Т. X. Гдлян ҳамда Н. В. Ивановнинг қонунга зид ҳаракатлари ва иш услублари билан келишишни истамаган тергов ходимларининг гувоҳликлари
Жамоат эндиликда кўп нарсадан хабардор. Кейинги вақтда СССР халқ депутатларидан иборат махсус комиссиянинг хулосаси матбуотда эълон қилинди. СССР Прокуратурасининг терговчилари Т. X. Гдлян ва Н. В. Иванов томонидан олиб борилган тергов ҳаракатлари пайтида йўл қуйилган жиддий қонун бузилишлари ҳақидаги ариза ва шикоятларни СССР Олий Совети Президиуми топшириғи билан текширган ушбу комиссияда таниқли ҳуқуқшунос олимлар, ҳуқуқ-тартибот органларининг вакиллари бор. Шунингдек, «СССР Прокуратурасида» деб номланган маълумот ҳам эълон қилинди. Мазкур маълумотда порахўрликда айбланган Молдавия Компартияси Марказий Комитетининг собиқ иккинчи секретари И. Смирновнинг айби йўқлиги ҳақида гап боради. Унга нисбатан прокуратура ходимлари томонидан социалистик қонунчиликнинг жиддий бузилишларига йўл қўймагани учун СССР Прокуратураси В. И. Смирновдан узр сўради.
Шу кунларда кўплаб газетхонлар редакцияга хат ёзишиб, сим қоқишмоқда. Улар ошкораликни оширишни, Т. X. Гдлян ва Н. В. Иваноанинг Ўзбекистонда қўллаган тергов усуллари ҳақида батафсилроқ ҳикоя қилиб беришни талаб қилмоқдалар.
Биз ана шулардан келиб чиқиб, бу ишдан хабардор ташкилотларга мурожаат этдик. Бизнинг ихтиёримизга ҳужжатлар берилди. Бу — «ўзбеклар иши» деб аталмиш ишни тергов қилишда Т. X. Гдлян ва Н. В. Иванов билан турли даврларда бирга қатнашган адлия ходимларининг тергов гуруҳи фаолиятида илдиз отган социалистик қонунчиликнинг бузилишига қарши кескин эътироз билдирган аризалари ва маълумотномаларидир. Қуйида ушбу ҳужжатлардан қисқартмаларни эълон қилмоқдамиз.
* * *
Мен 1988 йил 17 октябрдан СССР Давлат хавфсизлиги комитети (ДХК) тергов бўлимининг Рац В. А. Титов В. А. раҳбарлигидаги тергов гуруҳида Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг собиқ аъзоларига нисбатан қўзғатилган жиноят ишни текширишда қатнаша бошладим. Самарқанд область партия комитетининг биринчи секретари Ражабов Н. Р. ҳақидаги мавжуд материалларни ўрганишни ҳам ўша пайтда бошладим.
Эртасига, 18 октябрда уни (Ражабовни — таржимон) қўлга олиш ва сўроқ қилиш учун Тошкентга келдим. Ражабов Н. Р. 19 октябрда ўртоқ Гдлян Т. Х.нинг бир гуруҳ терговчилари томонидан қўлга олинди.
Титов В. А. томонидан менга топширилган иш ҳақида хабар топгач, Гдлян Т. X. бу ерда қандайдир фитна борлигини ва у ишни бировга бермаслигини айтди.
Ражабов Н. Р.ни сўроқ қилган прокуратура терговчиси Лашхия В. Ш. унинг (Ражабовнинг — таржимон) жиноят фаолияти ҳақида хабардор қилинмади. Шу муносабат билан мен сўров қилиш тартиби ва усуллари, шунингдек, Лашхия В. Ш. томонидан айтилган Ражабов Н. Р.нинг шахсини ҳақоратловчи иборалари хусусида Гдлян Т. Х.га эътироз билдирдим.
