Яқинда таниқли файласуфлардан И. Жабборовнинг «Руҳий олам: жаҳолат ва камолат» деган китоби қўлимга тушиб қолди. Ўтган йили чиққан. Ҳажми салкам 22 босма табоқ. Руҳий оламнинг икки қутби олинибди-да, деган ўй билан варақлай бошладим. Сарлавҳаларга кўзим тушди: Жангларда синалган ғоялар; антикоммунизмнинг заҳарли наштари ва мафкуравий кураш; тафаккур чироғи ва хурофот; жаҳолатдан социал тараққиёт ва маърифатга… Ҳайратим ошди. Аввало, руҳий олам наҳотки биргина шу икки ранг — жаҳолат ва камолатдан иборат бўлар?! Ундай бўлса, нимаси олам?!
Иккинчидан, китоб атеистик мавзуда эди. Бинобарин, дин билан боғланган ҳамма нарсани жаҳолату унга қарши ҳар қандай фикрни камолат деб бўлармикан?!
Афсуски, китобда шу руҳ ҳукмрон эди. Ундаги айрим хулосаларга 3—4 йил олдин чидаш мумкин эди. Ҳозир чидаб бўлмас. Масалан, муаллиф фикрича, «Азроил, Жаброил, Иблис, Шайтон, Мункар Накир», «меҳнаткаш оммани қўрқитиб, итоатгўйликка чорлаш мақсадида тўқилган» (!) (84-бет). Бугун ҳақида гап кетганда эса, у Ўрта Осиё, Озарбайжон ва Шимолий Кавказдаги маҳаллий аҳолининг дафн маросимларида днндорликнинг ўсишини (49-бет) кўради.
Оқ:қора тасвир капиталистик ва социалистик тараққиёт йўлларига ўтганда янада кескинроқ тус олади. Социализмдан гап очилганда, фақат «мисли кўрилмаган суръатлар» гапирилади. Буржуазия эса, «оммани ўзига эргаштира оладиган социал идеални илгари суришга мутлақо қодир бўлмай қолди» (12-бет) дейилади. Бу фикр-мулоҳаза шу куйларда етакчи мутахассисларимиздан бири томонидан айтилаётганини хотирга олсангиз, ўйланиб қоласиз. Сўз ва тушунчалар инфляцияси ҳали ҳам ўша эсқи суръатлар билан давом этмаяптимикин?! Мана, яқинда кейинги беш йиллик режаларининг лойиҳаси эълон қилинди. Биз уларни унча-бунча эмас, «Республика аҳолисининг фаровонлигини юксалтириш программаси» деб атадик. Фаровонлик дейилганда, ҳамиша тўкинчилик тушунилганку! «Фаровонлик»ни юксалтириш учун аввало ўша «фаровон»ликнинг ўзи бўлиши лозим эмасми?!
Табиатда шундай ҳодисалар борки, уларни ҳозирги фан-техника имкониятлари билан ҳам тушунтириш қийин. Яшил одамчалар, учар ликопчалар, Бермуд учбурчаги, қор одам ва ҳоказолар ҳақидаги баҳсларни эсланг. Руҳий жараёнда бу хил ҳодисалар бундан ҳам кўп. Энг оддийси, биоток, телепатия каби гапларни олинг. Шоир дунёни «сирли хилқат» дер экан, шуларга ҳам ишора бор. «Руҳий олам» тадқиқотчиси буларни тушунтиришга, изоҳлашга шошмайди. Унинг бундай масалаларда тайёр қолип, андозалари бор. Булар — уйдирма. Энг осони — шу. Таассуфки, адабиёт масалаларида ҳам узоқ муддат мана шундай иш тутилди. «Оғирнинг устидан, енгилнинг остидан» ўтиб келинди.
Тасаввуфни олайлик. Бир вақтлар Европа адабиётшунослик фани ўрта асрлар Шарқи адабиётини учга бўлиб текширган эди: қаҳрамонлик эпоси, сарой поэзияси, мистик шеърият.
Тўғри, бу қараш аллақачон эскириб кетган, лекин, эътибор қилайлик, Бертельс гуманизмни худди мана шу мистик шеъриятдан қидирган эди. Ёки унинг тасаввуф асарлари ҳақидаги мана бу фикрини кўринг:
«Бу ерда сўнгроқ ўрта асрлар Европасини ҳаяжонга солган барча муаммолар аллақачон қўйилган ва уларга аристотелчиликни шунчаки қайта ишлаш деб қараш мутлақо мумкин эмас. Агар IX—XIII асрлар Европа маданияти тарихидаги энг тушкун давр эканлигини эсга олсак, айни мана шу Шарқ файласуфларининг асарлари Европа халқларини халта йўлдан олиб чиқдилар ва уларнинг кейинги тараққиётига йўл очдилар, деган хулосага келмаслик мумкин эмас» (Е. Э. Бертельс, Суфизм и суфийская литература, М., 1965, стр. 27)
Мана шу тасаввуф Шарқ адабиётининг, шу жумладан ўзбек адабиётининг минг йилдан ортиқроқ тарихида бирга келаётган, балки унинг қон-қонига сингиб кетган бир фалсафадир. Тасаввуф шеърияти, тасаввуф адабиёти деган тушунча, истилоҳлар бор.
Мутахассислар уни ўз даврида — VII—VIII асрлардан феодаллашиб борган ислом жамоасидан, ҳокимиятидан норозилик сифатида майдонга келган деб ҳисоблайдилар. Ва, айтиш мумкинки, у бутун такомили давомида шу мақсадга хизмат қилди. Якка-ёлғизнинг армон-ғамидан эл-улуснинг, тоифа-халқнинг катта-катта дард-ҳасратларигача ифодалай олди. Шу маънода у замонни, унинг ҳодисаларини акс эттирди ва унга фаол муносабат билдирди.
Сарбадорлар нақшбандийлик билан, 1898 йилги Дукчи эшон қўзғолони сўфийларнинг XVIII—XIX асрлардаги энг оммавий диний жамоаси қаландарлик билан боғланишда бўлган. Чор ҳукумати 1898 йилдан кейин Туркистонда бекорга қаландарликни таъқиб этган эмас.
Биз кўпинча адабиётдан давр ҳақида жуда очиқ баҳони, ошкор муносабатни талаб қиламиз. Унинг образлар, тимсоллар, ҳатто ишоралар билан иш кўришини диққатдан соқит қиламиз. Бу, тўғри эмас. Ленин жуда кўп халқ ҳаракатлари дастлабки даврларда диний парда остида кечганини уқтиради. Энгельс XVI асрда Германияда майдонга келган «Худо — бизнинг паноҳимиз!» деган қўшиқни «XVI асрнинг Марсельезаси» деб атайди. Бизчи?! Биз ўтмиш шоирдан салкам худосизликни талаб қилиб келдик. Илоҳиётнинг аксарият мақсад эмас, восита бўлганини тан олишни истамадик.
