Бобур номидаги халқаро илмий экспедициянинг кейинги бир неча сафари буюк саркарда ва давлат арбоби Амир Темурнинг ватан ғанимларини тор-мор этиб, юрт осойишталигини, эл маъмурлигини таъминлаш ниятида олиб борган ҳарбий юришлари тарихини батафсилроқ ўрганишга бағишланди. Мазкур сафарномада экспедициянинг қадимги Дашти Қипчоқ ҳудудлари бўйлаб сафари давомида олиб борилган кузатишлар, тадқиқотлар ҳақида ҳикоя қилинади.
Чимкент шаҳри остонасида, кўчанинг ўнг юзидаги йирик ҳарфларда Соҳибқирон бобомиз номи битилган кўрсатгич тахта диққатимизни тортди. Бу Ўрдабаси тумани маркази эди. Бошқа ўлкаларда ўз элига, тарихи ё тилига оид жой ё нарсага дуч келган кишининг қалби ўз-ўзидан тўлқинланиб кетиши табиий. Биз ҳам ана шундай ҳислар оғушида дарҳол уловимизни чеккага тортдик. Ахир бизнинг олти асрдан буён мартабали шоҳсупаларда эъзозланиб келаётган Соҳибқирон бобомиз изидан юришдан айни муддаомиз ҳам шу эди-да.
Демак, йўналиш тўғри олинган экан. Чимкентда тушлик қилиб, шимоли-ғарбга қараб кетдик. Икки ён далалар, янтоқзор. Йўл чеккаларида шохлари тарвақайлаган яккам-дуккам қайрағочлар кўзга ташланади. Ўтрорга кираверишдаги рамзий дарвоза ўзига хос ва маҳобатли ёдгорликни эслатарди. Икки томонидан сарғимтил бетон ғиштдан девор кўтарилган ва иккала тарафида ҳам бургут ҳайкали. Дарвозадаги “Отирар аудани” ёзуви анча узоқдан ҳам яққол кўзга ташланиб турибди.
Атроф кўм-кўк далалар. Чапда, йўлдан анча ичкарида тераклар кўринади, ўнгдаги далалар юлғунзор, янтоқзордан иборат. Яна бир оз юрганимизда сўнг қаршимиздан “Отирар – Абу Наср Форобий ватани” деган лавҳа чиқди. Кўчанинг икки четида тез-тез ҳикматли сўзлар, мақоллар ёзилган тахтачалар учраб турарди. Менга, айниқса, “Отанинг тилаги билан юраги бирдир”, деган ҳикмат маъқул тушди. Ҳақиқатда ҳам шундай-да. Лекин буни ҳамма фарзандлар ҳам билади, дейиш қийин.
Оқтепа овулидан ўтдик. Кейингиси “Темир овули” эди. Овул, қишлоқ деган жойларда атрофга аланглаб қоламиз. Катта йўлдан хийла ичкарида, чўлнинг ўртасида дўппидеккина уй-жойлар кўринади. Амир Темур номидаги темир йўл станцияси ҳам шу тарафда экан. Салдан кейин йўл икки ёққа қайрилиб, ўнгга – Ўтрорга, чапга Арслонбоб отага олиб бораркан.
Абу Наср Форобийнинг иззат-икроми у таваллуд топган ҳудудда жойидалиги, уни муносиб эъзозлашлари сезилиб турибди. Аллома сиймоси акс эттирилган паннолар шундай тасаввур уйғотади.
Арслонбоб ота
Кун аллақачон қайтиб, қуёш ўнг елкамизга ўтган, биз энди жанубга қараб борардик. Арслонбоб ота мақбараси Темир овули марказида, Туркистон йўлининг чап тарафида, гузардан юз қадамча масофада эди. Арслонбоб ота ХII асрда Марказий Осиёда пайдо бўлган тасаввуфий тариқатнинг машҳур намояндаси Хожа Аҳмад Яссавийнинг бобоси ва илк устози бўлган. Демак, унинг шу атрофда туғилгани ва яшаб ўтгани аниқ. Ҳолбуки, халқ орасида Арслонбоб ота тўғрисида турли талқиндаги ривоятлар мавжуд.
Кеч кириб қолаётгани учун мақбарани зиёрат қилгани ошиқдик, лекин барибир хотиржам кўришга улгурмадик. ХII асрда қурилган, 1907 йили қайта барпо этилган мақбарага элтувчи йўлаклар шинам, анча-мунча манзарали дарахт ҳам экилган, теваракда эса, турли даврларда яшаб ўтган уламолар ва бошқаларнинг қабрлари кўп, катта-кичик сағаналар, ҳужралар бор.
