Биласизми, биродар, шу ёшга келиб каминанинг асосий мавзуларидан бирига айланаётган бу гап чиндан ҳам жуда муҳим. Ҳа, ҳар элга бош керак. “Минг ишчига бир бошчи” деганлари сингари. Мазкур фикрни, эҳтимол бир парда кўтарибон айтмоқ зарур.
Эсингизда албатта, бултур қиш анча забтига олувди. Икки ҳафталаб қор эримай, шаҳар йўлларида ҳам юришда ноқулайлик пайдо бўлувди. Йўлларда машина тагидан тушган палахса-палахса муз, айланиб ўтасиз, қияликлар ҳам ялтираб музлаб кетган. Қисқаси совуқ ва қор одамларни керагича бездириб қўйган.
“Кунига бир матал” дер эди раҳматли отам. Қирқ йилдан зиёд давлатнинг молини боққан содда одамнинг топиб олган муҳим фалсафаларидан эди бу. Энди ўйласам ва мағзини чақсам: ҳар куннинг ўз матали бор, бугун кечагига ўхшамайди, дегани экан. Мисол, довдир-шовдир сурон солиб юрган кечаги одам бугун йўқ. Отам чуқур хўрсиниб, ичида бир нарсалар деб, сўнг баралла: кунига бир маталда-е, деб юборар эди.
Қиш-қировли кунларда қишлоқдан уч-тўртта таъзия хабарини эшитдим. Ҳаммаси ҳам қариндош – бориш керак. Аммо ҳаво бундай: ўзингни хатарга қўйиб ҳайё-ҳуйт деб таваккал қилолмайсан.
Ниҳоят эрув бошланди. Тоғам янгам билан чамаси икки ойдан бери Тошкентда эди. Етмишдан ошиб бобой бўлганда пойтахтдаги ўғлиникида қишни илим-иссиқ ўтказгиси келади-да. Қишлоқда бўлса ўт ёқиладиган биргина печка атрофида неваралари билан талашиб ётар эди. Ёшлигида қор-ёмғирда қўра-қўтон кезавериб оёқни совуққа олдирган. Кейин ҳам бир палакат бўлиб оёғи синиб икки ой гипсда ётган, йиллар ўтгани билан жойи симиллаб туради. Муҳими, олти боланинг ташвишидан қутулган. Янаям мен учун кераги – умри молдўхтир, зоотехникликда кечган бу одам ўта зиёли, ўқиган, адабиётнинг шайдоси, тағин табобатга, тарихга, диний йўриқларга қизиқиб ўзича кашфиётлар ҳам қилиб юради. Минғирламайди, шикоят қилмайди, аниқ гапни яхши кўради.
Отиниям айтмабман: Худойқул Тинибеков. Қўшработда тақдири чорва билан боғланиб ўсганнинг бари билади.
Шу одам менга Ҳусан Ҳакимов ҳақида кўп ҳикоялар сўзлаган. Мен унда ёш эдим ва шундан келиб чиқилган бўлса керак, ўша инсонга ихлос қўймаганман. Тоғам бўлса гапираверади: ниҳоятда каллали одам, жу-уда камгап, сиёсати чатоқ, индамай туриб жонингни олади.
Ҳай энди шу одамнинг нимаси яхши экан. Биринчи курсни битирувдимми, ишқилиб қишлоқда саланглаб юрган эдим, тоғам ўғлидан хабар жўнатибди: Собир тез кийиниб келсин, Қўшработга, Ҳакимовнинг тўйига бориб келамиз. Эски “Москвич”га ўтириб тириллаб жўнадик. Тошкентни кўриб қўйган йигит Қўшработга ўхшаган қишлоқни писанд қиладими? Бироқ Самарқанддан Қўшработга қараб ошувда жуда катта боғ кўрдим. Ўзиям учи-қуйруғи йўқ. Аниқ ҳажмини айтолмайман, лекин нариги ёғи Саксончел қишлоғига туташиб кетган, бу ёғи қўрғон бошланмасдан то у тугагунча – ўнг бет яшнаб ётибди. Чўл эди, дашт эди, сув йўқ эди, э қаддингдан аканг!
Худойқул тоғам гидлик мақомида, каминага ҳафсала билан тушунтириш бермоқда: Ҳусан аканинг иши, икки йилда шу ишни қилди, артезиан чиқарди, тош йўл ётқизди, атрофини ўради.
