Ёдимда: болалик йилларим қишлоғимизга тез-тез гадолар оралаб туришарди. Кўчаларимизда гоҳо юзлари офтобдан қорайган, оёқ-қўллари чанг-тупроқдан тарам-тарам ёрилган, елкаларига катта-катта хуржин ё тўрва орқалаган аёллар, жазирама кунга қарамай, тўн, маҳси-калиш кийиб олган, нари-бери йўнилган таёқдан асо тутган серсоқол чоллар пайдо бўлиб қолишарди. Уларнинг кўринишлари қишлоғимиз кишилариникига ўхшамасди, шевалари ҳам алланечук бошқачароқ эди. Аммо бот-бот келиб туришганидан, барчага таниш, ҳеч ким улардан ўзини олиб қочмас, аксинча, қадрдонларидек, илиқ кутиб олишарди. Айниқса, энам раҳматлини айтаман, кўчада кўринган тиланчи борки, ҳаммасини уйимизга таклиф қилар, олдига нон-туз қўйиб, ўтган-кетгандан бир қур суҳбатлашар, шу аснода топган-тутганини тиланчилар тўрвасига тиқиштирар, пировардида уларни кўчага қадар кузатиб чиқарди. Сўнгра маъюс тортиб, остонага чўккан кўйи бизга насиҳат қиларди:
— Эсларингда бўлсин, болаларим, ҳар юртнинг, ҳар даврнинг ўз шоҳи, ўз гадоси бор… Ҳар иккаласини ҳам халқ боқиб, халқ кийинтиради. Фарқи шуки, бири ўзини тўйдириб-кийинтираётган эл устидан ҳукмронлик қилади, иккинчиси дарбадарлик билан кун кечиради, одамлардан меҳр-мурувват сўраб юради. Бас, шундай экан, қашшоқларга қайишинглар, тиланчи-гадони ранжитманглар. Хоҳ мусулмон, хоҳ даҳрий, улар ҳам ўзимиздай — худонинг суйган бандалари… Бир бурда нону бир қошиқ ош билан давлатингиз камайиб қолмайди. Эшикдан бош эгиб келганга меҳр-шафқат кўрсатиш билан киши отдан — обрў-эътибордан тушиб қолмайди. Билъакс, эгамнинг қаҳри келади-я!..
Турган гап, ўшанда болалигимга бориб, энамнинг сўзларига эътибор бермасдим. Аммо мурғак қалбимни бошқа бир нарса—тиланчиларнинг ўзига хос феъл-атворлари ҳайратга соларди. Улар мудом ўзгаларнинг хайр-садақасига илҳақ кўз тутиб турсалар-да, одамгарчиликни унутмасдилар. Устлари юпун, қоринлари оч бўлса-да, имони бутун, диёнатли одамлар эди. Ўзларига нон-туз берган, саховат кўрсатган кишиларга ҳеч қачон хиёнат қилмасдилар. Бирор оила соҳиби уйида бўлмаса, остонадан ортга қайтардилар. Зинҳор-базинҳор фурсатдан фойдаланиб, бирор нарсани ўмариб кетиш пайида бўлмасдилар. Янада таажжубланарлиси, ҳаддилари сиғмаган хонадонга мутлақо бош суқмасдилар. Мабодо, ўзларига хайр-эҳсон бераётган кишининг оғринганини сезсалар, минбаъд унинг эшигига йўламасдилар, иложи борича, четлаб ўтардилар. Назаримда, улар руҳан ғурури баланд одамлар эди!..
Билмадим, шунданми ё энамнинг насиҳатлари таъсириданми, ишқилиб, тенгқурларим сингари камбағал, бева-бечораларга хайрихоҳ бўлиб вояга етдим. Қачон, қаерда тиланчи кўрсам, самимий муносабатда бўлишга, имкон қадар садақа қилишга одатландим. Энди билсам…
Ҳозир кўча-кўйда дарбадар кезиб, чор-ночор юрганларнинг ҳаммаси ҳам, мен ўйлаганчалик, ҳоли забун, хор-зор кишилар эмас экан. Улардан жуда оз бир қисми тақдир тақозоси билаи қашшоқликка мубтало ҳамюртларимиз бўлса, жуда кўпчилиги ўз юртига сиғмаган, бизнинг халқимиз ҳисобига текинхўрларча яшашни касб қилиб олган ўзга миллат вакиллари—дайдилар экан! Яқинда уларнинг феъл-атвори, юриш-туриши, турмуш тарзи билан чуқурроқ танишиб, бунга яна бир карра қатъий ишонч ҳосил қилдим.
Хўш, бу дайдилар кимлар ўзи? Улар қаердан ва нима сабабдан пайдо бўлишади? Кимнинг ва ниманинг ҳисобига кун кўришади?
