Шарқ эллари орасида «Ўзбек бойиса том солар» деган гап юради. Бу гапнинг ростлигига неча минг йиллик тарих гувоҳ. Биргина Алишер Навоий курдирган олий иморатларнинг ўзи 150 дан ошади. Булар мадраса, масжид, хонақо, шифохона, карвонсарой, работ ва шу кабилардир.
Ўзбек иморатсозлигининг ўзига хос ва нодир фазилатларидан бири шуки, унда эъзозланаётган туйғу ўзининг такрорланмас ва энг юксак чўккисини топади. Олам олам бўлиб, одам одам бўлиб яралгандан буён ҳеч бир шоир Аҳмад Яссавийдек улкан ва буюк мақбара билан қадрланмаган бўлса керак. Бу Амир Темур томонидан шоир умрининг охирларида Ясси шаҳрида қурилган обидадир. Инсоният ишқу вафо, садоқату хотирот туйғуларига ошно бўлганидан бери ҳеч ким суюкли рафиқа Мумтоз Маҳалдек ёри томонидан қурилган садоқат рамзи бўлмиш тенги йўқ ёдгорликка муносиб кўрилмаган. Бу Бобур авлодларидан бўлмиш Шоҳ Жаҳон қурдирган машҳур Тож Маҳалдир. Умуман, иморат қуриш ва қурдириш ўзбекка йўргакда теккан одат. Қизиқ бир факт: ҳаттоки фаолиятидан то шу пайтга қадар фақат нуқсон қидириб келинаётган Бухоронинг сўнгги подшоҳи Амир Олимхон ҳам замонаси ўта нотинч бўлишига қарамай, Бухорода мадраса, шаҳар яқинида ва Қаршида саройлар, Петербургда эса жоме масжиди қурдиришга улгурган. XIV асрнинг биринчи ярмида яшаган машҳур араб сайёҳи ибн Баттута ва унинг замондоши Ал-Умарий ҳам аждодларимизнинг шу фазилатларини кўкларга кўтариб мақтаганлар. Масалан, Ал-Умарий маворауннаҳрлик, яъни туркистонлик давлатманд ва ўзига тўқ кишилар пулларини асосан мадрасалар, работлар, йўллар қуришга, вақфлар белгилашга сарфлайдилар, деб ёзади. Шу фазилат туфайликим, жумладан Туркистондан, яъни Ўрта Осиё ва Козоғистон тупроғида асрлар давомида минглаб осори-атиқалар қад кўтарган.
Биргина Тошкентни олиб кўрайлик. 1911 йилги маълумотга кўра, Тошкентнинг эски шаҳар кисмида 333 та, янги шаҳар кисмида 16 та мачит бўлган. Турли сабабларга кўра, асосан, шахсга сиғиниш йилларида ўтмиш маданиятига муносабат принциплари қўпол равишда бузилиши окибатида Тошкентнинг кўп мачитлари қаровсиз колган, бузиб ташланган. Бахтли тасодифлар туфайли сақланиб қолган мачитларнинг аҳволи ҳам ночор. Кўкча даҳасининг ёбу Назир маҳалласидаги мачитга кандолатпазлик цехи жойлашган. Мачит ёнидаги неча йил бўйи сув босиб, кўлмак бўлиб, захи мачит деворларию минорасигача кўтарилиб боряпти-ю, на қандолатпазлар, на маҳалла аҳли бунга парво қилмайди.
Тошкентнинг бош масжиди — Хўжа Аҳрор жоме масжидида илгари «Қизил олов» заводи жойлашган бўлиб, бу ерда чўян қуюларди, XV асрда курилган бу бинонинг шимолий девори қисман қулатилди, юк машиналари масжид ҳовлисига бемалол кириб-чиқиб турарди. Ўқувчилик йилларимизда муаллимларимиз бизни шу «масжид-завод»га саёҳатга олиб келардилар. Ўшанда унинг нураб бораётганига лоқайд қараганмиз. Тўғри, бизлар бола эдик, лекин ўқитувчиларимиз олий маълумотли одамлар эди-ку. Демак, гап дипломда эмас экан. Эндиликда, ўқувчилик ва талабалик йилларимиз аллақачон ортда колиб кетган ҳозирги кунда ўтмиш ёдгорликларига муносабатимизни ўзгартирганмизми, йўқми? Афсуски, ўзгариш сезилмайди. Эски Тошкентнинг нақ киндигида қад кўтарган Хўжа Аҳрор жоме масжиди, гарчи завод кўчиб кетган бўлса-да, ҳамон таъмир-талаб бўлиб ётибди. Сақичмон маҳалласидаги Тўхтабек жоме масжидини ҳам тезда таъмирлаш зарур.
