ДАРС
Кузнинг ёмғирли кунларидан бирида Миллий университетимиз қошидаги Олий адабиёт курси талабаларига дарс ўтишим кераклигини айтиб қолишди.
— Бормасангиз бўлмайди, планга киритиб қўйганмиз, шоирлик, шеърият ҳақида, тажрибангиз тўғрисида ўртоқлашсангиз, талабалар кутишади, — деди уларнинг «ўнбоши»си, озғин қорамтир шоир йигит.
Мен ҳазиллашгандек бўлдим:
— Шоирлик плани тўлиб-тошиб кетган, ҳозир пландан ташқари ишлаяпмиз.
Минг бир истиҳола билан, неча андишаю иккиланишлардан сўнг боришга рози бўлдим.
Кейин ўзим ўйланиб қолдим.
Менинг ўртоқлашадиган, ўргатадиган тажрибам бормикан? Ўзим шунга эҳтиёжманд бўлсам, тажриба ҳақида гапиришим кулгили кўринмайдими? Сўзга, шеърга муҳтож бўла туриб сўз ҳақида, шеърият, шоирлик хусусида шакаргуфторлик қилишим, ақл ўргатишим жуда ғалати-да.
Бу дарс менинг ўзимга ҳам хийла фойда берди. Мен ўзимни ҳам талабалар қаторида яна бир карра имтиҳондан ўтказгандек бўлдим. Маълумки, ҳар қандай дарс мисоллар, тамсил ва муқоясалар билан, улуғлар, узтозлар айтган ҳикматона гаплар, улар ҳаётида кечган ибратли воқеаларни эслаш билан жонли ва мукаммалроқ чиқади.
Хулласки, дарсимдан кўнглим тўлмади. Лекин шу баҳонада шеърият, шоирлик ҳақида ўйлаб юрганларим, дафтарларимга йўл-йўлакай ёзиб қўйганларим, китобларда белгилаб қўйганим ўзимга ёққан, таъсир этган гаплар, мисолларни; ўзимни қийнаб юрган мулоҳазаларни фикр ипларига тизишга уриндим. Муҳтарам домлалар, зукко устозлардан изн сўраб шуларни қоғозга туширишга журъат қилдим. Бинобарин, «бир каттанинг гапи, бир кичикнинг гапи» деганларидек, бу мулоҳазалар менинг ўзимга ҳам қаратилгандир, уларда тилга олинган талаблар ўзимга ҳам қўйилган талаблардир.
ШЕЪРИЯТДА «КАЛЛА» МАСАЛАСИ
«… Дорилфунунда ўқиб юрган пайтларим ёшлар газетасига машқларимни олиб боравериб редакция ходимларига анча яқин, синашта бўлиб қолган эдим. Улар менга ўз аъзоларидек қарашар, хоналари ҳам, бағирлари ҳам мен учун ҳамиша очиқ эди.
Бу сафарги келишим тушлик вақтига тўғри келгани учун идорада ҳеч ким йўқ, адабиёт бўлимига кириб бемалол қоғоз, газеталарни титкилаб ўтирардим. Бир маҳал эшик очилиб, ўрта ёшлардаги бақалоқ киши киришга рухсат сўради. Мени бўлимнинг ходими деб ўйлади шекилли, дарров мақсадга кўчиб қўя қолди:
— Яхшимисиз, ука? Шу, энди, шоирчилик-да, шеърларимни об келувдим, бир кўрсангиз, маъқул бўлса, газитда…
Мендан олдин ҳам кўп қўллардан ўтган, кўрилавериб саҳифалару муқовасида деярли фарқ қолмаган семиз дафтарни қўлимга тутқазди.
