Ўз озодлиги, эркинлиги, тинч ҳаёти йўлида курашиб, беҳисоб қурбонлар берган ота-боболаримиз жасорати тарихий хотирамиздан ҳеч қачон ўчмайди.
Ислом Каримов
Тарихий кун
2000 йилнинг 12 май куни. Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги Бўзсув ёқасида жойлашган майдон. Президент Ислом Каримов ташаббуси ва ғояси асосида барпо этилган “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуининг очилиш маросими.
Ёдгорлик атрофи тумонат одам билан тўла. Президент қатағон қурбонлари хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуини очиб, қарийб 150 йил давом этган мустамлакачилик даврида жафокаш халқимиз бошига тушган оғир синовлар, мусибатли кунлар тўғрисида ҳаяжон билан сўзлар экан, ҳозир бўлганларнинг хаёлида мудҳиш давр воқеалари бирма-бир жонланар, ким отасини, ким бобосини, ким бошқа бир яқин қариндошини кўз олдига келтирар ва бу ҳол уларнинг кўзларидан маржон бўлиб тўкилаётган кўз ёшларидан аён бўлиб турарди. Ана, рамзий сағананинг яқинида турган машҳур композитор Мутал Бурҳонов. Унинг акаси, икки амакиси ва поччаси Фитрат 37-йилнинг қурбонлари бўлишган. Агар ўша мудҳиш кунларда у Москвага қочиб кетмаганида, ўзи ҳам уларнинг фожиали тақдирига шерик бўлган бўларди. Мутал Бурҳоновнинг ёнида Абдулла Қодирийнинг қизи Адиба ая, унинг ёнида Чўлпоннинг жиянлари Рафиқахон ва Ҳотамжон, уларнинг ёнида эса Баҳром Ҳайдарийнинг ўғли Нажот ва бошқалар туришибди. Уларнинг ҳаммаси учун бу кун — ҳам мотам куни, ҳам жабрдийда аждодлари хотирасининг абадийлаштирилаётган куни. Шунинг учун улар қалби ва шуурида икки хил туйғу баравар мавжланиб турибди.
Ушбу унутилмас кундан роппа-роса бир йил аввал Президент И.А. Каримовнинг мустамлакачилик даври қурбонлари хотирасини абадийлаштириш бўйича тарихий Фармойиши эълон қилинган эди. Фармойиш телевидение орқали эълон қилиниши билан қатағон қурбонларининг оила аъзолари севинчларини ичларига сиғдира олмай, бир-бирларига қўнғироқ қилиб, тарихий адолатнинг тиклана бошлагани билан табриклашди. Эртасига мазкур масала билан шуғулланувчи жамоатчилик комиссияси жойлашган хона улар билан тўлиб-тошиб кетди. Куни кеча “халқ душманлари”нинг қариндош-уруғлари бўлганлиги учун хўрланган ва инсоний ҳуқуқлари топталган кишилар “ойнинг ёруғ ўн беши” келганидан беҳад бахтли эдилар. Қатағон даври жабрдийдалари хотирасининг эъзозланиши ва абадийлаштирилишига қаратилган мақолалар, чиқишлар, интервюлар матбуот, радио ва телевидениенинг бош мавзуларидан бирига айланди. Маҳалла ва ташкилотларда мудҳиш даврнинг аччиқ тузини тотган кишиларга бағишланган хотира кечалари ўтказилди. Суяклари собиқ иттифоқнинг совуқ ўлкаларида қолган, республикамизнинг махфий қатлгоҳларда отиб ташланган аждодларимизни давлат ва умумхалқ миқёсида ёдлаш ишлари бошланиб кетди.