У пайтлар бу ишлар давлатнинг пули ҳисобидан қилинарди, тушунаман. Лекин кўчатниям давлат ўстирармиди, яйдоқ даштни ҳам ўзлаштир, дермиди ёхуд ўзи келиб экиб берармиди – шуниси қизиқ. Қизиқки… бир он ўйланиб туриб қолдим.
Тўй ўтганига икки-уч кун бўлган, биз қутлуғ бўлсинга кирган эканмиз. Тоғам билан оқсоқол бирга ишлаган – хабарим бор, аммо ўзини танимайман. Қанақадир чала битган, поли бор-у, эшик-ромлари қўйилмаган бир уйга бошлаб киришди. Ўн-ўн беш йигит ғимирлаб юрганидан билса бўладики, ҳали тўйнинг тафти ўтмаган, ҳовлидаги ўчоқ тагида ҳам ўтин тутаб турибди. Бизни алоҳида столга бошлашди. Нариги столда тўрт-беш чоғли бир-биридан семиз зотлар хурсанд, бир-бирининг гапини эшитяптими, эшитмаяптими, мастона-мастона сузилиб нуқул кулади. Охирида “оббо акам-ей” дейди. Ким акаси экан? Мен – ҳушёрман-да.
Биз ўтирмоқчи бўлган столнинг бошида бир катта ғўла турибди. Мўла деса ҳам бўлади. Унинг нималигини сиз билмайсиз, биздан сўранг: бу томонда қир кўп, тоғ, адир кўп, ҳаммасининг ҳам номи бор деб ўйлайсизми – йў-ўқ. Шу сабаб, чўпон-чўлиқлар мол ортидан юриб, бекорчиликда, эрмакка атрофидаги тошлардан уйиб мўла ясашади – одам бўйидир, паст ё баланддир, ишқилиб бир белги-да. Эртасига қарабсизки, анов Салим чўпоннинг мўласи, оқмўла, қорамўла, Абдулланинг сойи, Солининг сойи, Токли сой, Оқ зов, Қора зов – бир белги хуллас.
“Мўла” пича бош кўтарган бўлиб, хиёл бош чайқади. Ёнидаги столга ишора қилгандай бўлди. Тоғам пилдираб бориб “мўла”нинг қўлидан тутмоқчи эди, у қўллар илтифотни сезмаган каби фотиҳага ёйилди. Тоғам тамом довдираб, “ёшлар бахтли бўлсин, ёшлар бахтли бўлсин!” деб икки марта омин қилиб юборди. Бизга эса барибир – бегонаман. Тоғам бўлса тиззамга бир туртди: хапа, деб қўйди. Сўнг илтижоли бир суратда “мўла”га термулди.
– Кўринмайдилар, – деди “мўла”. Аммо кўзи юмуқ.
– А-а, Ҳусан ака, энди бизам катта давраларга ярамаяпмиз. Тўй куни издиҳом катта деб тортиндик, ака. Обком келган тўйга бизга йўл бўлсин.
– Шундай денг, унчалик эмасдир. Обком бова дов-доска қипкепти, қўйинг десам қўймади.
– Эшитдим-эшитдим, “Волга” қуллуқ бўлсин, ака.
Тоғам шундай деб, қанчалиги эсимда эмас, киссасидан камтарона тўёна чиқарди.
Ярим қарич келадиган икки қош бир кўтарилиб тушди. Қора-қизил рангдаги сергўшт бурун тагидаги оғиз ҳаракатга келиб:
– Боря! – деб бақирди.
Новча бир йигит келиб қўл қовуштирди.
– Қолган вино-пиноларингдан опкел-да.
Новча ғойиб бўлди. “Мўла” ўша-ўша ҳолатда: на тебранади, на чой ичади, на бошқа гапиради. Мўла-да!
Э, қаддингдан, э, уста Худойим!
Тоғам қулоғимга шипшиди:
– Тўёнаям ёқмади. Вино-пино деганини кўрдинг, ароқ демади. Биз отдан тушган бўлсак.
Шундай дедию тоғам кулиб юборди. Афтидан бу сиёсатни кўп кўриб юргани учун ўзини тутолмади. Бу одамнинг қўлида ишламаётган бўлса – энди барибир эмасми?
