Сумоқ қишлоғидаги минг йиллик чинор Китоб ўрмон хўжалиги назоратчиси Муртазохон Олимовнинг томорқасига соя ташлаб туради. Чинорнинг соясига кўп асрлик ёнғоқ дарахтининг сояси қўшилиб кетган. Соялар қуюқлашган жойда саҳни кенг супа бор. Шу ерда Муртазохон билан суҳбат қуриб ўтирибмиз.
— Онам — Ҳикматой момо, инсоннинг ризқ-рўзи табиат бағрига сочилган, дер эдилар, — ҳикоя қилади Муртазохон Олимов. — Урушдан кейинги қаҳатчилик йиллари ҳамқишлоқлар у кишининг олдига маслаҳатга келиб туришган. Нон тақчил пайтлари ожуд ўсимлигининг илдизини лавлаги сингари дамлаб, кейин қатиққа белаб ейишни ҳам онамиздан ўрганганмиз. Сумоқ — узоқ тоғ қишлоғи бўлганлиги учун ҳинд чойлари ичиш расм бўлмаган. Биз фақат эрчойи, сунбулчой, зубтурумчой, жамбулчой, олволичой ичардик.
Муртазохоннинг укаси — муаллим Жамолхон Олимов икки чойнак чой кўтариб, даврада пайдо бўлади.
— Мана бу эрчойи ўсимлигидан дамланган, — Муртазохон чойни уч бор шопириб қайтарди-да, бироз тин бергач, пиёлага сокин қуйиб, тавозе билан узатди. Сариқ рангли, булоқ сувидан чойдишда қайнатилган хушбўй чойни қимматбаҳо шарбатдек ҳузурланиб ичдим. Биринчи пиёладаёқ таним яйраб, пешонамдан тер чиқди.
— Мана бу эса зубтурумчой, — Муртазохон иккинчи чойнакдан пиёлага қуйиб узатди-да, қўшимча қилди. — Далачой ҳам деб аташади.
Зубтурумчой ўзининг хуштаъми ва асалдек товланиши билан кишида хуш кайфият уйғотар экан. Зиғир ёғида дамланган паловдан сўнг сунбулчой, сувмурччой ичилди. Бу чойлар ҳам ёқимли мазаси билан кишига ҳузур бахш этарди. Кечга яқин Муртазохон ёввойи наъматакнинг бачки томиридан алоҳида чой дамлади. Бу чой ўзининг тез чанқоқни босиши, кишига тетиклик бағишлаши билан ажралиб турарди. Мезбон ўрмон чойлари ҳақида оҳиста ҳикоя қилади:
— Қадим Туркистонда кўп йиллик ўсимлик ва буталар, дарахт ҳамда илдизлардан қайнатма тарзида узоқ йиллардан буён фойдаланиб келинади. Уларни ўзига хос ном билан “ўрмон чойлари” деб ҳам аташ мумкин. Менинг ўзим йигирмадан ортиқ доривор ўсимликлардан, ўндан ортиқ бута ва дарахтлардан чой дамлаб ичиш мумкинлигини биламан. Масалан, олволи, нашвати, дўлана, беҳи, жийда, наъматак каби дарахтларнинг ҳам мевасидан, ҳам баргидан, ҳам нозик шохчаларидан, ҳам томирларидан хушбўй чой дамлаб ичиш мумкин. Булар минг йиллар давомида синовдан ўтган. Ўрмон чойлари биологик моддаларга бой бўлиб, овқатни ҳазм қилдириш, қувват бағишлаш, тетиклантириш хусусиятларига эга. Уларнинг қуйилтирилган қайнатмаси эса, турли хил хасталикларга даво.
Оқшом қўнгач, яна уч хил — газанда ўт, жамбул ва кийик ўтидан дамланган чойлардан бир пиёладан тотиб кўрдик. Бу ўрмон чойларининг ҳар бири ўз мазаси, хуш бўйи ва рангига эга эди. Шунда мен чой борасида одамлар нақадар оз билимга эгалиги ҳақида ўйладим.
