Фарғона области месхети турклари ва ўзбеклар ўртасида чиққан низо оқибатида рўй берган воқеаларга ва уларни бартараф этиш юзасидан қўлланган чора-тадбирларга сиёсий баҳо бериш лозим. Ҳеч қандай далилни яширмаслик, бўяб кўрсатмаслик, камайтириб ёки ошириб юбормаслик мақсадга мувофикдир. Чунки ана шу тамойилнинг бузилиши бундан ҳам ҳалокатлироқ оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Биз халқнинг талаблари билан боғлиқ сиёсий масалага рўбарў келиб турганлигимизни инкор этмаслигимиз керак.
Шу йилнинг 20 майидан бошлаб Фарғонада содир бўлган воқеа сабабларига тўхталиб, айрим тажрибаси, малакаси, сиёсий билими етарли бўлмаган партия ва совет, маъмурий органлар ходимларининг ўзларича аҳоли олдида воқеага баҳо беришга интилаётганликлари йўл қўйиб бўлмайдиган ҳолдир.
Масалан, айрим мансабдор кишилар Фарғонада Совет ҳокимиятини ағдариб ташлашга уриниш бўлди, юзлаб, минглаб кишилардан иборат ғалаён кўтарган одамлар бизнинг душманимиздир, деган ақл бовар қилмайдиган бўҳтон гапларни тарқатишди.
Бу, биринчидан, давлат хавфсизлиги маҳкамаларига, хусусан, давлат хавфсизлиги комитети Фарғона область бошқармасига, область партия ва совет ташкилотларига, область меҳнаткашларига туҳматдир. Негаки, областда Совет ҳокимиятини ағдаришга тайёргарлик бор экан-у, чекистларимиз, партия ва Совет ходимлари ҳеч нимадан бехабар туришган экан-да?! Асло бундай эмас.
Қувасойдаги воқеа тўсатдан рўй берди, тез ва тўғри бартараф этилмаганлиги натижасида бошка районларга ҳам яшин тезлигида тарқалди. Бундан айрим қайта қуришга қарши бўлган кимсалар ўз шахсий манфаатлари йўлида моҳирона фойдаландилар, оддий муштлашувдан чиққан можаро сиёсий тус олди ва ғалаёнга айланди.
Иккинчидан, «ҳокимиятни ағдариб ташлашга ҳаракат бўлди», дейиш сиёсий калтабинликдир. Бу тор фикрлайдиган сиёсатчининг жазаваси, халқ ичига кирмаслик, уларнинг дардларини ҳис этмаслик, республикамизда аллақачон пишиб етилган пахта яккаҳокимлигини тугатиш, пахта ва пилланинг баҳосини ошириш, экологик ҳалокатнинг олдини олиш, турар жой танқислиги, ишсизлик, ўзбек тили ва тарихини, маданиятини ўрганиш, республиканинг мустақиллигини таъминлаш муаммоларини илғамаслик ёки тан олмасликка интилиш, оммадан ажраб колиш, демакдир.
20 майда Қувасойда месхети турклари билан ўзбеклар ўртасида бошланган низо Фарғона, Марғилон, Қўқон, Тошлоқ, Яйпан сингари шаҳар ва қишлоқларга ёйилди. Кейинчалик эса бошка областларда ҳам бундай хавф туғилди. Хўш, нималар вазиятни кескинлаштириб юборди? Хунрезликка, кон тўкилишига, фожиага нималар сабаб бўлди?
1. Қувасойда бўлган воқеа тафсилоти аҳолидан беркитилди. Маҳаллий ўзбек аҳолисининг турклар томонидан ҳакоратлангани, камситилганига эътибор қаратилмасдан адолатсизликка йўл кўйилди. Исботи: Қувасойдаги воқеа орадан 20 кун ўтгач республика матбуотида ёритилди.
