Владимир Огнев. Гуржистон хотиралари (2000)

Мен турли сабаблар билан Гуржистонга тез-тез бориб турардим. Шу жумладан, юбилейларга қатнашгани ҳам борардим.
… Тун. Кахетия. Машиналар тирбанд. Водийни қоплаган туман шароблар қайнаётган қозонлардан чиқаётган буғ билан аралашиб кетган. Машина бузилиб қолди. Бизларни дуч келган йўловчи машиналарга тиқиштиришади. Мени ўтқазишган автобус милицияники экан. Хушрўй полковник менга қараб бир йўталиб қўйди-да, қўлидаги алоқа аппаратига гапиришда давом этди:
— Алло, Вахтанг… Яъни “Рифма”, мени эшитяпсанми? “Сонэт” гапиряпти. Юришда давом этамиз!
Автобус чироғига, деразаларига парвоналар келиб урилаяпти. “Сонэт” салонида яхши коняк ҳиди анқийди.
Тбилисида бўлса муҳташам зал, ясан-тусан кийинган кишилар, шеърият кечаси. Рус ва гуржи тилларида шеърлар янграйди, эҳтиросли нутқлар сўзланади. Ҳамма хурсанд, ҳаётдан, бир-биридан, ўзидан кўнгли тўқ. Қўшиқлар қўшиққа, куйга уланади.
Руставели юбилейида, Бараташвили юбилейида ҳам шундай. Ана шундай сафарларимдан бирида Маяковский байрамида қатнашдим.
Шеварнадзе Россия ва Гуржистон санъаткорларининг дўстлиги ҳақида гапирди. Бирдан ҳушёр тортдим. Менинг фамилиямни мен учун муқаддас бўлган одамлар билан бир сафга қўйиб гапирди-я! Тушунарли — ҳурмат юзасидан. Лекин, барибир кўнглим кўтарилди. Россияда қатор дўстларимга бошқача қарашади. Бу ерда “бюрократия”ни четлаб ўтишади.
Бунинг фарқи бор — жиддий фарқ, албатта. Айни пайтда бу санъатга чексиз муҳаббат белгиси ҳамдир.
Ҳа, агар бирор жойда сифат талаби қолган бўлса у ҳам Гуржистондадир.
К.Симонов буни жуда яхши илғаб олди, “Литературная Грузия” асосида республикалараро адабий журнал ташкил этди. Собиқ СССР ҳудудларида чиқувчи “Сибирские огни”, “Урал”, “Памир”, “Звезда Востока” сингари барча юпқа ва ярим қалин журналлар орасида фақат “Литературная Грузия”гина Россиянинг энг яхши санъаткорларига бошпана берди. Г.Маргвелашвили, Э.Елигулашвили, Г.Асатиани санъат байроғини баланд тутдилар ва Москвада қандай бўрон турмасин, уни қўлларидан туширмадилар. Қадимги маданият мамлакати бўлган Гуржистон Россия, Ғарб ва дунёнинг бошқа маданиятлари билан дўстлик ришталарини мардона асрай олди. Фақат Гуржистондагина ноёб жамоат маркази — хорижий адабий алоқалар комиссияси тузилган эди. Унинг тепасида ажойиб, доно инсон — Отар Нодия турарди. Пицунда ва Гаграда гуржи адабиёти бўйича қатор семинарлар ана шу кишининг ташаббуси билан ўтказилган эди. Тбилисидаги қадимий тоқи-равоқда биз, Гуржистон дўстлари, муштарак ишлар — нашриёт, таржима зарурати билан жуда кўп бўлганмиз.
Шкловский айтгандай, “ана шундай”.
Бир сафар Э.А.Шеварднадзе К.Симонов билан мени Руставели шоҳкўчасидаги “катта уй”га таклиф қилди. (Унинг кенг зинапояси кейинчалик С.Эйзенштейн фильмида Одесса зинапояси сингари машҳур бўлиб кетади. Ўша ерда миллий ғурур ҳимоячиларининг бегуноҳ қони тўкилади. “Сапёр белкураги кечаси” деган машъум кеча ўша ерда содир бўлади… Кейинчалик биринчи мустақил “Нерв” киностудиясида шу ҳақда яратилган ҳужжатли фильмда мен ҳам иштирок этгандим.)
“Ана шундай”…
Шеварднадзе бизни мўъжазгина хонада қабул қилди. Ёз иссиқ, дераза очиқ ва хонага машиналарнинг шовқини бостириб кирарди. Эдуард Амвросиевич жуда секин гапиради. Симонов стулини яқинроқ суриб унга соғлом қулоғини тутди (бошқаси урушдан буён яхши эшитмайдиган бўлиб қолганди). Мен тортинганим учун Э.А. нима гапирганини зўрға тушунардим.
Гап эса янги журнал ҳақида борарди.
Журнал “Литературная Грузия”нинг юксак анъаналарини давом эттириши, уни умумиттифоқ даражасига олиб чиқиши керак эди. Буни журналнинг байналминал характери билан уйғунлаштириш осон эмасди. Гап шу ҳақда эди.
Симонов менга гуржилардан бўладиган муҳаррир билан бир қаторда янги нашрнинг ҳаммуҳаррири сифатида қарарди. Шеварднадзе журналнинг ғоясини маъқуллади, лекин аниқ бир жавоб айтмади.
Биз Константин Михайлович билан Руставели шоҳкўчаси бўйлаб борарканмиз, мен ундан нега Шеварднадзе масалани дарҳол ҳал қила қолмади, деб сўрадим. Мен тушунолмай қолдим — у бу ғояга тарафдорми ёки қаршими? Константин Михайлович жилмайди:
— Ҳали кўп нарсани ўрганишингиз керак. Катта кишиларни тушуна билмоқ керак бўлади. Мен, масалан, у биз билан эканига ишонч ҳосил қилдим. Лекин нозик бир томони бор. Сиёсий Бюронинг бошқа миллий вакиллари бунга қандай қарашаркан?
— Сиёсий Бюро? Намунча юксак?
— Ҳа, Володя. Сиз ҳали ҳаётни ўрганишингиз керак бўлади, — Симонов кулди. “Ҳаётни ўрганиш” — бу ҳар иккаламизга тушунарли сўз ўйини эди.
Менга МКда ғоявий “адашишлар” учун ҳужум бошланган бир пайтда, мен хизмат қилаётган “Литгазета” эпчиллик қилди — мени қўриққа узоқ муддатга мухбир қилиб ишга жўнатди.
Ҳокимият учун курашда ютқазиб қўйган гуруҳни қўллаб-қувватлаб хатога йўл қўйгани туфайли МКга номзодликдан чиқарилган Симонов узоқ вақт Тошкент яқинида “ҳаётни ўрганган” эди.
“Ҳаётни ўрганиш” бизлар учун бир чеккада “жим юриш” эди.
Янги журнал муносабати билан Симонов менга жим юришни таклиф этди. Шеварднадзе билан учрашувимизни ҳам вақтинча унутишга тўғри келарди.
Мен унутдим. Умуман унутишга ҳаракат қилдим.

