Бир кун тушликка тандир сомса егимиз келди. Уч ҳамкасб троллейбусга ўтириб, Тошкентдаги «Анҳор» кафесига бордик. Кўчадаги сомсалар, одатда, ҳар хил бўлади: бири сергўштроқ, иккинчисида пиёзи кўпроғу, гўшти камроқ. Лекин биз бу гал еган сомса антиқа экан: унда умуман гўшт йўқ, ичи тўла пиёз эди. Кўрмаган одам ишонмаслиги мумкин, лекин бу ҳақиқат. Шу куни биз сомса емадик, сомса — бизни еди. Кафе директорига мурожаат қилмоқчи бўлдик, у эса шу куни ишга келмаган экан. Таклиф ва шикоятлар дафтарини сўрадик. Уни ҳам топиб беришолмади. Ноилож, ортимизга қайтдик. Йўл-йўлакай шаҳар умумий овқатланиш тармоқларидаги диёнатсизликлар ҳақида биримиз олиб, биримиз қўйиб, гапириб келдик. Бу ҳақда таҳририятимиздаги кундалик йиғилишда ҳам сўз очдик, ошхоналар фаолияти хусусида бирон-бир рейд уюштиришни таклиф қилдик. Буни қарангки, икки кундан кейин худди ўша «Анҳор» кафеси хўрандаларидан шикоят хати келиб қолди.
Рейдга таҳририятнинг жамоатчи мухбирлари бўлган илғор ишчилар, зиёлилар жалб этилди. Пухта тайёргарлик ва ғоят даражада эҳтиёткорлик билан ўтказилган рейддан сўнг «Ошхонадаги қаллоблар» сарлавҳали танқидий мақола дунёга келиб, у 1982 йил 28 августда «Тошкент оқшоми» ва «Вечерний Ташкент» газеталарида босилиб чиқди.
Бу пайтда турғунлик даврининг «музи» ҳали кўчмаганди. Мақола эълон қилинган куннинг эртасига таҳририятга Тошкент шаҳар ижроия комитети умумий овқатланиш Бош бошқармасининг ўша пайтдаги бошлиғи Р. Ю. Ўрозбоев кириб келди. «Мени тамом қилибсизлар-ку!» — деди у ўриндиққа ўтиришга улгурмай. Биз эса ундан умумий овқатланиш тармоқларидаги расвогарчиликларнинг сабабларини сўрадик. У киши ҳам тўлиб юрган экан, бор гапни ростгўйлик билан айта бошлади.
— Ишонасизларми, — деди у, — қўл остимдаги корхоналарда қирқ минг одам ишлайди. Лекин ҳатто энг кичик кафе ёки ошхонанинг бошлиғини ҳам ўзимча ишдан бўшатолмайман. Агар бўшатгудай бўлсам, эртаси куниёқ қўнғироқлар бошланади. Ишга ҳатто Марказий Қўмита ходимлари ҳам аралашишади. Ростини айтсам, ҳар бир савдо нуқтасини норасмий «оталиққа олган»лар бор. Улар ҳамиша менинг мустақил иш юритишимга халақит қилишади. Ўша «оталиққа олган»ларнинг тўй-маъракаси бўлса, бизнинг ходимлар «қамишдан бел боғлаб» хизмат қилишади…
Орадан бир оз вақт ўтгач, шаҳарда нон савдоси аҳволини ўрганиш бўйича рейд ўтказдик. Рейдга шаҳар халқ назорати қўмитасидан, шаҳар савдо-тафтиш идорасидан, республика Савдо вазирлигининг маҳсулот сифатини назорат қилувчи бошқармасидан, хуллас, бу ишга озми-кўпми дахли бўлган барча ташкилотлардан одамлар жалб қилдик. Уч кун давом этган рейдга мен бошчилик қилдим. Маҳсулот нон заводидан чиқиб, харидорнинг қўлига етгунча бўлган бутун жараённи назоратдан ўтказдик. 120 та магазинда олди-сотди қилдик, 70 марта ҳақимиздан уриб қолишди. Савдо ходимлари 10 тийиндан 35 тийингача ўз фойдаларига «адашишди». Қизиғи шундаки, савдо қоидасини бузиш ҳоллари, асосан, биринчи куни аниқланди. Эртаси куни эса бу ҳодиса кескин камайди. Учинчи куни деярли ҳеч қандай қоидага хилоф ишлар аниқланмади. Шунда бир нарса менинг эътиборимни тортди. Магазинларда харидор ҳақидан уриб қолиш ҳоллари аниқланиб, акт тузаётганимизда дарров магазин мудирлари ўртага тушиб, ёлвора бошлашарди, «келишиш»ни, ишни бир гал «ёпди-ёпди» қилиб кетишнн илтимос қилишарди. Шунда ёнимдагилар — савдо қонун-қоидаларига риоя қилиш учун кураш олиб бориш бевосита бурчи бўлган кишилар илтимосга мойил бўлгандек, менга мўлтираб қарашарди…