Столда егулик сероб, калла-поча ҳам бор. Тўйдан кейин ҳам қўйлар сўйилаётганининг белгиси бу. Бироқ бу нарсалар ҳали менинг мижозимга ботмас эди. Уйда онам тайёрлаган қатиққа нон тўғраб есам подшодай юравераман. Бу дов-доскалар, бу ҳашаматлар… Қабул қилолмас эдим-да. Ёшлик қилардим чоғи. Ҳа, дарвоқе, бундан ҳам ёшроқ вақтим – саккизинчи синфда бир синфдошим билан таътилда “Қўшработ” совхозининг ғалла хирмонига ишлашга келганмиз. Бир ярим ой кечаю кундуз ишлаганмиз. Охири безор бўлиб қочиб кетганмиз. Хирмон мудири Бегмат Усмонов ортимиздан бир оз чой-чақа ва хирмондан кафсан жўнатиб юборган.
Эрталаб ҳам, кечқурун ҳам шилдир шўрва ичамиз. Тегирмони нон. Охири ёқмайлар кетган. Биздан каттароқ Абдурайим аканинг ташаббуси билан бир куни кечаси боққа ўғирликка кирдик. Узум айни пишган пайт. Иккита катта ит вовиллаб келиб қолди-ку. Қочиб-суриниб, ким тиконли симга кийимини илдириб, ким тупроққа думалаб, ишқилиб хирмонжойга ҳаллослаб келиб кўрпага бурканганмиз. Орқамиздан биров қувганини кўрмадик. Бироқ эртаси куни ошпазимиз Эшбой акага бир аёл икки челак узум ташлаб кетибди.
– Ёш болалар бор экан, уйидан олисда очирқаниб юргандир, беринг, есин, – дебди.
Ана холос. Ким бўлди экан бу валломат. Йўқ, аслида билар эдик, Ҳакимовнинг чорбоғи, уйи шу ерда, боғи катта, кўриб юрардик, болалик-да – кундузи оқ, қора кишмиш, тойфи, оламантўйди деган узум бошларининг симларда осилиб хор бўлиб ётганини кўриб, кечаси бир додини бермайликми, деган режалар бўлган. Не тонгки, саргузаштимиз боягидай ниҳоя топган. Бу Ҳакимовнинг ишимиди ёки кампирининг шахсан ҳомийлиги эдими – шу топда хаёл опқочди.
Бунга сари тоғам:
– Ҳусан ака, бу жияним бўлади. Журналист бўлмоқчи, ўқияпти, мақолалар ёзади, – деди.
Оқсоқол бир йўла икки кўзини ҳам очиб менга ўқдек қаради. Аҳамият бергани мени саросимага солди. “Ўша ўғирлик қилиб юрган сен бола энди журналист бўлмоқчимисан?” деган каби таъқиб қилаётгандай туюлди. Лекин оқсоқол:
– Қуйинг, ичинглар, – деди-да қўйди. Кўзлари ҳамон юмуқ.
Оқсоқол (энди “мўла” демайман) тоғам айтгани сингари ҳар балони билса, демак, мени ҳам билади деган хавотир ич-этимни тирнади.
– Ҳамро кеп-кетди, – деди Ҳусан ака.
– Тоға кепти-да, бу йигит Ҳамро тоғанинг невараси-да, укасининг ўғли.
– Ҳамзанинг, – деб қўйди, оқсоқол. Шу ҳолатида у биздан бошқа кимнингдир суҳбатини олиб, ичида маъқул кўриб ўтирганга ўхшарди.
Мен ҳайрон қолдим: отамни билар экан, Ҳамро бобом-ку, қўлида йилқичи. Қойил.
– Ҳамро қочиб-пусиб кетди. Калонов уни тузлайман деяпти. Тузламайди. Қишлоққа борганда айтинг, Исмоилнинг тракторини акт қилиб кетсин.
Ана энди бу ёқлари бошқа гаплар. Биз сизга “мўла”дан ибратли оқсоқол ясаб берамиз.