* * *

Ён дафтаримда қисқа ва шошилинч қайдлар (1968 й): М.Чиаурели ҳузурида — Гия, Люба, Резо Габриадзе… 18 август. — Мцхет. “Марани”. Думбадзе, Кетавани, Бесо Жгенти, Ламара ва Григол Абашидзе. Кечқурун — Григолникида “қаҳвахўрлик.” “Қаҳва” — қизил ва оқ рангда, ҳарорати “Марани” каби. 19 август — Ираклий Абашидзе ҳузурида. 20 август. Гия Данелия отасининг қариндошлариникида… 21 август — Цхнетияда Асатиани меҳмонимиз. 22 август — Ладо Гудиашвили ҳузуридамиз. 23 август — Гия Маргвелашвили”.

Мени Гудиашвили уйига ким бошлаб боргани эсимда йўқ. У ерда Надя билан бирга бўлдик. Ёқимтой, кичкинагина, ўта меҳмондўст Ладо ҳаракатчан ва қувноқ.
Кириб борганимизда иш устида экан:
— Ҳозир, бир дақиқа. Иккитагина чизги. Бу врачга гонорар. У бир соатдан сўнг келади. Бўлди. Тамом.
Оқ қоғоз узра — узун сочли қиз боши. Бир кўз. Профил.
Улкан зал — фақат картиналар, расмлар. Деразалар баланд-баланд. Мебел, жавон деган нарса кўринмайди. Оила бошқа икки кичик хонага жойлашибди.
— Бу ерда Пушкиннинг ўзи юрган, дейди ейилиб кетган паркетга ишора қилиб. — Нима, ишонмайсизми? Жуда қадимий уй, эски паркет… Мана бу девор-чи — ўзимга алам қилади… Тарихни билмайсизми? Бу ерда Тициан, Паоло, Пастернак дастхат ёзиб қолдиришган… мен қўрқиб кетдим. Қатағон бошланганди-да… Бериядан қўрқдим. Дўстимни чақирдим — кечаси билан суваб, оқлаб чиқдик, гилам илиб қўйдик. Ўзимни ҳечам кечирмайман. Кейин сувоғини кўчиришга уриниб кўрдик. Сарғайган газеталар қолди, расмлар, дастхатлар ўчиб кетди…
Альбомни кўрсатади. Унда Пастернакнинг дастхати, таниш қўл.
“Сизни кўргани келсам, оддий иш кунлари ҳам байрамга айланади, сиз билан ўтказган дамларим бошқа вақт ойларига, бошқа асрга ўхшайди. Сиз билан учрашганимнинг кейинги куни бўлиб ўтганлар тушдек туюлади менга. Юракнинг ягона, ҳеч қандай хазина билан қиёслаб бўлмайдиган бойлиги — санъат ҳамиша баланд бўлиб, тушга ўхшаб туриши керак”.

На силкиниш, на тўнтаришлар
Янги ҳаёт учун очолмайди йўл.
Асл самимият, қалб ҳарорати,
Илиқлик бағишлар дилларга нуқул.

Рассом Пастернак ҳақида жўшиб гапиради — ростдан ҳам унга ҳамма нарса ёқарди, мен қилаётган ишларнинг ҳаммаси маъқул келарди. У носамимий бўлолмасди… У каттагина гўдак эди.
Ўз ишларини кўрсатади. Деворга осиғликларини ҳам, катта папкалардагини ҳам.
Суҳбатимиз, албатта, унинг ижоди ҳақида, шеърият ва шоирлар ҳақида давом этарди. Айниқса, Пиросмани ҳақида гапиришдан чарчамасди, мезбон уни билар ва яхши кўрарди.
Мен Ираклий Абашидзенинг янги дала ҳовлиси, унинг улкан шароб хуми бор ертўласи ҳақида гапираман.
Унинг ертўласи деворлари дўстларининг дастхатлари билан тўлиб кетган. Мен — гуржича “Огнев” нима бўлади, деб сўрайман. “Цецхладзе”, — дейди Гудиашвили кулиб, кейин қўшиб қўяди:
— Сен ҳам — Ладо! Ладо Цецхладзе — сенинг исми фамилиянг шундай таржима қилинади.
Маросим зиёфатидан сўнг бизларга рангли буклетларга дилкаш дастхатлар ёзади.
Қизиқ бир ҳолат бўлганди, бунга мени Карло Каладзе тайёрлаб қўйганди:
— Агар сен унга ёқиб қолсанг, бирор нарсасини сенга совға сифатида таклиф этади. Олмаганинг маъқул. Сотмайди ҳам.
Жуда ғалати-да Карло. Албатта, олмайман.
Ё мен Ладога ёқмадим, ёки дарҳол буклетини сўраганим учунми, совға ҳақида гап ҳам бўлмади.
Рассом ҳар иккаламизни ҳам бағрига босди-да, самимий кузатиб қўйди.
Карло ҳайратланиб, қўл силтади:
— Бўлиши мумкин эмас!
Буни қаранки, у менинг Гудиашвилига ёқишимга шубҳа қилмаган экан. Расмни ола қолгин деб мени кўндиришга уринади деб ўйлаган экан. Карлонинг кайфияти бузилди. Кейин мени овутиш учун бўлса керак, шундай деди:
— Гудиашвили ҳеч кимга ҳеч нарса сотмайди, туҳфа қилмайди ҳам. Ана шундай! Қани, Гуржистоннинг буюк рассоми учун ичайлик! Борис Леонидович учун! Буюк…
Сулув Гулнора эрининг жўшқин нутқини бўлди:
— Карло, азизим, музейга кечикаяпмиз. Кейин, азизим, кейин! Грузия санъати тарихи музейи заҳираларини кўриш хаёлимга ҳам келмаганди. Муҳтарама Гулнора хоним музей ертўлаларида мени уч соатча етаклаб юрди. Мен Пиросманининг ҳамма тасвирларини кўрдим. Турли-туман санамлар, расмлар, чизмалар, буюмлар. Ҳар бири бир ҳаяжон солади юракка! Гоҳ Гулнора тушунтиради. Гоҳ ўзим жўшиб сўзлайман.
Ҳарҳолда муқаддас салжуқий кўзлар, Кахетия ҳақида гапирганим эсимда. Кахетиядаги уйлар томида қизиқ тасвирлар бўларди — кийик, овчилар акси кўзга ташланарди. Пиросмани шу жойлардан. Қандайдир боғлиқлик бор, ахир!
Гулнора буюк санъатшунос, жилмайиб қўяди. Унинг шоҳона, нозик гўзаллиги кўзларининг майин, саховатли ёниши билан уйғунлашиб кетарди. У қадимий санъатнинг ажралмас қисмидай туюлди менга.
Сахий ва мунгли бир гўзаллик бор эди Гулноранинг кўзларида! Афсуски кўп яшамади у бу дунёда.