Хўш, асримиз бошларида Тошкент қиёфасини белгилаб турган ўша 349 масжиду 17 мадрасадан бугунги кунгача келиб нечтаси сақланиб қолган экан? Мадрасалардан фақат учтаси бор: булар — Кўкалдош, Бароқхон ва Абулқосим мадрасалари. Масжидларнинг атиги 5 фоизи колибди, холос. Яқинда шаҳар кезиб, айрим масжидларни кўздан кечирдик. Чиғатой дарвоза (ҳозирги Форобий) кўчаси билан Сағбон кўчаси бошланадиган жой Ҳожи Малик маҳалласи дейилади. Ана шу ердан Сағбон кўчаси бўйлаб шимол томон икки юз кадамча юрсангиз, Ҳофиз маҳалласига етасиз. Кўча ёқасидаги ғиштин масжиднинг ярми йўлни кенгайтириш баҳонасида бузиб ташланган, худди дарахтни кесишгани каби ўртасидан тиккасига «арралашган». «Арра» теккан — чопилган мустаҳкам ғиштларга синчиклаб карасангиз, уларнинг оралиқларидан гўё кўз ёши силқиб чиқаётгандек туюлади. Бу осори-атиқаларнинг — ўтмиш асрларнинг кўз ёшларидир. «Йиғлаётган масжид»дан шимолга эллик метрча юрсангиз, Сағбон кўчаси билан Олча кўчаси туташган ерда яна бир масжидга кўзингиз тушади. Унга қандайдир корхонанинг филиали жойлашган. Дастгоҳлар дастидан масжид деворлари зириллагани-зириллаган. Олтмиш-етмиш метр нарида, кўчанинг ўнг тарафида яна бир масжид бор. Илгари бу иморатга 24-мактабнинг кутубхонаси жойлашган эди. Ўзбек алломалари Яҳё Ғуломов, Обид Содиков, Собир Юнусов, Карим Аҳмедов, Ҳамдам Усмонов, СССР халқ артисти Малик Қаюмов, шарқшунос Лазиз Азиззода каби таникли кишилар шу ерда кўп мутолаа килишган. Ҳозир у қаровсиз ётибди. Яна юз эллик метр шимолда, Қўштут гузаридаги каттакон масжидга ҳам бир корхона жойлашган.
Қўштут марказидан чапда, Енгиш кўчасидаги масжидлардан бирига корхона, иккинчисига болалар боғчаси жойлашган. Кайковус ариғи ёқасидаги ғиштин масжид омбор, Қумлоқ маҳалласидаги масжид эса дорихона, Ҳамза кўчасида — Биринчи ва Иккинчи Зарқайнар маҳаллаларидаги масжидлар эса илгари ётоқхона эди, эндиликда қаровсиз. Собир Раҳимов ва Ҳамза кўчалари туташган ердаги ғиштин бино Хотинмасжид деб аталади. Унинг номланиш тарихи бошқачароқ. Бир ишбилармон бой киши навқирон ёшида тўсатдан вафот этиб, ундан кўп ер-сув, мол-мулк гўзал хотинига мерос қолади. Шаҳарнинг казо-казолари бевага совчилар юборишади. Ўртага дин арбоблари ҳам тушадилар. Аёл билардики, харидорларини фақатгина ҳусну одоби эмас, балки бойликлар ҳам мафтун этарди. Кўз очиб кўрган эрига бир умр содиқ бўлиб қолган бу аёл шундай тадбир қўллайди. Бутун мол-мулкини масжид қуришга сарфлаш, ер-сувларини масжид вақфига бағишлаш ниятини юрт катталарига билдиради. Ўша кезлари нафақат Тошкентда, балки бутун Турон мамлакатида Масжид қуриш ғоясини тўхтатиб қўя оладиган куч йўқ эди. Шу тариқа Хотинмасжид бунёд бўлади. Мен бунда аёл вафодорлигининг ёркин бир далилини кўраман. Уни кўркамликда эмас, балки инсон хотирасини эъзозлаш борасида буюк Тож Маҳалга тенглаш мумкин.
Шайхонтовур (Шайх Хованд Тоҳур)лик Гадобек деган киши қурдирган икки масжид ҳақида ҳам албатта гапириш лозим. Қарияларнинг ҳикоя қилишларича, Гадобекнинг ҳам жуфти ҳалоли ёшлигида оғир дардга учраб дунёдан кўз юмади. Ундан фарзанд колмайди.