Тасаввуф ҳақида шу пайтга қадар бизда бирорта кўзга кўринадиган иш йўқ. Марҳум академигимиз Воҳид Зоҳидовнинг Навоий ҳақидаги «Улуғ шоир ижодининг қалби» китобида берилган, сўнг 5 томли «Ўзбек адабиёти тарихи»га кўчириб босилган мақола бугунги кун талабларига жавоб бера олмайди.
Натижа шу бўлиб турибдики, Яссавий, Ҳаким ота, Сўфи Оллоёр, Ҳувайдо, Садоий, Мажзуб Намангоний, Ҳазиний, Сарёмий сингари шоирларимиз ҳалига қадар ўз баҳосини ололмай келади. Баҳо нимаси, уларни иложи борича, халқдан узоқроқ тутишга уринамиз. Сабаби:
1. «Худо»си бор ҳар қандай асардан чўчиб қолганмиз.
2. Изоҳлай олмаймиз.
Машрабни Машраб қилган нарсани кўрсата олмаймиз. Бизнинг «илмий» талқинларимиз билан халқнинг «жайдари» талқинлари орасида зиддият чиқиб қолмоқда. Гўё икки тилда гапираётирмиз. Ҳувайдони қаранг. Халқ орасида машҳур. Қанча ғазаллари ҳофизларимиз томонидан қўшиқ қилиб куйланиб келинган. Қанча ривоятлар тўқилган. Тошкентнинг кўчаларидан бири Ҳувайдо номида. Шоир номида маҳалла бор. Дарвоқе, ўтган йили шаҳарнинг қай бир конкурсида уч маҳалла ғолибликни қўлга киритган эди: Ҳувайдо, Мискин, Авлоний.
Хўш, мана шу шоир ҳақида хоҳлаган мактаб ўқувчисидан сўранг-чи, нима биларкин? Имоним комил, ҳеч нарса билмайди. Қулоғига ҳам чалинган эмас. Ўрта мактаб дарсликларида номи ҳам йўқ-да. Болаларни қўйинг, катталар-чи?!
Бир томондан, ғазалхон халқ, мана 2 асрдирки, севиб куйласа, иккинчи томондан, бугунги авлод уни танимаса, буни қандай изоҳлайсиз?
Яссавий-чи?! Ўн-ўн беш йилдан буён адабиётшуносликда ғалати бир вазият ҳукм суриб келади. Биз айрим ижодкорларни адабиётдан чиқаришга ҳаракат қиламиз, қўшни республикаларда эса аксинча, киритишга уринилади. Яссавий бизда мистик, қозоқларда — классик. «Қиссаи Рағбузий»га ҳам муносабат бизда деярли шундай. Қозоқларда эса дунёвий адабиёт намунаси деб талқин қилинади. Унинг поэтикаси ҳақида диссертация ёқланган. Шундай мисолларни татар адабиётидан ҳам топиш мумкин. Нима, бизда методология икки хилми? Йўқ, албатта. Ёндашиш икки хил. Ва иккаласида ҳам бир ёқламалик бор. Бизнингча, талант билан ёзилган ва ғоявий зарарли бўлмаган ҳар қандай адабий-бадиий асар ўқувчига қайтарилиши лозим.
Тўғри, Яссавий, Машраб, Ҳувайдо ва юқорида номлари санаб ўтилган ва санаб ўтилмаган яна бир қатор шоирлар ижоди мураккаб. Уларни якранг баҳолаб бўлмайди. Бу туркум шоирлар адабиётшуносликда йиллар давомида ясаб келинган қолипларга тушавермайдилар. Биз дунёни асосан оқ-қора рангда кўриб келганмиз. Бошқа рангларни кўрмасликка, улардан кўзни олиб қочишга ҳаракат қилганмиз. Бу ҳол бир гуруҳ шоирларни адабиётдан суриб чиқаришга олиб келди. Маълум ва машҳур шоирларимиздаги суфиёна оҳангни эса хаспўшлашга сабаб бўлди. Бунинг кейинги йиллардаги энг ёрқин мисоли «Хамса»нинг қисқартириб берилишидир. Ҳолбуки ўша қисқартирилган «ҳамд», «наът» ва «муножот»ларда Навоийнинг туманистик концепцияси ўзининг бетакрор ифодасини топган эди.
Хулоса шуки, масалани кенг, чуқур, малакали, комплекс ўрганиш керак. Тил-адабиёт институтимиз қошида бир илмий марказ ташкил қилиниб, масала атрофлича ўрганилса. Шундагина ўзбек тасаввуф адабиёти ҳақида кенг ва асосли фикр юритиш мумкин бўлади. Фақат тасаввуф адабиётини эмас. Навоий, Огаҳийдан Муқимий — Фурқатгача бўлган адабиётимизнинг бағрини кўтариб турган муҳим бир қанотини белгилаш ва изоҳлаш мумкин бўлади.
Маданий меросга янгича нуқтаи назар керак. Гап уни бугунги шароитимизга татбиқ этиш, такомиллаштириш устида кетяпти. Ошкоралик, адабиётшунослик учун, адабий меросни ўрганиш учун ҳам сув ва ҳаводек зарур бўлиб турибди.
Бир вақтлар адабиётшунослик ижодкорнинг ижтимоий келиб чиқишига алоҳида урғу берган эди. Сўнг ижоди зиддиятли қаламкашни айланиб ўтишга йўл излади. Классикларимизни бир қадар таниб-танитиб олганимиздан кейин эса уларни силлиқлашга тушдик. Бу ҳол муайян психологияни ҳам майдонга келтирди. Классикларимиз, айниқса уларнинг машҳурлари ижодидаги айрим зиддиятлар ҳақида гапириш шаккокликдай қабул қилинди. Чинакам истеъдод ҳамиша мураккаб бўлишини, ҳар қандай ижодда ҳам айрим муваффақиятсизликлар эҳтимолини, жаҳон адабиётида бунинг мисоллари тўлиб-тошиб ётганини назардан соқит қилдик. Масалан, социалистик адабиётининг асосчиси, ҳаёти ҳам, ижоди ҳам халқимиз учун бениҳоя муҳим ва қадрли бўлган Ҳамзанинг инқилобга келиш йўли адабиётшунослик ишларимизда бир қадар жўнлаштириб берилди.
Унинг «Мукаммал асарлар тўплами» сифатида тайёрланган жилдли академик нашрини олинг. Иккинчи томга киритилган, «қўлёзмаси сақланмаган», тошбосмаси асос қилиб олинган «Миллий ашувлалар учун миллий шеърлар мажмуаси»дан биринчи бўлимдаги «олти дона» шеър бештага келтирилди. Ноширлар ҳеч бир изоҳсиз «Йиғла, йиғла Туркистон!» шеърини тушириб қолдирдилар. «Дармон истариз» мусаддас эди, мухаммасга «айлантирилди»— банд охирида такрорланиб келувчи икки сатрнинг бири («Эй мусулмонлар, келинглар, ҳукми қуръон истариз!») ва 2 банди «қисқартирилди». Берилган 5 шеърнинг учтасида – жами 34 сатр ташлаб кетилди. Бу, томликлардан жой олган битта кичкина, атиги 6 шеърлик тўпламча мисолида кўринган камчилик. Ва гап ҳозирча фақат «қисқартиш», шу орқали «қалтис» жойини «силлиқлаш» устида.
