Ойбек ўзининг ўлмас насрий асарлари, ажойиб достонлари, оташин ва майин шеърияти, жўшқин публицистикаси, ардоқли таржималари, теран маъноли адабий-танқидий мақолалари билан адабиётимиз ва умуман маданиятимиз хазинасини бойитди, халқ, миллат тафаккурининг юксалишида катта роль ўйнади. Юксак талант ва қалб қўри билан ўқилган асарлари ва ижодининг салмоғи билан Ойбек жаҳоний аҳамият касб этган улкан санъаткорга айланди.
Барча буюк ёзувчилар сингари Ойбек ҳаёти ва серқирра ижодиёти ҳам қардош халқларнинг адабиётлари, қолаверса, дунё адабиёти билан чамбарчас боғланиб кетади. Адиб, аввало, ўзбек мумтоз адабиёти, халқ оғзаки ижодиёти, шарқ халқлари адабиётларини меҳр ва ихлос билан ўрганган, улардан кучли таъсирланган. Шу билан биргаликда у жаҳон халқлари адабиётлари, айниқса, қардош адабиётларнинг энг яхши намояндаларидан ўрганган, башарият тарихи давомида яратилган кўпгина буюк асарлар Ойбек учун маҳорат мактаби, ибрат намунаси вазифасини ўтаган. “Навоий ва ажойиб мушк, озарбайжон адабиётининг буюк сиймоларидан бўлган Фузулийга бениҳоя кўнгил қўйдим. Менга шеъриятдан илк сабоқни шулар бердилар”, деб эътироф этган эди адиб.
Ойбек йигирманчи йилларда озарбайжон, турк, татар адабиёти билан қизиқади, айниқса, турк шеърияти унга кучли таъсир кўрсатди, Яҳё Камол, Ризо Тавфиқ, Абдулҳақ Ҳамид сингари турк шоирларининг асарлари адабиёт майдонига ихлосу муҳаббат билан кириб келаётган ёш шоир қалби ва шуурини ўзига ром этди. Шу даврдаги туйғуларини у бир мақоласида “Янги турк поэзиясининг асарлари мени илк марта лирик соддалик йўлида изланишга ўргатди” деб ёзган эди.
Ойбекнинг рус адабиёти билан алоқаси, атоқли рус шоир ва ёзувчилари билан ижодий ҳамкорлиги алоҳида масала бўлиб, махсус текширишни талаб этади. Бу ўринда эса Ойбек рус адабиётидан ўрганганини, таъсирланганини бир неча бор таъкидлаганлигини айтиб ўтмоқчимиз, холос. “Мен улуғ рус ёзувчиларидан кўп нарсани ўргандим. Пушкин эса менга энг яқин ва севимли бўлиб қолди”, дейди. Ойбек яна Блок шеърларининг чинакам ошиғи эди, қайта-қайта ўқирди, айрим асарлари унга ёд бўлиб кетганди: “Блок ажойиб шоир. Мен унинг нозик, туманли, сир тўла шеърларини қайта-қайта ўқирдим. Тушуниб олганимча, унинг бутун теранлигини билишга тиришар эдим. Айрим шеърларини ёддан ўқирдим. У рус тилининг бутун нозиклигини, тилсимини топган шоир”, деб ёзади “Маҳорат мактаби” мақоласида.
Ҳақиқатан ҳам, у А.Пушкин, Л.Толстой, М.Лермонтов, М.Горький, В.Маяковский, А.Блок сингари рус классикларининг ижод гулшанидан баҳраманд бўлди, А.Фадеев, В.Луговской, Н.Тихонов, С.Шчипачев, К.Симонов, Л.Бать сингари забардаст рус шоир ва ёзувчилари билан дўст тутинди. Ойбекнинг “Илҳом булоғи”, “Пушкин — рус халқининг буюк шоири”, “Чехов ва ўзбек адабиёти”, “Адабиёт, тарих, замонавийлик”, “Маҳорат мактаби”, “Менга янги дунёни кўрсатган адабиёт”, “Улуғ дўстимиз”, “Ҳурматим чексиз” каби ўнлаб мақолаларида рус адибларининг ижод сирларини чуқур таҳлил этади, рус-ўзбек адабий муносабатларининг ҳали ёритилмаган саҳифалари тўғрисида фикр юритади, бу алоқаларнинг илдизларини очишга интилади.
Ойбек бутун ҳаёти мобайнида қардош рус шоирлари, адиблари, олимлари билан мустаҳкам ижодий ҳамкорлик қилган. Халқ бахти учун курашга отланган миллий қаҳрамонимиз, адолатпарвар Маҳмуд Таробий тўғрисидаги драмаси, Алишер Навоийга бағишланган теран тадқиқоти А.Дейч билан яратилганлиги бу фикрнинг ёрқин далили бўла олади. Рус адиблари Ойбекнинг бетакрор истеъдодини юксак қадрлаб, уни мутафаккир шоир, олим ва адиб сифатида ғоятда эъзозлардилар.
Ойбек уй-музейи фондларида атоқли ўзбек ёзувчисининг рус адабиёти намояндалари билан ижодий муносабатлари доимий, самарали, кенг қамровли бўлганлигини кўрсатувчи юзлаб турли ҳужжатлар сақланмоқда. Булар адибнинг рус адабиёти вакиллари билан ёзишмалари, телеграммалар, дастхатли китоблар ва бошқа турфа хил ноёб ҳужжатлардир. Улар орасида А.Фадеев, К.Федин, К.Симонова, В.Ян каби атоқли ёзувчиларнинг Ойбекка йўллаган мактуб ва китоблари ҳам бор.
