Бугунги кунда кўпгина тарихчилар ва архившунослар орасида мустамлака қилиб олингунга қадар Ўрта Осиё давлатларида «ҳеч қандай архив бўлмаган» деган нуқтаи назар яшаб келади. Таниқли шарқшунос А. А. Семёнов РСФСР Марказий архиви вакили, Туркистон республикалари Марказий архив ишлари бошқармаси бошлиғига 1922 йил 22 майда қуйидагиларни ёзма равишда хабар қилади: «Сизнинг Ўрта Осиёда эски архивлар мавжудлиги хусусидаги сўровингизга биноан шуни хабар қиламанки, бу ерда бундай нарсалар йўқдир, Мусулмон Шарқида, умуман Туркистонда биз тушунадиган маънодаги архивни тасаввур қилолмайдилар, негаки идоравий ишлар ниҳоятда бошқача тарзда олиб борилган…» Шарқшунос ва археолог В. Вяткин эса худди шу сўровга қуйидагича жавоб қайтарган: «Сиз мендан хат орқали Туркистон ўлкаси руслар томонидан босиб олингунча бу ерда хусусий ва бошқа архивлар бор-йўқлиги хусусида сўрабсиз, — менинг ўзим бу масала билан қизиқиб кўрганман ва маълумотлар тўплаганман. Маълум бўлишича, хусусий архивлар ҳеч қачон бўлмаган экан. Бунинг устига на давлат архивлари, на қоғозлар сақланган хона бор». «Туркестанские ведомости» газетасининг 1873 йил 50-сонида таъкидланишича, хонликларда «давлат архивлари ва бошқа омборхоналар йўқдир», худди шу тарздаги фикрни А. В. Чернов «СССРда архив ишлари ва уни ташкиллаштириш тарихи» ўқув қўлланмасида ҳам илгари сурган: «Ўрта Осиёда Октябрь социалистик революцияси амалга ошгунча ҳеч қандай архив бўлмаган». Бу хилдаги нуқтаи назарларга қисман қўшилиш мумкин, негаки ҳозирги тушунчадаги давлат архивлари Ўрта Осиё хонликларида ҳақиқатда ҳам бўлмаган. Бироқ мустамлака қилинишига қадар Ўрта Осиё давлатларида «ҳеч қандай архив бўлмаган», деган нуқтаи назар жиддий эътироз уйғотади кишида.
1973 йили СССР Фанлар Академияси ташаббуси билан Хоразмга махсус археологик экспедиция юборилган эди. Бу экспедиция ҳозир ҳам қазишма ишларини давом эттирмоқда. 1948—1950 йиллардаги археологик қазишмалар чоғида эрамизнинг III—IV асрларига оид Хоразм давлатининг архиви очилди. Шунда туш билан қадим хоразм тилида ёзилган 150 га яқин ҳужжат топилди. Ҳужжатлар терига битилган бўлиб катта хумларда сақланган экан. Экспедиция раҳбари С. П. Толстов қўлга тушган ҳужжатлар билан батафсил танишиб, уларда мамлакат хўжалик ҳаётига оид маълумотлар ёзилган, деган хулосага келди.
Хоразм давлатининг кейинги даври ҳужжатлари (VII аср охири — VIII аср бошлари) 712 йили Хоразмни араб халифасига бўйсундирган араб истилочиси Қутайба ибн Муслим томонидан шафқатсизларча яксон этилган, деган маълумотлар учрайди.
Улуғ аллома Абу Райҳон Беруний «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» китобида шундай ёзади: «Хоразмликлар ёзувини, афсоналарини билган одамларни Қутайба ҳар хил усуллар билан қувғин қилди ва қириб юборди. Ислом бу ерга кириб келмасиданоқ ўлканинг тарихи ҳақидаги рост илмлар қоронғиликда қолиб кетди».
1938 йили Зарафшон тизмасидаги Муғ тоғидан топилган ҳужжатлар ҳам шу даврларда ёзиб қолдирилган, СССР ФА экспедицияси томонидан 89 ҳужжат топилдики, уларнинг асосий қисми сўғд, 3 таси хитой, биттаси араб, яна бири эса номаълум тилларда ёзилган эди. Сўғд тилидаги ҳужжатлар чарм ва ёғочларга, хитойчаси қоғозга, арабчаси эса терига туширилган эди.
В. А. ва И. Ю. Крачковскийлар араб тилидаги ҳужжатни ўрганиб, нафақат унинг санасини (717— 719 йиллар орасида ёзилган) аниқлаб қолмасдан, унинг барча тилсимларини тўла очишга муваффақ бўлдилар. Уларда араб босқинчилиги давридаги Мавороуннаҳр тарихи ҳақида қизиқарли маълумотлар келтирилган экан.
И. Л. Маяковский «СССРда архив ишлари тарихи бўйича очерклар» китобида кўрсатишича, архивдан топилган ҳужжатлар моддий маданият тарихи учун, тилшунослик учун катта аҳамиятга эгадир. Бу материаллар араб босқинчилари тарихини ҳамда Суғдиёнада VIII асрда кечган ижтимоий-иқтисодий муносабатларни ўрганишда муҳим маълумотлар беради.
IX—X асрларда ҳозирги Ўрта Осиё территориясида сомонийлар давлати вужудга келди. Исмоил Сомоний ҳукмронлиги даврида, мамлакатда марказий ва музофот бошқарувининг мустаҳкам тармоғи таркиб топди.
Марказий бошқарма девонлардан тузилган. Девонларнинг бошлиғи — девони вазир бўлиб, у давлат марказий бошқармасига раҳбарлик қилган. Давлатдаги молиявий бошқарувни девони муставфи бошқарган. Девони ар-расаил махсус орган бўлиб, бу ерда расмий ҳужжатлар тўлдирилган ва бошқа давлатлар билан дипломатик алоқалар йўлга қўйилган.
Давлатни ҳар тарафлама бошқариш учун ўнта девон тузилган. Ҳар бир девон жойларда бошқарув органига эга бўлган. Ҳужжатлар ва идоравий ишлар кўпинча форс тилида олиб борилган.
