Мўъжазгина Хива шаҳрини кўпчилик яхши билади. Бу ораста шаҳарча минг-минглаб саёҳат ишқибозларини ўз бағрига оҳанрабодай тортиб туради. Кишилар уни кўриш учун Америка ва Австралиядан, Европа ва Осиёдан, жаҳоннинг энг узоқ бурчакларидан келишади. Шарқ мўъжизасини ўз кўзлари билан бир бор томоша қилиш учун қадам ранжида қилишади.
Мен ҳам бу шаҳарни бир бор кўриш орзусида эдим. Яхши ният — ёрти мол, деганлари рост экан. 60-йилларда бу орзуим ушалди. Кейинчалик Хивада яна бир неча бор бўлдим. Лекин илк таассуротларим хотирамда бир умрга муҳрланиб қолди. Йигирманчи аср эди, қўшни Қозоғистоннинг Бойқўнғиридан жасур йигитлар фазога йўл олишаётганди. Мен эса ўзимни бир мўъжиза билан ўн саккизинчи асрга келиб қолгандек ҳис қилдим.
Хивага турли йўллар билан бориш мумкин. Аммо ҳамма йўллар саҳродан ўтади — чунки Хоразм воҳаси саҳро ўртасида жойлашган. Ўтмишда бу йўллардан фақат туя карвонларигина ўта олган. Бизнинг кунларимизда эса поезд, автобус ёки, энг яхшиси, самолётда бориш мумкин. Самолёт иллюминаторидан пастга қарасангиз, чеки-чегараси йўқ қум барханларини кўриб кўзингиз толади… Ниҳоят, ерда нимранг ҳошия — ёблар ва йўллар билан чегараланган экинзорлар кўзга ташланади. Ёзда улар кўм-кўк, кузда заъфарон, қиш тушар-тушмас — тўқ жигарранг тусда бўлади. Самолёт қайрилиб, пастлай бошлайди. Зум ўтмай ўзингизни замонавий шаҳар — Урганчда кўрасиз. Автомобилда ўттиз чақиримча юрсангиз, Хива шаҳрига кириб борасиз. Мана шу ерда сиз вақт жиҳатидан катта тафовутга дуч келасиз: кўз олдингизда ўрта асрда бунёд этилган, эгри-бугри кўчалардан иборат бўлган кўҳна шаҳар намоён бўлади.
Шаҳарнинг жин кўчаларидан юрсангиз, ўзингизни гўё дарё тубида ёки канал ичида кетаётгандек ҳис қиласиз. Қадам товуши ғиштин деворларга урилиб, кучли акс-садо беради.
Шаҳар аввалига гўё кимсасиз, аҳолиси кўчиб кетгандек туюлади. Фақат аҳён-аҳёнда қаердандир бир гала болалар пайдо бўлишади-да, яна тез ғойиб бўлишади. Баъзан ёлғиз йўловчилар учраб қолишади. Уларнинг кийинишига қараб шу ерликми ёки бегоналигини билса бўлади.
Хоразм аҳолиси азалдан бошга чўгирма — қора қўй терисидан тикилган юмалоқ қалпоқ кийишади. Бундай бош кийимдаги кишига жанубнинг жазирама қуёши писанд эмас. Икки саҳро оралиғида жойлашган воҳада қуёш шафқатсиз ўт пуркайди.
Иқлим ҳатто одамлар рангига ҳам ўз таъсирини ўтказган. Хиванинг тор кўчаларидан шошиб бораётган деҳқонларнинг юзи қорамағиз…
Аҳён-аҳёнда эшак минган мўйсафидлар ҳам учраб қолади. Улар ё невара-чевараларидан хабар олгани ёки кексаларга хос юмушлар билан бораётган бўладилар.
Баъзан бошига рўмол ўраган аёлларни ҳам кўрасиз.
Ниҳоят, сирли нимқоронғу тор кўча муюлишида кўз олдингизда тўсатдан нақшинкор пештоқли ва маҳобатли гумбазли улуғвор обидалар намоён бўлади. Уларнинг ортида эса зангори осмонда ранг-баранг тусда товланаётган, асли мовий бўлган Исломхўжа минораси худди сузиб кетаётганга ўхшайди…
Унинг устидан — 50 метр юқоридан атрофга назар ташласангиз, қадимги Осиё меъморчилигининг мислсиз ёдгорлиги худди кафтдагидек кўриниб туради. Кўз ўнгингиздаги гўзал манзарага маҳлиё бўлиб қоласиз. Ҳар бир тупроқ, тош, гумбаз, минора алоҳида-алоҳида иншоот бўлишига қарамай, улар ички бир яхлитлик ва мутаносиблик билан ажиб бир манзарани вужудга келтирган. Ҳамма нарса қуёш ёғдусига чулғанган. Афсуски, ҳеч қандай фотоаппарат бундай ранг-баранг бўёқлар ва нурлар замзамасини қандай бўлса, шундайлигича акс эттира олмайди.
Исломхўжа минорасига шаҳарнинг ички қисми — Ичанқалъа иншоотлари туташиб кетган. Бир вақтлар унинг деворлари ичида кулоллар, тўқувчилар, чилангарларнинг савдо-ҳунармандчилик расталари жойлашган бўларди… Ҳув нарида шаҳарнинг ташқи қисми — Дишанқалъа жойлашган, унинг атрофи ўтган асрда девор билан ўралган. Дишанқалъа ортида замонавий қурилишлар кўзга чалинади. Ундан нарида боғ-роғлар ва пахтазорлар саҳрога туташиб кетган.
Дишанқалъада фақат айрим меъморчилик ёдгорликлари, ҳовузлар ва кўҳна боғлар сақланиб қолган. Қадимий меъморчилик дурдоналарининг асосий қисми Ичанқалъада жамланган.
Ичанқалъанинг шимолий қисмида Хива хонларининг ўрдаси — Кўҳна арк жойлашган. Ўрда ҳовлисидаги иншоотлар XVII асрдан бошлаб қурилган. Ўрдада хон саройи, унинг девони ва саломхонаси, ҳарам, ёзги ва қишки мачитлар, зарбхона, ўқ-дори омборхонаси, турли устахоналар, отхона ва қоровулхоналар бўлган… Аммо шафқатсиз замон дастидан айрим биноларгина омон қолган.
Табиатдаги ҳамма нарса мунтазам ҳаракатдадир. Вақт фақат Хива учун уч аср давомида тўхтаб қолди, бу даврда шаҳар маҳаллий хонларнинг қароргоҳига айланди.
1967 йилда Ўзбекистон ҳукуматининг қарорига биноан Хиванинг маркази — Ичанқалъа қўриқхона деб эълон қилинди. Шу тариқа шаҳар тарихида янги саҳифа очилди.
Мен бугун яна кўҳна Хиванинг тор кўчаларидан юриб бораяпман. Машҳур географ В. И. Массальский аср бошида шундай ёзган: «Ҳеч қандай ободончилик ишлари олиб борилмаётганлиги, лой кўчалари, шаҳар ўртасидаги иншоотлар ва қабрлар ярим вайронага айланганлиги оқибатида кўҳна Хива, менинг назаримда, Ўрта Осиёдаги энг кўримсиз шаҳарга айланган». Мана бугун эса илгари шундай бўлганига ишонмайсан. Хива ўзининг ҳозирги покизалиги ва саришталиги билан кишини лол қолдиради.
