Собиқ курсдош дўстим ҳозир ёшлар газетасида хизмат қиляпти. У билан кўп суҳбатлашамиз. Яқинда гап айланиб, комсомолга қандай қилиб кирганимизга бориб тақалди.
Мен ўша кунни жуда яхши эслайман. Бутун синф пионер-вожатий ёрдамида бир ой тайёргарлик кўрди. Райком бюросининг кўчма йиғилиши бизнинг мактабда ўтадиган бўлибдию ўша куни бизни комсомолга қабул қилишга келишилибди. Ниҳоят, орзиқиб кутилган кун ҳам келди.
Мана, беш киши-беш кишидан кириб чиқяпмиз. Ҳали ичкарига кирмаган болалар комсомол сафига ўтганлардан: «Нима бўлди, қанақа савол беришди?» деб сўрашарди. Улар бепарвогина: «Э, осон!» деярдилару кулиб қўйишарди.
Навбатим етиб, мен ҳам ичкарига кирдим. Беш кишимиз. Район комсомол комитетининг биринчи секретари энг олдинда турган болага қараб:
— КПСС Марказий Комитетининг Бош секретари ким? — деб сўради.
Буни ким ҳам билмасди — у айтди. Ҳаммамиз тасдиқладик. Кейин республика партия ва давлат арбоблари, область, район, колхоз, қишлоқ Совети, мактаб раҳбарларининг фамилияларини айтдик. Кейин «жиддий» саволларга ўтилди — дунёда нечта социалистик мамлакат бор, иттифоқдош республикаларни, Қаҳрамон шаҳарларни номма-ном санадик. Бирдан руҳим тушиб кетди: ахир буларни билиш катта нарса эмас-ку? Наҳотки, комсомолга кираётган ўқувчининг сиёсий савияси шу даражада бўлса — бас, деб ҳисобланса?! Мен комсомол аъзоси бўлган бир-икки ўқитувчимизнинг дарсларидан қониқмаслигимни очиқ айтаман, ҳеч бўлмаса, ўқиган китобларим ҳақида гапириб бераман деб ўйлаган эканман. Афсус…
Секретарь энг олдинда турган болани сўроққа тутяпти деб ўйлаб жим тураверибман. Шерикларим ҳам шу хаёлга боришган экан. У эса саволларга жавоб беролмади. Биз ҳам жиммиз. Саволлар устма-уст ёғиляпти. Охири ҳукм айтилди:
— Керакли нарсаларни билмадинглар, йиқилдиларинг. Бошқатдан тайёрланиб, райкомга борасизлар, ҳозир бўшсизлар.
Бош эгиб чиқиб кетдик. Кулги бўлдик ҳаммага. Мен у пайтда район газетасига хабар, мақола ва аҳён-аҳёнда ғарибгина ҳикоялар ёзиб турардим. Ҳамқишлоғим, комсомол ветерани бўлган Сайфулла бобо ҳақида «Қалдирғоч қаримайди» деган лавҳа ҳам ёзгандим. У кишига: «Эртага комсомолга ўтиб, олдингизга келаман», деб қўйгандим. Энди унинг олдига қанақа қилиб бораман? Бунинг устига, ўзимнинг ҳам жуда-жуда комсомол бўлгим келаётган эди.
Колхоз комсомол комитетида аъзоликка қабул қилиш ҳуқуқи бор экан. Уларга шиор ёзиш, колхоз радиоузелида эшиттириш тайёрлашда ёрдамлашиб юрардим. Ўша ёққа бордим. Секретарь менинг қабул қилинмаганимдан ранжиди ва кечқурун бюро аъзоларини йиғадиган бўлди.
