Абдувоҳид Ҳайитов. Маънавиятимиздаги дарзлар (1990)

Тарихда қайсики одил ҳукмдор, қайсики одил жаҳонгирни эсламайлик, улар маърифатхоналар ҳисобланмиш кутубхоналарга кўп эътибор берганлар. Етук кутубхоналарга эга давлатларда мутафаккирлар етишиб чиққан, ёки аксинча, мутафаккирларнинг дунёга келиши учун етук кутубхоналар бунёд этилиши шарт бўлган. Искандар Зулқарнайннинг жаҳонгир бўлиши учун устози Арастунинг хизмати қанча кўп бўлса, Румда туриб бутун дунё сирларини билган Арастунинг мутафаккир даражасига етишишида унга босиб олинган юртлардан таланган китобларни юбориб турган шогирди Искандарнинг хизмати ҳам шунча кўп бўлган. Ибн Синогача ҳам Бухоро амирлигининг донғи кетган, кейинчалик ёнғинга учраган кутубхонаси бўлганлиги тарихдан маълум.

Темурнинг икки хазинасидан бири — тўплаган бой кутубхонаси ҳисобланган. Бу маънавият хазинасининг меваси сифатида ундан кейин ўтган Улуғбек, Алишер Навоий, Али Қушчи, Бобур каби юртимизни жаҳон маърифати ўчоғига айлантирган юзлаб алломаларни биламиз.

Шундан кўринадики, халқимиз китобни азалдан суйган ва кўз корачиғидай сақлай билган. Ўтмиш китобларининг бизгача бежирим етиб келишининг битта сабаби уларнинг ниҳоятда пишиқ ишланганлиги бўлса, иккинчиси, авлодлар учун аждодларимиз томонидан авайлаб-асралганлигидир.

Хўш, халқимиз юз фоиз саводхон деб баралла айтилаётган бугунги кунда китобларга муносабат қандай? Кутубхоналарда сақланаётган китоблар кўнглимизни тўлдирадими? Бу китоблардан бугунги авлод қай аҳволда фойдаланяпти?

Биз бу саволларга жавоб топиш мақсадида жумҳуриятимиздаги асосий китоб маскани бўлмиш Навоий номли давлат кутубхонаси аҳволи билан танишдик. Бизнинг айнан шу кутубхонага қадам ранжида қилишимиз ҳам бежиз эмас, зеро, 1870 йилда ташкил топган, дастлаб Тошкент кутубхонаси, кейинчалик Туркистон кутубхонаси деб аталган, тузумимизга келиб эса Алишер Навоий номи берилган бу кутубхона бир пайтлар нафақат ўзбек халқининг, балки бутун Туркистон ўлкасининг фахри бўлган эди. Россия империясининг 1902—1903 йиллардаги «Туркистон ўлкасининг лойиҳаси тўғрисидаги низоми»да кайд этилган «Ҳозирги кунда Туркистон ўлкасига оид кенг камровли тўкис асарлар тўпламини ўз ичига олган (Император кутубхонаси бундан мустасно) бундай кутубхона бутун ер юзида йўқ» деган хулосаси китоблар масканига берилган муносиб баҳо эди. Кутубхона то ўттизинчи йилларгача — қўшни Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон давлат кутубхоналари қурилгунича — қардошларимиз учун ҳам ягона хазина бўлиб келди. Кутубхона мавжудлигининг дастлабки ўн йилликларида ёрқин фаолият кўрсатган ходимларнинг тинимсиз меҳнатлари эвазига юксак мавқега эришди. Аммо бу мартаба кейинчалик кутубхонага бўлган зътиборнинг сусайиши натижасида замон билан ҳамқадам ривожланиб бормади. Отахон кутубхона ўз замирида барпо этилган, кундан‑кунга гуллаб яшнаётган қўшни жумҳуриятлар кутубхоналари олдида тобора мунғайиб бораверди. Турғунлик йилларида барча соҳаларда ҳукм сурган лоқайдлик, айниқса, кутубхоналаримизни қаттиқ исканжага олди. Аслида, бугунги маънавий фожеаларимизнинг асосий илдизлари ҳам ана шу кутубхоналаримизга бўлган бефарқлигимизга бориб тақалади.