2. Республика ва Иттифоқ матбуоти ўзбек халқига сиёсий туҳмат килди. Ҳақиқий аҳволни бўяб кўрсатди. Халқ талабларига, оломон қўлидаги ёзма талабларга қасддан эътибор берилмади. Туркларнинг қилмишлари ҳақида лом-мим дейилмади.
1) Далолатимиз қуйидагича:
Ҳар бир эълон қилинган мақола ва ахборотда ғалаён кўтарганларга «безорилар, экстремистлар, миллатчилар, наша чеккан, қора дори истеъмол қилган гиёҳвандлар, спиртли ичимлик ичган тартиббузарлар, газандалар, дея разил ва мунофиқона тамғалар ёпиштирилиб, (бу 30-йиллардаги Бериянинг усули) бутун республика аҳолиси, бутун Совет халқининг фикри чалғитилди. Муайян талаблар билан чиққан кишилар ҳақида атайин салбий фикрлар уйғотиш, мамлакат жамоатчилигини уларга қарши қўйиш, уларни ваҳший қилиб кўрсатиш учун шундай риёкорлик қилинди.
13 июнь куни Ўзбекистон телевидениеси Фарғона медэкспертиза ташкилоти ходими Ҳасан Раҳмоновдан интервью олди. Ҳ. Раҳмонов текширилган 100 кишидан бирортасида ҳам наша чекканлик аломатлари аниқланмаганлигини айтди. Бунга республикамизнинг 20 миллионли аҳолиси гувоҳ.
4. Ғалаён кўтарган кишилардан бирорта одамга телевидение кўрсатувларида сўз берилмади. Сўз берилган киши эса гапира бошлагани билан узиб юборилди. Газеталар ҳам ўз репортажларида бирор кишининг фикрини, нима учун улар кескин ҳаракат килаётганликларини сўрамади. Аксинча, ЎзТАГ мухбири белбоғини тасодифан силкиган одамни кўк байрок кўтариб чиқди деб ёзди. Бундан ҳам пасткашлик бўладими?!
5. Ғалаён кўтарган кишилар қўлларида «Пахта нархи оширилсин!» деб талабнома ёзилган шиор борлиги республика матбуотида анча кейин айтилди. Масалан, А. Ибодинов «Совет Ўзбекистони» газетасининг 12 июнь сонида «Қувасойда нима бўлган эди?» сарлавҳали мақоласида Боғдод посёлкасидан Қўқонга борувчи йўлда одамлар «Пахтанинг нархи оширилсин!» деган шиорни кўтариб олганлигини ўз кўзи билан кўрганлигини ёзади. Бу Фарғона воқеалари чуқур социал илдизга, сиёсий характерга эга эканлигини кўрсатади, минглаб одамларнннг тартиббузар, безори эмасликлари, улар ўз ҳақларини талаб қилиб майдонга чиққанликларини исбот қилувчи реал, мутлақо рад этиб бўлмайдиган фактдир. Ана шундай шиорлар билан чиққан одамларни безорилар, миллатчилар, деб аташ сиёсий калтабинлик ва мунофиқликдир. Бундай муносабат халқни умидсизлантирди, одамларда давлат органларига ишончсизлик уйғотди ва янада кескинроқ ҳаракат қилишга мажбур этди.
6. СССР Ички Ишлар Министри ўртоқ В. В. Бакатин 5 июнь куни Ўзбекистон телевидениеси ва радиоси мухбири билан суҳбатда сиёсий жиҳатдан хато фикр билдирди («Совет Ўзбекистони» газетаси 7 июнь сони).
Марксча-ленинча таълимот бўйича энг кудратли куч — бу халқ. Ҳамма нарса халқ учун ва унинг бахтсаодати учун деб социализм байроғига ёзиб кўйилган. Халкнинг фикри ва талаби билан ҳисоблашмаслик марксча таълимотга зид ҳолдир. Ўртоқ В. В. Бакатин ўз интервьюсида бундай дейди: «… Ҳеч кимга қандайдир шартлар қўйишни маслаҳат бермаймиз, бундай шартлар ўтмайди».