— Биласанми,— деган эди у менинг бюро аъзолари берган саволларнинг бемаънилиги ҳақидаги гапларимни эшитиб,— улар фақат ўзлари биладиган нарсаларни сўрашган. Жиддий савол-жавоб қилинса, олий маълумотли комсомол ходимлари партия съездларини ҳам тузук-қуруқ билишмайди. Бари райондаги катта-кичик раҳбарлару пулдорларнинг арзандалари. Бир оз бу ерда ишлашади, райижроқўм, райкомда жой бўшашини кутиб ўтиришади. Уларни бошқа нарса қизиқтирмайди. Анави колхоз раиси — ўғри, бориб турган товламачи. Чаласавод ўғли қишлоқ хўжалик институтини битирган. Район халқ назорати раисига ўринбосар. Улар фақат «комсомол обрўйини бир пул қилиш» учун жон-жаҳдлари билан курашиб ётишибди. Мен, масалан, олий маълумотли экономистман. Бу вазифани раиснинг гумаштаси эгаллаб тургани учун менга жой йўқ. Ўқишни битириб келганимга беш йил бўлди. Ўз соҳамда ишлаганим йўқ. Зора зерикиб кетиб юборса, деган хаёлда комсомол етакчиси қилиб қўйишибди. Маккажўхоричилик бригадири деса ҳам бўлаверади…
Хуллас, ўша куни комсомолга ўтдим ва уйга кўкрак нишони тақиб бордим.
— Ҳалиги ветеран ҳақида, ҳозир айтганларингни қўшиб бизга бир мақола қилиб берсанг-чи,— деб қолди дўстим.— Ўша сарлавҳанинг ўзини қўявериш мумкин. Ростданам, қари қалдирғочни кўрмаганман. Бўлмаса керак. Илк комсомоллар ҳам шунақа-да. Қалдирғоч баҳор рамзи бўлганидек, улар ҳам янгилик, кураш тимсоли. Балки Ибод ҳақида ҳам ёзарсан… Менга ноқулай, ичида ўзим борман.
Мен «ўйлаб кўрадиган» бўлдиму хайрлашдим. Мақолани ёзиш учун қишлоққа бориб келишим керак. Дарвоқе, бобонинг набираси бу йил комсомолга ўтса керак. Ўша кунни оламан-да, икковини боғлаб бир нарса қилиб бераман.
Дўстим кетди-ю, бирдан унга боғлиқ воқеалар ёдимга тушиб кетди.
* * *
Куз келди. Кўплаб шеърларда сокинлик ва маҳзунлик рамзи сифатида тасвирланувчи фасл Ўзбекистонга бутунлай ўзгача бир маромда кириб келади, бошқача бир тарзда кечади.
Талабалар шаҳарчаси. Ёмғир ёғиб турибди. Автобуслар қатор-қатор. Одам ҳеч қаерга сиғмайди. Ғовур-ғувур, кулги. Биров қичқирган, биров асабийлашган. Студентлар ҳашарга кетишаётир. Талабалик даври аллақачон ортда қолган бўлсада, ҳар гал шу пайтда бу ерга албатта келаман. Курсдошларимни, ўзим ҳашарга кетган, пахта терган даврларимни эслайман.
Бу йил ҳам хаёл оғушида бир-бир босиб келаётгандим, ногоҳ кимдир отимни айтиб чақириб қолди. Овоз келган томонга қарадим: бир йигит ҳовлиқиб югуриб келяпти. Танимадим. Нимасидир таниш, бироқ эслолмаяпман. У чопиб келдию мени қучоқлаб олди. Ҳайрон бўлиб қолдим.
— Э мана, яна бахтиёр бўлдик — пахтага кетяпмиз! — деди у кулиб.
Шундай дегандан кейингина эсладим — у Назир эди! Бир йили шундай кетиш пайтида: «Ҳаммангизни уч маҳал иссиқ овқат ичиш бахти билан табриклайман!», деб ҳаммани кулдирган, иккимиз буни эслаб кўп кулишардик. Бу йигит учинчи курсдалигида биздан ҳайдалиб кетган эди. «Армияга кетибди» деб эшитгандим холос, у ҳақда бошқа ҳеч нарса билмасдим. Хизматдан сўнг ўқишни «тиклабди», бу йил яна учинчи курс бўлиб ҳашарга кетаётган эмиш.
— Хафамасмисиз? — ундан шундай деб сўрадиму хижолат тортдим.
— Э йўқ, оқланган одам ҳам хафа бўладими?! Ҳа айтгандай, Ибод билан биргамиз. Икки ҳайдалган. У завхоз эди — нарсаларни тайёрлаб туришга кетган. Яна шунақа ишларга тўғри келиб қолдик. Пахтага боринг, гаплашамиз.
Анчагача суҳбатлашиб турдик. Уни кузатиб қўймаганим учун узр сўраб, ишга кетдим.
