Абдулҳамид Чўлпон. Қизиқлар (1936)

Айтадиларки, бурун замонда бир хоннинг ўзига хос қизиғи бўлар экан. Бир кун хонга салом бергали кирганида у қизиқ билан хон ўртасида мана бундай бир сўзлашув бўлуб ўтган:
Х о н: – Хўш, фалончи, қалайсан?
Қ и з и қ: – Отдек, тақсир.
Хон (кулиб): – Отдекми, итдекми?
Қ и з и қ: – Бўлмаса, сояи давлатларида итдек…
Хон (жиддий): – Нимага бўлмаса, илгари «отдек» деб эдинг?
Қ и з и қ: – Унда, тақсир, сояи давлатлари бошимизга етмаган эди.
Буни нақл қилувчилар ундан нарисини, яъни шу жавобдан кейин бечора қизиқнинг боши омон қолғанми ё дарҳол танидан жудо қилинғанми – буни айтмайдилар. Одатда, сарой можароларини кўпрак саройнинг хос тарихчилари – «воқеанавислар» ёзар эдилар. Уларнинг кўпчилиги қуруқ мақтовчидан иборат бўлгани эса ҳаммамизга маълум. Бир саройнинг разолатларини фақат иккинчи саройнинг воқеанависи журъат қилиб ёза оларди. Подшоҳларга тил тегиза олмоқ, уларни ҳақ ва ҳақиқат устида бир оз танқид қила билмак учун Фирдавсий ва Фузулий каби саройдан йироқ турган ва юксак шоирлик мақомиға эришган кишилар керак эди. Тарихда бундай сиймолар кам учрайди.
Сарой воқеанавислари жим қолған бўлсалар-да, юқоридағи жавобни берган қизиқнинг хон ҳазратдан, ҳар ҳолда, сийлов олмагани ўз-ўзидан маълум. Бундай нозик пайтларда жим қолишнинг ўзи ҳам кўп нарсани билдиради. Халқнинг ўзи «индамаганим – нима деганим» демаганми ахир?
Подшоҳлар, султонлар, хонлар ва бекларнинг қамчиларидан қон томган замонларда, халқ кўпчилиги ўз дардини бир юлғун бачкисига ҳам айта олмаган даврларда (бу хусусда маълум бир ҳикоя бор эмасми – «подшоҳнинг боши кал экан»), халқнинг оғир аҳволини, мамлакатнинг қора кунларини, кўпчилик фуқаронинг дард ва ҳасратларини биронта сарой ёки халқ қизиғи чиқиб «ҳазил» йўли билан едириб юборарди. Катта-катта издиҳомларда, йиллик сайилларда, неча кеча-кундузлик тўйларда сўз қилатурған қизиқлар неча минг­ларча халқнинг жуда зўр мароқ билан ўзларига тикилиб турганини кўрсатганларидан кейин жамиятнинг файзи билан дадилланиб, мамлакатнинг катталарини, беклар, ҳокимлар, қозилар, раислар, муҳрдорлар ва ҳатто хонларнинг ўзларини танқид қилиб ташлар эдилар. Натижада баъзиларининг боши кетиб, баъзи бирлари «оқ уйлик» (бадарға) қилиниб, бир хиллари эса бошқа мамлакатларга қочиб, хонавайрон бўлардилар. Фақат уларнинг оғизларидан чиққан буюк ҳақиқатлар ҳақиқатгўй шоирларнинг ўлмас асарлари каби халқ кўнглига ёзилиб қоларди ва мучаллардан мучалларга ўтарди. Фақат шоирларнинг асарлари қоғоз бетига битилгани учун шу кунгача сақланиб қолғани ҳолда, у қизиқлар айтган ҳақиқатлар тилдан-тилга кўчаркан, юз йилларнинг узун йўллари ичида ўчиб, йўқ бўлуб кетганлар.
Яқин Шарқнинг муштарак хазинаси демак мумкун бўлган Насриддин Афанди шу улуғ эранларнинг устози эмасми? У ҳам шу «қизиқ» деган шарафли ном остига киради. Қизиқлиқни шариатга хилоф деб уни паст пояга тушурганлар паст пояли руҳонийлардан бошқалар эмасди! Ҳали ўрганилмаган, текширилмаган ва очилмаган, феодализм даврига оид тарихимизда катта ҳақиқатгўй қизиқлар кўп бўлуши керак. Эзилган, жабр ва зулм остида инграган халқнинг кўнгул очишга, хурсанд бўлушга, ўйнаш, кулуш ва яйрашга бўлган табиий ва кучлик майли, руҳоний жандармаларининг сунъий тўсқунлиқларини емириб ўтган ана ўша кучли майл, ана ўша катта талаб ўзига яраша катта устозлар етиштирган. Фольклор адабиётини яхшигина текшираётган илмий марказларимиз у адабиётнинг мана шу муҳум қисмиға ҳам керагинча аҳамият берсалар, кўп қиммат нарсалар қазиб чиқарилажақ, бир қанча кулки хазиналарига эга бўлажақмиз.
