Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий. Муаллим афандиларимиза улуғ рижомиз (1914)

Мутаваттин[1] бизим мусулмонларнинг энг тубан даражалардаги сафоҳат[2] ва разолат, фақир ва асоратларга гирифторликда қолуб, баъзилари ўз қўлларидаги касб ва ҳунарларидан-да маҳруб ўлуб, жинни ва гадолик каби инсоният ва исломиятга харофат еткурадургон аъмоли[3] замоим[4] ва қабойиҳлара асир бўлуб кетмоқларига энг биринчи модда миллатларин фикриға олингандан «Ман ташбиҳа қувмаи фаҳу манҳа» ҳадиси шарифи ила наҳий мункар қилуб, «Ал илму лугон бўлсин» ҳадиси шарифининг амри маъруфни қизғониб, энг ичида қолдурган насиҳ[5] улуғ зотлар тарафиндан мажбур бўлган жоҳил авом, ота-оналар: «Қўй, ўрусча ўқима! Икки дунёда ҳам рози эмасман!» — товушлари била силтаб, қичқуруб, қирқ, балки эллик йилдан бери ватандошимиз ва ҳукуматимиз ўлган Русия ила лисонда ва муомалада, хусусан тижоратда танишув-билишув, бирлашув йўлларига тўсқун бўлуб қилган қаршиликлариндангина иборат бўлуб чиқадур. Ҳолбуки, ҳаммамизнинг тижоратда ва муомалада ҳатто албиса ва атъималарда-да эҳтиёжимизни кундан-кунга ортуб турмоқлиғи кўз олдинда қуёш каби кўринмакдадур.

Мана бизим мусулмонлар бу ёнда қолуб, кечагина келган ажнабий, яҳудий ва арманийларнинг-да бу қадар давлат ва тараққийларга етишуб кета қолгонлари-да зўр далил бўлса керак. Демак, биз қарайлик арманийлар ҳолина: кечагина оёғида эски чоруқ, бошида эски телпак, устида йиртиқ пальто бирла олақарға каби «қағ! вағ!» деб келган арманий бўлса, бу кун аравакашлик, эртага кунжарафурушлик, бир ҳафтадан кейин сўк-совулчилик, бир ойдан кейин баққолчилик, икки-уч йил сўнгида кўрамизки, форма бошқа, тилло соат қўлларида, ўзлари образованний, фалон жойда олти аршин вивиска бир магазинни эгаси бўлубгина қолурлар. Ажабо! Яҳудийлар ва бошқалари-да бундан иборатдир. Мана булар на учун бу қадар тезлик била тараққийга етиша олурлар? Аларнинг бу хил давлатга тездан молик ўлувларига энг асослик сабаб ва фалонларин ахтарур бўлсак-да ватандошлари ўлган Русиянинг лисонлари ила танишуб, балки мунтазам мактабларида, дорилфунунларида таҳсил этуб тижорат ва муомалат усулларининг мукаммал топмоқлариндан. Хусусан Туркистон крайларига келганлари аввал бир йил, икки йил бизим мусулмонлар орасина кируб, риёзат ва меҳнат ила бизим мусулмоннинг ўзлари ва лисонлари ила танушуб, тижоратда бирлашуб қилган ижтиҳод ва ғайратлариндан иборат ўлуб, бойлик ва тараққийлари бунинг орқасиндадур. Яна тун-кун ўғул ва қизларини-да ўзлари қаби мактабларда ўқитуб ва тарбия этуб, келажакдаги авлодларининг ҳаёт йўлларин тузмак учун қўлдан келгани қадар моддий ва маънавий ёрдамларин тақсир этмай, ўз бўйинларидан миллий бурчларин адо этмоқдадирлар. Ажабо! Бутун бидъат ва жаҳолатга бўғзигача ботган, ўрусча ўқув ва ўқитувни ўзига улуғ кароҳатлардан[6] санаган бизим диёнатлик мусулмонларимиз у дейдигимиз яҳудий ва арманийларга хизмат қилурга ор ва номуслари келмай, аларга тавозе қилувни на учун кароҳатлардан ҳисоб этмаслар экан?

