Биринчи учрашув
1953 йил. Островский номли пионерлар саройига Ғафур Ғулом келармиш деган хабар тарқалди. Шоирнинг эллик ёшлик юбилейи нишонланиш арафаси эди. Ҳаммада кўтаринки кайфият. Айниқса биз — адабиёт тўгараги қатнашчиларининг қувончимиз ичимизга сиғмайди.
Ёз ойлари эди. Пионерлар саройи дарбозаси олдида «Победа» машинаси тўхтади. Ундан оқ жужунча китель-шим кийган Ғафур Ғулом тушиб келди. Кутиб олувчилар билан кўришиб, айниқса бизнинг тўгарак раҳбари шоир Ғайратий билан алоҳида илиқ сўрашиб ичкари юрди. Йўл-йўлакай атоқли шоир қизиқ гаплар билан ҳаммани кулдириб борар эди.
Саройнинг очиқ саҳнасида учрашув бўлди. Ғафур Ғулом шеърлар ўқиди. У бир шеърини мана шундай тугатгани эсимда: «Бу шеърни айтди сизга бобонгиз Ғафур Ғулом».
Мана, йиллар ўтиб, ўзим ҳам эллик устида туриб хаёл қиламан, ўз-ўзимга савол бераман: «Бугун мен ўзимни бобо дейишга тилим борадими?» Замон ёш тушунчасини ўзгартириб юборибди. Ғафур Ғулом мансуб бўлган авлод ўз бошидан кўп мушкул даврларни, курашларни, уқубатларни кечирган, элликда улуғ ёш нусхи уриб қолган эди. Уларнинг олтмиш ёши росмана кексалик бўлган. Бу менинг ўсмирлик тасаввурим эмас. Тасаввурим алдаса ҳам суратлар алдамайди. Ойбек, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Миртемир, Шайхзодаларни ижод машаққатларидан кўра ҳам муҳитнинг қарама-қаршиликлари, низолар, ноҳақ айблашлар, виждон изтироблари қаритиб қўйган деб ўйлайман.
«Шум бола»нинг ёзилиши
1961 йил. Мен «ёш гвардия» нашриётида янги иш бошлаган пайтим. Нашриёт планида Ғафур Ғуломнинг «Шум бола» асарини қайта нашр қилиш мўлжалланган эди. Директор Сотиболди Йўлдошевнинг топшириғи билан мен Ғафур Ғуломнинг уйига бордим. Вазифа — қайта нашр хусусида авторнинг фикрини билиш, бу асар давомини ёзиш нияти борми — шуни аниқлаб келиш эди. Шоирнинг ўша машҳур Арпапоядаги ҳовлисига биринчи марта ҳаяжон титроғида қадам қўйдим. Ҳовли ўртасида йўғон кунгура оёқли каттакон стол, стол устида каттакон темир қопқоқли сиёҳдон, ёнида қурбақа пероли ручка турар эди. Баҳор ойлари, дарахтлар гуллаган пайт. Мен стол ёнида кутиб турдим. Ичкаридан елкасига тўн ташлаган, дўппи кийган шоир чиқиб келди. Салом бериб, кимлигимни, нима мақсадда келганимни айтдим. Чамаси, ҳаяжонда фикримни аниқ, лўнда қилиб баён этолмадим шекилли, Ғафур Ғуломнинг менга айтган биринчи гапи шу бўлди:
— Нашриётда сендан каттароғи йўқмиди?..
Мен нима деб жавоб беришимни билмай, қўйнимдан ҳар эҳтимолга қарши ёздириб олганим нашриёт шартномасини шоирга узатдим. Расмий ваколатим борлигини билдириб қўймоқчи бўлдим шекилли.
— Қайта нашрга рози бўлсангиз, шу ҳужжатга қўл қўйиб берар экансиз, — дедим.
Ғафур Ғулом шартномани қайтариб, шуидай деди:
— Буни чўнтагингга солиб қўй. Каттангга бориб айт, мен «Шум бола»ни қайтадан ёзаман. Шоаҳмад Шораҳмедов билан ҳам шартнома тузсин. У менга ёрдам беради.