Бу саволларга батафсилроқ жавоб бериш учун, менимча, дайдиларни, шартли равишда, беш тоифага ажратиш жоиз. Биринчи тоифага ҳаёт ва турмуш машаққатларини торта-торта, оғзи ошга етганда, боши тошга теккан кексаларни киритиш мумкин. Уларнинг айримлари турли сабабларга кўра, иш устида, баъзилари бахтсиз ҳодиса туфайли, майиб-мажруҳ бўлиб қолган ёки хасталикка чалинган кишилар. Аксарияти бир умр корхона ва муассасаларда, далаларда ишлаб, таъбир жоиз бўлса, белдаги бор куч-қувватини, навқиронлигини ватан равнақи йўлига бахш этган одамлар. Оила қуриб, фарзандлар тарбиялаган, кексайиб, мадордан кетгач, ҳеч кимга керак бўлмай қолган қариялар. Бир бурда беминнат нон топиш илинжида киндик қонлари тўкилган гўшаларини ташлаб кетганлар…
Кекса дайдилар орасида ҳужжатларини йўқотганликлари ёки вақтида рисоладагидек расмийлаштирмаганликлари сабабли, нафақа олишдан маҳрум меҳнат ва уруш ветеранлари, туғма ногиронлар, иш жойида жароҳатланганлар учраб туради. Бу кишиларга ич-ичингдан ачинасан, айни чоғда, уларни шу кўйга туширган расмиятчи, тошбағир тўраларга, шахсий ҳузур-ҳаловати, тинчини ўйлаб, ота-онасидан воз кечган оқибатсиз фарзандларга нисбатан нафратинг қўзийди! Аммо илож қанча, нажот қайда? Ачиниш билан хастанинг дардига малҳам қўйиб бўладими?
Аммо… кейинги авлод вакилларига бу тушунча ҳам бегонароқ. Йўл-йўриғимиз, таълим-тарбиямиз ўзи шунақароқ: Боғчада, мактабда, олий ўқув юртларида ёшларга турли фанлардан, марксча-ленинча фалсафадан дарс ўтамиз-у, одамгарчиликдан сабоқ бермаймиз. Уларни Ватанга муҳаббат, коммунистик жамиятга садоқат руҳида тарбиялашга интиламиз-у, бу туйғулар аслида нимадан бошланишини билмаймиз. Ота-онага, фарзандга муҳаббатни, оилага, дўст-биродарга садоқатни ўргатмаймиз. Мана, оқибати: таърифи оламга кетган буюк инқилобнинг 70—80-йилларига келиб, жамиятимиз фақат иқтисодий-сиёсий жиҳатдангина эмас, ахлоқий-маънавий жиҳатдан ҳам тўла инқирозга учради. Болалар уйлари тирик етимлар билан, қариялар қароргоҳлари бола-чақалари, невара-чеваралари бўла туриб, амалда якка-ёлғиз, хор-зор кексалар билан тўлиб бормоқда. Кимдир ҳалол меҳнат қилишни хоҳламагани, кимдир; ишлашга қурби етмай, муҳтожликка тушиб қолгани туфайли, тиланчиликка, дайдиликка юз тутмоқда. Ҳозир мамлакатимиз бўйича 200 минг атрофида дайди рўйхатга олинган. Улар сафига рўйхатга олинмаганларини ҳам қўшсангиз, Иттифоқ бўйича 5—6 туман аҳлига ёхуд бир вилоят аҳлига тенг келади! Бу — дунёда энг адолатли, энг инсонпарвар жамият ҳисобланмиш бизнинг мамлакатимиз учун ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайдиган доғ ва исноддир!
Нима ҳам дер эдик?..
Эҳтимол, катта ёшли дайдиларга меҳр-мурувват кўрсатсак, уларни тушунсак, кечирсак бўлар. Аммо қолганларини-чи? Асло! Негалигини айтайми, марҳамат.
Иккинчи тоифага мансуб дайдилар сархушликка майл қўйган иродаси бўш кишилардир. Ичкиликбозликка, гиёҳвандликка ружу қўйган улар. Одамлар назаридан қолган, обрў-эътиборини бой берган, ишидан ҳайдалиб, уйидан қувилган, соғлиғини йўқотиб, оиласидан, бола-чақасидан ажралган. На насл-насабларининг, на касбкорларининг тайини бор! Яшашдан мақсад-маслаклари ҳам, эртанги кундан орзу-умидлари ҳам йўқ. Эл қатори ишлашга бўйинлари ёр бермайди, бир маконда муқим яшашга кўниколмайди. Бир тортим гиёҳ, бир қултум вино ёки арзон нархли одеколон учун ҳар қандай қабиҳликдан қайтмайди. Вақти келганда, шишадош улфатларини ҳам сотиб юборишади. Нафсларини қондиргач, дуч келган ерда думалаб, алжираб ётаверишади. Караган кўзга шойи сўзанага тушган чипта ямоқдек хунук кўриниб, кўнгилни ҳижил қилади.
Дайдиларнинг 80—90 фоизини қамоқхонадан жуфтакни ростлаганлар, қилғиликни қилиб қўйиб, жазодан ёки алимент тўлашдан қочиб юрганлар, судланганлар ташкил этади. 1989 йили биргина Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасига қарашли дайдиларни назорат қилиш ходимлари томонидан 4800 дан зиёд дайди ушланган. Уларнинг шахси текширилганда, 3100 нафари қамалиб чиққанлар, 41 нафари ўта хавфли рецидивистлар, 400 дан ортиқроғи турли жинояти ва кирдикорлари учун изланаётганлар экани маълум бўлди. 1990 йилнинг дастлабки етти ойи мобайнида ушланган 3201 нафар (бу кўрсатгич аввалги йилнинг шу даврига нисбатан 891 тага кўпдир) дайдининг салкам 90 фоизи ҳам худди шундай кишилар бўлиб чиқди.