Ёши анча-мунча катта киши, менга – бир ёш болага элангандек мўлтайиб турибди, шунинг учун сирни бой бермадим-да, адабиёт бўлимининг росмана ходимидек ишга киришиб кетдим. Шеърлар катта-катта ҳарфларда, боз устига шунчалик тиғиз кўчирилгандики, дафтарда ҳошия тугул, таҳрир учун бир сўзлик жой ҳам қолдирилмаган эди. «Боғ — тоғ», «сув — юв» қабилидаги қофиялар жуда сероб бу «сайланма»ни ўқиб чиққунча, сиқилиб кетсам-да, «муаллиф»га билдирмасликка ҳаракат қилдим, ҳатто кўнгли учун битта-яримта шеърини мақтагандек ҳам бўлдим. Шу пайтгача камгап, тортиниб ўтирган оғамиз мақтовимдан кейин бирдан руҳланиб сайрай кетди. Таржимаи ҳолию, «ижод, шеърият йўлида чеккан заҳматлари»ни, ҳар бир шеърининг ёзилиш тарихигача гапиравериб чарчаб кетди. Ниҳоят, бир қизиқ сирини ошкор қилди:
— Биласизми, ука, шу шоирчилик-да, нимагадир мен бошимни иссиқ сувда яхшилаб совунлаб ювганимдан кейингина яхши шеърлар ёза бошлайман. Нимага шундай экан-а? Ювган пайт калла қизийдими ё, шунинг учунмикан-а?..»
* * *
Юқоридаги воқеа ҳозирда ҳаёт бир устозимизнинг эсдаликларидан келтирилди – бундан қирқ йил олдинги эски гап. Бироқ унда йўл-йўлакай, шунчаки тилга олинган бир сўз ҳамон эскирмайин, қадду қоматини кўз-кўз қилиб турибди. Қанча улуғ, азамат шоирлар дунёдан ўтиб кетдилар, бу сўз ҳамон тирик. Бозор иқтисодиёти унга жуда қўл келган, ҳомийларни ёллашни, пул топишни боплайди, эпчил, уддабуро. Тап тортмай «Биз ҳам бир китоб чиқармоқчи эдик» ёки «Бир китоб чиқарувдик», дея устозларнинг ҳаловатини бузиб, ғашига тегиб сўз ёздириб олиш, дастхат ёзиб бериш мақомигача етишган у. Бу сўз – биттагина, лекин қиёфалари кўп, шакл-шамойиллари бисёр, уларнинг «муборак башараларини сиз йиллаб кўрмайсиз» (А. Орипов), бироқ дидсизликлари, сийқа-саёзликлари ўзларига ўхшаган, Навоийдан бехабар, китоб ўқимайдиган «санъаткор»лар боис оммавий саҳналар, радио-телевидение каналларини, тўй-ҳашамларни ҳам ишғол қилиб бораётир.
Дурустгина овози бор бир ашулачи оғайнимизга мутолаа ҳақида сўз очсам, аввалига хизматнинг кўплигини рўкач қилди, сўнгра кишини хавотирга соладиган, ўйлантириб қўядиган гапни айтди:
— Бизнинг ўзимизнинг шеър цехимиз, цех бошлиғи – шоиримиз бор. Ҳамма жиҳозлар, компютергача муҳайё. Мусиқаси, соққасини берсак бас, ярим соатда шеърни чиқариб беради.
Шоирчилик-да, «Муҳаммад Юсуф кетди, қўшиқ бозори энди бизники, истаганча тақлид, сўзбозлик, сўзфурушлик қилсак ким нима деёлади» қабилидаги бир иддао, нописандлик, халқнинг кўзи ўнгида ҳақиқий шеър, муборак сўзнинг иззат-ҳурмати устига чиқиб олиш… Висоцкий ўлгандан кейин тақлидчилари кўпайиб, қўшиқлари, шеърлари бозорга – чайқовчилар қўлига ўтиб даромад манбаига айланганидан ўкинган бир шоир «ҳаёт тугаб, энди савдо-сотиқ бошланди» деган экан. Худога шукур, бизнинг бўстонимиз ҳеч қачон булбулсиз қолган эмас. «Бахши бўлолмасанг, қайрағоч бўл», дея шогирдига насиҳат қилган устознинг мақсад-муддаосини илғаган бўлсангиз керак. «Қайрағочнинг жилла қурса сояси бўлади, одамлар соясидан баҳра олади, қўйинг ука, сизга Худо буюрмаган экан, ўзингизни ҳам, ўзгаларни ҳам қийнаманг, бошқа бирор фойдалироқ юмушнинг этагини тутинг» деган маънонинг назокат билан айтилганидир бу. Дарҳақиқат, калланинг ўрнига компютерни, кўнгилнинг жойига дискетни қўйиб, чин шеър ё қўшиқни айтиб бўлмайди. Бунинг учун Худо берган нурли дард тўла кўнгил, дидли, фаросатли калла керак бўлади. Машраб бобо ҳам айтганлар-ку:
Йиғламоқ осон эмасдур, эй жигарбандим эшит,
Мулки дил садпора бўлган сўнг кўзингдан нам келур.
