Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтининг Ўзбек адабиёти тарихи бўлими 1986 йилдан бошлаб “Навоий энциклопедияси”ни яратишга киришди. “Навоий энциклопедияси”ни яратиш ўзбек ва бошқа кўпгина туркий халқлар адабиёти ривожида муҳим роль ўйнаган улуғ шоир ва мутафаккир, ўзбек адабиёти ва адабий тилининг асосчиси Алишер Навоий ҳаёти ва ижодига мамлакатимизда ва ундан ташқарида ҳам қизиқишнинг ортиб бораётгани билан боғлиқ.
Алишер Навоий ўрта аср Шарқининг буюк инсонпарвари, эпик ва лирик шеъриятнинг йирик намояндаси сифатида ҳамма вақт улкан обрў ва эътиборга сазовор бўлиб келган. Шоир ҳаёт вақтидаёқ замондошлари унинг шеърияти ва шахсига катта ҳурмат билан қараганлар. Унинг асарлари жуда кўп нусхаларда кўчирилган. Шоирга бўлган муҳаббат унинг вафотидан кейин янада кучайган. Унинг ҳаёт йўли ҳақида махсус рисолалар ёзилиши билан бир қаторда, ХVI асрдаёқ шоир асарларига Толеъ Имонийнинг “Бадоеъ ул-луғат”, номаълум муаллифнинг “Абушқа”, Мирза Маҳдихоннинг “Санглох” каби луғатлари тузилган эди. Кўп ўзбек шоирларининг ижоди, турли даврлардаги ва турли регионлардаги адабий муҳитни акс эттирувчи қатор тазкиралар шундан гувоҳлик берадики, Навоий ўз ижоди, ўз илғор ғоялари билан адабиёт ва маданият тараққиётига, халқларнинг маънавий ҳаётига доим ўзининг ҳаётбахш таъсирини кўрсатиб келган.
Бироқ Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини илмий ўрганиш ХХ асрдагина жиддий тусга кирди. Шоир адабий ва илмий меросини тадқиқ этиш ҳамда оммалаштиришда унинг таваллуд саналари муносабати билан 1928, 1948, 1966-1968-йилларда ўтказилган юбилейларнинг аҳамияти катта бўлди. Навоий ҳаёти ва ижодини турли жиҳатлардан ёритувчи ўнлаб илмий монографиялар юзага келди. Рус тилида чоп этилган “Мир-Али – Шер” (Ленинград, 1928), “Родоначальник узбекской литератури” (Ташкент, 1940), “Алишер Навоий” (Москва-Ленинград, 1946), “Великий узбекский поэт” (Ташкент, 1948), ўзбек тилида эълон қилинган “Улуғ ўзбек шоири” (Тошкент, 1948), “Навоийга армуғон” (Тошкент, 1968), беш томлик “Ўзбек адабиёти тарихи” тадқиқотининг 2-томи (Тошкент, 1977), “Навоий ва адабий таъсир масалалари” (Тошкент, 1968), “Навоий ва ижод сабоқлари” (Тошкент, 1981), “Алишер Навоий “Хамса”си” (Тошкент, 1986) каби мақолалар тўпламларини Навоий ҳақидаги жамоавий тадқиқотларнинг ёрқин намуналари деб баҳолаш мумкин. Шоирнинг “Ҳайрат ул-аброр”, “Фарҳод ва Ширин”, “Сабъаи сайёр”, “Мезон ул-авзон”, “Мажолис ун-нафоис” каби асарларининг илмий-танқидий матнлари яратилди. Олтмишинчи ва етмишинчи йилларда шоир асарларининг ўзбек тилида ўн беш томлиги ва рус тилида ўн томлиги нашрдан чиқарилди.
Ҳозирги паллада эса ЎзР ФА Тил ва адабиёт институти билан Ҳ.Сулаймонов номидаги Қўлёзмалар институти ҳамкорликда Навоийнинг “Мукаммал асарлар тўплами”ни йигирма томда нашрга тайёрлаб, чоп эта бошладилар. Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганишга 1957 йилдан бошлаб ЎзР ФА Тил ва адабиёт институти томонидан ҳар йили шоир таваллуд топган куни – 9 февралда ўтказилаётган анъанавий конференциялар кўп янгиликлар қўшди.
Ўзбек навоийшунослигининг сўнгги йиллардаги ўзига хос фазилатларидан бири Навоий ҳаёти ва ижодининг кенг адабий, ижтимоий-сиёсий, илмий-маданий миқёсда ўрганилаётгани, тадқиқ этилаётганидадир. Бу шунинг учун ҳам тўғрики, аввало, Навоий ижоди ва илмий меросининг пайдо бўлишида форс-тожик, озарбайжон, араб ва бошқа халқларнинг адабиётлари, фольклори, адабиётшунослик илми ҳам катта роль ўйнаган. Навоий меросини ана шу адабиётлар билан қиёслаб ўрганиш Навоий ижодини, унинг асарлари манба ва маншаларини аниқлаш ҳамда тўғри баҳолашга кенг йўл очади.