Тоғам мудом тилдан қўймай мақтайдиган одам шу – Ҳусан Ҳакимов. У замонларда, биласиз, бир туманда ўнтага яқин совхоз бўларди. Ҳакимовнинг хўжалиги эса “Биопункт” дейиларди. “Пангат” хўжалиги ҳам шунинг ичида, йилқичилик, қўйчилик, ғаллачилик тармоқлари бор, боз устига Пойариқнинг Кўлтўсин, Ғаллаоролнинг Лалмикор деган жойларини ҳам хўжалик ҳисобига киритган, яъниким юзлаб эмас, балки минглаб ишчилари бор эди. Мустақиллик йилларида йилқичиликни хусусийлаштиришга жон-жаҳди билан қарши тургани боис ҳозир ҳам сақланиб қолган. Билмадим, тағин қаерда бор – Жиззахда “Конний завод” – от хўжалиги бор деб эшитардим, ҳозир ҳам бормикан, бироқ мана, мен айтяпман – Қўшработда бор.
Пангатнинг ўзини токзор боғ қилиб юборди. Сув чиқмайдиган қир-адирлар ҳам токзор бўлди. Очиғи бу ишларни бир одам қўли билан бунёд этолмайди-ку. Одамларнинг бошини қўшган, ишлатган, ҳақ берган. Натижада “бу дунёда Пангат, у дунёда – жаннат” деган мақол пайдо бўлди. Ободончилик ишини пухта қилар эди. Тоғам, у одам деярли ухламас эди, кечаю кундуз юрар эди, бошқаларниям тиндирмас эди, дейди. Вилоятга борсаям, обрўси катта, хўжалик учун бир катта нарса ундирмай қайтмас эди, дейди.
Ҳозир тирик бўлганида балки жудаям катта бир фермерлик хўжалигига бош бўларди. Лекин оқсоқолчилигининг зўр белгиси – ишчиларидан биронтасининг бурни қонашига йўл қўймаган. Четдан бировларни аралаштирмаган. Боя Ҳамро бобом ва Исмоил тракторчи ҳақида гап бўлди.
Бобом Ҳакимовнинг йилқи-биячилик хўжалигининг бир фермасида бош чўпон эди. Аввал ўзимизнинг қишлоқда, сўнг Лолаҳовуз қишлоғида. Чўпон деганиям бола-чақали, еярмон-ичармон дегани-да. Хашак, арпадан уйига опкетиши бор, йилқига жондор (бўри) тегса ё касалланса ҳалоллаб сўйиб олсаям зоотехник (Жўрақул Калонов – ҳозир 90 ёшни қоралаб қолди, тарих билимдони, зўр одам)ка молнинг калласини кўрсатиб ҳаром ўлди деб тураверади. Албатта, ҳаддидан ошса, Ҳакимов ҳам, Калонов ҳам қараб турмайди. Ишнинг машаққати аён. Шу боис Ҳамрони Калоновга тузлатиб қўймайман, деяпти. Бу – раҳбарнинг ишга инсоф кўзи билан қараётганининг белгиси.
Энди, Исмоил ака дедик. У киши ҳам бизга амаки. Ўзи зўр, жуда оқкўнгил одам. Ичишни бир йил ташлаб, иккинчи йили меъёридан ҳам ошириб ичиб юрадиган одати бор эди. Шу ҳолда пат-патининг рулига ўтириб кетаверар эди. Етмишни қоралаяпти, умринг узун бўлгур, ҳалиям одати шу: бир йил ташлайди, бир йил обдон ҳиссасини чиқаради.
Кунларнинг бирида… Э, бу қизиқ воқеа жуда. Унда отаси Облоқул бобом – Ўнар бобомнинг укаси, уруш қатнашчиси, чарс, валломат одам – тирик эди. Ўша куни бўлим кассири маош тарқатган экан. Акам шериклари билан пўла бўлгунча ичган. Яна Зармитанданми, қаердандир бир яшик пиво ҳам олган. Трактор кабинасига ортволиб, кайф зўр, қўшиқни ванг қўйиб келаверган. Қишлоқ йўли тик, қияликлардан иборат, ўнқир-чўнқир, тор.
Опаси Саломат аммам Қўрғонтепанинг пастида туради, тракторининг овозидан таниб Исмоилжон билан кўришиб-сўрашиб қолайин деб йўлга чиқса, тепада трактор тарр-тарр қилиб турганмишу, акам рулда ётиб олиб уйқуни ураётганмиш. Бир маҳал трактор секин орқага тисарилибди. Аммам вой-вой, ҳой-ҳой, ким бор деганча қолаверибди, транспорт орқага тисарила-тисарила бошқарув йўқолгач, пастга қараб қулаб кетибди. Бир думалабди, икки думалабди, ниҳоят масофаси бир чақиримча келадиган сайҳонликка тик қиядан сочилиб-парчаланиб думалаб кетибди.
