ёки «Меҳробдан чаён» романидаги тарихий воқеа ҳақида мулоҳазалар
Ўзбек совет адабиётининг асосчиларидан бири, ўзбек романчилигининг отаси Абдулла Қодирий тарихга, тарихий шахсларга чукур қизиқиш билан муносабатда бўлар, эътиборга молик воқеа ва ҳодисаларнинг энг муҳимларини ажрата олишга моҳир эди. «Ўтган кунлар» ва «Меҳробдан чаён» сингари тарихий асарларда муаллифнинг «…мавзуни мозийдан, яқин ўтган кунлардан, тарихимизнинг энг кир, қора кунлари бўлган кейинги «хон замонлари»дан белгилаши…» фикримизнинг далилидир.
Абдулла Қодирий ўз романларига материал тўплаш мобайнида Қўқон хонлиги тарихига оид эски ўзбек ва форс тилида битилган турли манбаларни ўқиб-ўрганган, роман воқеалари бўлиб ўтадиган ўринларни, тарихий жойларни бориб кўздан кечириб келган. «Мен бир асар ёзишдан аввал шу ёзмоқчи бўлган нарсам ҳақидаги материалларни пухта ўрганиб чиқаман, — деган эди адиб.— Бирор жой тўғрисида асар ёзмоқчи бўлсам, жойни аввал неча мартаба кўрган эсам-да, яна бориб, текшириб, яхшироқ ўрганиб келаман».
Ана шу мақсадда у бир неча маротаба Қўқонга, Фарғонага, Наманганга аа Ўзбекистоннинг бошқа шаҳарларига сафар қилган. Ёзувчи бу шаҳарларда кекса одамлар билан учрашиб суҳбатлар қурган, ўтмишда тарихий воқеаларни ўз кўзлари билан кўриб гувоҳ бўлган оқсоқолларни излаб топиб, улардан кўплаб нодир маълумотларни ёзиб олган. Улуғ адиб ҳар бир воқеа-ҳодисанинг ишонарли ёритилишига жуда катта аҳамият берган. Шунга кўра, Ўзбекистонда ўша даврда яшаган аҳоли оғзидан мозийдаги тарихий воқеаларни ёзиб олиш ишини Абдулла Қодирий биринчи бўлиб бошлаб берди, дейиш мумкин. Хон даври воқеаларини кўриб, ўз оғзи билан изоҳлаб берган кишиларнинг хотираларига суянмай, бу қимматли маълумотларни ҳисобга олмай асар ёзишни ёзувчи ўзига муносиб билмаган. Демакки, халқ ёдида сақланиб қолган, шунингдек, ҳикоятлар, афсоналар ва нақллар орқали етиб келган мозий воқеаларига ҳам ёзувчи катта эътибор берган.
«Меҳробдан чаён» романида муаллиф асар қаҳрамонларидан бирининг келиб чиқишини ҳикоя қила туриб, кичкина бир тарихий экскурс келтиради. Бу тарихий экскурс — романда «Амир Умархоннинг канизи» деб номланган иккинчи боб — китобхонларнинг ёдида бўлса керак. Мана ўша боб (биз уни қарийб тўлалигича келтирамиз):
«…Туркистон хонлиги тарихидан хабардор кишиларга маълумдирким, Амир Умархон охир умрида ўз саройидаги ёш канизаклардан бирига муҳаббат қўяди. Каниз ёш бўлганлиги ва балоғатга етмаганлиги учун уни никоҳига ололмай, вақт кутади. Шу кутиб юриш йилларида Умархон муродига етолмай, вафот қилади, тахтга ўғли Маъдалихон минади. Орадан бир неча йиллар ўтиб, бояги каниз балоғатга эришади ва бир ҳуснига ўн ҳусн қўшилиб, отасининг боласи бўлган Маъдалихонни ҳам ўзига ошиқ қилади. Ўз саройида ўсган бу қизни ёш хон ҳамиша кўз ўнгида юритса ҳам, бироқ… Тарихнинг бизга хабар беришига қараганда, Маъдалихон бу қизнинг дардида неча йиллар ёнади, чунки уламолар бу ёш гўзални Маъдалига она мақомида ҳисоблаб, нима учундир ёш хоннинг орзусига кўндаланг келадилар.
— «Отангиз, агарчанди канизни ўз никоҳларига олмаган бўлсалар ҳам ва лекин «балоғатга эришгач оламан» деб ният қилганлар. Бинобарин, бу каниз сизга она мақомида, шариат рухсат бермайди!» — дейдилар.