Собиқ шўро тузуми даврида газетада ишлаган пайтларимда шунга ўхшаш анчагина воқеаларнинг гувоҳи бўлганман. Шуларнинг таъсирида каминада жамиятда бир қатлам юзага келди, у халқни талаш, тараққиёт йўлннн тўсиш билан шуғулланяпти, Брежневнинг «ривожланган социализм»и суви оқмайдиган ҳовуздай кўкариб, сасий бошлаяпти, деган фикр пайдо бўлганди. Ҳозир бу қатламни боши билан думининг оралиғи қанчалиги номаълум бўлган ўта бесўнақай бюрократлашган аппарат ёки «идоравий монополия» деб аташяпти. Атоқли ёзувчи Чингиз Айтматов бу ҳақда фикр юритиб шундай деди: «Биз бўлмағур ютуқларимизни ақлсизларча кўпиртириб тарғиб қилганимиз ва ижтимоий жиззаклигимиз натижасида жаҳондаги энг илғор куч ҳам, энг тараққийпарвар тузум ҳам бизники деб даъво қилаверганимиз туфайли афсонавий махлуқ дунёга келди, унга биз «идоравий монополия» деб ном беришимиз мумкин. Назаримда бундай хулосани тарихий, ижтимоий, илмий жиҳатдан ниҳоятда синчковлик билан таҳлил қилишимиз даркор, шундагина бунинг нечоғли хавфли эканини ва у ҳозир нечоғли зўр реакцион қудратга эга эканини ҳис қилишимиз, кўришимиз, имон келтиришимиз мумкин».
Ҳозирги бутун қайта қуриш сиёсати бошқарувнинг маъмурий-буйруқбозлик усулининг меваси бўлган мана шу «афсонавий махлуқ»нинг қаршилигини синдиришга қаратиляпт. Аммо зскилик янгиликка осонликча йўл бермаслигинн бугунги ҳаёт кўрсатяпти.
Ҳозир мамлакатимизда иқтисодий муносабатларда туб ўзгаришлар ясаш, раҳбарликда маъмурий-буйруқбозлик усулларидан қатъий воз кечиш, қишлоқда фан-техника тараққиётини, ижтимоий ривожланишни кўзда тутадиган, қишлоқ хўжалигпда оила пудрати ва ижарачилик усулига ўтиш, деҳқонни ернинг ҳақиқий соҳибига айлантириш сиёсати амалга ошириляпти. Лекин бу иш жойларда осон кўчаётгани йўқ. Яқинда олдимга наманганлик бнр ҳамкасб дўстим келди. Ундан вилоятда оила пудрати ва ижарачилик усулига ўтиш қандай бораётганлигинн сўраб-суриштирдим.
— Раҳбарлар оғизда бу янгиликни маъқуллашяпти, — деди у. — Аслида эса бу ишнинг амалга ошувига пинҳона қаршилик кўрсатишяпти.
— Нега?
— Сабаби, улар ерни ёки қора молни ижарага берсалар, деҳқондан нари борса бир марта, у ҳам бўлса, ер ёки қорамол тақсимланаётганда пора олишлари мумкин. Агар иш эски усулда давом этса, хўжаликни йил бўйи «соғиб ичишлари» мумкин…
* * *
1980 йил март ойида таҳририят юмуши билан Янгийўлдаги Ўрта Осиё машина синаш станциясида бўлгандим. Станция бошлиғи билан суҳбатлашиб ўтирганимизда, хонага ўрта бўйли, озғин бир киши кириб келди. Унинг қиёфаси таниш эди.
— Танишинглар, бу киши тажрибали синовчи-механизаторимиз, Социалистик Меҳнат Қаҳрамони Валентин Тюпко бўладилар.
Шундан кейингина мен рўпарамдаги одамнинг қиёфаси менга газета ва журналлар, телевизор экрани орқали таниш эканлигини эсладим. Лекин кейинги пайтда у негадир ҳеч қаерда кўринмасди. Мен шундан гап очдим.
