Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий. Фақирлик нимадан ҳосил ўлур? (1914)

Жигарнинг қон томчиларин кундан-кун зиёд тараққий эттирмоқда бўлган иллатларнинг энг биринчи моддаси нимадир, деб сўрасангиз, ваҳшат, ғафлат ва жаҳолат деб жавоб олурсиз. Бу уч қиш ойлари ила тан, ақл ва кўзлари музлаб, совуқ урган дарахтлар каби мевасиз қолган ота ва боболаримизнинг мукофотларидан иборат бўлуб чиқди.

Демак, йигирма йил аввал, бостурма тагида, похол устида чакса жўхорини икки ой гўжа оши қилуб аҳлу аёллари ила ичуб, бўздан яктак ва лозим, олачадан тўн киюб, ҳафтада уч кун сайр, тўрт кун наълчилик[1] қилуб, шул тариқа бир ҳунар ила бўлса ҳам тамини маишат[2] мукаммаллануб, ўзларининг дохилий ва хорижий фисқу фасод, шаръу-шурурлариға[3] етушуб, яна беш пул, ўн пул ёнларида қолур экан. Ажабо, нима бўлмишдирки, ул усталарнинг кўплари гадо бўлуб кетгандирлар. Аммо баъзилари оталаридин қолмиш бир оз мулкларини бир тарафидан ўпуруб, қўшуб, амаллаб келмакда ва баъзилари етушдура олмай, бутун бу ҳунарларидан кечуб, бошқа бир йўл ва куйға кируб кетмакдадирлар. Демак, ёлғуз бу касб аҳли эмас, ҳар бир касб аҳли шундоғдир.

Хусусан, 1912 йилдан бошлаб аксар косиблар зарарлануб, мардикорликка кира бошлаганлари учун кучсиз мардикорларни бозор олмай, бу йиллардан алар гадойларга қўшилуб, 1914 йил рамазонда гадойлар бошқаларга қараганда юзга қирқ процент бўлуб кетган, десак ҳам лоф бўлмайдир.

Мана бу разолат, хайрчилик ва хорлик на ердан келди? Наълсиз кафшларнинг[4] кўпайганиданми? Турмуш харажатларининг ортганлиғиданми? Ёхуд оёғимиз тагидаги кафш наълининг ақчасиғача фабриклар қўлиға ўтуб кетганлиғиданми? Оҳ, ҳунарларимиз, қайси тарафға ва кимлар қўлиға асир бўлди?! Пул ва молларимиз қайси тарафға ҳижрат этмакдадир?!

Кеча бир кафшға 20 тийин олуб, наъл қоқуб берган уста бугун дарвозалар тагида: «Рабби ман, ё рабби ман рамазон!» деб қичқирмакдадир.

Бу хўрликларнинг илмсизликдан келганин шояд ўйлаган ва ақлга солуб қараган киши билур.

Мана сиз ила инсонликда баробар бўлуб, илм ўқиган одамларни кўрасизми? Сиздан давлати тараққий этмаган бўлса ҳам, сиз каби хору зор бўлмасдан бир фалон ила маишат ўткаруб келмакдадир.

Мақсудга келайлик: ҳаётнинг энг биринчи душмани ва офати бўлган фақир ва тамага гирифтор бўлмиш мазлум ва бечораларга аввалги аҳволларин сўзлаб ўтган эдук. Кўча-кўчаларда тўп-тўп эркак ва хотун, майда-чуйда етим ва есирлар тўполон, шовқун ва сурон қилуб юрадирлар. Закот берувчининг эшиги тагида оч бўрилардек бир-бирларига интилишуб жанжал, муштлаш. Бирининг боши ва бирининг чаккаси ёрилган, ёш болалари оёқ тагида қолуб дод ва фарёд қиладурлар. Бунинг устига қоринлари оч, ранглари сарғайган, устларидаги бутун тўнлари йиртилган. Бу ғурбат, бу зиллат[5], бу хўрлик, бу асорат ва бу разолат ила эртадан-кечгача оғизлари қурушуб, кўзлари мўлтираб ва мўлдир-мўлдир ёшлар оқузуб, холиқ ва розиқи ҳақиқийлари бўлған жаноби бори таоллонинк буюрган беш вақт саждасидан бўйин тортган мард йигитлар чорак газ[6] чит учун ўзлариға ўхшаган бир худо бандасининг эшигига бориб, бунча таъзимлар қилуб, ташаккурлар айтуб ва меҳнатлар чекуб, дарбадар юришлари, оҳ, қайси бир инсон наслини таҳаййир зулматига чўмдурмас, қайси бир ҳақиқий мусулмоннинг баданиға ўтлар тушурмас ва оламни зиндон қилмас?! Оҳ, қани исломият аҳкоми?.. Кошки, ул закот берувчи зотлар берадирган бир неча вершук[7] читларини миннатсиз ва озорсиз берсалар эди.

Оҳ, аларнинг эртадан-кечгача интизор қилуб ва хизматчиларини буюруб, шовқун солганларини, боши демай, кўзи демай йўғон калтаклар ила уруб, оғизлари, кўзлари, хотун ва қизлари демай, ҳақоратлар қилуб, неча хил дашном ва таъналар ила туртуб-туртуб юборуб қилган муомалаларини кўруб, ҳар бир жони бор инсон синфидаги зот, кофур бўлсун, мусулмон бўлсун, исломнинг ёлғуз исмигина қолғонлиғига ҳукм қила оладур. Демак, бу қаердан келди, надан бўлди, шояд билурсиз. Эй, кошки, бойларимиз бу тариқа азоб, кулфат ва озор ила берадирган закотларини бермасдан, ўзлари еб қўя қолсалар эди. Фақирлик ва зарурат ситами ила аламзада бўлган ул бечораларнинг дилидаги доғ устига қора ёғ қуймасалар эди. Мабодо анинг касофатига мундан ҳам баттар кунларга қолмасам эди?!

«Садои Туркистон» газетаси, 1914 йил, 10 август

[1] Наъл — нағал, тақа.
[2] Таъмини маишат — маиший турмушни таъминлаш.
[3] Дохилий… шаръу шурур — ички… ёмонлик, ғаразгўйлик.
[4] Наълсиз кафш — нағалсиз пойафзал.
[5] Зиллат — гумроҳлик, йўлдан озиш.
[6] Газ — узунлик ўлчови (0,71 метрга тенг).
[7] Вершук (вершок)—узунлик ўлчови (4,4 см га тенг)