Мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳот қайта қуришнинг энг муҳим жиҳати бўлиб, у ўз ривожидаги якуний нуқтага — бозор иқтисодиётига ўтиш билан боғлиқ бўлиб қолди. Бозор иқтисодиётига ўтиш орқали бошқаришнинг маъмурий-буйруқбозлик усули иқтисодий усул билан алмаштирилиши керак. Бозор иқтисодиёти деганда товарлар харид қиладиган деҳқон бозорини ёки чайқов бозорини тушуниш нотўғридир. Бозор бу — кенг маънода сотувчи ва харидор ўртасидаги олди-сотди алоқалар бўлиб, у пул воситасида амалга оширилади, савдонинг ва моддий-техника таъминотининг барча турларини ўз ичига олади. Албатта, бунга деҳқон бозори ҳам киради, лекин унинг таркибида давлат ва ширкат савдо, корхона ва ташкилотларнинг моддий-техника таъминоти асосий ўрин эгаллайди.
Бозор иқтисодиёти — бу бозордаги молларга бўлган талабни қондирувчи, бозордаги вазиятга қараб ўзгариб турувчи, шароитга ғоят мослашувчан ишлаб чиқариш омили демакдир. Айни вақтда бу олди-сотдилар жараёнида молларни адолатли баҳолар билан, яъни эквивалент айирбошлаш, бу баҳоларнинг талаб ва таклифга қараб ўзгариб туришини, шу муносабат билан маҳсулотларни бозорда уларнинг ўтиши ёки ўтмаслигига қараб ишлаб чиқаришни билдиради. Шундай қилинганда истеъмолчи, яъни харидор ўз шартини қўяди, ишлаб чиқарувчига ўз измини ўтказади, у товарларни ўз билганича танлаб олиш имконига эга бўлади. Бунинг учун, албатта, ишлаб чиқаришдаги айрим корхоналарнинг якка ҳокимлиги — монополияси, қолаверса, зўравонлиги тугатилиши керак. Бир-бирининг ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришда корхоналар бир-бири билан рақобат қилиб, харидорни ўзининг мижозига айлантиришга интилиши пайдо бўлади. Рақобат маҳсулот сифатини ошириш, унинг сарф-харажатларини пасайтириш омилига айланади. Бунинг учун давлат корхоналари ўрнига кўплаб майда ва ўртача жамоа корхоналар, ширкатлар ва ҳатто шахсий корхоналар пайдо бўлиши керак. Давлат корхоналарининг ҳукмронлиги барҳам топади, улар ҳам рақобатга киришадилар. Умуман давлат корхоналарининг сони кескин қисқартирилади. Агар ҳозир давлат корхоналари қўлида асосий ишлаб чиқариш воситаларининг 80 фоиздан зиёдроқ қисми бўлса, кейинчалик уларни тахминан 25 — 30 фоизи давлат қўлида қолиши керак. Бозор иқтисодиёти мулкчиликнинг хилма-хиллигини, корхоналар турини кўпайтиришни билдиради, токи улар жамият эҳтиёжини қондириш, бозордаги харидорни оғдириб олиш учун беллашсинлар. Янгича, иқтисодиёт корхоналарни тўла-тўкис мустақил бўлишини, ҳатто уларни ташқи савдо юритиш ва валюта олиб, уни ишлатишда ҳам ўз ҳуқуқини топиб олишни талаб қилади. У марказдан туриб планлаштиришни анчагина чеклаш, режалаштириш ишининг оғирлик марказини корхонага кўчириш, нарх белгилашда давлат идоралари ҳуқуқини чеклаш, нархни битимга биноан белгилашни, корхона билан давлат ўртасидаги молиявий муносабатлар асоси солиқ тўлаш муносабати бўлишини тақозо этади.
Бозор иқтисодиёти — бу иқтисодий эркинлик, ҳақиқий демократия, лекин тартибсиз, ўзи бўларчилик эмас, албатта. Гап шундаки, ҳозир ҳеч қаерда XVIII — XIX асрдаги стихияли, бошқариб турилмайдиган бозор экономикаси йўқ. Ҳамма ерда уни жамият тартибга солиб туради. Бу қоида биз мўлжаллаган бозор иқтисодиётига ҳам тааллуқли.