Сомонийлар ҳукмронлиги даврида амир саройи ва марказий бошқарув органларининг барчаси Бухорода жойлашган бўлиб, сарой кутубхонасида муҳим қўлёзмалар сақланган. Бу кутубхона-архивнинг қисқача шарҳини амир Нуҳ ибн Мансур (976—997) рухсати билан фойдаланган Абу Али ибн Сино ўз таржимай ҳолида баён этган. Бу кутубхона бир неча хоналардан ташкил топган. «Мен кўпхонали уйга кирдим,— деб ёзади ибн Сино,— Ҳар бир хонада устма-уст қуйилган сандиқ-сандиқ китоб бор эди. Хоналарнинг бирида араб тилидаги шеърий китоблар жамланган экан, бошқасида фиқҳ (илоҳиёт)га оид китоблар бўлиб, ҳар хонада илмнинг тармоқларига оид китоблар жойлаштирилган эди. Мен қадимги муаллифларнинг китоблари рўйхати билан танишиб, ўзимга зарур китобларни беришни талаб этдим. Мен кутубхонада шундайин китобларни учратдимки, кўпчиликка бу китобларнинг номи ҳам маълум эмас эди. Мен бунақанги кутубхонани олдин ҳам, кейин ҳам учратмадим».
Ўрта Осиё халқлари тарихи ёритилган қўлёзма манбалар бизгача, афсуски, жуда кам етиб келган. Бироқ, бор маълумотлар шундан далолат бермоқдаки, IX—X асрдаги сомонийлар давлатида идоравий ишлар маълум даражада тартибга солингани оқибатида, кўпгина қўлёзма ҳужжатлар йиғилиб қолган, улар фақатгина архив-кутубхоналарда сақланиб қолинмасдан, балки ўша давр олимлари томонидан фойдаланилган ҳам.
Архив ишлари ва ҳужжатхоналар XI—XII асрда ғазнавийлар ва қорахонийлар даврида ҳам мавжуд бўлган.
Ёзма ҳужжатлар ҳамда ўша давр шоирлари, тарихчиларининг асарлари асосан, хон ва амирликлар саройларидаги кутубхона-архивларда сақланган. Аммо айрим маълумотлар бу хилдаги ҳужжатлар мачитларда сақланганидан ҳам дарак беради. Араб олими Ёқут 60 варақли Беруний асари Марвдаги мачитлардан бирида, ҳужжатлар орасида сақланаётганини айтади. Юқорида таъкидлаганимиздай, ҳужжатли материаллар Туркистонда яшаган турли тарихшунос олимлар томонидан кенг ўрганилган ҳам. Бунга XI асрда Мажидиддин Муҳаммад ибн Аднон тузган «Тарихи мулки Туркистон» илмий асари ёрқин мисол бўла оладики, мазкур олим ўша пайтдаги билимларни жиддий ўзлаштирмасдан туриб, бундайин улкан ишни амалга ошира олмас эди.
Мўғул истилочилари даврида Туркистондаги архив ишлари ривожини ўрганиш анча мураккабдир, негаки Чингизхоннинг Ўрта Осиё халқларини босиб олиши ибн ал-Асир таъбири билан айтганда: «улуғ фалокат ва улуғ касофат рўй бердики, бундайин ваҳшийликни ҳеч бир зот на у дунёда, на бу дунёда кўрган эмас.»
Афсуски, бу даврлар бўйича материаллар кам. Шунга қарамай, архив ишлари тарихини кўрсатадиган айрим маълумотлар бор. Ўзбекистон ССР Марказий Давлат архивида, биз 1920 йил 20 сентябрь санаси қўйилган Бухоро шаҳридаги осори атиқалар ва санъат буюмлари, китоблар қўлёзмасини муҳофаза қилиш ҳамда айрим тадбирлар кўриш бўйича комиссия йиғилишининг 3-сонли протоколини учратдик. Бу комиссия фаолиятида кўзга кўринган тарихчи шарқшунослардан, академик В. Бартольд, Е. Бетгер, В. Вяткин, Туркистон республикалари Марказий архив ишлари бошқармасининг бошлиғи Д. Нечкин ва бошқалар иштирок этган. Комиссия йиғилишида В. Вяткин маърузаси тингланган, унда Бухоро санъати ёдгорликлари ва қўлёзмаларини қўриқлаш бўйича қабул қилинган тадбирлар ҳақида гап борган. Нотиқ Бухоро Халқ Республикаси маорифи нозирати ходимлари билан биргаликда Бухоро амирининг яқин қариндошларидан бири Содиқ тўра Исмоил Девонбеги, Саттор Девонбеги ва Раис ҳужжатлари, Бухоро амирининг ёзги қароргоҳида сақланаётган манускриптлар ва китобларни махсус қўлёзмалар хонасига йиғишга муваффақ бўлганини айтади. Булардан ташқари улар амирлик қози калонидан икки мингга яқин ҳужжатлар олишади.
Нотиқ хабар беришича, қўлёзмалар мундарижаси, ёзилган пайти турли саналарда кечган. В. Вяткин хулосасига кўра энг қадимги ҳужжат Чингизхон истилоси даврида, энг сўнггиси XX аср бошларида ёзилган экан.
XVI асрдаги суд ишлари ва Бухоро амирлигининг XIX аср бошларидаги архиви ҳақида айрим маълумотларни биз В. Вяткиннинг Д. Нечкинга 1922 йилнинг 22 майида ёзган мактубида учратдик. Бу мактубда хабар қилинишича, 325 йил бурун «Самарқанд қозиси томонидан икки йил мобайнида йилига 800 га яқин ёзма шаклдаги ҳужжатлар тўпланган. Бухоро амири Ҳайдарнинг XIX аср бошларига тааллуқли ҳужжатлар тўплами уч йил мобайнида ёзилган 200 ҳужжатдан иборат,» экан (ЎзССР Марказий Давлат архиви. фонд 399, 78-иш, 150—151-бет).