Назир ҳам, Ибод ҳам курсимиздаги аълочи, яхши йигитлардан эдилар. Ибод курсбошимиз эди. Учинчи курсда эканимизда пахта терими даврида ҳисобчи бўлиб ишларди. «Спиртли ичимлик истеъмол қилиб, бегуноҳ бир қизни урганлиги, штаб бошлиғини ҳақорат қилганлиги учун» ўқишдан ҳайдалган эди. Назир эса ўзи кетиб юборди.
Студентлар ётоқхонаси ғалати жой. Турли-туман йигит-қизлар. Ҳар бирининг ўз дунёси бор. Биров йиғласа, биров кулади.
Индинига пахтага кетамиз, деган куни курсдошлар бир хонага йиғилишиб, ярим кечагача ўтиришдик. Биздан бир курс қуйида ўқийдиган, бугун қандайдир тасодиф билан бу даврага кириб қолган Гуландом исмли қиз кутилмаганда жуда яхши гап айтиб қолди.
— Мана, биз хурсанд ўтирибмиз. Индинга пахтага кетамиз. У ерда ҳам шундай кўтаринки руҳда, беғам юраверамиз. Бизни мана шу кунга етишимизга сабаб бўлган ота-оналаримиз эса бизни ўйлаб «оҳ» чекиб ўтиришибди. Улар тинч, соғ бўлишсин. Мен ҳозир сизларга онамга бағишланган шеъримни ўқиб бераман…
Айтганини қилди. Бехосдан маъюсланиб қолган давра шеър тугагач, бирпас гарангсигандек туриб қолди ва бирдан қарсак янгради…
Ибод эшикнинг қаттиқ тақиллашидан чўчиб уйғониб кетди. Бирдан қулоғига йиғи товуши эшитилдию уйқуси ўчди. Шошиб эшикни очса, курсдошлари туришибди.
— Гуландомнинг аяси вафот этибди. Тез кийининг. Сиз йўл юришга устасиз. Уни Жиззахга ташлайсизу қайтасиз, ё бўлмаса, эртага Сирдарёга ўтаверасиз,— дейишди.
Ибод нарсаларини дўстларига топширдию жўнаб кетди. Йўлда қизни қўлидан келганча овутди, тасалли бериб борди. Азахонага киргач, юраги вайрон бўлди.
Ўн беш кунлардан сўнг Гуландом дўстлари сафига қайтди. Ибод ҳисобчи бўлганлиги сабабли далага кам чиқар, қизни фақат «барак»да кўриб, кўнглини кўтарадиган гаплар айтарди. Бир куни нима бўлдию далага чиқди. Зимдан Гуландомни излаб бораверди. Бир маҳал қулоғига қўшиқ эшитилди. Тўхтаб қулоқ солди. Секин қараса, Гуландом! Ашула «нозаниннинг нози бор» сериясидан эди. Ибод бирдан карахт бўлиб қолди. Унинг назарида, онаси ўлган одам қўшиқ айтиш у ёқда турсин, умрбод яйраб кулолмаслиги керак?! Бу эса… Ғалати ўйлар исканжасида ортига қайтди. Бир-икки кун қийналиб юрди.
Бир-икки кун ичида факультет штаб бошлиғи билан қаттиқ уришиб қолди. Бошлиқ — ўзларининг муаллими, «юлдузлар чиқаришига ишқибоз, шу мақсадда уларга қўшиб ёзишни таклиф қилар эди. «Хозкоманда»дагилар ҳам ул-булли бўлиб қолиши учун аслида шаҳарда қолган, теримда йўқ кишиларга ҳам пахта ёзиб, пулини «тақсимлаш»ни шипшитди. Ҳар йили шундай бўлар экан. Баъзилар рухсат олиб уйга бориб келар, лекин қоғозда «килограмм ўлмас экан». Ибод бунга рози бўлмади. Шундан келишмовчилик бошланди. Бирданига теримчиларнинг баракаси учди. Ҳар куни икки-уч киши касалхонада ётиш учун йўлланма олади-ю, шу билан қайтиб келмасди. Қоғозни штабга бериб қўйиб, ўзлари уйга жўнаб қолишар экан! «Гап эшитмаслик учун», аслида, бояги мақсадларда уларнинг номига ҳам пахта ёзилади… У бунга чек қўйди. Дангасаларнинг миси чиқди: улар уйларидан чақириб олинди.
Ибод дўсти Назир билан тез-тез суҳбатлашиб турарди. Бирдан Гуландомнинг қўшиқ айтиб юрганидан дили ранжиганини гапириб берди.
