Абдулла Қодирий. Азоб боғчасида — йиғи-сиғи кечаси (1922)

Кичкина фелетўн

23 апрел деворда «Роҳат боқчаси»да бўлатурған «Қизиқ кечаси»нинг Ўратепанинг суфрасидек башоратномасини (опишасини) кўрдим-да, дарров ҳимм.., исни-бисга қўймасдан миям золиға умумий мажлис йиғиб, букун кечқурун қизиқ кечасига ташрифи қудум этмакка қарор ҳам бериб қўйдим. Чунки кўбдан бери бундай қизиқ кечаларидан четда — нуқул қайғу кечалари, кулфат водийларида кезиб, бунингдак кечаларга муштоқ эдим — ташна эдим. Кечқурун ўзимга ўхшаған бир дўстимнинг бормағаниға ҳам қўймасдан, судраб қизиқ кечасига югурдик. Боқчада кишилар кўб бўлмасалар ҳам йўқ эмас эдилар. Дўстим билан ман кўбдан бери бундай маданият боқчалариға келмаганлигимиздан, юриш-туришимиз ва кийим солимимиз ваҳшийларча бўлмаса ҳам далатобларча эди. Маданият боқчасининг маданий йигитлари бизга: «Шу аҳволларинг билан санларга ҳам маданият боқчаси ҳайми?».., демасалар ҳам уларнинг маънолиқ этиб бизга боқишлари бу сўзни ифода қилиб бизни туртмоқда эди. Биз ўзимизнинг бундай таназзулда қолғанлиғимиз учун уялдик, ҳасратландик.

Маданият боқчасининг маданий йигитлари ўз ёнларида битта-битта топилса «туташ», топилмаса «баба» етаклаб юрганларини кўриб биз афсус қила бошладиқ, чунки биз ҳам овилдағи чечалардан иккитасини олиб келган бўлсақ етаклашиб юрган бўлар эдик. Энди кейинги галда уч-тўрттасини олиб келмакни дўстимиз билан аҳд этишдик.

«Қизиқ кечаси»нинг бошлануви соат 8 га белгуланган бўлса ҳам артистлардан иккисининг марги мафожот билан марҳум бўлуб қолмоғи қизиқ кечасини соат 10 дан бошламоққа мажбур этди. Кўб кишилар бу икки марҳумни тупроққа топширмоқ учун узатиб кетканликдан табиий «Роҳат боқчаси»нинг хилватхонаси томошачилардан бўш қолди. Шу ҳолда ўюн бошланувини кутуб мудраб ўлтурсам бутун хилватхонани «шап-шуп, шап-шуп» босуб кетди. Кўзимии очуб қарасам, қатор-қатор эшикдан қурбақалар кирадирлар.

— Хи, хи, хи, хи… қурбақалар ҳам махлуқми?

— Махлуқ, махлуқ! Булар маданий махлуқлар! Боқча идораси киши йўқлиқдан билетларни қурбақаларға сотмай кимга сотсин? Ниҳоят тўрт кўз, қирқ қулоқ билан кутканимиз қизиқ кечаси бошлануб парда кўтарилди. Биринчи парда «Уй тарбиясининг бир шакли» — тўғрисини айтканда чин қизиқлиқ. Аммо бунда бошламасиданоқ қайғу-ҳасрат иси онқуб кетди. Кулгуда иштирок эткан ҳамма артистлар ҳам марги мафожот билан марҳум бўлған икки дўстлари учун қайғулиқ эдилар. Қайғусиға чидалмаган артистлардан иккиси ибтидо парда очилишидан ўпкаларини тутолмай халқға орқа бериб истинага сйлом бериб тўутадилар. Тағин бирисининг кўзидан оққан ёши соқолини ҳўл қилди-да, оз қолдики соқоли тушуб кетиб, ўзи шарманда бўлсун. Яхшики, вақтида саҳнадан қочиб қолиб, бу расволиқдан қутулди. Орсизларнинг бу ҳоллариға биз томошачи (публик)ларнинг ҳам инсоният ҳисларимиз жим ёта олмади. Ниҳоят, биз ҳам йиғлаша бошлаб пиқиллий-пиқиллий аранг биринчи пардани тугатдик. Иккинчи пардада «Турсунали балли боди» ўйналди. Бу пардада ҳам кулгу ўрниға йиғи-сиғи авж олиб, саҳна билан золда аросат бошланди. Ёлғиз золдағи инсонларғина эмас ҳатто томошачи қурбақалар ҳам чуриллаша бошладилар.

Зол саҳнада рўзи маҳшар эди. Лекин бу фавкулодда ҳолларға чидолмаган баъзи тентаклар кеча мудириға: «Сиз билан артистларингизға бу шармандаликларнинг нима зарурати бор?» деб савол киргузган эдилар, саволлариға қарши: «Ўзи байида шунақа» деган жавоб олиб бироз тинчландилар. Ман билан дўстим бундай йиғисиғи мажлисларидан ортиқ тўйган ва учунчи пардада «Ҳамшаҳар манзили»[1] ўйналатурған бўғанлиқдан бунисини кутмай кетмакка мажбур бўлдиқ.

«Бирники мингга, мингники туманга» дегандак, ярим йўлға келганда милитсиялар «Военнўй положения» деб бизни ушладилар. Элтуб ертўлага ётқуздилар. Бутун туни биз ертўлада «Қизиқ кечаси» ҳақида ажиб, ғариб тушлар кўруб чиқдиқ.

Азоб боқчасининг муассасаларига ва ўзбек «орсизлар» тўдасига марги мафожот тилаб ер тўла ичидан:

Жулқунбой Думбулбой ўғли

«Қизил байроқ» — 1922 йил, 28 апрел, 168-сон, 4-бет


[1] Татар адабиётшунослари Н. Хаким ва А. Саъдий, рус тилшуноси Е. Д. Поливанов ва Элбеклар «Тил — имло қурултойи» кунларида турк тиллари қонун-қоидаларини таҳлил қилиб мақолалар ёзадилар. Маълумки мўғул-турк тиллари ўзакка қўшимча қўшиш орқали (аплутинация), ҳинд-европа тиллари эса ички ўзаги ўзгариб (флекция, эъроб) сўз ясалади. Бу хоссани Н. Ҳаким «Қизил байроқ» газетасидаги «Ҳарф —имло масаласи» номли мақоласида «Елимлик тил» деб. А. Саъдий эса «Инқилоб» журнапидаги «Турк тилларининг қонун ва қоидаларин ўрганиш ҳам тузишда асослар» номли мақоласида «Туташма тил» деб ифодалайди. А. Саъдий мақоласида «Келажакда туташмалик билан овушмапиқнинг (флектив) айирмаси йўқ бўлажакдир» деб зиёлилар орасида шов-шувга сабаб бўлган эди.