Бу эътирозимга Гдлян Т. X. барча сўровлар унинг «усули» бўйича ўтказилаётганини, мазкур «усул»нинг моҳияти айбига иқрорлик тергов қарори (протоколи — таржимон) билан расмийлаштирмасдан, балки, айбдорнинг ўзи ўз айбига иқрор бўлиб ариза ёзиб беришидадир, деб тушунтирди.
Бу усул башарти айбдор ўз кўргазмасидан тонгудек бўлса, терговни янглиш олиб борганликда, шошилиб қарор чиқарганликда айблашдан сақлаши лозим эди. Ҳолбуки, кўп ҳолларда бошқа жиноий ишлар бўйича аввал ҳам судланган кишиларнинг кўргазмасигина жиноий фаолиятни тасдиқловчи далил сифатида хизмат қилади.
Кейинчалик мен шунга ишонч ҳосил қилдимки, оғир жазодан қутулиб қолай ва қисқа муддатга қамалайин десанг, бўйнингга қўйилаётган айбларга иқрор бўлишинг керак, деган фикр сўроқ бераётганларнинг онгига сингдирилган. Бунинг устига Гдлян Т. Х.нинг таъбирига кўра «ўрта осиёча» деб аталувчи пора бошқалардан шуниси билан ажралиб турардики, у «ҳар эҳтимолга қарши» берилган бўлиши ҳам мумкин экан.
Ишни холислик билан тергов қилиш хусусдаги менинг фикримни Гдлян Т. X. терговни номаълум муддатга чўзиб юборувчи «хавф» сифатида қабул қилди.
Шу йилнинг 21 октябрида Москвага қайтгач, Гдлян Т. X. менга Ражабов Н. Р.ни сўроқ қилишда иштирок этишни давом эттиришимни таклиф қилди. Мазкур сўровлар муайян бир ижобий натижани бергани йўқ.
1988 йил 23 ва 25 октябрда мен сўроқларга таклиф этилмадим. Иш бўйича ҳеч қандай ахборотга эга бўлмадим. Шу муносабат билан ўз ишларимни планлаштириш имконига эта эмасдим.
Шу йилнинг 26 октябрида бўлган сўроқда прокуратура терговчиси Ревеко А. Б. иштирок этди. У Ражабов Н. Р.га бу ишга нафақат Жабборов, Салимов ва Усмонхўжаев тортилган, шунингдек, Сиёсий бюронинг собиқ аъзоси… ҳам бор, деб айтди.
Бу гап Ражабов Н. Р.га бирон бир таъсир кўрсатмади. Шунда сўроққа таклиф этилган Гдлян Т. X. Ражабов Н. Р.ни йўқ қилиб ташлашга айнан сўзма-сўз ваъда берди…
1988 йил 3 ноябрда Гдлян Т. X. менинг иштирокимда ўртоқ Титов В. А. ҳамда Рац В. А. гуруҳига қарши «чора» кўрганини бўйнига олди. Бироқ у «ишнинг манфаатини кўзлаб» шундай йўл тутганини айтиб, бундан буён қайтармасликка ваъда берди. Бироқ, СССР Бош прокурори ўринбосари ўртоқ Васильев А. Д.нинг сўзидан ҳам кўриниб турибдики, Гдлян Т. Х.ни бошқариб бўлмайди. Шу боис ҳам унинг ваъдалари шубҳа туғдиради.
Юқоридаги фикрларга асосланиб, Гдлян Т. Х.нинг тергов гуруҳида бундан буён қололмайман. Бўлимдаги ўз вазифамни бажаришга киришишга рухсат беришингизни сўрайман.
Д. А. ПАНФИЛОВ, бўлимнинг катта терговчиси, адлия майори.
5.11.88 й
* * *
Тергов гуруҳининг кенгашларидан бирида нима сабабдан тергов ишлари плансиз олиб борилаётгани ҳақидаги менинг саволимга Гдлян: бу ўзи томонидан ўйлаб топилган янги усул эканини, унга «сузувчи пичоқлар усули» деб ном берганини, умуман, порахўрликни тергов қилишда классик усуллардан узоқлашиш лозим деб жавоб берди.