— Э дўстим-а,— асабий кулди Назир,— кечқурун икки-учларда хирмонга боргин. Томошани кўрасан.
Ибод тушунмади. Назир эса, эртага ўз кўзинг билан кўрасан, деб гапни қисқа қилди.
Ибод эртасига ҳамма ухлагач, секин хирмон томонга кетди. Ойдин. Осудалик. Бекиниб бориб, хирмонга яқинлашди. Не кўз билан кўрсинки, пахта устида ўқитувчи билан Гуландом!.. Ибод бўғзига келган алланарсани «қилт» этиб ютдию шарпасиз изига қайтди. Шу бўйи кетаверди. Қулоғида қизнинг онаси қабрини қучоқлаб айтиб йиғлаганлари жарангларди. Шеър янграрди! Бирдан совуқ бир овоз келди — ўқитувчи: «Ҳеч кимга рози бўлмасангиз ҳам шу қизга оз-моз қўшиб қўйинг. Бир бечора, етим қиз бўлса», деганди! Мана сенга, ёрдам!
Эрталаб ҳамма Ибодни маст ҳолда кўриб ҳайрон қолди.
У ростдан ҳам оёғида туролмас, ҳадеб асабий куларди. Ўқитувчи бутун далани бошига кўтариб бақирди:
— Бу нима юриш? Уят борми сизда? Мана, мен индамай юрибман-ку, сизлар еган овқатни еб. Бола-чақамдан кечиб. Студентларимни бола ўрнида кўриб!
— Э виждонсиз, ота ўзининг боласини…— У давомини айтолмай йиғламсираб тишларини ғижирлатди.— Айт-чи, шунақами? Ҳе сени!..
Шунинг устига ичкаридан Гуландом чиқиб қолди. Ибод кутилмаганда унинг юзига бир тупурди ва қулоқ-чаккасига тарсаки тортиб юборди.
— Туйғуларимни ҳақорат қилганинг учун! — деди у.
Акт тузилди. Ибод милицияга топширилди. Ҳеч нарсани тушунтириб айтмади — ҳайдалди-кетди.
Назир дўстининг қарама-қарши туйғулар ичида қолиб, нима қиларини билмай, аламини энг аҳмоқона усулда олганидан хабардор, бироқ ҳеч кимга айтмасди, айтолмасди. Шундан кейин Назир ўзгариб қолди. Курсдошларига қўшилмас, ўзи бир четда ёлғиз юрарди. Бир куни линейкада: «Ҳар қандай об-ҳаво шароитида ҳам далага чиқамиз!» деган ташаббус бошлангани, факультет студентлари ҳам бунга қўшилишлари лозимлиги айтилди. Биринчи бўлиб Назир қарши чиқди:
— Мен норозиман! Тўғри, пахтани ўйлаш керак! Бироқ, соғлигимиз-чи?! Расво бўламиз-ку! Ватанга пахта керак, лекин биз ҳам керакдирмиз?! «Ҳаво очиқ кунлари уч ҳисса ишлаймиз» десак, ярашар. Лекин ёмғир-қорда… бўлмайди.
Ола-ғовур бўлиб кетди.
— Нега комсомол комитетининг ташаббусига қарши чиқасан? — Штаб бошлиғи Назирга чақчайди.— Биз адабиёт посбонларимиз. Шундай ташаббус билан чиқсак, ҳаммамизнинг обрўйимиз.
— Сохта обрў бу! — деди Назир.— Майли, терайлик, фақат йигитлар терсин. Қизларга тўғри келмайди.
— Нега?
— Ахир эртага улар она бўлишади-ку! — У изтироб билан ҳаммага жовдираб қаради.— Шусиз ҳам бу ерда уларга оғир. Шамоллашади. Келажак авлодни ўйлаш керак.
— Ўчир овозингни, ўргилдим сендақа гинекологдан! — деди штаб бошлиғи. Кулги кўтарилди.
Ташаббус «қабул қилинди».
Кўп ўтмай у яна жанжал кўтарди. Бир кеча уч бола бригадир билан бирга ариқдан сув олиб, терилган пахтага қуяётганда Назир бориб қолди. Штаб бошлиғига бу ҳақда айтганда у парво қилмади. Яна бир воқеа содир бўлдию Назир ҳам кетиб юборди.