Афсуски, биз китоблар масканига борганимизда кутубхонанинг бош мутасаддиси Р. Алимовнинг турли важ-карсонларни рўкач қилиб, ҳатто очиқ қаршилик кўрсатиб, бизнинг баъзи ҳужжатлар, китоблар сақланаётган ҳужралар билан танишувимизга рухсат бермаганлиги сабабли ушбу мақолага далиллар тўплашимиз учун етарли имкон бўлмади. Аммо биз директорнинг таъқибига керамасдан айрим бўлимларни кузатганимизда кутубхонанинг бугунги аҳволи ҳалокат ёқасида турганлигига амин бўлдик. Ҳурматли директорнинг жон-жаҳди билан мақола чиқишига тўсқинлик қилиши сабаби ҳам энди тушунарли эди. Шундай қилиб, газета ва журналлар бўлимида бўлганимизда, аввало журналлар сақланаётган хонанинг шифти кўчиб тушганлиги, бир неча ойдан бери хароба ичида қолган журналлар ўқувчиларга берилмаётганлиги ва бир неча ойгача берилмаслиги ҳақидаги маълумот биз учун биринчи зарба бўлди. Газета тахламини олиб қироатхона деб аталмиш атиги тўққизта стол қўйилган, ҳавоси дим, каталакдек хонага кирдик. Қироатхоналар учун нобоп қаттиқ курсилар, столлар майиблиги, улар узра мутолаа қилаётган ўқувчилар газеталарининг шатир-шутур шовқинлари остида бирон бўш ўрин тополмай, айвончага қўйилган ягона стол қаршисида тахлам титкилай бошладик. Шунда биз қирқиб олинган саҳифалар, мақолалар ўрнини, айрим газета номерларининг йўқлигини, чуқурроқ кузатганимизда эса тахламларнинг деярли ҳаммаси бундан яхши эмаслигини кўрдик… Биз билан ҳамсуҳбат бўлган ўкувчилар нодир китоблар ва қўлёзмалар бўлими фондида микробиологик зараркунандалар илма-тешик килиб юборган китоблар борлигини айтишди. Аслида сарғайиб кетган, емирилган, елими кўчган, саҳифалари нам тортган китобларни барча бўлим фондларида учратиш мумкин бўлиб, булар китоб гигиенасига риоя қилинмаслиги, муайян иқлим сақланмаслиги, ҳар хил қуртлар, замбуруғлар каби китоб кушандаларига қарши дорилов ишлари ўтказилмаслиги оқибатидандир.

Биз кузатган яна бир хона — чет эллар адабиёти бўлими 70 дан ошиқ хорижий мамлакатлар билан алоқа қилар экан. Аммо бўлимнинг китоб тижорати ишлари учун жумҳурият вазирлар кенгаши йилига атиги минг сўм пул ажратади. Бўлим фондида 190 минг нусха китоб ва журналлар бўлиб, шуларнинг 50-60 минг нусхаси — қарийб учдан бир қисми жой йўқлигидан фойдаланилмай ётибди. Бўлим фонди эса ҳар йили хориждан олинган 7 минг нусха китоб ва журналлар билан бойиб туради.

