Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий. Мактаби Дор ул-айтом (1914)

Дунёда ҳар бир нарсанинг танилмоғи исми иландур. Бинои олия дунёдаги ҳар бир бор ва бор бўлуб турувчи нимарсаларнинг ҳар бири, илмий ўлсун, чунончи, китоблар, газета, журналлар ёхуд фанний ўлсун, ашёлар, ҳунарлар ўзларига махсус бир унвон илагина мустаммидурлар[1].

Биз келдик масжид, ё мадраса, ё мактабхоналар масаласина. Мана, Мисрда «Жомеъ ул-азҳор», Истамбулда «Султон Аҳмад», Шомда «Жомеи Умавия» ёхуд мактаблар — Қозонда «Муҳаммадия», Оренбургда «Ҳусайния» ва ал-ҳосил ҳар бир мамлакатларда бўлғон ҳар бир мадраса, масжид ва мактабхоналарни ўзига махсус бир исмлари вордирки, Ғарбда, Шарқда ўлсун қўлиға газета тутган кишилардан юқоридаги мактаб ва мадрасаларни кўрмағанлари бўлса ҳам эшитмаганлари ва унвонини билмайдурганлари камдир.

Хусусан, Оренбургга борган киши қайси бир тарафдан, қайси бир кишидан «Ҳусайния» мактаби қайда, — деганда, билотаваққуф[2] «фалон жойда» деган жавобини эшитмоқ шубҳасиздир.

Бу нимадан? Бори мактаб ва мадрасаларнинг ўзига махсус бир унвон ила умумга баробар масмуъ[3] бўлганидандир.

Мана, бизим мамлакатларда ҳам мактаб ва мадрасалар йўқ эмас, бор. У мадрасалардек ўлмаса ҳамки, ҳозирги илм-маърифат таҳсилларига торлик қилмаса ҳам, кенглик қилмас. Лекин исм қўймоқ масаласига келганда, «Дарх задам девор кафид»[4] деган мақолидек ёлғиз эшитувчини таажжубга қолдирувдан бўлак аҳамиятлигина бир унвон муқаррар ўлгани камдан-камроқдир. Масалан, мадрасаи «Тўнқатор» ёхуд мадрасаи «Чалпак» ёки мадрасаи «Замбардор», масжидлар эса «Чинорлик мачит», «Анжирлик мачит», «Читгарлик мачит» ҳоказо. Бунга ўхшаш «Тақачилик», «Тароқчилик мачит»» лақаблари унвон топуб, бечора бонийлар[5] ила масжидларнинг хуруфлари[6] ўзгаруб, балки бутун йўқолуб, агарчи кўҳна солликда бир аср одамларига ибодатхона бўлуб ўтганлари бўлса ҳамки, 12 дарвоза ичида туруб, бу масжид-мадрасаларни мухтасаргина бўлсун таржимаи ҳолини билғувчи кишилар мўйсафид одамлардан бўлмаса, бошқаларида камдан-камроқдир. Мана, бошқа мамлакатларни қўяйлик, ўзимизни Ҳўқанддаги мадраса ва масжидларнигина бонийларини ва на сабабдан бу хилда маълумотсиз унвонлар қўйилмоғини ҳанузгача билмаслигимиз қайдан келди? Аввалги ота-боболаримизни илмсиз ва маърифатсизлик ва ҳар сўзни ҳусн ва қабиҳини, аввалу охирини ўйламасликлариндан келди. Шояд, бошқа иллатларини мандан ҳам кўпроқ қориини киром билсалар керак.

Мана, ҳозирги ўзимиз ойнак олуб, аксимизга қараганда, яна ўзбек боболаримизни айбли санамоққа бутун ҳақсиз бўлуб қоламиз. Чунки уч-тўрт йилдан бери усули жадид мактаблари расм ўлуб, кундан-кун ривож топуб кўпаймоқдадур. Гарчи бу мактабларнинг бинолари янгидан солинган бўлмаса ҳам назар эски мактабларга қаралганда ҳифзил сиҳатга[7] мувофиқ бўлмоғи ёки бошқача бир низом ва тартибдалиғининг назокати янги бинодан 100 даража ортиқроқ, десак-да ҳақли бўлурмиз. Баён ҳожат эмас.

Бас, лозим эрдики, ҳар бир мактабни ўзига муносиб тарихи бўлмаса ҳам лаёқатли мухтасаргина бир унвон ила юритулса, назокат устина иккинчи бир назофат ўлур эди.