* * *
Устозимиз эслаган воқеадан роппа-роса қирқ йил кейин, яъни шу яқин ўтган кунларда Ёзувчилар уюшмасининг маслаҳатчилари хонасида қўлёзмаларни кўриб ўтирган эдик, эшик «ғийқ» этиб очилиб, аввалига иккитами-учтами семиз папка, бу папкаларни ушлаган биққи қўл, сўнгра бинойидек бир қорин, бу қоринни эринмай кўтариб келган улкан гавда, шундан кейингина лагандек бир юз билан шунча дов-дастгоҳни бошлаб келган саватдек бир бош кўринди.
Олтмиш билан етмишнинг нари-берисида бўлган зотнинг иззати учун ҳаммамиз ўрнимиздан туриб, мулозамат кўрсатдик. Юмшоқ ўриндиқдан жой бердик. Ҳол-аҳвол сўрашиб, бир пиёла чой ичгач, ўзини таништирди-да, папкалардан бирини оча бошлади.
— Булар менинг ёшлигимдан то ҳозирга қадар ёзган шеър-достонларим. Мана бу иккита папкада кейинги пайтда ёзган романим, ҳозир иккинчи роман устида ишлаяпман, учинчи романимни калламда пишитиб юрибман, Худо хоҳласа, у ҳам ёзилса керак…
Ҳаммамиз ҳангу манг бўлиб қолдик. Табиийки, бу кишининг номини мутлақо эшитмаган эдик, нотаниш бир одамнинг дабдурустдан бирданига шунча «асар»ни олдимизга тўкиб ташлаши ҳам кутилмаган ҳодиса, ҳам ғалатироқ эди. Биз ҳали бирор муносабат билдиришга улгурмайин, отахон яна сўзида давом этди:
— Биласизларми, укалар, ҳаётда ҳамма нарсани кўрдим, катта амалларда ишладим, ўғил-қизларим уйли-жойли, невара-чевараларим кўп, ҳеч нарсадан, ҳеч кимдан камимиз йўқ, фақатгина бир орзу-армоним қолган, шу асарларим китоб бўлиб чиқса, ёзувчиларга аъзо бўлсам…
— Сал кеч кебсиз-да, отахон, — деди чидай олмай маслаҳатчилардан бири.
— Ишингиз бўлмасин ука, катта амалларда ишладик, элга фойдамиз тегди, мана энди бўш вақтимиз кўп, ижодимизни ҳам халқ билиб қўйсин деяпмиз-да.
… Кўриб турганингиздек, бу ўринда ҳам изоҳнинг ҳожати йўқ. Албатта, бировга, у ёшми, қарими – ёз ёки ёзма деб айтиб бўлмайди. Бу – унинг шахсий иши. Ҳавас ё майл қилган экан, ўзи билади. Ҳозир, энг ажабланарлиси, «оилавий китоб»лар ҳам чиқиб кетаяпти. «Шеърлар. Достонлар», «Хотиралар», ҳатто «Насиҳатнома», «Ўгитлар» чоп этилаяпти.
— Э, билмас эканмиз-да, кўрмай қолибмиз-да, — десангиз, «муаллиф»лар «Ҳа, энди, бола-чақага биздан бир ёзма эсдалик ҳам қолсин-да, шундоқ ният қилувдик», деб дарров сизга дастхат ёзиб беради, яна қўшимча қилиб қўяди:
— Шу китобни ёзувчиларни тўплаб бир тақдимотини ўтказсак, қандоқ бўларкан-а?
Келтирилган мисолларнинг адабиётга дахли йўқдир балки, лекин адабий жараён деб аталмиш беором, беҳаловат бир уммон қаърида, гирди-атрофида шундай ҳолатлар ҳам авжланиб бораётганини, у миллий назокат, боболардан мерос юксак дид-фаросатга мутлақо зид эканини, маънавиятга, ёшларнинг ахлоқи, тарбиясига акс таъсир этаётганини тан олмасдан иложимиз йўқ.
ЎЗ ОТАНГНИНГ ЭШИГИ ЁХУД
ВАТАН ҲАҚИДА ҚАНДАЙ ЁЗМОҚ КЕРАК
Шоирлик, агар уни Худо тақдир қилган бўлса, ота уйдан, ўз отангнинг эшигидан бошланади.