Ўртада Омон муаллимнинг уйи бор, уйига зарар қилмай чорбоғининг деворларини бузиб ўтиб кетибди. Сойдаги сувга иккита баллон етиб борибди, тракторнинг қолган қисми йўлда сочилиб адо бўлган.
Худонинг сақлаганини қаранг: трактор биринчи қулаган заҳотиёқ акам кабина эшиги очилиб тушиб қолган экан. Яна қизиғи, ўша бир яшик пивоси ҳам қучоғида эмиш. Аммам буни кўрмаган экан, ой-ҳой, Исмоилжоним нима бўлди, қаранглар, деб айюҳаннос солиб бақирармиш. Қарашса, акам бир яшик пиво қўйнида, етиб келган одамларга ҳиринг-ҳиринг кулиб ётганмиш. Бирор жойи лат емаган.
Ҳа, яратган Эгам сақлайман деса қирқ йиллик қирғиндаям сақлайвераркан. Аканинг омон қолгани яхши – Худо қайтариб берди ахир. Айби ҳам ўзи билан. Лекин мен бошқа нарсани айтаман: Ҳакимов бу воқеани эшитиб хурсанд бўлмагани аниқ, жазаваси қўзигандир балки, шунга қарамасдан акамни кечирганини қаранг!
Кал бўлсам ҳам тароғим тиллодан деганлари сингари амаким ориятли одам, Ҳакимов қанча сўраттирсаям бормай юрди. Ҳамро отам иккита баллонни отига хуржун қилиб Қўшработга оборса, директор: бўлди, ҳисоб, Исмоилжонга айт, қочиб юрмай бир келсин, депти. Исмоил акам бари бир бормади: юзи чидамади шекилли. Охири орқасидан бир янги “Беларус” жўнатибди оқсоқол. Акам шуниям минолмай бир муддат қийшанглаб юрди. Отасидан даккими, таёқми егач рулга ўтирди. “Беларус”ни миниб пенсияга чиқди. Аммо оқсоқолнинг вафотигача унинг кўзидан қочиб юрди.
Исмоил акамнинг меҳнаткашлиги, оқкўнгиллиги, балки орияти ёққандир, эҳтимол жўжабирдай жон – шуни ўйлагандир, ҳар нечук кечиргани бор гап.
Ўзи катта қалбли одамларнинг меҳриям катта бўлади шекилли.
Ҳа, Ҳакимов Қўшработнинг оқсоқоли эди. Одамларнинг бошини қўшишни яхши эпларди. Неча райком, неча обком билан ишлади – ҳурмат-обрўйини йўқотмади. Қўл остидагиларга қўрс, қўпол муомалали бўлиб туюлди, аммо бирортасига зуғум қилмади. Шунинг учун тоғам у кишини тилдан қўймайди.
Мана, у одам дунёдан ўтгандан кейин ҳам туманга уч-тўрт раҳбар келиб кетди. Лекин бирортаси “э, бу оқсоқолнинг боғ-роғлари қаровсиз қопти-ку” деб саъй қилмади. Энди, уларнинг ичида ҳам фидойилари бўлгандир-ку, аммо айтаманки, юрт оқсоқоли бўлолмадилар чоғи. Бўлмаса Ҳусан Ҳакимов шу боғларни Қўшработ халқи есин, тўйсин, даромад қилсин, соясида сояласин деб қилган-ку, ўтин бўлсин, кесиб печига ёқсин демагандир-ку. Гапнинг ўролиям шу-да.
Энди ҳикоямизнинг бошидаги ҳангомага қайтамиз.
Эрув бошлангач тоғам билан қишлоққа кетяпмиз. Қир-адирларда анчадан бери муз қотган қорлар ғалати тарзда, янги жилғалар ясаб пастликка оқиб тушади. Йўллар чети лойқа-бўтана сувга тўлган, асфальт йўл тагидаги қувурлардан сув тўлиб оқиб чиқаётир. Ҳайрон бўламан: лалмикор буғдой, маҳсар экилган шудгор ерларнинг оқиб тушаётган лойлари кейин қаерга тўпланаркин?
