Куни кеча Республика Вазирлар Маҳкамаси “Чимён-Чорвоқ минтақаси табиий бойликларини сақлаш ҳамда ҳудудни ўзлаштиришга комплекс ва изчиллик билан ёндашишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди. Бу ҳужжат кенг жамоатчилик, айниқса табиат ихлосмандлари томонидан қизғин маъқуллаб кутиб олинди. Минтақанинг махсус муҳофаза қилинадиган табиий ҳудуд сирасига киритилиши айни муддао бўлди.
Ҳаётимизнинг, тирикчилигимизнинг энг асосий таянч нуқталаридан бири ариқлару анҳорларда, дарёлару кўлларда жон сақлаб юрган балиқлардир. Лекин, минг афсуслар бўлсинки, бу жониворларга тажовузкорлигимиз кучайса кучаймоқдаки, сира камаймаяпти. Оқибатда бу соҳа тобора танг аҳволга тушиб, таназзулга юз тутмоқда. Ҳа, сув ҳавзаларимиздаги турли-туман балиқлар захиралари кескин камайиб бормоқда. Бунга эса, биз, ўзимизни тия олмаётган одамлар сабабчимиз!..
Болалигимизда Бўстонлиқдаги тоғдан оқиб тушувчи ариқлардан балиқ овлардик. Тоғлар чўққиларидан бошланиб, охири Чирчиқ дарёсига қўшилувчи ариқлар лиқ тўла балиқ бўларди…
Кейинчалик, яъни ўттиз йиллар чамаси муқаддам, ҳаммамиз бирданига “тараққийлаша” бошладик. Дастлаб балиқ овлаш учун турли-туман қармоқлар пайдо бўлди. Кўп ўтмасдан ҳар хил тўрларни ишлатиш бошланди. Бора-бора нафси ҳакалак отган баъзи балиқ кушандалари ваҳшийликка бутунлай юз бурдилар. Улар ҳар хил кимёвий моддаларни қўллаб, балиқларни аёвсиз қирғин қила бошлашди. Шундай қилиб, йигирма-ўттиз йиллар аввал бизнинг Оқтош ҳудудимиздаги уч-тўртта ариқлар шу хилдаги кимсалар дастидан тамоман ўлик сув ўзанларига айланиб бўлган, бу сувларда яшовчи хонбалиқлардан ном-нишон ҳам қолмаган эди.
Энди нима қилиш керак? Бу ўзанларда яна балиқлар пайдо қилиш ё кўпайтириш мақсадида махсус идишларда хонбалиқларни олиб чиқиб, ҳавзаларга қўйиб юбордик. Шу сабаблими ёки сув тошган кезларида Чирчиқ дарёсидан ўрлаб чиқишадимикин, ишқилиб, ариқларимизда яна балиқлар кўпайиб қолди. Биз балиқларни қайта тиклаш ва кўпайтиришга бел боғлаган кўнгиллилар ниҳоятда шод эдик. Навбатма-навбат ўзанларни назорат қилиб турардик. Балиқ кушандаларини неча бор йўлини тўсишга ҳам улгурганмиз.
Аммо, ёмон ниятли ғаламис кимсалар бари бир фурсат топар экан. Биз ғафлатда қолган кунларнинг бирида хлордан ҳам ўн чандон кучли кимёвий суюқ моддани ариқ бошидаги шаршарадан оқизибдилар. Бунинг оқибатида нафақат балиқлар, сой сувидаги жамики мавжудотлар қирилиб битди. Ойлар давомида биз сув ичадиган ариқлардан заҳарли модданинг бадбўй хиди анқиб турди. Даҳшатли шу воқеадан сўнг ўн беш-йигирма йиллар ўтиб кетса ҳам, ариқларимизда балиқ пайдо бўла олгани йўқ…
Тоғ қишлоқлари аҳолисини азал-азалдан мазали хонбалиқ билан таъминлаб келган бундай ариқлар фожиаси юртимизнинг бошқа жойларида содир бўлмаётганига ким кафолат бера олади? Мен Ўзбекистонимизнинг жуда кўп жойларида бўлиб, одамлар билан суҳбатлашганман, айнан биздагига ўхшаш хунук ҳолларнинг гувоҳи бўлганман, балиқ овлашда шу пайтгача ҳеч ким эшитмаган яна баъзи усулларни қўллаётганларини ҳам кўрганман. Масалан, электр токи орқали балиқларга қирон солиш усули заҳарли кимёвий модда оқизишдан сира қолишмайди. Ток тарқатилган сув ҳавзасида ҳам биронта мавжудот соғ қолиши мумкин эмас. Эҳтиётсизлик қилса, кушандаларнинг ўзи ҳам нобуд бўлиши ҳеч гап эмас…
Оби-ҳаёт оламига мудом фалокат келтирувчи офатларнинг яна бошқа турлари ҳам бор. Яъни, катта-кичик ҳар хил корхоналар ифлос ва заҳарли чиқиндиларни оқар сувларга оқизиши оқибатида жуда катта йўқотишлар содир бўлаётир.
