Абдулла Орипов ва Қулман Очилов суҳбати
Шоир Абдулла Ориповнинг “Соҳибқирон” драмаси ҳали сиёҳи қуриб улгурмасдан, наинки китобхонлар ўртасида, балки театр арбоблари орасида ҳам қўлма-қўл бўлиб кетди. Улар шу шеърий драмани бирин-кетин саҳнага қўймоққа киришдилар. Кўп ўтмай, хориждан ҳам хушхабарлар кела бошлади: асарингизни театримизда қўймоқчи эдик…
Қўшни Қирғизистон Республикаси Ўш вилоятининг Бобур номидаги театрида “Соҳибқирон” спектаклининг намойиши бўлди. Бу нафақат машҳур шоиримизнинг ижодига, балки 660 йиллик таваллудини нишонлаётганимиз Амир Темур бобомизнинг ҳаётига ҳам катта қизиқишдан далолатдир.
“Соҳибқирон”дек залворли асарлар бир кунда дунёга келмайди, албатта. У – неча йиллик тинимсиз меҳнат, изланиш, ўқиш-ўрганиш самарасидир. Буюк шахслар ҳақида асар яратиш учун ижодкор ҳам ўз қаҳрамонига муносиб бўлиши керак. Бу ўринда айнан шундай эканига шубҳа йўқ.
Шу боис бобомизнинг таваллуд тўйи арафасида севимли шоиримизни суҳбатга тортдик.
Соҳибқирон зиммасига юкланган юмуш
– Абдулла ака, Амир Темур бобомизнинг саркардалик, давлат арбоби ва маърифатпарварлик фаолияти ҳақида китоблардан озми-кўпми ўқиб биляпмиз. Лекин Соҳибқирон инсон сифатида қандай одам бўлган? Бундай саволга жавоб ахтаришга тушсангиз, кўплаб ривояту афсоналар, латифаю ҳангомаларга, миш-мишларга ҳам дуч келасиз. Сиз узоқ йиллардан буён Амир Темур фаолиятини астойдил ўрганиб келаётган ижодкор сифатида бундай саволга Сиз нима деб жавоб берасиз? Суҳбатимизни шундан бошласак.
– Умуман, буюк шахслар ҳаёти ҳақида турли ривояту афсоналар, ҳатто ёлғон-яшиқ гаплар, миш-мишлар кўп бўлади. Бу – табиий. Бундай шахслар уммонда сузиб бораётган улкан кемага ўхшайди – изи ҳам шунга яраша, кенг ва мавжли бўлади. Жумладан, Амир Темур ҳазратлари ҳақидаги турли миш-мишлару ривоятлар ҳам ҳали у киши ҳаётлигидаёқ кенг тарқала бошлаган. Масалан, у кишининг дунёга келишини бевосита илоҳият билан боғлашган – ҳазрат туғилганида вулқон отилган, чақмоқ чаққан экан ва ҳоказо. Бу – буюкликнинг белгиси.
Айтиш керакки, Амир Темур ҳазратларидай шахслар йилда эмас, асрда эмас, минг йилларда бир маротаба дунёга келади. У кишининг «Соҳибқирон» деб ном олишининг замирида ҳам табиатда бўладиган жараёнлар ўз аксини топган, деб айтилади. Яъни, у киши жаддий юлдузлар туркуми кийик шаклига кирган вақтда туғилган. Бу ҳолат саккиз юз йилда бир марта рўй берар экан. Айтишларича, пайғамбаримиз Расули Акрам Муҳаммад Алайҳиссалам ҳазратлари, Искандар Зулқарнайн туғилганида ҳам шундай бўлган – осмони фалакда Муштарий ва Зуҳро юлдузлари бир-бири билан бақамти келиб, кийик шаклига кирган. Айнан шу сонияда туғилган бола Соҳибқирон бўлиб етишади, деган ақида қадимдан мавжуд.
Лекин ўша сонияда биргина Амир Темур ҳазратлари туғилмаган-ку? Нега қолганлар бундай улуғ мартабага эришмаганлар? Албатта, бу Аллоҳнинг инояти билан бўлади. Аввало, бобомизга Парвардигор буюк истеъдод берган ва айни пайтда у кишининг елкасига буюк бир тарихий юмуш ҳам юклаган. Шу жиҳатдан, мен юқоридаги ривоятларда катта бир мантиқ бор, деб ўйлайман.
Эътибор беринг: халқимиз неча йиллар мўғуллар истилоси остида эзилиб келди. Ана шу жабр-зулмдан эзилган, жонидан тўйган халқнинг фарёд ва илтижолари Ҳаққа бориб етган. Аллоҳ – серкарам, Соҳибқиронни жўнатган: бориб Ватанингни, халқингни босқинчилардан озод қиласан, унинг бошини қовуштирасан, бандаи мўминнинг бошини силайсан… Шу тариқа, бул зотнинг зиммасига ана шундай буюк юмуш юкланган. Албатта, бу гапларимнинг мутаассибликка сира-сира алоқаси йўқ.