Кейинги даврда Хивадаги ўнлаб меъморчилик обидалари қайта тикланди ва таъмирланди. Аввал келганимда уларнинг айримлари омборхона вазифасини бажарарди. Ҳозир асбоб-анжомлардан холи. Тарихий марказдаги кўчалар қиёфасини симёғочлар бузиб турарди. Эндиликда улар ҳам йўқ. Бу кўчалар ҳозир худди ўтмишдагидек фонуслар (ток билан ёнадиган) билан ёритилади.
Полвондарвоза гумбазли долонининг ярим ёйсимон расталарида ҳунармандлар ишлашмоқда. Кандакорнинг моҳир қўллари обтобаларга нақш ўймоқда. Сал нарироқдаги совғалар дўконидан шу усталар яратган буюмларни харид қилиш мумкин.
Қадимий шаҳар кўчасидан бироз юрсангиз, яна бир устахонада кулол ўз чархи билан лойга «жон киритаётганини» — аста-секин нафис коса пайдо бўлишини кўрасиз…
Хива кўчаларида бундан юз, икки юз, уч юз йил аввал ҳам кулол чархи худди ҳозиргидек ғир-ғир айланар, кандакорларнинг моҳир қўллари мисга нақш ўярди… Хивадаги тарихий манзара ҳар бир зиёратчига таъсир қилади. Шунда беихтиёр кўз олдингиздан «Минг бир кеча» эртакларидаги эпизодлар, бозорга шошаётган оломон орасида эшак миниб бораётган Хўжа Насриддин қиёфаси милтиллаб ўтгандек бўлади…
Меъмор ва таъмирчиларнинг муддаоси ҳам кўҳна тарих муҳитини яратиш эди.
Шаҳар худди жонли организмдек ўсиб-ўзгариб бормоқда. Лекин замонавий қурилишлар миқёси кўҳна Хивага зарар етказмаслиги, унинг ўзига хос қиёфасига раҳна солмаслиги керак. Менимча, бу ерда иш олиб борган С. Сутягин бошчилигидаги тошкентлик меъморлар бунга муваффақ бўлишган. Улар замонавий қурилишлар структурасини муваффақиятли ишлаб чиққанлар. Меъморлар меҳмонхона, универмаг, маданий-маиший биноларнинг лойиҳасини яратишаётганда тарихий меъморчиликка хос айрим элементлардан оқилона фойдаланганлар. Натижада янги бинолар кўҳна шаҳарнинг қиёфасига уйғунлашиб кетган.
Янги микрорайонга асосан икки қаватли коттежлар қурилди. Бу шаҳарнинг ўзига хос хусусиятлари, кўламига (Ичанқалъадаги эски турар-жойларнинг аксарияти бир қаватли уйлардир) зид эмас. Қурилишнинг бундай услуби янгилик билан эскилик орасига раҳна солмайди, аксинча, у ўтмиш ва ҳозирги замон уйларининг бир-бирига мутаносиб бўлишига, бир-бирини тўлдириб туришига имкон беради.
Ҳар икки қаватда ҳам истиқомат хоналари бўлган коттежларнинг ичкари ҳовлиси бор. Бу — маҳаллий аҳолининг азалдан таркиб топган урф-одатига мос. Шунинг учун одамлар бундай уйларга бажонидил кўчиб ўтмоқдалар.
1985 йил Софиядаги амалда жорий этилган архитектура лойиҳалари халқаро конкурсида тошкентлик меъморларнинг Хива шаҳрида қурилган уйлари лойиҳаси бронза медалга сазовор бўлди.
Хива келажакда ғарбий ва шарқий йўналишларда, кўҳна шаҳарга халақит бермайдиган тарзда кенгая бошлайди. Хуллас, келажакда ҳам шаҳарнинг ўзига хос қиёфасини асраш ва уни туризмнинг энг нуфузли марказига айлантириш учун барча ишлар амалга оширилади.
Бироқ қўриқхонага айлантирилган шаҳарлар фақат туризм билангина яшамайди. Бундай шаҳарларнинг иқтисодий тараққиёти йўналишларини тўғри белгилай олиш ҳам ниҳоятда муҳимдир. Улар фақат таъмирчилик устахоналари ва маҳаллий саноат корхоналари билангина чекланиб қололмайди. Масалан, хиваликларнинг маълум қисми пахта тозалаш ва тикувчилик фабрикасида меҳнат қилиб рўзғор тебратади. Шаҳар атрофида Ўрта Осиё — Марказ магистрал газ қувурига хизмат қилувчи компрессор станцияси қад кўтарди. Бундан ташқари яна бир нечта кичик корхоналар, хусусан, қўлда гилам тўқиш фабрикаси бор. Бироқ булар кам эди. Бугунги кунда йирик, замонавий, лекин қўриқхона-шаҳар қиёфасига путур етказмайдиган корхона зарур бўлди. Агар бундай корхонадаги ишчи касблари маҳаллий аҳолининг азалий анъаналарига мос тушса айни муддао бўларди.
Хива учун шундай корхона топишди — гилам комбинати қуришди, Ўйлаймизки, бу тўғри иш бўлди.
Замонавий шаҳарсозлик қоидаларига мувофиқ комбинат Хиванинг қадимий марказидан анча олисда қурилди. Корхонанинг биринчи навбати ўн йил олдин ишга туширилди. Ҳозир бу ерда йилига 2,4 миллион квадрат метр маҳсулот тайёрланмоқда. Хива гиламларининг ранг-баранг гуллари, нафис безаклари кўҳна шаҳардаги кошинкор обидалар жилоси билан баҳслашади, қадимги усталарнинг бугунги авлодлари гўзаллик яратиш анъаналарини муваффақиятли давом эттираётганликларидан гувоҳлик беради.
Бу комбинат Ўзбекистондаги машиналар билан гилам ишлаб чиқарадиган яккаю ягона корхонадир. Хиваликлар, шубҳасиз, ўз комбинатлари билан фахрланадилар, уни мароқ билан меҳмонларга кўрсатадилар. Биз, бир гуруҳ тошкентлик ёзувчилар ҳам яқинда шу комбинатда бўлганимизда, хиваликларнинг фахр-ифтихорларига шерик бўлдик, ютуқларидан қувондик.
Комбинатдаги энг йирик ва ёруғ цехлар, рангли кошинлар билан безатилган ҳовузлар, атрофга муздай сув сочаётган фаввораларни кўриб одамнинг баҳри-дили очилади. Айтганча, фавворалар соф технологик мақсадга ҳам хизмат қилар экан. Йигирув цехидаги ҳавони намлаб, тола узилишини камайтираркан. Бу ерда ишчилар соғлиғини сақлаш учун кўп иш қилинган. Масалан, асабни тинчлантирувчи хоналар ташкил этилган.
Бизга гилам тўқишдаги барча жараёнларни кўрсатишди. Кўз олдимизда кулранг-кир жун тойлари ингичка ранг-баранг ипларга айланаяпти. Махсус машиналар эса ўша иплардан улкан гилам юзасида ажойиб ва анвойи безакларни зужудга келтирарди.
Комбинатга жун Туркманистон ва Озарбойжондан, нитрон — Навоий шаҳридан, капрон ва бўёқлар эса Россиядан келтирилади.
Хом ашё мураккаб қайта ишлаш жараёнидан ўтади. Бундан мақсад жуннинг бебаҳо табиий сифатларини сақлаб қолган эшилган ип олишдир. Ҳамма ишни машиналар бажаради. Улар жунни тозалайди, толани тарайди ва эшиб, муайян рангларга бўяйди. Ишлов бериш давомида тола «толиқади». Шунинг учун уларга алоҳида камераларда маълум вақт «дам» берилади.