Маъдалихон бу фатводан кейин дардини ичига ютишга мажбур бўлиб, аммо иккинчи тарафдан ўзининг орзусига қарши борган уламони секин-секин «илмий» ишлардан олиб, улар ўрнига янгиларини қўя бошлайди. Ўз орзусига замин ҳозирлагач, бир неча йилни ўтказиб, яна уламога шу тўғрида фатво сўраб мурожаат қилади. Табиий, яқиндагина оғзи ошга етган янги уламолар ўз валинеъматлари бўлган Маъдалихонга хиёнат қилмайдилар-да:
— «Баназди мужтаҳиддини киром асли эътибор ақди шаръийдир. Отангиз марҳум: «никоҳланаман» деб айтган бўлсалар ҳам «никоҳландим» деб айтмаганлар. Бас, амиралмўъминин мазкурани ўз нафсларига ақди шаръий қилсалар жоиз ва дурустдир. «Валлоҳи аълам биссавоб» деб фатвономани «бинни муфти марҳум», «бинни мударрис марҳум», «бинни Ҳўқандий марҳум» муҳри боҳайбатлари билан қалаштириб берадилар ва Маъдалихон тўй ва томошалар билан мурод-мақсадига етади…
Кимларнинг воситаси биландир мазкура гўзал канизнинг таърифи Бухоро амири — амир Насрулло (Ботир) хонга етиб, у ҳам илгаридан ҳалиги канизга ғойибона ошиқ бўлган эди, аммо қайси йўл билан бўлса ҳам шу канизни қўлга киргизиш фикрида бош оғритиб, нос чекиб юрган Ботирхоннинг қулоғига бу хабари жонсўз етиб, димоғидан дуд чиқади ва дарҳол Бухоронинг забардаст уламо, муфти, ҳоказо ва аъло ҳозалқиёс пешволарини ўз ҳузурига чорлаб, дарғазаб, воқеани сўзлайди ва улардан дарҳол бир «фатво» талаб қилади. Уламои киром ҳам дар он ботаҳорат-бетаҳорат, масалани эшитар-эшитмас, фатво ёзадиларки:
«Бир жамоа мўъминларига амир бўлган зотнинг вазифаи шаръийси шулдирким, исломда устивор тургай, аҳкоми исломни камокон ижро қилғай. Ҳар бир амириким аркони исломдан заррача юз ўгирса, у кимарса жамоаи ислом устига амир эмас, шарирдир. Наузан биллоҳким, Фарғона ва Туркистон мамлакатининг алҳол амири бўлган Муҳаммад Алихон волидининг манкуҳаси, яъни волидаи айни ва ризоисини ўз ақдиға олибдир (эмизган онасига уйланибдир), наузан биллоҳ, наузан биллоҳ. Оят ва аҳодиси шарифа ва ба чаҳори мазҳаб ва ба назди муждаҳидини киром ва уламои зулэҳтиром муттафақун алайҳ кофирдир. Казолика ўшандоғ муртаднинг қатли аввало дигар ислом амирларига ва баъдаз барча мўъминларга фарзи айндир!»
Дарвоқе «холисона» бу фатвога амир Насрулло «бетарафона» қиймат бериб, «дин йўлида холис бир жиҳоди акбар» деб жамъий қўшинлари билан Фарғона устига юриш қилади.
Амир Насруллонинг бу «холисона» жиҳоди Туркистон хонлиги томонидан қандай муқоваматларга учради ва икки тарафдан қанча бошлар кесилди, албатта, бу тўғрида биз гапириб ўтирмаймиз. Фақат бу можародан бизга керакли нуқта шундаким, натижада Маъдалихон шикаст топди, ҳам Амир Насрулло томонидан қатл қилинди. Маъдалихонга фатво ёзиб берган Қўқон уламоларидан бир нечалари ҳад урилдилар ва бир нечалари қочиб қутилдилар. Амир Насрулло бўлса, Фарғона ҳукуматига ўз кишисини қўйди, фатҳу нусрат билан канизини олиб Бухорога қайтди.»
Ушбу воқеалар асосини муаллиф халқ оғзидан ёзиб олиб, баён этган, қисман ўзгаришларга учраган, лекин аслида бўлиб ўтган тарихий фактлар ташкил қилади. Маълумки, бадиий тўқима компоненти ижодий жараёнда, асар сюжетида муҳим ўрин эгаллайди, бунда албатта бадиий тўқима ва тарихий ҳақиқат бир-бирларини тўлдириб келади. Шу ўринда, бадиий асар сюжетини ўрганиш масаласи тадқиқотлар ичида энг қийин ва энг муҳим қирраларнинг бири эканлигини ҳам айтиб ўтишимиз керак.
Адибнинг ўзи ушбу бобга асос бўлган материални қайси манбадан олганлигини ўқувчи учун очиқ қолдирган, унинг архивида ҳам роман устида олиб борилган иш жараёнини кузатишга имкон берувчи қоғозлар, ёзувлар ёки вариантлар сақланиб қолмаган. Шунга кўра, биз фақат тахмин ва илмий фаразлар орқалигина иш кўришимиз мумкин, аммо бу йўл ҳам ҳамиша аниқ натижалар беравермайди.
Юқорида келтирилган бобни муаллиф қандай мақсадда романга киритганлигини ҳозир аниқ айтиш қийин. Нима бўлишидан қатъий назар, Абдулла Қодирийнинг бу воқеани асарга олиб кириши тасодиф эмас. 1929—30 йилларда улуғ адиб худди шундай сарлавҳа остида тарихий роман ёзишни ният қилганлиги ҳам яхши маълум. Афтидан, у ана шу мавзуни янада чуқурроқ ёритмоқчи бўлган, минг афсуски, асар учун етарли маълумот жамғарилганлигига қарамай, бу ният амалга ошмай қолган.
Ёзувчининг айнан шу аёл — Амир Умархон канизининг тақдирига қизиқиш ҳам тасодиф эмас. Асли исми Хонпошша бўлган бу каниз жуда истеъдодли, бениҳоя даражада гўзал ва латофатли, замонасининг билимдон аёлларидан бўлган. У шайх Иноятулла Канбу (XVIII аср ўрталари)нинг «Баҳори дониш», Зиёуддин Нахшабий (XIII—XIV асрлар)нинг «Тўтинома», Бархурдор туркман (XVIII аср)нинг «Маҳфилора», Хисрав Деҳлавий номига нисбат берилувчи «Чор дарвиш» ва ҳоказо шунга ўхшаш кўплаб китоблар, қўлёзмалардан хабардор бўлган.
Шундай қилиб, Абдулла Қодирий ният қилган янги романга айнан шу боб — Қўқон хонлиги тарихидаги энг фожеий даврларни ҳикоя қилувчи врқеалар асос бўлмоғи керак эди. Эҳтимол, бу боб, Ўрта Осиё тарихининг бирмунча аввалроқ даврини, ўша давр урф-одатлари ва сиёсий воқеаларини қамраб оладиган ўша янги роман олдидан ўзига хос бир тайёргарлик бўлган бўлиши ҳам мумкин.