Гдлян бу билан нимани назарда тутганини мен ҳам, гуруҳдаги бошқа терговчилар ҳам ҳеч нарса тушунмадик. Тергов адабиётларида ҳам бундай усулларни учратмадим.
…Гуруҳ раҳбарларида (Гдлян, Иванов) айбланувчиларнинг ўзаро жиноий алоқаларини кўрсатувчи умумий таассурот йўқ. Шунинг учун жойлардаги терговчилар терговни «пайпаслаб» олиб боришмоқда. Улар ўзлари тергов қилаётган кишиларнинг бошқалар билан жиноий алоқалари тўғрисида далилларга эга бўлмаганлари учун ҳам бу одамлар тергов ҳибсхонасида қандай кўргазма берганларидан кўп ҳолларда бехабар. Чунки, тергов ҳибсхонасида маҳбуслар билан фақат Гдлян, Иванов ва яна бир нечта «ишончли» терговчиларгина ишлашади. Улар сўроқларда олинган кўргазмаларни гуруҳдаги бошқа терговчилардан сир сақлашади.
Мабодо маҳбус ўз айбига иқрор бўлса ва ўзи алоқада бўлган кишининг номини айтса, шундагина терговчилар бу ҳақдаги қарорларни (протокол – таржимон) олишади. Аксинча, маҳбус айбларни рад этса, бу ҳол терговчилардан сир тутилади. Бироқ маҳбусдан керакли кўргазмани олиш учун Гдлян томонидан жойларга ҳар қандай йўл билан бўлмасин ўзбек тилида мана шунча миқдорда пул бергани ҳақида ўз айбига иқрор бўлган аризалар тўплаш хусусида «махсус топшириқ» юборилади.
Собиров С. 3., Ҳаитов Т., Муҳаммадиев А. ва бошқаларнинг иши бўйича худди ана шундай қилинди.
Агар маҳбус пора олгани Гдлян ва Ивановга «зарур» кишиларга пора берганига иқрор бўлса, унинг пора олгани юзасидан далиллар тўплашни бас қилиш хусусида буйруқ келади.
Шу тариқа тергов «агар айбингни айтсанг ва иқрор бўлсанг, қўрқма, биз шундай қиламизки, тезда қутулиб кетасан, мабодо сукут сақласанг, рад этсанг, унда ўзингдан кўр» қабилидаги қўрқитиш ва қасос олиш усули билан олиб борилмоқда. Гдлян ва Иванов усулига кўра маҳбуслар «яхшилар» ва «ёмонлар»га бўлинади.
Собиров С. 3., Ҳаитов Т., Сатторов И. Г., Муҳаммадиев А. ва бошқаларга шундай муносабатда бўлинди. Улар «ёмонлар» қаторига қўшилдилар.
Бу фикрларни терговчи Мартемьянов тасдиқлаши мумкин. Гдлян унга «яхшилиги», терговга ёрдам бераётгани учун Норбўтаевнинг жиноий ишидан айрим воқеаларни чиқариб юбориш ҳақида кўрсатма берган. Бундай кўрсатмаларни, шунингдек, Яҳёевни тергов қилган терговчи Власов ҳам олган. Терговчи Тарасов эса, меминг маслақатимга кирмай, Гдляннинг кўрсатмаси билан Жамоловнинг айбловидан унинг жиноий фаолиятига оид жуда кўп воқеаларни чиқариб ташлади. Айбланувчи Жамолов «яхши» эмиш, маҳбус Осетровга гувоҳлик бераётган эмиш.
…Гдлян ва Иванов усулидаги айбланувчининг айбини тасдиқловчи далил асосида аллақачон ўзини фош этган — айбланувчи ўз айбини ўзи тасдиқлаши керак — деган Вишинокийча усул ётгани учун ҳам мен улар билан келишолмайман.