Лекин хотинига вафодор Гадобек бошка уйланмайди, мол-мулкини бева-бечораларга ҳадя қилиш билан ҳам кўнгли таскин топмайди. Суюкли марҳума хотини хотирасини абадийлаштириш максадида ўз маҳалласида баланд ва гўзал бир бино — масжид қурдиради. Халқ кўринарли ва кўнгай ерга қурилган иморатнинг баландлигига урғу бериб, уни баландмасжид деб атайди. Бора-бора бутун маҳалла ҳам Баландмасжид деб юритила бошлайди. Мазкур маҳалла ҳозирги Навоий кўчасида, Хадра майдони билан Марказий телеграф бекати оралиғида, кўчанинг шимол тарафида жойлашган эди.
Ўттизинчи йилларда динга қарши кураш ниқоби остида кўҳна осори-атиқаларни бузиш бошланиб, навбат албатта Баландмасжидга ҳам етиб колган эди. Лекин ёлғиз суянчиғи — суюкли завжаси сиймосини эслатувчи масжиди бор эди, холос. Уни шу суянчиғидан ҳам маҳрум этишмоқчи. Агар масжид ҳам йўқ қилинса, дунёдан ҳеч бир ном-нишонсиз ўтиб кетаркан-да. Изсиз ўтишни била туриб, дунёдан кўз юмиш даҳшат. Ўйлаб-ўйлаб, охири йўлини топади: Баландмасжидни сақлаб қолишнинг бирдан-бир чораси атеизм билан «шуғулланиш» эди. Гадобек жумҳурият ҳукумати раиси Файзулла Хўжаев қабулига ёзилади. «Атеизм билан шуғулланиш мақсадида ҳукумат раиси билан маслаҳатлашмокчиман», деганини эшитиб, қабулхона ходимлари Гадобекни тезда раис ҳузурига қўйиб юбора қоладилар.
«Камина баландмасжидлик Гадобек бўламан. Ўша масжидни қурдирган ғариб кимсаман. Шу масжиддан бўлак суянчиғим, бевақт мени ёлғиз ташлаб кетган завжамни эслатувчи шу иморатдан бўлак бойлигим йўқ. Масжидни биронта мих ишлатмай қурдирганман. Камина масжид қурилишига фақат ускунаю озиқ-овқат сарф этганман, холос. Қолган ҳаммасини халқнинг ўзи бажарган. Масжид Катта кўчани (Навоий кўчаси илгари Катта кўча деб юритилган) кенгайтириш мақсадида бузилар экан. Уни бошқа жойга олиб бориб, қайта қурсак ва унда… атеизм музейини очсак…»
Файзулла Хўжаев гап нимада эканини англаб етади-да, истисно тариқасида Баландмасжидни бошқа жойга кўчириб, қайтадан қуришга рухсат беради, бу нозик юмушни Гадобекнинг зиммасига юклайди.
Бундан руҳланиб кетган Гадобек енг шимариб ишга киришади. Яна бутун шаҳар бўйича ҳашар эълон килинади. Кимки савобталаб бўлса, белбоғига емишини тугиб, Баландмасжид тамон келади ва ҳамма бир ёқадан бош чиқариб, бу масжидни худди ўз шаклу шамойилида Бешёғоч майдонига элтиб ўрнатадилар. Ҳозир бу меъморий ёдгорликка атеизм музейи жойлашган. Энг муҳими, Гадобек номи билан боғлиқ халқимиз тарихининг бир ёдгорлиги сақланиб қолганлигидир.
Кўҳна Туркистонда жойларнинг номи масжидларга нисбат берилиб, Оқмасжид қишлоғи, Сирлимасжид маҳалласи каби аталишини биламиз. Бош универсал магазиннинг орқасидаги эски маҳалла масжиди, айтишларича, чиндан ҳам сирли бўлган. Масжиднинг сири йўғон ва баланд устунларнинг остидаги олис эллардан келтирилган кўк мармар тошларда экан. Улардан тараладиган ёқимли ҳидлар шифобахш бўлиб, турли аллергик касалликларга, жумладан, кўкйўталга даво.
