу бўронлар оша ўз гавҳарларини асраб қололган халқ шарафлидир. Халқнинг шаъну шавкати, тили тарихи, табаррук анъаналари, улуғ фарзандларининг руҳи покига садоқат ана ўша гавҳарлардир. Йўқолган моддий бойликнинг ўрнини тўлдириш мумкин, лекин маънавйй бойликдан жудо бўлиш — улуғ фожиа!
Ошкоралик замони тарихимиз саҳифаларидан сирлар пардасини кўтармоқда. Жумладан, ўттиз еттинчи йилларнинг ҳужжатлари марказий ва маҳаллий матбуот орқали халқ ҳукмига ҳавола этилмоқда. Шундай ҳужжатларнинг айримларини сиз «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида ўқидингиз.
Ўша даврдаги Ёзувчилар уюшмасида бўлиб ўтган йиғинларнинг стенограммаларини кўздан кечириш айниқса ижодкорлар учун фойдадан холи бўлмас. Бу иш, хусусан,бизнинг инқилобий қайта қуриш давримизда, мафкуравий тўқнашувлар авжга чиққан бир пайтда, ғоят ибратлидир. Уларни ўқиган киши оладиган биринчи сабоқ шуки, истеъдод билан ноқобилликнинг, теранлик билан юзакиликнинг, ҳалоллик билан нопокликнинг курашида аксари зафар ёвуз куч томо; нида бўлган. Бамисоли биллур билан ҳарсанг тошнинг тўқнашувида ҳамиша биллур чил-чил бўлгандек! Биз ижодкорлар неча истеъдодларга завол бўлган ўша муҳитни қоралар эканмиз, ҳозирги ўз муҳитимизга ақл кўзи билан, келажак кўзи билан боқсак, ёмон бўлмасди. Қайта қуришни ўзича тушунган, барча қадриятларнинг оёғини осмондан қилиб қўйишга уринаётган, давр эпкинида юзага чиқиб олишни кўзлаётган бадниятлар йўқ эмас. Улар Ёзувчилар уюшмаси минбарини эгаллаб, истеъдод эгаларига лой отаётганлари, ошкора таъқиб ва таҳқир қилаётганлари ўша ўттиз еттинчи йил муҳйтини эслатмайдими? Мен у ўктам ваъзхонларнинг кймлигини айтиб ўтирмайман, кимга хизмат қилаётганларини ҳам гапирмайман. Фақат эслатмоқчиманки, уларнинг асосий қуроли — туҳмат, шаллақилик, ғазабкорлик. Ўша даврларда Усмон Носирга қарши ишлатилган қуролларга жуда ўхшаб кетади. Фарқи фақат шуки, ўттиз еттинчи йилда бундай мажлислардан кейин шоирларга қамоқларнинг эшиги очилган бўлса, энди касалхоналарнинг эшиги очилмоқда.
Ўша давр хужжатларини ўрганишнинг яна бир ибратли томони бор. Истеъдод билан ноқобиллик-ку азалан бир-бирига душман. Лекин истеъдодлар осмондагн юлдузлардек бир-бирига ҳамроҳ бўлишлари лозим эмасми?! Нега энди ҳаммавақт ҳам шундай бўлмайди? Ноқобилликнинг «буюк» қобилияти шундаки, у истеъдодларнинг ўртасига ҳам рахна солади. Энг улуғ шоирлар ҳам ҳаётда оддий инсон. Ўз меҳри, ғазаби, рашки, гумонлари билан яшаб турувчи инсон. Афсус, минг афсуски, Абдулла Қодирийга ҳам, Усмон Носирга ҳам тош отганлар фақатгина ноқобил касбдошлари бўлган эмас… Ҳаётнинг ўта мураккаблиги, даврнинг ўта чигаллиги ана шунда! ..
Усмон Носирнинг «Юрак» шеърида шундай бир сатр бор:
«Сенга тор келди бу кўкрак. .»
Шоир ўз муҳитига сиғмади. Ўз халқи пешонасига ҳам сиғмади! Лермонтов, Добролюбов, Абдулла Тўқай, Бараташвили, Сергей Есенин… Усмон Носир. .. Булар дунёдан ўттиз баҳорни ҳам кўрмай ўтган, аммо ўз номларини улуғлик пиллапоясига кўтарган сиймолардир… Ёшлигида ҳаётдан кетган шоир, ихлосмандлари тасаввурида мангу ёш бўлиб қолади. Усмон Носирнинг ёшликка хос эҳтиросли, содда, самимий сатрлар халқ, қалбида сўнмайди!..
«Фитна санъати» (2-китоб, «Фан» нашриёти, Тошкент, 1993) китобидан олинди.