Хўш, уни ким, нима билан тартибга солади?
Иқтисодиётни, биринчидан, бозорнинг ўзи тартибга солиб туради. Иккинчидан, бу ишни жамият номидан давлат бажаради. Бундай қонунларга риоя этмаган корхона узоққа бормайди. Масалан, қиймат қонунини олайлик. Унга кўра ҳар бир корхона ўз маҳсулотига ижтимоий даражада меҳнат сарфлаши керак. Бунинг маъноси шуки, жамият эҳтиёжини қондиришга етарли миқдорда ва сифатли меҳнат сарфланиши тақозо этилади. Бозор мана шундай сарфнигина эътироф этиб, тан олади, яъни мана шу сарфга яқин нархдагина маҳсулот сотилиши мумкин. Агар корхона ўз сарфини бундан ошириб юборса, зарар кўради ёки фойдани ғоят кам олади, агар уни бу даражадан пасайтирса, фойдани кўп олади, гуллаб-яшнаб кетади. Корхона сарфининг ижтимоий сарфга тенглаштирилиши унинг харажатини пасайтириб боришга, товар сифатини яхшилашга ундайди. Бозор бошқаргич — бу маҳсулотга талаб ва унинг таклифи ҳақидаги иқтисодий қонундир. Талаб ва таклиф мувозанатда бўлиши керак. Талаб ошса, нарх кўтарилиб, сотувчи фойдаси кўпаяди, талаб пасайиб, таклиф ошиб кетса, аксинча ҳодиса юз беради. Бозордаги талаб ва таклифга қараб ишлаб чиқариш ўзгариб туради. Муайян маҳсулотга талаб ошса, унда ишлаб чиқариш кўпаяди, ишлаб турган корхоналар кенгайтирилади, янги корхоналар қурилади. Агар талаб камайса, шунга кўра ишлаб чиқариш ҳам қисқаради. Хуллас, бозор ҳолатига қараб ишлаб чиқариш воситалари ва ишчи кучи турли соҳалар ўртасида кўчиб туради, иқтисодий шаклланиш юз беради.
Давлат ўз қўлидаги иқтисодий воситалардан фойдаланиб бозор бошқаргичга таъсир қилади. Давлат нарх-навони тартибга солиши мумкин. У энг муҳим маҳсулотлар нархини (булар бозордаги ҳамма нархларга таъсир қилади) энг юқори чегарасини белгилаб қўядики, амалдаги нархлар ундан ошмаслиги керак. Акс ҳолда, чайқовчилик пайдо бўлади. Давлат буюртмаси йўқ бўлмаса-да, кам миқёсда сақланади. Давлат ўз буюртмаларининг баҳоси орқали бошқа нархларга таъсир қилади. Давлат қўлида молиявий восита — солиқлар мавжуд. Давлат солиқларни ошириш ёки камайтириш орқали корхона ишини тартибга солиб туради.
Давлатнинг яна бир воситаси — бу бай беришдир. Қарз ҳақи бўлмиш фоиз даражасини ўзгартириб туриш орқали ҳам давлат иқтисодиётига таъсир қилади. Масалан, давлат енгил саноатга бериладиган бай учун фоиз тўловини паст белгилаб қўйса, шу соҳага келадиган пул кўпаяди. Қарз ҳисобидан корхоналарни қайта жиҳозлаш, янги корхоналарни қуриш авж олади, чунки қарз арзонга тушади. Қарз фоизи фойда ҳисобидан берилади. Фоиз қанча паст бўлса, шунга кўра фойданинг кўп қисми корхонага тегади. Давлат экспорт-импорт жараёнларини рағбатлантириш орқали ҳам иқтисодиёт ишига аралашади, чунки булар ички бозор ҳолатини ўзгартиради. Агар импорт кўпайса, корхоналар харидорни оғдириб олиш учун ўз маҳсулотлари сифатини ошириши, уни арзонга тушириши керак бўлади. Хуллас, бозор иқтисодиётини бошқариб туриш усуллари кўп, улар фаол қўлланмаса иқтисодий тартибсизлик, ўзибўларчилик пайдо бўлиши мумкин, бу эса ғоят нохуш воқеадир.