Ўша пайтда катта бир амални эгаллаб турган ёзувчининг қиссаси журналда босилиб чиқди. Факультет декани журнални олиб келди. Икки кун шу ерда юриб, охири муддаосини баён қилди:
— Шу кишига, «Пахтазорда юриб асарингизни ўқидик, бизга ёқди» мазмунида студентлар ва ўқитувчилар номидан очиқ хат ёзамиз. Мен, комсорг ва профком раислари қўл қўяди. Бу факультетга обрў олиб келади. Адабиётдаги янгиликлардан хабардорлигимиз ва оперативлигимиздан далолат бўлади.
Кўпчилик буни маъқуллади. Назир сўз сўради.
— Мен ҳам ўша асарни ўқидим. Ёқмади. Бутунлай ёлғон, чучмал нарсалар. Хат ёзишга қаршиман. Бошқача хат ёзиш тарафдориман: «Қачон кўзбўямачилик тугайди? Қачон ҳамма ўз иши билан банд бўлади? Қачон биз тўлиқ ўқиймиз?» деган мазмунда хат ёзайлик, биринчи бўлиб қўл қўяман!
Деканнинг ранги ўчиб кетди. Эртаси куни тушлик пайтида Назирнинг кетиб қолганлиги маълум бўлди. Декан уни «инсофга чақирган» экан, лекин эшитишни истамабди. Кейин: «Армияга жўнатиб юбораман», деб пўписа қилибди. «Кетавераман», дебди Назир. «Балога кетасан! — кулибди декан. — Кундузгига хизматдан қочиб киргансан-у, яна кетавераман, деб олифтагарчилик қиласан!» Шу гап учун Назир кетибди…
Мана, улар иккови ҳам хизматни ўтаб, яна қайта студент бўлишибди. Ўша Назир, юқорида айтганимдек, ҳозир редакцияда ишлаяпти. Унга ваъда бериб қўйганим учун райондан телефон орқали аниқладим: яқинда бюрода қабул бўлар экан. Ўша мактаб. Вақтини келишиб олдигу қишлоққа бордим.
Ҳамқишлоғимиз Арофат хола қазо қилибди, бюрога боролмадим. Сайфулла бобони ўша ерда учратарман деб ўйлагандим. Таажжубки, доим тўй-маъракалар теласида турадиган киши у ерда йўқ эди. Суриштирсам, Ҳабибулла амаки — бизнинг кекса муаллим уни ҳайдаб чиқарибди. «Кет!», дебди секин ёнига келиб. Бобонинг ранги бир ўзгарибди-ю, индамай кетаверибди. Сабабини ҳеч ким билмасмиш. Ўрни бўлмаганлиги сабабли ортиқча ижикилаб ўтирмадим. Кечлатиб бобоникига бордим. У касал кишидек бемажол ётарди. Ҳадеб «уф» тортади. Мен билан ҳам очилиб гаплашмади. Ўзимни ноқулай сезиб ўрнимдан қўзғалаётгандим: «Ўтир», деди шикаста оҳангда. Ўтирдим. Ниятимдан хабардор экан.
— Самад бугун комсомолга ўтиб келди, — деди бобо базўр. — Хурсанд. «Сизга ўхшаган бўламан», дейди. «Менга ўхшамагин, мен аблаҳман» деёлмадим.
Ҳайрон бўлиб қарагандим, бобо бош чайқаб аччиқ кулди.
— Сен ҳам ҳайратланасан. Ҳамманг мени умри курашларда ўтган, ҳалол-покиза одам деб ўйлайсан. Қалдирғочга ўхшатган эдинг бир пайтлар. Э афсу-ус! Қушлар бегуноҳ, мен эса.. Юрагимни тимдалаб ётган галларни сенга айтмасам бўлмайди, болам. Лекин зинҳор-базинҳор бировга оғиз очмайман деб қасам ич. Э қўй, қасам ёмон. Мен бир марта шунақа қилиб, уддасидан чиқолмаганман. Онамнинг олдида, Ҳабиб, Арофат, Лайлонинг олдида юзи қораман. Шармандаман. Одам эмасман. Мен инсонлик шаънига доғ туширдим… Ке, бир бошдан гапириб берай. Лекин мақола қилиб ёзиб чиқасан. Ҳабиб ўқиши керак. Лекин исмларини ўзгартирасан. Шундай қилмасанг бўлмайди. Ҳечам бўлмайди. Шундай сўз берсанг — бас. Қасам ичма…
Мен бу гаплар ўртамизда қолишини айтдим. У кўнмади. «Ёзасан», деб туриб олди. Кўндим.