Айниқса, судланган дайдилар кўплигининг ўзига хос сабаблари бор. Ҳеч ким ҳам онадан жиноятчи бўлиб туғилмайди. Биров тўғри йўлдан адашади, биров билиб-билмай жиноятга қўл уради. Табиийки, қилмишига яраша жазоланади. Жазолашдан мақсад — қайта тарбиялаш. Бизнинг ҳуқуқ-тартибот органларимиз ана шу эзгу ишга даъват этилган. Яширишнинг ҳожати йўқ, улар ўз вазифаларини адо этолмаяптилар. Кўпинча бир ёқлама иш юритяптилар. Қонунбузарликнинг олдини олиш ўрнига, жиноят рўй бергач, айбдорни топиб, жазолаш билан машғул бўлиб қолмоқдалар. Боз устига, уларнинг аксариятида муомала маданияти, касб маҳорати етишмайди. Жиноятчига нисбатан қўпол муносабатда бўладилар, уларни одам ўрнида кўрмайдилар.
Бирор кишининг иши терговга тушдими, тамом-вассалом, ҳали унинг айбдорлиги -аниқланадими-йўқми, бундан қатъий назар, қонун ҳимоячиларининг ноқонуний зуғумларига, ҳақорат ва камситишларига учрайди. Жазо лагерларининг ҳам ўз қонун-қоидалари бор!.. Бундай чиғириқдан сўнг киши жамиятга, инсонга ишончини йўқотади!..
Кошки, шунга яраша, жазо муддатини ўтаб қайтганларга муносабат яхши бўлса? Йўқ! Блз уларга доимо ўтириб чиққан деган паст назар билан қараймиз. Бу тавқи лаънат собиқ маҳбуслар ҳаётига бир умр соя ташлаб туради. Кези келганда, оиласидан, уй-жойидан, ишхонасидан айрилади. Бу иллат, айниқса, мамлакатимизнинг Европа қисми жумҳуриятларида кенг илдиз отган. Кўпчилик аёллар ўтириб чиққан эр билан яшашни ўзига ор билади. Қарабсизки, кечагина тавбасига таяниб, энди янгича турмуш бошлайман, деб келган йигит ҳаётда иккинчи, кескин зарбага учрайди. Лоақал ўз уйига прописка ҳам қилинмайди. Аламини ишдан олай деса, яна бўлмайди. Паспорти бирор жойда қайд қилинмаган одамни ишга олиш мумкин эмас! Яна денг, у ўтириб чиққан одам бўлса, олис ёқларда қай даражада қайта тарбиялашгани маълум бўлса! Ишониб бўладими? Ҳар қалай, бу таъна ёки туҳмат эмас, бор гап. Бизда қонун-қоида, тушунча-савия шунақа!
Энди ўзингиз инсоф билан айтинг-чи, сўнгги илинжидан ҳам айрилиб, аросатда қолган — ўтириб чиққан одам нима қилади? Шубҳасиз, дайдилик йўлига киради. Ёки такрор жиноятга қўл уриб, яна қамалади. Фақат бу сафар, ўзинг учун ўл етим деганларидек, олдиндан эҳтиётини қилади. Қамоқдалигидаёқ келгуси ҳаёти тараддудини кўради. Сафдошларидан қаерда осонроқ, бемалолроқ яшаш мумкинлигини аниқлаб олади. Озодликка чиқаётиб, Ўзбекистоннинг фалон шаҳар, фалон туманига йўлланма талаб қилади. Зеро, бунга ҳақиям, ҳуқуқиям бор, ҳеч ким эътироз билдиролмайди. Йўлланма билан юборилган жойида уни рўйхатга олиш мажбурий! Бироқ такрор-такрор ўтириб чиққанлар ҳам анойи эмас. Ўзларини олдинда нималар кутаётганини яхши биладилар. Қора дафтарга тушиб, доимо назорат остида юришни истамайдилар. Энг қулайи — рўйхатдан ўтмай, ўзига ўзи бек, ўзига ўзи хон бўлиб яшаш!
Мен бу гапларни ўзимдан тўқиб чиқараётганим ҳам, бошқа халқлар шаънига маломат тоши отаётганим ҳам йўқ. Ўнлаб дайдилар ҳамда улар фаолияти билан шуғулланувчи масъул ходимлар билан суҳбат чоғида эшитганларим, чиқарган хулосаларим асосида ёзяпман. Мана, мисоллар: новороссийсклик Александр Носков олти марта, томсклик Николай Колмогоров уч марта қамалган, ҳар иккаласи ҳам умрининг тенг ярмини—30 йилини қамоқхоналарда ўтказган. Целиноградлик Александр Редьков, ленинградлик Леонид Васильевский, абхазиялик Валантин Дендкин, кемероволик Владимир Малькин, қримлик Линур Алиев ҳам бмр неча мартадан судланган, баъзилари 15—20 йиллаб маҳбусликда бўлган. Илк бор жазо муддатини ўтаб, юртларига қайтганларида рўйхатга ҳам олишмаган, иш ҳам беришмаган. Хотинлари уйларига йўлатишмаган. Оқибатда, такрор-такрор жиноятга қўл ураверишган.
Ўғрилиги учун икки бор қамалган либинсклик Иван Дегтяров ҳам хотини бировга тегиб, уйига киритиб олганлиги туфайли, кўчада қолган. Бир муддат Москвани кезиб, Олмаотага келган. Бу ерда тасодифан ўзи сингари санқиб юрган онасини учратиб қолган. Балиқ бошидан сасиганини қарангки, онаси қотиллик қилиб 15 йилга, кейинчалик бошқа жинояти учун 9 йилга қамалган. Дайдиликда ҳам онанинг тажрибаси катта экан, ўғлини ўзи билан бирга Тошкентга келишга ундаган.