Каримов А. К.нинг ишидан бошлаб ва бошқа ишлар бўйича ҳам қарийб барча далиллар айбланувчилардан чиқмоқда. Улар дастлаб ойлаб ва ҳатто, йиллаб ўз айбига иқрор бўлишмайди-да, тўсатдан эса, маълум бир босқичда қилган ишларидан пушаймон бўлишади ва айбига иқрор бўлмб ариза ёзишади ва ҳоказо. Бу усул қонунга зиддир. Чунки, муайян жиноятнинг далили асосида гувоҳларнинг кўргазмалари, ҳужжатлар, ашёвий далил ва ҳоказолар бўлиши лозим. Буларнинг ҳаммаси йиғилиб айбланувчининг кўргазмалари билан биргаликда содир этилган жиноятни холисона тасдиқлаши керак.
Айбланувчиларнинг иқрорлари қуруқ сўздан бошқа нарса билан тасдиқланмаса, мен бундай сўзбозликни тан олмайман. Тергов гуруҳи раҳбарлари билан ўртамиздаги келишмовчиликнинг моҳияти ҳам шунда…
Гдлян ва Ивановнинг сим орқали берган кўрсатмаларига биноан, уларни қизиқтирган ҳар қандай одам устидан шарманда қилувчи материаллар «топаётган» терговчилар эса гуруҳ раҳбарлари томонидан ҳурмат ва иззатда. Улар бундай ишларнинг уддасидан қандай чиқишяпти, билмайман. Бироқ, шуни яхши биламанки, мазкур терговчилар гуруҳ сафида бўлган вақт ичида бирорта ҳам ишни мустақил равишда ниҳоясига етказмадилар. Улар Гдлян ва Ивановга «садоқат ва ҳақиқат билан хизмат қилишмоқда». Ўз прокуратураларида обрўсизланган кишиларнинг гуруҳдаги ишлари силлиқ кўчаяпти: уларни мунтазам равишда рағбатлантирмоқдалар, намунали ходим сифатида унвонларини навбатдан ташқари оширишга тавсия этмоқдалар.
…Мен, шунингдек, маҳбусларга қачондир «ақл кириб» хазиналарнинг қаердалигини айтиб беришлари учун уларни йиллаб асоссиз равишда тергов ҳибсхоналарида тутиб турилишига қаршиман. Бироқ, айбланувчига «ақл киритиш» учун терговсиз, одил судловсиз ҳибсхоналарда ушлаб туриш адолатга нисбатан халқ ишончини ўлдиради, холос. Мирзабованинг айблов иши бунга тўла мисол бўла олади. У тергов ҳибсхонасида 5 йил ушлаб турилди. 1987—1989 йиллар мобайнида эса тергов ҳаракати ўтказилмади…
Агар айбланувчилар Каримов А. К. ва унинг Душанбе шаҳридаги тергов ҳибсхонасида қонунга хилоф равишда 8 ой мобайнида ушлаб турилган оиласи (Каримовнинг ўғли шу ерда ўз жонига қасд қилишга уринган). Норов ва унинг оила аъзолари; Дўстов иши бўйича айбланганлар; Чурбанов иши бўйича айбланганлар; Ҳаитов ва унинг оила аъзолари; Сатторов И. Г. ва унинг оила аъзолари; Муҳаммадиев А. ва унинг оила аъзолари томонидан ёзилган шикоятлар текширилса, мазкур ишлар юзасидан ҳеч қандай прокурор назорати бўлмагани, терговни Гдлян ва Иванов қандай хоҳласа шундай тартибда олиб борилгани ойдай равшан бўлади. Шу боис ҳам улар бу иш юзасидан терговни тугата олиш-олмасликлари ҳақида бир нарса дейиш қийин.
Гдлян ва Иванов томонидан гуруҳ ичида пайдо қилинган ахлоқий-руҳий иқлим ҳақида қисқа тўхталиб ўтмоқчиман.
Гдлян ва Иванов гуруҳ орасида, чунончи, маҳбуслар билан муносабатда ҳам ўзларини шундай тутишадики, гўё улар барча масалаларни фақат СССР Бош прокурори ёки Сиёсий бюро аъзолари билан бевосита ҳал этишаётгандек. Ўзларини қайта қурувчилар деб билишади. Нима иш қилишмасин, барчасини қайта қуриш манфаати учун қилишаётгандек кўрсатишади. Уларга эътироз билдирган одамни шу тобнинг ўзидаёқ «ёт унсур», «сотилганиликда айблашиб, ҳар қандай йўл билан ундан қутулишга ҳаракат қилишади.