Амир Темур ҳазратларининг дунёга келишининг табиий ва ижтимоий сабабини мен шундай деб тушунаман.
– Бу юмуш сабаб у кишига катта имконият ҳам берилган…
– Албатта, тарих гувоҳ: бу дунёдан қанчадан-қанча подшоҳлар ўтмаган. Уларнинг қанчадан-қанчаси тахтга ўтиргач, ўз роҳат-фароғатини, маишатию хазинасини ўйлаш билан овора бўлиб, умрини совурган. Амир Темур ҳазратларининг буюклиги ҳам шунда – ул зот ўзининг, саройининг майда ташвишлари билан ўралашиб қолмади. Ҳолбуки, у киши ҳам ўз ҳаловатини ўйлаб ғафлатга берилиши мумкин эди. Моварауннаҳрга подшоҳ бўлгач, тинчгина яшаса бўларди. Шунга яраша имкони, бойлиги бор эди. Аммо бобомиз бундай қилмади. Элим деб, юртим деб, унинг шони, шавкати, озодлиги деб, ҳаловатсиз умр кечирди. Биргина мисол: ул зот бир марта беш йил, иккинчи гал яна беш йил, учинчи сафар эса етти йилга пойтахти Самарқанддан чиқиб кетган. Ватанни озод қилиш, унда осойишталик ўрнатиш, тарқоқ, эзилган улуснинг бошини бириктириш учун. Бошқача айтганда, умри от устида, лашкар орасида ўтган. Ўзлари: амирлик завқидан ҳам кўра, унинг азобини кўп тортдим, дейдилар. Лекин бобомиз чеккан заҳматларининг боиси – миллатнинг, Ватаннинг дардларига дармон бўлиш. Улуғ ғоялар улуғ инсонларни вояга етказади, деган ҳикмат бор. Амир Темур ҳазратларини буюклик даражасига кўтарган, дунёга танитган ана шу – ўз улусининг бахт-саодатини ўзининг ҳаловатидан устун қўя билганидир.
Дунёдан не-не жаҳонгирлар ўтган, лекин уларнинг деярли бирортаси тарқоқ улусни бирлаштириб, Амир Темурдек адолат билан бошқара олмаган.
– Бунинг боиси нимада?
– Боиси бизнинг бобомиз қадами етган жойни бузмаган, балки тузган. Ўзларининг гапи бор: бирор жойдан бир ғишт олган бўлсам, ўрнига ўнта қилиб қўйдим. Бунга тарих гувоҳ – Самарқанд, Шаҳрисабз, Балх, Ўтрор, Қобул, Исфара, Туркистон… Ўша замонларда обод бўлган бундай шаҳарларнинг номини кўплаб келтириш мумкин. Ўзини жаҳонга даъвогар деб билган бошқа саркардаларни, дейлик, Чингизхонни олинг. Чингиз лашкари ўтган жойда фақат қуюну култепа қолган. Қадами етган жойни бузган, ер билан яксон қилиб, саҳрога айлантириб кетаверган. Чингизхон даврида обод бўлган бирор кентнинг номини биласизми? Гитлер замонида-чи? Йўқ. Уларнинг фожиаси ҳам шунда – бузғунчилигида. Бузғунчилиги туфайли ҳали тириклигидаёқ улар олам аҳли нафратига гирифтор бўлган.
Соҳибқирон ҳазратлари қанчалик буюк бўлса, шунчалик ҳокисор ҳам бўлган экан. Ўз лашкарларининг қозонидан таом еган, одми кийинган. Европалик муаррих-сайёҳ Клавихонинг ёзишича, Чин Мочину Хўжанднинг ипак либослари турганида, Амир Темур ҳазратлари кўпинча Шаҳрисабзнинг оддий матосидан тикилган (яъни олача) кийим, бошига оддий калаваш қўндириб юрган. Ярим дунё тасарруфида бўлишига қарамай, оёқлари она заминдан узилмаган…
Соҳибқирон бир гал Кавказ тоғларида қишни қаршилайди. Шунда лашкарим бекор турмасин деб ариқ қаздиради ва унга «Барлосариқ» деб ном беради. Ҳазрат ҳаётлигида бирор жойга ҳам ўзининг номини қўйдирган эмас. «Барлосариқ» эса ҳозир ҳам бор, Озарбайжоннинг Қорабоғ вилоятида. Бу афсона эмас, тарихий ҳақиқат.