Мени қизиқтирган саволга станция бошлиғи жавоб берди:
— Бу киши тўғри сўзлик қиламан, деб дўкайларга ёмон кўриниб қолганлар.
— Эй, гап буёқда денг, нима бўлувди?
— Бир куни мени республика Қомпартияси Марказий Қўмитасига чақиришди. Турсуной Охунова, Манноп Жалоловлар ҳам ўша ерда экан. Бизни Марказий Қўмитанинг қишлоқ хўжалиги бўйича котиби қабул қилди. У навбатдаги пахта йиғим-терим мавсуми бошланаётганлнги муносабати билан илғор механик-ҳайдовчилар номидан ёзилган «Республиканинг барча механизаторларига мурожаатнома»ни олдимизга қўйиб, танишиб чиқиб, имзо қўйишни буюрди. Мурожаатноманинг қисқача мазмуни шундай эди: бу йилги йиғим-терим мавсумининг алоҳида аҳамиятга эгалиги, уни қисқа муддатда ўтказиш учун техпнка воситаларидан самарали фойдаланиш қай даражада зарурлиги таъкидланиб, ҳар бир механизаторни «зангори кема»ларнинг унумли ишлашини таъминлаб, мавсумда минг тоннадан пахта теришга даъват этилганди. Мурожаатномани ўқиб чиқдик. Котиб фикримизни сўради.
— Бу ҳужжатда республика механизаторлари олдига бажариб бўлмайдиган вазифа қўйилибди, бунинг остига имзо қўёлмайман, — дедим мен.
Котиб: «Сиз бунга нима дейсиз?» дегандек Манноп Жалоловга қаради.
— Ҳаракат қилса, бир мавсумда минг тонна пахта териш мумкин. Мана, мен ўтган йили тердим-ку? — деди у.
— Сен бўлмағур гапни гапирмагин, — дедим Жалоловга. — Сенинг қандай қилиб минг тонна пахта терганингни яхши биламан. Мактаб ўқувчилари дарсдан қолиб пахта теришади-да, кейин улар терган пахтани сенинг ҳисобингга ўтказишади.
Манноп сал қизарди, лекин сир бой бермай, деди:
— Нега менга туҳмат қиляпсиз? Минг тоннани ўз кучим билан терганман. Нима, мен машинада пахта тераётганимда тепамда қараб турганмидингиз?!
— Тепангда қараб турмасам ҳам ҳаммаси менга аён. Мен пахта териш машиналарининг синовчисиман, уларнинг имкониятларини беш қўлдай биламан.
Суҳбатга Марказий Қўмита котиби аралашди:
— Менга қаранг, ўртоқ Тюпко. Ҳукумат Сизнинг иззат-ҳурматингизни жойига қўйиб, кўкрагингизга Олтин Юлдуз медалини тақиб қўйибди. Нега энди унинг йўлига қарши чпқяпсиз?!
— Тушунолмаяпман, мен ҳукуматнинг қайси йўлига қарши чиқибман?
— Биз мавсумда минг тоннадан пахта териш бўйича республика механизаторларининг социалистик мусобақасини ташкил этмоқчи бўлиб турибмиз. Сиз ҳозир шунга қарши чиқяпсиз-ку?!
— Мен сохта, таги пуч мусобақанинг эмас, ҳақиқий социалистик мусобақанинг тарафдориман.
— Сиз биз ўйлаган одам эмас экансиз!..
Шундан кенин менинг у ерда ўтиришимга ҳожат қолмадп.
— Кечирасизлар, сизларга халақит бермай, бўлмаса,— дедим-да, хонадан чиқиб кетдим. Уйга таъбим хира бўлиб қайтдим.
Эртаси Янгийўл туманн марказида қишлоқ хўжалиги ходимларининг йиғилиши бор эди. Ўша йиғилишга бордим. Райком биноси олдида одамлар тўпланиб туришгаи эқан. «Коммунизм» колхозининг раиси Маҳмуд Исматов мени узоқдан кўринб, имлаб чақирди. У қўлида «Совет Ўзбекистони» газетасининг янги сонини тутиб турарди.
— Валентин, — деди Маҳмуд ака мен билан салом-алик қилгач.— Мен сени эсли-ҳушли, бамаъни йигит ҳисоблайман. Сендан бир нарсани сўрамоқчимиз: мухбирлар номингдан мақола ёзса, унга қўл қўйишдан аввал ўқиб, мағзини чақиб кўрасанми?
