ҲАЁТ ҚУВОНЧЛАРИ ВА ТАШВИШЛАРИ!.. Мана шу гап ҳозирги куннинг муҳим масалалари қаторида турибди. Чунки жамиятимизнинг барча кишилари орзуманд бўлган нурафшон келажак йўлига жиддий муаммолар бирма-бир кўндаланг бўлиб қоляпти: ой юзли аёлларимиз ўз жонларига ўзлари қасд қилмоқда, чиройли урф-одатларимизга ярамас иллатлар суқилиб кирмоқда, табиат мувозанати айрим регионларда ҳалокат сари юз бурмоқда…
Юзага қалқиб чиқаётган ана шундай кўнгилсизликлар олдида хотиржам туравериш, бепарво, ҳатто лоқайд қолавериш мумкинми?! Айниқса, оташқалб ёшлар – ҳаётимиз давомчиларига шундай ҳол ярашадими?!
Марказдан муҳим топшириқ олинди: агитпоезд дарҳол йўлга отланиши керак! Ташкилий ишларни амалга ошириш агитпоезд жонкуярларидан бўлмиш Ферузахон учун унчалик қийин эмас. Шомузаффарова бундай долзарб топшириқларга биринчи бор йўлиққани йўқ….
Аммо ҳар галги ташкилий фурсатда доимо катта бир қийинчилик кўндаланг туради. Қатор вилоятлар, турли миллатлардан ташкил топган неча ўн минглаб аҳоли орасида мураккаб топшириқларни талабдагидек бажариш ҳар кимга ҳам қўл келавермайди. Ҳар бир соҳа бўйича касб усталарини, энг сўзамол кишиларни танлаб олиш керак. Шу маънода сўзамолки, у одамларга тўғри ва ҳалол гапни айтсин, чўккан кўнгилларни кўтариб, жароҳатланган қалбларга малҳам бўлсин. Ахир айни дамга келиб халқимиз асосли хулосаларга, қанчалик аччиқ бўлмасин, тўғри сўзга муштоқ бўлиб қолди…
Масаланинг шу мушкул томонларини енгиллаштирадиган имкониятлар ҳам йўқ эмасди. Агитпоезднинг жиҳозланган вагонида ёшлар босиб ўтган йилнома бор бўйича акс эттирилган. Шунингдек, илғор тажрибалар, турли кўргазмалар, киноэкран ва телевизорлар, экспонатлар ҳамда фотолаборатроия каби заруратлар жойлаштирилган. Хуллас, самарали меҳнат ҳамда мазмунли ҳордиқ учун зарур барча шарт-шароитлар яратилган. Буни агитпоезд жамоаси ўз кучлари билан бунёд этдилар. Шундай шароитда агитпоездга йўлдош бўлиш, сафарга чиқиш учун ҳар қандай обрўли ва йирик мутахассис ҳозиру нозир туради, албатта. Бунинг устига, олдинги сафарларда тарғиботнинг синовдан ўтган моҳир вакиллари бор эди. Шулардан бири Чиннихон ая Иброҳимовадир.
Аввалдан фаол иштирокчи сифатида танилган қўқонлик Тўрахон ая Иброҳимованинг қизи, ойиси фаолиятининг толмас давомчиси Чиннихон ая муборак саксон ёшдан ошганлигига қарамай, навбатдаги сафар учун бажонидил рози бўлди. Ая ўтган бутун умрини халқ ишига бағишлаб, жуда катта тажриба тўплади. Зеро, олдинда ҳали катта синовлар, не-не қийинчиликлар турганлиги ҳаётимиздаги айрим чалкаш урф-одатлар умумий ишга сезиларли тўсиқ бўлаётганини ёшу қарига баб-баравар тушунтира олиш керак. Фақат курашиш, сабот ва матонат билан олға одим ташлаш ҳамма мушкулларни даф эта олишини уқтириш зарур. Бу гапларни одамларга рўй-рост айтиш, далиллар билан исботлаш, келгусидаги улуғвор ишларга чинакамига руҳлантириш, отлантириш лозим. Ёшларнинг, бутун яхшиларнинг аяси бунга қодир…
Навбатдаги рейсга раҳбарлик масъулияти Илҳом Усмонов зиммасига тушди. Собир Абдураҳмонов ва Эдуард Ратушний унга кўмакдош. Истеъфодаги майор, Янгийўл шаҳар Киров номли маҳалла раиси Сайфиддин Раҳматов, уруш ва меҳнат фахрийси, Тошкент вилояти Тошкент туманида истиқомат қилувчи Йўлдош Ғаппоровлар ҳам таклиф қилинган фурсатда рейс учун ҳозир бўлдилар. Фанлар академияси бу сафарда иштирок этиш учун тажрибали эколог ва мелиоратор, техника фанлари номзоди Роберт Максимович Горбачёвни тавсия этади. Шунингдек, республика илмий атеизми уйининг катта методисти Абдурашид Абдуллаев, геофизика соҳасининг истеъдодли мутахассиси, катта илмий ходим Валерий Викторович Разумовский, Андижон вилоятининг Жалолқудуқ туманидаги “Наво” мақом-ансамблининг хушовоз хонандалари Ибодатхон Сўфиева, Саидаббос Сайдуллаев, ёш раққоса Муборакхон Раҳмонова…
Бу рейсда ҳамроҳ бўлганлар рўйхатини яна давом эттириш мумкин. Бироқ, фаолият учун баҳо рўйхатга қараб эмас, эришилган натижага қараб берилади. Самарқанд вилояти меҳнаткашлари даврасидаги дастлабки маърузалар, суҳбатлар ҳамда савол-жавоблар олдинда ғоят катта синов турганлигини кўрсатди. Олимлар масалани қизғин муҳокама қилишар, беҳисоб саволлар ёғдиришар, мураккаб ва қийин вазиятдан чиқиш йўлларини сўрашади. Кўпчилик эса Орол денгизи муаммоси, табиий мувозанатнинг салбий томонга оғиши сабаблари, ризқ-рўз манбаи бўлмиш она-Ер аҳволи ҳақида асосли жавоблар кутарди. Агитпоезд вакиллари илк учрашувларданоқ вазифа ижросига ишонч ва самимият билан киришдилар. Бунинг натижасида тингловчиларнинг обрў-эътиборини қозона бошладилар. Сафарга чиққанда ўз соҳалари бўйича чиндан ҳам чуқур билим ва катта ҳаётий тажрибага эга эканлиги маълум бўла борди. Шу асосга қаттиқ таяниш, фақат тўғри ва ҳалол гапни айта олиш уларни қийин вазиятдан қутқарар, умидвор қалбларга таскин бағишларди. Сафар ичкарилаб борган сайин вазифалар салмоғи ҳам ортаверди. Баъзан оддий саволлар ўрнини кинояли сўроқлар эгаллар, аламли нидолар ҳам учраб турарди.
