Туркий халқлар ичида ўзбекларнинг маданий мероси энг бой ҳисобланади. Мавжуд қўлёзмаларнинг бир қисмини қадимги қомуслар ташкил қилади. Тбилиси, Ленинград, Боку, Тошкент шаҳарларидаги қўлёзма хазиналаридаги Фатҳ Алихоннинг «Китоби луғати атрокийа», Толе Ҳиравийнинг «Бадое-ул-луғат», Муҳаммад Хуйиннинг «Хулосаи Аббосий» ва бошқа луғатлар ана шулар жумласидандир. Қадимий қомуслардан бир қисми ватанимиздан ташқарида Истамбул, Вена, Лондон, Теҳрон кутубхоналарида сақланмоқда. Айниқса, чет эл хазиналарида сақланаётган қомуслар тарихи ва маънавий қиммати жиҳатидан алоҳида аҳамиятга эга.
Ўзбек халқи тарихига доир «Абушқа» луғатининг тарихи ва котиби кўрсатилган энг қадимги нусхаси Вена шаҳри кутубхонасида сақланмоқда. Муҳаммад бинни Содиқ томонидан кўчирилган бу нусха 1552 йилда китобат қилинган. Шунингдек, «Санглоҳ» луғатининг энг мўътабар нусхаси Лондон кутубхонасидадир.
Ўрта аср шарқ луғатчилигининг бой анъаналари руҳида тузилган бу луғатлар қомусий хусусиятга эга бўлиб, ўзбек халқи ҳаётида алоҳида ўрин тутади. Луғатларда ўзбек тили ва адабиётига оид жуда кўп маълумотлар бор. Улар эски ўзбек тилини илмий жиҳатдан ўрганиш борасида асосий манба ҳисобланади. Бу қомусларда ўзбек тили, адабиётидан ташқари, тарихчилар, этнографлар, файласуфлар, географлар учун ҳам жуда қизиқарли ва зарур маълумотлар сақланган. Масалан, 1759—1760 йилда китобат қилинган «Санглоҳ» луғатида Олмалиқ, Ўш, Орол каби машҳур шаҳарлар билан бирга Абулхон тоғи, Арнакка ўхшаш кам маълум бўлган жой номлари ҳақида ва 96 боғли ўзбек уруғларидан: очамайли, сариқ пўстин, арлот, барлос, қиёт каби уруғлари ҳақида ҳам қимматли маълумотлар берилган.
Шунингдек, бу қомусларда халқимизнинг урф-одатлари, расм-русумлари ҳақида ҳам сўз юритилган. Луғатлардаги асосий маълумотлар ўзбек тили ва адабиёти билан боғлиқ. Улар она тилимизнинг бутун бойлигини ўзида мужассамлаштирган бўлиб, ниҳоятда қимматли тарихий ҳужжатдир. Қомусларда кундалик турмушимизда ишлатилаётган жуда кўп сўзларнинг маъноси ишонарли очиб берилган. Масалан, луғат маълумотлари туфайли қуда-анда бирикмасида, қуда — қиз узатадиган томон, анда — қиз оладиган томон эканлигини англаймиз. Кечқурун сўзи икки қисмдан ташкил топиб, кеч ва вақт маъносидаги қурун сўзларидан иборат эканлигини айтилган. Чиябўри сўзидаги биринчи сўз чия — яъни қамиш эканлиги луғатда кўрсатилган.
Луғатлар сўз ўзакларини очиб беришда қимматли манба ҳисобланади. Уларда сўзларнинг дастлабки, асл маъноларига шарҳ берилган. Масалан, шолча сўзининг ўзаги аслида шол бўлиб кичик гилам маъносини англатади. Томчи сўзининг асл ўзаги том бўлиб, у қатра, озгина тушунчасини берган. Кейинчалик у -чи қўшимчаси билан бирикиб ҳозирги ҳолига келган.
Луғат маълумотлари туфайли кўпгина иборалар таркибидаги сўз маъноларини тушуниб оламиз. Чунончи, оҳори тўкилмаган иборасидаги оҳори сўзи қадимда кийимларга жило, сайқал берадиган модда (крахмал) бўлган экан. Лўттибозлик қилмоқ бирикмасидаги лўтти сўзи қадимда кўча-кўйда юрадиган тартибсиз, саёқ созанда маъносини англатган. Бунга ўхшаш мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Улар келгусида тузиладиган луғатлар учун асосий манба бўлиб хизмат қилишн шубҳасиз.