Тергов ҳаракатидан кўра ҳам мажлис ўтказишни хуш кўрадиган Гдлян гуруҳ терговчилари даврасида, айниқса мажлисларда жуда сўзамол бўлиб кетади… Бундай пайтларда унинг кимлигини тушуниш қийин: СССР Прокуратурасининг масъул ходими, ташвиқотчи, фақат терговчи эмас. Чунки, тергов ҳақида жуда ҳам оз гапиради…
Шахсан мен Гдлян ва Ивановнинг хатти-ҳаракатини шубҳали деб биламан. Бундай дейишга асосим бор.
Терговнинг маълум бир белгиланган босқичида жиноий ишдан сиёсий иш ясаш учун улар қандайдир йўллар билан марказий газеталар журналистлари, телевидение, радиони жалб этдилар. Суд ҳукмини кутмаёқ ёзилган мақолаларда айрим маҳбуслар сотқинликда, порахўрликда ва турғунлик даврининг барча мусибатларида айбдор деб тан олинди. Барча мақолалар Гдляннинг хонасида тайёрлангани ва у қачон лозим топса, ўшанда нашр этилганини мен аниқ маибалардан биламан. Ўз касбига нисбатан бундай муносабат билан мен келишолмайман. Айбланувчининг, баъзи нарсаларда шубҳа туғдирган кишининг айби белгиланган тартибда тасдиқланмагунча ва у одил суд томонидан айбдор деб топилмагунга қадар уни матбуотда, расмий ҳужжатларда очиқдан-очиқ жиноятчи деб аташ мумкин эмас. Менинг назаримда бу талаб — қонуний…
Гдлян ва Ивановнинг бундай хатти-ҳаракатлари гуруҳ ичидаги интизомга путур етказади, деб биламан. Тергов ўрнига ўз-ўзини мақташга берилиб кетган Гдлян ва Ивановга нисбатан терговчилар ишонмай қўйдилар.
1985 йилдан буён мана шундай шароитда ишлаб келдим. Ҳеч нарсани ўзгартира олмаслигимга кўзим етгач, мендаги масъулият туйғуси қўрқинч туйғуси билан алмашди…
Шу муносабат билан Сиздан илтимос қиламан:
— Менинг айтганларимни эътиборга олсангиз. Улар бор ҳақиқат:
— Гуруҳга Гдлян ва Иванов раҳбарлик қилиш-қилмасидан қатъий назар мени гуруҳ сафидан чиқариш масаласи ҳал этилса; чунки, мен мазкур гуруҳда ишни давом эттиришга маънавий жиҳатдан қодир эмасман…
О. М. ЛИТВАК.
1989 йил 10—11 май.
* О. М. Литвак — СССР Бош прокурори қошидаги алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчи (редакциядан).
* * *
Ўзбекистон ССРнинг бир қатор масъул лавозимдаги собиқ мансабдор шахсларини жиноий жавобгарликка тортиш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда ўртоқ Гдляннинг аҳамияти сезиларли. У ақлли, ўқимишли, инсон руҳиятини яхши билади, сўзамол, жасур, ўжар, баъзан эса ўз-ўзини танқид ҳам қила билади. Шундай бўлишига қарамай, ўр. Гдлян, юмшоқ қилиб айтганда, ҳатто олижаноб мақсадларга эришиш воситалари ва усуллари устида ўйлаб ҳам ўтирмайдиган одамлар тоифасидан эканини кўрсатиб ўтишга тўғри келади. Унинг жиноий иш юзасидан олиб борган, кўп жиҳатлари билан шахсга сиғиниш даврини эслатувчи иш услуби ва усули буни тасдиқлаб турибди.