Янгича иқтисодиётга ўтиш Ўзбекистон учун қийин масала эканини унутмаслик керак. Гап шундаки, Ўзбекистон иттифоқдаги иқтисодий жиҳатдан энг камбағал жумҳуриятлардан биридир. У аҳоли жон бошига яратилган миллий даромад, аҳоли даромади ва истеъмоли жиҳатидан охирги ўринларни эгаллайди. Масалан, ишчи ва хизматчи оиласининг жон бошига теккан бир ойлик даромад 1988 йили қуйидагича бўлди: Литва — 181,6 сўм, Эстония — 177,9 сўм, РСФСР — 165,1 сўм, Белоруссия — 163,6 сўм, Ўзбекистон — 100,6 сўм, Тожикистон — 80,7 сўм. Жамоа хўжалигида ишлайдиган оиладаги тафовутлар ҳам бундан оз эмас, жон бошига олган бир ойлик даромади жиҳатидан Ўзбекистон фақат Тожикистондан олдинда туради. Бу даромад Ўзбекистонда 70 сўм, Украинада 138,6 сўм, Грузияда 140 сўм, Молдавияда 129,9 сўмни ташкил этди. Токи, жумҳуриятимиз иқтисодий жиҳатдан заиф экан, унинг корхоналари бозор иқтисодиёти шароитидаги рақобатга бардош бераолмайди. Ўзбекистонда техникавий заиф, юксак малакали ишчи кучи етишмаган, зарарига ишловчи корхоналар оз эмас, албатта. Улар янги иқтисодиётга ўтишга ҳозир тайёр эмаслар.
Яна бир муаммо — жумҳуриятимизда ишсизларнинг кўплиги, камбағал оилалар қатламининг катта бўлишидир. Бу биз учун аҳолини ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш масаласини ниҳоятда долзарб қилиб қўяди. Гап шундаки, ҳозироқ жумҳуриятда тақчиллик кучайди, бунинг устига бозорга мўлжалланган маҳсулотларнинг катта қисми ўлкамизга ташқаридан келтирилади. Халқ истеъмолининг бошқа жумҳуриятлар ишлаб чиқаришига қарамлиги муаммоларни янада кескинлаштиради. Ҳозир пулнинг қадрсизлиги тобора чуқурлашиб бормоқда. Натижада пул даромадларининг чўғи камаймоқда. Бу ҳол камбағалчиликнинг кескинлашувига олиб келади. Камбағал аҳоли, яъни кам таъминланган аҳоли салмоғи жиҳатидан жумҳуриятимиз СССРда юқори ўринда туради. Ҳозирги ўлчовда камбағаллар — жон бошига ойлик даромади 70 — 80 сўм бўлган кишилардир. 1988 йилги маълумотга кўра, Ўзбекистонда 75 сўмга қадар даромад олувчилар умумий аҳолининг 43 фоизини ташкил этади. Одатда жумҳурият аҳолисининг 9 миллион кишиси камбағал деб юритилади. Агар биз пулнинг қадрсизланишини ҳисобга олсак, аҳолининг 50 фоизи камбағаллашади, дейишимиз мумкин. Камбағал аҳоли сони 12,5 миллион киши, деган фикрлар ҳам бор. Камбағаллар орасида ўта муҳтожлари ҳам бор. Масалан, кам даражада овқатланиш учун ойига 36 сўм пул керак, ваҳоланки, ойлик даромади 25 — 30 сўм бўлган кишилар ҳам бор. Мана шулар энг камбағал қатлам. Камбағалларнинг аксарият қисми қишлоқ аҳли. Жумҳуриятимизда жамоа хўжалигида ишлайдиганлар бир йил деганда жон бошига 8 килограмм гўшт истеъмол қилиши ўта камбағалликнинг яққол аломати эмасми?
