Нутқнинг хушовозлиги ҳақидаги билимларни эвфонология ўрганади. У хушовоз ва жўн нутқнинг сифатларини тавсифлайди. Шунингдек, товуш бирикувларининг бир хиллари хушовоз, бошқа бирлари хушовоз бўлмаган сифатларда жаранглайди. Тилларни бундай гуруҳларга бўлиш қулдорлик жамияти давридан бошланган. У вақтда ўзга тилларга душманларча қаралиб, уларни камситишга ҳаракат қилинган эди. Кишилар ўз қабила тилларига нисбатан тўғри муносабатда, лекин бошқа қабилаларнинг тилларини жон-жаҳди билан инкор этиш оқибатида шундай ҳоллар содир бўлган эди.
Кишилараро муомаланинг энг муҳим қуроли — тилнинг ижтимоий моҳиятига тўғри муносабатда бўла олмаслик, объектив баҳо бермаслик синфий жамиятлардаги тенгсизлик, социал тараққиётнинг чекланганлиги билан боғланган бўлиб, фақат марксча-ленинча таълимотгина тилларнинг келиб чиқиши, тарихий тараққиёти, жамиятдаги роли, ўзаро муносабати ва бошқа масалаларнинг аниқ йўлларини кўрсатиб берди.
Дунёдаги барча тиллар овоздан фойдаланадилар, яъни турли тиллардаги овознинг тузилиши бир хил бўлиб, лекин бундан фойдаланишда фарқ бўлади, масалан, ўзбек тили овознинг тонига, рус тили чўзиқлигига, хитой тили тоннинг йўналишига кўпроқ асосланади. Ҳозирги замон фонетикаси ҳар бир миллий тилнинг овоз жиҳатдан ифодаланиши мислсиз индивидуал, ўзича гўзал ва хушовозлигини кўрсатади. Ҳар бир тил ўзининг бой фонетик имкониятларига, ички ўзига хос хусусиятларига эгаки, улардан оқилона фойдалана билиш нутқнинг хушовозлигини, ёқимлилигини яратади. Шунинг учун барча тиллар ва жумладан ўзбек, рус, хитой тиллари, дунёдаги барча бошқа тиллар ҳам ўзича гўзал, хушовоз тиллардир.
Табиийки, ўзбек нутқининг хушовозлиги ва мусиқийлиги негизида ўзбек тили ва ўзбек тили нутқининг ички хусусиятлари ётади: ўзбек нутқида қўлланадиган сўзлардаги бўғинларнинг кўпчилиги очиқ бўғинлардир. Очиқ бўғинлар ёпиқ бўғинларга нисбатан овоз жиҳатдан бироз кучли бўлади, шунинг учун очиқ бўғинларнинг хушовозликка ижобий таъсири шубҳасиздир, масалан, «тошлоқ», «аъло» сўзларини олиб қарайлик, биринчи сўзнинг ҳар икки бўғини ёпиқ, иккинчи сўзнинг ҳар икки бўғини очиқ бўлгани учун йўғон, қўполроқ «тошлоқ»қа нисбатан «аъло» сўзидаги хушовозлик, ёқимлилик устун эканлиги шундоққина сезилиб туради.
Ўзбек нутқида овозли товушлар: унлилар, сонорлар ва жарангли ундошлар тез-тез такрорланиб туради. Ўзбекча нутқ энг аввал унлилар орқали ҳушовозликка эришади, унли билан ундошларнинг бирикиб келиши эса, буни кучайтиради. Ўзбек адабий тилида овозли товушлар жарангсиз товушларга нисбатан кўп қўлланилади, яъни ўзбек нутқининг 70 фоизи жарангдор товушларга тўғри келади.
Ўзбек адабий тилида сингармонизм сўнган бўлиб, хушовозликни урғу яратади. Бунда урғули бўғин сўзнинг овоз маркази бўлиб хизмат қилади, овознинг баландлигини, кучини ва миқдорини орттиради, товуш сифатларини ёрқинлаштиради, талаффузнинг қулай бўлишини таъминлайди. Ўзбек тилидаги товушлар комбинатор ўзгаришга кўпроқ учрайди. л, и, т товушлари билан ёнма-ён келганда унлилар юмшоқроқ айтилади (йалла, ата, ёй), сўз бошидаги, сўз ўртасида келган жарангли ундошларнинг жарангдорлиги тўла сақланади (бор, гул, дада, ғўза, завқ, ижобий), сўз охирида эса жарангсизланади (талап, сабап, март). Ҳозирги ўзбек адабий тилида сўз ўртасида турли хил товуш бирикувлари билан бирга бир хил сифатга эга бўлган ундошларнинг, яъни тт, кк, дд, шш, чч, вв, мм, нн (катта, ҳакка, содда, пашша, кисса, оппоқ, почча, қувват, амма, чинни) каби гемикатларни учратамиз. Бу ўзбек талаффузининг ўзига хос нозик фонетик белгиси бўлиб, ифодавийликни, хушовозликни — кучайтиради.
Ўзбек тили талаффузида силлиқ л, й ва бурун товушлари н, м катта роль ўйнайди; булар нутқни мусиқий қилади. Товуш пайчалари ва уларнинг асосий тони унинг айрим даврларда содир бўладиган узлуксиз ўзгаришлари натижасида юзага келгандир.
Нутқ сўзловчининг вазифаси ўз нутқида бу ажойиб табиат гўзаллигини акс эттиришдан иборатдир.
Аҳмаджон Маҳмудов, филология фанлари доктори
Фарида Алимхўжаева
«Гулистон» журнали, 1989 йил, 2-сон