Охири бахайр бўлсин ишқилиб. Шу куни тоғам билан иккита жойга кириб фотиҳа қилдик. Ҳаммаёқ билч-билч бўлиб ётибди. Исмоил акамнинг кампири Ойсара чечаям яқинда қайтиш қилган. Маъракаси ўтди, эндиям бормасам тоза уят. Бироқ юқорига машина чиқолмади. Тоғамни пастда, машинада қолдириб ўзим пиёда чиқиб келдим. Ўзиям тиззамгача жиққа ҳўл бўлди. Лекин қарзимдан қутулдим. Эртаси куни тағин икки жойга кириб “қўл қайтариб” чиқиб ортга жўнадик.
Кечасиям илмилиқ ҳаво бўлгани учун эрув кучайиб текис жойлардаям шарқираб бўтана оқиб ётибди. Кўлтўсинга етганимизда кўприк тагига сув сиғмай сел асфальт устидан оқаётганининг устидан чиқдик. Бир тўда одамлар чиқиб томоша қилаётир. Биз ўтсак бўладими деб сўрадик. Ўтаверинг, деб қўйди бири. Қўрқа-писа ўтиб олдик. Шу кўйи Ғаллаорол туманига қарашли Гулчамбар, Оқтош қишлоқларидан ҳам ўтдик. Эртаси куни ўша биз ўтган қишлоқлардан бирини сел ювиб кетгани ҳақида шумхабар тарқалди. Яхши гапдан кўра ёмони тез ёйилади. Ҳартугул қурбонлар бўлмапти. Кейинги кун укам телефон қилиб қолдики, Кўлтўсиндаги кеча сизлар ўтган кўприкни бир соатдан кейин сел бузиб, ундан бошқа йўлнинг бир қисминиям катта жар қилиб ўйиб ташлабди. Шукрки, одам оқмаган.
Ана энди шу талофатгаям роса бир йил бўлди. Кўкламдан ёзгача Кўлтўсин орқали юрувчи транспорт воситалари бир неча чақирим наридаги Довтепа қишлоғи орқали чанг-лой кўчадан айланиб ўтадиган бўлишди. Ёзда Ғаллаоролнинг Оқтош, Кўчарбулоқ қишлоқлари кўприклари янгиланди. Айниқса, Кўчарбулоқда бундай сел-тошқинларга бемалол дош берувчи катта кўприк қурилди. Лекин Кўлтўсинда… ёзда ҳув йўлни жар қилиб бузиб кетган жойга одамлар шахсий ташаббус билан иккита каттакон қувур ётқизиб, устидан шағал-тош тўкиб чиқишибди. Енгил машина, микроавтобуслар амаллаб ўтса бўладиган қўлбола кўприк. Бироқ катта ҳажмга эга юк транспортлари, автобуслар ўтолмайди. Бу йўлдан ҳар куни турли юмуш билан юзлаб эмас, минглаб одамлар ўтади. Тошкент, Жиззах, Сирдарёдан Кўлтўсин, Накурт, Қудуқча ва Қўшработнинг ўнлаб қишлоқларига Заркент, Зармитан қўрғонларига, жумладан, бизнинг Тумановул, Майинтепа, Камаровул, Бойтўп, Жабутай, Қурисой, Қувкалла қишлоқларига ҳам шу йўл орқали ўтилади. Илгари одамлар йўлнинг ўйдим-чуқурлигидан нолишарди. Энди шу йўл ҳам ғанимат бўлиб қолди. Бояги қўлбола кўприк баҳорнинг илк сели келгандаёқ оқиб кетади. Шундай катта ва серқатнов йўлга муносиб кўприк солиш нима учун бошқаларни қизиқтирмайди – ҳайрон қоласан киши.
Бир ойдан ошди, тоғам янгам билан яна Тошкентга келган. Қиш-қировли кунларда қишлоқдан бирин-кетин икки жаноза хабарини эшитдик. Орада бир ҳафтача илиқроқ, ёғин-сочинсиз кунлар ҳам бўлди. Бари бир йўлни ўйлаймиз. Кечаги гаплашганимизда тоғам Кўлтўсинда кўприкнинг йўқлиги, бир йилдан бери раҳбарлар эътибор бермаётганини айтиб нолиди.