Ҳолбуки, бир мамлакатдан келган мусофир кўчада ўтуб кетгувчи талабалардан тутуб: «Қайси мактабда ўқийсиз?» деганда, бири: Чорсувни орқасида мисгарликдаги аврод масжидда…[8] домлада ўқийман», иккинчиси: Бекбачча маҳалласида… масжидидаги ҳовузи бор мактабда ўқийман, учинчиси, ёғ бозорига кетоверишда, дўппи бозорига чиқоверишда чап қўлдаги тор кўчадаги ҳовлидаги мактабда ўқийман, деган жавоби ўн саккиз қаричликни эшитуб бутун ҳайронликда қолмоқдан бўлак мазалик жойи йўқдир. У бечоралар қайдан билсун бизни Ҳўқанддаги Карнайчилик, Шимчилик, Эшакчилик каби адабий исмлар ила унвон топган маҳаллаларимизни?!

Бу такрор лозим эдики, ҳар бир мактабларимизга бир унвон қўйсак, токи тарихлар саҳифасида ҳам беш-тўрт газ жойларни бандга солуб ўтлаб ётмаса.

Мана, жаноби қози домла ҳазратлари… санада миллат мунодиллари[9] учун икки қанотли бир мактаб бинога қўйдилар. Тамом топгани сўнғида бу мисра ила унвон қўйилди:

Бу мактабхонадур ибтидоий,

Камол ал дини миллат раҳнамоий.

Агарчи мисра ўлмоқ сабабли оғир кўринса ҳам адабий ва тарихий ўлганлиқдан таворих ва адабиёт сафҳаларинда қолурлик даражада назокатлидур. Оғизда қисқача юритилганда «Мактаби Камолий» дебгина қўярға кўп қулай ва ҳар ким тушунарликдир.

Бунга ўхшаш Хонақоҳ маҳалласида муҳтарам «Садои Фарғона»нинг ҳозирги мудирлари тарафидан очилган мактаб эса «Муҳаммадия» унвони билан ҳозирда ҳамма катта-кичикларга маълум ва машҳурдур. Яна Сўфи Бадал эшон хонақоҳларидаги мактаб эса муаллим ҳазратлари тарафидан «Мактаби Ваҳобия» исми ила шуҳрат топмакдадур. Ҳоказо, бошқа мактабларда бу ҳам ўзларига бир унвон илагина юритилса, албатта, сойил[10] ила масъул орасида у қадар ҳайрат ва қабзиятликлар лозим келмас эди.

Мана, бизда буларга қиёсан Бекбачча маҳалласидаги мактабимизни «Дор ул-айтом» унвони била юрутмакни ижтиҳод этамиз. Демак, «Дор ул-айтом» ўлмоғига  бир оз сабаб ёзуб ўтмоқда лозим келди.

Мана, ҳозирда бизим Ҳўқандда усули савтия[11] мактаблари тўрт-беш ададға етуб ва имтиҳонларни таъсироти йилдан-йил тараққий қилмоқда бўлса ҳамки, муаллимларнинг дохилий манфаати, яъни болалардан келуб турған вазифалари таъмин-маишатлариға етарлик бўлса-да, ортуб қолурлик даражада бўлмаганига баъзи етим, фақир ва бечора болаларни мажжоноан (ақчасиз) ўқутмоқға чорасиз қолурлар. Йўқ эмас, баъзиларинда беш-ўн дона бор, лекин ондан зиёдасин ўқутуб, тарбия қилмоқға хорижий бойлардан ва бошқалардан иона[12] ва ёрдам деган сўзлар йўқ учун яна чорасизроқ қолурлар эди.

Мана бул сабабдан ойлик вазифа тўлаб ўқувдан ожиз қолган фақир ва бечора болалар кўча-кўчаларда ҳайрон ва саргардон бўлуб, ниҳол умрларин сафоҳатға[13] барбод беруб, каттароқлари самоворчига чилимбардор[14], бедонабардор, хунукроқлари избошчи, қоровул, бир оз силлиғроқлари ўзларини тузотуб бесоқол ва жавонлик[15] каби энг биринчи даражадаги ҳаётнинг ҳавоти иффат ва номусдин ва диёнат каби исломиятнинг аввалги синфиндаги заруриятлардан бутун хабарсиз охири зил ва разолатга гирифтор бўладурғон амал фасодларға ўралибгина кетмоқдадурлар. Кичик сағиралари эса ёнғоқ, фат-фарак, даста чикалдак[16] каби ажални комидаги лаъблар[17] ила умрни ўткаруб катта бўлғоч, яна юқоридагиларни сафлариға қўшилмоқ бирла машғулликда эканликлари ҳар бир зий басорат аданда[18] такрор тажрибага етмакдадур.