Ниҳоят эшилган иплар гилам тўқув цехига келтирилади. Бу ерда чинакам мўъжиза рўй беради — иплар гилам юзасидаги гулларга айланади. Томошабинларни энг қизиқтирадигани ҳам ранг-баранг безаклар ва турфа хил рангларнинг қандай вужудга келишидир. Маълум бўлишича, бу иш махсус тузилган ва машинага солинган программага биноан автоматик тарзда бажарилар экан. Программалар эса рассомлар ишлаган эскизлар асосида яратилади.
Ўрта Осиёда гиламдўзлик қадимий анъанага эга. Бу ҳунар айниқса, туркман қабилалари орасида, Бухоро ва Хива хонликларида кенг тарқалган.
Ўтмишда гилам турли узунлик ва йўғонликдаги дастаклардан иборат оддий дастгоҳда тўқилган. Аёллар бу санъатга болаликларидан ўрганишган, қизлар эса 7—9 ёшдан ип йигира бошлашган. 11—14 ёшдан катталар билан гилам тўқишган. 30—35 ёшларида бу ҳунарни мукаммал эгаллаб олишган. Ҳозир, машинада тўқилаётган шароитда касб маҳоратини 10 йил олдинроқ эгаллаш мумкин. Бироқ бошқа муаммо пайдо бўлиб қолди. Ишчилар бу ҳунарни эндигина яхши эгаллаб, қулфидиллари очилиб меҳнат қилаётганларида турмушга чиқадиларда, бола-чақа, рўзғор ташвишига ўралашиб қолиб, комбинатга қайтиб келмайдилар.
Қадимда аёллар бир квадрат метр гилам тўқиш учун камида бир ой вақт сарфлашган. Шунинг учун улар катта гилам тўқиш учун қариндош-уруғларини йиғиб, гуруҳ-гуруҳ бўлиб ишлашган. Бугунги кунда эса комбинатдаги ҳар бир аёл бир сменада 40—45 квадрат метр гилам тўқийди. Бу гиламлар ташқи кўринишидан қўлда тўқилган гиламлардан қолишмайди. Тўғри, ҳозирги замонавий машиналарда ишланаётган гиламдўзлар бажарадиган вазифа ўтмишдагига қараганда анча торроқ. Масалан, тўқувчилар технологик жараёнларнинг аниқ бажарилишини кузатиб, узилган ипларни зудлик билан улаб турсалар бас. Қадимда эса гиламдўз барча тайёргарлик ишларини: ип йигириш, дастгоҳни ишга тушириш, энг асосийси, мавжуд анъаналарга биноан, гилам безакларини яратиш ишларини ўзи бажарарди.
Ҳозир гилам безакларини рассомлар тайёрлашади. Комбинат рассомлари асосан рассомчилик билим юртларини яқинда тугатган ёшлардан иборат. Машиналар программасига киритиладиган безакларни тайёрлаш учун фақат илҳом ва соф касб кўникмаларининг ўзигина камлик қилади. Рассом гиламдўзлик тарихи ва унинг ҳозирги даврдаги аҳволи бўйича махсус билимга ҳам эга бўлиши лозим.
Гиламнинг безаклари тайёр бўлди дейлик. Лекин уни бирдан ишлаб чиқаришга жорий этиб бўлмайди. Бунинг учун безакнинг хомаки нусхаларини мутахассислардан иборат махсус бадиий совет кўрикдан ўтказиши шарт. Бу Иттифоқнинг у ёки бу шаҳрида вақти-вақти билан янги безакли гилам нусхаларини оммавий ишлаб чиқариш учун йўлланма беради.
Бир қарашда ҳамма иш жойидага ўхшайди. Юзага келтирилган система харидорлар манфаатини қатъий ҳимоя қилади. Бироқ мен «Хива безаклари туширилган гиламни кўрсатинг», деб илтимос қилинганда комбинат ходимлари елка қисишганини кўриб шубҳаланиб қолди. Бундай гиламларга магазинларда ҳам қизиқиш катта. Лекин афсуски, сотувчилар харидорларга нима дейишларини билолмай қоладилар.
Яқинда Тошкентда Гиламлар ва сўзаналар музейи очилди. У Ўзбекистон ССР Давлат санъат музейининг филиали саналади. Мен шуни эслаб: «Кўргазма экспозициялари орасида албатта шундай гиламни кўрарман», деб умидвор бўлдим. Хивадан қайтгач ана шу музейга кирдим.
— Сиз Хива безаклари туширилган гиламни кўрмоқчимисиз? — деб сўрайди хижолатомуз музей ходимаси Лариса Тамоева.— Афсуски, орзуингизни ушата олмаймиз. Бизда машинада чиқарилган, ҳозир Тошкент Марказий универмагида қалашиб ётган Хива гиламларига бир зал ажратилган эди. Бироқ уларнинг безаги Хиваники эмас. Шунинг учун уни кўргазмадан олиб қўйдик. Қўлда тўқилган иккита кичикроқ гилам бор. Биттасини рассом-тўқувчи Клавдия Заршчикова безаган. Гиламнинг безаги анча оддий. Иккинчиси «Пахта» деб аталади — туркман гиламининг энг яхши намунаси.
— Асл Хива безаги туширилган гиламни қаерда кўришим мумкин?
— Ўрта Осиё гиламдўзлигига оид китобларда, область музейларининг омборларида (одатда барча гиламларни намойиш қилиш учун жой етишмайди) ҳамда хиваликлар хонадонида кўришингиз мумкин.
— Нима учун сизлар область музейларидан олмайсиз? Улар барибир гиламларни намойиш қилишмаса…
— Албатта, таклифингиз жуда яхшику-я, бироқ музейлар бошқа муассасалардаги кўргазмалар учун гиламларини омонатга беришлари қийин.
Жаҳон қобусномасида «Хива безаги», «Хива нақшлари» деган тушунча бор. Уларни усталар асрлар мобайнида яратган. Бироқ Ўзбекистон гиламлар музейида асл Хива гиламининг йўқлиги ачинарли ҳол, албатта, Бу музей экспонатлари қашшоқлигини билдирмайди. Музейда республикадаги барча районларнинг амалий санъати яхши намойиш этилган. Шунинг учун ҳам бу ерга жаҳоннинг ўнлаб мамлакатларидан томошабинлар келаётгани бежиз эмас. Бу ҳозирги пайтда халқ усталари санъатига қизиқиш зўрлигини исботловчи яна бир далилдир. Шунинг учун ўзбек гиламлари Нью-Йорк, Истамбул ва жаҳоннинг бошқа шаҳарларидаги музейларда намойиш этилаётганига таажжубланмаса бўлади.
Тошкентда эса Хива безаги билан тўқилган асл гиламнинг бирор бир кўргазмада йўқлиги кечирилмас ҳодисадир. Замонавий гиламдўзлик ҳам Хива безакларига эътибор бермаяпти.
Ёш санъатшунослар ноёб Хива безаклари билан тўқиладиган гиламларни яратишда гиламдўзларга ёрдам беришга ҳамиша тайёр. «Бироқ улар бизга мурожаат қилганлари йўқ,— дейишади музей ходимлари. — Бунинг устига, ким ҳам бизни Хивага командировкага юборарди, кейин комбинат бизнинг идора қарамоғида эмас-ку».