Очилган “темир сандиқ”лар
Республика Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йил 22 июл куни қабул қилган қарори асосида “Шаҳидлар хотираси” хайрия жамғармаси тузилди. Жамғарма гарчанд қатағон қурбонларининг оила аъзоларига, айримлар ўйлаганидек, моддий ёрдам кўрсатиш ёки кўча ва мактабларни улар номи билан аташ имконига эга бўлмаса-да, “темир сандиқ”лари очилган республикамиз архивларида кўз нурлари билан бирга кўз ёшларини ҳам тўкиб, тақдири номалум бўлиб келаётган юзлаб кишиларнинг фожиали ҳаётига оид маълумотномаларни етказиб берди. Совет давлатида ўрнатилган тартибга кўра, қатағон этилган шахс тарихдан буткул ўчирилар ва уларнинг кейинги тақдири оила аъзолари учун қоронғи бўлиб қоларди. Шунинг учун ҳам, аввало, Юртбошимиз номига, қолаверса, жамғарма номига қуйидагидек хатлар ёғилиб келди:
“Менинг ёшим олтмиш еттида. Отам Иномбой Холйигитов қассоб бўлган… НКВД ходимлари отам яшаган Чортоқ тумани Айқирон қишлоғидаги уйида тинтув ўтказиб, унинг бор муликини олиб кетишган. Уй-жойимизни тортиб олиб, колхозга беришган. Мен у пайтларда уч яшар бола бўлганман. Отамни “шўро ҳукуматига қарши миллатчи унсур” сифатида қамоқ жазосига ҳукм қилишган… Онамнинг этагида тўрт гўдак, уй-жойдан айрилиб, дарбадар кўчада қолганмиз. Акам, укам ва синглим очлик ва касаллик туфайли ўлиб кетган.
Кейин онам вафот этди…” (Шамсиддин Иномов хатидан).
“Ўттизинчи йилларда ноҳақ қамалган ва қатағонга учраган кишилар орасида менинг отам ҳам бор. 1937 йилнинг бошларида отам Обид Усмонов укасиникига борган вақтида НКВД ходимлари ушлаб, олиб кетишган. Дадамга қандай айб қўйишган, неча йилга қамашган ва у қачон вафот этган, буни аниқ билмайман…“ (тошкентлик Матлуба Обидова хатидан).
“1937 йилнинг кузида отам Меҳмонхон Музаффаровни ҳибсга олишган. Уйчидаги клубда отам ва яна бир неча киши суд қилинган, ҳаммасига олий жазо белгиланган…
Мен 1948 йили Тошкентдаги ҳуқуқшунослик билим юртига ўқишга бордим. Ҳатто пахта теримига ҳам бориб келдик. Бир куни директор мени қўққисдан ўз хонасига чақириб қолди. Ичкарида бир неча бегона кишилар ҳам бор экан. Улар мендан: “Отанг қамалганми?” – деб сўрашди. “Ҳа, лекин кейинчалик оқланган”, – дедим мен. Улар бошқа гап айтишмади, кетишди. Шундан сўнг мени ўқишдан ҳайдашди…” (Саид Музаффаровнинг хатидан).
Бундай хатларнинг барчасида оталарининг нима учун қамалгани, қачон ва қаерда вафот этгани тўғрисида маълумот бериш ва, агар имкон бўлса, суратларини юбориш сўралган эди.
Бундай хатларни кўз ёшисиз ўқиш қийин эди. Ундан ҳам қийини шундай хатларнинг эгаларига бирор маълумотнома топиб юбориш учун тегишли архивларда ўтириб, бекордан-бекорга қамалган, туҳматдан иборат сўроқномаларга қўл қўйдириб олиш учун бошига бало тошлари ёғдирилган, отувга ёки узоқ муддатли жазога ҳукм қилинган маҳбусларнинг кўз ёшлари билан доғланган тергов ҳужжатларини ўқиш эди. Шунга қарамай, жамғарманинг Рустам Шамсутдинов, Холида Аҳророва, Шерали Турдиев, Сирожиддин Аҳмедов сингари фидойи фаоллари саъй-ҳаракати билан жабрдийда ватандошларимиз хотирасини абадийлаштирувчи ўнлаб рисола ва китоблар, юзлаб мақолалар эълон қилиндики, бунинг учун камина собиқ ҳамкасбларимдан чексиз миннатдорман.