Қазо вақти етиб, чин дунёга кетар чоғида, ҳокимни пирим Саид Барака пойига қўйинглар, деб васият қилади. Кейинчалик Соҳибқирон ҳазратларининг бу васияти амалга оширилади. У киши ҳозир ҳам пирларининг пойида осойишда. Темур ҳазратлари нега бундай йўл тутган? Ўзини устозининг пойида кўрган? Ахир ул зот ярим дунёни ўзига бўйинсундурган жаҳонгир эди-ку? Бобомизнинг бу васиятида улуғ бир ҳикмат бор. Ўз авлодларига ибрат қолдирган: фанони унутманглар, иймондан, тўғрилик ва адолатдан тойманглар, доим бамаслаҳат иш қилинглар, деган ақидани сингдирган.
Кишини лол қолдирадиган яна бир фазилати – Соҳибқирон ҳазратлари мамлакатни ўта қаттиққўллик билан идора этган бўлса-да, (бусиз ўрта асрларда салтанатни бошқариш қийин эди), табиатан ўзи кўнгилчан бўлган. Бирор жигарбандидан айрилиб қолса, ҳафталаб йиғлаган экан. Мана ман деган пирлари ҳам жаҳонгирни юпата олмаган, бундай кезларда. Демак, Соҳибқирон одам боласининг жонини қадрлаган. Беҳуда қон тўкилишларнинг олдини олган.
Адолатли одам кушойиш топади
– Лекин, Абдулла ака, шамширсиз салтанатни бошқариш, айниқса, жаҳонгир бўлиш қийин…
– Албатта. Айниқса, жаҳонгир бобомиз яшаган ўша замонларда. Аммо Соҳибқирон ҳазратлари ҳар ишга адолат мезони билан ёндашганлигини нафақат дўстлари, ҳатто ғанимлари ҳам тан олишган. Ул зотнинг энг севимли шиори «рости – русти», яъни куч адолатдадир, деган ҳикматли сўзлар бўлган. Салтанатни ҳам шундай ҳикматга амал қилиб бошқарган. Умуман, жаҳон тарихига назар солсангиз, марказлашган давлат тузишни бобомиз бошлаб берганлигининг гувоҳи бўласиз. Бугунги сўз билан айтганда, конституция – «тузуклар»ни ҳам у киши тузган. Токи бир саволга ҳар хил жавоб бўлмасин, ҳар ишга, ҳар бир фуқарога бир хил – адолат кўзи билан қарайлик, деган ақида билан иш юритган. Чунки, адолатли одам кушойиш топади.
Бобомизнинг яна бир улуғ фазилати – ниҳоятда кечиримли бўлган. Бирор муҳорабага кирар бўлса, шунгача ўша саркаш ғанимларини неча маротаба инсофга чақирган. Ўзи айтадики, кенгашларимда, дейлик, ўнта масала рўбарў турса, тўққизтасини тинчлик, яхшилик йўли билан ечишга ҳаракат қилдим ва иложим қолмаганида, ўнинчисида шамширимга қўл юбордим. Амир Темур ҳазаратлари Раҳмоннинг дўсти, суюкли вакили бўлган.
– Бобомизнинг саркардалик фаолияти ҳақида нима дея оласиз? Айтишларича, у кишининг жанг санъати жаҳоннинг энг олий ҳарбий академияларида ҳозиргача ўрганиб келинар экан.
– Буни, албатта, ҳарбийлар кўпроқ билишади. Лекин бу борада ўқиган китобларимга асосланиб ишонч билан айтишим мумкинки, жаҳон тарихида илк мунтазам армияни Амир Темур ҳазратлари тузган. Ҳозир «авангард» деган атама ишлатилади ҳарбийларда. Соҳибқирон қўшинининг олдинги сафларида борувчи махсус қисмини шундай – «обонғорт» деб атагани маълум. Жаҳон тарихида биринчи ҳарбий парадни ҳам жаҳонгир бобомиз ўтказган. Қўшинини ўнбоши, юзбоши, мингбошилар раҳбарлик қилувчи қисмларга бўлган. Улар ўртасида мунтазам темир интизом ўрнатган.
Амир Темур ҳазратларининг ҳарбий тактикаси жаҳон ҳарбийлари томонидан кенг ўрганилиши шу кунгача бизга, шўро зулми остида яшаган ўзбекларгагина номаълум эди. Аслида совет ҳарбий билим юртларида ҳам Соҳибқироннинг жанг санъати кенг ўргатилгани бугун сир эмас. Фақат номи бошқача бўлган, холос.
Академик Тарленинг «Наполеон» деган китоби бор. Ушбу китобнинг 1943 йили чоп этилган нашрининг 333-бетида шундай маълумот келтирилади. Кимки, дейди фаранг жаҳонгири Наполеон ўз маршалларидан бирига, Амир Темур ўз-ўзича жанг қилган деса, катта хато қилади. Жаҳон тарихида илк мунтазам армияни, қулай тактика ва стратегияни Амир Темур ишлаб чиққан…
Бу – Европани тиз чўктирган Наполеоннинг гапи. Демак, у ҳам жанг санъатини Амир Темурдан ўрганган.