Шундай қилиб, идоралараро ғов борлиги оқибатида бутун бошли халқ ҳунармандчилиги мактабининг ажойиб анъаналари ҳаётимиздан аста-секин йўқолиб кетмоқда…
Ҳозир одамлар ҳайвонлар, қушлар ва ўсимликларнинг ноёб турларини кўз қорачиғидек асраш кераклигини тушуниб қолдилар. Ҳайвонот ва наботот олами қатъий назорат остига олинган, бу борада бебошлик қиладиганларга қарши жиддий кураш олиб борилмоқда. Шундай экан, эски ҳунармандчилик санъатининг сир-асрорларига лоқайд қараш қайси бебошликдан кам? У жамиятимизга жуда катта маънавий зарар етказмоқда. Балки камёб, йўқолиб бораётган халқ ҳунармандчиликларини ҳам «Қизил китоб»га киритиш керакдир?
Халқнинг кўп асрлик тажрибасини авлодлар учун асраш, келажак манфаатига хизмат қилдиришдан ҳам олижаноброқ иш борми? Хива гилам комбинати ҳам бундай ишдан четда турмаслиги керак. Ахир бу комбинат корхона манфаатларини ҳам ифодалайди-ку. Зеро, улар тўқиётган гиламларга ҳозирги кунда талаб сусайиб кетмоқда. Чунки, ишлаб чиқараётган моллари, танқис бўлмай қолди. (Холисанилло айтганда, бу бошқа гиламдўзлик корхоналари учун ҳам хосдир). Янги шароитда харидор талабларини ўз вақтида пайқаб, моллар ассортиментини доимо янгилаш, маҳсулот сифатини ошириш, шунингдек, менинг назаримда, халқ ижодиёти меросидан самарали фойдаланиш керак. Хиваликлар бу масалани зудлик билан ўйлаб кўришлари лозимлигини савдо ташкилотлари, жумладан, юқорида эслаб ўтилган Тошкент Марказий универмагидаги аҳвол тақозо этмоқда. Марказий универмаг ходимлари менга Хивада ишлаб чиқарилган гиламларнинг запасини кўрсатишди. Харидорларнинг талаблари эътиборга олинса, бугунги кунда магазинларда тўпланиб қолган гиламларни сотиб тугатиш учун бир неча йил керак бўлади. Ҳолбуки, уларнинг тури, нусхаси бойиса, бежиримлиги ортса аҳвол бирмунча ўзгариши мумкин.
Хива безаклари билан гиламлар ишлаб чиқаришнинг ўзига хос қийинчиликлари ҳам бор. Масалан, машиналар билан беш хил рангдаги гиламлар тайёрлаш мумкин. Ўзбек халқ гиламдўзлигида эса, одатда атиги икки-уч хил рангдан фойдаланилади. Толага ранг беришда ўсимлик бўёқлари қўлланилади.
Бунинг чорасини халқ усталари топишди. Эндиликда кўпгина мамлакатлардаги усталар замонавий услубга ўтдилар. Саноат чиқараётган бўёқлардан фойдаланиб, ёрқин ва тўқ ранглар ҳосил қилишмоқда. Натижада халқ усталарининг маҳсулотлари янада жозибадор бўлаяпти. Ўйлаймизки, агар истак бўлса, ҳар қандай қийинчиликни енгиш мумкин.
Ҳозир фақат Хива безаклари билан гиламлар ишлаб чиқаришгина эмас, балки халқ амалий санъатининг бошқа турлари тақдири ҳам жиддий ташвиш туғдирмоқда. Бир вақтлари гуллаган халқ амалий санъати мактаблари ҳам сўниб, аста-секин йўқолиб бормоқда. Халқ ҳунармандчилигининг ҳозирги тартиби эса ҳамма маҳсулотларни бир қолипга солиб, «ширпотреб» талабларига мослаштираяпти. Масалан, мабодо қўлда тўқиладиган гиламлар фабрикасининг ишчиси ижодий ташаббус кўрсатиб, бирон-бир янгилик киритсинчи, тасдиқланган намунадан чекинганликда айбланиб, дарҳол жазоланади. Бундай аҳволда истеъдодли кишилар, халқ анъаналарини ижодий ривожлантириш масаласи нима бўлади?
Хива гилам комбинатида бўлганимда миямда шундай нохуш фикрлар пайдо бўлди.
Халқ усталарининг келажаги, уларнинг меросини сақлаш ва такомиллаштириш ҳақидаги ўйлар мени қадимий Хиванинг кўчаларида, асрий шамоллар сайқал берган, қуёш нури тоблаган, ҳар бир тош гўзаллик яратган кишилар тақдири ҳақида сўзлашга тайёр бўлган жойларда ҳам тарк этмади. Уларнинг кўпчилиги номи номаълумлигича қолди. Мўйсафидлар ўтган асрда яшаган айрим усталарнигина биладилар.
Шулардан бири — машҳур ёғоч ўймакор Ота Полвоновдир. Мен Хива усталарининг отахони билан мухбирлик қилиб юрганимда танишганман. Ўшанда у 100 ёшда эди. Оддий Хива хонадонида мен мункиллаб қолган қарияни учратдим. Бу шаҳарда унинг бирорта ҳам тенгдоши йўқ экан. У тўрт хонни ва икки жаҳон урушини кўрган.
Ота Полвонов дарахт остида, унинг танасига суяниб ўтирарди. Ташқи қиёфасидан айнан хивалик оқсоқолларнинг ўзгинаси, кийими ҳам одатдагидек, бошида қоракўл терисидан тикилган анъанавий чўгирма.
Уста кексайиб қолганига қарамай ўз ҳунари ҳақида бажонидил сўзлаб берди, узоқ ўтмишни эслади. Тўғри, олимлар ва журналистлар унга кўп эътибор бераётганликларидан ажабланди. У ҳам ахир оддий уста-ку!
У ўн ёшлигидаёқ қўлига искана олиб отаси Полвон Сатторовга ёрдамлаша бошлаган. Отаси халқ орасида моҳир уста сифатида шуҳрат қозонган. (У Тошҳовли саройидаги устунларнинг бир қисмидаги, Исломхўжа мадрасасининг эшикларидаги ўймакорлик ишларини бажарган).
Ота Полвонов 16 ёшидаёқ мустақил ишлай бошлаган. Йигирма ёшида эса тажрибали уста бўлган. Уни хон саройига — эшик, устун, дарвозаларни ишлашга таклиф қилишган.
Кекса уста бошидан ўтган бир воқеани эслайди. Бир куни у шаҳарлик мижозига эшик ясаётганда, хон амалдори бу ишни тўхтатиб, ўзининг буюртмасини бажаришга амр қилади. Уста бундай қилолмайман, ваъда берганман, деб бош тортади. Шунда устанинг ҳовлисига навкарлар бостириб келишади…
Ота Полвонов кексайиб қолгунга қадар меҳнат қилди. У Тошкентдаги Навоий номли опера ва балет театрини пардозлашда (театрнинг кичик фойесидаги эшикларни ясади) иштирок этди. 85 ёшида Урганч вокзали биносининг эшигини ажойиб тасвирлар билан безади, 95 ёшида кўргазмалар ва панорамалар маъмуриятининг буюртмасини бажарди — ўймакор эшик ва устун ишлаб берди.
Бироқ хивалик устанинг энг машҳур иши 1937 йилда Париждаги Халқаро кўргазмада намойиш қилинган ўймакор устундир, Кўргазма жюриси бу нодир иш учун уни Биринчи даражали диплом ва «Олтин Юлдуз» медали билан тақдирлаган. Чунончи, устанинг Навоий театридаги ёғоч ўймакорлиги ишларига ҳам СССР Давлат мукофоти берилган.