Мутафаккир шоирларимиз асарларини нашрга тайёрловчи матншунослар учун ҳам бу луғатлар қимматли манба ҳисобланади. Қадимий луғат тузувчилар мисолларни шоир асарларининг энг нодир, энг ишончли нусхаларидан олганлар. Масалан, «Санглоҳ» луғатининг муаллифи Мирза Махдихон мисолларни Навоийнинг Теҳрондаги салтанат кутубхонасида сақланаётган дастхатидан олган.
Дастхат охирида «катаба ал-аблул-фақир Алишер ал-машҳур Навоий ғаффара зунбаҳи», яъни, «китобнинг котиби Навоий сифатида машҳур бўлган банда ва фақир Алишердир», ёзуви борлиги олимларимиз томонидан аниқланган. Ундан ташқари шоирнинг муҳри ичидаги «кун оша фид дунё кал ғариб ал фақир Алишер», яъни, «дунёда ғариб ва фақир Алишердек ҳаёт кечиргил», сўзлари луғатшуноснинг энг мўътабар нусхалардан мисол олганлигини кўрсатади.
Демак, модомики луғатшунослар ўз асарларига мисолларни шоир асарларининг ноёб, қадимий ва аслига яқин нусхаларидан олган эканлар, уларга эътибор билан қарашимиз, ҳозирги нашрларни тайёрлашда айрим хатоларни тузатишимиз лозим.
Масалан, «Мажолис-ун-нафоис»нинг тўртинчи мажлисида Хожа Қутбиддин Аҳмад ҳақида гап кетганда қуйидаги жумлани ўқиймиз: «Ҳазрат шайхул ислом зиндафил Аҳмад Жом (қуддиса сирруҳу)нинг авлодидиндир. Фариштаваш ва малакшева кишидур. Чун Хожа Аҳмад Жомий қуш асраб солур, алар дағи тақлид қилибдурлар. Солур чоғида улоғлари йўқ эрмиш бағоят бийик киши, бир қулларига ўзларин кўтариб қуш солур эрмишлар». Бу парчадаги асосий камбағалчилик шундан иборатки, охирги жумла мавҳум бўлиб қолган: чунки ов вақтида овчи ўзини қулига кўтартириб қўйиши мантиққа зид.
Алишер Навоий асарларининг насрий баёнини кўздан кечирар эканмиз, унда айрим байтлар тўлиқ изоҳланмаганлигини кўрамиз. Бундай камчиликлар шоир асарларидаги айрим сўз маънолари изоҳловчилари номаълум бўлганлиги туфайли содир бўлган. Уларни аниқлаш байт мазмунини тўлиқроқ тушунишга ёрдам беради. «Лайли ва Мажнун»да бир лавҳа бор. Мажнун туш кўради. Тушида отаси вафот этади. Шундан кейин у Нажд тоғидан пастга қараб югуради:
Тоғдин қўпуб айлади қуйи майл,
Ҳар қўлга тўкуб сиришкидан сайл.
Ушбу байт Амин Умарий ва Ҳусайнзода томонидан умуман тўғри тушунтирилган: тоғдан сапчиб пастга қараб югурди, селдек кўз ёшлар тўкди. Лекин бу изоҳга «Абушқа» луғатидаги қўл сўзининг тоғ чўққисидан пастга қараб тушган йўл маъноси қўшилса, байт мазмуни янада аниқроқ, равшанрок очилган бўлар эди: (Мажнун) тоғдан пастга қараб тушди, тоғ чўққисидан пастга қараб тушган йўлга қон ёшлари тўкилди.
«Лайли ва Мажнун»да Қайснинг мактабга бориши шоир томонидан қуйидагича баён қилинади:
Бир кун эрикиб маҳи муаддаб,
Тушти бошига ҳавойи мактаб.
Ушбу байт изоҳловчилар томонидан қуйидагича тушунтириб берилган: у тарбияланган одобли ой, бир кун зерикиб мактабга бориш ҳаваси тушди.
Бу насрий баёндаги зерикиб ўрнида эрикиб сўзининг қадимги луғатлардаги юраги сиқилиш, дилгирлик маънолари қўйилса, байт мазмуни аниқроқ очилган бўлур эди: тарбияли боланинг юраги сиқилганидан мактабга бориш ҳаваси туғилди.