Навоий кутубхонасида энг катта муаммо — жой танқислиги. Китобларни емираётган ҳам ана шу муаммодир. «Стандарт нормаларга кўра, мавжуд 5,2 миллион китобни нормал жойлаштириш учун 10 минг квадрат метр жой керак. Аслида эса 4047 квадрат метр жой мавжуд» (М. Абдуллаев, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси). Демак, бу умумий фонднинг кичик ярмини жойлаштиришгагина етади. Бунинг касофатига кутубхона бўйича 1,6 миллион китоб боғлаб ташланган бўлиб, китоб кушандаларига ем бўлиб ётибди. Бошқа бир бўлимда ўзини Тошкент Давлат Машинасозлик институтининг аспиранти деб танитган суҳбатдошимиз излаётган адабиётларининг биронтасини ҳам тополмаганлигини, энди бир ой муддатга шу китоблар учун Москвага бориб келишини айтган эди. Агар у излаётган китоблар ҳам ўша китоб боғламлари ичида ётганлигига ишонсак, ҳукуматимиз моҳиятан китобларни эмас, биринчи навбатда маърифат жарчилари бўлмиш олимларимизнинг йўлини боғлаб қўйибди деган хулоса чиқади. Ахир, ўйлаб кўринг, америкалик оддий китобхон Америка кутубхонасидан туриб сунъий йўлдош орқали ер юзидаги энг тараққий этган мамлакатларнинг кутубхоналари билан алока боғлаб 15 дақиқа ичида истаган маълумотини олса-ю, бизнинг ёш олимимиз 6унинг учун шаҳарма-шаҳар саргардон кезса, ойлаб беҳуда вақт кетказса. У умрининг қанчасини китоб ортидан қувишга, қанчасини мутолаага бағишлайди? Шу ўринда биз билан ҳамфикр бўлган чет эллар адабиёти бўлимининг мудири Каримбек ака Ҳасановнинг қуйидаги сўзларини қоғозга тушириб олдик: «Бугунги кунда кутубхоначиликда бир талай муаммолар йиғилиб қолди. Уларни бартараф килиш учун кутубхоналаримизни тезда автоматлаштириш зарур. Афсуски, баъзи ижтимоий тўсиқлар маажудлиги туфайли бу долзарб иш кечиктирилиб келиняпти. Илм толиблари керакли маълумотларни асосан кутубхонадан излайдилар. Маълумотни топиш учун кетадиган вақт коллекциянинг бетартиблигига боғлиқ бўлиб, агар у батартиб бўлмаса, алоқа йўллари ёпилиб копади. Аслида кутубхонанинг энг биринчи, энг асосий вазифаси вақтни иқтисод қилишдан иборат. Шундай экан, бунинг учун чет мамлакатларда бўлганидек, бизнинг кутубхоналарда ҳам ЭҲМ дисплейдан фойдаланиш, автоматлаштириш учун эса кутубхоначиликда янги технология талаб килинади. Навоий кутубхонаси каби халқ кутубхоналарида дисплей иложи борича китобхонга яқин ўрнатилиши, яьни китобхон фондга эмас, балки фонд микроформаларда китобхонга яқинроқ келиши керак».

Аммо Навоий кутубхонасида ҳозирги кунгача китоблар махсус қурилмаган, бир-биридан узоқ жойлашган тўртта ташландиқ бинода сақланади. Бир пайтлар фақат жой танқислиги муаммосини ҳал қилиш учун туҳфа қилинган бу эски бинолар мавжуд муаммоларни йўқотиш ўрнига китоблар, китобхонлар, кутубхоначилар олдида қўшимча яна бир талай қийинчиликлар туғдириб келяпти. Биринчидан, буюртмаларнинг узоқ бинолардан қироатхоналарга юк машинасида ташиб келтирилиши ўқувчиларнинг қимматли вақтларини ўғирлаш билан бирга ортиқча меҳнат, маблағ, ишчи кучи талаб қилса, иккинчидан, бу биноларда китобларни нозик гигиена асосида сақлашнинг имкони бўлмай, улар кўпроқ китобларнинг токчаларда туриб емирилиши учун хизмат қилади ва ҳоказо.

Буларнинг ҳаммаси кутубхонани яхлитлашни, янги бино қуришни тақозо этади. Аслида кутубхонанинг бир пайтлар битта бинога жо бўлган фонди йиллар ўтиши билан тадрижий равишда ўсиб бориб, 60-йиллардаёқ муқаддас даргоҳ шу ҳолатда мавжуд бўлолмаслиги, замон талабларига жавоб берадиган кутубхона комплекси бунёд этиш кераклиги аниқ бўлиб қолган, ҳатто бу борада саъй-ҳаракатлар ҳам бўлган эди. 1964 йилда Тошкентда янги кутубхона биноси лойиҳаси учун конкурс ўтказилиб, унда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган меъмор С. М. Сутягин раҳбарлигида чизилган лойиҳа маъқул топилган эди. Лойиҳа 1973 йилда Москвада, 1976 йилда жумҳурият вазирлар кенгашида тасдиқлангач, қурилиш ҳам бошлаб юборилиб, жумҳурият рўзномалари, радио, ойнаижаҳон орқали Навоий кутубхонасининг янги бнноси қурила бошлаганлиги ва у тез орада — 1982 йилда ишга туширилажаги ҳақида фотосуратлар билан қувончли хабарлар берилганди. Хўш, нега у қурилмай қолди?