Иркутсклик Женя Костригин қамоқдан қайтиб кўрсаки, онаси учинчи эрга тегиб олибди. Бундан нафратланган ўғил уйини тарк этиб, акасиникида яшай бошлайди. Айбини ҳалол меҳнат билан ювмоқчи бўлади. Афсуски, уни ҳеч жойда ишга олишмайди. Танишлари орқали бир амаллаб аэропортга пайвандловчи бўлиб ишга жойлашади. Бироқ кўп ўтмай, камбағални туянинг устида ит қопади. Бошлиқ унинг ўтириб чиққанини билиб қолиб, бўшаб кетишини талаб қилади. Женя ёрдам сўраб, бир неча бор шаҳар ички ишлар бўлимига, комсомол қўмитасига мурожаат этади. Наф чиқмайди. Ноилож қолган йигит тирикчилик кўйида, аввалига йўловчиларни алдаб чойчақа топади, сўнгра ўғриликка ўтади… Иттифоқо, эски сафдошини учратиб қолади-ю, унинг маслаҳати билан Тошкентга йўл олади.
Дайдиларнинг тўртинчи тоифасига асосан 22 ёшдан 40 ёшгача бўлган жиноятчи қочоқлар киради. Ҳаммаси ҳам меҳнатга яроқли, тўрт мучаси соғ кишилар. Астойдил ҳаракат қилсалар, ҳаётда ўз ўринларини топиб олишларига шубҳа йўқ. Бироқ улар ҳалол яшашни хаёлларига ҳам келтирмайдилар. Бировларнинг ҳисобига кун кечириш қон-қонларига сингиб кетган! Давлат ва жамоат, фуқаролар мол-мулкини ўғрилаш уларнинг кундалик турмуш тарзига айланган. Саратовлик Степан Панин 1949 йили туғилган, эгриқўллиги учун икки марта судланган. Сўнгги уч йил мобайнида ҳеч ерда ишламай, Тошкентда санқиб юрган. 1989 йил январь ойининг ўзидаёқ ўн марта жиноят содир этган. Ҳамза ва Ленин туманлари ҳудудидаги омборларга, дўконларга, мактаб ва боғчаларга ўғриликка тушган.
1990 йил бошида ушланган 33 ёшли йигит ўзини Михаил Дикий, деб таништирган эди. Текширишлар натижасида асл фамилияси Пицин эканлиги аниқланди. Бу йигит ўтган йили Смоленск вилоятидаги Сичев туманида омонат кассадан беш минг сўм ўмариб, изни йўқотиш учун Тошкентга қочиб келган экан! Михаилнинг тенгқури Андрей Студентов икки ҳамтовоғи билан 1989 йили Тошкент вилоятида 16 марта жиноятга қўл урган. Жумладан, уйларга кириб, одамларнинг шахсир буюмларини ўғирлаган, эгаларининг кўзини шамғала қилиб, қорамолларни, хусусий автомобилларни ҳайдаб кетган. Нукуслик Геннадий Пак ҳам ошнолари билан узлуксиз шундай ишларни амалга ошириб келган.
Дайдилар фаолиятини синчиклаб кузатсангиз, улар асосан ўғрилик билан шуғулланишларини кўрасиз. Бу бежиз эмас. Калаванинг бир учи одамларимизнинг бепарволигига, иккинчиси қонунларимизнинг ожизлигига бориб уланади. Ўзбекистон ССЖ Жиноят кодексининг 114-ҳамда 125-моддалари биринчи бандларида давлат жамоат ва фуқаролар мол-мулкиин ўғирлаганлик учун нари борса, икки-уч йилгача озодликдан маҳрум этиш ёки шунча муддатга ахлоқ тузатиш ишига жалб этиш белгиланган. Шу боис ўғрилар жазодан унчалик қўрқишмайди. Ё, гардкам деб бемалол қабиҳ ниятларини амалга ошираверадилар. Оқибатда жумҳуриятимизда ўғрилик йил сайин, ой сайин ортиб бормоқда. Бунга дайдилар ҳам салмоқли ҳисса қўшмоқдалар. Афтидан, келгусида бу борада қатъийроқ чоралар қўллаш лозимга ўхшайди. Юристларнинг айтишларича, Грузияда 1988 йилдан эътиборан, фуқаролар мол-мулкини ўмарганлиши учун 10 йилгача қамоқ жазоси бериш йўлга қўйилган. Натижада, ўғрилик кескин камайган, демакки, бу тажрибани биз ҳам амалга тадбиқ этсак, фойдадан холи бўлмасди. Шу нуқтаи назардан қараганда, ЎзССЖ Жиноят кодексининг 220-моддасини ҳам қайтадан кўриб чиқиш даркор. Бу моддага биноан, дарбадарлик, тиланчилик ёки бошқача тарзда текинхўрлик билан ҳаёт кечирганларга бир йилдан уч йилгача жазо берилад. Уларнинг шу кўйга тушишига сабабчи бўлганларга нисбатан эса ҳеч қандай жазо белгиланмаган.