Бобо шикаста товуш билан ўз кечмишини айта бошлади. У қариб қолганди, умри тугаши аниқ эди — шунинг учун ҳам ўз ўтмишидан қўрқмай қўйган, унга фақат гапириб қолиш муҳим эди. Шу боисдан шошилмай, яширмай барини очиқ айтарди. Узоқ ўйлаб юрганиданми, бу воқеага алоқадор ҳар бир кишининг кечинмаларини аниқ тасвирлаб берарди…
Арофат кўрган кишининг суқи киргудай бир қиз бўлди. Аммо у тунлар ғам билан ётиб, тонгда беруҳ ўрнидан турар эди. Қариндошлар ўзини четга тортган, отанинг эса ичкиликбозликдан бўлак иши йўқ. Уни битта сир тинмай қийнар, ўйлаб тоқати тоқ бўларди: шу ой юзли, малакдек қизининг нақ кўксида кафтдек оппоқ доғи бор эди.
Қиз турфа ҳисларга эрк бермай, ўзини тийиброқ ўсди. Соғлом қизларга ич-ичидан ҳасад қила-қила бўйига етди. У ўзини ишонтириб, ҳатто тайёрлаб ҳам қўйганди — унга ким уйланса, у ё бир бедаво, ё «бир дилхаста ошиқ» бўлади.
Аммо ён қўшниси Сайфулла қизни тинмай таъқиб қилар, кўрганда хўрсиниб қўярди. Кейин-кейин бориб дадил-дадил гапирадиган бўлди. Қиз ҳам ўзига йигит киши одамдек муомала қилганидан суюнар, айтганларига итоат этарди.
Ҳаммаси шундан бошланди: кеч бўлиб, эл ётгандан сўнг қиз ҳовли орқасидаги буғдойзорга чиқар, ёшликнинг бетизгин ҳисларига берилган йигитнинг пинжига кирарди. Қиз охири нима бўлишини билмас, ўйламас, унинг хатти-ҳаракатларини кузатадиган, тергайдиган ота эса маст-аласт, арақдан бош кўтарай демасди.
— Нима бўлса бўлар, — дерди қиз ўз-ўзига кундузлари, — шунинг ўзи етади менга. Қиз қолиб ҳам бахт топмасдим. Айбим нима ахир? Мен ҳам дунёга келиб севишим, севилишим керак-ку? Балки Сайфи алдамас?
Тўрт ой ана шундай телбалик ила ўтиб кетди. Сайфулла ўз тентаклиги оқибатини сезди. Қиз ҳам.
— Менинг сенга уйланишимга отам сираям қўймайди, — деди у бир кун сурбетларча.
Қиз йиғлади. У шўрлик «болам бор» деёлмас, бунга ишонгиси келмас, гўё бу ёлғон-у, агар овоз чиқариб айтса рост бўлиб чиқадигандек қўрқарди. Сайфулла эса дам уни, дам ўзини сўкарди.
— Қўй! — деб аччиқ кулди Арофат. — Энди сен кўнглимни сиёҳ қилма. Сен бари бир мени ташлаб кетардинг, бола бўлса ҳам. Мана, кўргин, кўксимда доғ бор — мен песман…
Сайфулла қўрқув ва даҳшатдан титраб кетди. У қизнинг номуси учун куймасди, балки: «Бу лаънати доғ менга юқиб қолмасмикан?» деб қўрқарди, холос!
— Агар бир шартимга рози бўлсанг, бу гап узоқ пайтгача сир бўлиб қолади, — секин, аммо кескин деди Арофат.
— Айт, тезроқ айт, розиман. Айт — Талвасага тушди йигит.
— Ўзим буёғига туриб бераман, катта қиламан. Агар қиз бўлса, узатганимда келиб, фотиҳа берасан. Йигит бўлса, ота бўлиб келинни кутиб оласан.
Сайфулла узоқ жим туриб қолди.
— Розимисан?
— Розиман.
— Агар келмасам, нон урсин, деб қасам ич.