Болаликдаги сомонларнинг ҳиди бир умр димоқдан кетмайди.
Болаликдаги жилғалар — шоирликнинг қон томирлари, дашту далалар, қир-адирлари — муқаддас варақлари, сиз илк шеърларингизни шу табаррук саҳифаларнинг сўқмоқларида юриб, қадамларингиз билан ёза бошлагансиз.
Хуллас, шоирлик нима, шеъриятни қандай изоҳлаш мумкин? Гулмидир, райҳонмидир, жамбилмидир, нима у? «Нодонға хомушлиғдин яхши нарса йўқдур, — дебдилар шайх Саъдий Шерозий, — агар муни билса эрди, нодон бўлмас эрди». Ул зот «Гулистон»да яна бир тамсилни келтирадилар: «Бир чаёндан сўрдиларким, қишда недин ташқарига чиқмассан?». Чаён деди: «Ёз чиқиб на ҳурмат кўрдимки, қишда чиқиб на ҳурмат кўргайман?».
Бу тамсиллар – ҳикматлардир, ҳикмат эса тушунтирилмайди, қабул қилинади, хулоса чиқарилади, ундан ибрат олинади.
Раҳматли Қодир бахшининг «Ётиблар ичган-а сувларим» деган сатри ҳам шеър, шеърият. Шоирлик шу «ётиблар ичган сувлар»да. Ота уй, унинг эшиги, она юрт ҳақидаги шеър ҳам шудир. Бу ҳам шарҳланмайди.
Ёт элларнинг боғи билан боғчаси
Ўз юртимнинг янтоғича кўринмас, —
дейилади халқ қўшиқларида. Ҳар гал эшитганда бағирлар бир жимирлаб кетадиган бундай сўзлар Ватан ҳақидадир. Раҳматли момомнинг бир ашулалари бўларди. Болаликдан ёнларида юриб кўп эшитганман, ҳар гал айтганларида қизиқ ҳолатларга тушардим. У нолалар ҳали ҳам қулоғимда, нола эмас, сув бўлиб кетган кўнгилдай:
Аввалги бахтим —
Гулларга тахтим.
Кейинги бахтим —
Сувларга оқдим.
Демак, шеъриятда Ватан – азалий ва абадий мавзудир.
Устозлар мактабидан сабоқ олиб, ўзимнинг фақиргина тажрибамдан келиб чиқиб, шуни айтиш мумкинки, ўта нозик бу мавзу, айниқса, сохталикни, ёлғонни кўтармайди. Сунъийлик гавҳар шодалари ичидаги мис тангадай дарров билиниб қолади. Албатта, шоир киши аввалдан ўйлаб, ҳозирлик кўриб «Бу кеча Ватан ҳақида бир шеър ёзай» деб ёзув столига ўтирмайди. Ҳар қандай шеър ҳам А. Вознесенский таъбири билан айтганда, аввало кўнгилда, руҳда «рўй бермоғи» керак. Худди осмондаги чақмоқдек, дарё тошқинидек воқеа-ҳодисалар рўй бермоғи мисол.
Биз – серсукут бир юртнинг фарзандларимиз. Оғир, залворли тоғлар, хомуш адирлару тилсиз миноралардан жим-жит мақбаралару гумбазларга қадар, азим бобо чинорлардан то осмонларгача ястаниб, юксалиб кетган бу юртда тошларнинг ҳам юрак-бағри бор, қадим мозорлари сассиз, товушсиз садоларга кўмилиб ётибди.
Улуғ аждодларнинг мангу ўйчан нигоҳлари, ҳазрат Навоий, Машраб бобонинг ҳорғин сиймоларию Фурқат, Муқимийлар, Қодирийлару Чўлпонларнинг тилсиз-забонсиз кўзлари умидвор тикилиб турибди. Бу мулкда Худо кўнглига бир гапни солган киши шу мўътабар сукутларни, улар замиридаги қатлам-қатлам сўзни ўйлаб, шу улуғвор Сукунат эҳтиромини сақлаб сўз айтмоғи керакдир.
— Қани оғайни, келибсиз, хушгина келибсиз, буёққа ўтиринг-чи, бу адабиёт бўлгандан кейин, оёққинани артибгина киради, — деганда устозимиз айнан шу эҳтиромни назарда тутганлар.
Қўл қадоғини нон иситади, кўнгил қадоғини яхши шеърлар ила илитмоқ мумкин.