Дайдиларнинг кейинги тоифасини бир ўқ билан икки қуённи урувчи ҳожатбарорлар ташкил этади. Улардан айримлари баъзан овлоқ жойларда, баъзан аҳоли гавжум кўча ва бозорларда қарта, ангишвона воситасидаги қиморбозликни авж олдирадилар. Ўйинга пул ва қимматбаҳо буюмлар тикиб, одамларни чув туширадилар. Ёш-ялангларни йўлдан оздирадилар. Бошқа бировлари хуфиёна равишда наша ва қорадори сотиб, гиёҳвандларнинг ҳожатини чиқарадилар. Шундайлардан бири — эндигина 34 ёшга қадам қўйган Виктор Ступников. Тинтиб кўрилганда, ёнидан бир килограмму 556 грамм наша топилди. Тўрт марта судланган озарбайжонлик Панахмура Ориф Бадирхон ўғли қарийб уч ярим килограмм қорадори билан ушланди.
Ҳожатбарорликда дайдиликни касб қилиб олган фоҳишалар ҳам ҳеч кимдан қолишмайди! Аслида, уларнинг барчаси айни севиб-севиладиган, турмуш қуриб, оила тебратадиган, фарзанд туғиб тарбиялайдиган ёшдаги, кўринишидан дуппа-дуруст қиз-жувонлар! Бироқ бу ҳақда уларга гапиргандан кўра, шамолга қараб тупурган маъқулроқ. Уятни, шарм-ҳаёни ҳавога совуриб, ҳаётнинг бор завқини фоҳишабозликда, пул топиш, айш-ишрат суришда, деб билишади.
Надежда Барсукова, 1957 йили Красноярскда туғилган:
— Икки йилча бурун ишлаш учун Тошкентга келдим. Бироқ иш тополмадим. Ичишни, чекишни ўргандим. Йигитлар билан кайф-сафо қилишга одатландим. Ҳозиргача олти марта дайдихонага тушдим. Ҳар сафар менга ҳужжат тўғрилаб беришади. Ишга юборишади. Аммо энди ишлашни хоҳламайман. Ёшман, қадди-қоматим жойида. Бир имо қилсам, ҳар қандай йигит ҳам йўқ демайди. Муҳими, кўчада қолмайман!..
— Шу иш билан ўз юртингда шуғуллансанг бўлмайдими? — дейман унга ён босиб.
— Йўқ, бўлмайди! — У буюк ихтиро яратгандек сирли жилмаяди. — У ёқларда менга ўхшаганлар кўп. Йигитлар қиё ҳам боқишмайди. Қиё боқишса ҳам ҳақ тўлашмайди. Бу ерда эса… Очиғи, мен осиёлик йигитларни хуш кўраман. Улар бардам-бақувват, ўта ҳиссиётчан. Яхшилаб кўнгилларини овласам, ҳар қанча бўлсаям пулни аяшмайди. Қучоқларида ётганингда жонингни киритиб юборишади.
Ирина Лоханова, 1969 йили Дюберци шаҳрида туғилган:
— Ота-онам ажрашган. Мен онам билан Москвада яшардим. У 59 ёшда, руҳий касал. Хархашалари жонимга теккач, уйдан чиқиб кетдим. Юриб-юриб, Тошкентга келдим. Бир куни Қўйлиқда хушрўйгина ўзбек йигитини учратиб қолдим. Сўққабош экан. Бир кеча ой у билан ноқонуний эр-хотин бўлднк. Кейин кўчага қувилдим. Лекин йигитларнинг назаридан тушганим йўқ, куним ўтяпти.
Гуля Бектемирова, 1955 йили Бошқирдистонда туғилган:
— Тўрт йилдан буён Тошкентдаман. Дарбадарлик учун судланганман. Дайдихонага бешинчи марта тушишим. Яшаш жойим, эрим йўқ. Аммо мижозларим кўп ҳозир, қайси биридан орттирганимни аниқ билмайман-у, қорнимда ҳомилам бор. Шуни йўқотолмай юрибман!..