Аждодларимиз учун шифо маскани ҳам бўлган бу «Сирлимасжид» ҳалигача қаровсиз ётибди. Меъморий ёдгорликларнинг бундай ачинарли ҳолда ётиши учун фақат мутасадди ташкилотлар ва уларнинг ойлик олиб, оила боқадиган масъул раҳбарларигина эмас, балки ҳаммамиз айбдормиз. Аждодларимиз наҳотки биздан шуни кутишган? Чиғатой чақиридаги масжидга дастлаб лаборатория жойлашди, дарвозахонасида эса керосин сотилди. Ҳозир у ҳам ташландиқ ҳолда диний бошқарма қароргоҳи бўлган Бароқхон мадрасасининг жанубий катта залидан ҳам керосин дўкони сифатида фойдаланишарди (ҳозир бу ер диний бошқарма раҳбарининг иш кабинетидир) десам, ўз кўзи билан кўрмаганлар гапимга ишонмасликлари мумкин. Ахир, кўп асрлик халқ тарихининг кўзгуси бўлмиш мадрасадан керосин дўкони сифатида фойдаланишганда бефарқ қараб турганлар ҳам бошқалар эмас, ўзимиз эдик. Тўғри, ўша кезлари менинг тенгдошларим бошланғич синф ўкувчилари эдилар, ҳали ақлимиз кўп нарсага етмасди. Хўш, катталар-чи, улар қаёққа карашарди, нимани ўйлашарди? Менимча, эллигинчи йилларнинг бошлари бўлгани учун, ҳали уруш касофати кучли бўлгани учун ўтин-кўмир камёб эди, катталар, аввало, навбатда туриб, керосин олиб, бир амаллаб қорақозонни қайнатиш ўйида эдилар. Демак, моддий қашшоқлик маънавий таназзулга олиб келар экан. Лекин ҳозир-чи?
Меъморий ёдгорликларимизга белисанд қараш иллатининг илдизлари сталинчилик йиллари касофатларнга бориб тақалади. Бу сиёсат халқни аввало замондан узоқлаштириб, моддий қашшоқлаштирди, кейин маънавий гадо ва басир қилди. 30-йиллар бошидаги каҳатчиликда одамлар аввало қорин тўйғазиш, яъни жисман тирик қолиш ташвиши билан яшашга мажбур бўлдилар. Шу сабабли ўттизинчи йиллар ўрталарида бутун мамлакат бўйлаб меъморий ва маънавий бойликларга қарши қирғин бошланганида, одамлар бунга қарши кураша олмадилар. Бугунги оммавий лоқайдлик ва фикрий қашшоқлик илдизлари пахта яккаҳокимлиги касридан юртимиз иктисодий ҳаётига етган ўнгланмас зарарга бориб тақалади.
Мақсадимиз жумҳурият жамоатчилигининг диққатини нураб бораётган улар масжидми, мадрасами, хонакоҳми, саройми, бундан қатъи назар — тарихий биноларга жалб этишдир. Барча таъмирталаб бўлиб, қаровсиз ётган иморатлар ўз эгаларига — ўша ёдгорликлар атрофида яшовчи аҳоли ихтиёрига топширилса, айни муддаодир. Биринчидан, бу омманинг меъморий ёдгорликларга бўлган ватанпарварлик муносабатини кучайтиради. Иккинчидан эса, меъморий ёдгорликларга умумий, яъни мавҳум эгалик барҳам топади.
Мадрасалар, масжидлар, хонақоҳлар моддий эмас, маънавий бойлик масканлари бўлиб келган. Улардан корхона, омборхона сифатида фойдаланишга қатъий чек қўйиш пайти етди. Айрим ёдгорликлардан қироатхона ёки кутубхона сифатида фойдаланган маъқул.