— Агар келмасам… нон…
— Бўпти, кетавер! — деди Арофат. — Лекин эсингдан чиқарма, келмасанг — ўлдираман!
Қиз ярим тунда уйғониб кетди. Негадир Сайфулла келиб уни кутиб тургандек туюлдию секин буғдойзор томонга чиқди. Нарироқдан шивир-шивир эшитиларди.
— Мени нимага бу ерда судраб юрибсан?
Қиз ҳайрон бўлиб қолди: бу Ҳабибулланинг овози-ку! Қизиқ у нима қилиб юрибди бу ерда? Юраги ёмон бир нарсани сезгандек титраб, оёқ-қўли бўшашиб, тўхтаб қолди.
— Сенга йўлда айтмовдим, — дерди Сайфулла. — Ҳозир Арофат чиқади. Ҳеч гап-сўзсиз. Ҳуштак урсам бас. Навбат билан бир яйрайлик. Йигитчилик-да энди.
— Нима? — сўради Ҳабиб. — Севгилингни шундай дегани қандай тилинг борди?
Сайфулла кулди:
— Ўйнашингни де! Ҳамма билади-ю, сен бехабармисан?
Қиз кўксини чангаллаганча бемажол, беҳол бўлиб ортига қайтди. «Демак, ўйнаб юрган экан-да. Ўйнаш… Оҳ, нақадар жирканч, уят. Ҳабибга ағдармоқчи экан-да. Вой, ифлос!»
Арофат даҳшат ичра кутиб юрган кун келди — сир очилди. Отаси унинг кўз ўнгида ўзига ўзи пичоқ урди.
— Сенга раҳмат, қизим! — деди у иҳраб. — Чексиз қийноқларга нуқта қўйдинг. Ҳаётдан зериккан, чарчаган, тўйган эдим-у, ўлишга баҳона тополмай юргандим!
Арофат қизчасини: «Отанг тўй куни келади», деб юпатди. Ўзини гоҳ бунга ишонтириб юрса, гоҳ кўнглига ғулу тушарди. Уруш йиллари Ҳабибулла жангга кетди, Сайфулла ҳосилот, раис бўлиб юрди. Тинч кунлар бошланиб, Ҳабибулла ўқитувчилик қила бошлади. Арофатнинг Сайфуллага уйқашроқ қилиб исм қўйган қизчаси Лайло онасининг гапларига ишониб ўсди. Доим тўйини ўйларди. Кўча-кўйда эзилса ҳамки, шу нарса унинг кўнглини тўлдирарди. Ниҳоят, ўша кун ҳам етиб келди. Қиз ҳам, она ҳам ҳаяжонда. Гарчанд тумонат одам бўлса ҳам ҳовли бўм-бўшдек туюларди уларга. Қизлар доира чертиб, «ёр-ёр» айтиб кириб келишди. Худди шу пайтда қизнинг отаси унга оқ фотиҳа бериши керак. Икки юрак қаттиқ дукурларди. Арофатнинг кўзлари олазарак. Бироқ… Бироқ йигирма уч йил кутган бахти сира келмасди. Бирдан кўзлари хира тортиб, боши айланиб кетди. Тўйхонада бир муддат ўнғайсизлик ҳукм суриб қолди.
— Наҳот у баттол келмайди? — эзиларди Арофат. — Ахир, ёмон қасам ичган эди-ку? Наҳот шу аҳдиниям бузса? Шунданам қўрқмаса-я? Э йўқ, ана, кимдир чиқяпти-ку… Сайфуллами, йўқ, Ҳабибулла экан.
Унинг оёқ-қўлидан дармон кетиб, ўтириб қолди.
Ҳабибулла муаллим сифатида Лайлога оқ йўл тилади, келин кетди. Арофат ўйлаб ўйига етолмасди. Бирдан барчаси алам қилиб, ғазаби жўшиб кетди, Ошхонага кириб, болтачани қўйнига яширдию колхоз идорасига қараб жўнади. Раис икки-уч киши билан суҳбатлашиб ўтирган экан. Улар Арофатни кўриб, чиқиб кетишди. Сайфулла бориб, эшикни ёпди.
— Арофат, мени кечир. Кечир, ҳеч ишдан ортинолмадим. Пахта, мажлис… барига лаънат! Энди куёв иккаласига ростини айтаман. Уларга ёрдам қиламан. Шунда яхши бўлади — озчилик. Бугун халқдан қаттиқ ҳайиқдим.
