Яқинда оммавий ахборот воситаларида БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури (ЮНEП) вакилининг баёноти эълон қилинди. Унда “Тожикистондаги алюминий заводи дарёнинг қуйи оқимида жойлашган ҳудудлар, айниқса, Ўзбекистон учун жиддий муаммолар туғдираётгани” қайд этилди. Бу Ўзбекистоннинг жанубий ҳудудида юзага келган вазиятга берилган холисона баҳодир.
Бироқ, ушбу баёнот “Тожикистон алюминий компанияси” давлат унитар корхонаси (ТАЛКО) вакилларига қаттиқ таъсир қилган кўринади. “ТАЛКО” вакили Игор Сатаров ЮНEПнинг трансчегаравий ҳудудларнинг ифлосланаётгани борасидаги ташвишига қўшилиш ва аниқ далилларга асосланиш ўрнига, очиқчасига сиёсий сафсатабозликка берилиб, “Озодлик” радиосининг тожик хизматига шундай дейди: “Eкология мавзусидан сиёсий босим воситаси сифатида фойдаланиш амалиёти кенг тарқалган. Бу технология аввалдан, халқаро миқёсда айрим компанияларга ҳам, давлатларга ҳам қарши қўллаб келинади… Муаммоларга келсак, бу ерда эҳтимол, гўё Тожикистон алюминий заводи томонидан дарёнинг қуйи оқимида жойлашган ҳудудларга, айниқса, Ўзбекистонга етказилаётган экологик зарар масаласи назарда тутилмоқда. Бу борада Тожикистон томони қўшни давлатни ўзбекистонлик ва халқаро экологлар иштирокида Тожикистон ҳамда қўшни мамлакат ҳудудидаги атроф-муҳитни биргаликда таҳлил қилиш учун бир неча бор таклиф қилган, аммо Ўзбекистон томони доимо буни рад этиб келган”.
Таъкидламоқ лозимки, Ўзбекистон томони, аксинча, ҳар доим алюминий ишлаб чиқариш натижасида атмосферага чиқарилаётган заҳарли моддаларнинг атроф-муҳитга, аҳоли саломатлиги ҳамда генофондига салбий таъсир кўрсатаётганидан ўз ташвишини билдириб келади. 1994 йилнинг 17 ноябрида Тошкентда Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида Турсунзода шаҳридаги алюминий заводи фаолияти салбий таъсир кўрсатаётган ҳудудлардаги экологик аҳволни яхшилаш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланган эди. Афсуски, битимда кўзда тутилган қатор тадбирлар айнан Тожикистон томонидан ҳалигача бажарилмай келинмоқда.
ЮНEП вакиллари бошқа халқаро экспертлар билан бирга жойларда бўлиб, экологик вазият ва аниқ фактлар билан шахсан танишди ҳамда алюминий заводи саноат фаолиятининг оқибатларини ўз кўзи билан кўрди.
Бу борадаги фактлар шундан далолат берадики, корхона атмосферага қарийб 22 минг тонна заҳарли моддаларни , шу жумладан, одамлар саломатлиги ва атроф-муҳит учун ўта хавфли ҳамда зарарли 120 тонна фторли водород чиқармоқда.
Бу маълумотлар жамоатчиликка яхши маълум. Ушбу фактлар Ўзбекистон, Тожикистон ва бошқа хорижий мамлакатларнинг кўплаб расмий нашрларида (шу жумладан, “ТАЛКО” давлат унитар корхонаси чиқараётган заҳарли моддаларнинг Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятидаги айрим туманлар аҳолиси ҳамда атроф-муҳитига трансчегаравий таъсири” (Тошкент, 2010), “Форум Интернатионал” (Италия, 2010, № 23-20) чоп этилган, Тожикистон Республикаси Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ахборотларида (2005 йил 6 октябрь, № 853/1) қайд этилган, шунингдек, РEГНУМ (12.07.11), Econew.ru (12.07.11) ва бошқа ахборот агентликларининг веб-сайтларида эълон қилинган.
Атмосферага чиқарилаётган мазкур заҳарли моддаларнинг асосий қисми шамол таъсирида 18-19 соат ичида Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятидаги 600 мингдан ортиқ аҳоли яшайдиган Сариосиё, Узун, Денов, Олтинсой, Шўрчи, Қумқўрғон туманлари ҳудудига тарқалади.