Хўш, шундай ҳолда уни «Мукаммал асарлар тўплами» деб бўлармикан?!
Мана, шоир асарларининг беш томлиги чиқди.. Бу —иккинчи академик нашр. Мутасаддиларидан бири матбуотда у ҳақда «нодир нашр» деб кафолат берди: «Бу нашрнинг нодирлиги шундаки, — унда — Ҳамза нима ёзган бўлса, у мукаммалми, ё чалами, ғоявий-сиёсий хатоми ёки шахсий, оилавий ҳаётига доир ҳужжатларми, бирор сўзи ёки ҳарфи ўзгартирилмасдан, грамматик шакли бузилмасдан” айнан берилди» («Ўзбекистон адабиёти ва санъати», газе-таси, 1989, 9-сон).
Афсуски, бундай эмас. Тўғри, у 4 томлик «мукаммал» нашр андозалари билан баҳоланса, унга нисбатан мукаммал, лекин жорий академик нашр талабларига жавоб бера олмайди. Келинг, кузатишни юқорида тилга олинган «мажмуа»нинг ўша «биринчи бўлими»даги олти шеър мисолида давом эттирайлик. Аввало шуни айтиш керак, беш томликка ҳар олти шеър киритилган. Бу — яхши. Лекин қандай киритилган? «Йиғла Туркистон!…»ни кўрамиз «Шундай кечса ҳолимиз, нелар бўлғувси?!» деб бошланадиган банд тушиб қолган. «Мозорида тек ётур ихват ўргатган» ёзади Ҳамза. «Фироринда (?) тик (!) ётур…» ўқийдилар ноширлар. «Шаръ» (шариат) ёзади Ҳамза. «Шарм» (уят) ўқийдилар ноширлар. «Дармон истариз»да «биз» — «бир»га, «арода рўзимиз» — «арода сўзимиз»га, «биллоҳ, олим» — «бошда олим»га, «ҳукми қуръон» — «хатми қуръон»га айланган. «Оқибатсиз Туркистон»да «суҳулат» (енгил) «саҳвалат» ўқилади. «Яҳудийлар» 3 жойда «нобакорлар» деб «тузатилади». 4 томликда у «энг муттаҳам» деб «таҳрир» қилинган эди.
Шунчадан кейин ҳам уни «сўзи», «ҳарфи», «ҳатто» грамматик шакли» ўзгартирилмай «айнан берилди» деб бўладими?!
Бу эскича ёндашиш эмасми?!
Ахир, буларнинг ҳаммасини изоҳлаш мумкин эдику!
Афсуски, шоир ижодидаги айрим мураккабликлар, маҳорати билан боғлиқ баъзи нотекисликлар, ҳатто у ҳақда ёзилган асарнинг савияси ҳақида билдирилган ҳар қандай эътироз салкам Ҳамзага отилган тошдек қабул қилинди. Ёмони шундаки, бу муносабат моҳиятан ҳозир ҳам ўзгаргани йўқ, фақат тусини ўзгартирди. Ҳозир кўпгина редакциялар бу хил «қалтис» гапларни бениҳоя мамнуният билан қабул қилишади, фикрингизга қўшилишади, шундай ишлар жуда кераклигини, марказий матбуотда бу нарса яхши йўлга қўйилганини айтишади, сизни мақташади, лекин чиқаришмайди. «Қалтис» гапнинг қалтис томонларидан келишади, юз иссиқ, рози бўлиб кетаверасиз.
Бунинг нимаси қайта қуриш?!
Ҳамзани замонавийлаштириш керак эмас, изоҳлаш керак. Бу билан унинг қадри тушмайди, аксинча ҳаққонпйлиги ошади. Ундаги айрим даврий чекланганликни четлаб ўтишга, андавалаб кетишга бўлган ҳар қандай уриниш шубҳага, демакки сохталаштиришга йўл очади. Бу ғайриилмийликдан ташқари хатарли ҳамдир.
Адабиётдаги «силлиқлаштириш» тенденцияси Фурқатга оид тадқиқотларда ҳам кўзга ташланди. Масалан, Фурқат дунёқарашини замонавийлаштиришга мойилликда, жумладан уни икки Россияни англаб етган, 1892 йилги Тошкент қўзғолонининг салкам ғоявий лидерларидан бири сифатида кўрсатишга уринишда мен шу ҳолни кўраман.
Бой классик меросга эга бўлган республикамизда текстолог кадрларимиз етарли эмас. Улар борган сайин камайиб боришяпти. Уларни мунтазам тайёрлаб бориш йўлга қўйилган эмас. Шундай кадрларни тайёрлаб бериши лозим бўлган университетларда бу масалага етарли эътибор қилинмайди. Масалан, Тошкент давлат университетида бир неча йил олдин мутахассис текстологлар тайёрлаш масаласи планлаштирилгандек бўлган эди. Ора йўлда қолиб кетди. Ҳозирда аҳвол шундайки, филологияда ўқийдиган студент эски ёзувни билмайди, Шарқ факультетида ўқийдиган студент ўзбек адабиётидан бехабар қолади. Бу кетишда 5—10 йилдан кейин танг аҳволда қоламиз. Шошилинч тадбирлар керак. ТошДУнинг филология ёхуд Шарқ факультети қошида текстолог мутахассислар тайёрловчи группа очиш керак. Ҳозирча буни қайд этишдан нарига ўтмаяпмиз.
Ғафур Ғулом нашриётининг ўттиз жилдли «Ўзбек адабиёти бўстони» нашрини бошлагани жуда яхши бўлди, албатта. Лекин уни ҳозирги савияда, бугунги талаб даражасида чиқариш керак. Афсуски, бир қатор жилдлар қўпол фактик, текстологик хатолар билан чиқди. Масалан, «Носириддин Рабғузий» гапсиз-сўзсиз «Бурҳониддин Рабғузий»га айланди. «Қутб» тўғридан-тўғри хоразмликка айлантирилиб, «Қутб Хоразмий» қилиб берилди. «Қиссаи Рабғузий», XVI аср қўлёзмалари ўзимизда турган ҳолда энг суқутли манба — 1911 йилги Тошкент нашри асосида босмага тайёрланди. Таваллудининг 800 йиллиги 1983 йилда нишонланган Қул Алининг «Қиссаи Юсуф»и «Чингиз истилосидан кейинги» «бадиий адабиёт» намунаси сифатида тақдим қилинди. Ҳолбуки, мўғуллар Булғорга кириб борган машъум 1236 йилда у вафот этган эди.
