Республикамизни тоза ҳаво, зилол сув билан таъминловчи Бўстонлиқ тумани муҳофазаси учун қизғин кураш кетаётган бир пайтда тарқалган ташвишли хабар узоқ-узоқларга етиб борди. Бу диёрни боғу-бўстонларга буркаган инсон Нортожи ота Гулметов вафот этибди. Марҳумни сўнгги йўлга кузатиш чоғида атрофдаги ҳамма қишлоқ ва посёлкалардан етиб келганлар Сойлиқ қишлоғи халқи атрофида бош эгиб турдилар. Марҳумга аталган қалб сўзлари сокин қабристон узра таралди. Ҳамманинг гапида битта уйғунлик, ягона тўхтам бор эди: Нортожи ота қаерда ва қандай лавозимда ишламасин, ажойиб боғлар яратди, ўзидан ўчмас ном қолдирди. У барпо этган боғлар Хўжакентда, Ғазалкентда, Паргизда, Сойлиқда гуркираб яшнаб турибди…
Бўстонлиқни “Шарқ Швейцарияси” дейишади. Бу таъриф бежиз берилмаган. Исми жисмига монанд маскан яшил бойликларга кон. Аммо сўлим боғу-роғлар осмондан тушган эмас. Уларни Сойлиқ қишлоғида туғилиб ўсган Нортожи Гулметов, ғалвасойлик Нурғузар боғбон, хумсонлик Аширвой Камолов, ҳозир Ғазалкент шаҳрида яшаб меҳнат фаолиятини самарали давом эттираётган Мирхидой Носиров каби ва бошқа кўплаб фидойи инсонлар яратдилар.
Замона зайлини қаранг, бугунги кунга келиб ушбу мўъжаз маконни сақлаб қолиш, таъбир жоиз бўлса, уни заволдан қутқариш муаммоси кўндаланг бўлиб турибди, Кимдан? Ким экан ўша бағритош?! “Тошкент ҳақиқати” газетасининг шу йил 22 июль сонида “Ошкоралик муҳити” деб номланган мақола билан чиққан шоир Миразиз Аъзам, республика матбуотларида қайта-қайта кескин фикрлар билан қатнашган ёзувчи Дадахон Нурий ва бошқалар бу саволга очиқ-ойдин жавоб айтганлар. Сойлиқ қишлоғида кетма-кет бўлиб ўтган икки йиғилиш мунозарали масалага яна ҳам аниқлик киритди, оқни оққа, қорани қорага ажратиб ташлади…
Минг-минглаб одам ишлайдиган, юзлаб гектар ҳудудида эса неча ўн минглаб кишилар яшаши мўлжалланган бўлажак шаҳарсиз ҳам бу туман да муаммолар тўлиб-тошиб ётибди. Бўстонлиқда шу кунларда яшаб турган аҳолининг катта кўпчилиги ичимлик сувга зор эканлиги туман ижроия қўмитаси раҳбарларига наҳотки маълум эмас? Туман маркази бўлмиш Ғазалкент шаҳрини таъминлаб турган ер ости сувлари шу кунга келиб батамом яроқсиз аҳволга тушиб қолди. Шошилинч чора кўрилиб, Чимбойлиқ зонаси, аниқроқ қилиб айтганда келажакда улкан корхоналар қурилиши мўлжалланаётган майдондан ичишга яроқли ерости суви топилди ва шу орқали Ғазалкент шаҳри ярим-ёрти ичимлик сув билан таъминланди. Бу муҳим муаммо ҳануз тўла ҳал этилгани йўқ. Жуда тезлик билан кўпайиб бораётган Ғазалкент шаҳри ва Бўстонлиқ тумани халқини ичимлик сув билан тўлиқ таъминлаш мушкул вазифа бўлиб турибди. Айрим мутасаддилар завод қуриш ёрдамида бу вазифаларни ҳал этишни мўлжаллашяпти-ю, саноат шаҳарчаси барпо этилиши натижасида келиб чиқадиган бошқа муаммоларни, хусусан экологик бузилишни ҳисобга олишмаяпти.
Бўстонлиқнинг соф ҳавоси, гўзал табиати биринчи навбатда ушбу масканда яшаб турганларнинг ўзлари учун керак. Шу билан бир қаторда она шаҳримиз Тошкент, қолаверса, бутун республикамиз экологияси тақдири кун тартибидаги ушбу масалага бевосита тааллуқлидир.
“Тошкент ҳақиқати” газетаси,
1988 йил 13 август сони.