Шу иш баҳона бўлиб Ғафур Ғуломнинг уйига тез-тез борадиган бўлдим. Устоз «Шум бола»нинг янги вариантини Шоаҳмад Шораҳмедовга айтиб турар, у киши стенограмма билан ёзиб олар эди. Менинг вазифам тайёр қисмларни олиб кетиб оққа кўчириш, нашрга тайёрлаш эди. Бир куни келганимда шоирнинг газета буюртмаси билан шеър ёзаётгани устидан чиқдим. Ўша катта стол атрофида Шоислом Шомуҳамедов, Юсуфжон Ҳамдам ва мен танимайдиган яна уч-тўрт одам гурунглашиб ўтиришар, шоир суҳбатга қўшилиб, тутилмаган гаплар билан ҳаммани кулдириб, шунинг орасида шеър ёзар эди. Бундай ижод усули ўша вақтда қандай хаёлимга сиғмаган бўлса, ҳозир ҳам ҳеч тасаввур қилолмайман. Шеър ахир танҳоликда, фикру туйғуларни жамлаш, катта бир ички тўлқиндан туғилади-ку. Ғафур ака бўлса ҳангома қилиб ўтирган жойида шеър ёзар эди. Ҳар банд битганда ҳамсуҳбатларга ўқиб берар, уларни қойил қолдириб ўзи ҳам мақтаниб қўярди:
— Шеърни Ғафур Ғулом ёзсин-у, ўликни ҳинду ювсин.
Шеър ёз тўғрисида эди. Меваларни таърифлаб туриб, «энди гилосга ҳам бир нима деб қўяйлик», «тут ҳам хафа бўлмасин» қабилида ҳазил сўзлар аралаш ўша каттакон сиёҳдонга ручкани ботириб ўнгдан чапга қаратиб қуйма сатрларни қоғозга туширар эди. Шеър охирлаб қолди.
Мис баркаш қайилгудек устидаги юкидан, Юмалоқ бол мисоли ҳар битта қантак ўрик.Шу сўзларни ёзиб шоир ўтирганларга мурожаат қилди: «Қани ўрик сўзига нимани қофия қиламиз?» Биров «кўрик» деди, биров «етук» деди… Ғафур Ғулом: «Шошманглар, тилимизда «югурик» деган сўз бор-а. Ҳозир шуни боғлаймиз», деб ручкани қўлга олди. Бир дақиқа ўйланиб турди. Мен бор хаёл кучимни, ёш фантазиямни ишга солиб ёз мевалари таърифланиб турган шеърга «югурик» деган сўзнинг боғланишини тасаввур қилолмадим. Шоир бу вақт ичида тўртликнинг иккинчи бандини тугатиб, ўқий бошлади:
Қуёшда шакарзарра ялтирайди тукидан, Пишиқчилик кунлари хаёл каби югурик.Қойил демай илож йўқ.
Шеър битди. Уни русча алифбога кўчириб ёзишни устоз менга буюрди. Шундай қилиб 1961 йил июнда яратилган «ёз боши» шеърини мен оққа кўчирганман.
«Шум бола»нинг дунёга келиши ҳам асосан шу усулда бўлган. Шоир ўзининг ёшлик ўртоғи Шоаҳмад ака билан турли ҳангомаларни айтишиб, ўтган воқеаларни эслаб ўтириб, бу ўлмас асарнинг бобларини ёд ёздирар эди.
Қиз деган кўнгилнинг қонидан бўлур
1957 йил кузи. Биз университет талабалари пахтага ҳашарга чиққан эдик. Ғафур Ғуломнинг қизи Олмосхон биздан бир курс кейин ўқир, ўзининг одоби, камтарлиги, меҳнаткашлиги билан ҳамманинг меҳрини, ҳурматини қозонган эди.
Бир кун шоир машинасида келиб, университет раҳбарларининг ижозати билан Олмосхонни бир кунга Тошкентга олиб кетди. Шаддод комсомоллар бу воқеага ўзларича муносабат билдириб деворий газетага карикатура чиздилар. Ғафур Ғулом «Волга» машинаси ёнида қизи Олмосхоннинг бошини силаб турибди. Карикатура тагига «Сен етим эмассан» деб ёзилган. Газета Олмосхон қайтиб келгандан кейин ҳам бирор ҳафта осилиб турди.
Бу воқеани мен гоҳ кулиб, гоҳ ачиниб эслайман. Кулишимнинг сабаби карикатура топқирлик билан ўхшатиб чизилган, комсомол болалар шундай улкан шоирни ҳам аяб ўтирмай боплаб танқид қилишган эди. Лекин ачинишимга ҳам сабаб бор. Аввало, Олмосхон, ҳали айтилганидек, эркатой қизлардан эмас эди. Қолаверса, айниқса қизларга икки ойлик пахта даврида ҳеч бўлмаса бир марта уйга бориб келишга рухсат бериларди. Лекин гап бунда ҳам эмас. Ачинишимга асосий сабаб бўлак.