У билан шахсан танишлигим, Усмонхўжаев ва бошқаларнинг жиноий ишлари бўйича материалларни ўрганганим, тергов ишларида бевосита иштирок этганим ва тергов бригадасидаги ҳамкасблар билан бўлган суҳбатларим Гдлян ҳақида бундай қатъий ҳукм чиқаришимга имкон беради. Ўртоқ Гдлян ҳақидаги фикрларимни асослаш учун айрим ўзига хос мисолларни келтираман.
…Ўтган йили декабрь ойининг аввалида биз: ДХК терговчилари Гдлян гуруҳига қўшилган пайтимизда унинг ўзи Тошкентда бўлиб, Усмонхўжаевнинг «миллионларини» мусодара қилиш операциясини тайёрлаётган эди. Мазкур операцияни ўтказишга Усмонхўжаевнинг анчайин ноаниқ кўргазмаси асос бўлган. Кўргазмага биноан гўё Усмонхўжаев ўзининг жиноий йўллар билан тўплаган пулларини ва 5 — 10 миллион сўмлик қимматбаҳо бойликларини ўз қариндош-уруғлари ва яқин танишларидан иборат 23 кишиникида сақлайди. Унинг «кирими» (пора олиши) ва «чиқими» (пора бериши)ни ўша чаққонлик билан ҳисоблаганда ҳам (Усмонхўжаев ва бошқа маҳбусларнинг кўргазмалари бўйича) унда юқорида кўрсатилган миллионлар эмас, балки 500 мингдан ортиқ бўлмаган миқдорда пул бўлиши мумкин эди. Бундай тафовут Усмонхужаев ё терговни онгли равишда чалғитмоқда, ёки ўз жиноий фаолиятидаги кўпгина воқеалар хусусида сукут қиляпти дейишга асос берар эди. Бу масалани аввал Усмонхўжаев билан аниқлаб олиш, шундан кейингина унинг «хазинасини» мусодара этиш бўйича операция ўтказиш зарурлигини соғлом ақл сезмай иложи йўқ эди. Менинг операция ҳали тайёр эмаслиги ҳақида сим орқали ўр. Гдлянни ишонтиришга уринишларим муваффақият қозонмади. Зудлик билан Тошкентга учиб келиб, Гдлян билан ўтказган шахсий суҳбатларим ҳам натижа бермади. У ўзининг аввалги тажрибасини, бизнинг маҳаллий шароитни яхши билмаслигимизни баҳона қилиб, биз томонимиздан билдирилган операцияни ўтказишнинг бошқачароқ, бир мунча осойишта усуллари ҳақидаги таклифларимизни қагъиян рад этди. Ўр. Гдляннинг фикрига кўра фақат Усмонхўжаевнинг қариндош-уруғларини тинтув қилиш ва қамашгина «миллионларни» мусодара қилиш имконини берарди. Оқибатда юздан ортиқ терговчилар ва оператив ходимлар иштирок этган йирик миқёсли операция барбод бўлди. 13 та тинтув ўтказилишига қарамай, «миллионлар» топилмади. Бир Усмонхўжаевнинг кўргазмасига биноан унинг турмуш ўртоғи, ўғли, иккита синглиси, учинчи синглисининг эри ва ўлган акасининг ҳайдовчиси ҳибсга олинди. Бундан ташқари, Усмонхўжаевнинг қариндошларидан учтаси уч кеча-кундуз ушлаб турилди. Операция арафасида ўртоқ Гдлян (унинг ибораси билан айтганда «ҳар эҳтимолга қарши») ҳеч бир асоссиз тўртта қарор бўйича тинтув ўтказиш учун рухсат беришга маҳаллий прокурорни юмшоқ қилиб айтганда, мажбур этди.