Биз қаламга олаётган масала Абдулла Қодирийнинг тарихий романларига бағишланган тадқиқотларда (бу тадқиқотларнинг ўзи жуда озчиликни ташкил қилади) ҳозирга қадар ўрганилмай, даҳясиз қолиб келаётган эди. Ҳар ҳолда қўлимиздаги тарихий материал мазкур сюжетнинг манбаини аниқ ва тўғри кўрсатишимизга, бадиий тўқима ва тарихий ҳақиқатни бир-биридан ажратишимизга, шу орқали тарихий воқеаларнинг ҳаққоний суратини кузатишимизга имкон беради.
Ўша даврда яшаб, мазкур воқеаларга ўзи гувоҳ бўлган Муҳаммад Ҳакимхон (XIX аср бошларида Қўқонда туғилган) ўзининг қомусий қўлёзма асари — «Мунтаҳаб ут-таворих»да биз таҳлил қилаётган воқеаларга бир қадар равшанлик киритувчи ноёб ва қизиқарли маълумотларни келтиради. Ҳакимхон ўз даврининг кўзга кўринган-тарихчиси, адабиётшунос, саёҳатчи, маърифатпарвар одами бўлган. Истеъдодли олим Россия шаҳарларига ҳам борган, рус тилини, маданиятини, рус халқи ҳаётини мукаммал ўрганган, бу ҳақда ўз асарларида илҳом билан ёзган.
Ҳакимхон хонларнинг тажовузкорона сиёсатини қоралаган, зулм ва зўравонликка қарши чиққан, фуқарога ҳамдарду ҳамдам бўлиб, одамларни ақл-идрок ва маьрифат эгалари бўлишга, эзгуликка, олижанобликка, ҳалолликка чақирган. Унинг бутун умри сургунда, дарбадарликда ўтди. Ҳакимхон «Амир Умархоннинг канизи»—Хонпошша билан яқин таниш бўлган.
Қўқон ҳукмдори Умархон (1810—1822) ўз тасарруфидаги вилоятлар бўйлаб қилган сафарларининг бирида Шаҳрихонда тўхтайди. Ўша даврда шаҳар ҳокими бўлган Жиловдор иноқнинг хотини Умархон ҳузурига киради ва аввал Ўратепада яшаб, қандайдир қилмишлари учун оиласи билан Шаҳрихонга ҳайдалган, эндиликда шу шаҳарда кун кечираётган Саидғозихўжа деган кимса ҳақида хабар беради. «Хўжа ҳозир янги ватанда жуда катта қийинчиликлар ила фақирона кун кечирмоқда. Хўжанинг Хонпошша исмли бениҳоя гўзал бир қизи бор. Қиз шунчалар гўзалки, агар учрашиб қолсалар нур таратиб турган қуёш қизнинг порлоқ чеҳрасидан уялиб, юзига булутлардан парда тортиб олади, сарв унинг хиромон қадди-қоматидан, хушбўй бинафша гуллар эса унинг кокиллари таратган мушк-анбардан хижолат чекиб қоладилар»,—дейди.
Аёл қизнинг таъриф-мақтовини шу қадар келтириб тасвирлайдики, Умархон шу кечасиёқ буйруқ бериб, совчилик ишларида тажрибаси катта икки кайвони кампирни Саидғозихўжанинг уйига юборади.
Лекин, хон ҳазратларига қуда бўлмоқ қанчалик шараф ва обрў келтирмасин, ота бу хушхабардан қувонмайди ва қизининг аллақачонлар унаштириб қўйилганлигини, шу яқин кунларда жияни ва қизининг тўйи бўлишини айтиб, совчилардан узр сўрайди.
Совчилар шу заҳоти хон ҳузурига қайтиб, эшитганларини оқизмай-томизмай унга етказишади. Хон кампирларни яна изига қайтариб, уларга Баҳодирхўжа дастурхончини ҳам бирга қўшиб юборади. Бу сафар совчилар илтимос ва панд-насиҳатлар билангина чекланиб қолмайдилар. Орага дўқ-пўписа ва таҳдидлар аралашгач, Саидғозихўжа йиғлаб, бошига кулфатлар ёғдирган, ўзини ва жигарпораларини дарбадарликка, сургунга гирифтор қилган золим фалакдан, шум қисматдан шикоятлар қилади. Унинг қизи бошқа бировга унаштириб қўйилган, шунинг учун ҳам хон ҳазратлари на урф-одатга, на шариатга биноан уни жуфти ҳалолликка қабул қилолмайди. Наҳотки хон ҳазратлари куч ишлатиб, қизни зўравонлик билан тортиб олиб кетса?! Биз ожиз ва ҳимоясиз фақирлармиз. Шу гапларни айтиб хўжанинг кўз ёшлари сел бўлиб оқади.
Совчилар хон олдига қайтиб, бўлиб ўтган барча гап-сўзларни батафсил баён қиладилар. Умархон жаҳлдан ўзини йўқотиб, дарғазаб ҳолда шахсан Ҳакимхоннинг ўзига қизни олиб келиш учун фармон беради. Ҳакимхон Баҳодирхўжа билан бирга ҳалиги икки кампирни ёнига олиб, Саидғозихўжанинг уйига жўнаб кетади. Бу вақтга келиб тонг отиб қолган эди. Ҳакимхоннинг ёзиши бўйича, у бахтиқора отанинг уйига киришга журъат қилмай, қамроқларини ичкари киритади-да, воқеа қандай натижалар билан тугашини кута бошлайди.