1964 йили Ғафур Ғулом оиласида фалокатли ҳодиса юз берди. Ёш келинчак бўлган Олмосхон газ портлаши натижасида куйиб оғир жароҳатланди. Қизининг изтиробларидан ўртанган шоир оз вақт ичида сўлиб, қартайиб қолди. Сиртида билдирмаса ҳам, ўзини ҳар доимгидек тетик, қувноқ тутиб юрса ҳам, сочининг оқи кўпайиб, қобоқлари салқиланиб қолган эди.
Муҳаррам опа Олмосхонни олиб Москвага шифохонага кетган. Бир кун мен Ғафур акани кўргани бордим. Устоз қўлида қайчи, турли журналлардан суратлар қирқиб ўтирар эди. Менга, ўтир, дея ишора қилиб, ишини давом эттирди. «Крокодил», «Огонёк», «Муштум» журналларидан қирқилган ҳазил суратларни оқ қоғозга текис қилиб ёпиштириб чиқди. Кейин менга қараб: «Мана, бўлди, тагхатини ёзсак, мактуб ҳам тайёр», — деди. Бу шоирнинг Москвага — қизи ва рафиқасига ёзаётган ғаройиб хати экан. Масалан, жуда ясанган танноз қизнинг сурати тагига: «Мана бу Олмосхоннинг 1-Майга ясанишлари», бошқа бир суратга: «Олмосхоннинг адаларига, тилла балдоқ олиб беринг, деб ялиниб турганлари» сингари ҳазил сўзлар ёзилди. Устоз хатларни эҳтиётлик билан буклаб, конвертга солиб қўйди.
Шунда мен Ғафур Ғуломнинг буюк инсонлик фазилатига, оталик меҳрига тан берганман. Олисдаги ўксик фарзандининг кўнглини кўтариш учун шунча ҳафсала билан тоғ-тоғ журналларни ағдариб, қирқиб ёпиштириб ўтирганига қойил қолдим. Улкан шоир бутун ижоди давомида яратиб қўйган Ота сиймоси, «Кузатиш», «Соғиниш», «Сен етим эмассан», «Йигитларга», «Қизларга» сингари ўнлаб классик шеърларда ўз ифодасини топган меҳрибон, улуғвор, шафқати беҳудуд олижанрб сиймо — бу Ғафур Ғуломнинг ўзи эканига имон келтирдим.
Устоз хонадонидан чиқар эканман, ўша студентлик йиллари комсомол ўртоқларим қилган шаккоклик учун юрагим ачишар, улуғ шоирнинг сатрини ичимда такрорлар эдим:
Қиз деган кўнгилнинг қонидан бўлур.
Душанбе сафари
1966 йил, апрель. Тожикистон ёзувчиларининг съездига Ғафур Ғуломга ҳамроҳ бўлиб Шоислом Шомуҳамедов ва мен борадиган бўлдик. Бу мен учун катта воқеа, улуғ устознинг билдирган ишончи ва меҳри белгиси эди. Тожикистон Министрлар Советининг боғида беш кун Ғафур Ғуломнинг ажойиб суҳбатларидан баҳраманд бўлдим. Совет адабиётининг улкан вакиллари орасида устоз ҳамманинг диққат марказида, суҳбатларнинг жони бўлиб юрди. Классиклардан форсий ва туркий тилларда ёд билган байтлари, латифалари, тарихий воқеалар билан боғлиқ ҳикоя ва ҳангомалари сира тугамас эди. Москвалик рус ёзувчиларидан бири: «Ғафур — туганмас хазина, афсуски, бу гапларни у қоғозга туширмайди-да. Дунёни ҳайратга соладиган гаплар-ку бу», — дегани эсимда.