Архив ишлари ва Ўрта Осиё хонликларининг Россияга қўшиб олиниши арафасидаги ёзишмалар ҳақида қуйидаги маълумотлар бор. Жамики хонлар, амирлар, беклар, амлокдорлар ва бошқаларнинг ўзаро идоравий ёзишмалари айрим масалалардагина олиб борилган. Ҳар бир расмий хат мансабдор одамнинг мирзоси томонидан тузилган, сўнг у ўз муҳрини ёзувли қоғозга босган. Жўнатилаётган хатларга номер белгилари қўйилмаган. Хатни олган киши уни олгани ҳамоно одатда, бажаришга киришган ёинки жавоб қайтарган. Олинган ҳужжат эсдан чиқиб кетгунга қадар сақлаб турилган. Иш юритишнинг бундай йўсини туфайли идоравий қоғозларнинг келиши ва кетиши батартиб амалга оширилмаган.
Маъмурий-ҳуқуқий аҳамиятга эга ҳужжатлар орасида фақат вақф ёрлиқлари, хон ёки амирнинг турли-туман ер солиғини ҳисобга олиб борадиган руйхатлари ва ёрлиқлари сақланиб қолган. Лекин шуни ҳам айтиш зарурки, бу борадаги ҳужжатларни дахлдор кишиларгина сақлашган. «Давлат маҳкамаларида,— деб ёзади В. Вяткин,— катта ёзишмалар олиб борилмаган. Юмушлар асосан оғзаки тарзда берилиб, оғзаки қарорлар қабул қилинган, лекин никоҳ тадбирлари, мулкни сотиш, мерос васиқалари ва шунга ўхшаш омиллар албатта ёзиб борилган» (ЎзССР Марказий Давлат архиви. фонд р-399, 1-ёзув, 71-иш, 3-бет). Бундай ҳужжатлар эса ниҳоятда кам. Суд ишлари Ўрта Осиё хонликларида кутилмаган соддалиги билан ажралиб турган. Юмушлар одатда, оғзаки равишда ўша куниёқ ҳал этилган, айбловчи ва айбдор судга келгач, қарори шу дамда амалга оширилган. Яккаю ёлғиз ёзма ҳужжат савдо қалъаларининг иморат солиғи эди, аммо улар ҳам номерсиз ва нусхасиз бўлганидан қозиларда сақланиб қолмаган. Боз устига Ўрта Осиё хонликлари ўртасида ўзаро ички низолар, урушлар тез-тез содир бўлиб турган, натижада бошқа давлатлар билан ёзишмалар, хон ва амирлар фармонлари, вақф ёрлиқлари, хирож ва таноб йиғимларининг сони ҳақидаги маълумотлари бизгача етиб келмаган. Натижада хонлар саройлари, беклар ва бошқа мансабдор одамларнинг уйлари хонавайрон этилгани инобатга олинса, узоқ вақт кетадиган катта-катта архив бинолари қуришга шароит туғилмасди.
Шуларга қарамай, хонлар архивидаги кўпгина ҳужжатлар рус маъмурлари ва хонликнинг собиқ мансабдор кишилари қўлига тушиб қолган. Оқибатда қимматли, қизиқарли ҳужжатлар коллекция маъносида музей ва кутубхоналарга инъом этилган («Туркестанские ведомости» газетасининг 1902 й. 17 ноябрь сони). Бундай ҳужжатларнинг айримлари хориждан келган одамларга сотилган, улар эса ўз кутубхоналарини бойитиш учун жон-жон деб харид қилганлар. Жамоат ариқларида тегирмонлар қуриш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар, давлат ерларида дўконлар ва шунга ўхшаш нарсалар айрим ер эгаларининг, руҳонийларнинг, мадраса ва мачитларнинг хусусий мулки саналган, «Хон ёрлиқлари ёинки шу сингари ҳужжатлар — бекларнинг хонларга етказган хабарлари эндиликда одамларнинг қўлида учрамоқда» (В. В. Бартольд. «История архивного дела», Петроград, 1918 й. 75-бет). Аста-секин бу ҳужжатлар ҳам авлоддан-авлодга ўтган сари йўқола борган ёхуд музей ва кутубхоналарга тушиб қолган. Аслида кейинги ҳоллар камдан-кам содир бўлган.
Хива ва Қўқон хонликлари ҳамда Бухоро амирлигининг архивлари ҳақида яна нималарни биламиз? Ўрта Осиёнинг Россияга қўшиб олинишида Хива хонлигининг забт этилиши муҳим босқичлардан биридир. 1873 йил 29 майдаги хон гуруҳининг рус қўшинларига қарши жангидан сўнг Хива хонлиги қўлдан кетди. Хива юришида шарқшунос А. Кун иштирок этиб, у хон саройини тинтув қилиш чоғида 300 га яқин китоб (шарқ қўлёзмалари) ва ҳар хил — асосан хонликнинг кирим ва чиқимлари бўйича маълумот берадиган, дипломатик ёзишмалар ва бир қанча вақф, мулқий ҳужжатларини йиғиб олган. «Туркестанские ведомости» газетасининг 1873 йил 18 декабрь сонида босилган «Хива юриши мобайнидаги илмий ишлар» хабарида келтирилишича, «бу ҳужжатлар тўплами қизиқарлидир, аммо уларнинг тарих учун муҳимлигидан ҳам қувониш керак: 1. Улар тўлиқ эмас, кўплари йўқолган ва кимлардир томонидан таланган. 2. Улар сўнгги даврлар учун қизиқарли маълумотлар беради». Хабар муаллифи А. Кун ҳужжатли манбалар камлигини саройга руслар яқинлашиб келаётгани ҳақидаги хабар тарқалиши ҳамоно бошланган ур-сурда йўқолгани ҳамда мусулмон хонликларида ёзма ҳужжатларни сақлаш таомилга кирмагани билан изоҳлайди.