– Бир пайтлар меҳмонларни тўкин дастурхон устида тилёрар қовун-тарвузлар билан сийлар эдик. Энди бўлса ҳатто таъмли чой ичишнинг иложи йўқ. Бунинг сабабини сиз – мелиораторлар тушунтириб бера оласизми? – сўраб қолди Урганч педагогика институти домлаларидан бири.
Зал тингловчиларга тўла. Ҳамма сукут сақлаб жавоб кутмоқда. Ўзбекистонда туғилиб ўсган, республикамиз халқ хўжалиги тараққиёти учун бутун билими, куч ва заковатини сарфлаб келаётган тажрибали мутахассис Р.М.Горбачёв қалтис савол қаршисида бир оз вақт тек туриб қолди.
– Бу галги сафардан мақсадимиз тўкин дастурхон устида учрашиш эмас, балки ҳаммамизнинг бошимизга тушган кулфат – Орол денгизи муаммосини биргалашиб ҳал этиш, ҳаётимиз манбаи бўлмиш ер-сувларимизнинг яроқсизланишига чек қўйиш йўлларини излашдир, – деди Роберт Максимович доимий вазминлигини қўлдан бермай.
– Сиз ҳам Орол ҳақида ёзмоқчимисиз, балки анча нарсаларни эълон қилиб ташлагандирсиз? – савол тушди Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманидаги педагогика билим юрти талабасидан. – Айтинг-чи, ёзишдан аввал жафокаш денгиз қирғоқларида бўлдингизми, қалби жароҳатланган одамлар билан суҳбатлашиб кўрдингизми? Уларга бор гапни айтиш учун журъатингиз, қудратингиз етдими?..
Бундай саволлар юзлаб ёғиларди. Одамларнинг дилини катта ташвиш ва алам кемираётгани аён эди. Агитпоезд тарғиботчилари минг-минглаб тингловчилар қалбига йўл топа олиши билан бирга, уларни машаққатли, лекин эзгу ишлар учун руҳлантира олади. Кўпчиликнинг ғамгин чеҳралари ёришиб, ўйчан нигоҳларида нур порлай бошлагани бундан нишона эди. “Нуқул ваҳима қилаверишиб ўтакаларимизни ёришар, хайрият таскин берувчилар ҳам бор экан”, дея дил изҳорларини очиқ-ойдин айтиб ҳам қўйишарди…
Агитпоезднинг бу галги рейси қатнашчилари ўз бурчларини виждонан бажардилар. Уларнинг энг фаоллари турли жойларда қайта-қайта фахрий ёрлиқлар, раҳматномалар билан тақдирланардилар.
Масаланинг туб моҳиятига келсак, амалга оширилган бу эзгуликларни янги экилган яхшилик ниҳоллари, дейиш мумкин, холос. Хўш, улар келажакда ҳосил берадими ёки қуриб қоладими? Агар урф-одатларимизда, турмуш тарзимизда кескин ўзгариш қилинмаса-ю, аёллар ўз-ўзини ёқиши каби фожиали воқеалар давом этаверса… Ёки республикамизда сувни ноўрин исроф қилиш чекланмаса, Амударё ёқаси бўйлаб Орол денгизига сизот сувларни элтувчи канал қурилиши ҳақидаги гап қоғозда қолиб кетса… Кучли шўр босиб, ишдан чиққан экин майдонлари оралаб чуқурлиги камида уч ярим-тўрт метрли зовурлар қазилмаса… Хуллас, йўлимиздаги тўғаноқларни бартараф этиш мақсадида белгиланган режалар амалга оширилмас экан, яхшилик уруғи униб чиқиши ва ҳосил бериши амри маҳол.
Агитпоезд ташвиқотчилари сепиб келган эзгулик уруғи маълум вақт ўтгач, нишона кўрсатар, ҳосилга ҳам кирар. Ишнинг қандай ривож олаётганидан доимий равишда хабардор бўлиб турмоқ лозим. Аҳволни ўз ҳолига ташлаб қўйиш эса бошланган яхши ишлар самарасини йўққа чиқариши мумкин. Маълум вақт ўтгач, айнан аввалги рейс бўйича ижро текшириб чиқилса ҳам чакки бўлмасди.
Агитпоезд ҳамон йўлда. Энг муҳими бу поездни келажагимиз эгалари бўлмиш жанговар ёшлар бошқармоқдалар.
“Ёш ленинчи” газетаси, 1988 йил 13 май сони.