Ушбу луғатларда ҳали ижоди ўрганилмаган, асарлари топилмаган ўзбек шоирлари ҳақида ҳам қизиқарли маълумотлар сақланиб қолган. Чунончи уларда Убайдхон Ўзбек, Носир, Мулла Соқий, Искандар Мирза, Абубакр Мирзо каби шоирлар асаридан айрим парчалар келтирилган. Масалан, қораламоқ сўзига Убайдхон Ўзбекнинг қуйидаги байти мисол тариқасида келтирилади:
Қора балоға қолибмен қоралаб ўтганидин,
Кўнгулни ҳам қаро ер қилди ул қарори била.
Бу бебаҳо луғатлар ўзбек тилини илмий жиҳатдан ўрганувчилар учун ҳам асосий манба бўлиши керак. Чунки уларда ҳар бир сўзнинг товуш тузилиши у ёки бу сўзни қандай талаффуз қилиш ва қандай ёзиш кераклиги аниқ кўрсатилган. Масалан, ўзбек уруғларидан сулдуз сўзига қуйидагича изоҳ берилган: сулдуз — ба сукуни лом ва зои муъжама ва замми доли муҳмала номи тоифаист аз атрок — сулдуз — «л» ва «з» устида сукун, «д» заммали, туркий уруғлардан бирининг номи. Иккита маъносидаги икирар сўзига қуйидагича таъриф берилган: икирар — биринчи «р» фатҳали, иккинчиси «р» устида сукун, маъноси иккита.
Ушбу қомусларда ҳали ҳеч қайси луғатларда қайд этилмаган кўплаб сўзларни учратиш мумкин. Масалан, бирорта эски ўзбек луғатларида зиён етмади маъносида бушмади феълини учратмадик. «Санглоҳ» луғатида ушбу сўз «Бобурнома»дан олинган мисол билан берилган: бушмади — зиён нарсасид, чунон, ки дар тарихи Бобури мазкуристки: Султон Танбалнинг бўғзига найзалаб йиқиттилар вале бушмади. Афсуски, бу сўз кўпчиликка нотаниш бўлгани учун бўлса керак, «Бобурнома» нашрида тушмади деб ўқилган, бу маъно масаланинг умумий маъносини очиб бера олмайди. Шунингдек, аёл маъносидаги инчи сўз ҳам эски ўзбек луғатларида учрамайди: инчи — ба касри аввал ва сукуни ё ва кун ва касри жими порси ба маъни зан бошад — инчи — бошида «и», «й» ва «н» сукунли, «ж» форсий, яъни «ч», маъноси «аёл» демакдир.
Энди ҳар жиҳатдан ноёб бўлган бу қомусларни ўз ватанига тезроқ қайтаришни ўйлаб кўриш керак. Албатта бу луғатларни ҳеч ким бизга қайтариб бермайди, чунки улар ўша хориждаги қўлёзма хазиналарининг нодир ёдгорлиги ҳисобланади. Лекин биз улардан нусха олишимиз мумкин. Ҳозир олимларимизнинг маълумотларига қараганда, Теҳрондаги Малак кутубхонасида Алишер Навоий асарлари бўйича тузилган луғатлардан «Надр Али», «Абушқа», «Хулосаи Аббосий»ларнинг ноёб нусхалари сақланмоқда. Улардан нусхалар олиб, илмий ва амалий ишларимизда фойдаланишимиз керак.
Шу ўринда яна бир нарсани айтиб ўтишни лозим деб топаман. Бундан ўн бир йил илгари ҳурматли олимларимиз Ботир Валихўжаев, Воҳид Абдуллаев, Абдуқодир Ҳайитметов, Суйима Ғаниевалар томонидан Теҳрондаги салтанат кутубхонасида сақланаётган Алишер Навоийнинг дастхати ҳақида маълумот эълон қилинган эди. Орадан шунча вақт ўтишига қарамасдан бу дастхатдан нусха кўчириб ола олмадик. Бу бизнинг маданий меросимизга беэътиборлигимиздир. Олимларимиз олдида шарафли ва масъулиятли вазифа турибди. Улар ўзбек халқининг урф-одати, иқтисоди, тили ва адабиётига оид турли маълумотларни жамлаган қадимий қомусларимизни ахтариб, топиб халққа етказишлари керак. Токи халқимиз ўз ота-боболари яратиб кетган бебахо хазиналардан фойдаланиш имкониятига эга бўлсин.
«Гулистон» журнали, 1990 йил, 6-сон