Уйғоқ хотира маскани
2001 йилнинг 1 май куни Президент И.А. Каримовнинг янги Фармони эълон қилинди. Шу қарорга кўра, 31 август мамлакатимизда Қатағон қурбонларини ёд этиш куни деб белгиланди. Шу йилдан бошлаб Мустақиллик байрами арафасида ўтказила бошланган Қатағон қурбонларини ёд этиш маросими халқимизнинг миллий анъана ва миллий қадриятларидан бирига айланди. Мазкур Фармонга мувофиқ, ўша йилнинг 31 август куни “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуида “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи очилди.
Ўша вақтда собиқ совет республикаларининг бирортасида бундай музей ҳали ташкил этилмаган эди. Фақатгина Ригада “Латиш ўқчилари” музейи қайта қурилиб, “Латвиянинг босиб олиниши” музейи сифатида фаолият кўрсата бошлаган эди, холос.
Қатағон қурбонларининг уйларида қарийб бирорта сурат, ҳужжат, китоб ва бошқа буюмлар қолмагани, шахсан уларга тегишли мол-мулк мусодара қилингани ва йўқ қилиб юборилгани сабабли музей экспозициясини яратиш ишлари осон кечмади. Жамғармага амалий ёрдам бериб турган Миллий хавфсизлик хизмати архивидаги “дело”лар орасида ҳам, асосан, жабрдийдаларни айблаш мақсадида тўпланган ҳужжатлар, мусодара қилинган кийим-бош ҳамда мол-мулк рўйхатидан ташқари, музейбоп экспонатлар мутлақо йўқ эди. Маҳбусларнинг суратларини олиш иши эса асосан Тошкентда 1937 йилдан бошлабгина жорий этилган. Ҳар куни юзлаб кишилар қамоққа олинган “долзарб” ойларда эса, сураткаш уларнинг суратларини олишга жисмонан улгурмаган. Шундай қийинчиликларга қарамай, қисқа муддатда музей экспозицияси барпо этилди. ХIХ асрнинг 60-йилларида Ўрта Осиёнинг, жумладан, ҳозирги Ўзбекистоннинг босиб олинишидан то Мустақилликкача бўлган даврда рўй берган жабр-зулмлар, миллий-озодлик ҳаракатларининг шафқатсизлик билан бостирилиши, Совет мустабид давлати олиб борган ички сиёсатнинг фожиали оқибатлари ўзининг озми-кўпми ифодасини топди. Жамғарма фаоллари олиб борган илмий изланишларининг натижаси сифатида экспозиция янги материаллар билан бойитиб борилди. Музейда ўтказилган турли учрашув ва суҳбатлар зиёратчиларда катта қизиқиш уйғотди. Айниқса, умри бино бўлиб ҳали “қатағон” сўзини эшитмаган, қариндош-уруғларининг, ватандошларининг болшевиклар ҳукмронлик қилган даврда Украина, Шимолий Кавказ ва Сибирга, Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг кимсасиз даштларига сургун қилингани, Соловетс оролларидан то Колимагача бўлган “меҳнат-тузатув лагерлари”да азоб-уқубат чекканини билмаган ёшлар ҳайратга тушдилар. Музей уларнинг мустақиллик билан мустамлакачилик даврлари ўртасидаги осмон билан ердек фарқни кўришларига, мустақиллик даври қадриятлари ҳурмат билан муносабатда бўлишларига озми-кўпми ўз ҳиссасини қўшди.
Аммо ҳаёт дарёси тинимсиз оқиб, кечаги ютуқлар оддий ҳодисага айланиб боради. Шундай бир шароитда Президент И.А. Каримов музей ишини тамомила қайта қуриш ғоясини ўртага ташлади. Юртбошимиз ғоясига кўра, музейнинг торлик қила бошлаган экспозиция залини кенгайтириш, янги бино қуриш, экспозицияни замонавий тарих фани ва дизайн санъатининг сўнгги ютуқлари асосида қайта яратиш, музейни Британия музейи сингари дунёдаги энг машҳур музейлар даражасига кўтариш лозим эди. Бу, мустақиллик йилларида мамлакатимиз тараққиётида бошланган янги даврнинг талаби эди. Бу эзгу ишлар шахсан Юртбошимиз раҳномоликларида амалга оширилмоқда.