Улкан рус шоири Степан Шчипачев 1966 йилнинг бошларида Ойбекка йўллаган телеграммасида: “Азизим Ойбек: Менга юборган “Қуёш қораймас” китобинг учун ташаккур. Сенга янги зафарлар тилайман. Биродарларча қучиб, сенинг Степан Шчипачевинг” деса, К.Симонов ўз хатида қуйидагиларни ёзади: “Азиз биродарим, Ойбек! “Новый мир” журнали юбилей сонларининг бирида қардош республика шоирларининг лирик шеърларидан катта туркум ёритмоқчимиз. Бу ишга жуда катта аҳамият бераётирмиз… Биз учун ҳали рус тилида чоп этилмаган 2-3 та шеърингизни асли ва аниқ насрий таржимаси билан қўшиб юборишингизни илтимос қиламиз. Лирикани биз кенг маънода тушунамиз. Ҳар қандай мавзудаги, сиёсий темалардаги асарларгача киритишингиз мумкин…”.
Ойбек чинакам интернационалист, халқлар дўстлигининг куйчиси бўлган адиб. Унинг бутун ибратли ҳаёти ва серқирра ижоди, барча асарлари бу фикрнинг ёрқин далилидир. Турли қардош адабиётларнинг Мухтор Авезов, Берди Кербобоев, Мирзо Турсунзода, Самад Вурғун, Иван Ле, Якуб Колас, Собит Муқонов, Ираклий Абашидзе, Симон Чиковани, Собит Раҳмон, Сулаймон Рустам сингари машҳур намояндалари билан Ойбек ҳамкор ва ҳамнафас эди. ХХ аср адабиётининг забардаст романнависларидан бири Мухтор Авезов билан Ойбек ўртасидаги биродарларча дўстлик ўзбек ва қозоқ халқларининг дўстлиги каби самимий ва мустаҳкамлигининг рамзи дейиш мумкин. Бу икки улкан адиб бир-бирларини ғоят ҳурмат қилишар, ижод боғларидан баҳраманд бўлишарди. Ойбек қозоқ адабиёти ва санъатининг Ўзбекистонда бўладиган ҳафталигига М.Авезовни шахсан таклиф этган эди. Қозоқ адибининг Ойбекка йўллаган жавоб хатига, жумладан, қуйидаги дил сўзларини ўқиш мумкин: “Азиз дўстим! Шахсан йўллаган дўстона таклифингиз учун самимий, биродарларча ташаккур билдираман. Бутун ўзбек адабиёти ва Сизнинг ижодингиз мен учун шу қадар яқин, шу қадар қадрдонки, буни сўз билан ифодалаш қийин…”.
Ойбек ҳам қозоқ биродарини ғоят эъзозлар, истеъдодига тан берарди: “Мухтор оға Авезов чиндан атоқли, чиндан буюк, тоғ каби баланд, гигантдир. Мухтор оғани чуқур, жуда чуқур ҳурмат қиламан. Мухтор Авезов моҳир драматург, ажойиб ёзувчи, танилган академик, ҳақиқий олимдир.” Ойбек қардош Республикалар ёзувчиларининг юбилейлари, ҳафталиклари ва қутлуғ саналарида баъзан шахсан, баъзан мақолалари билан қатнашар, муқаррар равишда бирор салмоқли фикр билдирарди. Бундай ҳурмат ва эътибордан таъсирланган қардошларимиз унга тез-тез мурожаат этиб турардилар. Атоқли грузин адиби, “Мнатоби” журнали муҳаррири С.Чиковани Ойбекка ёзган хатида шундай дейди:
“Ҳурматли ўртоқ Мусо! Бизнинг журналимиз “Мнатоби” галдаги сонини шонли воқеа Тбилисининг 1500 йиллигига бағишлайди.
Мамлакатимиз билан азалдан дўстона алоқангизни инобатга олиб бу воқеага бағишланган, хоҳлаган шакл ва хоҳлаган жанрдаги фикрингизни йўллашингизни жуда орзу қиламиз”.
Турли адабиётларнинг К.Федин, А.Сурков, Г.Марков, В.Ажаев, М.Бажан, М.Ҳусейн, С.Михалков, F.Мусрепов, Е.Бертельс, М.Миршакар, Р.Ҳамзатов, Э.Огнецвет каби вакилларининг ўзбек ёзувчисига йўллаган мактуб, телеграмма, китоблари ҳам қардош халқларнинг Ойбек ижоди, шахсига буюк муҳаббати, рамзидек ғоят аҳамиятлидир.
Ойбек жаҳон халқлари ва қардош республикалар ёзувчиларининг дурдона асарлари билан ўзбек халқини баҳраманд этган улкан таржимондир. У Дантенинг “Илоҳий комедия”, Гётенинг “Фауст”, Байроннинг “Каин” сингари шоҳ асарларидан парчалар, Пушкиннинг “Евгений Онегин” шеърий романини, арман қаҳрамонлик эпоси “Довуд Сосуний”нинг катта қисмини, шунингдек, ўз миллий адабиётларида машҳур ва ўзга халқлар учун ҳам янгилик бўлган кўплаб асарларни она тилимизга ўгириб нашр эттирди. Таваллудининг юз йиллигини нишонлаётганимиз буюк ёзувчимиз Ойбек асарлари ҳам ўз навбатида турли халқларнинг тилларида қайта-қайта нашр этилмоқда, жаҳон халқларининг меҳр-муҳаббатини қозонмоқда.
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2005 йил, 1-сон