Мана бу хил авлоди исломни кундан-кун бу хил қабойиҳларға гирифтор бўлуб кетуб турганидин мамлакатларимизда кундан-кун фаҳш, зино, ҳамр, қимор каби исломиятнинг қотили бўлғон амаллар тобора кўпаймакдадур.

Бас, буларни бу амаллардан сақламоқ ва ул фасодлардан соф қутулмоқ учун энг аввалғи чора ўшал болаларни бир илож қилуб, оқчасиз бўлса ҳам бир мактабни мажжоноан (пулсиз) қилиб қўюб бўлса ҳамки, тарбия ва ўқувға бошини банд қилмоқ эди. Бас, бизларда жамияти хайрия йўқки, болаларни аларни тарафидан тарбия қилинса. Ноилож бу сана, бу мактабни ўқутадурған муаллимни вазифасини беш-ўн нафар ёшларимиз ҳар тарафдан иона тариқида йиғуб бермоқни ўз гарданлариға олуб, бори етим, фақир, ойлик вазифа бермоқға ожиз қолган болаларни тарбия қилмоқға бир қарор қилдилар. Демак, бу «Дор ул-айтом»да Ҳўқанднинг ҳар тарафидан ўлсун фақир болаларни, шубҳасиз, қабул қилинадур. Фақат дафтар, қаламдан бошқа китобларғача ҳатто мактабдан бериладур.

Юқоридаги иона қилувчи афандиларимизға қиёсан фақир ва етим болаларға раҳм ва шафқатлари бори худо ва расулдан ва миллатнинг ризолиғи бирлан дунё ва охират саодатлариға ҳаваскордан қариндошларимизға бу тўғрида нақадар иона ва мурувват кўргузмоқларни рижо ва ниёз этамиз. Ҳамда ҳар ойда жинни, фосиқ, мунофиқ, коски, муфлиси беномоз лўли, жўги гадойларға бир тийинлаб, икки тийинлаб, 40—50 тийинни беҳудаға бергунча бир ойдоғи эҳсонларини жамлаб, хоҳ оз, хоҳ кўп бу етим болаларин мактаб мудирига берсалар, нақадар болаларни илму маърифатға етишмоқиға энг биринчи шафқатлу ота-оналаридан бўлур эдилар. Дунё ва охиратда руҳлари дарёйи раҳматда ғаввос ўлурлар эди, деб сўзумни тамом қилурман. Лекин мактабда ўқув бошланмасдан аввал иона қилмоқни ўзиға фарз даражалардан билган диёнатлик баъзи аҳбобларимиз ҳар ойнинг охирида юборадурғон ақчаларини ёздуруб қолдурғанлариға манда аларға чин қалбим ила ташаккуримни газета орқали эълон қилуб, ваъдаларинида ёзуб ўтувни муносиб кўраман. Токи шояд ҳар бир газетани қўлиға олған ислом қардошларимиз исломиятлари уйғониб, иона ҳаваси ва фақирларнинг тарбия орзуси кўнгилларига тушса, хусусан боён ва аҳли давлатларимизни.

Мактаби «Дор ул-айтом» учун ҳар ойда иона берувчиларнинг ионалари ва исмлари: биринчи, Ҳожи Абдулвоҳид домла Ҳомид маҳрум ўғлилари — эллик тийин.

Иккинчи. Мулла Абдулазиз Абдураҳмбой ўғлилари — ўттиз тийин.

Учинчи. Мулла Тўражон Аҳрорхон ўғли — эллик тийин.

Тўртинчи. Мирзоҳид Мироқилов — эллик тийин.

Бешинчи. Мулла Абдулла қори Ҳакимов — эллик тийин.

Олтинчи. Мулла Мирсалим қори — эллик тийин.

Еттинчи. Мирусмон Муҳаммад Собирий.

Саккизинчи. Мулла Маҳмуджон Мирбарот қори ўғли — қирқ тийин.

Тўққизинчи. Мулла Аҳмад Охун ҳожи Муҳаммадбоев — эллик тийин.

Ўнинчи. Мулла Абдураззоқ Миршариф ўғли — қирқ тийин.

Ўн биринчи. Бўронбой Миртожибоев — қирқ тийин.

Яна ионага қўшулганлари газета орқали эълон қилинса керак.