Архив ва кутубхонани шошилинч қараб чиққандан сўнг А. Кун айрим ҳужжатларни Фанлар Академиясининг Осиё музейига топшириш учун ажратиб олади, қолганини эса генарал Кауфман императорнинг Петербургдаги халқ кутубхонасига совға қилиб беради. Хива хонлигининг кутубхонаси ва архивининг кейинги тақдири қоронғилигича қолди. 1936 йили шарқшунос П. Иванов Салтиков-Шчедрин номидаги Давлат кутубхонасининг қўлёзмалар бўлимида ишлаётиб, рўйхатдан ўтказилмаган ўзбек тилидаги ҳужжатларни учратади. Улар Хива хонлигига тегишли экани маълум бўлади. Архивдаги ҳужжатларни кенгроқ ўрганиш шуни кўрсатдики, ҳужжатларнинг бир қисми Қўқон хонлигига доир экан. Иванов томонидан ҳаммаси бўлиб турли катталик ва ҳажмдаги 120 дафтар топилади. Ҳужжатлар эса 1822 — 1872 йилларга тегишли эди.
Қўқон хонлиги архиви ҳақида маълумотлар анчагина оз. В. Вяткин Марказий архив ишлари бошқармаси бошлиғига йўллаган мактубида «Қўқон хонлиги саройида Қўқонни босиб олиш иштирокчисидан билишимча, қўлёзмалардан бошқа, ҳеч қандай материаллар топилмади», дейди. Бу фикр «Туркестанские ведомости» газетасининг 1875 йил 12-сонида босилган хабарда. рад этилади: «Рус қўшинлари томонидан Қўқон шаҳри босиб олинганида, — деб ёзади муаллиф, — хон саройида архив қолдиқлари топилдики, булар қипчоқлар саройни талашидан омон қолганларидир. Бу архивнинг қоғозлари асосан, дафтарлардан тузилган, баъзан собиқ хонликнинг турли мавзеларида хирож йиғими миқдори, экин экилган майдонларнинг таноб ўлчови, закот йиғими ва бошқалар ҳақида маълумотлар берувчи дафтарлар уланилса бир неча саржинга етарди. Бундай дафтарларнинг сони мингтага етиб, уларнинг энг эскиси бундан 10 йил олдин тузилгандир». Хабарда таъкидланишича, хон архиви ниҳоятда бетартиб ҳолда бўлган, негаки қўзғолончилар бу ерни ҳам қўлга олишга улгурган эдилар. Кўпгина материалларнинг боши ёки охири йўқ эди. Қўзғолон кўтарилган пайти амалдор шахслар томонидан хон саройидаги ҳужжатлар талон-тарож этилган. Йўқолган материалларни топишнинг иложи бўлмайди, бунинг устига уларни излашга ҳеч ким ҳеч қандай тадорик ҳам кўрмайди. Мазкур хабарда баён этилган далиллар қисман А. Семёновнинг 1910 йили Москвада нашр этилган Кауфманга бағишланган тўпламида ҳам таъкидланади. Семёнов мақолада хабар беришича Худоёрхон Кауфмандан ёрдам кутиб ўтирмай, анчагина миқдордаги қимматбаҳо буюмларни йиғиб, Қўқондан қочади. Бироқ қўзғолончилар унинг ортидан қувишга тушадилар ва тутиб олиб, қочоқдан ғазнанинг бир улушини тортиб оладилар. Қўқон хонлиги архив материаллари тақдири ҳақида Семёнов ўзининг зикр этилган мактубида аниқлик киритган: «Қўқон қушбегисининг архиви ҳамда Худоёрхон кутубхонаси ва бойликлари Худоёрхон тарафидан Қўқонда юзлаб аравага юкланиб, Тошкент йўналишига жўнатилган, аммо йўлда хоннинг катта карвонига Пўлатхон деган номаълум шахс ҳужум уюштириб, бор нарсаларини тортиб олиб қўйган. «Шундан маълум бўладики, Қўқон эгаллангач (1875 йил февраль), яъни Худоёрхон қочганидан олти ой ўтиб, архивнинг фақатгина «қолдиқлари»ни топиш имкони бўлади. В. Вяткин «Туркестанские ведомости» газетасининг 1902 йил 17 ноябрь сонида хабар беришича, Тошкентдаги халқ кутубхонасида шарқ қўлёзмалари мавжудлигини айтади. «Бу асарлар асосан К. П. Кауфман Қўқон хонлари кутубхрнасидан олган шарқ қўлёзмаларидан таркиб топган, унинг катта қисмини Кауфман императорнинг халқ кутубхонасига ҳадя этган.» Хабарда баён этилган нарсаларни шу билан тасдиқлаш мумкинки, П. Иванов Хива хонининг Салтиков-Шчедрин номидаги кутубхона архиви билан танишаётганида айрим ҳужжатлар Қўқон хонлигига тегишли эканини тасдиқлаган эди. Шубҳасизки, бу ҳужжатлар генерал Кауфман Петербургдаги кутубхонага ҳадя сифатида тақдим этган қўлёзмалар бўлиши мумкин.
Шундай қилиб, Қўқон хони архиви ҳамда кутубхонасидаги ҳужжатлар ва қўлёзмаларнинг кўп қисми нобуд бўлган, бутун қолган қисми эса Петербург ва Тошкент кутубхоналари ўртасида тақсимланган. Ҳозирги пайтда Тошкент халқ кутубхонасидаги барча шарқ қўлёзмалари ЎзССР Фанлар Академиясининг Шарқшунослик ниститути фондига топширилган.
Бухоро амирлиги архиви ҳақида узоқ вақт ҳеч нарса маълум эмас эди, фақатгина 1931 йилнинг декабрида Бухоро аркидаги суваб ташланган ертўлада араб алфавитида, форс-тожик тилида ёзилган номалар бетартиб ҳолда топилади. Дастлаб бу материаллар Бухоро музейига келтирилиб, илк марта сараланади ва тартибга солинади. 1937—1938 йилларда 77764 мактуб ЎзССР Марказий Давлат тарихий архиви фондига ўтказилади.
Бухоро амири Қушбегисининг архивидаги ҳужжатлар XIX аср охирларидан то 1920 йилларгача тааллуқли экан. Улар орасида Россия сиёсий агентлиги билан ички ва ташқи сиёсий масалаларга доир дипломатик ёзишмалар, амирликнинг мансабдор кишилари томонидан жойлардаги аҳвол ҳақидаги хабарлари, солиқлар, халқ сайилларини ўтказиш, жиноят қидирув, деҳқонлар қўзғолонлари, амирликка олимлар, ҳарбийлар ва чет элликларнинг келиши, қўшинларнинг кўчиб юриши, вазифага тайинлаш ҳақидаги ёрлиқлар, амир ёзувларини учратиш мумкин.