Нима, ўзбек халқи қулми? Нима учун уларнинг талаби, шартлари ўтмайди? Аввало, безорилар билан ғалаён кўтарган оломонни ажратиб олиш лозим. Оломон талаб қилаётган экан, у халқ бўлаги экан, уни тинглаш зарур. Чунки биз дунёда биринчи халқ ҳокимияти ўрнатилган Совет давлатида яшаётганлигимизни унутмаслигимиз керак.
Афсуски, Фарғонада буларнинг тескариси бўлди. Окибатда, халқнинг қаҳр-ғазаби янада кучайиб кетди. Ҳозир Сталин даври эмас. Сталин ўлган, Берия отилган…
— СССР ички ишлар Министрлиги ички кўшинлар бошлиғи генерал-полковник Ю. Шаталин «Совет Ўзбекистони» газетасининг 10 июнь сонидаги ЎзТАГ мухбири тайёрлаган «Газандалар бебошлиги» маколасида бундай дейди: «Қўқон шаҳрининг бир ярим мингга яқин аҳолиси экстремистларга зарба бериш учун қурол сўраб мурожаат қилди. Ву масала ҳозир кўриб чиқилмоқда».
Бундай интервьюлар халқнинг қаҳр ва ғазабини кўзғатмай қўймайди. Кимлар ўша қурол сўраган кишилар? Туркларми? Бошқа миллат вакилларими? Ёки ўзбеклар ўз жигарбандларини отмоқчи бўлишдими? Буларга катъий жавоб бериш керак. Қаранглар, ҳурматли генералимиз дангал «бу масала кўриб чиқилмоқда» деяпти. Нима, пичоқ билан таёқ кўтариб, ўз ҳақини талаб қилаётган халққа қарата отиш учун бир ярим минг кишига автомат ва пулемётлар бериш керакмиди?! Ю. Шаталин ўзбекларга қарши Фарғонада СССР ички ишлар министрлигининг ички қўшинлари тарихида биринчи марта ҳаво десантини қўллади. Десантчилар ғалаёнчилардан бир қанчасини отиб ўлдирди. Бундай ваҳшийлик халқнинг ғазабини баттар ошириб юборди.
Балки генерал ўзбекларга қарши бомбардимончи самолётларни, ракеталарни ҳам биринчи бўлиб қўллар?! Генерал Родионов грузин халқига қарши химиявий куролни, заҳарли моддаларни кўллагани каби! Балки Ю. Шаталин шу йўл билан тарихда ўз номини қолдирмокчидир?! Қатъият билан ҳар кандай даражадаги кишига шундай деймиз: Ўзбекистон мустамлака эмас. Ўртоқ Шаталин ҳам мустамлакачи эмас. Ўзбекистон Совет Иттифоқи таркибидаги суверен республика. Шунинг учун унинг интервьюсига сиёсий баҳо берилишини сабот билан талаб қиламиз.
7. Энг ёмони шундаки, Фарғона области территориясида комендантлик соати жорий этилгач, республика аҳолиси, ўзбек халқи ўзининг Фарғонадаги юртдошларининг ҳоли нима кечаётганлигини ўша кунларда билолмади. Фарғона қуршаб олинди. Расмий кишилардан ташқари, кишиларга телефон алоқаси ҳам тўхтатилди. Матбуотда эса ёлғон хабарлар кўпроқ эди. Ву вазиятни сунъий ҳолатда янада кескинлаштириб юборди. Миш-мишлар, ваҳимали гаплар тарқалди. Ёшларнинг Фарғона шаҳарларига боришига, уларга ёрдам беришга интилишларига олиб келди. Окибатда қурбонлар кўпайди.