Майли, булар — дастлабки жилдлар ва улар ҳақида матбуотда айтилган эди. Энг кейинги жилдлардан бирини, масалан, бу йил нашрдан чиққан «Шай-бонийнома»ни олиб кўрайлик.
Асарда шундай бир жой бор. Шайбонийхон Бухородан Ҳисорга Хисравшоҳ устига отланиш олдидан «бағри қаролар бисёр» Қарши «туз»ларида ов қилмоқчи бўлади. Шикорга — Бобур таъриф этган «мурғаки Қарши»га қизиқиб, Қашқадарёнинг этагига «Қасби деган манзил»га бориб қолади. Шу ҳангомда отдан йиқилиб, қўл-оёғи шикаст топади. Муҳаммад Солиҳ унинг шу муносабат билан ёзган ғазалини ҳам келтирган.
Қаршининг 40 км ғарбида жойлашган бу қадим манзил кўпгина тарихий асарларда учрайди. Академик В. В. Бартольд фикрича, у XVI асрларда Қаршидан ҳам катта бўлган. 1568 йилнинг бошида Бухоро хони Абдуллахон Хуросонга юриш олдидан ўз қароргоҳини шу ерга тиккан…
Мана шу мавзенинг номйни ноширлар «Каспи» деб берадилар (уни 30 йил муқаддам нашр қилган А. Иброҳимов «Касби» деб тўғри кўрсатган эди) ва «Каспий денгизи бўйларидаги ерлар» (328-бет) деб изоҳлайдилар. Бухородан Ҳисорга (ҳозирги Душанба атрофи) юриш олдидан Каспий денгизи бўйига овга бориб келиш қандай хаёлга келди экан?!
Бундай мисолларни, афсуски, деярли истаган томдан топиш мумкин.
Мана, нашрларимизнинг даража-савияси.
Мутахассисларга аёнки, XIV асрда Волга бўйидаги Сарой шаҳарларида (Ботусарой ва Беркасаройда майдонга келган «Олтин Ўрда маданияти» кўпгина туркий халқларнинг муштарак маданиятидир. Бунда, айниқса кўп асрлардан буён ўтроқ турмуш қечириб келаётган ва Сарой шаҳарларини бунёд қилишда бирга иштирок этган ўзбеклар ва татарларнинг даҳли кўпроқ. Аммо, бу ёдгорлик намуналарини ажратиб олишга уриниш, масалан, фақат ўзбек халқигагина даҳлдор, татарларга алоқаси йўқ дейиш ёки аксинча ҳал қилиш ғайриилмий ёндашиш бўлиб, ўқувчиларни чалғитади. Ҳолбуки, «Қутб Хоразмий» дейилганда шу тенденция кўзга ташланади. Гап шундаки, шоир Қутбни «Хоразмий» деб кўрсатувчи бирор манба шу пайтга қадар топилган эмас экан. Шу сабабли Қутб ҳақида монография ёзган татар тадқиқотчиси X. Ю. Минигулов айрим ўзбек ҳамкасбларимиз «орзуни ҳақиқат ўрнида тақдим этмоқчи бўладилар» деб истеҳзо қилган эди. Эътироз ўринли. Лекин биз бу хатони 1986 йилда яна такрорладик. Тўғри, татар ҳамкасбларимизнинг ўзлари ҳам бундай ёндашишга кўп-да риоя қилмайдилар. Масалан, 1983 йилда, ҳали номи тилга олинган Қул Алининг «Қиссаи Юсуф»и соф татар ёдгорлиги сифатида тақдим қилинди. Ҳолбуки, академик Кримскийдан Кўпрулузодагача бўлган олимларнинг ҳаммаси унда Хоразмнинг таъсири катта бўлганини қайд қиладилар. XVIII аср татар тарихчиси Тожиддин Ёлчиғил ўғли эса Қул Алининг 45 йил Хоразм мадрасаларида таҳсил олганини хабар қилган эди. Кўриниб турибдики, масалани кенгроқ доирада ҳал қилиш, чунончи СССР халқлари адабиёти тарихини ўрганишнинг регионал кенгашини чақириш ва Ўрта Осиё ҳамда Волгабўйи халқлари адабиётлари мутахассислари иштирокида муҳокама қилиш вақти аллақачон келган. Шунингдек, айрим асарлар талқини, муаллифлиги, сўзлар, ибораларнинг ўқилиши сингари жуда кўп масалаларда ҳам ҳар хилликлар бор. Буларни тартибга солиш, назорат қилиш, бошқариш учун эътиборли бир совет керак. Бундай Совет илмий-тадқиқот институтларимиз ва етакчи олий ўқув юртлари заминида ё «Фан», ё Ғ. Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти қошида бўлмоғи керак.
Бизда классик мерос билан бугунги ўқувчи орасида узилиш бор. Бугунги ўқувчи классик адабиётни билмайди. Ундан баҳраманд бўлолмайди. Мен мутахассисни эмас, ўқувчини назарда тутяпман, буни тан олиш керак. Навоий достонларининг насрий баёнлари ҳам ёрдам бермаяпти. Классикадан узилишнинг маънавий савияга таъсир этмасдан иложи йўқ. Чинакам интернационализм ҳар бир кишининг ўз халқини севишидан, ўз тилини, ўз маданиятини мукаммал эгаллашидан бошланади. Ҳозирда мактаб ва олий ўқув юртлари ислоҳи кетаётганда, программа ва дарсликлар янгидан тузилаётганда шуни ҳисобга олган ҳолда муайян ўзгартишлар киритиш керак.
Адабий меросни ўрганишда кўзга ташланаётган энг катта камчиликлардан бири профессионализмнинг етишмаслиги бўлиб турибди. Таассуфки, бу нарса тажрибали мутахассисларимизда ҳам учраб қоляпти. Масалан, Э. Каримов «Демократик адабиётда реализм» (1986) номли, умуман олганда, қизиқарли кузатишлари бўлган китобида Фурқатнинг «Жаннатнинг гулларидан гулзорингиз чиройлик, Ҳуру пари юзидан рухсорингиз чиройлик» деган сатрларида «куфрона оҳанглар» кўриб ҳайратга тушади. Ҳолбуки, бундай образ-ташбиҳлар адабиётимизда 1353 йилги «Муҳаббатнома»дан буён келади. Ё бўлмаса, асрлар оша маъшуқанинг раҳмсиз, жаллод кўзларини ифодалаб келган «номусулмон», «тарсо» сўзларидан гўзал христиан қизининг кўзларини ахтаришини олинг. Бу нарса гоҳо хулосаларга ҳам таъсир этади. Ш. Юсупов «Фурқат йўлларида» (1984) номли қизиқарли китобида шоир ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ бир қатор масалаларга янгича ёндашишни таклиф қилади. Масалан, шоирнинг чет элдан ёзган «Сабоға хитоб» шеърий мақтубидаги номлар билан қизиқиб, Фурқат чор ҳукуматига қарши оппозицияда бўлган «қудратли тўда»нинг йирик вакилларидан эди. Унинг чет элга кетиши ва умрининг охиригача ватанига қайта олмаслиги чор маъмурларининг пухта режасига мувофиқ амалга оширилган деган фикрни илгари суради. Дунёқарашидаги маълум чекланганликларни кўрсатувчи асарлар сифатида қаралиб келинган «Қасида» ва «Масарратнома» юқоридаги нуқтаи назаридан қайта баҳоланади.