Социализмнинг узил-кесил ғалабаси деб аталган бу даврда партиямизнинг навбатдаги вазифаси қандай бўлмасин халқ хўжалигини ривожлантириш ва албатта бунга 10-беш йилликда улгуриш эди. 1976 йилда бўлиб ўтган партиянинг XXV съездида «1976—1980 йилларга мўлжалланган СССР халқ хўжалигини ривожлантириш тўгрисидаги лойиҳа» қарсаклар билан қабул қилиниб, бунга кўзни чирт юмиб барча кучлар сафарбар этилди. Партиянинг бу дастури маданият соҳасини нафақат хаспўшлаб, зарур бўлса маданий муассасалар учун ажратилиши керак бўлган маблағлардан ҳам халқ хўжалигини ривожлантиришда фойдаланиш имконини туғдирди. Иттифоқда халқ хўжалигини ривожлантириш учун кураш кетаётган бир пайтда Л. И. Брежневни ғоят суюнтирган Афғонистондаги Савр инқилоби совет ҳукуматидан моддий ёрдам талаб қилиб қолди. Асосий вазифага зиён етказмаган ҳолда ёрдам қилишнинг битта йўли — асосий бўлмаган фондлардан садақа қилиш бўлиб, бу мўлжалга қулай маданият соҳаси эди. Ўшанда жумҳуриятимиз пойтахтида Навоий давлат кутубхонаси, Чорсу меҳмонхонаси, Халқлар дўстлиги саройи, Горький театри каби иншоотлар қурилаётган, лойиҳалаштирилаётган эди. Бу иморатлар ичида толесизроғи, афғон урушининг жумҳуриятимиздаги илк қурбони Навоий номли Давлат кутубхонасининг янги биноси бўлди.

Хуллас, кутубхона қурилиши ўша даврда урғу бериб айтиладиган долзарб вазифалар исканжасида пойдевордаёқ тўхтаб қолди ва пойдевор устидаги бу сукунат ҳамон давом этяпти. Ниҳоят, янги бино лойиҳаси дунёга келганига ҳам чорак асрдан зиёд вақт ўтди. Пойдевор ўрнидан эса, меъмор С. М. Сутягиннинг ибораси билан айтганда, ниҳоллар кўкариб дарахтга айланди. Шу вақт ичида лойиҳа муаллифлари томонидан қурилишни давом эттириш хусусида тегишли жойларга, ҳатто съездга ҳам юзлаб хатлар ёзилди. Ҳар гал давлат банкидан «ўта зарур» ҳисобланган қурилишларга топилган маблағ кутубхонадай «номуҳим» иморатларга етмай қолаверди. 1988 йилда ҳукумат раҳбарларининг жумҳурият зиёлилари билан бўлган учрашувида меъмор С. М. Сутягин яна шу хусусда гапирди. Бу ўкинчли маърузани тинглаган ҳукумат раҳбарлари чора кўришга ваьда қилишди ва чора кўришди: деярли ўн йилдан буён ёпиб қўйилган пойдеворни очиш учун бироз пул ажратишиб, 1989 йилнинг январидан бошлаб Маданият вазирлигида бўлган буюртмачи вазифасини Тошкент шаҳар ижроқўмига беришди, мажозий тил билан айтганда, туядан олиб, тошбақага юклашди. Бу мураккаб технологияли улкан қурилишнинг ўз ташвиши ўзига ортиқча ижроқўм учун мутлақо зарурияти бўлмай, у буюртмачиликни зиммага олишни истамади. Бунинг касрига 1988 йилда бироз қимирлагандай бўлган иш 1989 йилда қайта «пинакка кетди». Йилнинг охирида маданият вазирлиги буюртмачиликни яна қайтиб олишга мажбур бўлди.