8. Можарони бартараф этиш ва тегишли чора кўриш учун Ўзбекистон ССР Министрлар Советининг (собиқ) раиси Ғ. Ҳ. Қодиров бошчилигида тузилган комиссия яхши ишламади. Комиссия пассив фаолияти вазиятни нормаллаштира олмади. Республика ва Иттифоқ матбуотида берилаётган ахборотларни назорат қилмади. Воқеаларни бўяб кўрсатилишига, ўзбек халқига туҳмат килинишига, халқ юзига балчиқ чапланишига йўл қўйиб берди. Натижада халқимизнинг номи бутун дунё олдида бадном этилди. Буни асло кечириб бўлмайди.
9. Фарғонадаги можарони ҳал этиш учун тузилган ҳукумат комиссиясига ўртоқ Ғ. Ҳ. Қодировнинг раҳбар қилиб тайинланиши мақсадга мувофиқ эмасди. Чунки у Самарқанд областида рўй берган можарони тўхтатишда босиқлик кўрсата олмаган, халқнинг ўзига бўлган ишончини аллақачон йўқотган эди. Халққа қарши қурол кўтарган, унинг талабларини қурол кучи билан бостиришга уринган раҳбар халқ меҳрига ва ишончига сазовор эмас.
10. Тартибсизликлар муносабати билан мамлакатимизнинг бошқа шаҳарларидан жалб қилинган икки юз кишига яқин терговчилар группаси Фарғонада иш бошлади. Бу халққа худди буқанинг кўзига қизил рўмол кўрсатгандек таъсир этди. Республикамизда 1984 йилдан буён ишлаётган икки юз кишилик терговчилар группаси ҳали ўз ишини тугаллагани йўқ. Яна икки юз кишилик тергов группаси! Эшитиши биланоқ одамнинг юраги эзилади. Хўрлиги келади. Миллий ғуруринг камситилганини ҳис этасан киши, ўксинасан…
Нима, Ўзбекистоннинг ўзида малакали терговчилар йўқми? Бу терговчиларни республиканинг ўзидаги областлардан ташкил этса бўлмасмиди?! Бундай ҳаракат Ўзбекистонга, ўзбек халқига Иттифоқ ҳукумати томонидан экстремистик ҳаракат эмасми?! Нима учун шундай йўл тутилмоқда? Нима, четдан келган терговчилар Гдлян ва Иванов сингари ўзбекларга шафқатсизроқ бўлишлари, бераҳмроқ иш кўришлари учунми? Ахир буларни ўйлаб кўриш вақти келмадимикин?! Бундай ҳаракатлар Совет Иттифоқи таркибидаги суверен Ўзбекистон Совет Социалистик Республикасига, унинг заҳматкаш халқига ҳурматсизлик эмасми? Ахир бу республикамизнинг мустақиллигини ерга уриш эмасми?! Бошқа миллат вакилларидан иборат терговчилар группа-группа бўлиб республикамизга келаверса, бундай терговлар интернационал туйғуларимизнинг илдизига болта урмайдими? Халқларимиз ўртасидаги ўзаро дўстликка путур етмайдими?!
— Фарғона областидаги қонли воқеаларда хотин-қизлар ва болаларнинг кўплаб ҳалок бўлганлиги факти зўр бериб яширишга уринилмоқда. Бирорта ҳам бола ўлмаган деган гаплар айтилаётир. Аёллардан эса фақатгина 3—4 тагина ҳалок бўлди дейилмоқда. Аслида шундаймикин?
«Совет Ўзбекистони» газетасининг 8 июнь сонида эълон қилинган ЎзТАГ махсус мухбирининг «Фарғонада кескин вазият» репортажида шундай жумлалар ёзилган: «Ҳалок бўлганлар орасида хотин-кизлар ва болалар оз эмас».
Бундай фактлар Фарғонада ҳалок бўлган юртдошларимиз, отилган кишипар сонининг камайтириб эълон килинганлигини исбот этади.
11. Матбуотда, ғалаёнда иштирок этган кишиларнинг ҳибсга олиниши, уларнинг сони ҳакида ҳам хабарлар турлича эълон килинди. Бу хабарлар бир-бирини инкор этади. Бундан қамоққа олинаётган кишилар сони қасддан халқни алдаш, чалғитиш мақсадида камайтириб кўрсатилганлигини англаб олиш мумкин.