Чиллаки чиллакини кўриб, чумак уради, деганлари рост экан. Кейинги пайтларда жумҳуриятимизга ёпирилиб келаётган дайдиларнинг яна бир авлоди пайдо бўлди. Булар тарбияси бузуқлиги сабабли, ҳавойи орзуларга берилиб уйдан қочган, ота-онаси ажрашгандан сўнг қаровсиз қолган ўсмирлардир. Ораларида она сути оғзидан кетмай туриб, фоҳишабозлик, дарбадарликни пухта ўзлаштирган ёш-ёш қизлар ҳам анчагина. Улар Ўзбекистонга асосан пассажир поездларининг проводниклари, бошқа шаҳарларга мева-чева олиб борган юк машиналари ҳайдовчиларининг холис хизматлари ёрдамида ташриф буюришмоқда. Манзилга етиб, олишгач, тажрибаларидан бошқаларни ҳам баҳраманд этмоқдалар. Жумладан, оренбурглик Наталья Афанасьева юк машинасида бир неча кун йўл босиб Тошкентга келган, ҳайдовчи вокзалда қолдириб кетгач, ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганларидек мижоз овлашга тушган. Аввалига бир-икки тасодифий кишиникида меҳмон бўлган. Сўнгра талабалар шаҳарчасига бориб, ҳали у ётоқхонада, ҳали бу ётоқхонада ёшларга ҳамхоналик қилган. Талабаларнинг ҳаммаси ҳам очиқ кўнгил, аммо ҳамёнларининг чўғи пастроқ экан. Надежда мўмайроқ пул ишлаш мақсадида уларни ташлаб кетган…
Даҳшатли томони шундаки, дайдиларнинг ҳамма тоифаси ҳам аҳоли ўртасида касаллик тарқатувчилар ҳисобланади. Уларнинг ҳар ўнтасидан саккиз-тўққизтаси юқумли хасталикка чалинган, тиббий назоратда туриши лозим бўлган кишилардир. Ана шунинг оқибатида, сўнгги вақтларда, биргина Тошкент шаҳар 1-сил касалликлари шифохонасидаги 700 ўриннинг юздан ортиғи дайдилар билан банд бўлиб қолмоқда. Бу ерга 1987 йили шаҳар ички ишлар бошқармасига қарашли дайдилар пунктидан 29 нафар, тиббий Тез ёрдам нуқталаридан 26 нафар, сил касаллиги диспансерларидан 106 нафар, бошқа касалхоналардан 8 нафар бемор юборилган, 9 киши ўз оёғи билан келган. Ҳаммаси бўлиб 327 дайди тушган! Бундай ҳоллар сўнгги йилларда ҳам такрорланган. Айни чоғда, пойтахтимиз ҳамда вилоятларимиздаги бошқа сил хасталиклари касалхоналарига кўплаб дайдилар ётқизилган. Шунингдек, захм, сўзак, дизентерия, қорин тифи, сариқ каби ўта юқумли ва хавфли касалликлар билан оғриганлар, ракка, аоаб хасталикларига, бошқа дардларга мутбало бўлганлар ҳам турли шифо масканларидан макон топганлар.
Қўриниб турибдики, дайдилар масаласи давримизнинг сира кечиктирмасдан ҳал этилиши шарт ҳисобланган, ғоят долзарб ижтимоий-сиёсий муаммоларидандир! Дайдилар томонидан етказилаётган моддий-иқтисодий, ахлоқий-маънавий зарарлар ўрнини ҳеч нарса билан қоплаб-тўлдириб бўлмайди. Бу иллатнинг туб илдизлари тузумимиз ноқисликларига, амалдаги қонун-қоидаларнинг ночорлигига бориб тақалади.
Ҳақли бир савол туғилади: Хўш, қилмиш-қидирмишлари жиноятчиликдан, маънавий бузғунчиликдан, инсон саломатлигига хавф туғдиришдан иборат бўлган дайдилар нима учун айнан жанубий ўлкаларга, хусусан, Ўзбекистоига дарёдек оқиб келмоқдалар? Бу ҳақда ўзларидан сўрасангиз, деярли барчаси тўтиқушдек бир хил жавоб беради: Ишлаш учун!
Ажабо! Росмана, ҳалол меҳнат қиламан, деган одамга ўз юртида иш топилмайдими? Топилади! У ёғини суриштирсангиз, Россия томонларда баъзи соҳаларда ишчи кучи мутлақо етишмайди. Ҳар йили ўзбекистонлик минг-минглаб ёшлар Ноқоратупроқ зонага бориб ишлашга жалб этилмоқда, юзлаб оилалар режали равишда Россиянинг ҳувиллаб қолган қишлоқларига кўчирилмоқда. Шулар ҳисобига янги-янги хўжаликлар ташкил этилмоқда. Катта-катта маошлар ваъда қилиниб, ер-сув, уй-жой ажратилмоқда. Шундай бир пайтда минглаб дайдиларнинг ишлаш учун Ўзбекистонни танлаётганликларининг асл боиси нимада?
Менимча, бунинг тўртта асосий сабаби бор. Биринчидан, жумҳуриятимиз об-ҳавоси иссиқ, инчунин, турар-жойининг тайини йўқ қаланғи-қасанғилар учун анча қулай. Улар баҳор, ёз, куз фаслларида кўчалар, йўлкалардаги дов-дарахтлар тагида, буталар орасида, қувурлар ичида, маданият ва истироҳат боғларида, хиёбонларда, кўп қаватли бинолар ертўлаларида, чордоқларда бемалол тунайверадилар. Қишли-қировли кунларда аэропорт, вокзалларни, автобекат ва бозорларни макон тутадилар. Бинобарин, бизнинг иқлимимиз шароитида ҳеч ким совуқдан ўлмайди, кўча-кўйларда ётиб-туриб амаллаб жон сақласа бўлади.
Иккинчидан, Ўзбекистон ноз-неъматга бой ўлка. Бу ерда мева-чева, полиз-сабзавот маҳсулотлари мўл-кўл. Энг муҳими, одамзоднинг асосий емиши — нон кўп ва арзон. Жумҳуриятимиз пойтахти Тошкент бир вақтлар— инқилобдан кейинги очарчилик йилларида Нон шаҳри сифатида бутун дунёга донг таратган. Ўша кезларда Урал томонлардан, Самарадан кўплаб оч-яланғочлар Тошкентга келиб жон сақлашган.
Учинчидан, ўзбек халқи табиатан раҳм-шафқатли халқ. Ўзи оч қолса ҳам, қашшоқдан меҳр-мурувватини дариғ тутмайди. Бошига кулфат тушганлардан ёрдамини аямайди. Кези келганда, сўнгги тишлам нонини ҳам жабрдийда билан баҳам кўради, уйининг тўрини бўшатиб беради. Халқимизнинг бу фазилати мамлакатимиз учун энг оғир, энг таҳликали дамларда кўпларга асқотган. Ота-боболаримиз уруш йиллари ўн минглаб, юз минглаб қардошларимизни бағрига олган, уларга нон-туз, бошпана берган!