Соҳибқирон қайси бир шаҳар ёки қишлоқни ишғол қилса, ўша жойнинг эшонию мулласи, бойию камбағалини номма-ном айтиб бера оларкан. Бундан ҳамма ҳайрон: «Амир Темур одам боласи эмас, авлиё бўлса керак. Бу юртнинг бойию камбағалини қаердан билади. Умрида оёқ босмаган жойда қандай ариқ оқишини, унинг қаерига қандай кўприк қуриш лозимлигини қаердан билади?»
Бу ҳам жаҳонгир ҳазратларининг ўзига хос ҳарбий тактакасидан далолат. У киши қаерга боришни лозим топса, ўша ерга аввал ўз ҳуфияларини – разведкачиларини юборган. Қизиғи шундаки, ўша ҳуфиялар бир-бирини билмаган, танимаган. Жаҳонгир эса уларнинг барчасидан олинган маълумотни жамлаб, муқояса қилиб, бир фикрга келган. Кимга жазо бериб, кимга яхшилик қилишни аввалдан билган. Улуснинг аҳволидан ҳам шу тариқа хабардор бўлиб турган. Аркони давлатлардан ҳеч ким Соҳибқиронни алдай олмаган.
Амир Темур ҳазратларининг жангу жадалларда қўли баланд келишининг боиси, доим лашкарини рози қилган, унинг бошини силаган. Мол-дунёсини лашкаридан аямаган. Амир Ҳусайн аксинча хасис, молпараст бўлгани учун мағлубиятга учраган.
Юртига тинчлик-осойишталик истаган саркарда, халқ, аввало, лашкарининг бошини силайди.
Соҳибқироннинг саркардаликда, сиёсатда, маърифатда бунчалик катта муваффақиятларга эришишининг сабабларидан яна бири – ул зот, ҳозирнинг ибораси билан айтганда, беҳад байналмилалчи бўлган. Армиясида турли миллат вакиллари хизмат қилган. Дунёнинг турли мамлакатларидан олимларни Самарқандга чорлаб, уларга ижод учун шароит яратиб берган. Ўз фарзандларига: «Уламо, пок ниятли, тоза қалб кишиларга талпиниб яша», деб уқтириб келган. Мисрлик ибн Холдун исмли улуғ араб олими Самарқандда Амир Темур ҳазратлари ҳузурига кириб, Қоҳирага бориб келишга рухсат сўрайди. Соҳибқирон унга, биздан хафамисиз, дейди. «Йўқ, – дейди олим, – у ерда менинг кутубхонам қолган». «Э балли, сизга устоз, – дейди Амир Темур. – Кутубхонангизга боринг ва бизга Арабистон, сиз билган, кўрган бошқа юртлар ҳақида китоб ёзиб келинг». Бу – тарихий ҳақиқат. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.
– Абдулла ака, Амир Темур ҳазратлари ҳақида гап кетганида, яна бир савол туғилади. У киши тахтга чиққанларидан сўнг Самарқандда ўтирсалар бўлмасмиди? Салтанатига Мовароуннаҳрдай бой ўлканинг мол-мулки етмасмиди?
– Йўқ, Соҳибқироннинг мақсади дунёни босиб олиш бўлмаган. Амир Темур ҳазратларини қўшни давлатларнинг подшолари ўз ҳолига қўйишмаган, тинимсиз жангга тортишган. Яйловларини тортиб олишган, карвонларини талашган, Ватанига юришлар қилиб, забт этмоқчи бўлишган. Алал оқибатда, Соҳибқирон ҳазратлари улар билан ҳисоб-китоб қилишга мажбур бўлган. У кишининг олиб борган жангу жадалларини, юришларини тўғри тушуниш учун тарихга мана шу нуқтаи назар, тийрак кўз билан қараш керак. Жаҳонгир бобомиз ҳеч бир ўринда жангга биринчи бўлиб чикқан эмас. Муаммони, келишмовчиликни муроса йўли билан ҳал этишга уринган. Масалан, Рум султони Боязидга бир неча бор мактуб йўллаб, уни муросага чақиради. Сен ҳам, мен ҳам мусулмон, сен ҳам туркий, мен ҳам туркий, келишиб яшайлик, жанг қилсак, уят бўлади, дейди. Аммо Йилдирим Боязид: эй Темур, агар сен жангга чиқмасанг, хотинларинг уч талоқ бўлсин деган мазмунда жавоб йўллайди. Хўш, бундай ҳақоратдан кейин Соҳибқирон нима қилиши керак эди? У киши жангга киради ва Рум қайсари деб дунёга ном чиқарган Боязидни мағлубиятга учратади. Лекин, ҳар не бўлса-да, Амир Темур ҳазратлари Боязид юртида қолиб, Румни мустамлака қилган эмас. Румни Боязиднинг Сулаймон, Мустафо, Исо ва Мусо исмли ўғилларига бўлиб берган. Бу ҳолни кўрган Боязид: «Мен-чи? – дейди. – Мен нима қиламан?» «Сен, – дейди Соҳибқирон, – Бурсада ўтириб султонлигингни қиласан…» Бу – тарихан бор гап.