Бечора балиқлар лоақал қиш мавсумида ҳам тинчгина яшамайдиган бўлиб қолди. Бу мавсумда ҳам қармоқ, электр токи, заҳарли кимёвий моддаларни оқизиш усулларидан ташқари, ғаламисларнинг кўз кўриб, қулоқ эшитмаган яна бир “ҳунари” ишга тушади. Энг паст ҳароратли бу мавсумда, айниқса, йирик-йирик хонбалиқлар ва шоҳбалиқлар исиниб олиш ва хўрак топиш илинжида турли томонлардан оқиб тушиб, дарёга қўшилувчи булоқларнинг илиққина ўзанлари атрофида тўпланишади. Буни биладиган “балиқхўрлар” қўшотар милтиқдан кетма-кет ўқ сочиб, бир йўла ўнлаб балиқларни ҳалок қиладилар. Одамлар томонидан кўра-била туриб содир этилаётган хунук, ҳатто даҳшатли бундай ёвузликлар лоақал бундан буён тўхтатилмаса, оқибати яхшилик билан тугамаслиги аниқ.. Ҳаммамиздаги энг асосий иллат шуки, барчамиз, ҳатто мазкур соҳанинг “нонини” еб тирикчилик ўтказаётган муҳофазачилар ҳам ўзларини ўта лоқайд ва бепарво тутадилар. “Ёмон кўринишнинг, душман орттиришнинг менга нима кераги бор?!”, деган иллат кўпчилигимизнинг қон-қонимизга сингиб кетган.
Табиий бойликларга, чунончи балиқларга офат солиш, қирон келтиришнинг турлари шунчалар кўп экан, тажовузкорлар йўлини тўсиш воситалари-чи?! Бунинг учун, биринчи навбатда, жойларда катта-кичик раҳбарлар, айниқса, фуқаролар йиғини раислари, маҳалла қўмиталари фаоллари бу масалада, ўз тасарруфларидаги аҳолини тўғри йўлга бошлашлари, юртимиздаги табиий бойликлар, жумладан мавжуд сувлардаги балиқлар ҳам шу ерлик одамларга тегишли, юрт бойлиги эканлигини уларнинг ўзларига яхшилаб тушунтирмоқлари керак. Сувларимиз балиқларга қанчалик тўла бўлса, табиатимиз шунчалик ранг-баранг тус олади.
Демак, бундай бойликни қўриқлаш учун доимий равишда кураш бориши керак. Табиат назоратчилари эса, ўз вазифаларини виждонан адо этишлари, кўриб туриб “кўрмай” ўтиб кетиш, қўл қовуштириб ўтириш каби иллатларга чек қўйишлари, узоқ-яқин масканларга назорат учун тез-тез чиқиб туришлари, қонунбузарликларни қаттиқ жазолашлари, халқнинг ҳамма қатламлари орасида доимий тарғибот ишларини олиб боришлари зарур.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг “Чимён-Чорвоқ зонаси табиий бойликларини сақлаш ҳамда ҳудудни ўзлаштиришга комплекс ва изчиллик билан ёндошишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори шунинг учун ҳам катта аҳамиятга эгадир. Унда белгиланган кенг қамровли вазифаларнинг амалга оширилиши минтақанинг ривожланишига, ноёб ва камёб табиий бойликларнинг сақлаб, кўпайтирилишига хизмат қилиши шубҳасиздир.
“Тошкент ҳақиқати” газетаси,
2000 йил 15 март сони.