* * *

Бир сафар Тбилисига огоҳлантирмай учиб бордиму меҳмонхонасиз қолдим. Кеч бўлгани учун ҳеч кимни безовта қилгим келмади. Ўй сурганча Руставели шоҳкўчасида борарканман, Тенгиз Мирзашвилига дуч келиб қолдим. Бу рассом билан мени Григол Абашидзе таништирганди.
— Э, шу ҳам муаммоми? — деди Тенгиз.
— Меҳмонхонанинг нима кераги бор? Устахона турганда!
Ярим соатдан кейин биз каттакон уйга кириб бордик. У ерда рассомлар яшашарди. Юқоридаги қаватлардан бирининг деразасидан кечқурунги Тбилисининг жамолини кузатдим. Тенгиз қаёққадир шошаётганди. У менга айрим нарсаларни кўрсатиб, тушунтириб кетди. Ётадиган жой, совутгич тўла озиқ-овқат заҳираси, яна шароб тўла меш ҳам.
Тенгиз ишга тушга яқин келди. Грузияда рассомлар ҳам ёзувчилардан фарқ қилишмаскан — уйқудан кечроқ туришаркан.
Мен унинг расм чизишини кузатдим — соатлаб, тағин ичиб ўтираркан гапирар, лекин чизаётган расмдан кўз узмасди. У бир-бирига ўхшаш манзаралар чизарди. Расмларидан иккитасини менга совға қилди. Мен ўзимнинг Гуржистонда ёзган китобим “Тунги сайр”да у ҳақда, туғма истеъдод соҳибаси — ёш тушинлар шоираси ҳақида ёзганман. Тенгиз унинг ғалати шеърларини менга таржима қилаб берганди. Унинг шеърий лавҳалари сирлилиги ва чексиз мунглилиги нимаси биландир Мирзашвили манзараларига ўхшаб кетарди.
Ажойиб инсон, камгап ва тийран кўзли бу одам шеъриятни севар, унинг тилини тушунарди.
Тенгиз билан ёнма-ён, бир йўлакда, менга орқаворотдан таниш бўлган рассом Дмитрий Эристави яшарди. У чизган қизчаларнинг нозик қоматларини мен “Огонёк” журналидан қирқиб олгандим. У чизган қизлар Пикассонинг “Шардаги қиз”ига жуда ўхшаб кетарди. Бу ишимдан ўзим ҳам ўнғайсизлангандим.
— Э-э, нимага уяласан, — деди Тенгиз. — Ҳатто ўртоқ Сталиннинг ўзи ҳам “Огонёк”даги расмларни қирқиб олишни яхши кўрган.
— Ўртоқ Сталин ҳам қирқиб олган бўлса, унда бошқа гап, — кулишдик биз. Лекин Дима Эристави билан мен барибир таниша олмадим. У сафарда экан.

* * *

Тенгиз Абуладзе мени бир тамадди қилайлик деб шаҳар чеккасига таклиф этди. Мўъжазгина майхонада, тоза ҳавода барра гўштни қовуриб келишларини кутарканмиз, тоза шароб ичиб ўтирдик.
Тенгиз ўзининг “Орзу дарахти”, “Ташналик” фильмлари ҳақидаги менинг ҳали эълон қилинмаган мақолаларимни ўқиш билан банд эди. “Мерани” журналида менинг китобим босилиши керак эди. У Кутаисида босмахонага топширилганди.
Биз Гудиашвили ҳақида гаплашдик. Мен Тенгизга кекса уста билан учрашувим ҳақида гапириб бердим. Мени ҳайратга солган бир фактни айтмасдан иложим йўқ эди: рассом олий меҳмонлар дастхатлари билан бежаб ташланган деворни оқлашга буюрган экан — бу Грузияда Берия қатағони йилларида содир бўлганди.
Тенгиз пишлоқ ва кўкат солинган идишни нарироқ сурди-да, стол четини яхшилаб артаркан, сирли жилмайиб қўйди. Кейин қоғозлар жилддонидан бир даста суратларни олиб, олдимга ёйиб ташлади.
Мен лол қолдим.
Кишилар гуруҳи тасвирга туширилган ҳар бир сувратда бир киши яққол кўзга ташланарди. У менга яхши таниш эди. Шуълаланувчи пенсне… шляпасини қулоқларигача тушириб кийган кимса.
Берия!
Бу сувратлар ҳаваскор томонидан олингани шундоққина кўриниб турарди. Уларни шу пайтгача қайси тентак асраган экан?
Абуладзе мен уларни шошилмай, яхшилаб кўздан кечиришимга қўйиб берди-да, кейин ҳаммасини йиғиштириб олди.
Ўшанда мен унинг “Тавба-тазарру” фильми ҳақидаги ниятини билиб олгандим.
Сценария устида иш ҳали бошланмаган эди. Абуладзе фильм ҳақидаги икки вариантидан қайси бирини танлаш хусусида бир тўхтамга келмаган эди. У Берия ҳақида фильм яратмоқчи эди. Лекин уни кўпроқ рамзий ечимни талаб қилувчи умумий хаёл жалб қиларди. Зўравонлик, шафқатсизлик, макрнинг тарихий умумлашмасини ифодаламоқчи эди у. Абуладзенинг режаларидан хабари бўлган кишилар орасида мен ҳам бор эдим. Биз Берия мавзусига алоҳида эътибор қаратиш тарафдори эдик.
Тенгиз узоқ сукут сақлади.
— Иккинчи вариант ўтиши мумкин.
— Бу борада иккаласи ҳам гумон, — дедим мен.
Шунда Абуладзе бу хусусда Шеварднадзе билан келишиб қўйганини айтди.
— Фильмни Гуржистонда кўрсатишади. Шунда маълум бўлади. Эдуард Амвросиевич фақат Гуржистон хусусидагина кафолат берди.
У Шеварднадзега ишонарди, мен ҳам. Эсимда, бир вақтлар “Пиросмани” фильми ўтмай қолганда Шеварднадзе жонга ора кирганди.
Тоғ томондан салқин тун эпкини уфурди. Шаҳарга қайтганимизда ой чиққан эди.