Музейнинг иккинчи ҳаёти
Мустақилликнинг 17 йиллик байрами арафасида Президент И.А. Каримовнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” деган янги асари майдонга келди. Бу асарда олға сурилган ғоялар марказида гарчанд кишиларнинг маънавий олами, жамиятнинг маънавий қиёфаси турган бўлса-да, унда ҳозирги жамият учун муҳим ҳисобланган барча муаммо ва масалалар ўз тажассумини топган. Президент И.А. Каримов ушбу асарида маънавият муаммосининг барча қатламлари ва барча муҳим қирраларини нурлантирар экан, жумладан, бундай деб ёзади:
“Маънавиятнинг яна бир муҳим хусусияти одамнинг ички дунёси ва иродасини бақувват, иймон-еътиқодининг бутун қилишида ёрқин намоён бўлади.
Узоққа бормасдан, халқимиз ўз бошидан кечирган мустамлака даврини бир кўз олдимизга келтирайлик. Қарийб 150 йил давом этган, тарихимизнинг том маънодаги қора кунлари бўлмиш ўша замонда бир пайтлар ўзининг қудратли давлатчилиги, буюк фарзандлари, юксак илму маданияти, обод шаҳар ва қишлоқлари билан дунёни ҳайратда қолдирган эл-юртимиз қандай оғир машаққатларга дучор бўлганини яхши биламиз.
Лекин ана шундай даҳшатли даврда ҳам ҳар қандай зулм ва истибдодга қарамасдан, халқимиз ўзини йўқотмади. Тилини ва динини, иймон-еътиқодини сақлаб қолди. Ноҳақлик ва зўравонлик ҳукмрон бўлган шундай замонларда ҳам юртимиздан миллат ва халқ қайғуси билан яшаган ҳақиқий ватанпарвар инсонлар етишиб чиқди. Халқимизнинг асрлар синовида янада кучайиб, тобланиб борган мустаҳкам иродаси, иймон-еътиқоди нафақат қадимий маънавиятимиз, балки миллий ўзлигимизни сақлаб қолишга асос бўлди”.
Юртбошимизнинг мана шу пурҳикмат сўзлари музейнинг янги экспозициясини яратишда дастуриламал вазифасини ўтади. Музейнинг аввалги экспозицияси бир мақсадга — халқимизнинг мустамлакачилик йилларида чеккан жабр-жафоларини қатағон этилган ватандошларимизнинг фожиали қисмати орқали кўрсатишга қаратилган эди. Бу, ўз вақтида тўғри бўлган. Шундай мақсад билан яратилган экспозиция маълум вақт ўз вазифасини бажарган. Аммо ҳозирги давр жамият олдига ва жамиятнинг пешқадам кишилари олдига халқ маънавиятини шакллантиришнинг янги вазифаларини қўйдики, бу “Қатағон қурбонлари хотираси” музейига ҳам тўла тааллуқли. Шунинг учун янги экспозицияни яратишдан бу сафарги мақсад халқимизнинг 150 йиллик кишанли йўлни, мусибат ва фожиалар даврини босиб ўтишда ўз иймон-еътиқодини, ўзлигини сақлаб қололганини акс эттириш бўлди.
Шу мақсадда истилочилик ва қирғин-қатағон даври тарихини акс эттиришда эрксевар ва ҳурриятпарвар аждодларимизнинг ватанпарварлик, тараққийпарварлик йўналишидаги фаолиятига, фидойилик фазилатларини кўрсатишга урғу қаратилди.