— Ўқиб кўраман.
— Ундай бўлса, нега мана бу мурожаатнома остига имзо чекдинг?! Бу икки дунёда ҳам бўлмайдиган савдо-ку?
Маҳмуд ака қўлимга «Совет Ўзбекистони» газетасини тутқазди. Не кўз билан кўрайки, унинг биринчи бетида кеча мен Марказий Қўмитада ўқиган, лекин имзо чекмаганим Мурожаатнома йирик ҳарфлар билан босилганди, остида менинг фамилиям ҳам турарди. Мен ёнимдагиларга кеча бўлган воқеани гапириб бердим. Лекин улар сўзларимга ишонқирашмади.
Шундан бери менинг олдимга журналист зоти келмайди. Менинг ҳам улар билан учрашишга унча иштиёқим йўқ. Фақир киши панада, деб эски вазифамни бажариб юрибман.
* * *
1959 йилнинг баҳорида республика журналистларининг Биринчи таъсис съезди бўлган. Ҳозирги «Баҳор» концерт залида ўтган бу съездда мен Тошкент вилояти Қорасув туман газетаси — «Ленин йўли»нинг штатсиз мухбири сифатида қатнашганман. Мазкур анжуманда республика раҳбарларининг деярли ҳаммаси қатнашган. КПСС Марказий Комитети тарғибот бўлими мудири ўринбосари Романов (исми ёдимдан кўтарилди) катта нутқ сўзлаб, республика газета ва журналларида босилаётган материалларнинг бадиий-сиёсий савияси, мавзулари хусусида анча батафсил гапиргаи. «Бу қандай гап, — деганди у, — республиканинг қайси газета ва журналини варақласангиз Турсуной Охунованинг расмига, у ҳақда ёзилган мақола ёки очеркка кўзингиз тушади. Нима, республика журналистларига Турсуной Охуновадан бўлак (нотиқнинг Турсуной дейишга тили келишмай, Тарсаной дегани ҳам ёдимда) механизатор, ундан бўлак Қаҳрамон топилмай қолдими? Ахир, ҳар бир киши ҳақида ёзишнинг маълум меъёри бўлнши керак. Бундай қилавериш у сингари бошқа меҳнаткашларнинг ғашини, келтириши, иззат-нафсига тегиши мумкин-ку?»
Съезд ҳам тугади. Лекин Турсуной Охунованинг таниш қиёфаси яна газета ва журналларда, телевизор экранларида тез-тез пайдо бўлаверди. Ҳеч ёдимдан чиқмайди, матбуотда ёзувчи Александр Солженицинга қарши тарғиботчилик бошланганда ҳам Турсуной Охунованинг мақоласи берилган. У Солженициннинг фамилияси ўзаги «лгать» (алдамоқ) сўзидан олинган, бундай фамилияли ёзувчи ҳаққоний асар ёзиши мумкин эмас, деган мазмундаги гапни айтган. Шунда мен «Иван Дештсовичнинг бир куни» номли дастлабки асари биланоқ жуда машҳур бўлиб кетган бу истеъдодли ёзувчининг асарини Турсуной Охунова жилла қурса қўлида ушлаб кўрганмикан, деб ўйлаб қолдим.
Республика матбуотида Турсуной Охунованинг механизаторлик фаолияти тўғрисида шов-шув гапларга зўр берилаётганда, бунинг сабаблари ҳақида бир қаламкаш сифатида мен ҳам ўйлаганман. Ҳатто бу ҳақда бир ҳурматли муҳаррирга савол ҳам берганман. У: «Турсуной Охунова — Турсуной Охунова бўлгани учун эмас, балки сиёсат учун кўтар-кўтар қилиняпти. Бундан кутилган мақсад эса ўзбек хотин-қизлари ўртасида механизаторлик касбига қизиқишни кучайтиришдир»,— деган эди.