Фонд материаллари орасида фақатгина қушбегига юборилган ҳужжатлар бўлмай, қози калон ва амир ғазнасини юритувчи девонбегига оид расмий қоғозлар ҳам мавжуд.
Бухоро амири архиви устида ишлаш, амирликнинг XIX аср охири ва XX аср бошларидаги ижтимоий-иқтисодий тарихини ёритишда муҳим ўрин тутади. Ҳозирги вақтда шарқшуносларнинг катта бир гуруҳи бу борада иш олиб бормоқда. Ҳужжатларни ўрганиш, таҳлил этиш, таржима қилиш, сўзбошларини ёзишда турли йилларда идоравий ишларнинг кекса билимдонлари — қори Аҳмад Муҳаммедов, Иброҳим Ҳақилов, шунингдек, СССР Фанлар Академияси Шарқшунослик институти катта илмий ходими А. Белинский, тарих фанлари доктори Маҳкам Абдураимов ва бошқалар иштирок этган.
Ўтган асрнинг иккинчи ярмида Россия Ўрта Осиёни бутунлай ўзига қарам қилиб олди ва ҳукмронлигини ўтказа бошлади. Ўлкада Россиянинг бошқарув системаси жорий этилди. 1867 йилда янги қўшиб олинган территориялар ўрнида Туркистон генерал-губернаторлиги ташкил этилди. Туркистон ўлкасининг қўшинлари қўмондони ва генерал-губернатори этиб К. П. Кауфман тасдиқланди. Генерал-губернаторлик таркибига Сирдарё, Фарғона, Самарқанд, Еттисув, Каспий орти музофотлари ва Амударё бўлинмаси кирди.
Музофотларни генерал-губернатор бошқариб борган, уезд бошлиқлари эса унга бўйсунган. Маҳаллий бошқарув волость раҳбарлари, қозилар, мингбошилар, оқсоқоллар ва туб аҳолининг бошқа имтиёзга эга кишилари томонидан олиб борилган.
Ўлкадаги турли-туман ташкилотларнинг фаолияти натижасида генерал-губернаторлик маҳкамасидан тортиб, то қишлоқ бошқармаси идораларига қадар ҳужжатлар бир неча йил мобайнида тўпланиб, улар бевосита ташкилотнинг ўзида сақланган. Бундай усул Туркистон ўлкасида на давлат, на тарихий архивлар ташкил этишга шароит уйғотмас эди. Генерал-губернаторликдаги маҳкамавий архивлар Октябрь социалистик революциясига қадар ниҳоятда суст ташкиллаштирилган эди. Кўплаб ташкилотлар архивлар сақлаш учун махсус ажратилган хоналарга эга эмас эди, шу сабаб архивлар зах қазноқларда ёғоч саройларда тўпланган. 1908—1909 йиллардаги “улуғвор фармонлар”га мувофиқ граф К. К. Пален Туркистон ўлкасида ўтказган тафтиш ҳисоботида янги биноларни тиклашда архив учун мўлжалланган хоналар мўъжаз қилиб қурилганини таъкидлаган эди. «Барча иморатлар 7 та хона, иккита йўлак, даҳлиз ва архив учун мўлжалланган чоғроққина қазноқдан иборат». Булардан ташқари, ҳужжатли манбаларни сақлаш ишига ташкилотларнинг раҳбарлари ҳам жиддий зарар етказганлар, улар қоғозларни яккаш ўзлари кўриб чиқиб, йўқотиб юборганлар. Оренбург илмий-архив комиссиясининг вакили А. Попов 1914 йилда бўлиб ўтган губерня олимлари архив комиссиясининг 1-съездида идоралар томонидан қимматли архив материалларнинг ўзбошимчалнк билан йўқотилаётгани ва яроқсиз ҳолга келтирилаётгани ҳақида қатор далиллар келтиради: «Масалан, менга ҳарбий идорадан маълумки, — дейди у, — кейинги 12 йил мобайнида йўқотилган юз минглаб ишларнинг анчагина қисми Ўрта Осиёнинг қўшилиши ва босиб олиниши, Бухоро ва Хивага қилинган-ҳарбий юриш ҳақида эди» (Губерния илмий архив комиссияси вакиллари 1-съездининг ҳужжатлари, СПБ, 1914 й, 6—7-бет).
Архивларга ва архив материалларига бўлган бефарқ муносабат ҳақида «Туркистон ҳаваскор археологлари тўгарагининг архив илмий комиссияси бўлиб тузилиши ҳақида» маъруза қилган тўгарак аъзоси Л. Юдин кўплаб мисолларни келтиради (ЎзССР Марказий Давлат архиви, фонд, ц—71, 1-ёзув 24-иш, 1—2-бет). У маърузасининг кириш қисмида 1915 йилдаги пойтахт газеталарининг бирида чоп этилган хабарни эслаб ўтади. Унда эски ҳужжатларни йўқотиб юбориш чекка архивларда ақл бовар қилмайдиган даражада амалга оширилаётгани ҳақида гап боради. «Бизнинг Туркистон ўлкасидаги архив ишлари ниҳоятда ёмон аҳволда», деб қайд этади маърузачи ва Фарғона музофоти ҳарбий штабида йигирма беш йил олдин йиғилиб қолган ҳужжатларни саралашни далил сифатида келтиради.
«Бундай камчиликларга қарамай, — деб хабар беради у, — материалларни саралаш комиссия томонидан олиб борилади, «вақтнинг тиғизлиги» боис 105 луд кераксиз архив материаллари саралаб олиниб, савдогарларга ўров тариқасида сотилган. Тез орада муҳим аҳамиятга эга ҳужжатлар бозорларда ва расталарда кўзга ташланиб қолди». Шундан сўнг маърузачи, «архив хоналарини эски ишлардан бўшатиш усули бизда анчадан бери яшаш ҳуқуқини олди ва шу тахлитда яшашига ҳеч ким монелик қилолмайди», дейди. Архив ва архив ишларидаги тартибсизликлар ҳамда ёмғирлар, тошқинлар, хоналар намлигию бошқа сабаблар туфайли улуғ украин шоири Т. Шевченконинг Аральск шаҳрига аскарликка берилиши, Сирдарё линияси қўмондонлиги бошқармаси, Орол флотилиясининг ишлари гумдон қилинган.