Дарҳақиқат, Ғафур Ғулом кўнглидаги гапларнинг ҳаммасини қоғозга туширмай кетган шоирлардан. Аввало у қисқа умр кўрди. Сўнгра, шоир яшаган давр адабиёт ва санъатда мадҳиябозлик, тантанаворлик, ҳаётнинг кўпроқ ёруғ томонларини куйлаш, ҳатто уни бўяб кўрсатиш ҳукмрон тенденция бўлган пайт эди. Шоирнинг юраги дардлик бўлганига ҳеч шубҳа йўқ. Бу дард унинг кўзлари тубида ётарди. Мен бу дардни кузатганман, «Соғиниш», «Она қизим Жамилага» сингари изтироб тўла шеърларида ҳис қилганман. Аммо такрорланмас истеъдод шуъласи кўпроқ байрам қасидаларига, тантанали шеърий мактубларга тўкилди. Ғафур Ғулом дард, изтироб туйғуларини ҳам ёзган шоирларнинг бошига тушган фалокатларни ўз кўзи билан кўрган адиб эди. Шунинг учун ёшларни ҳам бу хил шеърлар битишдан қайтаришга уринарди. Азбаройи уларни эҳтиёт қилиш, найзабозлардан сақлаш учун ҳам шундай қилар эди. 1963 йилда устоз Гулчеҳрахон билан менинг никоҳ тўйимда қатнашиб сўз айтган. Тўйдан қайта туриб менинг қулоғимга: «Мана, йиғлаб-сиқтаб хотинлик бўлиб ҳам олдинг, энди «ўлдим-куйдим» деган шеърларни ёзмассан», деган эди. Бу гап ўша кезлари менинг баъзи шеърларим кўп мажлисларда, матбуотда йиғлоқи, тушкун руҳда ёзилган деб танқид қилиниб турганига ишора эди.
Шундай қилиб, Тожикистон ёзувчиларининг съезди бошланди ва биринчи куни Ғафур Ғуломга сўз берилди. Залда гулдурос қарсаклар турди. Шоир минбарга кўтарилганда, пастдан: «Устод, тожикча гапиринг!» «Ба дарий, ба форсий!» деган овозлар эшитилди. Ғафур Ғулом, маълумки, тожик билан тожикча, қозоқ билан қозоқча, туркман билан туркманча, озарбайжон билан озарбайжон тилида равон сўзлашар эди. Бу гал шоир минбардан шундай сўзлар айтди:
— Мен тожик тилида гапирсам бўлади. Лекин бу минбардан бугун ўзбек биродарларингизнинг овози таралсин учун ўзбекча гапираман.
Залда яна қарсаклар янгради. Устоз зални гоҳ ўйга чўмдириб, гоҳ ҳайратлантириб, гоҳ кулдириб, ўтмишнинг буюк алломаларидан ҳикматлар келтириб ўзбек тилида ажойиб нутқ сўзлади.
Душанбеда ҳам шоирнинг мухлислари кўп экан. Зиёфатдан бўшамадик. Бизни меҳмон қилганлар орасида фақат олимлар, адиблар эмас, оддий косиблар, врачлар, ўқитувчилар бор эди. Ғафур ака таклиф қилганларнинг сўзини қайтармас, гоҳ нонушта, гоҳ тушлик, гоҳ кечки ўлтиришларга бизни бошлаб борар, у қадам қўйган хонадонда байрам бўлар эди.
Душанбедан қайтишда самолётда ёнма-ён ўтирдик. Мен Ғафур акадан: «Самолётда ўзингизни қандай ҳис қиласиз?» деб сўрадим. Устоз ҳазил билан: «Самолётнинг бирор михи ўзини қандай ҳис қилса мен ҳам шундай», деб жавоб берди. Йўл-йўлакай у адабиётга кириб келаётган ёшлар ҳақида сўраб, менга йўл-йўриқлар, маслаҳатлар бериб келди. Гап охирида: «Насиҳат қилавериб жонингга тегдим-а. Бир маҳал Чўлпон менга ҳам шунақа узоқ насиҳат қилган эди», деб унинг антиқа насиҳатини ҳикоя қилиб берди. Бу ҳикоя матбуот учун эмас, балки фақат эркаклар ўртасида қулоққа айтиладиган гап бўлгани учун уни баён қилиб ўтирмайман. Умуман, Ғафур аканинг тили ботир, ҳатто катта амалдорлар олдида ҳам қалтис, бузуқ латифаларни айтаберар эди. Тожикистон раҳбарлари ўтирган даврада шоир Завқийнинг бир закотчи бойни уят сўзлар билан ҳақорат қилиб ёзган ғазалини ўқиб берган, ҳаммани роса кулдирган эди.
Биз Душанбедан Тошкентга қайтган кун 1966 йилнинг 25 апрелига тўғри келди. 26 апрель тонготарда эса Тошкентда даҳшатли зилзила юз берди. Она шаҳрининг замини каби шоирнинг юраги ҳам дарз кетди. Ўша йил Ғафур Ғулом умрининг сўнгги йили эди.
1987