* * *

Кундаликда: “1968 йилнинг 16 июли. Михаил Чиаурелининг меҳмонимиз. Гия, онаси ва Люба. Резо ҳам шу ерда”.
Гия — бу Данелия. Люба — унинг рафиқаси, меҳрибон, сахий қалб эгаси. Актриса, юзлаб иккинчи даражали ролларда ўйнаган аёл. Гиянинг онаси Мэри негадир сочлари оппоқ бўлишига қарамай, ҳамма уни Мэри деб чақирди. Умуман — менинг муҳаббатим. Ақлли, жафокаш ва истеъдодли аёл. “Грузияфильм” уни ўз ходимаси деб билади. Унинг Тбилисидаги қариндошлари Мэри олдида бош эгадилар, бениҳоя ҳурмат қиладилар.
Резо — бу Габриадзе. Истеъдодли адиб. Ноёб ҳазил-мутойиба, ҳажв устаси.
Чиаурели — чинакам режиссёр. Геловани унинг кашфиёти. Муштук билан “халқлар отаси”нинг ўзи бўлади қўяди. Геловани ҳозир бу ерда йўқ, лекин менга, биз билан ёнғоқ мураббосидан қўшиб чой ичаётгандай туюлаверади.
Биз Геловани ҳақида бемалол гаплашиб ўтирибмиз, лекин унинг қаҳрамони ҳақида гап кетса, ҳар бир гапни эҳтиёткорлик билан айтамиз. Чиаурели энг муҳим нарсалар ҳақидаги бугунги гап-сўзларни хуш кўрмайди.
Геловани образга қандай киради? Менингча, муҳими, у бу образдан ҳали ҳам чиқиб кетолгани йўқ. Бир сафар у бу образга киришга таваккал қилди-ю ноилож унда қолиб кетди. Кирди, эшик ёпилди, у чилими билан кўзларини пирпиратганча қолаверди…
Шаҳар бўйлаб борарканман, Чиаурелининг ҳикоясини эсладим. Юқори идора девонининг ўрта бўғинидан чиққан ўғри ҳақида эди бу ҳикоя. Ўша пайтлар бизнинг тилимизда ҳали “коррупция” сўзи йўқ эди. Содда қилиб айтганда миллионлар иродасини ўғирлаган каттагина ўғри бўлган эди. Ўшанда мен янги ҳаёт хўжайинлари ўғирланган бойликларни коррупция ҳақида шовқин-сурон билан қутқариб қолмоқчи бўлганларигача яшаймиз деб сира ўйламаган эдим. Ҳали, бундай хўжайинлар шунақа кўпаядики, “ўғрининг қалпоғи ёнаяпти” деган қичқириқ яна миллионлаб дод-войга жўр бўлади ва минглаб қалпоқлар аланга ола бошлайди. Даҳшатли манзара. Гадойлар гулхани.
Чиаурели келажакка нигоҳ ташламасди. У сукут сақларди, холос.
… Мен бирдан Ю.Олёшани эсладим. Ўшанда мен у билан Павленко ҳақида гаплашаётувдим (ҳа, эсладим! кейин айтаман), у Петр Павленко билан қўшиб Чиаурелини сўкиб юборди. Гап “Қасам” ва “Берлиннинг қулаши” ҳақида кетаётганди. Худди шу фильмларда Геловани муштуги билан жавлон урарди…
“Воқеа” эса шундай бўлган эди. Мен билан Евгений Винокуров Адабиёт институтидан урушда орттирилган сил касаллигимизни даволаш учун жўнатилган эдик. Бу 1949 йили бўлган эди. Ялтада кун жуда исиган пайт. Биз Павленко ҳузурига киришга қарор қилдик. Павленконинг Ялтада вилласи бўлиб, ўша ерда мудом яшар, ҳар замонда пойтахтга бориб турарди. Йўқ, қизиққанимиздан кирганимиз йўқ, менга Павленкога топшириш учун “Правда”дан хат бериб юборишганди. Жуда илтимос қилишгани учун адибнинг дала ҳовлисини зўрға, бир амаллаб топдик. Кулранг ғиштдан қурилган каттагина бино экан. Малла уй хизматчиси бизни зўрға киритган каттагина пешайвон, салқингина экан. Салқинда яйраб, уй соҳибини кута бошладик. “Меҳмон қилармикан?” шивирлади шеригим…
Зина тепасида Павленко бизга қараб турарди. У кафанга ўрангандай оппоқ кийиб олганди. Олдимизга тушиб келишга эринмади, хатни олди. Лекин бир пиёла чойга таклиф қилишни хаёлига келтирмади. Женя (Винокуров) ичишга сув сўради. Павленко тепага қараб қичқирди: “Ким бор, ёш йигитларга сув беринглар!” Ким дегани бояги малла оқсоч экан. Сув ичгим йўқ эди, зўрға ичдим. Женянинг хафсаласи пир бўлиб хўрсинди. Биз чиқиб кетдик. Совет классиги орқамиздан қўл силтаб қолди.
… Ўша пайт шов-шувга сабаб бўлган “Бахт” фильмининг бўш сценарийси ва зўрма-зўраки ёзилган нарсаларидан ташқари, Павленконинг, худо ҳаққи, Шомил ҳақида, тоғликлар уруши ҳақида ажойиб очерки бор эди! У яхши ёзишни биларди, лекин тезда айниб қолди. Гарчи тарих ҳам Переделькинодаги Павленко кўчасига Пастернакни жойлаштириб аччиқ ҳазил қилган бўлса-да, Павленкони бунинг учун айблаб бўлмасди…
… Чиаурелиникидан чиқиб кетарканман, Геловани ҳам, Михаил Эдишерович ҳам, улар учун сценарий ёзган Павленконинг ўзи ҳам бир даврнинг қурбонлари эдилар. Бу давр эса иқтидорли кишиларни ўз ноғорасига ўйнатишни биларди.