Исботи: «Правда» газетаси 7 июнь сонидаги Б. Пипиянинг «Брифинг в МВД СССР» сарлавҳали мақоласида 300 киши ҳибсга олинганлигини маълум килган. «Известия» газетаси 6 июнь сонидаги мақолада ҳам юқоридаги рақам айнан қайд этилди. Аммо «Совет Ўзбекистони» газетаси 9 июнь сонидаги А. Ибодиновнинг «Қонунсизликка йўл қўйилмайди» репортажида: «Область партия комитетида ташкил этилган матбуот марказидан бизга берилган маълумотга кўра бошловчиларнинг арзимаган бир кисмигина қўлга тушган, холос», деб кўрсатилган. Бу фактлар шуни ойдин кўрсатмоқдаки, ҳибсга олинганлар сони чалкаштириб юборилган. Бу иш билан муайян кишилар шуғулланганлар.
Ҳозир қамоққа олинган юзлаб кишиларнинг тақдири хавф остида турибди. Республика ҳукумат комиссиясининг матбуотда 13 июнь куни эълон қилинган ахборотида адолатли фикр илгари сурилди. Ғалаёнларда қатнашган умумий оломоннинг ичидан гуноҳсиз кишиларни аниқ ажратиб олиш зарур. Фақат одам ўлдирган, ўт қўйган кишиларгина жазоланмоғи лозим. Шуларни ҳисобга олиб, куйидаги адолатли талаблар Совет ҳукумати олдига қўйилиши лозим:
1. Ғалаёнларнинг кенгайиб, ҳалокатли тус олиб кетишида маҳаллий ҳукумат ҳамда ҳукумат комиссиясининг ҳам аниқ айблари, хатолари бўлгани учун жиноий ишлар кўзғатилиб, тергов олиб борилаётганларнинг бегуноҳ қисми зудлик билан озод қилинсин.
2. Тергов ишларига ўзбекистонлик терговчилар жалб қилиниб, мамлакатимизнинг бошқа шаҳарларидан келган терговчиларни сарсон қилмай, улар қайтариб юборилсин.
3. Қамоққа олинганларнинг сони, миллати, жинси, яшаш жойи, ишлаш ёки ўқиш жойи, уларнинг терговдаги аниқ, қисқа жавоблари, фикр ва мулоҳазалари халққа тезда маълум қилинсин.
4. Қамоққа олинганларни тергов қилинаётган пайтда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги Декларациясига сўзсиз, тўлиқ амал қилинсин. Ўз ҳақини талаб қилиб чиққан ўзбек халқи вакилларининг инсоний ва ҳаётий ҳуқуқларини камситишга мутлақо йўл қўйилмасин.
5. Ғалаёнда қатнашган одамлар безорилар, гиёҳвандлар эмас, балки месхети турклари томонидан ҳақоратланганлиги учун ўз шаънини, номусини ҳимоя қилиб чиққан, социал муаммоларни ҳал этиш юзасидан қўйган талаблари бажарилмасдан, сунъий равишда чўзиб келинаётганидан ғазабланган кишилар деб талқин килинсин. Ўзбек халқи шаънига туҳмат қилган, халқ юзига қора балчиқ чаплаган мухбирлар, матбуот органлари халқдан расман кечирим сўрашсин. Айбдорлар қонун олдида жавоб берсин.
6. Фарғона областида бўлиб ўтган қонли воқеалар давомида неча киши ўлдирилгани, уларнинг қандай ҳолатда нима билан ўлдирилгани, миллати, жинси, яшаш ва ишлаш жойи, туғилган йили ҳақида халққа аниқ маълумот берилсин. Айниқса, ички қўшинлар ва милиция томонидан отиб ўлдирилган кишилар ҳақидаги маълумотлар алоҳида қайд этиб борилсин.