Худди кўприклар солиб, йўллар, бинолар қуриб юртни, манзилу маконни обод этган янглиғ, таъбир жоиз бўлса, шеърларнинг йўл-кўприклари ила, салмоқли, муносиб сўзнинг муҳташам обидалари ила кўнгилларни обод этмоқ, элнинг шаъну шавкатини кўтармоқ лозим бўлади. Ватаннинг ўзи сўнмас, туганмас Улуғвор бир Сўздир. Унинг қошида шеърий майдакашлик, «лирик» нағмалар қилиб бўлмайди.
Шеър «Ассалому алайкум» сўзи сингари ёруғ, «Дунё» сўзи мисоли бепоён, «Хайр» сўзи янглиғ нигорон, «Алвидо» сўзи каби интизор ва тушунарли бўлмоғи керак.
Алқисса, шеърият нима? Бир йиллар Андижонда бир тўй бўлган эди. Келинчакни олиб чиқаётганда қизлар бундай «Ёр-ёр» айтишувди:
Ўз отангнинг эшиги
Ифор эшик, ёр-ёр.
Ўтсанг –кетсанг сочларингни
Силар эшик, ёр-ёр.
Шеърият шудир. Андижонда ҳам, Сурхондарёда ҳам айтсангиз тушунишади буни. Худди Ватан каби, Ватан сўзи каби.
МУТОЛАА «ТУЛПОР»И
«Чунки топтим ул калом ичра камол», дейдилар ҳазрат Навоий.
Мир Алишер бобомизнинг улуғ каломлари неча асрлардан буён неча-неча авлодларни камолга етказиб, яна интиҳоси йўқ уммондек қаърида маънавий марварид, гавҳарларни яшириб турибди. Уларни олмоқ, нурдан, зиёдан яралган бу муборак уммон тубига шўнғимоқ керак бўлади, холос.
Инсон камоли. Сўз камоли.
Шоир шеъри, сўзи билан камол топади, сўзи, шеъри шоирни камолотга етказади. Мутолаа, қалб ва ҳаётнинг қатъий ички интизомига айланган китобхонлик эса унинг диди, савия, маҳоратини етукликка элтади.
Шоирнинг кўксида бошқа изтироб-армонлари қаторида ўқилмаган, ўқилиши шарт бўлган китобларнинг дарду армони ҳам бутун умри давомида зирқираб оғриб турмоғи зарур.
Ижодкор ука-сингилларимизнинг кўпчилигида, адабиётга бўлган бор орзу-ҳавасини инкор этмаган ҳолда, айниқса, йўл бошида сув билан ҳаводек керак шу мутолаанинг, саводхонликнинг етишмаслиги уларнинг ўзини ташвишга солмоғи керак. Мумтоз адабиётни қўя турайлик, аксарият ёшлар яқин ўтмишда ўтган улкан адиблар ижодидан деярли бехабар, китоб ўқиш завқу ҳаяжонидан, изланиш-ўрганиш иштиёқидан бебаҳрадек. Ғафур Ғулом муаллимнинг ғиж-ғиж билим ёлқинланиб ётган тошқин шеъриятини, Ойбек домланинг нафис-дардчил баётини астойдил билмай, ўрганмай, бугунги устозларимиз шеъриятидаги шарқона донишмандлик, маҳорат ва сўзпарварлик мактабида пишимай туриб, ўзбекона лутфу зарофатнинг фаҳмига бормайин шеър ёзиб юрмоқ — катта кутубхонага кириб, серкасини излаб юрган қўйчивоннинг ҳолатини эслатади. Шундай пайт беихтиёр Қаҳҳор домланинг машҳур эпиграфи ёдга келади: «Эй ўзингни, ҳолатингни билмаган Асрорқул».
Яна бир гап. Ёшгина шоиру шоираларнинг радио-телевизорда, турли паст-баланд суҳбатларда бемалол-бамайлихотир «Менинг ижодим» ё «Мен ёзаётган асарларда», дея гапиришлари ҳам ғалати. Бир ойсингил бўлса ҳаммасидан «зўрроқ» айтибди: «Мен адабиётга кириб келганимда ўн тўрт ёшда эдим. Менинг шеъриятимда баҳор ва севги мавзуи асосий ўрин тутади».