– Бундай мартабага табиатан жасур ва иродали, адолатпарвар бўлмаган киши эришиши қийин.
– Балли. Соҳибқирон беҳад иродали, жасур зот бўлган. Замондошлари ёзиб қолдирган маълумотларга қараганда, у кишининг ғазабланганлигани ҳам, хурсанд бўлганлигани ҳам билиш қийин экан. Ҳаяжони ботиний бўлган, ҳар қандай шароитда ҳам ўзини қўлга ола билган. Жангларнинг бирида рақиби Шоҳ Мансур қандайдир йўллар билан Соҳибқирон соқчиларини алдаб ўтиб, у кишига қилич уради. Аксига олиб, жаҳонгир ҳазратларининг қўлида қурол бўлмайди. Ҳалиги шаҳзода бир эмас, икки эмас, саккиз марта қулочкашлаб Соҳибқирон бошига қилич туширади. Лекин жаҳонгирнинг дубулғасидан қилич ўтмайди. Амир Темур совуққонлик билан туради, ўзини у ёққа, бу ёққа ташламайди. Буни кўриб ҳамма додлаб юборади. Шоҳ Мансур ҳам қўрқиб кетади. «Бу, ростдан ҳам, худонинг севикли бандаси экан!» – деб қочишга тушади. Бу ҳам тўқиб чиқарилган мўъжиза эмас, ҳаётий гап. Жаҳонгирнинг дубулғасидан қилич ўтмагани рост.
Амир Темурнинг жасурлигига нафақат дўстлари, душманлари ҳам тамомила тан берган. Бундай одамларнинг энг таниқлиси – ибн Арабшоҳ. У ўн икки ёшлигида Шомдан – ҳозирги Суриядан жаҳонгир лашкарлари томонидан олиб келинган. Самарқандда ўсиб-улғайган. Аммо аламзада. Бу ёзиб қолдирган асарларида яққол сезилиб туради. Мени Амир Темур одамлари юртимдан айирди, деган ўкинч, алам бўлган унда. Ўша Арабшоҳ жаҳонгир ҳақида, мана бу булоқдан Амир Темур сув ичди демайди, аблаҳ Темур сув ичди, деб ёзади. Лекин шундай аламзада одам ҳам Темурни мард, танти, ўлимдан қўрқмайдиган, олиму фузалони яхши кўрадиган, кечиримли, адолатнинг этагидан тутган одам эди, деб тан беради.
Шу кунларгача жаҳон сиёсатчилари ўртасида кимнинг қуроли кўп бўлса, ўша кучли деган, ақидага амал қилиб келинар эди. Бу қуролланиш пойгасини келтириб чиқарди, СССРдек улкан империянинг бошига етди. Лекин Темур ҳазратлари: йўқ, дейди, ким ҳақ бўлса, ўша кучли. Куч – адолатдадир. Бу алал оқибатда исботини топди ҳам. Қуроли қанчалик кўп бўлмасин, Гитлер ҳам, Сталин ҳам ниятига етолмади. Инсониятнинг нафратига учради. Демак, улар ҳақ эмаскан.
Соҳибқирон айтадиларки, Ҳиндистондан Болқонгача осойишта бир салтанат туздим. Бир боланинг бошига марварид тўлдирилган лаганни қўйиб, йўлга чиқазиб юборсам, у Болқонга етгунича ўсиб-улғаяди, вояга егади, лекин бошидаги марвариддан бирортаси ерга тўкилмайди. Ҳисоблаб кўрилса, бу – салкам 40 минг чақирим – километр масофа. Соҳибқирон ана шундай бепоён салтанатда қаттиқ интизом, тартиб ўрнатган. Ўғрилик, қароқчилик ва ёлғоннинг пайини қирққан. Темур ҳазратлари қаердаки ўғрилик, қароқчилик бўлса, масъулиятини ўша ернинг ҳокимига юклайди. Ҳоким арконлари билан ё ўша қонунбузарни топади, ёки йўқолган молни ўн баравар қилиб ўзининг ёнидан тўлайди. Соҳибқироннинг фармони шундай бўлган.