Ўша сафаримиз чоғида Гия Данелия отасининг қариндошлариникида ҳам меҳмон бўлган эдик. Мен рафиқам билан “Рэро” ансамбли ноғорачиси Вахтанг Кикабидзе кўригида қатнашдик. Вахтанг Кикабидзени “Қайғурма” фильмидаги Бенжамен ролига синаб кўришаётган экан. Кейинчалик мен уни телевизор экранида кўрдим. Ноёб истеъдод соҳиби ва дилкаш одам.

* * *

Машҳур хонанда ва киноактёр Вахтанг Кикабидзе хотирлайди (“Дружба народов”. 1998. №-6): “Менга айниқса ёқадиган иккита қаҳрамон бор… Булар — Хемингуэйнинг Моргани ва Толстойнинг Ҳожимуротидир. Мен Ҳожимурот ролини ўйнашни орзу қилардим. Шуни ўйнасам, кейин кинога тушмасам ҳам майли деб ўйлардим. Ўн беш йил бурун Ҳожимурот ҳақидаги кино суратга олинмоқчи эди. Ўшанда Георгий Николаевич Данелия қўлида ажойиб сценарий бор эди, жуда ажойиб. Бош ролга балки мени танлар деб ўйлардим. Ёшим ҳам айни ўша ролбоп эди. Лекин сценарийни ўтказишмади. Роса жанжал кўтарилди, барибир ўтказишмади. Шу билан ҳаммаси тугади”.
Ана шу ажойиб сценарийга мен ҳам бевосита алоқадор эдим. Чунки уни Данелия билан бирга ёзгандим.
Данелиянинг фильми нега юзага чиқмаганини энди гапирсам ҳам бўлар.
Бу шундай бошланган эди. Мен сценарий ҳақидаги фикримни В.Б.Шкловскийга 50-йилларнинг охирларида гапирган эдим. Виктор Борисович илҳомланиб кетди-да, ўша заҳоти ариза ёзди. Дақиқа ўтар-ўтмас мен аризани ўқий бошладим. Ариза Л.Толстой қиссасини экранлаштириш ҳақида эди. Бирор нарса тушуна олмадим, фақат ариза муаллифи гениал одам эканлигини англаса бўларди. Лекин Толстой қиссасига бунинг сираям алоқаси йўқ эди. В.Б.нинг аризасига кўра, Ҳожимурот деҳқон бўлган экан, у “хонлик” ғоясига қарши чиқибди. Бундан эса 70-йилларнинг ҳиди келарди. Ноибнинг имом билан низоси тоғликларга қарши уруш олиб бориш учун рус қўшинларига умуман ўрин қолдирмаганди. Ҳожимурот театрга тушганда эса — бу Мейерхольд театри эди… Ҳаммаси шу атрофидаги гаплар эди, холос.
Қисқаси, мен аризани киностудияга топширдим, лекин уни рад этишди. В.Б.нинг “Дон Кихот” ҳақидаги бошқа аризасининг тақдири ҳам бундан яхши бўлмади. “Грузия-фильм” бир неча йил муаллиф билан ёзишмалар олиб борди. Гениал қарияга ҳурмат юзасидан, албатта. Афтидан эндиликда бунақа фильм ишламайдиган бўлишганга ўхшайди. Ҳа, ёш Шкловский даврининг “кино фабрика”си ўтмишда, узоқ ўтмишда қолиб кетгандай эди. Сервантес бўйича фильм Чхеидзе томонидан суратга олинди. Унда В.Б.нинг номи эслатилмасди. У бутунлай бошқа фильм эди.
Лекин “Ҳожимурот” билан ҳаммаси жуда оддий бўлди. Рад жавобини олгач, В.Б. менинг сценарийим учун жон куйдира бошлади. Бу пайтда мен уни қоғозга тушира бошлагандим.
Г.Чухрай Гия Данелияга мен билан ишлашни таклиф этди. У пайтлар Гия мени унчалик яхши билмасди. Лекин Расул Ҳамзатовни яхши биларди. Расул бу масалани ресторанда муҳокама қилишни таклиф этди. Менинг дўстим Расул ўшандаёқ унинг бу ишда иштироки рамзий бўлади, деб кетма-кет бокал кўтариб “Минск” ресторанини гуллатарди. Шундай қилиб Расул Ҳамзатов бу фильмда маслаҳатчи ва ўтказиб берувчи ролини бажариши керак эди. Шунинг учун ҳам унинг номини титрга чиқаришга келишилди. Шу тариқа биз Ҳожимуротнинг аймоғи билан узоқ вақтгача ажралишдик.
…Офтоб ўт пуркайди. Биз Гия билан ярим яланғоч, сочиқни бошимизга салла қилиб, Переделкинодаги Ижод уйи коттежида майсаларга чўзилганча ижод қилаяпмиз. Қаттиқўл Адабиёт жамғармаси Расулга ва менга йўлланма берди. Ҳамзатов фамилияси билан Данелия яшарди.
Бизларда қоғоз муқовали Лансер расмлари билан безалган “Ҳожимурот” китоби ҳам бор эди. Тинмайман, ёзганим-ёзган. Гия майсадан узиб чайнаганича осмондан кўз узмайди. У жилмайганча “яхши, яхши” деб қўярди, мен эса қувониб ёзишда давом этардим. Орадан бирор соат ўтгач, Гия “энди танаффус қилиш керак” деб қўярди. Танаффусдан кейин эса гўё ҳеч нарса бўлмагандек Гия бутунлай бошқа нарсани таклиф қилиб қоларди, ўлиб-тирилиб ёзганларимни, гарчи менга бебаҳо туюлса-да, йўққа чиқаради. Аввалига ёзганларимни ҳимоя қиламан, лекин барибир ноилож қолиб ён босаман, кейин марказда ёзилган ҳамма нарса ҳам бебаҳо бўлавермаслигига тан бераман. Гия ҳамиша ҳақ бўлиб чиқарди.
Мен ҳамма нарса ўта жўн ва оддий кечди деб айтолмайман: мен ёзардим, Гия ўчирарди. Иккаламиз ҳам ўз фикримизни айтардик, ниманидир қисқартирар, ниманидир таклиф қилар, нималаргадир шубҳа билан қарардик. Фарқи шундаки, мен албатта қоғозга ёзиб чиқардим, Гия эса ҳаммасини эсида сақлар, оғзаки бир-бирига улаб кетарди. Менга сўз кўринарди, унга кино, фильм учун эса бу, албатта, устун эди.