18 қаватли, 8 миллион том китобни бағрига оладиган, 1500 ўқувчига мўлжалланган қироатхоналарга эга бу улкан кутубхона комплекси лойиҳасида барча қулайликлар, замонавий жиҳоз-ускуналар ҳисобга олинган. Агар янги бино қуриб битказилса, Навоий кутубхонаси мамлакатимиздаги энг етук кутубхоналардан бирига, халқимизнинг ҳақиқий тафаккур марказига айланади. Кутубхонанинг барча алоқа йўллари автоматлаштирилади. Китобхонларга хизмат кўрсатишда компьютерлардан фойдаланиш эса кутиш муддатини кескин қисқартиради. Бундан ташқари қурилажак иншоотда ҳар хил илмий, китоб анжуманлари ўтказиш жойлари ҳам ҳисобга олинган. Бу маълумотлардан кейин кишини бу даргоҳга шу бугуноқ қадам қўйгиси келади. Биз бу қутлуғ фурсатни қачон келишини қизиқиб мутахассисларга мурожаат қилганимизда улар агар маҳаллий қурувчиларимиз қуришса, қурилиш 10-11 йилга, балки ундан ҳам кўпроққа чўзилиши мумкинлигини айтишди. Энди фикрлайлик, агар бино пойдеворини очиш, буюртмачи айтганидек шу йилнинг тўртинчи чорагидан бошланса, фонд кўчириш, жиҳозлаш, жойлаштириш ишлари билан қўшиб ҳисобласак, орзиқиб кутган даргоҳга узоғи билан 15 йилдан кейин — 2005 йилда қадам қўяр эканмиз. Кутубхона фонди ҳар йили 200 минг нусха китоб ва журналлар билан бойиб туради. Демак, яна ўн беш йил ичида юкррида қайд этилган 1,6 миллион боғланган китоблар сафига яна 2,5 миллион китоб қўшилади.

— Бу мураккаб иншоотни бизнинг қурувчиларимиз ҳеч қачон кўнгилдагидек қуриша олмайди, биз мутахассисларнинг, жумладан лойиҳанинг бош муаллифи С. М. Сутягиннинг фикри шундай, — дейди лойиҳага муҳандислик қилган меъмор А. С. Браславский, — кутубхонада чорак асрдан буён тўпланиб келаётган муаммолар ҳам қурилишни яна ўн йилга чўзилишига имкон бермайди. Бирдан-бир чора, тезда чет эл фирмалари билан шартнома тузишдир улар бинони 4 йил ичида кўнгилдагидек қуриб беришади. Бунинг учун эса чет эл валютаси керак.

Чет эл валютаси. Мана энди биз маънавият хазинасини исканжага олган муаммоларнинг шотомирига етдик, деб ўйлаймиз. Аслида бино узоқ йиллардан буён банк тўраларининг «Кутубхона учун маблағ йўқ» деган ибораси билан қад кўтаролмай келяпти ва бугунги кунда ҳам уларнинг «кутубхона учун чет эл валютаси йўқ» дейишларига шубҳа қилмаймиз. Аммо биз шу кеча-кундузда жумҳуриятимизда меҳнат қилаётган бир қанча хорижий фирмаларини, жумладан, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида бинолар қураётган «Ландес» фирмасини ёки пойтахтимизда ҳиндистонлик қурувчиларнинг «ТАТА» фирмаси қиймат жиҳатдан кутубхона биносига тенглаша оладиган меҳмонхона қураётганлигини билиб банк тўраларининг бу важларига ишонишимиз қийин. Биз маънавий инқироз жараёнида халқимиз тарихидаги энг катта қурбонларни бериб бўлдик. Энди тараққиёт сари курашга отланар эканмиз, хировулларимиз (авангардларимиз) бўлмиш илм аҳли олдидаги саҳрои кабир янглиғ тўсиқни олиб ташламай қандай тараққиёт ҳақида ўй сурамиз. Айни пайтда олимларимизнинг ўзлари нега жим? Ўн беш йил ичида китобларни сақлаш учун қўшимча чоралар кўрилмаса, қўшимча китоб омборлари қурилмаса, кутубхонадан фойдаланиш янада қийинлашади, балки мутлақо мумкин бўлмай қолади. Бу ҳолда эса кутубхона учун сарфланадиган харажатлар, йўқотишлар хорижий фирмаларга ажратилажак маблағлардан ошиб кетади. Инсоннинг китобдан бошқа табиат ато этган хусусий мулки йўқ. Қолган мулклар ҳамма мавжудотники. Демак, бизнинг китобларни қутқариш учун бел бойлашимиз маънавий инқироздан чиқишимизда ташланган йирик қадам бўлиши билан бирга табиат олдидаги фарзимиз ҳамдир. Балки китобларни қутқариш фонди ташкил қилиш керакдир, зеро, қиймати 20 миллион сўм атрофида бўлган бу бинонинг 20 миллионли ўзбек халқи учун қиладиган хизматини миллионлар билан ўлчаб бўлмайди.

“Ёшлик” журнали, 1990 йил 7-сон