Саидғозихўжа кулбасига учинчи бор ташриф буюрган совчилар энди ҳар қанақа сўкишу дўқ-пўписага сира хасислик қилмайдилар. Иш шу билан тугайдики, ҳолдан тойиб, ҳушдан кетар даражага етган ота, шунча баҳона-ю, дод-фарёдлари бекор кетганини кўриб, охири беихтиёр розилик беради. Ҳакимхон қизни ўзининг онаси ҳузурига элтади. Ҳакимхоннинг онаси асира қиз билан жуда яқин бўлиб кетади ва уни қизим деб чақира бошлайди.
Хоннинг сабрсизлиги шу даражага етган эдики, шу куннинг ўзидаёқ тўй тантаналарига тадорикни бошлаб юборишди. Қиз бечоранинг кийимлари ямоқ босиб кетганликдан, унга ҳатто хизматкор ходималар ҳам ачиниб қарашди. Улар Хонпошшани ювиб-тараб, ипак кўйлакларга ўраб кўрикдан ўтказдилар, қизнинг ҳуснини кўриб лол-ҳайрон бўлиб қолдилар ва шариат қонунларига мувофиқ Умархонга узатдилар. Хон ҳазратлари ниҳоят «ҳаловат хазинасига эгалик қилиб, қанча изтиробу армонлардан сўнг кўнгил муродига етишди». Бахтиёрлик нашидаларини сурган Умархон жуда кўп одамларига, жумладан, Саидғозихўжага ҳам совға-саломлар улашди.
Қўқоннинг бўлажак ҳукмдори Алихон ёки Маъдалихон (1822—1842) ҳали отаси тирик чоғидаёқ Хонпошшанинг ишқ сеҳрига берилган эдики, бора-бора бу ишқ нафақат Маъдалихоннинг, балки бутун Қўқон давлати тарихида машъум ва фожиавий роль ўйнади.
Ҳакимхоннинг хотирлашича, у кунларнинг бирида Хонпошшанинг хонасига киради. Ҳакимхон ва Хонпошшаларнинг ўртасида дўстона муносабатлар бор, сабабки, Ҳакимхоннинг онаси «ул замона Ширинини ўз қизи деб атаган, меҳрибонликлар кўрсатган ва шу туфайлидан ул парилиқо» Ҳакимхонга ўзини ҳарамдаги бошқа аёллардан кўра кўпроқ яқин тутарди. Хонпошша барча ишларда Хакимхонни ўзига раҳнамо ва устоз деб атар эди.
Хонага шу пайт Маъдалихон кириб келади. Меҳмонларга чой берилади. Суҳбат бошланади. Ҳакимхон шу суҳбат ораси Маъдалихоннинг Хонпошшага ошиқона нигоҳ билан қараётганини сезади. Қонунга кўра, Хонпошша хоннинг хотини (мовата) бўлганлиги учун, Маъдалихонга она ҳисобланарди. Ҳакимхон, Маъдалихоннинг Хонпошшага қизиқишини анча олдинроқ — Тошкентга қараб йўлга чиққанларидаёқ сезганлигини шу ўринда эслаб ўтади. Хонпошшанинг ўзи бу савдолардан ҳали бехабар, чунки Маъдалихон кўнгил ғалаёнлари ҳақда унга оғиз очмаган эди.
Ғазабланган Ҳакимхон уларни тарк этиб уйига келади. Яширин ҳаваслари Ҳакимхонга маълум бўлганлигини тушунган Маъдалихон ҳам тезда унинг изидан етиб келади. Иккови ўртасида кескин гаплар бўлиб ўтади. Маъдалихон: «Бу иш ҳақда ўйлаш менинг на кўнглимдан, на хаёлимдан кечган, сенинг менга нисбатан ўйлаган ёмон ниятларинг бари хато. Бундай пасткашликни мен ўлақолсам ҳам қилмасман» — каби гаплар билан ўзини оқлай бошлайди.
Отасининг вафотидан сўнг тахтга чиққан ўн тўрт яшар Маъдалихон бу аёл билан яширин алоқага киришади, лекин бу ишқибозлик ёш хонни қониқтирмаганлиги, қолаверса, кўпчилик бундан воқиф бўла бошлаганлиги туфайли, хон ўз алоқаларига қонуний тус бермоқ учун бу аёлни ўзига никоҳлаб олишга қарор қилади. Бироқ унинг ҳаракатлари кўп вақтларгача натижасиз қолади, негаки руҳонийлар бундай никоҳнинг энг оғир жиноят эканлигини, даҳшатли оқибатларга сабаб бўлиши мумкинлигини яхши билишар, тақводор ва диёнатпарвар муслимлар бундай қабиҳ ва жирканч ифлосликни хаёлларига келтиролмас эди. Шунинг учун ҳам, бу шармандали ниятга шариатда бирон-бир йўл-йўриқ тополмаган руҳонийлар муқаддас китоблардан минг хил далилу исбот келтириб, хонни ўз ниятидан қайтаришга уриндилар. Агар шу аёлни никоҳига олса диндан озган ҳисобланажагини, бу иши учун аҳли уламо то охирзамонагача лаънат ўқияжагини айтиб ишонтирмоқчи бўлдилар. Лекин барча важ-карсонлару далил-исботлар, ишонтиришлар тескари натижа берди, ёш хон: «Мен сизларни шу ишнинг амалга ошиши учун бирор тадбир топиб берасизларми деб чақиртирган эдим, ниятимга монелик қиладиган далиллар учун эмас», — деб уларни ҳайдаб чиқарди.
