Абдулла Қодирий. Қазойи осмонийлар (1922)

Кичкина фелетўн

Шу кеча-кундузда бир қанча қазойи осмонийлар ёғилиб кетди. Жумладан:

— «Инқилоб» журналиға материал топа олмағани учун ўртоқ Назир Тўрақулов истироҳат баҳонаси билан Хитойға қочиб кетмакчи бўлиб турадир.

— «Инқилоб» журналининг кўмакчи муҳаррири бўлған зот бобаракот Бўлат Солиев бир неча вақтдан бери Бухорода эътикофда эди. Энди Тошканд қишлоқларидағи азизлар қабрин тунаб чиқмоқға азмланиб йўлға чиқған. Тунашдан сўнг Бўлат афандининг аҳли карамотдан бўлиши кутиладир.

— «Инқилоб» журналимиз масъул мудири Ҳоди Файзий афанди адресини «Инқилоб»ға тиқишдирди-да, ўзи аллақайси гўрга қочди.

— Йилдаги каби бу йил ҳам тош қизиғи бўлув билан Шапоқ махзумнинг[1] жунуни қўзғаб, кишанга тушаёзди. Ривоятларга қарағанда «Қизил байроқ» газетаси кундалик қилинмаса кишанни ҳам узмоқчи эмиш.

— Ички Русияда ун ўғрилари кўпайгани учун Пиёнбозорнинг унфуруш жуҳудлари Тошканд фуқароларининг қонлари баробарига инсофларини сота бошладилар.

— Татар адибларидан бўлған Абдураҳмон Саъдий билан Неъмат Ҳаким ибдошлар елимлик тил талаша бошладилар.

— Машҳур ёзғувчи Кабир Бакир афанди Бухоро билан Тошканд орасида испикулатсия бутхонасиға чўқинуб турадир. Кейинги кунларда «Чин ҳақиқат ёзувда эмас, бозорда экан»лигини ҳам улуғ бир митинғда лексия тариқасида сўзлаган.

— Композитор Ғулом Зафарий қиш бўйи эрмак қилиб чиққан «Чин Темир ботур» операсини илмий ҳайъатка яхши баҳо билан сотиб, эълони ифлос қилди. Энди бундай опералар ёзиб, тириклик қилмоқ мумкин эканлигига имон келтириб, халқ чўпчакларини сўраб, хотин-қизларни безор қила бошлади.

Жулқунбой

«Қизил байроқ» 1922 йил, 13 май,173-сон


[1] Шапоқ Махзум — Ғози Юнуснинг мустаор тахаллуси.