– Собир-эй, – деди сўнг, – бурун юз қўйли одамни катта бой дер эдик. Шу айби учун улар қулоқ ҳам бўлиб кетишди. Ҳозир қишлоқларнинг ўзида бурунги бойлардан юз карра бойлар бор. Машинанинг зўридан минади, уйини қават-қават қилиб қуради, тўйига фалон минг доллар сарфлаб, номдор артистни чақириб керилади. Иномарка машиналари хароб йўллардан юрса, бу йўлларни эрта-индин келиб давлат қуриб, созлаб бериши керакдай ҳаммага қўшилиб нолиб юраверишади. Қанақа юраги қотиб кетган одамлар булар?
– Тоға, булар асли давлатдан юлиб бой бўлишни фазилат деб билишади. Халқ фаровонлиги деб пул сарфлашга ор қилишади. Шунақа пишиқ бойлар булар.
– Эҳ, Ҳусан Ҳакимов яшамади-да шу кунларда. Барисини уйидан қувиб чиқиб тикка қилмасмиди! Ў, ноинсоф, пулинг бор экан, молинг бор экан, уйингнинг ичини ялтиратгунча бу ёққаям қара, кўр бўлгур, дерди. Ҳа, айтарди шу гапларни. Ёки кўприклар учун мутасадди бўлганнинг эшиги олдида итдай ётиб оларди. Ҳай, аттанг, қадри ўтди-да баччағарнинг.
Яқинда дунёдан ўтган биринчи адабиёт устозим Омон ака Қўчқоров тоғамнинг тенгқури эди. Маъракаси ҳам ўтибди. Йўлни ўйлаймиз. Қўшиқдаги “йўллар олис, отим ориқ, етолмайман-ей” деган сатрлар эсга тушади. Ҳолбуки бу йўлларга полвон отлар ҳам дош бериши қийин энди. Қишлоғимиз узун сойнинг икки бетида жойлашгани учун орада 4-5 та кўприк қурилган. Бултурги сел уларниям омон қолдирмаган. Бир эпини қилиш одамларнинг ўзига ҳавола. Ҳокимга ёзадими, у келиб кўриб ёрдам берамиз дейдими, лекин охир оқибат, барибир гап ўзларида қолади. Бир ташаббускор оқсоқол жон куйдирмаса қийин.
Мана, йўлга чиқдик ҳам дейлик. Ғаллаорол, Маржонбулоқ йўли билан энди юриб бўлмайди. Чунки Кўлтўсиннинг бултурги кўприги ўрнида бугун ҳайҳотдай жарлик бор. Жарлик тагига қилинган омонат кўприкни кичкина сел ҳам чалпак қилиб ташлабди. Шу боис Самарқанд ёки бўлмаса Жомбой, ундан Пойариқнинг Эшимоқсоқ қишлоғи орқали Челак, Митан, Қўшработни айланиб бориш керак. Унда камида 70 чақирим ортиқча йўл босишга тўғри келади.
Тоғамга айтдим:
– Ҳадеб Ҳакимов деяверманг. У одам энди кетди. Ҳозиргилар жуда закунчи. Бировга бир нарса дейиш қийин. Бор йўлдан юриб тураверамиз. Шунисигаям шукр. Биздан кўра кўлтўсинликларга қийин, чунки жарлик бир қишлоқни қоқ иккига ажратиб қўйди, бизлар бўлса… шу қишлоқдан ўтиб-қайтувчи йўловчилармиз, холос. Шундай эмасми? Эртага отланаверинг, йўлга тушамиз!
Йўлга тушармиз, бориб ҳам келармиз.
Тасаввур қиламан: чўққисоқол, чорпахил, юзни қоралаган оқсоқол Ҳакимов 600 та йилқиси бор янги замон бойи Абдураҳмоннинг дарвозасини уряпти. Абдураҳмон чиқиб чолни жеркияпти. Тахминан бундай дейди: “Ну и что! Транспорт налогини бензинга қўшиб тўлаяпманми – тўлаяпман. Фермер хўжалигидан йўл солиғини қуртдай ундириб олишяптими – олишяпти шоввозлар! Олиб қаёққа бекитишяпти? А, қаёққа бекитишяпти? Ана, ўшалар қуриб беришсин кўприкни! Сизнинг замонингиз ўтди, бобой!”
“Бобой” мулзам тортиб қолар эди, эҳтимол.
Эҳтимол чиндан ҳам замони ўтганига афсус чекарди. Лекин ўзибўларчиликка чидай олмас эди.
Оқсоқолчилик шунда керак!
Ҳа, ҳар элга бош керак!
“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 2-сон.