Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий. Ийди қурбон (1914)

Бугун-эрта насиб ўлурса, бутун ер юзиндаги аҳли исломга Қурбон номли улуғ бир байрамдир.

Ағниёи тоифаларимиза[1] нақадар шодлик ва фароғатлик кун бўлганда, етим, фуқаро бекасу бенаво тоифаларимиза оҳ!.. Ондин неча даражалар ортиқ афсус ва надомат, мотам ва қиёматлик бир кундин иборатдир.

Демак, уруғ ерга сочилмаган «амиркон» пахтани устидин фабриклардин олинган оқчаларнинг куч-қувватидин юз, икки юз сўмини ипаклик албисаларга[2], юз, икки юзини оби дастурхонга масруф тутган тўкали тош комил мусулмон. «Текин ошга баковул» бўлган баҳодир боёнларимизнинг даста-даста бўлуб, қадамларини йигирма вершукдин[3] босуб, рафтор қиладурган кунларидин иборатдур.

Олти ойлик ваъдага олинган молларни тўрт минг, икки кам олти минг сўмға сотуб, кайфи сафо қиламан, деб қарздингина қочуруб қариндошлари… Бибига васиқа қилинган ҳовли-жой… Бибининг шу ери … жон бойбаччанинг қарзига сотилуб кетуб, ўрта ичида юқоридаги фабрикни алдаб орттирилган тўрт минг сўм ҳовлини жанжалига кетуб, ҳаммаёқдан баробар ажраб, қип-қизил мусаффо бўлуб, фарзанди аёллари кимлар эшигида қолуб, аксарлари саёҳат муносабати Маккаи муаззамага боруб қолуб, жаноби ҳақдин шарм қилмай яна эҳром боғлаб, Арофат тоғида «Лак-лаббайк» калимасини ўгурадирган кунларидин иборатдир.

Бир тарафдин жоҳил, авом косибларимизга эса, у йилдин бу йилгача кечаю кундуз меҳнату азоб билан рангларин сарғайтируб, ишлаб, халфалар устакордин, устакорлар дўкондор, аллоф, қассоб, баққоллардин қарздор бўлуб, минути гавҳарга топилмаган азиз, қимматлик умрни уч юз олтмиш кунини масруф ўлмоғи била, ҳатто емоқ, ичмоқ, кийинмоқдин-да бутун қизғонуб орттирган боригина эллик-олтмиш сўм оқчаларини фарзанди аёлларин эшикға кўзларин нигорон қолдируб, ўзлари пивохоналарда ичуб, маст беҳол бўлуб, ўзларидин бехабар, оғизларидин борон гап… балки кўчаларда бешлаб-ўнлаб муштлашуб, бурун ва чеккалари қизил қонга бўёлуб, оқибати баъзилари миршабхонада, баъзилари турмада асиру банди бўлуб, ғайрлар қошида маъсум миллатни масхаралик бир ҳолга қўядирган кунлардин иборатдир.

Хотун тоифаларимиз эса, илм-маърифат, балки бутун аҳком ва аркони ислом ва имондин бо ал-куллия деярлик хабарсиз, зулмат, жаҳолат дарди била маънавий кўзлари кўр… бидъат балчиқларига чиқа олмаслик даражада бўғизларигача ботган, ваҳший оилаларимизга у йилдан-бу йилга йиғилган, тавба ва истиғфорсиз сағира ва кабира гуноҳларини балки «лаъна илайҳи зовирот кубур» мазмунича ўзларига ёғулган лаънатларини дастурхон қилуб, айёми саодат шарофатиндин эндигина осойишга чиқуб, бир оз азоби қабрдан амон ва халос топган маъсум арвоҳларни қайта бошдин «иннал маййита яъзубу бибикаи аҳли алайҳа» мазмунича уқубатга гирифтор қилуб, ярим кечадин то чоштғача кўча-кўчаларда юзлаб, минглаб навма[4] ва зоре, садри самоълар[5] била боруб, қабристонларни поймол қиладурган кунларидин иборатдир.