Руҳонийлар бу муаммони ҳал қила олмагач, Маъдалихон айёрлик йўлини тутди. У ҳузурига икки муллани чақирди, уларга керагидан қам ортиқ марҳамат-мурувват кўрсатиб, ҳар хил совға-саломлар берди, бунинг эвазига муллалар талаб қилинган ривоят (шариат қонун-қоидалари асосида қар хил ҳуқуқий масалалар юзасидан муфти чиқариб берадиган ҳукм, хулоса — Э. Х.)ни ёзиб тақдим қилгач, хон бу ҳукмни ўз муҳри билан тасдиқлади. Шундай қилиб, қонунни ўз истакларига бўйсундирган хон ҳийла-найранг, устамонлик кўрсатиб ўз мақсадига эришди ва Хонпошшага уйланди. Ҳакимхон ўз эсдаликларининг бир жойида бу никоҳдан уч нафар фарзанд дунёга келганлигини айтади, кейинчалик эса уларнинг фақат иккитасини — тўрт яшар Музаффархонни ва чақалоқ Мансурхоннигина тилга олади.
Бу воқеа бутун мамлакатга ва ҳатто ундан ҳам нариларга тарқалиб кетди, ҳамма кўз кўриб, қулоқ эшитмаган никоҳдан ёқа ушлаб қолди. Хон, ҳам она, ҳам хотин бўлган Хонпошша ва уларнинг никоҳидан туғилган фарзандлар тавқи лаънатга сазовор қилинди.
Диний анъаналарга садоқат руҳида тарбия топган оддий фуқаро ҳам бу номаъқулчиликларга энг шармандали беномуслик ва ахлоқсизлик деб қаради, чунки Хонпошша Маъдалихон учун отасидан қолган хотин сифатида — ўгай бўлса ҳам она мақомида эди. Руҳонийлар томонидан фатво бериб илҳомлантирилган халқ қўзғолон кўтарди ва Хонпошшани Қўқондан ҳайдаб юборишни очиқ талаб қилиб чиқди. Натижада Хонпошша болалари билан бирга Марғилонга сургун қилинди. Маъдалихон бундай вазиятда халқ билан ҳисоблашишга мажбур бўлди.
Бу воқеалар содир бўлаётган йилларда, акаси томонидан Қўқондан чиқариб юборилган Султон Маҳмудхон Шаҳрисабзда истиқомат қилмоқда эди. Ўша пайтдаги энг эътиборли руҳонийлардан бирининг маслаҳатига кўра, Султон Маҳмудхон Бухоро ҳукмдори амир Насруллога қуйидаги мазмунда мактуб йўллайди: «Эшитишимча, акам Муҳаммад Алихон ўзбошимчалик билан отамнинг хотинларидан бирини никоҳига олган. Шаҳри Бухорои шариф аҳли уламо маконидир. Руҳонийлар бу муаммони қандоқ баҳоларканлар? Бутун Мовароуннаҳрни ўзига бўйсундирган Сиздай улуғ амир бу ифлос ишга қандай қарайдилар?»
Бундан аллақачонлар хабар топган амир Насрулло, Бухородаги қанчадан-қанча аҳли уламо муқаддас китобларини синчиклаб ўрганмасинлар, бундай никоҳнинг қонунийлигига бирон-бир асос тополмаганликларини, бу ҳодиса нимага асосланиб амалга оширилганлигини билмоқ учун Маъдалихон ҳузурига чопар юборди. Чопар сўзини тугатар-тугатмас, «Муҳаммад Алихон Ғози чопарнинг ўзига нисбатан қилган ҳурматсизлигидан қутуриб кетиб, тахтдан сакраб тушди, беадаб чопарни ерга ағдариб, тишлари билан унинг бошини тишлай бошлади. Нодимлар уни Муҳаммад Алихон қўлидан бўшатиб олганларида, хон нодимларининг ҳаммасини ушлаб, зиндонга ташлашни буюрди».
Шу воқеалардан сўнг амир Насрулло Қўқонга қараб қўшин тортди. Маъдалихон унинг олдига ўз элчиларини чиқарди. Элчилар амир Насрулло билан сулҳ тузишга эришдилар ва бухороликлар изларига қайтишди. Лекин Маъдалихон шундан кейин ҳам ўз ҳаёт тарзини ўзгартирмади, ўзгартирмадигина эмас, устига-устак Марғилондан яна Хонпошшани олдириб, аввалгидай яшай бошладики, «бундай шармандали ишга чек қўйиш учун бирон-бир восита излаган барча одамлар бирлашиб, оммавий қўзғолон кўтардилар. Бир неча минг одам тўпланиб, Муҳаммад Алихон дарвозаси олдига келди».
Қўрқиб кетган Маъдалихон ўзининг содиқ мулозимларига халқ қўйган барча талабларни бажо келтиришни буюриб, ўзи пойтахтни ташлаб қочиб қолди. Ғалаёнга келган оломон Хонпошшани яна Марғилонга ҳайдашни талаб қилди: «Хон ё халқдан, ё ўша хотиндан воз кечсин». Халқ талаби қондирилиб, Маъдалихон вакиллари «бахти қаро аёлни икки ўғли билан қўзғолончилар олдига олиб чиқди ва Марғилон вилоятига ҳайдаб юборди».