Ҳозиргина ғазабдан титраб, кўзига қон тўлиб турган Арофат бирдан бўшашиб кетди:
— Шундай борсанг ҳам билинмасди. Сен бари бир колхозга отасан-ку? Бугун боришинг шарт эди. Қизинг мени ёмон аёл деб ўйламаслиги учун боришинг керак эди. Унинг олдида юзим ёруғ бўлиши лозим эди. Мажлис, пахта, дейсан… Ахир сен қасам ичгансан-ку? Қизинг икковимиз қаттиқ ишониб, нуқул келишингни кутардик. Афсуски… Ҳабибулла унга оқ йўл тилади. Сен номардлик қилган пайтданоқ у сиримизни биларди. Ҳаммасини яшириб келди. Сен пастлик қилдинг. Айт-чи, сенга инсон ўйинчоғу унинг туйғулари эрмакми-а? Ўз сўзининг устидан чиқолмай қочиб юрган эркакни эркак деб бўладими? Сен гапингда турмасанг, мен аҳдимни бажараман!
Арофат шу сўзларни айтиб, унга болта урди.
Ташқаридагилар ғалати овозларни эшитишиб, югуриб кириб келишди. Милиция чақирилди. Арофат: «Ўзим, шунчаки ўлдириб ташлагим келди», деб тураверди. Сайфулла ҳам, «Хусумати борми, нима бало», деб қўйдию қутулди.
Арофат қамоқдан келгач, ўтган йили рафиқаси қазо қилган Ҳабибулла унга уйланди. Аммо бирон жойда Сайфулланинг сирини очмади.
Йиллар ўтди. Кўп маънавий ва жисмоний азоблар чеккан Арофат ҳам қазо қилди. «Энди бари унутилгандир» дегаи умидда Сайфулла уларникига борди. Бироқ… Ҳабибулла ёнига келиб: «Кет!», деди. Бўлди, бошқа гапирмади. У ҳам индамай чиқиб кетди.
— Мени одам дейиш, бировга ибрат қилиб мақола ёзиш мумкин эмаслигини энди билдингми, болам? — деди ранги бир ҳолатга тушган Сайфулла бобо. — Кимгаки мурувват қилсам, раҳматни якка ўзим эшитдим. Ким ёмонлик кўрса, фақат мени сўкмади, давлатни қўшиб сўкди. Камчилигимни айтган одамни «халқ душмани, бузғунчи» деб ёқасидан олавердим. Кимдир бу сўздан чинакамига қўрқса, кимлар тенг бўлишни эп билмади. «Ҳукуматнинг одамиман» деган гапни қурол қилиб олдим. Тинсам — четда қолиб кетардим, гапираверардим. Амалда юрдим доим, оёғим узангидан тушмади. Ҳозир ветеран деб иззат-ҳурмат қилишади. Ҳамма ҳалол эмаслигимни билади. Катталар ҳам. Лекин ўзлари ҳам ўзларининг фаришталигига ишонишмайди шекилли, биронтаси тик қараб бирон нарса деёлмаган… Бугун ўзгаришларни кўриб, бирдан чўчиб кетаман. Мендайлар кўп, ҳали яна учраши мумкин. Курсдошларингни айтиб берувдинг. Ўшалар ҳақиқий комсомоллар. Ҳеч нарса таъма қилмай, беминнат, ҳалол яшашади. Менга ўхшаганлар эса энг улуғ номларни сотиб кун кўришади. Онам гўрида тик тургандир! Ёзмасанг бўлмайди, болам. Ҳабиб буни кўриб қолиши керак. Сирни очмай туриб онамнинг ёнига боролмайман. Мен тўғри гапни очиқ айтаоладиган одам бўлолмадим. — Унинг овози титраб кетди. — Отимни ўзгартирсанг бўлди. Очиқ айтишга чидолмайман, чидолмайман. Лекин оқлангим келяпти бари бир…
* * *
Тонг отмоқда. Чол оппоқ чойшабга ўралганча ётарди. Менинг олдимда оппоқ қоғоз, ҳайрон ўтирардим. Борлиқ тоза. Ишга тушиб кетган халқ онгида ҳам шундай тиниқлик. Янги куннинг оппоқ тонгида фақат иккимиз карахт эдик.
“Ёшлик” журнали, 1988 йил, 1-сон