Бу — Фурқат ҳаёти ва ижоди талқинида янги концепция. Фурқатдай забардаст шоиримизга бундай янгича ёндашиш ҳар қандай кишини қувонтиради. Лекин гап шундаки, бундай янги нуқтаи назар исботлангандагина мазмун ва аҳамиятга эга бўлади. Ҳозирча тадқиқотда худди мана шу жиҳат оқсайди. Муаллиф суянган факт ва далиллар орасида таги бўшлари кўп. Айримларида, масалан, «қўйга бўрини посбон этди», «замонида боқар қўйларин бўри» каби ибораларни адолат эмас, адолатсизлик тимсоли сифатида талқин қилиш) анъанавий поэтика қоидаларидан келиб чиқмаслик ҳоллари мавжуд. Китобдаги журналистик-публистик услубга мойиллик бу камчиликларни янада чуқурлаштирган. Шу жиҳатдан, китоб ҳақидаги А. Абдуғафуров, X. Расул, З. Шодиев, Э. Каримовларнинг эътирозлари асосли. Аммо, табиийки, “асарни бошдан охиригача сохта фактлар, ғайри илмий хулосалар асосига қурилган деб бўлмайди. Аксинча, унда бир қатор қизиқарли, кўпчиликнинг диққатидан четда қолган фактлар, материаллар, эътиборга лойиқ кузатишлар, мулоҳазалар бор. Улар Фурқат ижодини, ҳолатини ўрганишда, айрим фактларга ойдинлик киритишда фойдаланилмоғи керак. Умуман, эса Фурқат ижодини ўрганишда малакасизлик унга қанча зиён етказса, монополистик муносабат ҳам шунча зарар етказади.
Бугун биз жадидизм ҳодисасини ҳалол, объектив текшириш ва баҳолаш имкониятига эгамиз.
Халқимизнинг миллий-ижтимоий уйғонишида бу ҳодисанинг нақадар катта аҳамиятга эга бўлганини, ўйлайманки, гапириб ўтиришга ҳожат йўқ. Мактаб-маорифнинг янгиланиши, янги адабиётнинг вужудга келиши, ўзбек миллий театри, матбуотнинг туғилиши ҳамма-ҳаммаси бевосита мана шу жадидчилик ҳаракатининг самараларидир. У биргина маорифчилик, шунчаки маданий-оқартув ҳаракати эмас, сиёсий ҳаракат ҳам эди. Тўғри, татар ҳамкасбларимиз, хусусан И. З. Нуруллин Татаристонда жадидизм 1905 йилгача маърифатчилик билан бирга эди, кейин уларда ажралиш юз берди, деб ҳисоблайди. Озарбайжонда ҳам уни, эҳтимол шундай бир босқичларга бўлиш мумкиндир. Лекин бизда улардан фарқли равишда бу ҳаракат Октябрь инқилоби арафаларигача аралаш кечди. Негаки, ўша давр Туркистони Кавказ ва Волгабўйларидан қиёс қилиб бўлмайдиган даражада орқада эди..
Лекин замон шундай шиддатли эдики, унга инқилоб ҳам сиғди, аксилинқилоб ҳам. Гарчи жадид — янги-ю, жадидчилик — янгиликлардан урфга айлантириш шаклида бошланган бўлса-да, у шунчаки «янги» ва «янгилик»дан ҳаётни, турмушни янгилашгача бўлган доирага ёйилди. Шу маънода у маданийгина эмас, сиёсий ҳодиса ҳам эди. Бинобарин, у якранг эмас. Шунинг учун у бир хил баҳоланиши мумкин эмас. «Жадид» ибораси жуда кенг доирани қамраб олган. Масалан, Ҳамза ҳам жадид, Авлоний ҳам жадид. Машҳур инқилобчилар Файзулла Хўжаев, Низомиддин Хўжаевлар ҳам жадид. «Қўқон мухторияти»нинг асосчиси ва раҳбари, олайлик, Мустафо Чўқаев ҳам жадид. Жадидларнинг ижтимоий-сиёсий қарашларида ҳам бир хиллик йўқ эди, идораи машрутачилик (конституцион монархия)дан жумҳуриятчилик (республика)гача бор эди. Ф. Хўжаев Бухоро жадидларини Туркистон жадидларидан фарқлаш лозимлигини уқтиради. Негаки, улар икки шароитда яшадилар. Улар бир хил нарсани кўтариб чиққанларида ҳам икки шароит учун икки хил аҳамиятга эга бўлиши мумкин эди. Шунинг учун масалага дахлдор ҳар бир фактга конкрет ёндашиш керак.
«Динчиман» деб даъвода юрганларнинг ўндан саккизи имонсиз фақат дин ўғриларигина, «тараққийчиман» деб оғиз очиб юрганларнинг ўндан тўққизи тараққийларвар исмини пичратқон миллий хулиганлар бўлиб чиқади», — деб ёзган эди 1917 йилда М. Шермуҳамедов. Ҳақиқатан ҳам асосий мезон шиор эмас — иш, фаолият. Шунга қарамасдан, жадидчилик халқимизнинг уйғониши, ижтимоий-маданий кўтарилиши учун асосий маънавий омиллардан бўлиб хизмат қилди. Шу маънода у бизда — Туркистонда марксизмгача бўлган асосий революцион идеология деб қаралмоғи керак. Фанимиздаги «марк-сизм Туркистонда ўтган асрнинг охирларидан ёйила бошлади» деган ҳозиргача ҳукмрон келаётган нуқ-таи назар бир-икки тасодифий фактга қурилган бўлиб, ҳақиқий аҳволни сохталаштиришдан бошқа нарса эмас. Марксистик ғоя, бизнингча, маҳаллий халққа, унинг ҳам авангард қисмига Октябрь арафаларидагина етиб келди.
Жадидизмни яхлит, ташкилий устав-программасига эга бўлмаган дейишади. Бундай бўлиши мумкин ҳам эмас эди. Ахир унинг ўзи ҳар хил эди-ку! Лекин, бу унда маълум уюшмалар йўқ, дегани эмас. Ҳатто партиялар бор эди («Ёш бухороликлар», «Ёш хиваликлар»).