Ушбу мақолани ёзиш учун қўлимга қалам олганимда бундан анча йиллар бурун айтилган мана шу фикр «лоп» этиб хаёлимга қелди. Беихтиёр Катта ўзбек совет энциклопедиясини қўлимга олиб, қирқ олти ёшида ўпка раки касалига чалиниб, вафот этган бу машҳур аёл ҳақидаги маълумотга кўз югуртирдим. «Охунова Турсуной 1937 йилда Тошкент вилояти Чиноз туманидаги Эски Тошкент қишлоғида туғилган — Ўзбекистонда хизмат кўрсатган механизатор, Меҳнат Қаҳрамони (1959 й.), 1962 йилдан фирқа аъзоси… Тошкент вилоят Чиноз туманидаги Киров номли колхозда колхозчи (1949—52 й.й.) «Пахта» МТСида механизатор. Яна Киров исмли колхозда тўла механизациялашган трактор-далачилик бригадаси бошлиғи ва механик-ҳайдовчи (1960 йилдан). Хотин-қизлар орасида механик-ҳайдовчилик касбини эгаллаш учун бошланган оммавий ҳаракатнинг ташаббускори… Тик шцинделли Пахта териш машинасини ишлаб чиқаришга жорий этишдаги хизматлари учун юксак мукофот лауреати (1967 й.)».
Энциклопедиядаги бу маълумотда фақат бир факт қайд этилмаган. Турсуной Охунова ўлимидан икки-уч йил аввал иккинчи қаҳрамонлик Олтин юлдузига сазовор бўлган.
Дарҳақиқат, кейинги 30—40 йил мобайнида Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида Турсунойдек довруқли одам бўлмаган. 60-йилларда республикада хотин-қизларни механизаторлик касбига жалб этиш бўйича олиб борилган сиёсат оддий ўзбек оиласида ўсиб, вояга етган шу аёл номи билан боғланиб, «турсунойчилик ҳаракати» деб аталган. Ўз даврида бу аёл ҳақида ёзувчилар китоблар, шоирлар қўшиқлар ёзишди. Ўзбек хонадонида қиз туғилса, исмини Турсуной қўйиш расм бўлди.
Маълумки, сиёсат ўзгартирувчи куч бўла олиш учун жамиятнинг моддий ривожи эҳтиёжларини тўғри акс эттирмоғи лозим. Халқнинг туб манфаатларидан келиб чиқмаган, жамият тараққиётининг объектив эҳтиёжларига зид равишда тузилган сиёсат ҳар қандай ташкилотчилик ва мафкуравий иш билан узвий равишда боғлаб олиб борилмасин, ҳеч бир истиқболга эга бўлмайди. Яқин ўтмишимиздаги турсунойчилик ҳаракати ҳам халқнинг туб манфаатларига зид, калтабинларча сиёсат эди. Шунинг учун ҳам унинг истиқболи бўлмади.
Тўғри, Иккинчи жаҳон уруши йилларида ҳам мамлакатда хотин-қизларни механизаторлик касбини эгаллашга даъват бўлган. Лекин бу иложсизликдан қилинганди, ўша пайтда йигитларнинг асосий қисми фронтларда жанг қилишаётганди, қишлоқ хўжалигидаги барча юмушлар хотин-қизлар, ўсмир болалар, қари-қартангларга қолганди. 60-йилларда эса вазият бошқача эди. Тўғри, бу пайтда ҳам йигитлар колхоз ва созхозлардан кетиб қолишаётганди, далалардаги оғир меҳнат хотнн-қизлар ва ўқувчилар зиммасига тушаётганди. Лекин бу пайтда йигитлар фронтга эмас, завод ва фабрикаларга, қурилишларга кетиб қола бошлашди, олди-сотди билан шуғулланишни одат қилишди. Ёнида қишлоқ хўжалик институти, техникумни битирганлик ҳақидаги дипломи билан газ сув, сомса сотаётган, ошхоналарда таъминотчи бўлиб ишлаётган азамат йигитлар кўпайди. Нега шундай бўлди? Сабаби, пахтага тўланадиган ҳақ билан тирикчилик қилиш оғир бўлиб қолди. Биз эса бу хатони тузатиш, техникани азамат йигитлар қўлига топшириш ўрнига хотин-қизларимизни илгаригидан ҳам оғирроқ меҳнатга жалб этиш сиёсатини юргиздик.
Худди танкдай қўпол пахта териш машинасини кун бўйи бошқариш қўлда етмиш-саксон килограмм пахта теришдан осон, деб ким айта олади? Бундай меҳнат ҳар қандай бақувват организмни ҳам ишдан чиқариши мумкин. Аёл организми эса минг-минг йиллик эволюция давомида еигил ишларга мослашган, оиладаги оғир ишларни бажариш ўзбекларда эркакларнинг вазифаси ҳисобланган. Шунинг учун ҳам бизда хотин-қизларни ўз оти билан «заифа»лар деб аташади. Биз эса пахта деб мана шу яхши миллий анъанамизни ҳам унутдик, бу демак, халқнинг тенг ярмини ташкил этган кишилар соғлиғини гаровга қўйдик.