Ота Полвонов невараси Хуррамбойга иш буюради. Кўп ўтмай бола ичкаридан бир даста безак трафаретларини кўтариб чиқади. Бу бобо сақлаган «иш архиви»нинг бир қисмигина бўлса керак. Уста бир вақтлари мана шу қалин альбомдан зарур нақшни танлаб, уни ёғочга туширган. Сатҳдаги безаклар чизиғи докага ўралган кукун орқали трафаретдан ўтказилади.
Ота Полвоновнинг ёғочга ўйган нақшларини лўнда қилиб айтганда, гўзал боғларнинг латофатига қиёслаш мумкин. Унинг нақшларида жонли япроқлар тасвири, ранг-баранг гуллар намоён бўлади.
Хивада табиатдаги ранг-баранг ўсимликлар тасвири ниҳоятда кенг тарқалган. Бутун Ўрта Осиёда ҳам шундай. Ўлкамизда ўрта асрлар — XIII—XIV асрлар ёғоч ўймакорлиги энг гуллаган давр ҳисобланади. Кейинчалик ҳам санъатнинг бу тури ўзининг юксак чўққисида турган. Бироқ кейинги икки аср давомида ёғоч ўймакорлиги санъатида хивалик усталар пешқадам бўлишди. Шаҳар ёғоч ўймакорлигининг чинакам қўриқхонасига айланди. Эндиликда Ўрта Осиёда бу санъат шаҳар меъморчилиги қиёфасига шу даражада уйғунлашиб кетган жойни учратаолмаймиз. Унинг ҳар бир кўҳна кўчасидаги, ҳар бир меъморчилик ёдгорлигидаги эшик ва устунлар ҳақиқий санъат намуналари ҳисобланади. Улар ўймакор усталарнинг бир нечта авлодини камолга етказди.
Ота Полвоновнинг бобоси ҳам машҳур уста эди. Невараси унинг маҳоратини тўла-тўкис мерос қилиб олди. Оилада яратилган барча гул намуналари ҳам Ота Полвоновнинг мулки бўлиб қолди.
Кекса уста серажин қўли билан менга бир безак нусхасини узатиб: «Буни «Айланма ислимий» безаги деймиз, Хивада кенг тарқалган», деб тушунтиради.
Бу нақш — маълум бир тартибга туширилган ўсимлик шохларининг тасвири бўлиб, у ҳақиқатдан ҳам ниҳоятда сержозиба, гўзал ва бир-бирига чирмашиб кетган эди.
Суҳбатдошим ёғочга ўйиладиган безакнинг довруғини кўрсатувчи бир ҳикоятни эслайди. Қадимда жасорат кўрсатган аскарларга ўз хонадони эшигига қалқон осишга рухсат берилган. Хиваликлар эса, маълумки, доимо ботир жангчи ҳисобланган. Мана шунинг учун ҳам эндиликда ҳар бир эшикда кўҳна қалқонни эслатувчи нақш ўйилган.
Хивада яратилган ўсимликлар ва гуллар нақши намуналари ўзининг жозибаси ва ранг-баранглиги билан ҳатто энг юксак дидли томошабинларни ҳам лол қолдиради. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу нақшлар Ўрта Осиё безакларининг олий намунаси бўлиб, Хива меъморчилигидаги тасвирий манзараларнинг асл моҳиятини ифодалайди.
Ота Полвонов Хива ёғоч ўймакорларининг энг яхши анъаналарига ҳамиша содиқ қолди. Санъатшуносларнинг таърифлашича, унинг ўймакор нақшлари чизиқларнинг гўзаллиги, тузилишидаги латофат, нур ва соялар ўйини, безакларнинг фавқулодда уйғунлиги ва мутаносиблиги, ботиқ фондаги такрорланмас безаги билан ажралиб туради. Улар ҳақиқатдан ҳам асл санъат асаридир!
Ўлкамиздаги Ота Полвонов каби усталар ҳақида Борис Лавренев шундай деб ёзади: «…усталар сирли безаклар, тасвирлар ва шаклларнинг шу қадар мураккаб, шу қадар нафис чаманини яратишга муяссар бўлдилар-ки, ҳали бундан ортиқ ёрқин бўёқлар тўлқинини ҳеч бир ирқ, ҳеч бир замон санъати ярата олгани йўқ».
— Ўймакорликдаги энг қийин иш нима? — деб сўрайман Ота Полвоновдан.
— Керакли дарахтни топиш, — дейди оқсоқол.
Устанинг айтишича, қайрағочнинг ёрилмайдиган «корман» нави ўймакорлик учун энг яхши дарахт экан. У айниқса устун учун жуда боп хом ашё ҳисобланаркан. Энг чиройли эшикни ўрикдан тайёрлаш мумкин экан. Ўрик юз йил умр кўрса танаси қизғиш рангга кираркан. Ўймакорлар арча, ёнғоқ, чинор дарахтларини ҳам ишлатишади…
Одатда усталар дарахтни бозорда эмас, ўсиб турган жойида танлайдилар. Ўтмишда бир туп қайрағоч учун икки-уч сигирнинг пулини беришган.
Ота Полвонов, ўз падари ва бобоси каби, янги кесилган дарахтга нақш ўймайди. Дарахт аввал селгиши, баъзан ўн йилча ётиши керак. Бу ишда ҳар бир нарса, ҳатто дарахтни қандай қуритиш ҳам муҳим ҳисобланади. Масалан, дарахт тик қўйилса бир текисда қурийди. Тахта учун эса баҳор оййда тилинади ва камида кузгача қуритилади.
Усталарнинг асбоблари турли шакл ва ҳажмдаги ўттизга яқин исканадан (кескичлардан) иборат. Энг қалини ўн миллиметрлик.
Хивадаги ёғоч ўймакорлиги, умуман ўлкамиздаги ўймакорлик сингари текис сатҳга туширилади. Ўйма тушириладиган ёғочнинг қалинлиги икки миллиметрдан ўттиз миллиметргача бўлади. Ўймакорлик нақшлари саёз ва чуқур сатҳда бажарилиши мумкин. Нуқур ўймакорлик одатда бир планда, баъзан — икки, камдан-кам ҳолда уч планда бажарилади. Ота Полвонов айнан мана шундай ўймакорликда шуҳрат қозонди.
Устунни ўймакорликка тайёрлаш учун ўрта ҳисобда бир ой, эшикка эса бир ярим ой вақт кетади. Тайёрланган буюмга қиздирилган пахта ёғи сингдирилади. Шундай қилинса у вақт ўтиши билан чиройли қорамтир тусга киради, ҳароратнинг ўзгариши ва ёғин-сочинга чидамли бўлади. Хивада ёғоч бўялмайди, наинки дарахт танасининг табиий кўриниши юксак қадрланади.
Ёғоч ўймакорлигининг сеҳрли устаси мен билан суҳбатлашиб толиққан бўлишига қарамай бағри кенглик билан кулимсирайди. Ниҳоят, биз хайрлашдик. Кейин Ота Полвонов билан бошқа учрашолмадим. У 105 ёшида оламдан ўтибди. Истеъдодли уста халқига ўзининг ноёблиги ва бекаму-кўстлиги билан энг талабчан санъатшуносларни ҳам лол қолдирадиган нафис ишларини мерос қолдирди.