Усмонхўжаевнинг қамоққа олинган қариндош-уруғлари берган дастлабки сўроқларга келганда шуни айтиш керакки, миллионлар шунчаки «қоқиб олингани» кўриниб турарди. Сўроқлар пайтида ўр. Гдлян шу даражада талвасага тушардики, менинг назаримда у ўз устидан назоратни йўқотиб қўярди. Фарғона педагогика институти КПСС тарихи кафедрасининг мудири, тарих фанлари кандидати Қобулжон Иминовга қарата: «Тентак… йўқол бу ердан!» деб бақиришини бошқача изоҳлаб бўлмайди. Мен қўшни хонада эдим, ҳаммасини эшитдим. Шунингдек, ўр. Гдлян Усмонхўжаевнинг синглиси Каналхонга «миллионларни» бериши лозимлигини, акс ҳолда унинг мансабдор шахсларнинг сотқинлик касали уфураётган Москвага «юришини» тўхтатиб қолишга ишонтираётганининг ҳам ўзим билмаган ҳолда гувоҳи бўлганман.
Мана шундай руҳий «тазйиқ» остида бўлган айрим маҳбуслар гўё Усмонхўжаевнинг миллионларини бошқаларнинг уйида сақлашларини айтишиб (унинг хотини ва синглиси Каналхон), ўзлари ва ўзга кишилар ҳақида ёлғон кўргазмалар беришган.
…Ўртоқ Гдлян ўзининг иш усулини прокурор ходимлардан иборат гуруҳ аъзоларига қаттиқ туриб қабул қилдирди. Ҳатто, айтиш мумкинки, ўз обрўси ва дабдабали сўзлар билан уларнинг эркини бўғиб келди. Кишиларни ушлаш ва қамоққа олиш, уларга айб қўйиш билан боғлиқ ишлар бўйича узил-кесил қарор чиқаришга мажбур этди. Ҳолбуки, бундай қарорларни, менинг назаримда, тергов гуруҳининг раҳбари қабул қилиши керак. Ўр. Гдляннинг гуруҳ аъзолари билан ўзаро муносабатини кўрсатувчи кенгашларда бир неча маротаба такрорлаган қуйидаги сўзлари диққатга сазовор: «Сизнинг ҳар бирингизда фақат икки йўл бор: ё «юқорига», ёки жарликка, учинчи йўл йўқ. Москвага қараб олға!»
…Кўпгина маҳбусларнинг Смирнов ҳақида гўё «ашаддий» порахўр деган кўргазмалари ишда бор эди. Уларнинг кўпчилиги, бизнингча аниқ-тиниқ маънога эга эмас. Шу муносабат билан мен Гдлян гуруҳида бошқа шахсларга нисбатан гувоҳликлар қандай йўллар билан олинишини билганим ҳолда, 1989 йил январь ойининг биринчи числоларида шахсан ўзим ва ДХК терговчиси ўр. Духанин А. С. билан биргаликда Смирновга пора бердим деб гувоҳлик бераётган асосий шахсларни қайта сўроқ қилиш зарурлиги ҳақидаги масалани ўр. Гдлян олдига бир неча марта кўндаланг қўйдим. Ўр. Гдлян турли-туман ўйлаб топилган баҳоналар билан бизнинг илтимосимизни бажаришдан бош тортди. Натижада қаттиқ ихтилофларга бориб бўлса-да, Усмонхўжаевни сўроқ қилиш учун рухсат олишга эришилди. Усмонхўжаевни сўроқ қилишда бизнинг ташаббусимиз билан назоратчи прокурор ўр. Титов И. К. иштирок этди. Натижада шундай бўлдики, Усмонхўжаев Смирновга пора берганлиги ҳақидаги илгариги кўргазмаларини бутунлай рад этди. Смирнов хусусида сўроқ қилиш учун бошқа маҳбусларни бизга шунчаки, бермади-қўйди. Смирновга нисбатан қўйилган далилларнинг ҳақиқийлигига шубҳа туғилгани ҳақида Титовнинг СССР Прокуратураси раҳбарлигини хабардор қилиш нияти бор эди. Лекин, ўртоқ Гдлян ундан ўзиб кетди. Смирнов бошқа айбланувчиларнинг текшириб кўрилмаган кўргазмаларига биноан қамоққа олинди. Шу боис ҳам у билан ишлашда анчайин мураккабликлар юзага чиқмоқда…
А. Г. ЖУЧКОВ,
КПСС аъзоси, СССР Давлат хавфсизлиги комитети тергов бўлими бошлиғининг катта ёрдамчиси
* * *
КПСС аъзоси сифатида 1989 йил 24 апрелда бўлиб ўтган ич-ичимдан нафратимни қўзғаган воқеа хусусида гапирмасдан ўтолмайман. Ўша куни Москвада бўлган тергов гуруҳи аъзолари — 50 кишидан ортиқ — кенгашга тўпландилар.