Иккинчидан, Навоий фаолияти шоирлик билангина чекланмаган. Навоий ўз даврининг йирик сиёсий арбоби, маданият ҳомийси, донишманд олим сифатида ҳам фан, санъат, ижтимоий фикр тараққиётига ижобий таъсир кўрсатган эди. Бу соҳалардаги кўп ютуқлар унинг номи билан боғланган. Ижтимоий-сиёсий ҳаётда у Султон Ҳусайн Бойқаронинг вазири ва энг яқин кишиси (“муқарраби султоний”) сифатида доим мамлакатда ҳунармандлик, косиблик, қишлоқ хўжалиги, савдони ривожлантиришга, бошқа давлатлар билан тинч қўшничилик муносабатларини ўрнатишга, темурийлар ўртасидаги ўзаро муносабатларни мустаҳкам этишга ҳаракат қилди.
Навоийшуносларнинг катта авлодига мансуб В.В.Бартольд, Е.Э.Бертельс, О.Шарафуддинов, С.Айний, А.К.Боровков, Ойбек, А.Саъдий, В.Зоҳидов, М.Шайхзода, П.Шамсиев, С.Муталлибов, Ҳ.Сулаймонов, Ў.Каримов, Н.Маллаев, навоийшуносларнинг кейинги авлодига мансуб олимлардан А.Қаюмов, А.Рустамов, А.Абдуғафуров, С.Эркинов, Б.Валихўжаев, С.Нарзуллаева, С.Ғаниева, Р.Воҳидов, Ё.Исҳоқов, Т.Аҳмедов ва бошқаларнинг илмий тадқиқотлари навоийшунослик фанимизни анча бойитди. Бу олимларнинг Навоий ҳақидаги китоб ва мақолалари улуғ шоир ҳаёти ҳамда ижодини ҳар томонлама ўрганишга, унинг лирик, эпик, насрий ва илмий асарларининг тарихий ва эстетик маъноси, аҳамиятини чуқурроқ билиб олишга хизмат қилди ва хизмат қилмоқда.
Навоий ижоди Тожикистон, Озарбайжон, Туркманистон, Татаристон, Қорақалпоғистон каби республикаларда ҳам севиб ўрганилмоқда. Бугунда навоийшуносликни Ҳ.Ораслий, А.Мирзоев, Б.Қориев, Э.Шодиев, Ж.Нагиева, Ш.Абилов каби олимларнинг тадқиқотларисиз тасаввур этиш қийин. Кейинги йилларда навоийшунослик тадқиқотларига жаҳон мамлакатларининг шарқшунослари ҳам киришдилар. Бу соҳада Афғонистон республикаси олимлари кейинги йилларда маҳсулдор иш олиб бормоқдалар. Хорижий олимларнинг Навоий ҳақидаги тадқиқотлари ҳам ҳаммага маълум. Навоий ҳақида Франция, Италия каби жаҳон мамлакатларида қизиқарли тадқиқотлар эълон қилинган. Булар ҳаммаси Навоийни ўрганиш бўйича қилинган ишларни эндиликда энциклопедия доирасида умумлаштириш зарурлигини ва бунга фурсат етганлигини кўрсатади.
“Навоий энциклопедияси”нинг бош вазифаси китобхонни шоир ҳаёти ва ижоди, у яшаб ижод қилган давр билан ҳамда ўша давр адабий ва маданий жараёни билан батафсил, деталма-детал таништириш, шоир дунёқарашининг инсонпарвар ва тараққийпарвар характерини, унинг ижодининг ўз салафлари ва замондошлари ижоди билан боғланишини кўрсатиш, унинг ўзининг адабиёт, санъат ва маданиятнинг келажак тараққиётига таъсирини ёритиб беришдан иборатдир. “Навоий энциклопедияси”да мамлакатимиздаги навоийшуносликнинг аҳволи, тарихи, унинг етакчи намояндалари ҳақидаги маълумотлар тегишли ўрин тутиши керак.
“Навоий энциклопедияси” Шарқ шоири ҳақидаги биринчи энциклопедия бўлгани учун бу жамоавий иш илк тажриба сифатида қаралиши зарур. Шунинг учун, табиийки, мазкур энциклопедия мутлақ тўлаликка, мукаммалликка даъво қилмайди. Бинобарин, мазкур асардан Навоий ҳаёти ва ижоди билан боғлиқ барча масалаларни ҳал этиб бериш, барча фактларни қайд этиш ҳам талаб этилмайди. Бу энциклопедия, аввало, ҳозирги ўзбек навоийшунослиги даражасини ўзида акс эттириши лозим. Ушбу асар, аввало, кенг китобхонлар оммасига, Навоий ижоди, хусусан, шеърияти мухлисларига мўлжалланади.