Тўртинчидан, Ўзбекистонда ким кўп, мардикор ишлатувчи кўп. Сўнгги йилларда уй-жой қурилиши, томорқа учун аҳолига ер ажратилиши, экин майдонларининг якка тартибда ишловчиларга ижарага берилиши муносабати билан ёлланма меҳнатга эҳтиёж яна ортди. Бу соҳада ерни ижарага олиб, қовун-тарвуз экувчи устамон деҳқонлар, айниқса, пиёз етиштиришнинг пирига айланган корейс биродарларимиз бой тажриба тўплашган. Улар меҳнатбай ҳақ эвазига, бир кун, ярим кунга одам ишлатиб, пайкалнинг бошидаёқ ҳисоб-китоб қилишнинг ҳавосини олишган. Мардикор ёлловчи ишга рози бўлган кишининг насл-насаби, келиб чиқиши билан қизиқмайди, ундан ҳужжат ҳам сўраб-суриштирмайди. Юмушлари тез ва соз битишини истасалар, мардикорнинг ётоғи, овқатигача, виносию ароғигача муҳайё қиладилар. Бу бирор жойда ёлчитиб ишламайдиган, ҳеч ерда рўйхатда турмайдиган юрткезар дайдиларнинг, чунончи, жазодан қочиб юрган жиноятчиларнинг манфаатларига жуда мос тушади!
Айтилган важ-корсонлар сабаб, жумҳуриятимизга келаётган дайдилар сафи тобора кенгайиб бормоқда. 1989 йили уларнинг 10 мингдан зиёдроғи ушланиб рўйхатдан ўтказилди. Ҳисобга олинмаганлари ҳам тахминан шунчага боради. Бу 20 минг ахлоқи бузуқ, текинхўру бекорчи, қаллобу жиноятчи, жамият учун хавфли одам деган гап! Шунга мувофиқ, пойтахтимизда, вилоятларимизда бир нечта дайдиларни назорат қилиш пунктлари очилган. Бу муассасаларда ишлаш учун юзлаб милиция ходимлари, қонуншунослар, шифокорлар, бошқа мутахассислар жалб қилинган! Улар, қоида бўйича, бир ой мобайнида қўлга тушган дайдиларнинг шахсини аниқлайдилар. Зарур ҳужжатларни тўғрилаб бериб, қай бирларини хастахоналарга, қай бирларини қариялар ва ногиронлар уйларига жўнатадилар. Жиноятчиларнинг ишини терговга ошириб, меҳнатга қобилиятлиларини корхоналарга йўллайдилар.
Қисқаси, биз дайдиларга нафрат кўзи билан қарамаймиз. Қўлимиздан келган ёрдамни аямаймиз ҳам. Эҳтимол, бу одамгарчилик юзасидан савобли, олижаноб ишдир. Фақат бошқа бир нарса кишини таажжубга солади: шахси аниқланган дайдилар нима учун келган жойларига қайтариб юборилмайдилар? Қаровчиси йўқ, бемор дайдилар нима учун жумҳуриятимиз ҳудудидаги шифохона ва махсус интернат-уйларга жойлаштириладилар? Ахир бошқа жойлардаги бундай муассасаларга четдан борганлар, сўққабош кексалар, етим болалар ҳам қабул қилинмайди-ку? Қолаверса, биздаги қариялар, майиб-мажруҳлар ва болалар қароргоҳларида, даволаш масканларида шусиз ҳам ўрин етишмайди-ку?! Ёрдамга, меҳр-муҳаббатга муҳтож ҳамюртларимиз тўлиб-тошиб ётибди-ку?! Модомики, шундай экан, нега сичқон сиғмас инига, ғалвир боғлар думига қабилида иш тутамиз? Дайдиларга кетадиган маблағни жигарбандларимиз эҳтиёжига сарфласак, улар учун дори-дармонлар сотиб олишга, шифохоналаримиз, мактаб ва боғчаларимизнинг шарт-шароитларни. яхшилашга ишлатсак, бўлмайдими?
Нега энди, соғлиғи жойида бўлиб, ўз юртига қайтишни рад этган дайдиларга ҳам ортиқча ҳотамтойлик кўрсатамиз — ишга жойлаштирамиз?! Улар учун қисқа вақт ичида прописка ҳам, иш жойи ҳам нақд! Ҳаял ўтмай, биргина бошларига шинам уй-жой ҳам муҳайё! Қишлоқларимиздан иш излаб чиққан ёшларимизга эса шаҳар дарвозалари тақа-тақ берк!.. Аввало, прописка бир машаққат. Амал-тақал билан, пропискадан ўтиб, ишга жойлашсалар ҳам, осонликча уй-жой ололмайдилар. Беш-ўн йиллаб бола-чақалари билан ижарама-ижара яшашга мажбур бўладилар! Узоққа бормай, ўз ҳаётимиздан сўзлаб қўя қолай: Иш жойида навбатнинг кети кўринмагани сабабли, жумҳурият матбуотида ишловчи 40 нафар журналист 1986 йил бошида алоҳида кооператив уй учун пул тўладик. Орамизда тўрт-беш болалилар, 35—40 ёшлилар бор. Уч йил ўтди. Уй фойдаланишга топширилиши у ёқда турсин, лоақал пойдевори ҳам қўйилмади. Шу ҳақда ўтган куз рус миллатига мансуб муттасаддилардан бирига мурожаат қилдим-у, маломатга қолдим. Унинг таъкидлашича, қурилажак уйнинг бизга берилиши нотўғри экан. Боиси — биз тубжой аҳоли эмас, қишлоқи, келгиндилар эканмиз. Тавба, ўз юртимизда қандайдир исқирт, жулдурвоқи дайдиларчалик ҳурмат топмасак, бу қандай кўргулик, бу қандай бедодлик?!