Ўймакорларнинг отаси ҳаётдан кетди, Эндиликда усталардаги касб-корни авлоддан авлодга мерос қилиб қолдирувчи ришта узилиб қолмасмикан, деган хавф пайдо бўлди. Бахтимизга бундай кўнгилсизлик рўй бермади. Машҳур уста ўзидан кейин муносиб шогирдлар қолдирди. Улардан бири Сафо Боғбековдир. У ўймакорлик санъатининг сир-асрорларини бир гуруҳ ёшларга ўргата бошлади. Хива меъморчилик қўриқхонасига айланганлиги муносабати билан шаҳарда кандакорлик, ганч, тош ўймакорлиги ва бошқа ҳунарлар бўйича ҳам шундай ўзига хос мактаблар ташкил этилди.
Тарихий обидаларни таъмирлашда кекса усталарнинг тажрибалари бебаҳо аҳамиятга эга бўлди. Масалан, «мусулмон» ғиштлари пишириладиган хумдонлар тайёрлашда ўтмишдаги усталар тажрибасидан фойдаланилди. Чунки ўрта асрлардаги иншоотлар айнан шундай ғиштлардан қурилган. Айниқса сирли кошинлар тайёрлашнинг аллақачон унутилган усулини қайта тиклаш ниҳоятда мушкул бўлди. Бу ишда Давлат Бекжонов жонга оро кирди. Кекса уста бундай ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун муносиб тупроқ конини излаб топди. Шу мақсадда Амударёнинг бутун қуйи оқимини кезиб чиқди. Ниҳоят, ўрта асрларда хом ашё қазиб олинган жойни излаб топди. Кекса уста кошин пишириш режимини аниқлаш учун кўп куч ва вақт сарфларди. Унга бу ишда ўғли Камол билан Омон ёрдам берди. Барча қийинчиликлар шунда эдики, эндиликда ота-боболаримизнинг кошин тайёрлаш усулини тўла-тўкис тиклашнинг иложи йўқ эди, бунга ортиқ зарурат ҳам сезилмасди. Масалан, ҳозир хумдонларда писта кўмир ўрнига суюқ ёқилғи ишлатилади. Замонавий печларда кошинларни пишириш учун қандай жойлаштириш керак? Ҳарорат қандай бўлиши лозим? Мана шунга ўхшаш саволларга тажриба ўтказиш йўли билан жавоб топишга тўғри келди.
Шак-шубҳасиз таъмирчиларга фақат оқсоқол усталаргина эмас, кимёгарлар, инженерлар, шарқшунослар, археологлар, тарихчилар ҳам фаол ёрдам беришди. Умумий саъй-ҳаракат туфайли кўҳна қурилиш материалларини тайёрлаш жараёни аниқланди.
Хивадаги меъморчилик ёдгорликларини қайта тиклаш иши билан Ўзбекистон ССР Маданият министрлиги ҳузуридаги таъмирлаш бўйича махсус илмий-тадқиқот ва лойиҳа институти шуғулланади. Мамлакатимизда бундай институтлар кам. Унда катта еа жиддий ишлар олиб бориляпти. Ҳар бир соҳада бўлганидек, мазкур институт ишларида ҳам муайян камчиликлар бор.
Ҳозирги вақтда тарихий иншоотлардан замонавий эҳтиёжлар учун фойдаланиш одат тусига кирган. Хива шаҳри ҳам бундан холи змас. Масалан, юз ҳужрали Муҳаммад Аминхон мадрасаси антиқа меҳмонхонага айлантирилди. Бу мадраса ниҳоятда қулай ерда — Ичанқалъага кираверишдаги Отадарвоза ёнида жойлашган. Икки қаватли бу бинонинг ташқи қиёфаси янгилаш натижасида деярли ўзгармади. (Эски услубда пардозланган чойхона ҳовли ичига жойлаштирилгани маъқул бўлди). Бироқ бино ичидаги хоналарни ободонлаштириш, замонавий инженерлик тармоқлари ўрнатишда тарихий ёдгорликка анча зарар етказилди. Ернинг чўкиши натижасида бинонинг айрим қисмларида авария ҳолати юзага келди.
Ресторанга мослаштирилган қўшни мадрасанинг бурчаги йиқилди. Албатта, уни қайтадан тиклашди. Лекин бу ишни амалга ошириш натижасида мадраса ҳовлисининг усти ёпиб қўйилди. Бу том сўзанага тушган бўз ямоқдек унга ёпишмай, кўҳна ёдгорлик туркумидаги сохта иншоотдек кўзга хунук кўриниб турибди.
Ҳовли устидаги том (қуёш тиғидан сақланиш учун) туфайли тимга айлантирилган Оллоқулихон карвонсаройининг олди тўсилиб қолди.
Қўриқхона тасарруфидаги кўҳна иншоотларни туризм эҳтиёжларига хизмат қилдириш бутун территориядан фойдаланиш тартибининг ўзгариб кетишига сабаб бўлди. Чунки сайёҳларга хизмат кўрсатиш зарур маиший ва маданий объектларни барпо зтишни тақозо қилади. Шу муносабат билан кўҳна қалъа ичида, масалан, ёзги кинотеатр ташкил этилди. Тўғри, бу иш анча эҳтиёткорона амалга оширилган бўлса-да, бироқ қўриқхона ичидаги кинотеатр, ҳар ҳолда бегона иншоотдир.
Хива, шунингдек бошқа қадимий шаҳарлар тажрибасидан шундай хулоса чиқадики, қурувчилар меъморчилик қўриқхонасида бирон-бир иш қиладиган бўлишса ўта эҳтиёткорлик кўрсатишлари керак. Бу ўринда халқнинг «Етти ўлчаб, бир кес», деган доно мақолига амал қилиш лозим. Агар биз фақат пул ишлаб қолиш, фойда ҳақида ўйлайдиган бўлсак, бу яхшиликка олиб бормайди. Фақат маънавий жиҳатдангина эмас, балки охир-оқибатда иқтисодий жиҳатдан ҳам катта зарар кўришимиз мумкин. Наинки йўл қўйилган хатоларни тузатиш доимо қимматга тушади.
Туристлар учун қуриладиган маданий-маиший иншоотлар масаласига келсак, етакчи меъморларнинг фикрига кўра, уларни тарихий ёдгорликлардан ташқарида қуриш мумкин. Менимча, бу фикрга қўшилса бўлади.
Саёҳатчилар Хивадан хотира сифатида турли ёдгорлик буюмлари ва фотосуратлар олиб кетишади. Суратни улар ўзлари олишади ёки шу ердагилар хизматидан фойдаланишади. Маҳаллий сураткашлар эса ишнинг кўзини биладиган одамлардир. Хивалик фото усталари сурат «бозори» чаққон бўлиши учун туя ҳам асрайдиган бўлишди (тулум змас, ҳақиқий туя). Экзотика ишқибозларининг эса қувончлари оламга сиғмайди — эндиликда улар қариндош-уруғлари ва ёру-биродарларига ўзларини қадимий Шарқда сафарда бўлганликларини кўз-кўз қилиш учун саҳро «кема»сида мағрур ўтирган суратларини кўрсатишлари мумкин.
Экзотика ишқибозлари ва кўҳна ёдгорликларнинг шайдолари орасида анча хатарли ишлар билан шуғулланадиганлари ҳам учраб туради. Бу ўринда мен меъморчилик обидаларидан айрим тош, ёғоч, мармар парчаларини эсдалик учун олиб кетишни одат қилганларки назарда тутаяпман.