— Россия газета ва журналларида аёлларни ғалла ўрадиган комбайн ҳайдовчилиги касбини ўрганишга даъват этувчи мақолаларни ҳеч ўқиганмисиз? — деди биз билан суҳбатда республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги Акушерлик ва гинекология институти лаборатория мудири, тиббиёт фанлари номзоди Галина Сергеевна Ҳожибоева. — Ахир, ғалла ўрадиган «Нива» комбайни бизнинг пахта терадиган машиналаримизга нисбатан ҳар томонлама қулай, ғаллазорларга пестицидлар пахтазорга нисбатан бир неча баравар кам сепилади-ку? Силкиниш (вибрация)нинг аёл организмига зарари тиббиётга аллақачоноқ маълум бўлган ҳақиқатдир. Айнан шунинг учун ҳам Италияда аёл кишининг ҳатто трамвай ҳайдовчилик касбида ишлаши ҳам қонун билан тақиқланган. Биз эса кўп йиллар давомида тескари сиёсат юргизиб, ўзбек хотин-қизларини пахта териш комбайни ҳайдовчиси касбини эгаллашга даъват этиб келдик.
Пахта териш комбайнларидаги кабиналар илгари ҳам, ҳозир ҳам аёл меҳнатига қўйиладиган тиббий талаблар ҳисобга олинмай тайёрланмоқда. Бундан ташқари, бу машиналардаги силкинишнинг юқорилиги аёлларга хос касаллар пайдо бўлиш эҳтимолини кучайтиради. Пахта териш комбайнларини бошқариш ҳозир республика қишлоқ хўжалигида кенг қўлланилаётган пестицидлар таъсирида ишлаш билан боғлиқки, бу ўз навбатида аёлларнинг бола туғиш қобилиятига салбий таъсир кўрсатади.
Ҳомиладор аёллар меҳнатига қўйиладиган талаб бўйича, аёл узлуксиз юк кўтарганда, юкнинг ўртача оғирлиги 1-2 килограммдан ортмаслиги лозим. Пахта териш комбайнлари ричагларини тортиш учун сарфланадиган куч эса ҳомиладор аёллар меҳнатига қўйиладиган тиббий талаблардан бир неча баравар юқоридир.
Мени ҳомйладор пахтакор аёлларнинг тақдири ҳам ғоят ташвишлантиради, негаки, бизда ҳомиладор пахтакор аёлларни енгил ишга ўтказиш ҳақидаги қонун ҳозиргача ҳам йўқ, пахтазорларда эса улар меҳнатидан фойдаланиш давом этмоқда. Улар пестицидлар таъсирида ишлаб, кун бўйи белга этак боғлаб пахта теришга, бетиним эгилиб-букилишга мажбур бўляптилар. Бу омиллар ҳеч сўзсиз аёлнинг ҳам, у туғадиган боланинг ҳам соғлигига салбий таъсир кўрсатади.
Республикадаги хотин-қизларнинг асосий қисми пахтачиликда банд эканлигини ҳисобга олиб, ҳомиладор пахтакор аёлларни, худди халқ хўжалигининг бошқа соҳаларида бўлгани сингари, ўртача иш ҳақларини сақлаган ҳолда нисбатан енгил ишларга ўтказиш масаласини қонунчилик йўли билан дарҳол ҳал этиш лозим деб ҳисоблайман.
Менимча, пахта териш комбайнларида ишлаш аёл кишининг эмас, кўпроқ эркак кишининг ишидир, чунки бу оғир меҳнат бўлиб, аёлнинг соғлиғига зарар етказишдан ташқари, уни дағаллаштиради, ундаги иффатни йўққа чиқаради. Шунинг учун механизаторлик касбида ишлаётган аёлларнинг барчасини бошқа, ўзига мос ишларга ўтказиш керак.
Мана, ҳозир Турсунойдай табиатан соғлом, дуркун ўзбек аёлининг қирқ олти ёшида ўпка раки касалига чалиниб, бевақт ўлиб кетиши у ишлаган дефолиантли далалар, техника шовқини, чанг, бензин, қорамой ҳиди таъсири эмас, деб айтишга ким журъат қила олади?..
1990 йил.