Амир Насрулло 1842 йилда яна Қўқонга қўшин тортди. Қўқон лашкари унга Хўжанд шаҳрида қарши чиқди. Қонли жангда бухороликлар ғалаба қилиб, Қўқонни эгалладилар, қочишга уринган Маъдалихонни, унинг бошқа хотинидан бўлган ўғли Муҳаммад Аминхон ва укаси Султон Маҳмудхонни ушлаб олдилар. Амир Насруллонинг фармонига биноан улар ўлимга ҳукм қилиндилар. Шундан сўнг амир Насрулло Марғилонга ишончли одамини юбориб, Хонпошша ва унинг ўғилларини Бухорога олдирди. Маъдалихоннинг никоҳига фатво ёзиб берган муллалар ҳам Бухорога келтирилди. Амир Насрулло Бухорога қайтиб келгач, Хонпошшага уйланади, лекин икки ой ўтар-ўтмас, номаълум сабабларга кўра Хонпошшани ва унинг икки фарзандини қатл қилдиради. Баъзи миш-миш гапларга қараганда, дейди Ҳакимхон, Хонпошшанинг болалари тирик қолган эмишлар.
Бу олди-қочди саргузаштларга бой воқеа турли хил майда-чуйда тафсилотларга тўлиб-тошган ҳолда оддий халқ орасида ҳам кенг тарқалган. Кейинроқ пайдо бўлган баъзи бир таъбирларда бу воқеалар Хонпошша эмас, умуман бошқа аёл номи билан боғланади. Шунга ўхшаган, лекин бошқа аёл номи билан боғлиқ воқеалар бирмунча кейинги даврларда яшаган муаллифларнинг қўлёзма асарларида учраши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Инқилобгача яшаб ўтган олим А. П. Хорошкин ўзининг «Туркистон ўлкасига тааллуқли бўлган мақолалар тўплами» номли китобида шундай бир қизиқарли воқеани келтиради. Унинг ёзишига қараганда, Амир Насрулло «Шарсабиз (Шаҳрисабз — Э. X.) бекларидан бирининг, тўғрироғи Ёқуббекнинг хотинини (ўз замонасида бутун Туркистонга номи кетган гўзал, ўша йилларда Шаҳрисабзда ҳоким бўлган Искандарбекнинг синглиси) тортиб олади. Ҳикоя қилишларига қараганда, бу аёл ўз эрини жуда севган, шунинг учун ҳам илк қулай фурсат келган пайтидаёқ, ухлаб ётган амирнинг қулоғига симоб қуяди. Хон чеккан азоблар даҳшатли бўлган дейишади… Қийноқлар остида қолган бечора аёл ўз айбини бўйнига олади ва иккинчи эри бўлмиш амирнинг ўлим тўшаги ёнида икки фарзанди билан бирга бўғизланади. Аёлнинг исми Кенагас ойим эди».
Ёзувчининг ўғли Ҳабибулла Қодирий «Отам ҳақида» номли китобида ҳам мана шундай воқеа ҳақда айтилади: «Аҳмад отанинг сўнгги сўзидан Хонпошша ойим Бухорога олиб кетилган ва у Насруллони заҳарлаган экан, деб мулоҳаза юритиш мумкин. Бироқ, бу хабар оғзаки тарқалган «миш-миш». Тарихий манбалар, Насруллони Хонпошша эмас, бошқа аёл (Кенагас бегим) заҳарлаб ўлдирган дейди».
Ҳакимхоннинг хабар беришича, Хонпошша Умархоннинг қонуний никоҳида икки йил-у тўрт ой, Муҳаммад Алихон билан ўн беш йил ва амир Насрулло билан икки ой яшаб, ўттиз саккиз ёшида дунёдан ўтган.
Шундай қилиб, мазкур воқеаларни ўз кўзи билан кўриб, иштирокчи бўлган тарихчининг гувоҳлик беришига кўра, биринчидан, Хонпошша Умархоннинг қонуний никоҳидаги хотинларидан бири эди, иккинчидан, Хонпошша ва Маъдалихоннинг никоҳларига фатво берган муллалар Бухорога олиб кетилган.
Абдулла Қодирийнинг ёзиши бўйича, Хонпошша Умархоннинг балоғатга етмаган канизларидан бири эди ва хон бу канизни ўз никоҳига олиш учун унинг балоғат ёшига тўлишини кутиб юрган, бироқ бевақт ўлим бу никоҳга ҳалал берган. Шу ўринда савол туғилади: Абдулла Қодирий нима учун тарихий ҳақиқатдан узоқлашган? Албатта, романчи сифатида, ёзувчи ўз асарида бадиий тўқимага эрк беришга ҳақли, лекин шу билан бирга, улуғ адибнинг тарихий воқеаларга нисбатан тутган қатъий позицияси ҳам яхши маълум, чунки унинг ўзи шундай деб ёзган эди. «… Хулоса шундаким, тарихий асар ёзганда бирор шахснинг хоҳ оғзакидир, хоҳ ёзмадир берган шоҳидлигига дарҳол ишонавериш бўлмайди, уни обдан текшириб, мантиқ андозасига солиб, сўнг асарда фойдаланиш керакким, китобхонда эътироз, шубҳа туғилмасин…»
Адибнинг тарихга бўлган эҳтиромли муносабатидан, шунингдек, «…Туркистон хонлиги тарихидан маълумдирким…», «…тарихнинг бизга хабар беришига қараганда…» сингари сўзларидан хулоса чиқарадиган бўлсак, бу ўринда биз ҳужжатларга асосланган маълумотларга нисбатан автор эркин ёндошган, ўзича изоҳ берган — яъни бадиий тўқима ишлатган деб айтолмаймиз.
Чамаси, Абдулла Қодирий бу бобни мазкур воқеалардан анча кейинроқ ёзилган қурама (компилятив) материаллардан ўзлаштирган бўлса керакки, эҳтимол, бу қўлёзмалар муаллифлари Маъдалихонни омма олдида худодан қайтган муртад сифатида кўрсатувчи машъум жиноятни юмшатиб, бузиб талқин қилганлар ёки жанжалли ўринларни умуман ташлаб кетганлар. Ҳатто «Мунтаҳаб ут-таворих»нинг кўпгина нусхаларида шундай ўринлар номаълум ўқувчилар томонидан ҳафсала билан ўчирилган, натижада асарга кучли шикаст етган. Шу тариқа, ғайритабиий равишда «Мунтаҳаб ут-тавориҳ» аниқ мақсад билан кўрикдан ўтказилган, яъни китобга ғоявий тузатиш киритилган.