Яна бир таклиф шуки, ёдгорликларнинг ҳар бирида унинг ким томонидан ва қачон қурилгани, меъмори кимлиги, унга кимларнинг қадами етгани ве шу кабилар ҳақида маълумот ёзилган левҳалар осиш лозим. Масалан, Самарқанднинг бош майдонидаги Улуғбек мадресасида Муҳаммад Тарағай Кўрагоний — Мирзо Улуғбек ҳақида, шу жойга майдон киёфасини бериб турган Шердор ва Тиллакори мадрасаларига бу салобатли ва шукуҳли олий иморатларни қурдирган буюк ўзбек фарзандларидан бири Самарқанд ҳокими, атокли лашкарбоши ва тенги йўқ қурувчи Ялангтўшбек баҳодир ҳақида икки оғизгина сўз ёзилган мармар лавҳа қўйилса, бу ёшларни ўтмишга ҳурмат кўрсатиш руҳида тарбиялашга ҳисса қўшган бўларди. Ялангтўшбек баҳодирга ўхшаш буюк боболари ўтганини ўзбек ёшлари, иттифоқдош жумҳуриятлар ва чет эллик сайёҳлар ҳам билиб қўйсалар ёмон бўлмасди. Самарқанд, Бухоро, Хивада жойлашган сайёҳлик идораларида ишлаётган йўлбошловчи ходимларнинг билими, қараши, гап-сўзларига ёзувчи, журналист ва олимларимиз жиддий эътибор бериб, вилоят ва жумҳурият матбуоти орқали холис фикр билдирсалар, аждодларимиз руҳини шод этган бўлардилар. Ўзбекнинг бой ва кўпқиррали тарихидан бехабар минглаб сайёҳларни айрим йўлбошловчилар кўп чалғитишади. Шахсан ўзим самарқандлик гидларнинг «Амир Темур Буюк мўғуллар салтанатининг асосчиси Бобурнинг катта бобоси бўлган» деганга ўхшаш нотўғри гапларига тузатиш киритганман. Аждодларимизга бизнинг мақтов сўзларимиз даркор эмас. Улар бусиз ҳам ўз вазифаларини ўтаб қўйганлар — буюк ва бой меъморий ёдгорликлар қолдирганлар. Бирдан-бир ўтинчлари шу бўлса керакки, улар қолдирган мерос ҳақида рост сўзлайлик ва эъзозлаб, ўзимиздан кейинги авлодга ҳам етказайлик. Бу энг аввало ўзимизга карек. Зеро, ўтмиш ҳақида ёлғон сўзлаганнинг, ўтмишини унутганнинг келажаги бўлмайди.
Жой номлари ҳам тарихий бойлик, халқнинг маънавий мероси ҳисобланади. Улар халқни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда алоҳида ўрин тутади. Маълумки, эски Тошкентнинг ўн иккита дарвозаси бўлган, ҳар бирида кираверишда ўзига хос Оқтепалар бўлган: Кўкча Оқтепа, Чиғатой Оқтепа, Чилонзор Оқтепа ве ҳоказо. Бу Оқтепалар аслида ҳарбий истеҳкомлардир. Ҳар тунда Оқтепаларда соқчилар гулхан ёқиб қоровуллик қилганлар, агар душман аскарлари келаётгани сезилгудек бўлса, дарров гулханни ўчирганлар. Буни шаҳар дарвозаси тепасидан кузатиб турган қўриқчилар дарров сезиб, тегишли чора-тадбирлар кўрганлар. Ҳамма куч ҳужум кутилаётган дарвоза мудофаасига қаратилган. Оқтепаларнинг бундай вазифа бажарганидан бехабар кишилар уларни ер билан яксон қилиб, текислаб юбормоқдалар. Ҳозир фақат Чиғатой Оқтепеси қолибди, холос. Буни жисман йўқ қилиш деймиз, чунки тарихий номни йўқотишнинг икки усули бор. Бири ҳеч бир сабабсиз тарихий номни янги ном билан алмаштиришдир. Буни маънавий ўлдириш деса ҳам бўлади. Қатортол кўчасининг номи асоссиз ўзгартирилди, Чирчиқ бўйидаги икки районга Коммунистик ва Ғалаба деб ном берилди. Хўш, нега? Агар, 1945 йили Ғалаба номи берилганда, буни урушдаги ғалаба шарафига йўйиш мумкин эди. Турғунлик йилларида районга Ғалаба деб от кўйиш мантиқсиздир. Ёки бўлмаса, қадимги Бектемир шаҳрига Наримонов номини беришни нима билан изоҳлаш мумкин? Ахир, Тошкент музофотида рўй берган кўпгина тарихий воқеалар Бектемир номи билан боғлик-ку. Бектемир илмий ва тирихий асарлар, бадиий китобларда ҳам тилга олинган. Эндиликда уларни ўқийдиган китобхонлар, Бектемир қаерда бўлдийкин, деб қийналишлари турган гап. Россияда ўтмишда йўл қўйилган хатоларни тузатиш учун яхши ишлар қилиняпти. Масалан, Ижевск шаҳри яна ўз номи билан атала бошланди. Ўзбекистонда ҳам шундай тадбирларни амалга ошириш лозим.