Сўзга чиққан ўртоқ Гдлян Т. X. ва Иванов Н. В. КПСС Марказий Комитети қошидаги партия назорати комитети комиссияси тергов гуруҳининг фаолиятини текшириш бўйича иш бошлагани ҳақида терговчиларга ахборот беришди. Шу баробарида номлари тилга олинган кишилар кейинги пайтларда уларга хос бўлиб қолган оҳангда «Марказий Комитетдаги порахўрлар», «ПНКнинг сотқин аъзолари» қабилидаги партия марказий органларини обрўсизлантирувчи сўзларни айтишдан уялмадилар. Терговчиларга, текшириб келганларга биронта ҳам жиноий иш материалларини бермасликни уқдиришди. Комиссиянинг фаолияти гўё барчага тушунарли эканлиги, Москвадаги юксак лавозимли порахўрлар, шу жумладан КПСС Марказий Комитети аъзолари томонидан содир этилган жиноятларни тергов қилишга имкон бермасликка қаратилгани ҳақида гапирдилар.
Кўпчилик олдида партия Марказий органлари шаънини ҳақорат қилувчи айбловлар айтилди. Бундан ташқари, коммунист-терговчилар юқори партия органига бош эгмасликка даъват қилинди. Гдлян ўз сўзининг охирида шу масала юзасидан фикр айтиш учун тергов гуруҳининг бошқа аъзоларига сўз берди. Шунда мен туриб, агар уларнинг «Марказий Комитет ва шунга ўхшашларнинг сотқинлиги» ҳақидаги далолатлари Усмонхўжаев И, Б.га ўхшаш айбланувчиларнинг кўргазмаларига қурилган бўлса, ундай тақдирда бу далолатларнинг ҳеч қандай қиммати йўқлигини айтдим. Агар ҳуқуқий давлат қуриш учун жонбозлик кўрсатаётган депутат Гдлян жиноий ишларни қонунга қатъий риоя қилган ҳолда тергов қилиб, ўз программасини ҳаётга тадбиқ этаётган бўлса, ундан тақдирда бизнинг қандай текшириш бўлмасин хавфсирашимиз ўринсизлигини таъкидладим.
А. В. ЯНКОВЕНКО,
ССР Иттифоқи Прокуратураси тергов гуруҳининг терговчиси, 1981 йилдан КПСС аъзоси
* * *
Адлия полковниги, СССР Давлат хавфсизлиги комитети тергов бўлими бошлиғининг ёрдамчиси В. А. Рац, адлия полковниги, СССР Давлат хавфсизлиги комитети тергов бўлими бошлиғининг ёрдамчиси Э. А. Харитонов, адлия подполковниги, СССР Давлат хавфсизлиги комитети тергов бўлимининг алоҳида муҳим ишлар бўйича катта терговчиси А. П. Пронин, СССР Давлат хавфсизлиги комитети тергов бўлимининг бўлинма бошлиғи А. С. Духанин ва бошқалар ҳам юқоридаги каби маълумотнома ва аризалар билан мурожаат этишган.
Далиллар шунақа. Юқорида айтилганидек, иш ҳар жиҳатдан чуқур ўрганилмоқда. Унинг натижалари ва хулосалари билан жамоатчилик таништирилади.
Пора билан боғлиқ бўлган ишларни бундан кейин тергов қилиш масаласига келганда, шуни айтиш керакки, бу иш социалистик қонунчилик талабларига қатъий риоя этгани ҳолда давом этиши лозим.
«Советская Россия» газетасининг 120-сонидан
Ё. Хўжамбердиев таржимаси
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1989 йил, 9 июнь