Гузардаги мўъжазгина меҳмонхонада тунамоқчи эдик, пашша кўп, дейишди. Оқшом чўкканига қарамай, Туркистонга қараб йўл олдик. Катта чўлни қоқ иккига ёриб ўтган кўчанинг давоми ҳам илон изидай эгри-бугри бўлса-да, ҳар ҳолда текис эди.
Туркистон. Аҳмад Яссавий
Туркистон. Сирдарёнинг ўрта оқимида жойлашган бу қадимий шаҳар азалдан муҳим ҳунармандчилик, савдо марказларидан бири бўлган. Милодий IV-Х асрларда Туркистон ўрнида Шавгар (Шавожар) шаҳри мавжуд бўлган. ХII-XVI асрларда Ясси деб юритилган Туркистон номи Амир Темур замонидан бошлаб истеъмолда. Ўша даврларда уни Ҳазрати Туркистон деб ҳам атаганлар. Амир Умархон даврида Қўқон хонлиги таркибига киритилган. 1864 йили шаҳарни Россия босиб олган. Ҳозир Жанубий Қозоғистон вилоятига қарайди.
Туркистонга кечки соат тўққизларда етиб бордик. Шаҳар хийла ораста ва кўркам экан. “Ойтўлсин салтанат саройи” мажмуаси таркибидаги меҳмонхонага қўндик. Чарчоқ ҳиссини босиб дам олдик. Эрталаб барвақт туриб, Аҳмад Яссавий зиёратгоҳига йўл олдик.
“Туркистоннинг шайх-ул машойихи” (Навоий таъбири) Хожа Аҳмад Яссавийнинг номи ва ижодий фаолияти, тариқати Турон — Туркистонда кенг тарқалган. Аҳмад Яссавий ўз дунёқарашини бутун мусулмон оламига таратди ва туркий тилдаги ҳикматлари билан шуҳрат қозонди.
Шу ўринда атоқли ёзувчи ва тилшунос олим Пиримқул Қодировнинг “Аҳмад Яссавий ҳикматлари ва унинг адабий мактаби шарқда Мўғулистон чегараларигача, шимоли-ғарбда Волга бўйларигача, жанубда Мисргача бўлган шундай кенг ҳудудларда ижод қилган шоирларни бир адабий тил атрофига жипслаштиргани ва хилма-хил шеваларда сўзлашган туркий халқларнинг ҳаммаси учун умумий бир дорилфунун бўлиб хизмат қилгани илм-фанда ҳали ўзига яраша баҳо олгани йўқ”, деган сўзларини эсладим.
1041 йили Туркистон музофотининг Сайрам (қадимда Исфижоб) қишлоғида Шайх Иброҳим оиласида таваллуд топган Аҳмад Яссавийни дастлаб бобоси Арслонбоб ота тарбиялайди, сўнг илму дунёқарашини такомилига етказиши учун уни Бухорога, Юсуф Ҳамадоний ҳузурига юборади… Яссавий қабри тепасига вафотидан кейин кичик бир сағана тикланган. ХIV асрда, аниқроғи, 1397 йили Амир Темур Туркистонга ташриф буюриб, мазкур даҳма ўрнида йирик меъморий мажмуа бунёд этиш тўғрисида фармон беради. Бино битгач, унга вақф ерлар ажратишни тайинлайди (Соҳибқироннинг бу борадаги ҳужжати – “Иноятнома – вақфнома” ўн тўққизинчи асрда ҳам амалда эди). Яссавий мақабараси ўзининг кўлами жиҳатидан ўша замонда бунёд этилган Самарқанддаги Амир Темур жомеъ масжиди, Кешдаги Оқсарой ва Дор-ус сиёдатлар қаторида эди.
Мажмуа дастлаб жамоатхона, гўрхона, масжид, катта ва кичик оқ саройлар, китобхона, ҳалимхона, қудуқхоналардан, икки қаватли ҳужралар, ўттиздан ортиқ катта-кичик хоналардан иборат бўлган. Табиийки, энди уларнинг ҳаммаси ҳам мавжуд эмас, мавжудлари кўргазмали ашёга айланган.