Хусусан, у йилдан-бу йилга келадурган ийди қурбондаги эллик-олтмиш қурбон терисини устидан қарз олуб, иморатлар бинога қўйган бир хотунликлари иккинчисини, икки хотунликлари учинчини олуб, уч юз олтмиш беш кечани айши фароғат била ўткарган муқтадо[6] ва пешво собиқ аҳкоми шаръ имом ва муаззимларимизга қарзлари учун улуғ нажотлик ва ўзлари учун фурсат ва ғаниматлик кунларидин иборатдир.

Оҳ!.. Биз келайлик яна фақирлар, етимларимиз ҳолина… у йилдан-бу йилга баҳазор машаққат танини латта-поралар, қорнини парча буруш нонлар ила қаноатландируб келган фақиру етим, бекасу бехонумон, аксари ота-онадин, баъзилари парчагина ватан ва маъводин маҳрумликда мусича каби мўйин қисилган, ҳавонинг бир оз совуқлик шиддатларидин устлари юпун, ранглари кўкарган. Юқорида асоссиз давлатга молик муаззин… ва сердавлатларнинг ясан-тусандаги шов-шувлари.

Куйган юрак-бағри устина намакоб ўлуб, диллари маъюс ва вайрон, жигарлари эзилган. Кўчаларда тўп-тўп бўлушуб қайси бир эшикда қурбонлик ошини ошамоқ умиди била эртадин кечга қадар девор остида қатор тизилишуб, қалтирашуб, демак, маҳалланинг ғайри мустаҳқиқ давлатли ғаний аҳоли ва имомларидин ортган салқут, совуқ, куюк, гўштсиз ошларни бир косадагисини саккиз-олти нафарлари ўртага олуб, бир луқмадин ошаб, яна иккинчи бир эшикка боришуб, рангларин сарғайтируб ўлтирадирган кунлардин иборатдир.

Эй, қардошлар! Худо йўлига деб қурбон қилувчи улуғ зотлар! Кўзингизни очинг! Эшикларингиз остида интизор бўлуб ўлтирган фақир ва етимлар ҳолина боқинг! Ўйланг! Фикр қилинг! Сизга на учун қурбон вожиб ўлди. Ҳақиқатга қараб иш юрутинг. Қурбонни маъноси нима? Ўйланг. Инсоф қилинг. Мақсудингиз эҳсон ўлурса, жаноби ҳақнинг ризоси ва амрича қилинг. Фақирлар ҳолина боқинг. Етимларга эҳсон қилинг. Аларни сизга муҳтож қилган жаноби ҳақда ҳозир ва сизи муомалаларингиза қудрат кўзи била сизга нозирдир.

Сиз жаноби ҳақдин юз ўгуруб, маҳалла бойларига қараманг, фақиру бечораларга қаранг, йўқ, деманг. Онлар орасида ҳам сизинг каби неча замонлар давлат соҳиби бўлганлари бор: мундоғ улуғ айём кунларида сиздин неча даража ортиқ либослар кийинуб, алвон неъматлар ила хонлар тузаб, қурбон учун биргина эмас, икки-уч қўй сўюб, халқға оби ош тутганлари бор. Шунчалик бир оз сафоҳати ахлоқларга боғланув сабабли қўлларидин давлатлари кетуб, очлик доғлари кучланув сабабли юзларидин ору номуслари кетуб, бугун сизни эшик остингизга бўйинларин қисуб келган бўлсалар, бандаликдин чиқуб қолган бўлмаслар. Сизга хўр кўрунсалар-да жаноби ҳақға азиздирлар, биласизми?

1914

[1] Ағниё тоифаларимиз — бойларимиз.
[2] Албисалар — либослар.
[3] Вершук (вершок)—узунлик ўлчови (4,4 см га тенг)
[4] Навм — уйқу.
[5] Садри самоъ — дарвешларнинг қўшиқ ва рақс билан зикр тушиши.
[6] Муқтадо — бўйсунилган.