Нима бўлганидан қатъий назар, «уйланмоқни мақсад қилганлиги ҳақидаги» таъбир Бухоро ҳукмдорининг Қўқонга қилган юришига сабаб бўлган ҳақиқий фактнинг таъсир кучини йўққа чиқаради. Ҳолбуки, амир Насрулло ўзининг бу қонли юришига Қўқонда ахлоқ нормалари бузилганлигини, бузилибгина қолмай, шариат қоидалари оёқ ости қилинганлигини, Маъдалихоннинг ўгай онаси билан никоҳи ноқонуний, бинобарин, албатта жазоланиши лозим эканлигини сабаб қилиб кўрсатган эди. Тўғри, уруш очилишининг бошқа сабаблари ҳам бўлган (ҳозир уларга тўхталиб ўтиришга эҳтиёж йўқ деб биламиз), лекин қонунга хилоф никоҳ мазкур юришда асосий баҳона эди.
Маълумки, мусулмон қонунчилиги қон-қариндошликка кўра, ўзаро қуда-қариндошликка кўра, ғайридинликка кўра ва ҳоказо никоҳларнинг қатъиян ман қилинган турларини эслатиб ўтади. Шулар ичида — отанинг хотинларидан бирига уйланиш энг қатъий тақиқланган никоҳ бўлиб, бу ҳақда ҳатто Қуръони каримда ҳам сўз юритилган: «Башарти аввал отангиз бу хотинга уйланган бўлса, унга уйланманг… Ҳақиқатда, бу — қабиҳ ва манфур, ножўя йўлдир. Оналарингиз билан никоҳланиш тақиқланади; қизларингиз билан никоҳланиш тақиқланади; опаларингиз ва сингилларингиз билан никоҳланиш тақиқланади; ота ва она томондан бўлган холаларингиз ва аммаларингиз билан никоҳланиш тақиқланади; ака-укаларингизнинг қизлари билан никоҳланиш тақиқлаиади; опа-сингилларингизнинг қизлари билан никоҳланиш тақиқланади; парвариш қилган оналарингиз билан никоҳланиш тақиқланади; бирга парвариш топган опаларингиз ва сингилларингиз билан никоҳланиш тақиқланади; хотинларингизнинг оналари билан никоҳланиш тақиқланади; ҳомийлигингиздаги хотинларингиздан туғилиб, сиздан тарбия топган қизлар билан никоҳланиш тақиқланади; агар ҳомийлигингизга олмасдан аввал қизи билан никоҳда бўлган бўлсангиз, гуноҳ сизда эмас; пуштикамарингиздан бўлган ўғилларингизнинг хотинлари билан никоҳланиш тақиқланади; бир вақтнинг ўзида опа-сингиллар билан никоҳланиш тақиқланади» («Қуръон», 4-сура, 26—28-оятлар).
Худди шу тақиқлар ҳақида мусулмон қонунчилигида ҳам ёзилган: «Эркак ўз онасига, ота ёки она томонидан бўлган заифаларга уйлана олмайди, негаки худо Қуръонда шундай деган: «Сизларнинг умм (яъни, она)ларингиз ва қизларингиз сизларга тақиқланади», «умм» (она)сўзининг энг ибтидоий маъноси — «бошланиш» ёки «илдиз» демакдир, шундан кўринадики, заифаларни шу туфайли тақиққа қўшганлар. Яна бунинг устига, бизнинг барча олимларимиз бундай никоҳий иттифоқнинг ноқонунийлигини бир оғиздан тасдиқлайдилар» (Ҳидоя. Мусулмон қонунчилиги шарҳлари, т.1, Тошкент, 1893, 136-бет).
Лекин қатъий тақиқларга ва олдиндан белгиланган жазоларга қарамасдан, бу қонун барибир бузилган, устига устак, айнан дин вакилларининг ўзлари Қуръон, Сунна, Ижмоъ ва Қиёс (мусулмон қонунчилигидаги тўртта энг асосий манба)даги айрим жиҳатлардан уддабуронларча фойдаланиб, қонун бузилишларининг бошида турган. Улар шундай йўллар билан гўё қонунга риоя қилаётгандай бўлиб кўринганлар, давлат ҳам орттирганлар. Ҳакимхон худди мана шундай фавқулодда кам учровчи, ноёб воқеа ҳақида ҳикоя қилади.
«Муҳаммад Алихон, — деб ёзади муаллиф, — отамнинг хотинларидан бирига уйланишим мумкинми ёки йўқми деб (савол билан муллаларга) бир неча марта мурожаат қилди. Замон уламолари қанчалик тиришқоқлик ва сай-ҳаракатлар кўрсатмасинлар, лекин (бирор нарса) ўйлаб тополмадилар. Ниҳоят, (бу саволни) ислом йўл-йўриқларига биноан ечиб бўлмаслигини кўргач, бошқа хил найранг ўйладилар. Бу найранг шундан иборат эдики, бир куни у икки муллани ўз олдига чақиртирди ва мол-дунё учун эътиқодидан кечган муллаларга ривоят ёзиб беришни буюрди. Қўрқиб қолган муллалар, ўз жонларининг ғамида бир неча маъносиз (сўзлар) ёзиб беришди. У лаънати эса ўша ривоятни муҳр билан тасдиқлаб, хотинига кўрсатди. Хотини ҳам бу ишнинг (ижросини) талаб қила бошлади…
Хуллас, у ўз онаси билан фаҳш никоҳ тузди. Бу хабар фақат Фарғона вилоятигагина эмас, балки бутун дунёнинг тўрт тарафига ёйилди. Ҳамма одам ҳайрат бармоғини тишлаб қолди ва уларни лаънатладилар».