Шеъриятнинг заҳматкаш деҳқони Миртемир домладек зотлар ҳам айтишга ийманган залворли, юки оғир сўзларни у киши «Киприкларим» дея алқаган набиралари сабзи тўғрагандек пинак бузмай айтиб ўтирсалар – айб саналмайдими?
Расул Ҳамзат бобонинг бир ажойиб нақллари бор: «Қайсики шеърингни ота-онанг олдида ўқиб беришга уялмасанг, ўша ёзганинг яхши шеърдир».
Энди буни қаранг: «Келгин тезроқ, келгин, ечгин баданимнинг тугмаларини», дея ёзибди бир шоира қизимиз. Тилла занжирлар тақилса ҳам, Зебунисобегим айтган нозик занжир – ҳаё, ибога тўғри келмайдиган гаплар. Бу шеър Парижда ўқилса, эҳтимол, олқишларга сазовор бўлар, лекин бизда, ҳар ҳолда шеърнинг ҳам этаклари ёпиқ бўлгани маъқул.
Гап яна дид ва фаросатга келиб тақалаётир. Бу фазилатлар ҳам, юқорида айтилганидек, тинимсиз мутолаа, сидқидилдан ўқиш-ўрганиш жараёнида сайқалланиб боради.
Навоий бобомизнинг «Муҳокамат ул-луғатайн» асарларидаги «… шеърда сеҳрсоз ва назмда ҳуснпардоз шуаронинг ширин ашъори ва рангин абётидин эллик мингдин ортуқ ёд тутибмен» деган, замирида бутун бир дорилфунун яшириниб ётган табаррук сўзларини мактаб пайтиданоқ адабиёт муаллимлари қулоғимизга азондай қуйиб тарбия қилишган. Бунча минг сатр ё байтни ёдламоқ қийиндир балки, аммо қайта-қайта ўқиш, синчиклаб ўрганиш, уқиш ҳам ёдламоқнинг бир шакли эмасми?
Жаҳон адабиётини билмоқ ғоятда муҳим ва керак. Айни пайтда, мутолаа тулпори ҳам айланиб-айланиб ўз қозиғига келмоғи бордир. Отнинг устида китоб ўқиб бўлмайди, албатта. Бинобарин, отдан тушиб, эгаргинадан тушилмаса ҳам, «Ўзбек адабиёти» дейилган бетимсол бўстондан кўп ва хўп гуллар узмоқ даркор.
Ёшлик – умр, Вақт олдидаги бир мусобақа. Бу шафқатсиз беллашувда Ёшликни беҳудага Вақтга ютқазиб қўйиш ҳам ҳеч гап эмас. Акс ҳолда, Рустам Мусурмон «Лалай лалайчи келди» деганидек, устозимизнинг «Икки шоир» шеъридаги шоирлар рўйхатидан «муносиб» ўрин олиш хавфи ҳам таппа-тайин:
Бир шоир арз этди иккинчисига:
— Дўстим, шоирликдан энди воз кечгум!
Қанча интилмайин халқнинг ичига,
Шеъримни ўқимас, ўқимас ҳеч ким.
Иккинчиси уни юпатиб деди:
— Олдинроқ кетибман мен сендан кўра.
Халқ-ку ўқимасди мени ҳам, энди
Ўзим ҳам ўқимай қўйганман, жўра.
Шундай қисматдан Худо асрамоғи учун ёш ука-сингилларимиз шоирликнинг юз минг меҳнату заҳматидан ташқари симириб, сипқориб китоб ўқимоқлари зарур бўлади. Шундагина Озод домла таъкидлаганларидек, «Сўз лашкарини истаган измига сола билиш» маҳоратига эришмоқлари мумкин.
«МЕНИНГ ҲАМ БАРГЛАРИМ ТЎКИЛАЁТИР…»
Ҳазрат бобомиз лутф қилганларидек, «хазон сипоҳи»ни, «тириклик боғининг баргрези» фаслини ҳеч нима билан тақиқлаб бўлмайди. Толе ёр бўлиб, узоқ умр насиб этган бўлса, бу фаслнинг келмоғи муқаррардир.
Шоирлик – бир умр тўкилиб бориш, демакдир.
Сўз йўли – бутун умр тўкилиш, куз ва баргрезон йўлидирки, бунинг боғи ҳам, чорбоғи ҳам шоирнинг ўзидир.
Абдулла аканинг сатрини эсланг: «Бир кунда тўрт фасл кечар бошимдан».