Менда қандайдир кинематографик тажриба бор эди. Литва студиясида менинг сценариям бўйича “Тунайдиган жойсиз тунлар” фильмини қўйишди. М.Хуциев уни мақтади. У ҳақда Б.Слуцкий ёзди. Гияга бўлса, фильм ёқмади. Сценарийчи сифатида у менга қисман ёқарди. Лекин бу ерда “Ҳожимурот” устида ишлай туриб, менга Г.Данелия мактабини ўтгандай бўлдим. У мени кўп нарсага ўргатди.
Бир куни Расул Москвада пайдо бўлди. Йўл-йўлакай Ҳожимуротнинг Шомил билан учрашувининг ажойиб саҳнасини таклиф қилди. Кейин Шомил ҳақида мен билмайдиган кўп нарсани гапириб берди. Айтиш керакки, Буба (Вахтанг Кикабидзени ҳамма норасмий шундай атарди)ни ҳайратга солган сценарий менинг ноёб манбалардан олган маълумотларим туфайли “ажойиб” бўлиб чиқди. Бу манба Шомилнинг адъютанти хотиралари эди. Уни Шкловский сафари пайтида Англиядан олиб келган экан. Улар В.Б.Шкловскийнинг Шереметьевкадаги дала ҳовлиси билан бирга куйиб кетди. Кўпгина ноёб китоблар куйиб кулга айланди. Менинг “Шеърият харитаси олдида” китобимнинг қўлёзмаси ҳам шу ерда ёниб кетди (мен уни 1962 йилда қайтадан ёзиб чиқдим). Мен фақат В.Нарбутнинг архивлари портфелинигина қутқариб қолдим. (Гап шундаки, курортга кетаётиб, Шкловский ўшанда мени уйсиз бўлганим учун дала ҳовлисига жойлаб қўйганди. Мен ўша ерда ишлардим.)
Сценарий яхши чиқди. Буни қаттиққўл Гия ҳам, ажойиб оператор Вадим Юсов ҳам тан олди. Студиядагилар бир овоздан қабул қилишди. Ҳатто Кинематография қўмитаси ҳам сценарийни юксак баҳолади.