Кейинроқ чой тарихига оид адабиётлар билан танишиб чиқишга тўғри келди. Чой ва унинг истеъмол қилинишига боғлиқ мухтасар маълумотлар билан қизиқиб қолдим.
Чой тропик кўп йиллик ўсимлик бўлиб, унинг ватани — Хитой ҳисобланади. Унинг икки тури бор — бутасимон ва дарахтсимон чой. Ҳар икки тури ҳам юз йилдан ошиқ яшайди. Бутасимонининг баландлиги 3 метргача етади ва у хитой ҳамда япон чойи деб хилланади. Дарахтсимон чойнинг баландлиги 10—15 метр келади. У асосан жанубий-шарқий Осиёда ўсиб, Ҳиндистонда ассам чой деб юритилади. Унинг ассам, лушаи, хилл, манипури, бирма, кашмири каби хиллари мавжуд. Чойнинг икки турига учинчи бир тур — олмагули чойни ҳам қўшишади. Чой ичимлиги — қора, кўк, сариқ ва қизил чой деб рангига кўра ажратилади.
Чой ичимлиги ҳақида эрамизгача бўлган 2700 йиллардан қолган ёзма манбаларда эслатмалар бор. Чой маданий экин сифатида эрамизнинг тўртинчи асридан Хитойда, тўққизинчи асридан эътиборан эса, Япония ва Кореяда экилмоқда. 1824 йилдан бошлаб бу ўсимлик Индонезияда, 1834 йилдан Ҳиндистон ва Цейлонда, 1847 йилдан эса Гуржистонда уруғи ва кўчати экиб ўстирилаётир. 1885 йилда Ожорда, 1901 йилда Краснодарда, 1912 йилда Озарбойжонда биринчи чой пайкаллари ташкил этилди. Ҳозир мамлакатимизда 80 минг гектарга яқин майдонда чой етиштирилади.
Ўзбекистонда “ҳинд чой” ёки “95” чойнинг таърифини тез-тез эшитасиз. Бу нав чойлар “энг зўр” деб тан олинади. Ҳақиқатан ҳам шундайми? Табиий чойга тенг келадиган бошқа ўсимликлар йўқми? Бу саволга: “Бор ва уларнинг хили кўп”, деб жавоб қайтариш мумкин. Биргина наъматакнинг мевасини олиб қарайлик. Пишган наъматак мевасидан дамланган чой ҳинд чойидан ҳам хушбўйроқ ва турли хил дармондориларга бойроқдир. Унда фаол физиологик моддалар оддий чойга нисбатан анча кўп бўлиб, ўзининг шифобахш хусусиятлари ва чарчоқни бир зумда тарқатиши, ташналикни қондириши билан ажралиб туради.
Қадим Мовароуннаҳр ва Хуросон халқлари йилнинг турли фаслларида турлича ўсимликлардан дамланган ичимликларни ичишга одатланишган. Масалан: эрталаб таркибида куч-қувват бағишловчи, тетик ва ҳушёр қилувчи моддаларга бой дўлана, наъматак, олма чойи ичишса, тушда чанқоқни яхши қондирувчи чой ўти ёки жамбулдан тайёрланган қайноқ ичимлик ичишган. Оқшом ва кечқурунлари эса палов ва димламадан кейин кишига хуш кайфият бағишловчи ва овқатни ҳазм қилувчи ялпиз ёки зубтурумдан дамланган чойни севиб истеъмол қилишган.
Ўзбекистонда чой ўрнида дамлаб ичиладиган йигирмага яқин шифобахш ўсимлик ва мевалардан қадим-қадим даврлардан буён фойдаланиб келинади. Уларда чой ва кофе ўсимликларида бўлган кофеин алкалоидлари йўқ. Маълумки, кофеин моддаси асабларни зўриқтириб юборади. Асаблар эса сершовқин асримизда шундоқ ҳам таранглашиб кетганлигини эътиборга олсак, ўрмон ва тоғларда ўсадиган “чой ўсимликлари”дан тайёрланган шифобахш ичимликнинг қадри яна ҳам ошади.
Ўрта Осиёга, шунингдек Туркистонга ҳинд чойининг кириб келганига унча кўп вақт бўлгани йўқ. Эътибор қилган бўлсангиз.