Бурун ўтган улкан қизиқларни, шу топда ҳаёт бўлуб, кенг оммани кулдириб келган катта ва кичик қизиқларни бир оз сўраштирдим.
Худоёр даврининг машҳур қизиқларидан бўлган Нормат «оғзи катта» билан Абдулазиздан нарисини ҳеч ким билмайди. Улардан кейин ҳозирги Юсуфжон ака (Марғилон)нинг устози бўлган Матхолиқ қизиқ келади, унинг тўғрисида Юсуфжон акадан маълумот олиш мумкун. Балки, Юсуфжон ундан наридагилар тўғрисида ҳам маълумот бера олар. Ҳар ҳолда, битта-­яримта манбаларнинг борлигини ғанимат билиб, бирон нарса олиб қолиш керак эди. Бу ҳам илмий текшириш муассасаларимиз бўйнига тушатурған вазифа.
Матхолиқ қизиқни Фарғонада эшитиб билганлар кўп. Бу одам ўлар ҳолатида ҳам қизиқчилиғини қўймаған. Бу тўғрида мана бундай бир латифа нақл этадилар:
Матхолиқ қизиқ ўлим тўшагида ётади: аҳволи оғир; на­фасдан нафасга унинг узулишини кутадилар. Шунда Юсуф­жон бошлайди:
– Уста, шунақа қилиб сафарга бел боғладингиз, шекилли. У дунёни кўп узоқ дейдилар, чарчамасдан, қийналмасданғина етиб олинг-да, ишқилиб… Саломат бориб олсангиз биздан илгари кетганларга – Нормат «оғзи катта», Абдулазиз қизиқларға салом айтиб қўясиз-да…
– Ҳа, саломингни ҳам айтаман. «Ҳеч эси кирмади шу Юсуфнинг, нафаси борган сари музлайди», – деб жиндек махтовинг­ни ҳам қилиб бераман.
– У дунёда ҳам одам сероб дейди. Маъракаларда сўз қилиб у ерлардагиларни ҳам кулдуриб турарсиз?
– Ҳа, маъракани бор-йўғи ўша ерда қурамиз-да!
– У ернинг одамлари бу ерларникидан сахийроқ дейди. Ишларингиз тарақлаб, қўлингизға кўп-кўп пул тушса, бизга ҳам оз-оз узатиб турасиз-да!
– Ҳа, албатта, қўяманми? Бозор чаққон бўлуб кетса, бир энлик хат ёзиб ўзингни ҳам олдириб кетаман!
Ўлаётиб ҳам қизиқчилиғини қўймаған бу одамларнинг тирик вақтларида кўпчиликнинг руҳий аҳволига қандай таъсир ижро қилғанлари ўз-ўзидан кўруниб туради.
Юсуфжон ҳали ҳаёт. Бугун Риштон районида ишлаб туради. Уни бутун Фарғонада билмаган одам йўқ. Тошкент, Самарқанд, Бухорода ҳам унинг шуҳрати бор. Қизиқчилиғидан ташқари ҳамма куйларимизни яхши билган, куйларимизнинг чолғу қисмидағи усул (зарб)лар хусусида ва ҳам миллий рақсда устоз саналган бу одам ўзининг эски репертуари билан колхозчи оммани ҳали ҳам кулдуриб келади. Унинг босмачилар, уларнинг катта-катта қўрбошилари, шаҳарма-шаҳар қатнайтурған савдогарлари тўғрисидағи латифалари ҳали ҳам тилдан-тилга ўтиб юради. Юсуфжон аканинг ҳаётида ундан фойдаланиш (қизиқлиқ тарихига оид материаллар олиш, рақс ва чолғу усулларини ўрганиш, ёзиб қолиш) керак эди.
Қўқонда машҳур аскиячилар (Юнус ва бошқалар), Комил қори деган бир қизиқ, унинг ёнида яна шериклари бор. (Бурунроқ ўтганлар Нормат ва Шаматлар.)
Марғилонда Юсуфжон акадан ташқари Мамажон махсум, Сулаймон қори, Усмон қори деган қизиқлар, Жалил бўқоқ, Мамажон қовоқ, Мамат бобо деган аскиячилар бор.
Ан(ди)жанда Ориф гармончи билан унинг шериклари.
Хоразмда бурун ўтганлардан Болта қизиқ, Бобо тўқ-тўқ, ҳозиргилардан Юсуф ва Қурбонбой шалламалар, Аваз бобо. Бу сўнггиси ҳозир шуҳрат чиқарған қизиқлардан.
Наманганда Мирзараҳим сурбет деган бир дурадгор кўп мажлисларни обод қилиб юради.