Тарихий жой номларини ўзгартиришга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ. Бу худди туғилганида Алпомиш деб от кўйилган болага йигит бўлгач, Альберт деб ном беришдек бўлмағур ишдир. Жой номлари дахлсиз бўлиши ва худди моддий, маданий ёдгорликлардек, давлат томонидан муҳофаза этилиши керак. Республика маданият ёдгорликларини сақлаш Жамияти кенгайтирилиб, маданий ёдгорликлар ва жой номларини муҳофаза этиш жамияти, деб аталишини таклиф қиламан. Иттифоқдош республикалар Фанлар академияларида бўлгани каби Ўзбекистон ССР Фанлар академияси қошида ҳам этнография илмий-тадқиқот институтини очиш, топонимика масалалари билан шуғулланувчи олимлар сафини кенгайтириш ва фаолиятини кучайтириш лозим.
Республикамизда йил сайин кўплаб янги-янги турар жойлар, кўчалар, майдонлар, шаҳар ва қишлоқлар бунёд бўлаётир. Буларга ном беришда ўйлаб, етти ўлчаб бир кесиб иш тутиш лозим. Улар ўз номлари билан ҳам Ўзбекистонга, ўзбек халқига тегишли эканлиги сезилиб турсин.
Матбуот саҳифаларида бу хусусда ажойиб гаплар айтилмоқда. Лекин, «Правда Востока» ва бошқа газеталарда айрим чалкаш фикрлар ҳам учраб қолаётир. Айрим муаллифларнинг пала-партиш мақолалари газета саҳифаларига чиқиб кетмоқда. Шоир Муҳаммад Алининг «Ёш ленинчи» газетасида босилган мақоласини танқид киламан деб, Р. Собиров деган шахс ўз билимсизлигини фош этиб қўйди. Унинг «мақола»си аввало, бирор мутахассисга кўрсатилиб, кейин «ёш ленинчи»нинг ўзида босилса, ақлли иш қилинган бўлур эди.
«Правда Востока»даги пала-партишликларни М. Ваҳобов бошлаб берган бўлса, А. Аъзамхўжаев давом эттирди, Г. Ҳидоятов эса жуда авжига чиқарди. Ҳатто у ўзбек халқига Темурнинг ҳеч бир алоқаси йўқ дейишгача бориб етди. У лоақал Алишер Навоийнинг «Мажолис ун-нафоис»ини ёки Шарафиддин Али-Яздийнинг «Зафарнома» асарини ўқиган бўлганида бу фикридан қайтар эди. Профессор, фан доктори бўлмиш Г. Ҳидоятов талабалар олдида ўзбек халқи тарихи, яъни ўз тарихи бўйича билими ноетук эканлигини исботлади-қўйди. Қозоқ шоири Ўлжас Сулаймонов таъбири билан айтганда, тарихда қоралама бўлмайди, тарих бир марта ёзилади. Ҳеч бир одам ўз таржимаи ҳолидан воз кеча олмаганидек, ҳеч бир халқ ҳам ўз ўтмишидан қочиб кетолмайди. Чунки ўтмиш яшаб ўтилган кунлардир. Олим одамнинг иши эса Темур бизники ёки бизники эмас дейиш эмас, балки марксизм-ленинизм нуқтаи назаридан Темурга холис баҳо беришдир. Ваҳоланки, Темур ҳақида Иброҳим Мўминовнинг бир кичик рисоласидан бўлак ҳеч нарса чоп этилмаган. Марҳум Маҳкам Абдураимовнинг «Темур ва Тўхтамиш» деган монографияси ўн йиллардан буён босилмай ётибди. Г. Ҳидоятовга айтадиган икки оғиз сўзим бор. Агар Темур турк бўлмаганида юртимизни мўғул босқинчиларидан тозалаш учун жон-жаҳди билан киришмас, Самарқанд тахтини эгаллаб тинчлана қоларди. Иккинчидан, ўзи Чингизхон авлодидан Амир Ҳусайннинг синглисига уйланиб, Кўрагоний лақабини олишга, тўнғич ўғли Жаҳонгир Мирзони Олтин Ўрда хони Ўзбекхоннинг неварасига уйлантириб, унга ҳам Кўрагоний лақабини олиб беришга интилмас, бунга ҳожат ҳам бўлмасди. Айтиш керакки, Бобурийлар сулоласининг Буюк мўғуллар деб нотўғри аталишига ҳам чек қўйиш пайти келди.