Шу муносабат билан бир афсона ёдимга тушди. Юнонистон мустақиллиги учун олиб борилган кураш йилларида Акрополда қамалиб қолган турклар, ўқ-дорига ишлатиш учун қадимги тошларни синдириб, уларни жипслаштириб турувчи қўрғошинларни ола бошлайдилар. Греклар буни сезиб қолиб, элчи юборадилар. У туркларга шундай таклифни айтади: «Биз сизларга ўқ-дори юборамиз, фақат Акрополни вайрон қилманглар?» Эҳтимол, бу афсонадир. Бироқ унинг маъноси бизга ҳам тааллуқли. Тарихнинг жонли гувоҳи бўлган ҳар бир тош биз учун ҳам қадрлидир.
Албатта, архитектура ёдгорлигидан бирор бир тошни кўчириб олган турист ҳар қандай танбеҳга сазовордир. Бироқ шуниси таажжубланарлики, баъзан бундай шахслар тарихий ёдгорликларни асрашга даъват этилган кишилар — таъмирчилар орасида ҳам учраб туради.
Ҳа, таъмирчилар ҳам ҳар хил бўлади. Баъзан кўҳна иншоотларни мустаҳкамлаш баҳонасида, унинг ташқи қиёфаси бутунлай ўзгариб, ҳаммаёқни бетон плиталар босиб кетади. Кўпинча бундай тубдан таъмирлашга ҳеч ҳамдай ҳожат йўқ. Фақат иншоотларнинг айрим қисмларинигина таъмирлаш, уни бузилмайдиган қилиб қўйиш мақсадга мувофиқдир. Бироқ бундай иш ниҳоятда
машаққатли, мураккаб бўлиб, ҳажм жиҳатидан унчалик кўзга ташланмайдиган бўлгани учун кам даромадлидир. Минг афсуски, кейинги йилларда таъмирчиларнинг меҳнати қурувчиларники сингари ҳажмига қараб баҳоланадиган бўлди. Муайян иш ҳажмини бажарсанггина, маълум миқдордаги даромадга, мукофотга эга бўласан. Мана шунинг учун ҳам қайта тиклаш ва таъмирлаш ишларига тор амалиётчилик, расмиятчилик билан ёндошилади, сифати пасайтириб юборилади.
Масалан, ганч ўймакорлигини олайлик. Ганчкорларнинг фикрича, ганчдаги гуллар қай даражада ингичка, нафис бўлса, у шу даражада чиройли чиқади. Бу фикрнинг тўғрилигини собиқ Бухоро амири саройининг Хонаи Сафидидаги, Тошкентда амалий санъат музейи жойлашган меъморчилик обидасидаги ганч ўймакорлиги классик намуналари тўла исботлайди. Афсуски, кейинги йилларда ганчкорлар меҳнатига ҳақ тўлашда, улар фаолиятининг бу нозик томони ҳисобга олинмаяпти. Усталарга бажарилган ишнинг квадрат метрига қараб ҳақ тўланяпти. Натижада республикада кишига ҳеч қандай эстетик завқ бермайдиган ганч ўймакорлиги «асарлари» ёмғирдан кейинги қўзиқориндай кўпаймоқда.
Ҳатто бизда «узлуксиз таъмирлаш» ибораси пайдо бўлди. Айрим арбоблар бундай таъмирлашни ютуқ деб ҳисобламоқдалар. Гўёки шундай қилганда меъморчилик ёдгорликларининг ҳолатини доимо кузатиб туриш мумкин эмиш. Аслида бунинг моҳияти шундайки, бинога сирли кошинларни ёпиштириш давом этаверади, аммо унинг биринчи қатори дарз кетади ёки кўчиб туша бошлайди! Хуллас, ҳамма ишни яна бошқатдан бошлаш керак бўлади. Ваҳоланки, қурувчиларнинг шундоққина ёнида халқ усталари юз йиллар муқаддам ўрнатган кошинлар мовий осмондай ярқираб туради.
Мен замонавий усталарнинг ҳаммасини ёмон отлиқ қилмоқчи эмасман. Уларнинг кўпчилиги ҳалол, таъмирлашнинг сифати учун жон куйдирадиган софдил кишилардир. Ҳамма гап таъмирчилик ишларини тўғри ташкил эта билишдадир. Унинг ҳозирги аҳволи, афтидан, тараққиётимиз талабларига жавоб беролмай қоляпти. Бу соҳада ҳам юксак фикрлаш, хўжалик механизмининг самарали усулларини излаб топиш вақти етди.
Таъмирчилик сифати фақат Хивага тааллуқли муаммо эмас. У Самарқанд, Бухоро, Қўқон ва республиканинг бошқа қадимий шаҳарлари учун ҳам ниҳоятда муҳимдир.
Келинг, яхшиси Хива мисолида очиқ-ойдин гаплашиб олайлик. Масалан, Тошҳовли саройидаги обидалар туркумини олиб кўрайлик. Сарой яхлит ҳолда ўзининг улуғворлиги билан одамни лол қолдиради. Бу ерда ниҳоятда яхши таъмирланган мавзелар оз эмас. Аммо шундай жойлар ҳам борки, уларни яна қайтадан тиклаш лозим. Кўҳна арк қўрғонида ҳам худди шундай аҳвол кўзга ташланади.
Паҳлавон Маҳмуд мақбараси туркумидаги ёдгорликларни таъмирлашда москвалик архитекторларнинг фикрига кўра, усталар шу қадар жонбозлик кўрсатишганки, натижада бинонинг эски жойи қайси-ку, янгиси қайси билиш қийин, улар орасидаги чегарани аниқлаб бўлмайди.
Нима учун кўҳна иншоотларнинг дарз кетган айрим қисмларини шундоқлигича қолдириш мумкин эмас? Нима учун кўҳна тошлар, дарзлар ва ёриқларни ўзига ўхшатиб ишлаш мумкин эмас? Зеро, буларнинг ҳаммаси қадимги давр муҳитини тиклашга ёрдам берган бўларди.
Менинг назаримда, ёдгорликларнинг теварак-атрофини тозалаш анча баҳсли масаладир. Бу ишлар гўёки ёдгорликларни ҳар томондан яхши кўринадиган қилиш, гўзаллигини намоён этиш учун қилинади.
Мен бу борадаги мулоҳазаларимни архитектура доктори Иосиф Исаакович Ноткинга айтдим. У менинг фикрларимни маъқуллади.
— Кўҳна ансамблларнинг теварак-атрофи тозалангандан кейин ҳар тарафдан кўриш мумкин, у томошабин олдида худди макетдагидек бўлиб қолади, — дейди суҳбатдошим, — Бироқ бунда миқёс йўқолади, аввалдан шаклланган таассуротлар сирасига путур етади. У эса ўйлаб қилинган, биз бугун тасаввур қилганимизга қараганда анча мураккаброқ бўлган, кутилмаган нуқтаи назар ўрнига, контрастли кўринишлар асосига қурилган. Ансамбллар атрофида ўргимчак уясидек бўлиб кетган йўлларнинг доимий майдонлари бўлган. Самарқанддаги Регистон бунинг яхши мисолидир. Қадимий меъморчилик ансамблининг теварак атрофи тозалангач, уни айланиб кўриш мумкин бўлиб қолди. Бу ер замонавий тарзда ободонлаштирилди, янгича хиёбонлар барпо этилди. Бироқ, қандайдир муҳим бир нарса йўқолгандай, ёдгорликнинг кўҳналигига, аввалги улуғворлигига андак путур етгандек туюлади. Менимча, бундай аҳвол таъмирчилик ишларига жўн ёндашиш туфайли рўй бермоқда.