Тошкентда Карим қизиқни билмаган ким бор? Унинг анча бой репертуари бор. Бу одам рус клоунларидан энг машҳурларини кўрган, бир қадар уларнинг таъсирига тушган. Унинг биринчи дафъа майдонга чиқиши 1905 – 1906 йилларда, 30 йилдан бери цирк оламида ишлайди. Ёлғиз қизиқчи эмас, яхши муаллақчи, от ўйнатувчи (унинг хотини ўзига партнер бўлуб ўйнайди).
Бурунроқ Тошкентда Абдулла фонусчи, Саид Аҳмад аския, Саид Аҳмад дуккибош, Ғозибек деганлар бор эди. Булардан баъзилари бутун Ўзбекистонга танилган кишилар. Бу аския­чиларнинг пири (устози) Аскиябий деган одам, унинг доимий шериги Исмат аския, булар бир-бирларига назм йўли билан тегишардилар. Аскиячилик бир вақтлар жуда авж олган санъат эди. Бу кунги Текстилкомбинатнинг бозорчаси бўлуб турган жой илгари «Аския» дейиларди.
Ака Бухорий деган бир қизиқ қанчадан бери Икромов паркида* халқни кулдириб келади. Республика колхозларида қанча қизиқ, аскиячи, пайровчи, чандувчи йигитлар бор.
Шулар ҳаммаси санъат ишига раҳбарлик қилатурған идораларнинг диққат ва эътиборларидан йироқда, ўз бошларига халқни кулдуриб келадилар. Кенг омма циркни яхши кўради; цирк қизиқларини, умуман, қизиқларнинг ўйинларини севади. Бизнинг санъат идоралари, тиётр раҳбарликлари, ёзувчи, шоир ва бошқа санъаткорларимиз эса шу чоққача кенг омманинг эҳтиёжига хизмат этатурған қизиқлиқ санъатини ҳеч бир қарамай, у муҳум санъатни писанд қилмай, назарларига илмай келдилар. Қизиқларимизнинг ҳаммасида кўрулган репертуар қаҳатчилиғи, даққи Юнусдан қолған қизиқлиқларнинг ҳадеб қайтарила бериши, қизиқлик репертуарига мазмунлар кирмаслиги – ёлғиз қизиқларнинг айбими?
Масала фақат текшириш ва тарихга материал олиш устида эмас, бизда кундан-кун гуллаб келаётган, ҳар ерда махталган, ўзини кўрсатган, Шекспир асарларини қўюш даражасига эришган тиётр бор. Унинг озиғи фақат классиқ ва замона асарларидан, таржумалардан иборат бўлуб қолса, тўғри келмас.
Қозоқ тиётрининг катта муваффақияти, ундан аввал Ук­раина коллективи қозонған ғалабанинг асоси халқ ижодига суянганида эди, аччиғ бўлса ҳам ҳақиқат шундаки, биз бу жиҳатга тиётр ишларимизда ҳозиргача кўп аҳамият бермадик.
Халқ қизиқларини ўрганиш тиётримизнинг комедиячилик томони учун катта озиқ беради. Буни кеч бўлса ҳам иқрор қилиб, шунга яраша тадбирлар кўрайлик. «Ҳамза»нинг илмий лабораториясига* биронта қизиқнинг қадам қўйғани маълумми? Биз билмаймиз.
Қизиқлар ҳозир кулушга ва яйрашга эришган халқ учун янада керакли кишилар. Уларни, уларнинг асарларини, уларнинг оммавий ва янги ижодларини ёлғиз сайиллар, тўйлар ва очиқ майдонлардагина эмас, ўпера, драм, комедия саҳналаринда ҳам кўрмак истаймиз.

__________________________
«Гулистон» журналининг 1936 йил 6-сонида «Чўлпон» имзоси билан эълон қилинган. «Санъат» журналининг 1991 йил 9-сонида (нашрга тайёрловчи Сирожиддин Аҳмад) ва «Адабиёт надир» тўпламида қайта нашр этилган.
«Гулистон» журнали асосида нашрга тайёрланди.
Чўлпон мақолада халқ қизиқчилик санъати намояндалари тўғрисида фикр юритар экан, қизиқлар ҳақида маълумот тўплаб, улар ижодини ўрганиш зарурлигини алоҳида таъкидлаган. Мақолада кўтарилган муаммо ҳали ҳам ўз долзарблигини йўқотмаган.
Икромов парки – Тошкентнинг Эски шаҳаридаги мустақиллик йилларигача А.С.Пушкин номи билан аталган маданият ва истироҳат боғи 1937 йилгача Акмал Икромов номи билан аталган. Ҳозир Абдулла Қодирий боғи деб аталади.
«Ҳамзанинг илмий лабораторияси…» – Ҳамза номидаги драма театри назарда тутилмоқда.