Жаҳонгирнинг хазинаси қаерда?
– Гап яна мол-дунёга бориб тақалган экан, кўпчилик тилида юрган бир саволни сўрасам: Амир Темурнинг хазинаси ҳақидаги миш-мишлар ҳақида нима дея оласиз? Уни ҳозиргача излаётганлар бор экан.
– Назаримда, уларнинг уринишлари беҳуда. Шундай гап борки, жаҳонгирнинг ўғли Шоҳруҳ отаси қазо қилгач, хазинага киради ва уни бўм-бўш кўради. Аммо қуруқ чиқмайди. Битта танга топиб олади. Қараса, унга отасининг муҳри туширилган. Қувониб кетади: «Оллоҳга шукр, отамнинг меросини топдим!» – дейди.
Бу ривоят ҳақиқатдан унчалик йироқ эмас…
– Унда, Амир Темур ҳазратларининг шунча мол-мулки, дунёси қаёққа кетган?
– Жавоби аён: ҳазрат топган мол-дунёсини эл-улуси манфаати ва маърифати йўлида сарфлаган. Шаҳар қурган. Юрт ободончилигини юқори кўгарган.
Соҳибқирондан бошқа мерос – улкан хазина – уйғонган, ўзлигини таниган, қаддини ростлаган эрксевар халқ, озод ва обод Ватан, Шоҳруҳ, Улуғбек, Алишер Навоий, Бобур, Комрон Мирзо каби оқил ўғлонлари қолди. Уларнинг ҳар бири бутун бир даврнинг фарзандлари бўла олди. Ҳозир ҳам бутун дунё уларни Амир Темурнинг авлоди, деб ихлос билан эсга олади.
Энг муҳими, Соҳибқирон бобомиздан марказлашган улкан давлат, ҳаётбахш таъсири минг йилларга татигулик буюк маънавий ва маданий мерос қолди. Бу меросдан, мана, неча асрлар ўтганига қарамай, нафақат сизу биз, бутун дунё аҳли баҳраманд бўлиб келмоқда…
Айтинг, Қулман ука, бу дунёда ўтган яна қайси пошшодан, қайси жаҳонгирдан шундай хазина қолган?!.
– Бу гапларингизни эшитиб, уммоннинг соҳилида сувга зор бўлиб яшаган эканмиз-да, деб ўйланиб қоласан, киши.
– Ҳа. Бу – мустабид тузум даврида яшаб ўтган аждодларимизнинг буюк армони. У тузум биздан буюк ва мангу хазинамиз – Амир Темур ҳазратларидек улуғ боболаримизни, буюк тарихимизни яшириб келган. Аввал чоризм, сўнгра шўро мафкураси бизни қўрқув ва ғафлатда сақлади. Чунки авом халқни, оломонни бошқариш осон-да…
– Ўзингиз ҳам бир замонлар: «Қачон халқ бўласан, эй сен оломон!» деб ҳайқирган эдингиз. Миллатни қачон халқ бўлди дейиш мумкин?
– Ўша замонлардаги ноаҳиллигимизни, бефарқлигимизни кўриб, эзилиб яшаш менга алам қилган ва шундай изтиробли сатрлар туғилган. Миллат халқ бўлиши учун, аввало, унинг боши бирикиши, қолаверса, ўз Ватанини, эркини, Амир Темурдек улуғларини, бозорию мозорини таниши, ҳимоя қила билиши керак. Оллоҳ мустақиллигимиз шарофати билан бизга шундай имкон берди. Бундай хайрли ишларнинг бошида Юртбошимизнинг тургани янада қувончли.
Айни пайтда кечаги кунни – шўро замонида мустамлакачилар эртаю кеч қулоғимизга қуйган гапларини ҳам унутмайлик: сен, ўзбеклар шу даражада нодон ва жоҳил эдинглар, сенларни биз одам қилдик.
Бу сиёсат биргина Темур ҳазратларини қоралаш билан тўхтамаган. Ҳазратнинг севимли набираси, илмини жаҳон тан олган, асарларини ўқиб-ўрганган Улуғбекдек мунажжимни коммунистик мафкура эътироф этмади. Совет даврида чоп этилган астрономияга оид китобларни варақлаб чиқинг. Улуғбек хақида бирор маълумот тополмайсиз. Ҳолбуки, голландиялик бир машҳур рассом юлдузлар маликасининг расмини чизиб, унинг атрофига жаҳон тан олган буюк астрономларнинг суратини муҳрлаган. Коперник, Галлилейларнинг сафида, маликанинг ўнг томонида, Улуғбек бобомизнинг сиймоси туширилган.