«Правда Востока»да ўтган йили М. Ваҳобов бошлаб берган кампания бошқа матбуот органларига ҳам ўтди. «Тошкент оқшоми» газетасида (12 ноябрь, 1988 йил) Ш. Шомуҳамедов билан Фирдавсий «Шоҳнома»си ҳақидаги суҳбати босилди. («Тошкент оқшоми»). Ш. Шомуҳамедов баён қилишича, «Фаридун катта ўғлига саломатлик, соғлом маъносида Салм исмини беради, ўртанчасига ҳўкиз маъносини берувчи Тур исмини қўяди, ҳам оқил, ҳам меҳрибон, олижаноб ва жасур бўлган кенжа ўғлига олижаноб эроний маъносида Эраж номини беради». (Таъкидлар бизники — А. И.) Гап нимадалигини илғаб олгандирсиз. Суҳбат билан танишишда давом этамиз: «Фаридун кексалик заифликларини сеза бошлагач, мамлакатни уч ўғлига тақсим қилди. Мамлакатнинг ғарбий қисмидаги Рум вилояти Салмга, Чин билан бирга шарқий қисми Турга тегади. Марказий Эрон ерларини эса Эражга беради ва уни валиаҳд эълон қилади.
…Аммо ҳасад олови ақл кўзини кўр қилган акалар Эраж кўксига ханжар урадилар… Шундан бошлаб Эрон ва Турон орасида адоватли урушлар…»
Ривоят шу ерга етганда суҳбатни олиб бораётган мухбир ортиқча чидаб туролмаган бўлса керак, илк бор савол беради:
—…«Турон» Туркистон маъносини англатмайди?
— Турон… Тур қўли остидагилар, Турга қарашли фуқаро маъносини англатади».
Профессор одамнинг «илмий» жавоби мана шу.
Профессор тушмагур пардали қилиб, «Турга қарашли фуқаро» деб атабди. Лекин мўьтабар матбуот минбаридан шундай номақбул гапларнинг айтилиши таажжубланарлидир. Биз ҳалигача ҳеч бир манбада бундай фикрни учратганимиз йўқ. Ш. Шомуҳамедов «тур» сўзига кўплик аффикси «он» ни кўшиб, кашфиёт қилдим, деб ўйласа керак-да. Ш. Шомуҳамедов ва у кабиларнинг ғайри илмий, ғайри тарихий гапларига йўл берувчилар қаттиқ янглишадилар.
Эрон форслар диёри, Турон турклар юрти. Алишер Навоий таъкидлаганидек, араб ғайри арабни Ажам дейди. Ажам эса, Эрон ва Турондан иборатдир. (Шу ўринда халқ куйи — «Ажам»ни бир эсланг.) Эрон билан Турон оралиғида ҳамиша талаш бўлиб келган мамлакат Хуросондир. Чиндан ҳам агар тарихни варақласақ, Хуросонда гоҳ турклар, гоҳ форслар ҳукумат тузганлар. (Масалан, Ҳусайн Бойқаро, Шоҳруҳ ва бошқалар) Ҳозир ўша Хуросон уч қисмга бўлинган бўлиб, Эрон, Афғонистон ва СССРга тегишлидир. Фирдавсий ўша қадим Хуросонда туғилган. «Шоҳнома»сини ўша даврдаги юрт эгаси Султон Маҳмудга бағишлаган. Лекин минг афсуслар бўлсинки, Ш. Шомуҳамедов ўз суҳбатида туркий сулолалар ва уларнинг вакилларини нафрат билан тилга олади, уларга нисбатан «пасткаш», «хасис», «зоти паст», «тахтга нолойиқ» каби ҳақоратли сўзлар ишлатади. Бағдод халифаларига озодлик учун бош кўтарган исёнкорларнинг калласини юбориб турган сомонийларга ён босади. Бу ҳол ўқувчида таажжуб уйғотиши турган гап. Чунки, биринчидан, олим одам кечмиш кунларга, барча сулолаларга, гарчи улар сомонийларми, чингизийларми, темурийларми, сафавийларми, ким бўлишидан қатьи назар, холис баҳо бериши зарур. Тарих ҳақида сўз кетганда, тарихий шахс ҳақида гап борганда тарафкашлик килмайлик, чунки тарих қайтмайди, уни бошкатдан яратиш мумкин эмас, тарихий шахс кайта қурилмайди, оқ қора, қора оқ бўлмайди ҳам.
Шуни билиб қўйиш керакки, биз истаймизми-истамаймизми қатъий назар, тарихий асарларда, демакким, аждодларимиз муомаласида турк эллари юртининг номи сифатида ишлатилган Турон Туркистон сўзлари илмий-бадиий китоблардан мустаҳкам ўрин олган, жуғрофий термин сифатида кўлланилган. (Масалан, Турон пасттекислиги.)