Натижада ота-боболаримизнинг яшаган уй-жойлари йўқолиб кетмоқда. Ваҳоланки, бу кўҳна бинолар нодир иншоотларга маълум даражада кўрк ва салобат-бағишлаб турган.
— Кўҳна турар-жойлар оддий бошпанагина эмас, — деб ҳикоя қилади, суҳбатдошим,— улар қурилиш санъатининг ҳақиқий намунаси, тарихнинг жонли гувоҳи, бугунги кун билан ўтмишни бир-бирига улаб турувчи ришта ҳисобланади.
Хивадаги уйларнинг асосини бир қаторли ёғоч синчли деворлар ташкил қилади. Унинг орасига хом ғишт терилган. Бундай типдаги уй-жойлар ўлкамизда кенг тарқалган. Бироқ улар Бухоро, Самарқанд ёки Фарғонадаги турар жойлардан фарқли равишда ёзги, қишқи хоналарининг тузилиши, жойлашуви, ҳажми, пардози жиҳатидан ўзига хосдир. Хивадаги ҳар бир уйда устунли айвонлар бўлиб, уларнинг бир томони — шимолий қисми очиқ бўлади.
Айвон баланд қурилади. Бу бино ичида қуёш нурининг мўътадил тарқалишига ва ҳавонинг юқоридан келиб туришига имкон беради. Шунинг учун ҳам Хивадаги уйларнинг ичкари хоналари ёзнинг иссиқ кунларида ҳам салқин бўлади.
Айвонлардаги ўймакор устунлар ва эшиклар, панжаралар ҳовлиларга алоҳида кўрк бағишлаб туради. Айрим уйларнинг ташқи деворларидаги деразалар эшикли дарчалар билан безатилган.
Агар сиз Хивадаги ҳар бир мўъжаз ҳовлига кирсангиз (улар шаҳарда ер танқислиги туфайли зич жойлашган) ниҳоятда бежирим ишланган ўймакор устунларни албатта учратамиз. Бу нодир экспонатларни Эрмитаж, Лувр ва жаҳондаги ҳар қендай йирик музей жон-жон деб одамларга намойиш қилган бўларди. Бироқ афсуски, бу устунлар мой бўёқ билан бўяб юборилган ёки унга кир ёйиладиган чилвирларни боғлаш учун мих қоқилган бўлиши мумкин. Уй эгалари бахтга қарши атрофларидаги ўзлари кўникиб кетган буюмларнинг ҳақиқий баҳоси ҳақида ҳамиша тўғри тасаввурга эга бўлмайдилар.
Хивадаги кўҳна уйларнинг ички тузилиши ўз даври учун оқилона эди. Бироқ ҳозирги турмуш талабларига тўла жавоб беролмай қолди. Чунки одамлар XX аср охиридаги қулайликларнинг барчасига эга бўлишни истайдилар. Табиийки, бунда ўтмишдаги бебаҳо меросни сақлаб қолиш ҳам лозим.
Вазифа мураккаб ва бир қарашда ҳал этилиши мушкулдай туюлади. Бу ерда канализация, иситиш тармоқлари, водопровод масалалари бор. Масалан, иситишни олиб кўрайлик. Хивадаги хонадонларда ҳамма асрларда ўчоқ ёки мўри бўлган. Эндиликда айрим уйларда печлар пайдо бўла бошлади. Лекин масалани ҳал этиш керак — XX аср нуқтаи назари билан қараганда, яшаш учун фақат ёзда қулай бўлган уйни яроқли деб бўлмайди.
Айрим кескин чора кўриш тарафдорлари мана шу уйларнинг ҳаммасини, ўймакор устунлари-ю эшиклари билан қўшиб, булдозерлар билан суриб ташлашга тайёр. Бу иш амалга ошса, Хива шаҳри шип-шийдон бўлиб, у қадимги жозибасини батамом йўқотади.
— Хўш, бошқача йўл борми?
— Уларни қайта қуриш лозим — дейди Иосиф Исаакович Ноткин.— Бунда ҳар бир уйга алоҳида ёндошиш лозим. Бироқ бу ишнинг қийинчилик томони шундаки, ҳар бир уй — шахсий мулкдир. Агар уй эгасининг имконияти кўтарса, турар жойини замонавий талабларга мослаштиради, имконияти бўлмаса — уй тўкилиб тамом бўлади. Бу ўринда икки йўл бор. Биринчиси, уни сотиб олиб, нима ишни муносиб кўрсак шуни қилишдир: бузиб ташлаш ёки жамоат эҳтиёжлари учун мослаштириш мумкин. Иккинчи йўл — айрим ғарб ва социалистик мамлакатлар тажрибасидан ибрат олиб, кўҳна уйларга муҳофаза ёрлиғини бериб, жорий ремонтини назорат қилишдан, уни амалга оширишда ёрдам беришдан иборат. Уй аввалгидек шахсий мулк бўлиб қолаверади, бироқ унинг олд томонини таъмирлашга оид муайян чекланишлар жорий этилади.
Яшашга ярамай қолган ёки яқинда ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларни бузиб ташлагандан кейин қадимги шаҳарни яйдоқ қолдириб бўлмайди. И. И. Ноткиннинг фикрича, бўшаган майдонларда халқ меъморчилигининг анъанавий усулида қайтадан синчли уйлар қуриш лозим. Бу уйларга совға-буюмлар ишлаб чиқарадиган устахоналарни ёки туристларга хизмат кўрсатувчи ташкилотларни жойлаштириш мумкин.
Халқ меъморчилиги ижодиётини сақлаш муаммоси фақат Хива учунгина долзарб эмас. Республика шаҳарлари ва қишлоқларида қурилиш ва қайта тиклаш ишлари кенг қулоч ёйганлиги оқибатида ўзбек халқ меъморчилигининг ажойиб намуналари нобуд бўлмоқда. Бу масалани Ўзбекистон ёзувчилари ва олимлари бир неча бор кўтариб чиқдилар. Бироқ бу ишда туб ўзгариш содир бўлмади.
Тарихий обидаларнинг толмас тадқиқотчиси, Ўзбекистон ССР Фанлар академиясининг академиги Г. А. Пугаченкова бир мақоласида шундай деб ёзганди: «Соф амалиётчилик асосий нарсага путур етказмаслиги керак: халқ даҳоси билан яратилган нарсалар, энг аввало, эстетик тарбия мақсадларига хизмат қилиши, миллий ғурур ҳиссини кўтариши, замонавий меъморлар, рассом-монументалистлар ва амалий санъат усталарини янги, ота-боболари яратганидан гўзалроқ нарсалар ижод қилишга илҳомлантириши лозим».
Биз болаларимиз ва набираларимизга ўтмишдаги усталарнинг меҳнати ва заковати билан яратилган меросни кўз қорачиғидек асрашга ўргатишимиз керак. Ана шунда бу бебаҳо ёдгорликлар яна кўп авлодларга қувонч бағишлайди. Мўъжизакор маскан — тупроқ, тош ва ёғочдан яратилган гўзал ғазал бўлган Хива ҳам аввалгидек бутун дунё сайёҳларини ўзига мағрур чорлайверади.
Рус тилидан Абдувоҳид Мулламуҳамедов, Йўлчи Аҳмедов таржимаси.
“Шарқ юлдузи” журнали, 1988 йил, 7-сон