70-йилларда адабиётга кириб келган авлод ичида Аҳмад Аъзамнинг ўз ўрни бор. Аввало, бу ўрин дастлабки даврда адабиётни ҳеч қандай сиёсий мақсадларсиз, мафкурабозликларсиз кўришга ва англашга интилиш шаклида бўлса, кейинчалик адабиёт орқали ўз даври ижтимоий тафаккурини уйғотиш қиёфасини олди. Ёзувчининг адабиётшунослар шу пайтгача эътибор бермай келаётган “Ватан ҳақида ёзолмаган шеърим”, “Ўзим билан ўзим”, “Одамовига уч ёқлама қараш” новеллаларида, “Ноинсоф Мусо”, “Кичик илмий ходим Ҳамдамов” ҳикоялари, “Бу куннинг давоми”, “Асқартоғ томонларда” қиссаларининг, умуман шу авлоднинг адабиёт, жамият, одамга бўлган муносабатларини яққолроқ ифодалаган деб айтиш мумкин.
Бу теленовеллаларда биз ўзбек насридан нисбатан янги қаҳрамон — жамиятда, ҳаётда ўз ўрнини англаётган, англаш орқали уйғонаётган фикр, уйғонаётган ўзликни, уйғонаётган “мен”ни англатувчи қаҳрамон пайдо бўлди. Бу новеллаларда “Мен”дан бошқа қаҳрамон йўқ ижобий ҳам, салбий ҳам, жабрловчи ҳам, жабрланувчи ҳам, ёзувчи ҳам, эзилувчи ҳам, ҳукмга мустаҳиқ ҳам, ҳукм этувчи ҳам ана шу “мен”нинг ўзи, яъни ўзи билан ўзи гаплашаётган одам. А.Аъзам бу образи билан ўзи мансуб авлоднинг бутун бошли ижодий конференциясини ифодалаб берганга ўхшайди. Биз айнан “мен”нинг англаши жараёнини бугун 50 ёшга кирган ва кираётган шоир, ёзувчиларнинг барчасида кўрамиз:
Ўзига ўзи гапираётган одам, ўзини кўзгуга солаётган одам ким? Эҳтимол адабиёт — бу ўзига ўзи гапираётган одамдир? Ҳар қалай, 70-йилларда адбиётга кириб келган шоир ва ёзувчиларнинг шеърлари, ҳикоялари ва қиссаларини ўқиётган кишида адабиёт бу ўзига ўзи гапириш бўлса керак, дегандай таассурот уйғонади. Одам нега ўзига ўзи гапиради, қачон ўзига ўзи гапиради? Адабиёт “реал воқеликнинг реал инъикоси” эмаслиги бугун ҳаммага аён. Бугун филология факультетларининг биринчи босқич талабасига ҳам бу фикр жуда эриш туюлади.
Бироқ ўттиз-йигирма йил муқаддам “ўзига ўзи гапирадиган” образлар билан бир авлод адабиётга кириб келганда, бу ҳолат ўша пайтдаги адабий муҳит “пир”ларига анча эриш туюлганди ва ҳатто “бу адабиёт эмас” дейувчилар ҳам бўлди. Лекин бу авлод анча ўжар чиқди: ўзига ўзи гапиришдан воз кечмади, оқибатда эса мавжуд бадиий дид уларни ямламай ютиш ўрнига аста-секин бу образларга ўрин бўшатиб бера бошлади.
Одам фикрлаётганда ўзи билан ўзи гаплашади. Фикр қилиш — уйғонишнинг бошланиши ва эҳтимол, уйғонишнинг ўзи ҳамдир. Одам ўзини ўзи тадқиқ қилаяпти экан, демак уйғонаяпти, табиийки ўзига-ўза гапираётган одам “Мен кимман”, “ким эдим”, “ким бўламан” деган саволларга жавоб топгиси келади.
Юқорида тилга олинган авлод адабиётга айнан шу саволларни қўйиб, шу саволларга жавоб излагандек туюлади. Булар шунчаки саволлар эмас, бу миллий ғурур, миллий уйғониш иштиёқи билан боғлиқ саволлар эди. Санъат асарларида ижтимоий маъно излаш адабиётни жўнлаштиради, бироқ санъат ижтимоий маъносиз шунчаки бежирим либосга ўхшаб қолади. Санъатда ижтимоий маъно тирик юрак, оғриётган, изтироб чекаётган юракнинг товуши, уриб туриши билан боғлиқ. Агар қалам шу оғриётган юракка ботириб ёзилмаса, изтирабли қалб сезилмаса санъатнинг қудрати кўринмайди. Давр ва ижодкор муносабатлари тўқнош келадига нуқта жуда нозик нуқта; давр ижодкорни, ижодкор даврни ўз йўналишига бўйсундиргиси келади, лекин ҳар иккаласи бўйсунмаган нуқтада бу муносабат холис ва санъаткорона тарзда намоён бўлади.
Биз ўзига-ўзи гапираётган одамлар образида ана шу уйғунликка интилишни кўрамиз. Ўзига ўзи гапирган одамлар бадиий дид, савия, анъаналарни янгилади: ўзига ўзи гапириш билан улар насрни бир мунча одамга, одамнинг ички дунёсига яқинлаштирди. Инсон дарди, изтироби ҳақида шунчаки ўткинчи воқеалар, муаммолар эмас, балки адабиёт учун абадий жумбоқ, абадий макон бўлган инсо руҳияти нуқтаи назаридан баҳо беришди.
Эҳтимол, фақат шунинг учун ҳам бу давр, бу авлод адабиётида алданган асарларни, мафкуравий асарларни кам кўрармиз: коммунистик дидга, коммунистик эътиқодга хизмат қиладига асарлар бу авлодда жуда кам: бу авлод А.Ориф, Э.Воҳид, Р.Парфи, Ш.Холмирзаевлар бошлаб берган адабиётни санъатга яқинлаштириш анъанасини адабиётнинг бирдан-бир анъанасига айлантиришга интилдилар.
Бу авлоднинг адабиёт орқали миллий уйғониш, ижтимоий фикрни уйғотишга қилган хизматлари, шубҳасиз, ҳали кўп ўрганилади ва баҳосини олади.
Бу авлод бугун Мурод Муҳаммад Дўст, Эркин Аъзам, Хуршид Даврон, Иброҳим Ҳаққул қиёфасида 50 ёшга кираяпти. Ана шулар ичида бугун биз сўз юритган Аҳмад Аъзамнинг ҳам ўз ўрни бор. А.Аъзам бугун кам адабий маҳсулот бераяпти, бугун банд одам, лекин мен унинг яқин йиллар орасида адабиётимизда воқеа бўладиган, ўзидан кейинги авлод ҳам ҳавас билан қарайдиган асарларини бирин-кетин эълон қилишига ишонаман.
Эллик ёш — бу иккинчи ижодий кучнинг, қувватнинг очилиш ёши. Аҳмад Аъзам учун ҳам шундай бўлишига шубҳа йўқ.