Шубҳа йўқки, “Навоий энциклопедияси” Ўрта Осиёдаги энг қадимий миллий адабиётлардан бирининг асосчисига бағишлангани учун ўзига хос хусусиятларга ҳам эга бўлади. Унда ўзбек ва барча Шарқ халқлари адабиётларига хос хусусиятлар ва материаллар ўзининг муносиб ўрнини ҳамда талқинини топиши даркор. Бу деганимиз, унда шоир асарларининг кўпгина ўзига хос томонлари, жанр хусусиятлари – қаҳрамонлари, тил ва услуб белгилари ўзининг илмий изоҳини топади, демакдир. Масалан, Навоий ижодида ғазал жанри алоҳида ўрин тутади. Маълумки, Навоий ўзбек тилида 2600, форс тилида 600 дан ортиқ ғазал ёзган. Ғазал ёзиш билан шоир умрининг сўнгги кунига қадар шуғулланган. Шунинг учун Навоий ғазалиётининг барча ғоявий-мавзувий ва бадиий хусусиятлари, характерли деталлари, белгилари, бундаги шоир маҳорати билан боғлиқ масалалар яхши шарҳланиши, бундан ўқувчи бой билим ва таассурот олмоғи зарур. Шоир тасвиридаги ўзига хослик ва шартли хусусиятлар, ғазалларнинг адабий-тарихий, бадиий-эстетик қадр-қиммати характерли мисоллар орқали берилиши керак.
“Навоий энциклопедияси” охирига Навоий асарларида учрайдиган географик номлар, қайд этилган илмий, адабий, диний, тарихий асарлар рўйхати, арабий иборалар рўйхати, Навоий девонларидаги ғазал ва бошқа шеър турлари матлаларининг тўла рўйхати, “Мажолис ун-нафоис”, “Насойим ул-муҳаббат”, “Тарихи мулуки ажам”, “Тарихи анбиё ва ҳукамо” асарларига кирган ва изоҳланган киши номларига оид ҳар бир асар бўйича алоҳида-алоҳида рўйхатлар, Навоий ўз шеъриятида қўллаган шеърий вазнларнинг рўйхати ва бошқалар илова қилинади.
“Навоий энциклопедияси”дан тарихий-назарий характердаги бир қанча муаммоли мақолалар ўрин олади. Уларсиз ҳозирги ижтимоий фанлар ривожланган вақтда навоийшунослик фани эришган ютуқларни умумлаштириш қийин.
“Навоий энциклопедияси”, “Пушкин энциклопедияси” ҳақида таниқли адабиётшунос Б.С.Мейлах ёзганидай, унинг яратувчиларидан, “Сўзлик”ни тузувчиларидан “материалларни жойлаштиришда мутаносибликка аҳамият бериши”, “энциклопедияни кўмиб юбориши мумкин бўлган кераксиз тафсилотларга берилмасликни, диққатни мумкин қадар муҳим масалаларга қаратишни талаб қилади”.
“Навоий энциклопедияси”ни яратиш ғоят мураккаб иш. Уни бир-икки муассаса мутахассисларигина ярата олмайди. Бу қутлуғ вазифани бажаришга Республикадаги ва ундан ташқаридаги барча мутахассисларни тортиш, мушкул муаммоларни жамоавий жипсликда ҳал қилиш шарт. Бунда биз “Лермонтов энциклопедияси” (Москва, 1981), икки томлик “Шевченко сўзлиги” (Киев, 1978), бир томлик “Янка Купала” энциклопедияси (Минск, 1986) тажрибаларидан унумли фойдаланишимиз зарур. Навоий ижоди ўзбек адабиётида муҳим бир даврни ташкил этади. Бинобарин, “Навоий энциклопедияси”да улуғ шоир ҳаёти ва ижоди жаҳон адабиётининг энг муҳим бир қисми сифатида ёритиб берилиши керак…
Абдуқодир Ҳайитметов, филология фанлари доктори, профессор
“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2015 йил 11-сон
Атоқли навоийшунос олим, “Буюк хизматлари учун” ордени соҳиби, филология фанлари доктори, профессор Абдуқодир Ҳайитметов “Навоий энциклопедияси”ни яратиш ғоясининг асосчиси ва ташаббускори эди. У пайтлар ҳали Марказий Осиё минтақасида адабий қомус яратиш тажрибаси йўқ эди. Олим қисқа муддатда Ўзбекистон Фанлар академияси Тил ва адабиёт институтининг ўзи раҳбарлик қилган Ўзбек адабиёти тарихи бўлими илмий жамоаси билан “Навоий энциклопедияси” сўзлигини тайёрлаб, олти ярим босма табоқ ҳажмида 200 нусхада “Ўзбек энциклопедияси” Бош таҳририяти томонидан муҳокама учун 1988 йилда нашр эттирган эди. “Сўзлик”нинг А.Ҳайитметов томонидан ёзилган кириш мақоласида бўлажак “Навоий энциклопедияси”нинг ғоя ва тамойиллари, мақсад ва вазифалари ифодаланган. Ушбу мақола матбуотда биринчи марта эълон қилинмоқда.
Мақола филология фанлари доктори Нусратулло Жумахўжа томонидан нашрга тайёрланди.