«Садои Фарғона» газетаси, 1914 йил, 17 сентябрь

 

Эътизор

60-нумера «Садои Фарғона»да «Мактаби «Дор ул-айтом» унвони билан бир мақола ёзилган эди. Шояд ўқувчиларимизнинг диққатларин жалб қилган бўлса керак. Демак, мактаби «Дор ул-айтом» Шайхулислом гузарида муҳтарам жаноби Мулла Алихон ҳожининг ўз эшик олдидаги саройларида бўлуб, 6 октябрь (27-зулқаъда) шанба кунидан эътиборан ўқув бошланди. Агар-чи замон бизни бундоғ канорага мажбур қилган бўлса ҳам тўрт-беш қадамни оғир қўрмай йўқлаб келган ҳар бир талабаларимизни камоли шафқат ва муҳаббат ила қарши олуб, унутмаслик даражада хизматлар ила, иншоолло, мамнун ва сарафроз қилмоқға амин ва умидвордурмиз.

Ушбу мактабга Ҳўқанднинг ҳар бир тарафиндан келган фақир ва етим талабаларни ойликсиз қабул қилинуб, ҳатто баъзи ҳолсизларига китоб, қалам, дафтар ҳам мактаб тарафиндан берилур. Умид қилурмизки, ушбу числа октябрдан мактабга кела бошласалар. Ва ҳам тубандаги мактаби «Дор ул-айтом»га ҳадя қилган зотларни ёзуб хулус қалбимиз ила ташаккуримиза адо этамиз.

Биринчи. Мактаби «Ваҳобия» муаллимлари муҳтарам мулла Абдулваҳоб Ал-Ибодий ҳазратлари ўз асарлари – «Таҳсили алифбо» рисоласиндан мактабга кетарлик миқдорича ҳадя қилдилар.

Иккинчи. Мулла Мирсалим қори Ҳакимов жаноблари «Эьтиқодот» рисоласиндан ўттиз дона ҳадя қилди.

Учинчи. Муаллим мулла Тошпўлат ҳазратлари 1 дона доска, 1 дона парта ҳадя қилдилар.

Тўртинчи. Назиржон Музаффарзода — эллик тийин.

Бешинчи. Ҳабибқули Набиқулиев — қирқ беш тийин.

Олтинчи. Мулла Нуъмонжон Абдуқодирбоев — эллик тийин.

Еттинчи. Мирзахон ҳожи Хонбобоев — эллик тийин.

Саккизинчи. Мулла Омонжон Абдулжалилов — қирқ тийин.

Тўққизинчи. Мулла Аҳмаджон Муҳаммадшарифбоев — эллик тийин.

Ўнинчи. Мулла Абдураҳмон Муҳаммадқулибоев — эллик тийин.

Ўн биринчи. Мирзажон Камолбоев — эллик тийин.

Ўн иккинчи. Мулла Носқржон ҳожи Муҳаммадзияев — эллик тийин.

Ўн учинчи. Самежон Муҳаммадзияев — эллик тийин.

Ўн тўртинчи. Абдуллажон Муҳаммаджон аттор ўғли — эллик тийин.

Яна ҳадя қилувчи зотларни «Мансурия» китобхонасига марҳамат этмоқларин ўтинамиз.

Мундан бошқа ҳам Ҳўқанд ёшларидан умидимиз зўрдир.

«Садои Фарғона» газетаси, 1914 йил, 72-сони

[1] Мустамми (мустамид) — кўмак истовчи.
[2] Билотаваққуф — тўхтамаслик.
[3] Масмуъ — эшитмоқ.
[4] Дарх задам девор кафид — эшикнн тепсам, девор ёрилди.
[5] Боний — бино қилувчи.
[6] Ҳуруф — ҳарфлар.
[7] Ҳифзил сиҳат — соғлиқни сақлаш.
[8] Аврод масжид — масжид вазифалари, дуолари.
[9] Мунодил (мунодий) — миллатни ҳимоя қилувчилар.
[10] Сойил — савол қилувчи, тиланчи.
[11] Усули савтия — овоз чиқариб ўқиш ва ўқитишга асослаган усул.
[12] Иона — кўмак.
[13] Сафоҳат — ақлсизлик, нодонлик.
[14] Чилимбардор — чилим тутувчи.
[15] Жавонлик — йигитлик.
[16] Фатфарак, чикалдак — болалар ўйинлари.
[17] Лаъблар— ўйинлар.
[18] Зий басорат аданда — ақл эгалари кўз олдида.