Мажмуанинг қимматли мулк-бойликларидан бири улкан дошқозондир. Асосий катта хонанинг ўртасида “қўр тўкиб” турган бу ноёб идиш ҳажми жиҳатидан дунёда яккаю ягона бўлса ажабмас. Шўро даврида ана шу нодир осори атиқа ҳам Санкт-Петербургдаги Эрмитаж музейига олиб кетилган эди. Яссавий зиёратгоҳи бугун ҳам атрофга салобат тўкиб турибди. ЮНЕСКО томонидан жаҳон маданий мероси рўйхатига киритилиши мазкур ёдгорликнинг қиммати ва дунё меъморчилигидаги аҳамиятидан далолатдир.
Ҳудудда асосий мақбарадан ташқари Темурий шоҳ ва забардаст олим Мирзо Улуғбекнинг қизи Робия Султон бегим даҳмаси ҳам бўлиб, у ўн бешинчи аср охирроғида барпо этилган экан, демак, малика шу заминда яшаган ва дорилбақога рихлат қилган. Кейинчалик мажмуа депарасига бошқа таниқли зотлар ҳам дафн этилган.
Зиёратдан қайтар эканмиз, Яссавий бобомиз руҳи бизни кузатиб қолаётгандай дам-бадам тўхтаб, ортимизга қайрилиб қараб қўярдик.
Ўтрор
Ўтрор Туркистон – Чимкент йўлининг чап ёғида жойлашган. Бир неча гектар тепаликдаги шаҳар харобалари ҳам овул йўлидан ичкарироқда бўлиб, унга улов қўйилмас экан.
Дарвозадан ўтиш билан чап ёндаги лавҳада қадимий Ўтрор шаҳри таржимаи ҳолининг қисқача шарҳи битилган. Унда, жумладан, шу номдаги воҳанинг VI — VIII асрлардан мавжудлиги, IХ аср ёзма манбаларида савдо ва маданий марказ сифатида тилга олингани ва бошқа муҳим маълумотлар қайд этилган.
Биз машинадан тушаётганимизда ичкаридан чиқиб келишаётган бир гуруҳ сайёҳларга кўзимиз тушди. Улар Чингизхон вайрон қилган Буюк Ипак йўли бўйлаб саёҳат қилиб юришган японлар экан.
Ўтрор харобалари Фороб қишлоғи йўлидан 300-400 қадам кун чиқишда бўлиб, икки ён Миртемир сўзлари билан айтганда “нақ қумлоқ чўл”. Сийрак ўт-ўланлар қуриб, қовжираб ётибди.
Хароба ҳолдаги мадраса, хонақоҳ, сарой, масжид деворлари, мезанага олиб чиқувчи зинали айлана йўлаклар, ўртада катта бир қудуқнинг нишоналари сақланиб қолган. Аксарият бино, иншоотларнинг пишиқ ғиштдан барпо қилингани кўриниб турибди. Айтишларича, Ўтрор шаҳарчаси қадимда 150 гектар майдонни эгаллаган, қалъа ўрни эса 20-30 гектардан кам бўлмаган.
Қайтишда шу манзилга қоровуллик қилаётган Бовуржон исмли йигит чап томондаги тепаликда узоқдан қанот қоқиб турган улкан қушни эслатувчи иншоот томон бошлади.
— Бу шаҳар ҳаммоми бўлган, — деб тушунтирди йигит. — Унга Сирдарёдан сув келтирилган.
Мазкур ҳаммом қолдиғи 2004 — 2008 йиллари ЮНЕСКО ҳомийлигида бир оз тикланиб, томи темир ва қалин тунука билан ёпилган экан. Бинобарин, соҳибқирон Амир Темур бобомиз Чин мамлакати сари йўл олиб, бу жойда бежиз тўхтамаган – Ўтрор ўша даврлардаёқ маданий жиҳатдан юксалган, муҳим иқтисодий-сиёсий аҳамиятга молик қалъа, Туроннинг нуфузли шаҳарларидан бўлган.
Қолаверса, Соҳибқирон бобомиз Туркистондаги Арслонбоб ота, Аҳмад Яссавий каби улуғ алломаларнинг қабрларини тавоф айлаш учун ҳам бу ўлкага тез-тез ташриф буюриб турган бўлса, ажаб эмас… Катта қор ёғиб йўлларнинг тўсилиб қолиши Соҳибқиронни Ўтрорда тўхташга мажбур қилади ва у шу ерда касалланиб, вафот этади. Бинобарин, Ўтрор – буюк Темур умрининг сўнгги кунларига гувоҳ бўлган манзил сифатида ҳам тарихда қолган. Шаҳар харобаларининг бизни ўзига чорлаши, шунингдек, бу кўҳна заминга сафаримизнинг яна бир боиси улуғ бобокалонларимиздан бири Абу Наср Форобий қадамжоларини ҳам зиёрат қилишдан иборат эди. Зеро, ўша замонларда Туркистонгинамас, Дашти Қипчоқнинг катта бир қисми ҳам Соҳибқирон давлати тасарруфида бўлган.