Бозор иқтисодиётига ўтиш учун камбағалларни нархнинг ошишидан ҳимоя қилиш керак. Акс ҳолда улар оғир аҳволга тушиб қоладилар. Бизнинг ҳисоб-китобимизга кўра, 10 миллион камбағални кам даражада озиқ-овқат билан таъминлаб туриш учун 3,6 миллиард сўм маблағ керак. Нарх ошган шароитда бу пулни камбағалларга бериш керак ёки шу пул ҳисобидан уларга талон билан ҳозирги нархда озиқ-овқат сотиш керак бўлади.
Бозор иқтисодиёти шароитида, айниқса унинг дастлабки босқичларида ишсизликнинг кўпайиб бориши муқаррар. Гап шундаки, техника янгиланиб, ишчи кучи сиқиб чиқарилади. Ўзбекистонда ёпиладиган ва қайта қуриладиган саноат корхоналари кўп бўлиши мумкин. Аҳоли тез ўсишидан ҳозирнинг ўзида Ўзбекистонда 1 миллион кишига яқин ишсизлар бор. Хомаки ҳисоботларга кўра, бозор иқтисодиётига ўтганида жумҳуриятимизда 1994 йилга бориб ишсизлар 2,5 миллион, жами 5 миллион киши ишсиз бўлиши мумкин. Бу — ғоят ўткир ижтимоий масала. Буни ечиш учун янги иш жойлари ҳосил этиш зарур. Унгача ишсизлик учун нафақа жорий этиш керак. Ўзбекистонда ишсизлик миқёси катта ва у узоқ давом этиши муносабати билан нафақа кам иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида берилиши керак. Аҳолини иш билан таъминлашнинг барча йўлларини қўллаш зарур.
Албатта, истиқбол жиҳатидан замонавий технологияга эга корхоналарни қуриб, шу ерда ишсизларни банд қилиш мумкин, лекин бу катта капитал маблағ талаб қилади. Шу сабабдан арзон турадиган иш жойларини яратиш йўлидан ҳам бориш мумкин. Бу нафақат жойларда завод-фабрикалар бўлимларини очиш, сермеҳнат деҳқончилик турларини жорий этишдир. Аҳолига майда шахсий ёки оилавий корхоналар очишга рухсат бериш, майда савдо, маиший хизмат кўрсатишга ўтиш иш билан банд бўлишга кўмаклашади. Яна бир мулоҳаза — бу, уйда ўтириб ишлаш ҳақидаги фикрдир. Айниқса, бу йўл тикувчиликда иш беради. Мазкур соҳани ривожлантириш учун қулай шароит бор: биринчидан, мураккаб бўлмаган тикувчилик маҳсулотига талаб-эҳтиёж ғоят катта. Масалан, сочиқ, рўмолча, чойшаб, ёстиқ жилд, медицина ва техникада кийиладиган коржомаларни ҳар йили ташкилотлар ва корхоналар учун сотилиши миллиард сўмга етади. Бу кенгайиб борувчи сотиш бозорининг борлигидан далолат беради; иккинчидан, уйда ишлаш ишлаб чиқариш бинолари ва меҳнатни техника билан жиҳозлаш учун катта пул талаб қилмайди. Ишчи ва хизматчиларнинг 54,9 фоизи ўз уйига эга, уларнинг 39,9 фоизи алоҳида хонадонларда яшайди. Жамоа хўжалигида яшайдиганларнинг 78 фоизи жон бошига 9 квадрат метр уйга эга. Бинобарин, у й шароити маблағ сарфламай ишлаш имконини беради.
Одатда тикувчилик учун машиналар етишмаслиги рўкач қилинади. Аслида чок машинаси бўлмаган оила кам. Ҳозир ҳар 100 ишчи ва хизматчи оиласида 66 тикув машинаси, колхозчи оиласида эса 64 та шундай машина бор. Бас, шундай экан, катта моддий сарфсиз иш жойи ҳосил этиш мумкин. Бунинг устига оддий нарсаларни тикиш учун юксак малака талаб этилмайди.