Эколог олимлар ва мутахассислар томонидан ушбу ҳудуд атроф-муҳитида фторидларнинг тўпланиши туфайли ҳайвонот ва наботот оламининг таназзулга учраши, синтез ва минераллашув жараёнлари мувозанатининг бузилиши, мутатсиянинг пайдо бўлишига олиб келиши исботланган. Фторли бирикмалар аҳоли ўртасида флюороз касаллигининг тарқалишига, суяк-мушак, нафас олиш ва эндокрин тизимларининг нонормал ривожланишига сабаб бўлмоқда. Бу ҳудудда чақалоқларнинг туғма нуқсонлар билан дунёга келиши тобора кўпаймоқда.
Корхона таъсир доирасидаги ҳудудда йилдан-йилга турли касалликларнинг, муддатидан олдин туғиш ва ҳомила тушиб қолиши, туғма мажруҳлик ва ўлик туғилиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани, айниқса, жиддий ташвиш уйғотади.
Тожикистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Профилактика тиббиёти илмий-тадқиқот институти маълумотларида ҳам Турсунзода туманида кариес, пародонтоз ва флюороз касалликларига чалиниш юқори даражада экани қайд этилган. Болаларда флюороз касаллигининг тарқалиш даражаси аҳоли пунктининг заводдан қанчалик узоқдалигига қараб 45 фоизгача етмоқда.
Алюминий олиш жараёнида фторли водороддан ташқари, катта миқдорда заҳарли газлар — олтингугурт диоксиди ва карбонат ангидрид гази ажралиб чиқади. Бундай газлар одамда йирингли бронхит, ўпканинг сурункали шамоллаши, бош айланиши, мигрен, бош оғриғи, қон босими ошиши каби хасталикларга олиб келади. Ушбу заҳарли чиқиндилар бўлажак оналарнинг репродуктив функтсияларига, айниқса, хавфли таъсир кўрсатади.
Бирламчи алюминий ишлаб чиқариш ҳажмини режалаштирилаётган 517 минг тоннага етказиш оқибатида атмосферага чиқарилаётган заҳарли моддалар миқдори ҳам йилига 35-40 фоиз ошиши, бу эса минтақадаги экологик вазиятни янада ёмонлаштиришини “Тожикистон алюминий компанияси” давлат унитар корхонаси раҳбарлари наҳотки билмаса?
Бундан ташқари, ушбу минтақанинг атмосферада ифлослантирувчи моддалар тўпланишига сабаб бўлаётган табиий шароити ҳам вазиятни оғирлаштирмоқда. Айниқса, ёз мавсумида фторли водороднинг бир марта максимал даражада тўпланиши рухсат этилган контсентратсия миқдоридан 1,5-4,5 бараваргача ошади. Ернинг устки қисмида жойлашган сувларда алюминий бирикмаларининг сувда эрийдиган формалари миқдори 5 баравар ошиши аниқланган. Хўш, бу борада яна қандай далил ва исботлар керак?!
“ТАЛКО” вакиллари яна бир далил — қатор босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида Тожикистонда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 50 фоиздан ортиғи мазкур компанияга етказиб берилаётгани, ҳатто қиш мавсумида мамлакатдаги шифохоналар, мактаблар ва болалар боғчалари электр токидан узиб қўйилса-да, айнан “ТАЛКО” электр энергиясини узлуксиз равишда олаётгани ҳақида эълон қилинган далил-исботлардан ҳам яхши хабардор бўлишлари керак.
Сиёсий сафсатабозлик билан ниқобланган ҳолда, жамоатчиликдан, энг аввало, ўз халқидан рад этиб бўлмайдиган бундай далилларни яширишга уриниш, беозор қилиб айтганда, иккиюзламачиликдан бошқа нарса эмас.
Ўзбекистон экологлари кўп йиллардан буён Сурхондарё вилояти ҳудудининг Тожикистон алюминий заводи томонидан ифлослантирилаётгани ҳақидаги муаммони ҳал этиш бўйича шошилинч чоралар кўриш зарурлиги тўғрисидаги масалани ўртага ташлаб келмоқда. Ўзбекистон Экологик ҳаракати Сурхондарё вилояти жамоатчилиги билан биргаликда “Тожикистон алюминий компанияси” давлат унитар корхонасидан ҳудуд атроф-муҳити ва аҳолиси саломатлигига кўп йиллардан буён етказиб келинаётган зарарни қоплаш тўғрисида халқаро судларга даъво аризаларини тайёрламоқда. Зеро, халқаро конвенсияларга мувофиқ, ушбу корхона ҳам Ўзбекистон, ҳам Тожикистон аҳолисига етказилган зарарни қоплашга мажбурдир.
Саидрасул Сангинов,
Ўзбекистон Экологик ҳаракати Марказий кенгаши ижроия қўмитаси аъзоси, профессор
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2011).