Халқимизни хурофотда сақлаш режали равишда амалга оширилган: боболаримизнинг кимлигини яширишган, мозорларимизни вайрон қилишган, масжидларимизни бузишган. «Сенинг асли ўзи аждодларинг нодон бўлган. Шунинг учун индамайгина кетмонингни чопавер, пахтангни экавер, планингни бажаравер. Ҳарбийга борсанг ҳам, қурилиш батальонига тушасан. Лой қорийсан. Бошқа иш қўлингдан келмайди…»
«Дейман, бу кун у маним, маним…»
– Олтмишинчи йилларда яратилган «Ўзбекистон» шеърингизда Амир Темур ҳақида тўхталиб, «Демам, бу кун у маним, маним, Ўзбекистон – Ватаним маним», деган сатрлар битган эдингиз…
– Дарвоқе, шундай бўлган. Ватанимга аталган ўша қасидани «Совет Ўзбекистони» газетасига олиб бордим. Шеър муҳаррирга жуда маъқул бўлди, у киши ҳатто мени бу муваффақият билан табриклади. Аммо шарт қўйдики, Россия ҳакида ҳам ўн сатр гап қўшасиз. Биз Россиясиз яшай олмаймиз, биласиз… Мен айтдим: Россия ҳақида устоз Ҳамид Олимжондан ўтказиб бирор гап айтишим қийин… Хуллас, газетада қасидамни чиқаролмадим. У, орадан анча вақт ўтгач, раҳматли Зулфия опанинг катта саъй-ҳаракатлари билан «Саодат» журналида чоп этилди. Шунда ҳам «жиндай» таҳрир билан – «дейман» сўзи «демам» деб ўзгартирилди.
Айни пайтда, бизга Амир Темур ҳазратларини бобомиз бўлади, деб фахрланиш ҳам тақиқланган мустабидлик йилларида бутун дунё ул зотнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганишдан, ўрганиб ҳайратга тушишдан тўхтагани йуқ. Бу жараён Соҳибқирон таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан янада жонланди. Ул зотнинг юбилейи ЮНЕСКОдек мўътабар ташкилот шаъфелигида Парижда кенг нишонланди. Францияда Темур ва темурийлар даврига бағишланган бундай халқаро тадбирларда Президентимиз Ислом Каримов, Франция Президенти Жак Ширак, ЮНЕСКОнинг Бош директори Федиреко Майор ва бошқа кўплаб давлат ҳамда жамоат арбобларининг иштирок этиши тантаналарга янада улуғворлик бағишлади.
Бобомизга бағишланган бундай тадбирлар Америка Қўшма Штатлари, Германия, Буюк Британия, Туркия, Эрон, Покистон, Украина, Россия каби бошқа мамлакатларда ҳам бўлиб ўтди ва ўтмоқда.
– Жаҳон халқлари томонидан бобомизга кўрсатилаётган бундай иззат-ҳурматнинг сабаби нимада, деб ўйлайсиз?
– Боя айтганимдек, жаҳонгир бобомиз қадами етган жойни обод қилган – янги-янги шаҳарлар, илму маърифат масканлари бунёд этган, адолат ўрнаттан. Бобомизнинг мана шундай улкан тарихий хизматлари боис Европа кейинчалик улкан тараққиётга эришди. Ул зотни ўзининг халоскори, деб тан олди. Ҳатто, инсоният тарихида бўлмаган воқеа – ул музаффар жаҳонгирга олтиндан ҳайкал қўйиб, тагига «Европанинг халоскорига» деган битик ўйди.
Бундан ташқари, жаҳоннинг турли мамлакатларида бобомизга бағишланган минглаб бадиий, ҳужжатли, илмий, мусиқий, тасвирий санъат асарлари яратилди. Ўйлайманки, Амир Темур ҳазратлари ҳали узоқ йиллaр дунё ижодкорларига илҳом бераверади. Францияда Амир Темур ва темурийлар даври тарихини ўрганиш ва тарғиб этиш билан шуғулланувчи уюшма фаолият кўрсатиб келмоқда. «Темурийлар» номи билан махсус альманах чоп этилади…
Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Буларнинг барчаси жаҳон халқларининг, наинки Амир Темур бобомизга, айни чоғда халқимизга, она Ватанимиз – Ўзбекистонга бўлган ҳурмат-эътибори, деб биламан…
Шундай инсонлар бўладики, улар ҳали ҳаётлигидаёқ миллий доирадан чиқиб, бутун инсониятнинг ёрқин сиймоларидан бирига айланадилар. Амир Темур ҳазратлари инсоният тарихидаги ана шундай буюк зотлардандир. Бу менинг гапим эмас, машҳур француз олими Жан Поль Рунинг эътирофи.
Минг афсуслар бўлсинки, мустабид тузум шароитида жаҳонда кечган буюк бобомизга дахлдор бундай хайрли ишлардан бехабар, узилиб қолган эдик.