Яна тиётруларда, циркларда артистлар бизим мусулмонларнинг ҳамёза ва керишувларин бир куни меҳнат, уч кун уйқу, олти кун тамошода ланғиллаб юрувларин танқид ва масхара этуб кўрсатсалар, қўшилуб кулушуб, балки қарсак чолуб, олқишлашубгина қўярлар. Англабми, англамайми, — униси маълум эмасдир. Бу хусусларда мақолалар олам матбуотида такрор-такрор кўрилмоқда бўлса ҳамки, ўқув ва ўқитув ишларида бизим Туркистон мусулмонларида жиддият у қадар умид кутадирган даражаларда эмасдур.

Демак, ҳануз бизнинг Туркистон мусулмонларининг 30 думоғларидан таассуф асари у қадар зойил ўлмагандур. Мана, бизим қайси бир мусулмонға: «Сиз ҳам ўғлингизни ўрусча ўқитувға беринг, бизға онинг керакли тижорат асбобларидан бири дорилфунун тарбия ва таълимларин қўлға олмоқдур. Ҳар бир бойлик ва тараққий илм ва маърифатнинг соясиндадур. Кўрасизми бошқа миллатлардаги халқ илм учун ёшгина ўғул ва қизларин Оврўподан Амриқоға, Осиёдан Оврупоға, демак, тўрт-беш йил мусофур қилуб юборалар. Лоақал сиз кўз олдингизда бўлган туземнический мактабларина беринг!

«Шояд келажакдаги оғирлиқлардан сизнинг тарбиянгиз соясинда саломат қутқорулсун», дегонингда лабларин буруб ажаблар қилувлар била «Сиз менга насиҳат қилғунча ўзингиз боруб, туземний школада ўқувчи болаларнинг аҳволларини кўринг. Аввал оғизларидаги алфози қабиҳаларни[7] айтинг! Аввал кўчада қолгон ўйин ва тўполонларини ва ўтгон одамларга қилғон кирдикорларин томошо қилинг. Ёшш ҳеч нимани кўрмаган болаларимизни ахлоқлари бузулуб, оғзиларида попирус, бири оғзингга… деса, бири отангни арвоҳига…, бири онангни… деса, бири ҳамширангни… деган ҳақоратларини кўринг. «Ўшандоғ ўқиб, тараққий қилғунча шундоққина юргон яхши», деган жавобларини эшитуб, бошқа бир сўз айтгали ожиз қолув шубҳасиздур. Мана, ҳолбуки, ҳар жойда ёш болаларнинг шўхлиги оддий бир ишдир. Лекин халқнинг бу асоссиз таассуфларга қаршу агар у талабалар мумкин қадар муаллим ҳазратлари тарафиндан тарбиялар этилуб, покиза ахлоқ ва асослик одоблар илагина тарбия этилуб, халқнинг муҳаббат ва диққатин жалб этув равишларин ва усулларин ўргатилуб, насиҳатлар этгонда эди, юқоридаги мутаассуфларнинг-да топган плонлари бузилуб, йилдан-йилға талабалар минглаб эмас, балки миллионлаб деюрлик кўпаймоқда. Юзларимиз ёруғ, тилларимиз узаюб, келажакдаги талабаларнинг-да ўқувларина оғзи ила моне ўлувчи мутаассуфлардан халос топар эдук.

«Садои Фарғона» газетаси, 1914 йил, 25 октябрь сони

[1] Мутаваттин — бирор ерни ўзига ватан тутувчи; жойлашган.
[2] Сафоҳат — нодонлик, аҳмоқона иш.
[3] Аъмол — амаллар, ишлар.
[4] Замойим — замималар, ёмон ҳоллар.
[5] Насиҳ — насиҳатгўй, ўгит берувчи.
[6] Кароҳат — жароҳат.
[7] Алфози қабиҳа — қабиҳ сўзлар.