Ва ниҳоят Расул келди, бизни СССР Олий Советининг Снегридаги ҳашаматли оромгоҳига сценарийни ўқиш учун таклиф этди. Мен охирги саҳнани кўчираётганимда Расул телефон қилиб қолди ва шундай деди: фикрлар даҳоси! Ҳузуримга “Труд” газетасининг мухбири келаяпти. У янги фильм ҳақида ёзмоқчи. Нима деяй? Мен ниманидир айтдим. Расул гўшакка хириллади:
“Намунча шошасан”.
Эртаси куни мен “Труд”ни сотиб олиб ўқисам:
“Л.Толстойнинг машҳур қиссасини Доғистон халқ шоири Расул Ҳамзатов экранга олиб чиқди. Саҳналаштирувчи Г.Данелия. Бош оператор Вадим Юсов”. Кейин фильм концепциясини шоир гапирди, деб қўшиб қўйилибди.
Яхши гапирибди.
Тушлик пайтига биз Снегрига етиб бордик. Дастурхон тўла ноз-неъмат ва ичимлик. Базми жамшид табиат қўйнида тайёрланганди. Тахтадевор ортидаги қўшни дала ҳовлида бақалоқ киши, майкачан, берилиб куйларди: “Қора кўзлар, о, қора кўзлар!…”. “Эрталабдан, тушунасанми… — деди Расул ва ўзига коньяк қуйди, — мукофотлаш бўлимининг бошлиғи… Фойдали одам. Чарчадим, деяпти, ўтган ойда ярим йиллик режани ошириб бажарибди… Энди дам олаяпти.”
Стол атрофига ўтирдик. Расул сценарийнинг ёзилиб бўлгани учун қадаҳ таклиф этди. Кейин ўқишни бошлаймиз, деди.
Бир сўзли Гия қадаҳни қўли билан беркитди: “Уят эмасми! Володяни эсламабсан ҳам-а”. У шундай деб чўнтагидан эзғиланган газетани олди
Шунда Расул сира эсдан чиқмайдиган бир пичинг қилди. Муғомбирона ва ҳайратли эди пичинги:
— Менга қара. Ресторанда кимни яхши билишади? Аписанткани, шундайми? Бош ошпазни ким ҳам билади?
Бўлди кулги, бўлди кулги, қўяверасиз. Мен сценарийни ўқишга тушдим, бошидан охиригача…
Ҳаммадан ҳам Расул берилиб тинглади…
Кейин худди кинодагидек… мен, Гия, Юсов Қримга учиб кетдик.
Студия. Суратга олиш. Сўнгра Гия, Юсов, гуруҳ — Доғистон овулларига йўл олишди. Суратга олиш, тоғликларни киносиновга тушириш. Кийимлар тикилган. Гия бош роль учун актёр қидирмоқда. Умар Шарифни чақиришни орзу қилади. И.Смоктуновский Гияга сим қоқади. Бош ролга жудаям талабгор. Менинг завқим ичимга сиғмайди: “Нега мунча бегона юлдузни хоҳлаб қолдинг? — дейман. — Ўзимизники бор. Смоктуновский бир қарашда тўғри келмайдиганга ўхшайди. У — даҳо. Ахир у бошқача қиёфага киришнинг даҳоси!”
Гия аста тиржайиб қўйди.
Смоктуновскийга у шундай деди:
“Кеша, сен Анна Каренинани ўйнамайсанми?”
Қолган ишларнинг ҳаммаси жойида, космонавтлар айтганидек “ишлар беш”.
Ва бирдан пленка узилади, мотор тўхтатилади…
Нима бўлди? Данелиянинг қўпол, тузатиб бўлмас хатоси.
У, ўжар гуржи, “Ҳожимурот”нинг ишга тушганини ювишга қарор қилибди. Унинг Ойдинкўлдаги хонадонида олий меҳмон — Кинематография Давлат Комитети раисининг ўринбосари — Владимир Евтихианович Баскаков ёш рафиқаси — венгер қизи билан, Расул Патимат билан, Юсовлар, Павел Лебешев, қандайдир Абдилбиев — Гиянинг таниши, мен тўпландик.
Тбилисидан келтирилган чача ўзининг қора ишини қилди. Эгардан биринчи бўлиб Расул учиб кетди. У тоғликларнинг уруши ҳақида гап суқиётган Баскаковга узоқ, хўмрайиб тикилиб турди. Баскаков бўлса эҳтиётсизлик қилиб Расул учун авлиёлар авлиёси бўлган Чеченистон ва Доғистон имомини қоралаб, шоирнинг иззат-нафсига тегиб кетди. Оғир яраси яна янгиланди: ёш Расул, Адабиёт институтининг талабаси гуноҳ қилиб қўйди. Ўша пайтдаги расмий қарашлар билан келишган ҳолда Шомилни “инглиз жосуси” деганди. Бунинг учун виждони қанчалар қийналди. Қанчалар тавба-тазарру қилди…
Энди бўлса байрамона кайфиятда бирдан кескин бурилиш.
— Сен — аянчли амалдорсан, — деди Расул. — Эртами, индин ўлиб кетасан, сендан нима қолади? Шомил — буюк инсон. Сен имом билан, у ҳатто ўлган бўлса ҳам тенг туриб гаплаша олмайсан!
Мен стол остидан оёғим билан Расулни туртиб қўяман. Қани энди уни тўхтатиб бўлса… Баскаковнинг ранги ўчди. Яна бир зарбага учрайди. Расул ҳанузгача ақли кирмаётган амалдорлар ҳақида гапираяпти. Шоирнинг фуқаролик пафосини кутилмаганда эрини ҳимоя қилишга ўтган ёш венгер аёли пасайтиради. Хоним шоирга унинг бефарқлиги ҳақида эслатиб ўтди, ҳокимиятга яқин кишиларга тилёғламалик қилганини уқтирди. Таниқли адабиёт жаллодига Ҳамзатов китоб ҳадя этгани, бағишлов ёзганини ҳам қистириб ўтди. Шоирнинг дастхатини ўқий бошлади. Расул қизариб кетди. Лекин янги жангчи кирди орага. Бу Патимат эди. Эрига мурожаат қилиб ширин товушда:
— Ҳа, Расулжон… — деди. — Сизда ҳам хатолар бўлади…
Патимат ақлли аёл. У кескинликни юмшатмоқчи эди, лекин, афсуски, кеч бўлганди. Баскаков ўрнидан туриб, даврани тарк этди. Рафиқаси унга эргашди. Мезбон қаршилик кўрсатишга уринди, лекин фойдасиз.
Баскаковни кўпдан бери биламан. Бир вақтлар баланд бўйли ёш майор “Литгазета”га — ҳузуримга кирганди. “Красний воин” ходими, деб таништирганди ўзини. Бўшгина бир рецензия олиб келган экан. Тузатиб, чиқариб юбордим. Ўшандан бошлаб Баскаков матбуотда мунтазам чиқадиган бўлди. Қўмитада иккинчи шахс бўлгач, қисса эълон қилди. Қалбида у ўзини амалдор ҳисобламасди. Лекин Расулнинг қилиғи унинг иззат-нафсига шу қадар тегиб кетдики, уни бу тасаввур ҳам қилолмасди.
Момақалдироқ ўзини узоқ кутдирмади. Биз билан ўзини яқин олиб, “сенлаб” гаплашадиган Баскаков мени қўмитада дўқ билан қаршилади:
— Русларга қарши фильм қилишларингга йўл қўймайман.
Уни холис бўлишга чақириб уринишларим беҳуда кетди. Сценарийни ёзган менман, Ҳамзатов маслаҳатчи холос деб беҳуда уриндим. У шовқин солар, ҳеч кимни писанд қилмасди. Биз унинг шахси орқали буюк миллатни ҳақорат қилган эмишмиз…
Кейинги воқеалар абсурд спектакли мантиқи бўйича ривожланди. Фильм ғоявий нуқтаи назардан тўхтатилди деган миш-мишлар жуда тез тарқалди. Суслов МКда кино учун масъул Ермашдан норози экан деган гап тарқалди. Кейин менинг талабларимга жавобан фильмнинг тўхтатилишига сабаб,“техникавий” эканлигини айтишди. Буни қарангки, “Мосфильм”нинг барча павильонлари биринчи даражали аҳамиятга молик фильмлар билан банд экан — совет ҳокимиятининг 50 йиллигига қизғин тайёргарлик кетяпти! Кейин эса Доғистон МК биринчи котиби ўртоқ Даниялов эътироз билдиряпти, деган гап чиқди.