Муаллиф ўз эсдаликларининг бошқа бир жойида Қўқон хонининг аҳлларидан бири билан қилган суҳбатини эслайди: «Биз: «Нимага асосан у ўша аёлга уйланди ва ҳатто, аёл унга ўғил ҳам туғиб берди?» — деб сўрадик. У деди: «Илоҳиятчи олимлардан кимлардир шундан келиб чиққан ҳолда фатво ёзиб бердики, Маликия мазҳабига мувофиқ, агар отанинг хотини (мовата)ни қирқ одамдан кейин никоҳга олинса, мумкин экан. Ҳанбалия мазҳабида ҳам бунинг турли хил йўл-йўриқлари бор экан. Хуллас, шу хилда маънисиз сўзларни келтиришиб, улар ўша атоқли олимларга ҳамфикр бўлдилар». Ҳакимхон мазҳабларни тилга олганда мусулмон қонунчилигидаги тўртта энг нуфузли оқимга асос солган фақиҳлар: Абу Ҳанифа (699—767), Молик ибн Анас (721—795), Шофиъий (767—819) ва ибн Ҳанбал (780—855)ларни кўзда тутади. Маълумки, бир ҳодисанинг ўзи бу тўрт мазҳабда турли хил талқин қилинарди.
Маъдалихоннинг бу аёлга ишқибозлиги ҳали отаси Умархон тирик чоғларидаёқ бошланганини, бу ишқ қандай оқибатларга сабаб бўлишини билган шаҳзода ўз туйғуларини қулай пайт етиб келгунча, мутлақо пинҳон асраб келганини юқорида айтиб ўтган эдик. Лекин «Муҳаммад Алихоннинг ошиқона ҳаракатлари ва мафтун нигоҳлари» Ҳакимхоннинг назаридан қочиб қутулолмаган эди. Шу туфайли икковлари ўртасида бўлган тўқнашувда Ҳакимхон ўз суҳбатдошини қаттиқ сўзлар билан койийди, бор ҳақиқатни тўкиб солади: «Мен Муҳаммад Алихон томон юзимни буриб кескин гапирдим: «Сенинг хазинаи ақлинг қаёққа йўқолди? Қандай қилиб унинг ўрнини бузуқ шаҳвоний хаёллар эгаллаб олди? Наҳотки имонинг йўқ бўлса! Наҳотки худодан ҳам, унинг вакилидан ҳам умид узган бўлсанг? Сен қилган ишлар қанчалар жирканч! Бу не кўргуликки, шаҳвоний ҳисларга қул бўлибсан ва бу дунёдаги роҳат-фароғатни, зиждонингни ўйинчоқ қилиб, иблис кўрсатган йўлга кирибсан! Дунёни ҳалокат босган кундан то ҳозиргача на мусулмон, на кофир бундай ишни қилмаган эди! Шу йўлга кирган Шеруя ҳам қилмиши учун яраша жазо топган эди! Энди, отанг Умархон келганда унга айтиб берсам, минг жонинг бор бўлса, биттасини ҳам қутқаролмайсан!»
Модомики, Ҳакимхон, ўз даврининг илғор фикрли кишиларидан бири бўлганлигига қарамай, ҳали жуда ёш йигитнинг ошиқона нигоҳларини пайқаб шунчалик дарғазаб бўлган экан, охир-оқибатда Маъдалихон ўз ҳаётини қурбон берган бу никоҳ халқ ўртасида, шунингдек, қўшни Бухоро хонлигида қандай акс-садо ва қаршиликлар уйғотганлиги тушунарлидир.
Хулоса қилиб шуни айтиш керакки, романлар ичида тарихий жанр энг мураккаби ҳисобланади, сабаби, шу жанрда битилган асар, барча бадиий мезонлар билан бир қаторда, тарихий ҳақиқатга ҳам жавоб бера олиши лозим. Тарихий роман муаллифидан, бадиий маҳорат билан бирга, чуқур тарихий билим, воқеа ва фактларни тарихий алоқадорликда идрок қила олиш қобилияти, тасвирланаётган давр тили колоритини архаиклаштириб ва чучмаллаштириб юбормаган ҳолда бера билиш маҳорати ҳам талаб қилинади. Қисқаси, тарихий асар ёзадиган одам турли соҳаларнинг билимдони бўлмоғи лозим. Л. Н. Толстой ижодининг тадқиқотчиларидан бири Н. Н. Апостоловнинг ёзишига кўра, романчи «… ўз асарида барча асл ва муҳим аҳамиятга эга бўлган тарихий ҳодисаларни ўзининг жозибабахш тасаввурига мослаштириб очиб бериши учун ижодий жараён мобайнида жуда кўп нарсаларга ниҳоятда бадиий зийраклик билан ёндашмоғи ва кўп нарсаларни эса оқилона четлаб ўтмоғи керак, шу билан бирга яна, тарих фанининг тушунилишини қийинлаштирувчи турли хил ёлғон-яшиқ ва уйдирмалардан тарихни тозаламоғи ҳам лозим».
Абдулла Қодирий — ана шундай юксак талабларга ҳам жавоб бера оладиган забардаст ёзувчи эканлигини халқнинг улуғ адиб асарларига бўлган улкан муҳаббати тўла-тўкис исбот қилади.
“Шарқ юлдузи” журнали, 1989 йил, 9-сон