7. Маҳаллий ўзбек халқи вакилларини ҳақорат қилган, шундай қонли воқеаларга сабаб бўлган, Фарғона водийсида, Ўзбекистонда, бутун мамлакатимизда хавфли вазиятни юзага келтирган бошқа миллатга мансуб шахслар ҳам қонун олдида жавоб берсин.
Биз республика партия ва ҳукуматининг мазкур можаро бўйича аҳолига мурожаатномасини қўллаб-қувватлаймиз ва маъқуллаймиз. Ҳар қандай тартибсизликни, қонунсиз ҳаракатларни, одам ўлдириш, ўт қўйиш каби ҳаракатларни, халқлар ўртасидаги дўстликни бузишга бўлган ҳар қандай уринишларни кескин қоралаймиз. Шу билан бирга ўзбек халқининг қонуний талаб ва истаклари қабул қилиниши, мавжуд сиёсий-ижтимоий муаммоларни дарҳол ҳал этиш чоралари партия ва ҳукуматимиз томонидан кўрилиб, амалга оширилиши шарт деб ҳисоблаймиз.
Шу йил 17 июнда Ўзбекистон Компартияси Наманган область партия комитети бизга Фарғона областидаги воқеалар оқибати билан яқиндан танишиш имкониятини яратди. Бир группа партия, совет ташкилотлари, матбуот ходимлари, меҳнат ветеранлари Наманган — Марғилон — Тошлоқ — Фарғона — Қувасой маршрути бўйлаб сафар қилдик. Ўт қўйилган уйларни ўз кўзимиз билан кўрдик. Аҳоли билан суҳбатлашдик.
Мен шу сафарда мазкур воқеалар ҳақида янги, очиғи, жуда муҳим маълумотга, тушунчага эга бўлдим. Туркларнинг ёндирилган уйларидаги ҳолат диққат-эътиборимни тортди. Барча ҳовлилардан мол-ҳоллар олиб чиқиб кетилган эди. Ветеранлардан бири «уларнинг ўзлари ҳам ўт қўйишганга ўхшайди», деди. Чунки улар узоқ вақтдан буён ўз юртларига қайтариш учун юқори давлат органларига мурожаат қилиб келганлар. Бироқ аризалар оқибатсиз қолаверган. Улар ниҳоят масалани кескинроқ ҳолатда ҳал қилиш мумкин деган фикрга келган бўлишлари эҳтимол.
«Совет Ўзбекистони» газетасининг 17 июнь сонида босилган «Босиқлик, ақл-идрок — яхши маслаҳатчи» сарлавҳали давра суҳбатини ўқир эканман, юқоридаги фикрларда жон борлиги, ҳақиқатга анча яқинлиги янада равшан бўлди. Мазкур суҳбатда Ўзбекистон ССР Фанлар академиясининг академиги ўртоқ И. Искандаров бундай дейди: «…Турклар ҳар қандай бўлса ҳам ўз юртига қайтиш ниятида эканлар. Бу ҳақда жуда кўп идораларга, марказга ёзишган, мурожаат қилишган. Бироқ натижа бўлмаган. Уларнинг ариза ва шикоятлари инобатсиз қолаверган. Шундан сўнг асаббузарлик қилиб, икки миллат ўртасида келишмовчилик келтириб чиқариб, кўчиб кетиш максадида бўлишган. Осланов деган мактаб директорининг гапларига қараганда, ўзаро низо ана шу тарзда вужудга келган».
Биз Фарғонадан кайтиб келатуриб, Марғилонда тўхтадик. Одамлар билан суҳбатлашдик. Шаҳар марказида, йўлларда, чорраҳаларда автомат ва дубинкалар билан куролланган солдатлар соқчилик қилиб туришар эди.