Шу ўринда мен бир ҳақиқатни айтай. Ёшим олтмишни қоралаб қолди. Бу дунёнинг пасту баландини, яхши-ёмонини кўрдим. Амир Темур ҳазратларидек улуғ зотни яна тарих саҳнасига, халқимизга қайтариш учун у кишининг ўзидек жасур одам керак эди. Ва шундай зотни худо берди бизга. Худойимга беадад шукрлар бўлсинки, Президентимиз Ислом Каримов бобомиз Амир Темурнинг юзига узоқ йиллардан буён тортиб қўйилган машъум қора пардани шартта олиб ташлади. Бобомиз пойтахтимизга от миниб кириб келдилар. Назаримда, бугун у киши мустақиллигимиздан бошлари осмонга етиб, бизни руҳан қўллаб турибди. Қилаётган ишларимизни кузатиб турибди. Юртимизда ул зот орзу қилгандек тинчлик-тотувлик, осойишталик, тартиб-интизом, барқарорлик ўрнаталганидан қувониб турибди.
Буларнинг барчаси Ватанимизнинг мустақиллиги, Юртбошимизнинг доно сиёсати туфайли эканлигини ҳеч қачон унутмайлик. Зеро, шу кеча-кундузда юртимизда амалга оширилаётган хайрли ишлар – қадриятларимизнинг тиклана бошлаши, боболаримиз васият қилгандек, буюк давлат қуришга киришганимиз, фақат бугуннинг ёки эртанинг гапи эмас, улар юз йилларга, минг йилларга татигуликдир. Чунки энди ҳеч ким биздан мустақиллигимизни, Амир Темур бобомизни, бой тарихимизу порлоқ келажагамизни тортиб ололмайди. Бунга энди халқимиз ҳеч қачон йўл қўймайди. Чунки биз Соҳибқироннинг («Соҳибқирон» енгилмас дегани!) авлодларимиз. Бобомиз эса ҳеч қачон, ҳеч кимдан енгилмаган.
«Амир Темур даврини бошқатдан ўрганишимиз лозим, – дейди Президентимиз. – Нега деганда Амир Темур тузукларини ўқисам, худди бугунги замоннинг катта-катта муаммоларига жавоб топгандек бўламан». Юртбошимизнинг шундай деб тургани – бизнинг бахтимиз. Худо бизни тарқоқлиқдан, «сену мен»га боришдан асрасин. Ахир Помиру Кавказ тоғларида бўлаётган жанжалларни кўриб-билиб турибмиз. Улардан ҳам ўз вақтида элининг бошини қовуштара оладиган доно раҳбар чиққанида, балки бундай фожиалар юз бермас эдими…
– Инсоф билан тан олиб айтганда, ўзимиз ҳам шундай жарнинг ёқасига бориб қолганимизни ўша вақтда билмаган эканмиз.
– Ҳа, баъзи бир махмаданалар чиқиб, раҳбар бўлсам, Ўзбекистонни ундоқ қилодурман, мундоқ қилодурман деб кўпнинг бошини қотирган кезлар ҳам бўлди. Аслида ўзига қўйиб берсангиз, эскича айтганда, колхознинг битта бригадасини ҳам эплаши қийин эди. Шукрки, Юртбошимиз ўз вақтида бу хавфнинг олдини олди.
Амир Темур ўз Ватанининг шон-шавкатини дунёга танитганидан сўнг, орадан неча юз йиллар ўтди ва бу воқеа яна такрорланмокда: шукрки, юртимиз озод бўлди, жаҳон ҳамжамиятидан ўзининг муносиб ўрнини олди. Ён-атрофимиздаги айрим давлатларда бўлаётган турфа хил можароларни кўриб, кишининг эти жунжикиб кетади… Аввало, бизда яхши муҳит яратилган. Бу, албатга, элнинг йўлбошчисига, йўлбошчи қандай йўриғ тутганига боғлиқ. Президентимиз Амир Темур бобомизнинг йўлини – адолат, тинчлик ва осойишталик йўлини тутди. «Биздан озод ва обод Ватан қолсин», дейди Юртбошимиз. Айни пайтда Ўзбекистонимизни жаҳоннинг энг буюк давлатлари сафида кўрмоқ орзусида интилади. Булар Амир Темур тутган йўл, улуғлаган ғоялар эмасми?
Юртбошимиз айтганларидек, ҳар қандай чинорнинг кўрки-қуввати унинг илдизларига боғлиқ. Шу нуқтаи назардан қараганда, юртимиз ер юзида кеча пайдо бўлган давлат эмас. Бизнинг илдизларимиз мустаҳкам. Ана шундай бақувват илдизларимиздан бири – Амир Темур бобомиздир.
ЎзА.
(«Халқ сўзи» газетаси, 1996 йил 17 октябрь)