Бизнинг шароитда иш билан таъминлашнинг арзон йўли тез бузиладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишловчи майда корхоналар очишдир. Бу ҳам кўп пул, узоқ вақт ва юқори малака талаб қилмайди. Бундай корхона, лар маҳсулотига ҳам бозор мавжуд. Шуни айтиш кифояки, жумҳурият аҳолиси ҳар йилги ёз мавсумида 1,5 — 2 миллион банка сабзавот маҳсулотларини уйда консервалайди. Демак, шундай маҳсулотга талаб-эҳтиёж мавжуд. Ишсиз аҳолини бошқа жумҳуриятларда мавсумий иш билан таъминлаб, унга қисман бўлса-да, пул топиш имконини бериш мумкин. Шунингдек, ишчи кучини хорижга экспорт қилиш ҳам ишсизликни бартараф этиш воситасидир. Бунинг учун албатта ёшларга чет эл технологияси ва чет эл тилини чуқур ўргатиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Камбағалларни ижтимоий ҳимоя қилиш ишсизларга ёрдам бериш билан чекланмайди. Гап шундаки, Ўзбекистонда ишловчилар орасида айниқса қишлоқдагилар орасида камбағаллар кўп. 1989 йил жамоа хўжалигидаги 59,9 фоиз оилаларнинг даромади жон бошига 50 сўм, ўртача даромад 70 сўмга тенг бўлди. Демак, уларнинг мутлоқ кўпчилиги камбағаллардан иборат. Жамиятнинг уларга ёрдами икки йўлдан иборат. Биринчидан, уларнинг меҳнат унумини ошириб, қўшимча даромадни ишлаб топиши ва камбағалликдан чиқишига шароит яратиш зарур, иккинчидан, мавжуд даромадларни камбағаллар манфаатига тақсимлаш мумкин.
Камбағалпарварлик жиҳатидан тақсимлашнинг икки томони бор. Бу раҳм-шафқат жиҳатидан зарур, лекин бу меҳнат стимулларини заифлаштиради. Мана шу сабабли тақсимлашга эҳтиёткорона ёндошув маъқул бўлади. Камбағал оилаларга унинг муҳтожлигини ҳисобга олиб, қўшимча ер берилса, улар ўз меҳнати билан даромад топишади. Бундан ташқари мазкур қатлам аҳолига бир қатор имтиёзлар берса бўлади. Булар жумласига биринчи навбатда яхши ишга жойлашиш, малака ошириб, янги касбни эгаллаш, уй олиш, йирик шаҳарларга прописка қилиш, даволаниш, дам олиш, болаларни ўқишга, боғчаларга жойлаштириш соҳасидаги имтиёзлар киради. Камбағаллик миқёсининг кенглигини ҳисобга олиб, уларга ижтимоий ёрдам бериш тўғрисида президент фармони ёки жумҳурият Олий Советининг махсус қарорини қабул қилиш мумкин.
Бозор иқтисодиёти ижтимоий табақаланишни шубҳасиз кучайтиради, лекин бу жараён ҳам назорат қилиниб, тартибга солиниб турилади. Ижтимоий ёрдам режаларини ишлаб чиқиш, уларни амалга ошириш орқали давлат ва корхона жамоалари жамиятдаги ижтимоий мувозанатни таъминлай оладилар. Ижтимоий зиддиятлар маълум доирада ва даражада бўлиши мумкин. Акс ҳолда у сиёсий беқарорликка олиб келади. Ижтимоий табақаланиш яхши яшашга ҳавас уйғотиб, яхши ишлаб даромад топишга ундайди, лекин у генгсизликни келтириб чиқаради. Бу тенгсизлик анча юқори турмуш даражаси шароитида юз беради, у камбағаллар тенглигидан афзалдир.
Аҳмад Ўлмасов, Жумҳуриятда хизмат кўрсатган фан арбоби, иқтисод фанлари доктори, профессор
«Гулистон» журнали, 1990 йил, 7-сон