Эски Иқон. Устоз мозийгоҳида
Айланиб, Чимкент — Туркистон йўлига чиққанимизда масофанинг қарийб учдан бирини босиб ўтган эдик. Биз катта йўлдан ўнгга – Чимкентга қараб юришимиз лозим эди. Эски Иқонга – Миртемир қишлоғига бориш учун эса чапга – камида 45 км. қарама-қарши тарафга кетиларди. Мен секин Муҳаммад Али акага “Зокиржон акага айтмайсизми, мен қувватлайман”, дедим.
— Шу юртга келиб, устоз Миртемир музейини кўриб кетмасак қандай бўларкин, Зокиржон ака, — аста гап бошлади адибимиз.
Музей берк экан, Зокиржон ака Машрабов олдида хижолат бўлиб турган эдик, худо етказдими, бир жувон келиб қолди ва бизнинг Ўзбекистондан эканимизни билиб суюнганини яшириб ўтирмади. Исми Ойсултон, 1986 йили Низомий номидаги педагогика институтининг бадиий графика факултетини битирган. Лекин журналистикага қизиқиши устун келиб, Эски Иқонда чиқадиган “Яссавий нури” ҳафтаномасида ишлар экан.
Музейга Миртемирнинг жияни Элбек қараб тураркан. Ойсултон одам юборди. Газета муҳаррири Бобур Раҳимов ҳам, Элбек ҳам бир пасда етиб келишди. Музей катта йўлнинг ўнг томонидаги хиёбонли майдондаги алоҳида бинода бўлиб, тўрт хонадан иборат эди. Унинг пештоқига ”Миртемир атиндағи адабиёт музейи”, деган лавҳа ёзилган.
Музейдан Миртемир домла ҳаёти ва ижодига доир, шоирнинг турли даврларда китоб ҳолида, вақтли нашрларда чоп этилган асарлари ҳамда у ҳақдаги мақолалар, фойдаланган буюмлар ўрин олган. Қарноқда, Коризда, Қорачиғда, Сайрамда таваллуд топиб, Тошкентда ўқиган ва ижод қилаётган шоир-ёзувчиларнинг суратлари, китоблари ҳам қўйилган. Зотан, Одил Ёқубов, Суннатилла Анорбоев, Носир Фозилов, Саъдулла Сиёев, Ғаффор Мўминов, Раҳимжон Отаев, Мирпўлат Мирзолар номи, ижодини ҳам устоз Миртемирдан айро тасаввур қилиш қийин.
Устоз Миртемир ёди ҳар қанча эъзозу ардоққа муносиб. Уни ўзбек ижодкорларигина эмас, Қозоғистоннинг таниқли адиблари ҳам қадрлаб, ижодини юксак баҳолашади. Шундай адиблардан бири Абдулла Тожибоевнинг “Миртемир Туркистонда туғилган, Қозоғистон фарзанди, Ўзбекистон булбули” деган лутф-таърифи музейнинг кўзга кўринарли жойига йирик ҳарфлар билан битиб қўйилибди.
Атоқли шоиримиз Абдулла Ориповнинг дил изҳорлари бу эътирофни янада тўлдирган: “Миртемир домлада жуда катта шеърий хаёл бор эди. Ҳаётнинг кўпгина икир- чикирлари бу хаёл олдида баттар рангсизланар, домланинг сиймоси эса янада улуғвор кўтарилар эди. Шоирнинг бу юксак хаёли, ўчмас сиймоси абадий яшаб қолади”.
Музей биноси жанубга қараган бўлиб, кун чиқиш томонда шоирнинг бюсти қўйилган экан. Шу ерда суратга тушдик. Ойсултон ва Бобур бизга “Яссавий нури” газетасининг бир неча сонини туҳфа этишди. Уларда Миртемир домла таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан ўтказилган адабий тадбирлар тўғрисида мақолалар босилган экан.
Бизни мўъжазгина бир қишлоқда адабиёт ва санъат йўналишидаги ҳафтанома мавжудлиги мамнун этди. Газетадаги мақола ва бадиалардан, Ойсултоннинг сўзлари оҳангидан юрт зиёлиларининг Ўзбекистонга меҳри юксаклигини англадик.
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2013 йил 23-сонидан олинди.