Алишер Навоий асарларида, ҳатто «Бобурнома»да ҳам чой ҳақида, чой ичиш тўгрисида бирорта ҳам сўз учратилмайди. У пайтларда чанқоқбосди ичимлик ўрнида турли хил мева шарбатлари, шифобахш ўсимликларнинг қайнатмалари ва гулоблардан фойдаланилган. Палов, кабоб, димлама ва бошқа гўштли овқатлардан сўнг зира ва кийикўтидан дамланган қайнатмалар чой ўрнида ичилган.
Ўн тўққизинчи асрнинг ўрталаридан бошлаб ҳозирги Ўзбекистон территериясида ҳинд чойи ичиш кишилар турмушига кириб борди. Бунга Ҳиндистон билан савдо-сотиқнинг ривожлангани асосий сабаблардан бири бўлган. Ҳинд савдогарлари Туркистонга кўплаб чой тойлари олиб киришган. Шундай қилиб ўзбекларда чойхўрлик одат тусига кирган. Аста-секин оммавий чой ичиш ва гурунг бериш масканлари — чойхоналар пайдо бўлган. Энди эса чойхонаси йўқ қишлоқ “обод қишлоқ” деб аталмайди.
Урушдан кейинги даврларда магазинларда ҳинд ва грузин чойлари кўплаб пайдо бўлгани учун одамлар ўрмон чойларидан истеъмол қилишни бир қадар унутишди. Иккинчи жаҳон урушига қадар ва уруш йилларида фақатгина туркона — ўрмон чойлари ичиларди, бу чой кишиларни бардам ва соғ-саломат умр кўришларига беминнат хизмат қиларди. Ўрмон чойлари узоқ-узоқ асрлар давомида халқ томонидан синовдан ўтказилган бебаҳо хазина эканлиги негадир, бугунги кунда унутиб қўйилди. Энди ёшларга ялпиз чой, қулупнай чой, райҳончой, ширғанак чой, дўлана чой, наъматак чой, олтин илдиз чойи, муғулчой, қалмиқ чой, қозоқи чой… деб айтсангиз, ажабланиб кулиб қўйишади. Бу чойлар дармондориларга бой бўлиб ўзидаги модда алмашинувини яхшиловчи, тинчлантирувчи ва ором бағишловчи хусусиятлари билан аждодларимиз меҳрига сазовор бўлган. Улардан тайёрланган ичимликлар мунтазам равишда истеъмол қилинса, организмнинг турли хасталиклардан ҳимоя фаоллиги ошади, қон айланиши ва озиқ моддалари алмашинуви яхшиланади, бадан териси соғлом ва узоқ яшовчанликка эришади.
Афсуски, республикамизда ана шундай ажойиб чой ўсимликларини кўплаб ўстириб, саноат усулида ишлаб чиқариш йўлга қўйилмаган. Истардикки, ялпизчой, жамбулчой, эрчойи, наъматакчой, ширғанакчой ва ҳоказо номлардаги ўзбекча чойлар ҳам қадоқланиб, чиройли қутичаларда савдога чиқарилса. Одамлар таъбига қараб, хуштаъм ва саломатликка ғоят фойдали ўрмон чойларидан баҳраманд бўлишса. Шунга кўра, мутасадди ташкилотлар ва кенг жамоатчилик туркона — «ўрмон чойлари» ишлаб чиқариш ва эл дастурхонига тортиқ қилиш ҳақида ўйлаб кўришлари керак. Ишонч билан айтамизки, бу чойлар ҳам ҳинд чойлари каби машҳур ва яна қайтадан севимли бўлади.
Ўзбекистоннинг қайси бурчига борманг, пештоқига «Хуш келибсиз» деган ёзувли чойхоналарга рўбарў келасиз. Бу чойхоналарда ҳинд ва грузин чойлари қатори ўнлаб хилдаги туркона чойлар ҳам таъбга қараб дамланганига нима етсин! Ўшанда бу оромгоҳларни ҳақиқий «ўзбек чойхоналари» деб минг бор фахрлансангиз арзирди…
«Гулистон» журнали, 1989 йил, 5-сон