Расул Москвада менинг Даниялов билан учрашувимни уюштирди. Бу гапларни эшитиб, унинг кайфияти бузилди. Мен қувватлайман, деб ваъда берди.
Данелиянинг уйида жанжал чиқишидан олдин биз Чухрай билан Даниялов ҳузурида бўлди, унинг фильмни қўйишдан иккиланишининг ҳақиқий сабабини бартараф этдик. Тўғриси, келишувга эришдик: Данияловнинг ВГИКни битирган ўғли иккинчи режиссёр бўлиши керак экан (кўриниб турибдики, асосий сабаб “сиёсий” эмас экан).
Лекин “Ҳожимурот”нинг саргузашти давом этарди.
1970 йили мен Черногорияда таниқли киносценарийчи Стев Булаич билан танишдим. У ажойиб ва машҳур режиссёр Велько Булаичнинг укаси эди. Менинг “Ҳожимурот” ҳақидаги ҳикоям Титограддаги бир театрга борганимизда яна аланга олди. Шунда менда фильмни Велько ишлайди, деган ғоя туғилди. Унда тоғликларни черногориялик актёрлар ўйнайди, бизникилар эса русларни, деб ўйладим. Бу пайтга келиб Гия фильм учун курашдан бутунлай воз кечганди. Бизнинг мағлубиятимиздан у жуда ҳам қайғуга тушганди.
Югославияга кейинги сафар борганимда Велько Булаич билан Загребда учрашдим. Бу 1988 йилнинг 6 майида бўлган эди. Велько ва унинг рафиқаси Власта мени ёзги қаҳвахонада кутиб олишди. Бу пайтда у “Ядран-фильм”нинг бадиий раҳбари эди. Биз бир неча бор (кейинчалик Москвада ҳам) фильмни биргаликда қўйиш тўғрисида, агар бўлмай қолса, сценарийни Югославия сотиб олиши ҳақида гаплашиб олган эдик. Велько мендан СССРнинг Югославиядаги элчиси билан гаплашиб кўришимни сўради. У негадир Камшалов қўллаб-қувватлайди деган фикрда эди. Мен эса бунга амин эмасдим. Мендан сценарийни олган Булаич уни таржима қилмоқчи бўлди, чунки русчани унча-мунча биларди. Биз у билан сербча-хорватча гаплашардик.
Кейинги учрашувимизда Булаич ғамгин бир аҳволда:
— Сен ҳақ экансан, — деди. — Сизнинг Қўмита фильмни биргаликда ишлашни хоҳламаяпти. “Ядран-фильм” бунақа мураккаб фильмни бир ўзи моддий жиҳатдан эплай олмайди.
80-йилларда менга телефон қилиб қолишди. Гўшакда нотаниш овоз:
— Мен режиссёр Суламбек Мамиловман.
Сиз Лермонтовнинг “Бэла”си бўйича олинган кинони кўрдингизми? Мен Горький студиясидан сим қоқаяпман. Бу ердагилар Ҳожимурот ҳақидаги сценарийингизни жонлантирсак дейишаяпти. Мен тоғликларданман. Сиз билан ишлашни жуда-жуда истардим. Студия шартнома тузишга тайёр.
1987 йилнинг апрелида мен икки серияли фильм устида иш бошладим. Сценарий қабул қилинди, маъқулланди. Данелия мамнунлик билан титрда: “Г.Данелия иштирокида” деб ёзилишига рози бўлди. Шундай қилиб икки серияли вариантда мен ёлғиз муаллиф бўлиб қолавердим.
Расул бу янгиликка шеър билан жавоб берди, уни Я.Козловский таржима қилди. Шеърда бошидан икки марта жудо қилинган тоғлик ноибнинг бахтсиз тақдири ҳақида ҳикоя қилинарди, унинг боши иккинчи бор “Госкино”да олинган эди-да! Лекин “Литгазета”да (3.02.88) гарчи фильмнинг тақдирига энди ишонмаса ҳам, ҳар эҳтимолга қарши янги уринишни табриклаб қўйди.
Худди шундай бўлиб чиқди. Биз кинони олишга тайёрланиб турувдик, лекин қўмита режалаштириб қўйилган пулни беришдан бош тортди.
Кейин маълум бўлиб қолдики, Ҳожимурот ҳақидаги фильм Гуржистонда суратга олинар экан. Унинг сценарийсини Адрей Битов ёзибди, режиссёр эса Георгий Шенгелая — Гиянинг жияни эмиш. Андрейга сим қоқдим. У Шенгелаядан шундай таклиф бўлганини тасдиқлади. Кейин қўшиб қўйди:
— “Ҳожимурот” мен севган қисса. Ҳар қандай банд бўлишимга қарамай, бу таклифни жон деб қабул қилардим. Лекин менга жуда яхши маълумки, бу ҳақда Огнев ёзган сценарий бор ва бундай қилишга маънавий ҳаққим йўқ…
Мен бошқача жавобни кутмаган ҳам эдим.
Лекин гап Битов томонидан “ёзилган” сценарий ҳақидаги нотўғри хабардагина эмасди. Шенгелеянинг фильмга режиссёр этиб тайинлангани ҳам ҳақиқатга тўғри келмасди. “Пиросмани”ни саҳналаштирган бу одам айни шу кино билан банд бўлган чоғида Данелия “Ҳожимурот” устида ишлаётганини яхши биларди. Нима, бу фильмнинг аччиқ қисматидан у бехабар эди дейсизми?
Ғазабим ошиб, қўмитага, Армен Медведев ҳузурига кирдим. Армен Николаевич жуда ёқимли инсон. У масалани моҳирлик билан четлаб ўтди. Менинг сценарийимни, Г.Шенгелаянинг режиссёрлик иқтидорини мақтади. Мамилов билан Шенгелаяни ёнма-ён қўйиб бўлармиди, деди. Мен хўрсиндим. Баҳслашиш қийин эди. Медведев Шенгелая билан учрашиб, гаплашиб кўр, деди.
— Бу сотқинлик бўлар эди, — дедим хулоса қилиб.
Лекин барибир вазиятни аниқлаш мақсадида Шенгелаянинг ташаббуси билан Москвада Гуржистон савдо ваколатхонасининг меҳмонхонасида учрашдик. Минг афсус, деди Георгий: “Яхши бўлмади, ёлғон хабар панд берди. Энди нима ҳам қила олардик. Машина ишга тушиб кетган, сизнинг менинг фильмимда иштирок этишингизни жуда истардим”. Шенгелаянинг ёнида Эрлом Ахвледиани ҳам ўтирган эди. Мен уни билардим. Ноёб истеъдод соҳиби. У “Пиросмани”нинг режиссёри эди. Мен ҳамкорлик қилишдан бош тортдим. Мен рози бўлган тақдирда ҳам иккаламиз бир қўшга ярамаслигимизни яхши тушунардим. Эрломнинг тоғлик қаҳрамон ҳақидаги фильми эртак бўлиб қолаверади. Бу менинг тарихга ва инсонга толстойча қарашимга умуман алоқаси бўлмай қоларди.
Г.Шенгелая буюртма олди, унга хорижий киностудиялар ёрдам беражаги ҳақида гапирди. У Словакия, ГФР, Италия ҳамкорлик қилишга рози бўлганини, Ҳожимурот ролининг ягона ижрочиси деб саналган Америка киноюлдузи — Роберт де Ниро билан музокаралар олиб борилаётгани ҳақида ёзди.
Йиллар ўтди. Г.Шенгелая бошқа фильмлар ишлади. “Ҳожимурот” ҳақида гап ҳам йўқ эди…
Кейин Чеченистон воқеалари юз берди…
Оламда бундан қайғулироқ воқеа юз бермаганди.

“Дружба народов” журналининг 2000 йил 10-сонидан олинди.

Файзи Шоҳисмоил таржимаси.

«Жаҳон адабиёти» журнали, 2003 йил, 5-сон