Авлоний ўз таржимаи ҳолида қизиқ бир фактни келтиради:
«Шул замонда (1894—1904 йиллар кўзда тутилади — Б. Қ.) ерли халқлар орасида эскилитс-янгилик (жадид-қадим) жанжали бошланди. Газит ўқитувчиларни муллалар «жадидчи» ном билан атар эдилар. Мен ҳам шул жадидчилар қаторига кирдим. 1904 йилда жадидлар тўдасида ишлай бошладим. 1904 йилда «жадид мактаби» очиб, ўқитувчилик қила бошладим. Муллолар жадидчиларни мунофиқ, муфсид, зиндиқ, даҳрий сўзлари билан халқ орасинда пропағанда ва ағитация қила бошладилар. Ва буларнинг қилғон бул ҳаракатлари бизнинг-да қонимизни қайнатуб, бойларнинг ёнига муллоларни ҳам қўшуб, муллоларга қарши жадидчиларнинг ҳам душманликлари орта борди. Мулло ва бойларга қарши ҳамда эски турмуш билан қатъий суратда кураша бошладук. Ўз орамиздан муллоларга қарши уюшмамиз ҳам вужудга чиқди. 1905 йилгача шул ҳолда синфий курашда давом қилдук. Бой ва уламолар «жадидчи»ларга қарши курашиб келди. 1904 йилда рус-япун уруши чиқиб, бу уруш бутун Русия ишчиларин кўзин очғондек, бизнинг ҳам кўзимиз очилди. 1905 йилдаги Русияда бошланган инқилоб тўлқуни бизға ҳам зўр таъсир қилди. Бизнинг ташкилотимиз сиёсий маслакларға тушуниб, биринчи навбатда қора халқни оқартирмоқ ва кўзин очмоқ чорасиға киришди. Бу мақсадға эришмоқ учун газит чиқармоқни муносиб кўруб, уюшманинг ҳаракати билан ўзбек тилида газеталар чиқорилди. 1906 йилда «Тараққий», «Хуршид» газеталари чиқуб, эски ҳукумат томонидан тўхтатилғондан сўнг — 1907 йилда мен ўз муҳаррирлиғим билан ҳамда темир йўл ишчиларининг социал-демократ фирқасининг алоқа ва ёрдами билан «Шуҳрат» исминдаги газитни Сафёрний кўчада чиқардим» («Таржимаи ҳол»дан).
Юқорида тилга олинган уюшмадан 30 га яқин киши 1918 йилдаёқ партия сафига ўтишиб, совет идораларида ишлашган.
Аксарият жадидларнинг фаолиятлари фидойилик намуналари бўлган эди. Уларнинг орасида «кофир»лик тамғасини олмагани жуда кам. 1905—1917 йилларда (80-йилларда эмас, социализмда эмас) уларнинг ҳиммат ва ғайратлари билан ўнлаб хайрия жамиятлари очилди. Элдан пул йиғиб, шулар ҳисобига камбағал болалар учун мактаблар, етимхоналар ташкил қилинди. Қолаверса, уларнинг асосий қисми мана шу янги жамиятнинг, янги маданиятнинг бунёдкорлари эдилар.
Жадидизмга кўпинча иккита айб қўйиб келдик:
1. Миллатчилик (пантуркизм, панисломизм).
2. Октябрь революциясини эътироф этмаслик.
Умуман олганда, миллатчилик, Октябрни тушуниб етмаслик, уни ҳатто рад этиш ўша давр бир қатор ижодкорларимизда йўқ эмас! Аслини олганда, бунинг ажабланадиган жойи йўқ. Унинг ўз сабаблари бор. Жумладан, миллатчилик чор колониал сиёсатига, великорус шовинизмига акс-садо сифатида қаралиши керак.
Бир факт. Исмоилбек Гаспиринский 1881 йилда «Русия мусулмонлари» деган китоб чиқарди. Унда мадрасаларни ислоҳ қилиш, дунёвий фанлар ўқитиш, рус тилини ўргатиш масаласини кўтаради.
Тошкентда Туркистон ўқитувчилар семинариясида шу муносабат билан 1882 йилда бўлган йиғилишда ўқитувчи М. А. Муропиев «Ғайрирус — мусулмонлар маорифининг асосларини қандай бош принциплар ташкил этмоғи лозим» деган мавзуда доклад қилйди ва шундай фикрни илгари суради:
«..агар тавсия қилинган лойиҳа қабул қилинса, шу пайтгача мудраб ётган мусулмон мутаассиблигини тирилтирган ва у орқали қўйнимизда илонни асраган бўламиз…
Шундай қилиб, мусулмонларимиз маорифи учун асос қилиб олиниши шарт бўлган биринчи бош принцип уларни руслаштиришдир…
…Иккинчи принцип… исломни бузиш… умуман диний жиҳатларини бузишдир…» (Туркестанский сборник, т. 361, стр: 145).
1916 йилда эса Фарғона губернатори Иванов аскарларига қарата «Бир минг сарт бир ўрис солдатининг этигининг пошнасиға арзимайдир» (Қаранг, «Ер юзи» ж., 1925 й., 11-сон, 10-бет) деган экан.
Энди эзилган миллатдаги миллатчиликни кўрайлик.
Абдулла Жавотбекнинг Исмоилбек Гаспиринский билан ёзишмаларидан:
«Биз ҳар шийдан аввал туркмиз, сўнгра мусулмонмиз, сўнгра одам боласимиз… Бутун миллатларнинг афроди маним қардошларимдир, маним аъзоларим кабидур. Фақат турк қавми маним қалбимдур. Ман табибман. Ҳар оврувни доруламоқ маним бурчимдур. Фақат маним отам, бобом, болаларим хаста бўлса, ҳар кимдан илк онлар билан машғул бўлурға бир қувваи ғойиба мани мажбур этадир» («Вақт» г. 1914., 1586-сон).
Буни миллатчилик ҳам деб бўлмас. Бу миллатпарастлик, тўғрироғи, миллатпарварлик. Яна бир мисол. 1912 йилда Русия мусулмонларига панисломизм айби қўйилади. Дума депутати Садри Мақсудийнинг Дума минбаридан берган жавобида шундай гапга дуч келамиз:
«…Такрор айтамак афандилар, бизда давлатга қарши ҳеч бир фикр, ҳеч бир ҳаракат йўқ. Фақат бизда бир тилак борки, улда Улуғ Русия империясининг комил ҳуқуқли ҳур граждани бўлувни тиловдан иборат…
Мен ўйлайманки, бизнинг миллий турмушимиз ила Рус давлати орасинда бир-бирисина хилоф келурлик иш йўқ. Биз ҳар вақт Русия давлатининг олға борувини, зўраювини тиловчи Русия граждани ўлароқ мамлакатнинг умумий ишларида бирга юражакмиз. Лекин ўзимизнинг оила ва миллатимиз ичинда аслофамизнинг бизга васият этуб қолдирғон муқаддас нарсаларини сақлағон ҳолда дунёда яшарға, асрлардан берли уюшқон миллий руҳимиз тилаган равишда дунёда яшарға бизга эрк беринг» («Вақт» г. 1913 й. 955-сон),
Айтиш керакки, революциядан кейин ҳам бирданига ҳаммаси йўлга тушиб кетгани йўқ. Лениннинг ўлка коммунистларига 1919 йилдаги хати бекорга ёзилган эмас, Доҳийнинг «Великорус империализмининг изларини йўқотишни чин кўнгилдан истаганлигимизни уларга иш билан исбот қилишингизни… сизлардан жуда илтимос қиламан» деб уқдириши бежиз эмас. «Турккомиссия» (1919), «Туркбюро» (1920) тасодифан юзага келмаган. «Эски большевиклар» деган ибора бекорга туғилган эмас. Совет Туркистонининг ўша даврдаги айрим раҳбарлари (улар ҳаммаси европаликлар эди) маҳаллий меҳнаткашларнинг вакилларини Совет ҳокимияти органларига тортишга қарши чиққанлари мутахассисларга маълум.