Асримизнинг бошларида, 1905-1907 йилларда биринчи рус революцияси эпкинидан мадад олган Туркистонимизда илк уйғониш учқунлари кўринди. Ўша йиллари Шарқда инкилобий марказ бўлмиш Тошкентда ва юртимизнинг бўлак ерларида «Турон» театрларининг вужудга келиши, «Турон» газетасининг чиқиши, «Турон» кутубхонасининг очилиши, бу эзгу ишларга Авлоний, Беҳбудий каби Турон ўғлонларининг бош бўлишлари бежиз эмас, албатта.
Турон ва Туркистон бир маънони билдирувчи сўзлардир. Туркистон атамаси ҳам кўп асрлардан бери Турон каби ишлатиб келинган. Афсуски, ҳозир бу сўз ўрнига нимагадир «Ўрта Осиё» ишлатиляпти, лекин бу, бизнингча, хато. Ахир «Туркистон» — бу Эрон, Ҳиндистон, Хитой сингари мамлакат номи. «Ўрта Осиё» эса бу — Яқин Шарқ, Узоқ Шарқ каби жуғрофий атамадир. В. И. Ленин ҳамма вақт Туркистон сўзини ишлатган. Масалан, у бир хатини «Туркистондаги коммунист ўртоқларга» деб атайди. Ҳозирги кунда фақат бир киши — Чингиз Айтматов Туркистон сўзини ишлатади, «Ўрта Осиё республикалари» эмас, балки «Туркистон республикалари» деб атайди. Бу ҳам адибнинг ўз тарихига, аждодлари хотирасига фарзандлик ҳурматидир.
Ш. Шомуҳамедовнинг ўзи ҳам таъкидлаганидек, «асар бошдан-оёқ эроний шоҳлар ҳақидадир». У урғуни ана шу ёққа — шоҳлар тарихига, шаҳзодалар низосига буриб юборган, лекин шаҳзодалар низоси бу халқлар низоси эмаслигини унутиб қўйган. У худди шу нуқтада янглишган. Қош қўяман деб кўз чиқарган — туронлик, яъни туркистонлик ворисларни «жасорати зўр, аммо ақлу тадбиркорлик етишмас»ликда айблаган. Мумтозлик талаб қилиш, бир халқдан иккинчи халқни устун қўйиш, гина-кудратлар сандиғидан низо келтириб чиқариши мумкин бўлган гапларни топиш бизнинг мафкурамизга мутлақо ётдир. Тарихимизнинг ҳамма соҳалари ва барча қирраларида ҳам ибрат олса, бугунги кунга татбиқ этса арзийдиган нурли нуқталар кўп. Буни қарангки, халқимиз қабристон учун жой танлашда ҳам эзгу мақсадни кўзлар экан. Тошкент ўтмиши ҳақида мақола ёзиш ниятида кўпдан бери изланиб келаман. Бир куни ўрта асрлардаги Тошкент қиёфасини хаёлан кўз олдимга келтириш мақсадида шаҳарнинг эндиликда номи бору ўзи йўқ бўлиб кетган ўн икки дарвозасидан «Тошкентга кириб» ва «Тошкентдан ташқарига чиқиб кўрдим». Шунда шаҳардан чиқаётиб ҳам, шаҳарга кираётиб ҳам кўзим тушган биринчи нарса… қабристон бўлди. Ўн икки дарвоза ташқарисида ўн иккита кабристон; Кўкча дарвозасида Шайх Зайниддин қабристони, Чиғатой дарвозасида Қўшчи ота қабристони, Камолон дарвозасида Хўжа Аламбардор қабристони ва бошқалар. Хўш, нима учун қабристонлар шундай жойлаштирилган? Ёмон ният билан шаҳар томонга отланган йўловчи қабристонга кўзи тушиб, дунёнинг ўткинчилигини ёдига келтириб, фақат эзгу ишлар билан яхши от қолдириши мумкинлигини ўйлаган. Ёмон ниятидан қайтиб шаҳарга эзгу ният билан қадам қўйган. Ёмон ният билан шаҳардан ташқарига чиққан киши ҳам охир-оқибат борадиган ерига — қабристонга кўзи тушиб қароридан қайтиб, яхши ишга бел боғлаган. Балки бу гаплар ривоятни эслатар. Лекин ҳар ҳолда эзгуликка хизмат қилади-ку! Ўтмишимизнинг нурли нуқталаридан фойдалана билайлик, эъзозлайлик ва тарғиб этайлик. Зеро, такрор айтамизки, ўтмишини унутганнинг келажаги бўлмайди.
“Ёшлик” журнали, 1989 йил, 10-сон