1884 йили таниқли буржуа архившуноси Н. Калачов лойиҳасига биноан Россия империяси чекка ўлкаларида қоғозларнинг оммавий йўқотилишига қарши кураш мақсадида губерня олимларидан архив комиссияси тузилади. Архив ишларини тартибга солиш ва тўплаш, архивларни аёвсиз талон-тарож қилиш ва йўқолишдан ҳимоя қилиш, ҳар хил идораларда йўқотишга ажратилган ҳужжатларни қайтадан кўриб чиқиш ва саралаб олиш, уларнинг тарихий жиҳатдан илмий қимматини аниқлаш бу комиссиянинг асосий мақсади эди. Бироқ комиссия олдига қўйилган вазифалар адо этилмай қолади. Унинг архив ташкилотларига кириш ҳуқуқи йўқ эди. Комиссияларга фақат тарихий архивлар учун йўқотишга ажратилган материаллар саралаб олишга рухсат берилган эди.
1899 йил 1 апрелда император Москва археологик жамияти барча архивларига, археографик ва архив комиссияси олимларига, профессор Д. Самоквасов маърузасидаги архив ишларини ислоҳ қилиш лойиҳаси ва бошқа масалалар бўйича жавобларни таклиф этиш учун илтимос билан мурожаат қилади.
Туркистонда архив идоралари бўлмагани учун хат ҳаваскрр археологлар тўгарагига йўлланган эди. Бу ҳужжатга тўгаракнинг вице раиси Н. Остроумов қуйидагича жавоб ёзиб қўйган: «Жавоб бериш муҳлатининг қисқа эканини ҳисобга олиб, жавобсиз қолдирилди» (Ҳаваскор археологлар Туркистон тўгарагининг йиғилиш ва мажлислари протоколлари, Тошкент, 1917 й. 110—117 бетлар). Бу далил шундан хабар берадики, Туркистонни ўрганиш билан шуғулланаётган нафақат амалдорлар, балки одамлар ҳам ўлкада архив бинолари қурилишига етарлича диққат қилмаганлар.
Туркистон ўлкасида архив ишларини ташкил этиш ва тартибга солиш бўйича яккаю ягона ҳаракат К. Кауфман томонидан қилинган эди. У 1873 йилнинг октябрь ойида маҳкамавий ишлар бошлиғига Тошкент шаҳрида Марказий архив учун иморат қуриш ҳақида кўрсатма беради. Тошкентда Туркистон генерал-губернаторлигининг барча бош маъмурий ва ҳарбий ташкилотлари жойлашган эди. «Ўлка тарихи ва статистикасини ўрганиш учун кўплаб далил ва кенг материаллар беради»ган марказий маҳкамаларнинг муҳим ёзишмалари Марказий архивни ташкил этишда асосий ўрин тутди. Бу материалларнинг хилма-хиллиги ва уларни идоралар архивларида алоҳида сақлаш ўлкани ўрганиш ишига тўғридан тўғри зарар келтирарди. Негаки, улардан ё фойдаланиб бўлмас эди ёки тадқиқотчилар эътиборидан четда қоларди, натижада тадқиқотчилар бундай материаллар бор эканига шубҳа ҳам қилмасдилар. Ўлкадаги жамики ташкилотларнинг тугалланган ҳужжатлари системага келтирилса ва материаллар бир жойга йиғилсагина ҳар қандай масалани кенг ўрганиш имконияти туғилишини англаб, К. Кауфман Тошкентда Марказий архив ташкил этишни лозим топади. Унга ўлкадаги барча ташкилот ва идораларнинг якун топган ишлари келтирилиши ва сақланиши лозим, деб айтилди. Марказий архивни тўрт бўлимга ажратиш кўзда тутилган эди. Биринчи бўлимга — Туркистон генерал-губернаторлиги идорасининг ишлари, иккинчисига — область ва шаҳар бошқармалари, суд ва Тошкент ярмарка комитетининг ишлари, учинчисига — Туркистон ҳарбий округи штабининг, ҳарбий округ кенгашининг, округдаги топографик ва барча ҳарбий қисмларнинг ишлари қабул қилиниши зарур эди. Тўртинчисига эса Сирдарё музофоти штабининг, комендатлик бошқармаларининг, ўқчи бригадалари бошқармасининг, госпиталлар ва бошқа идораларнинг ҳужжатлари йиғилиши лозим эди. Бу масалани ҳал этиш учун Сирдарё музофоти ҳарбий губернаторлигининг, музофотдаги қўшинлар қўмондони ва Туркистон ҳарбий округи штаби бошлиғининг мулоҳазалари эътиборга олинади. Булар орасида фақатгина округ штаби бошлиғи ўз вақтида жавоб беради, лекин у талаб қилинажак хоналар ҳажмини айта олмайди, негаки, «бошқармадан сақлаш учун ҳар йили қанча ҳужжатлар юборилиши ҳақида аниқ маълумотга эга эмас» эди (ЎзССР Марказий Давлат архиви, фонд’Ц:—1; 16-ёзув, 689—иш, 4-бет). Сирдарё музофоти қўшинлари қўмондони генерал-лейтенант Головачев иккинчи марта қилинган эскартмага жавоб юборади ва Марказий архивга қанча ҳужжат келиши ҳақидаги маълумотни беради, шунингдек, 1847—1874 йиллар орасидаги 13735, сўнг эса йилига 687 тадан ҳужжатни бир вақтда топшириш ҳақида маълумот йўллайди. Сирдарё музофотининг губернатори бир неча марта қилинган эскартмалардан кейин 1876 йил 24 апрелида «Сирдарё музофоти бошқармасидан 1875 йилгача тугалланган ва 1875 йилнинг бир қисм ҳужжатларидан 31200 таси Марказий архивга сақлаш учун берилиши мумкин», деб жавоб беради (ЎзССР Марказий Давлат архиви, фонд Ц—1, 16-ёзув, 689-иш, 10 бет). Йилига 5 минг ҳужжат тушиши тахмин қилинади. Худди шу рапортда 1-бўлим идорасининг ёрдамчиси 1876 йил 18 августида «бу иш кейинга қолдирилиши буюрилган» деган белги қўяди ва ташаббус шу билан тугайди.