Бунинг асоратлари кўпгина соҳаларда анчагача сақланиб қолди. А. Икромовнинг ЎзКП(б) МКнинг 1927 йил мартдаги Пленумда айтган сўзларини эслайлик: «Икки мингдан зиёдроқ студенти бўлган Ўрта Осиё университетида ўзбек атиги 80 тани, бошқа кичик миллатлар эса 64 тани ташкил этаркан. Бу Ўрта Осиё университети эмиш. Москвадаги олий ўқув юртларида ўқувчи ўзбеклар Тошкентдагидан кўпроқдир» (1-том, 1972, 260-бет).
20-йилларда Фитрат ва Чўлпон ижодида ҳазинроқ оҳанглар учраса, ажабланмаслик керак.
Яна бир масала.
Жадидизм ижтимоий тенгсизликдан кўз юмдими, уни четлаб ўтдими? Унга кўпинча шундай айб қўйилиб келади. Маълум ва машҳур бир фактни келтирамиз.
Фотиҳ Амирхон жадидчилик ҳаракатининг отаси ҳисобланмиш Гаспиринский вафоти муносабати билан «Улуғ миллатчи тўғрисида кичкина бир хотира» мақоласида унга «социалист»лик ҳақида савол берганини ёзади ва Исмоилбекнинг жавобини келтиради. У шундай жавоб берган экан:
«Ўғлим, сиз ёшсиз, тажрибангиз кам. Шу учун керагидан ортиқ катта иборалар истеъмол этасиз. Сизнинг каби қизғин руҳли ёшларимиз миллатга хизмат этиб, анинг маданий даражасин ўстирсалар, ул вақтда биз синфий ихтилофлар тўғрисинда сўйлашурмиз, фикр юритишурмиз. Маданияти йўқ бир миллатнинг саноати бўла олмас. Модомики ул йўқ экан, ҳали синфий низоларга эрта. Бизнинг бугунги вазифамиз ҳозирча маданий ўсувдан ва шунга йўллар ҳозирловдангина иборат. Ундан кейингисини биздан кейингилар қиларлар…»
Ф. Амирхон хулоса қилади:
Миллат ва маданият бобоси оғзиндаги бу сўзлар ҳам ишончли, ҳам улуғ янграйлар эди («Онг» ж. 18-сон 1914 й. 332—333-бетлар).
Энди инқилобга муносабатни олайлик. Ф. Хўжаев ёзади:
«Муваққат ҳукуматнинг ағдарилганлиги ҳақидаги хабар биринчи пайтларда «ёш бухороликлар»ни қаттиқ тушкунликка туширди. Россияда нима воқеалар бўлаётганлигини ҳеч ким аниқ билмасди».
У буни асослаш учун шундай далил келтиради:
«Бу даврда большевиклар ташкилоти бўлмаган янги Бухородаги темир йўл ишчилари орасида аксил-инқилобчилар катта иғвогарлик ишлари олиб борар эдилар. Большевикларни немислар фойдасига жосусликда, инқилобга хиёнат қилганликда ва ҳоказо ва ҳоказоларда айблар эдилар».
Агар Фитрат Октябрни «юрт қайғуси» сифатида кутиб олган бўлса, «Русияда янги бир бало бош кўтарди, большевик балоси» деб ёзган бўлса, мана шу хил сабаблари бор. Полторацкийдек инқилобчилар яшаган Янги Бухородаки аҳвол шундай бўлса, Эски Бухородаги вазиятни тасаввур қилиш қийин эмас.
Қолаверса, инқилобнинг табиати ғоят мураккаб бўлгани кичик тақдирлар эмас, катта тақдирлар мисолида ҳам ўз исботини топмоқда.
Бунга кейинги йилларда кашф этилаётган «янги кишилар» шоҳид. Жадидизмнинг муҳимлиги ҳам, мураккаблиги ҳам шунда. Унинг бутун руҳи, мазмуни, бадиий адабиётга ҳам ўтди ва у жадид адабиёти деган ном олди.
Сўнгги 20 йилда ғалати бир йўл тутдик. Шу пайтгача жадид деб келинган адибларни биз, гарчи у ўзини жадид деган бўлса-да, аслида, ундаймас, қилган ишлари бошқача, масалан ундай бўлган, бундай бўлган, ҳамиша халқ тарафида турган, деб сунъий ажратиб ола бошладик. Тўғрироғи, бу ўша 30-йилларда, Ҳамзани оқлаб қолишдан бошланган. Ҳозирда 15—20 тачаси ажратиб олинди. Ким қолди? — Беҳбудий, Мунаввар қори. Мана Беҳбудий ҳақида ҳам ёза бошладик. Яхши. Лекин, шу тўғри йўлми? Бизнингча, тўғри эмас. Ҳаракатнинг ўзини оқлаш керак. У 30-йиллар сталинизм сиёсатининг қолиплари билан баҳоланиб келган эди. Бу қолиплар уни буржуа-миллатчилик идеологияси сифатида кўрсатишга қаратилган қолиплар эди.
Биз ундан марксизмни талаб қилдик. Унинг революцион-демократик идеология эканлиги билан ҳисоблашмадик. Турқистонда марксизмгача бўлган босқич эканлиги билан ҳисоблашмадик. Афсуски, бу ҳол кейинги пайтларгача давом этиб келди. 4 томлик «Ўзбекистон ССР тарихи»нинг иккинчи томида шундай фикрга дуч келамиз:
«Жадидлар рус буржуазияси билан тенг ҳуқуқда бўлишни, Ўзбекистонда (?) кучли ва фавқулодда охранани бекор қилишни, ўлкага рус деҳқонларини кўчириб келтиришни тўхтатишни, аҳолидан ўлпон олишни чеклаб қўйишни ва ҳоказоларни талаб қилдилар.