Қандай ажойиб-а! Ташқарида чор миршаблари ҳар қандай янгилик, ҳурриятсеварлик кўринишларини бўғишга шай бўлиб турган пайтда Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар қори Абдурашидхонов, Чўлпон, Фитрат, Абдулла Қодирий, Абдулла Авлоний сингари халқимизнинг буюк фарзандлари янги мактаб, замонавий адабиёт, миллий матбуот ва театрга пойдевор қўйиб, улар орқали халқнинг мудроқ кўзларини очишга, қалби ва шуурига Эрк, Озодлик, Миллий Тараққиёт деган муқаддас ва ҳаётбахш ғояларни қуйишга интилганлар. “Ёш бухороликлар” ҳаракатининг сарварлари Файзулла Хўжаев ва Фитрат нафақат чириган амирлик тузумини ислоҳ этиш, балки халқни миллий бирлик ва миллий тараққиёт йўлидан етакламоқчи бўлганлар. Бу тараққийпарварлар ўзаро бирлашиб, 1922 йилда етмиш нафар ёш йигит ва қизларни Европанинг ўша пайтдаги энг илғор мамлакати – Германияга ўқишга юборганлар. Улар ниятига кўра, шундай ёшлар бир неча йил давомида мустақил ўзбек давлатини идора эта биладиган юқори малакали мутахассислар бўлиб етишиши мумкин эди. Улар халқнинг иймон-еътиқодини, ўзлигини сақлаб қолиши йўлида жонларини фидо қилганлар.
Шубҳасиз, бундай масалаларни фақат экспозиция орқалигина ифодалаш маҳол. Шунинг учун ҳам музейга ташриф буюрувчи кишилар, экспозициядан ташқари, монитор орқали ҳар бир бўлим моҳиятини ифодаловчи видеофилмни томоша қиладилар, экспозициядан олинган тасаввурни бойитувчи мулти-медиа ва ахборот базаси билан танишадилар. Бундан ташқари, музейнинг учала залида намойиш этилган экспонатлар, суратлар, ҳужжатлар, хариталар, буюмлар, макетлар орқали эскпозицияда акс эттирилган тарихий давр тўғрисида тўла тасаввур ҳосил қиладилар, ҳар бир бўлимнинг мазмун ва моҳиятини чуқур англаш имкониятига эга бўладилар.
Сир эмас, музейнинг янги экспозициясини замонавий музейшунослик ва дизайн талаблари асосида тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон Бадиий академиясининг етакчи мутахассислари қатор Европа мамлакатларига бориб, энг машҳур музейларнинг тажрибаларини ўрганиб келдилар. Виктор Вяткин бошчилигидаги рассом ва дизайнерлар музейнинг бадиий контсептсиясини ишлаб чиқиб, безак ишларини амалга оширдилар. Музейни янги экспонатлар билан бойитишда Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳамда Фанлар академияси тизимларидаги музейлар, шунингдек, Картография инcтитути яқиндан ёрдам берди. Видеоролик ва мултимедиа матрериалларини тайёрлаш ва музейни 100 дан зиёд телевизион, ҳужжатли ва бадиий филмларнинг ДВД-дисклари билан таъминлашда “Ўзбеккино” актсиядорлик агентлиги, Телерадио давлат комитети ва Вестминстер университетининг хизматлари ҳам катта. Музей экспозициясини яратиш ишларида эса Фанлар академияси, Давлат ва жамият қурилиши академияси ва Ўзбекистон Миллий университетининг етакчи мутахассислари фаол иштирок этдилар.
Умид қиламизки, музейнинг 31 август куни очилажак янги бино ва янги экспозицияси зиёратчиларда, айниқса, келажагимиз меъморлари – ёш авлодда мамнуният ҳиссини уйғотади. Уларнинг юксак маънавият асосларини эгаллашлари, мустабид тузум даврида жабрланган ота-боболарининг ҳаётбахш анъаналари ва энг яхши инсоний фазилатлари руҳида тарбияланишларига ёрдам беради ва Мустақил Ўзбекистоннинг порлоқ келажаги йўлида фидойиларча хизмат қилишга ундайди.
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2008).