«Туркистон ўлкасининг марказий бошқармалари» материалларини сақлайдиган Марказий архив тузиш ҳақидаги ажойиб ғоя бир тарафлама характерга эга эди. Лойиҳада Тошкент ва Сирдарё музофотларидан ташқаридаги ташкилотларнинг архив материалларини йиғишга мутлақо қизиқилмаган эди, бундай идоралар эса ўлкада ниҳоятда кўп эди.
Кауфманнинг ғояси буткул унутиб юборилди. Фақатгина 1910 йили Кауфманнинг юбилей тўпламида А. Семёнов таъкидлашича, унинг айрим амалга ошмаган лойиҳалари шу вақтга қадар ўз ҳаётийлигини йўқотмаган. Булар орасида маҳаллий марказий архив ташкилоти тузиш лойиҳаси ҳам бор эди. Туркистон ўлкасидаги архив ишларининг тўлақонли манзарасини кўз олдимизга келтириш учун марказий ташкилотларда ҳужжатли материаллар қай тартибда ва қанақанги хоналарда сақлангани хусусидаги далилларга тўхтаб ўтиш жоиздир.
Туркистон ўлкасидаги бош ташкилот 1867 йили тузилган генерал-губернаторлик маҳкамаси эди. 1870 йилга қадар маҳкамада ҳужжатларни қаерда ва қай тартибда сақлаш, умуман сақлашга зарурат борми, деган масала билан ҳеч ким қизиқмаган, фақат 1870 йили маҳкамада штатларнинг ошиши билан «журналист» (ҳам архившунос, ҳам экзекутор) вазифасини очиш таклиф этилади. Худди шу йили 1867—1869 йилларга тегишли бир қисм ҳужжатларни архивларга топшириш мўлжалланади. Аммо ҳужжатлар топширилмасдан қолади, негаки бунинг учун махсус хона йўқ эди, ҳужжатлар етти йил мобайнида босмахона биносида қайд-ёзувларсиз ётади, фойдаланишга эса йўл қўйилмайди. 1877 йили маҳкамада қўшимча бинолар қурилиши тугаши ҳамоно иккита хона архив учун ажратилади. 1882 йили маҳкама амалдорларидан тузилган махсус комиссия 1867—1882 йилларда тўлғазилган 9968 ҳужжатни бўлимлардан архивларга топширади. Ҳужжатларни маҳкаманинг биринчи архивчи-экзекутори, коллеж ассесори лавозимида кўп йил хизмат қилган Николаев қабул қилиб олади. Бўлимлардан маҳкама архивига ҳар йили қонун-қоидаларга биноан тугалланган ҳужжатлар қабул қилиниши лозим эди. 1904 йили махсус комиссия генерал-губернаторлик идорасининг архивини текшириб чиқиб, ҳужжатлар бўлимлардан бетартиб ҳолда келтирилгани, муқовалари йиртиқ экани, қайд-ёзувлар нотўғри тўлғазилаётгани, асосан айрим варақларга тузилаётгани ва бундай варақлар кўп миқдорда тўпланиб қолинаётганини қайд этади.
Туркистон ўлкасидаги бошқа йирик ташкилотларнинг архивлари хароба ҳолда эди. 1907 йили Сирдарё музофоти бошқармасининг архиви жойлашган хона яроқсиз ва бузишга лойиқ, деб топилади. Бу архивдаги 2 мингдан ортиқ ҳужжатнинг аксар қисми миллий чиркинлик, маҳаллий маъмурлар томонидан аҳолини эзиш, миллий турмуш ҳақида эдики, уларни 1899 йили Сирдарё музофоти бошқармаси амалдорлари томонидан ишларни саралаш ва йўқотиш учун тузилган махсус «комиссия» нобуд қилади.
Қолган музофотларда архив ишлари айниқса ўлда-жўлда эди. Музофот бошқармалари маҳкамаларида, гарчи матёриаллар сони ва салмоғи анча бўлса-да, архивлар учун махсус одамлар ажратилмаган эди. 1881 йили Кауфманнинг «Ожизона ҳисобот лойиҳаси»да музофот бошқармалари маҳкамаларида журналист-архивчи вазифаси ташкил этиш кўриб чиқилади (Туркистон генерал-губернаторлиги музофотларида К. П. фон-Кауфманнинг гражданлик бошқармаси ва тузилиши бўйича ожизона ҳисобот лойиҳаси, 1867 й. 7 ноябрь — 1881 й. 25 март. СПБ, 1885).
«Журналист, — деб таъкидлайди Кауфман, — регистратура ишлари кўплиги, архивчилик вазифасининг унга юклатилиши ўзига янги бир амалдор тайинлашдан сақлаб қолиши, 14 йил мобайнида архивларда ҳужжатлар анчагина тўпланиб қолганлиги учун зарурдир». Граф К. Пален 1808—1809 йилларда Туркистон ўлкасидаги ташкилотларни тафтиш қилиб чиқиб, ўз ҳисоботида уезд идораларида архив ишлари ёмон аҳволда эканига оид қатор мисоллар келтиради. «Кўпгина уезд ташкилотларида архив учун қаноатланарли хоналар мавжуд эмас, умумий қонуниятларга жавоб берадиган, ёнғин чиқиш хавфи бор ва тор хоналарни учратдик». Тафтишчилар Пишпек уезд бошқармасида архив ҳужжатларининг тахлаб қўйилган бир қисмини кичкинагина нимқоронғи хонадан, яна бир қисмини эса ёғоч саройдан топади. Андижон уезди бошқармасида эса архив учун мутлақо хона ажратилмаган, архив ҳужжатлари пастак, томи лойсувоқ, зах саройда жойлаштирилган экан. Бу «биноининг омонатлиги боис 1902 йилнинг декабрида томи ағанаб тушиб, ҳужжатлар лой ва тупроққа қоришиб қоладики, уларни ёқиб юборишдан ўзга чора қолмайди. Бундай ҳолларга оид далиллар ўша пайтдаги вақтли матбуот органларида учрайди. Чунончи «Туркестанские ведомости» газетасининг 1911 йил 16 октябрь сонида, 1910 йили Авлиёота уезд бошқармаси архиви жойлашган бино техник кўрикдан ўтказйлганда архив учун яроқсиз ва омонат деб топилади ҳамда ҳажми тўғри келмаслиги кўрсатилади.