Буржуазия бу талабларни илгари сурар экан, ўзини бутун ўзбек аҳолисининг умуммиллий манфаатлари учун курашаётгандек қилиб кўрсатмоқчи бўлди» (381-бет). Табиийки, бу эътирозни ўқитанингизда, сўнг бу талабларнинг қайси бири «ўзбек аҳолисининг умуммиллий манфаатларига» зид экан, деган ҳақли эътироз туғилади.
Ё бўлмаса, Беҳбудийга қўйиладиган айбни олинг. Унинг сиёсий қарашлари ҳақида гап кетганда, 1906 йилдаги кадетларни қўллаб, социал-демократларни рад этган фикрини келтиришни хуш кўрадилар. Буни Беҳбудий қисматини ҳал этувчи далил деб бўладими, ахир. Аввало, социал-демократлар программасига кўшилмаслик унга қарши кураш олиб бориш эмас, аксинча унинг бутун фаолияти диний-шеърий жиҳатини ҳисобга олмаса, умумдемократик характердаги жумҳурият йўлида кечди. Қолаверса, бутун умри, тушунча эътиқоди ислом билан шаклланиб тарбия топган бир кишидан марксизмни талаб қилишнинг ўзи тўғри эмас.
Шулар кўзда тутилса, бу борадаги сўнгги силжишлар, табиийки, ҳаммани қувонтиради. Мен билганим, кейинги икки йилда бу масалага бағишланган уч йиғилиш бўлди. Шундан иккитаси республика доирасида, биттаси — регионал — Ўзбекистон, Тожикистон, Озарбайжон, Татаристон олимлари иштирокида. Афсуски, улар матбуотда ёритилмади. Чамаси, раҳбарият фикр алмашув бир хулосага келгандан сўнггина берадиганга ўхшайди. Агар шундай бўлса, бу тўғри эмас. Аввало, баҳснинг бағри тораяди. Иккинчидан, нега уни жамоатчиликдан беркитиш керак?
Регионал йиғилиш шуни кўрсатдики, мазкур масала билан энг кам шуғулланаётган, бу ҳақда аниқ бир нуқтаи назарига, план-программасига эга бўлмаган республика биз бўлиб чиқдик. Бу масала татарлар ва озарбайжонларда маълум маънода ҳал қилинган. Уларда ҳозир жадид тушунчаси йўқ: маърифатчилар бор, буржуа идеологлари бор. Тожик ҳамкасбларимиз жадидизмни ўрганиш бўйича яхлит, пухта концепция билан келдилар. Лекин биз уни маърифатчиликдан нарига силжитолмай турибмиз.
Буни ўрганиш керак. Алоҳида-алоҳида эмас, яхлит, биргина республикамиз доирасида эмас, Кавказ, Татаристон ва Бошқирдистон ҳамда табиийки, бутун Ўрта Осиё билан узвий боғлиқликда, бирликда ўрганиш керак.
Уни ўрганиш, айниқса шу кунларда ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб турибди. Негаки, қайта қуриш туфайли демократия, миллатлар тенгҳуқуқлиги республикалар мустақиллигини кўзда тутувчи федерация каби шу пайтга қадар баландпарвоз сўзларга чирмаб, реал ҳаётдан узиб қўйилган тушунчалар бугун маъно касб этмоқда. Тарихни қайта қурмоқдамиз, қайта баҳоламоқдамиз. Илгари гапириш у ёқда турсин, эшитишга ҳам юрак бетламайдиган саволларга жавоб изламоқдамиз.
Яширишнинг ҳожати йўқ, Ўрта Осиёнинг Россия таркибига киритилиши масаласида яқин йилларгача «қўшилди» деган нуқтаи назар устивор эди. Ҳатто, 60-йилларда унинг 100 йиллик тантаналарига тайёргарлик бошланган эди. Чамаси четда гап-сўз кўпайиб кетгач, тўй қолдирилиб «қўшилди» — «қўшиб олинди»га ўзгартирилди. Мана, ниҳоят у ўз оти билан «босиб олинди» деб айтиладиган бўлди. Ўйлаймизки, энди бу воқеаларни шу нуқтаи назардан ёритган адабиёт материаллари, жумладан, Баёний, Шавқий, Умидий—Ҳавоий каби шоирларимизнинг тарих ва достонлари ҳам дунё юзини кўради.
Тил, миллий муносабатлар-чи?
Яқин-яқингача ҳам бирор миллатнинг она тили ҳақида гап кетса, унинг фалон фоизи рус тилини ўз она тили деб ҳисоблашини ғурур ва фахр билан тилга олар ва бу билан ўз она тилида икки сўзни бир-бирига жуфтлай олмасликни оқлар эдик. Бугун англадикки, у маданият эмас, аксинча маданиятсизлик экан. Лекин бу жараён қанчалар қийин ва оғриқли кечмоқда? Умуман, ижтимоий қарашларимиздаги инерция қонунидан яқин ўртада халос бўлиш мумкинмикин?
Мана, республикамиздаги миллий муносабатларга доир «Миллий манфаатлар ва миллий муаммолар» мақоласидан бир парча:
«Миллий маданиятлар, урф-одатлар, анъаналар ҳар томонлама ривожлантирилиши, бир-бирини бойитиши зарур. Рус, украин, халқлари турмуш тарзида, анъаналарида, табиатида, психологиясида учрайдиган бир қанча прогрессив хусусиятлар ўзбек ва бошқа халқларнинг маънавий оламини ажралмас қисмига айланиб кетди. Ўзбекларнинг баъзи бир ижобий миллий характерини, маънавий бойлигини руслар ҳам украинлар ҳам қабул қилишди» («Шарқ юлдузи» ж. 1988, 12-сон). (Таъкид бизники—Б. Қ.).
Муаллиф келтирган маълумотга кўра республикада руслар жами аҳолининг 10,8, ўзбеклар 68,7 фоизини ташкил этади. Диққат қилайлик: Мана шу 10,8 фоизнинг «бир қанча прогрессив хусусиятлар»и 68,7 фоиз «маънавий оламининг ажралмас қисми»га айланиб кетган. Аксинча 10,8 фоиз, 68,7 фоизнинг «баъзи бир ижобий» томонларини «қабул қил»ган. Муаллиф «ҳам» орқали бу маъно-мазмунни яна кучайтиради. Қабул қилмади эмас, қабул қилди-ку, дегандек бўлади.
Ўз-ўзидан савол туғилади. Нима, бу 10,8 фоизнинг имтиёзини эътироф этишми?
Ҳолбуки мақола муаллифи бугунги қайта қуришнинг республикамиздаги энг эътиборли ва энг фидойи намояндаларидан.
Бу саволларнинг кўпчилиги халқимизнинг миллий, ижтимоий уйғонишида жуда катта роль ўйнаган жадидчилик ҳаракатининг асосий муаммоларидан бўлган эди.
Бинобарин, инқилоб давом этмоқда.
“Ёш ленинчи” газетаси, 1989 йил 5 август