Устоз Асқад Мухторнинг юқорида сарлавҳага чиқарилган сатрида ҳам шоирлик умрининг бутун қисмати кўзда тутилган. Бу қисмат – бир умр ўтмайдиган, кетмайдиган дардли, нурли соғинчдир. Сўз соғинчи, шеър соғинчи.
Ўзимни силкитсам – барглар тўкилар,
Хазонимни кўргил, хазонрез боғим.
Умр ўтмоқдадир, лекин бир умр
Ўтмай сил қилади мени бу соғинч.
Бир учрашувда шундай хат узатишди:
«Сиз нима учун айнан шоирлик йўлини танлагансиз?». Жуда жўн, одатий савол бўлса-да, кишини анчайин ўйлантириб қўядиган гап. Ҳақиқатан ҳам, нима учун? Мен йўлними ё йўл мени танладими? Озғингина қизгинанинг озғингина қўли узатган бу хат ортида ота-онамнинг, ака-ука, опа-сингилларим, ошною бегоналар, муаллимларим, бари элдошларимнинг сўроқ тўла кўзлари ҳар кун, ҳар соат мендан сўз сўраётгандек, гўёки бу хатчани минглаб, юз минглаб қўллар узатгану, ҳали ҳам шу алфозда ҳавода муаллақ қолиб, менинг жавоб беришимни кутаётгандек. «Беихтиёрликда борму менда ихтиёр?».
Энди аён бўлдики, шоирликнинг махсус дарслик китоби йўқ, қўлланма билан шоирликка етишиб бўлмас экан.
Романтикона бир таъриф ҳам айтилган кўринар: шоирликнинг нонуштаси – бир қатра шабнам, кечки овқатига бир томчи юлдуз ҳам етиб ортади.
«Ғафлат ҳаммомида кирим қолади». Ўз даврининг наъравор шоири нима учун бундай деган? Бугуннинг ёш шоири буни англамоғи учун Ғафур Ғулом бўлмоғи, уни билмоғи, у ўтказган хазонларни дил боғидан кечирмоғи керак бўлади.
«Зор жисмимда бўғинлар меҳнатимнинг сонидур» дейдилар Мир Алишер бобо. Яна айтадиларки «меҳнат паймонасининг журъачаши ва маломат хумхонасининг сабукаши, шайдолиқ маҳалласининг расвоси ва расволиқ кўчасининг шайдоси
Вафо бўстонининг достонсаройи
Маломат булбули, яъни Навоий.»
Шоирлик — бамисоли деҳқон кеча-кундуз ерни шудгор қилиб, гўзаллик, ноз-неъмат яратганидек, кўнгилларда чечаклар ундиргувчи ранжкашлик, фидойиликдир.
Борис Пастернакнинг ёзув-хатини қай бир адиб учаётган турналарга ўхшатган экан. Шоир ўзини куз теккан дарахтдек дафтарига тўка олсагина, сўзлари хазондай шовуллаб тўкилсагина, унинг шеърлари турналар янглиғ қалбларга кўкламлар келтиргусидир.
Шеъриятда, шоирликда, бир кинорежиссёр уқтирганидек, «бошқаларнинг мағлубиятини ўзингнинг ғалабанг, ўзингнинг ғалабангни эса бошқаларнинг мағлубияти» деб қарамаслик, ўзбекона айтганда, кенг бўлиш керакдир. «Шеърни мард одам ёзади» деган ҳақ гап устозлардан қолган.
Ҳолбуки, ҳаётда ҳаётнинг ўзидан-да гўзалроқ бир нима йўқ, шеъриятда ҳам шеъриятнинг, шоирликнинг ўзи, унинг дид ва фаросати гўзалдир.
* * *
Алқисса, шоирлик дарслари – адо бўлмас дарслардир. Бу – туганмас мактабдирки, унинг оғир синовлари, битмас ранжу заҳматларию алам-изтироблари бор, ҳаётнинг бошқа шодликларига ўхшамайдиган севинчлари бор. Шеърият – ўзга дунёдирки, унга бу дунёнинг ҳисоб-китоблари, манфаатчалари билан кириб бўлмайди. Бу қутлуғ даргоҳга қисмат эшигидан кирган янглиғ, тақдирга тик қараган мисол қадам қўймоқ керакдир. Шундай иқтидорларга шоирлик бахти ҳам, мактаби ҳам бир умр муборак бўлсин!
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2004 йил 1-сонидан олинди.