Уезд бошлиқлари маҳкамалари ёзишмаларини тафтиш қилишда тугалланган ҳужжатларга қайд-ёзувлар қўйилмагани, натижада архив йўқолаётгани, қайд-ёзувларсиз йўқолган ҳужжатларни аниқлаш иложсиз экани кўрсатилади. Айрим маҳкамаларда ҳужжатлар ниҳоятда бетартиб ҳолда топиладики, тафтишчиларнинг ўзлари ҳам уларга боқиб, уезд бошқармасининг муайян тармоқларидаги аҳволни аниқ тасаввур қилиш имконига эга бўла олмайди. Тафтиш бўйича ҳисоботда тез-тез айрим ҳужжатлар, ҳатто барча уезд бошлиқлари маҳкамаларида ишлар йўқолаётгани айтилади. «Тузем бошқармасидаги маҳкамавий қисмнинг қўйилиши» шарҳига ўтилганида тафтиш Самарқанд, Фарғона ва бошқа музофотлардаги кўпгина волость бошқармаларининг маҳкамалари мирзолари маҳкамавий тартиб ҳақида ҳеч қандай тасаввурга эга эмас», деб топади. Келган ва кетган хатлар рўйхат қилиб борилмаган, «маҳкама китобларидан эса волостда муайян тармоқлар бўйича олиб борилган ёзишмаларни билиб бўлмайди, ҳақиқий қонун-қоидалар, тугалланган ишларга архив қайд-ёзувлари ҳеч қачон қўйиб борилмаган».
Маҳаллий ташкилотлар — қозилар, бойлар, оқсоқоллар кенгашлари фаолияти натижасида йиғилиб қолган ҳужжатлар жойларда Октябрь инқилобига қадар сақланиб қолди. Гражданлар уруши босмачилик ва чет эл интервенцияси авж олган йилларда бу хилдаги ҳужжатларнинг аксарияти Совет ҳукумати ва халқ қаҳр-ғазабидан ўз ғайриинсоний ишларини яширишга уринганлар томонидан йўқ қилинади. Уларнинг бир қисми эса ҳар хил фалокатлар — ёнғинлар, сув тошқинлари, тутантириқ сабаб нобуд бўлади. Буларнинг барчаси ўлкадаги илғор фикрли зиёлиларда ачиниш ҳиссини уйғотади. Тарихчи Добросмислов «Тошкент кеча ва бугун» очерки муқаддимасида «генерал-губернаторлик мақкамасининг назаримда, яккаю ягона шаҳардаги тузукроқ архиви шу бўлса керак, буни ҳам истисно қилмаганда маҳаллий архивлар аста-секин йўқолиб бормоқда», деб куюнчаклик билан ёзади ҳамда ҳозирча XIX аср 60—70йилларидаги воқеаларнинг тирик гувоҳлари бор экан, ўлка тарихини ёзишга шошилиш керак, деб таъкидлайди.
Октябрь инқилобига қадар, ўлкадаги ташкилотларда ҳужжатли материалларнинг ёмон сақланганига қарамай, уларда генерал-губернаторликнинг сиёсий-иқтисодий ва маданий ҳаётининг барча томонларини қамраб олган анчагина архив мероси мавжуд. Бу ҳақда ЎзССР Марказий Давлат архиви фондининг инқилобгача бўлган бўлимида йиғилган ҳужжатли материаллар гувоҳлик беради. Улар XIX асрнинг иккинчи ярмидан то 1917 йилгача бўлган Ўрта Осиё халқлари тарихини ўрганиш борасида бебаҳо манба бўлиб хизмат қилади. Бўлимдаги ҳужжатлар тарихчиларга, иқтисодчиларга, ҳуқуқшуносларга ва бошқа тармоқ мутахассисларига ўлкадаги маъмурий тузилиш, Россиянинг Афғонистон, Ироқ, Бухоро, Хива бйлан дипломатик ва иқтисодий муносабатларини, ўлкада тоғ-қазилма бойликлари ва пахтани қайта ишлаш саноатининг пайдо бўлиши ва ривожланиши, айниқса, деҳқончилик ва ер тузилиши, пахтачилик, сув иншоотлари қурилиши ва халқ маорифи аҳволини теран ўрганишга имконият яратиб беради. Фонднинг катта қисми ўлкада инқилобий ҳаракатнинг ўсиши, социал-демократик ташкилотларнинг фаолияти, 1905—1907 йилги инқилобий воқеалар, 1912 йилги сапёрлар батальони қўзғолони, 1917 йил февраль ойи кунлари, Тошкентдаги сентябрь воқеалари, Туркистонда Октябрь инқилобини тайёрлаш ва ўтказиш ҳақида ҳикоя қилади. Бўлимдаги яна қатор материаллар Ўрта Осиё халқлари рус чоризмининг жабр-зулми ва ўзбошимчалигига қарши миллий-озодлик кураши, рус маданиятининг ерли халқлар маданияти ривожига таъсири, илмий жамиятлар фондида илғор рус олимларининг Туркистондаги фаолияти ҳақида шунингдек, генерал-губернаторлик маҳкамаси фондидаги кўплаб маълумотлар тарихий жиҳатдан ниҳоятда қимматлидир.
Борис Оронюк, тарих фаилари доктори,
Бекдавлат Алиев, тарих фанлари номзоди
“Шарқ юлдузи” журнали, 1989 йил, 11-сон