Бир кун олдин шаҳар марказидаги соқчи мотоцикл минган ўзбек йигитни тўхтамагани учун отиб ўлдирибди. Шунда соат беш минут кам ўн экан. Аслида, комендантлик соати ўнда бошланади. Марғилонликларнинг айтишларига караганда, отиб ўлдирилган йигитни эрталабгача кўчадаги дарахтга бўйнидан осиб қўйишибди. Бировлар солдатларнинг ўзи осиб қўйди деса, бошқалар ўликни турклар осиб кетибди дейишарди.
Бундай ёвузлик ҳам халқ юрагида ғазаб уйғотган эди. Бу ишга сиёсий баҳо бериладиган бўлса, уни фақатгина фашистлар усули деб аташ мумкин. Чунки кимлардир шундай йўл билан халқни чўчитишни ўйлаган бўлса, улар сиёсий жиҳатдан калтабинлик қилиб қўйганликларини ўзлари ҳам сезишмаган бўлса керак. Агар ўша отиб, сўнг осиб қўйилган йигит жиноятчи бўлган тақдирда ҳам унга нисбатан қўлланган жазо ўзбек халқини оёқости килиш, уни таҳқирлаш, менсимаслик дейиш мумкин. Фақат чор ҳукумати даврида бош кўтарган маҳаллий аҳоли вакиллари ана шундай усул билан жазоланар эди. Инқилобдан олдин Андижонда Дукчи эшон бошлиқ осиб ўлдирилган саккиз киши қисматини эсланг. Ўшанда қатл маросимига ҳатто болалар ҳам келган ва даҳшатдан кўплар ҳушидан кетиб қолганлиги тарихий манбалардан маълум. Бу иш аҳолининг бўғилиб кўзлари, тиллари осилиб чиқиб қолган қўрқинчли мурдалар қиёфасини унутмаслиги учун қилинган эди. Шуни эслаган кишилар абадий асоратда, қулликда яшайверишларига, бир оғиз қарши сўз айта олмасликларига чор мустамлакачиларининг ишончи комил эди, албатта.
Ҳозир-чи? Бу — қабоҳат. Бундай воқеаларга сиёсий баҳо бериш шарт. Марғилонликлар бу ҳақда алам ва изтироб билан гапирдилар. Масаланинг моҳиятига тўхталадиган бўлсак, бундай йўл билан осойишталикни таъминлаш асло мумкин эмас. Осойишталик посбонлари қош қўяман деб кўз чиқарганликлари шубҳасиз.
Айрим кишилар намойишга чиққан, митингга тўпланган кишиларнинг ҳаммасини отавериш керак, деб баралла айтишди. Буни қонун билан тўғри эканлигини исботлашга ҳам уринишди. Агар отиш билан масала ҳал бўлса эди, улар ҳақ бўлиб чиқишарди. Бироқ отиб ўлдирилган ёки отиб ярадор қилинган кишининг акаси, укаси, отаси, қариндош-уруғлари борлигини ўйламаслик ўта беақлликдир. Негаки бундай ўлим бирор кишининг ёдидан чиқмайди ва ҳалок бўлган кишининг яқинларини давлатга, хусусан, милиция ходимларига ишончи қолганлигига, дўстлигига бирор киши кафолат бера олмайди. Соқчи солдат бир кишини отиш билан ўнлаб кишиларни мавжуд тузумга батамом қарши қилиб қўяётганлигини тушуниб олиш кийин эмас.
Фарғона водийсида шундай воқеалар содир бўлдики, бу Ўзбекистон тарихига ўз-ўзидан киради. Воқеани бартараф этишда йўл қўйилган хатолар ўз таъсирини кўрсатиб турибди. Келгусида унинг салбий оқибатларини камайтириш бугун унга қанчалик тўғри баҳо берилишига боғлиқ. Ҳозир ҳамма ҳам шу ҳақда ўйлаши ва тўғри хулосага келиб олиши мақсадга мувофиқдир.
Абдулла Абдужалилов,
Поп район жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг раиси
“Ёшлик” журнали, 1989 йил, 11-сон