Аслида ҳамма айб ўзимизда! Ўз ҳақ-ҳуқуқимизни, миллий қадр-қимматимизни билмаслигимизда! Бировни уруш жабрини тортган деб, бировни юртидан қатағон қилинган деб, яна бошқа бировини малакали ишчи деб, қучоқ очиб кутиб олавердик. Уларга автобуслардаги; ўринларимиздан тортиб, шаҳарлардаги уй-жойларимизгача, корхонадаги ишимизгача барчасини бўшатиб бердик. Бошқа енгил-елпи, сердаромад соҳаларни ҳам улар уялмай-нетмай банд этишди. Аммо бирортаси қишлоқда яшашни, далага чиқиб ишлашни ўзига эп кўрмади. Шу тариқа, шаҳарларимиз миллий қиёфасини йўқотди. Хўш, бу меҳмондўстлигимиз эвазига нима кўрдик?! Лоақал раҳмат эшитдикми? Йўқ! Ҳатто, пахтамизни, пилламизни, тилламизни, қоракўлимизни бериб, порахўр, боқиманда деган ном орттирдик. Ҳақ-ҳуқуқимизни талаб қилганимизда, қонхўр, экстремист деган унвон олдик Шунча кўргиликлардан кейин ҳам, кўзимиз очилмаганини қарангки, эндиликда баъзи бировлар дайдиларга ортиқча ҳиммат кўрсатишни таклиф қилмоқдалар. Махсус муассаса очиб, уларни алоҳида ётоқхоналарга жойлаштириш, даволаб, назорат остида ишлатиш лозим, деган фикрларни ўртага ташламоқдалар. Менимча, бу таклиф мутлақо ўринсиз! Қалбида Ватанга муҳаббат, ўз миллатига садоқат туйғуси бўлмаган, дордан қочиб юрган дайдилар ҳеч қачон бизнинг халқимиз ор-номуси, шон-шавкати, қадр-қиммати учун жон куйдирмайдилар! Бир жойда қўним топиб, эл-юртимизга сингиб кетмайдилар…
Дайдиликка барҳам бериш учун таълим-тарбияни тубдан ўзгартириш, қонунларни мустаҳкамлаш зарур. Келгинди дайдиларни ўз юртларига мажбурий равишда қайтариб юборишни жорий этиш шарт! Бу ҳақда бошқа жумҳуриятлар мутасаддиларини хабардор этиб, улар билан ҳамкорликни кучайтириш керак. Токи, буюк фарзандлари билан фахрланадиган ҳар бир халқ ўз миллатига мансуб дайдиларни ҳам тўғри йўлга сола билсин! Ҳеч бир одам ўз халқидан кўрмаган меҳр-мурувватни, ифлос йўллар билан ўзгалардан кутмасин!
ХОТИМА ЎРНИДА. Тунов куни метрода ишга келаётиб, кейинги вақтларда одат тусига кириб қолган бир воқеанинг гувоҳи бўлдим. Поезд энди жила бошлаган маҳалда, уч-тўрт ёшли қизалоғини кўтариб олган жувон вагонга отилиб кириб, илтижо қила кетди:
— Ҳурматли йўловчилар! Очиқкўнгил яхшилар! Биз Молдавиядан шаҳрингизда яшовчи қариндошларимизникига меҳмон бўлиб келган эдик. Аммо уни топа олмадик. Қайтиб кетишга пулимиз йўқ. Борини ҳам олдириб қўйдик… Ўтинаман, очдан ўлмайлик, шу гўдак ҳақи-ҳурмати, бизга ёрдам берииглар. Хайр-эҳсон қилинглар!..
Кимдир бир сўм, кимдир уч сўм узатди. Онанинг ҳам, қизалоқнинг ҳам қўли пулга тўлиб кетди. Поезд навбатдаги бекатда тўхташи биланоқ, аёл пулларни ҳамёнига тиқиштирди-да, шоша-пиша кейинги вагонга югурди. Беихтиёр, кўнглимга шубҳа оралади. Бу аёл ким ўзи? Гаплари ростмикин? Узоқ масофадан меҳмонга келадиган одам олдин хат ёзиб, қўнғироқ қилиб, қариндошининг манзилини, жуда бўлмаганда, иш жойини аниқлаб олмайдими? Борингки, келибди ҳам, пули ва ҳужжатларини ўғирлатгани ҳақида тегишли идораларга мурожаат қилиб, уйига хабар берса, пул жўнатишларини сўраса бўларди-ку! Бу аёл нега шундай қилмади? Ёки…
Эҳтимол, мен янглишаётгандирман. Эҳтимол, аёлнинг ҳамма гаплари чиндир. Айтинг-айтинг, юртимизга оқиб келаётган дайдилар сони ўша куни шу она-бола ҳисобига яна иккитага кўпаймаган бўлсин!..
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси, 1990 йил, 14 сентябрь.