Халқаро ЮНЕСКО ташкилотининг 1995 йил бўлиб ўтган бош конференциясида “Толерантлик тамойиллари декларацияси” қабул қилинган эди. Кўп ўтмай бу декларацияга аъзо бўлган мамлакатлар сони 185 тага етди. Ватанимиз Ўзбекистон ҳам улар сафидан ўрин олди.
Хўш, толерантлик нима дегани? Бу сўз қандай маъно касб этадию, нимага бугун тинчлик истаётган барча халқлар уни қўллаб-қувватламоқда? Қомусий луғатларда таърифланишича, “толерантлик” лотинча “tolerantio”, яъни “сабр-тоқатлилик”, “кенг феъллик”, “бағрикенглик” маъноларини англатар экан.
Германиялик жамоат арбоби, Фридрих Науман номидаги халқаро жамғарманинг МДҲ давлатларидаги вакили доктор Фальк Бомсдорф бу ҳақда шундай ёзади: “2003 йил бошида Ўзбекистондаги ҳамкор ташкилотлар менга “толерантлик” мавзусида семинарлар ўтказишни таклиф этишди. Уларнинг айтишича, Ўзбекистонда ҳозир бу ҳақда кўп гапиришаётган экан. Бироқ бу сўзнинг маъносини ҳамма ҳам тушунавермас экан. Бу менга ўзимнинг ёшлик давримни, ўтган асрнинг 50-йилларини эслатди. Ўшанда биз ҳам Германияда толерантлик концепциясини муҳокама қилишга уринардиг-у, бунинг аслида нима эканлигини яхши англамасдик. Тўғри, мен ўзбекистонлик шериклар хоҳишларини дарҳол қўллаб-қувватлаганим йўқ. Чунки, биринчидан яхши билардимки, ҳамма нарсани ҳам семинарларда ёки китоблардан ўрганишнинг иложи йўқ. Шундай нарсалар борки, уларни фақат амалиётда, фақат шахсан ўрганиш асосида англаб етиш мумкин. Иккинчидан, ҳар бир маълумотли саводхон немис сингари мен ҳам “толерантлик” сўзини эшитган заҳоти Готхолд Эфраим Лессингнинг “Донишманд Натан” достонини хотирамга келтираман. Урушдан кейинги йилларда гимназияда ўқиган немисларнинг кўпчилиги Лессинг таъбири билан айтганда, бу “драматик шеър”ни ўқиган. Юқори синфларда бу асарни муфассал ўргатишарди” (Қаранг: Лессинг. Донишманд Натан. Драматик поэма. Русчадан Мирпўлат Мирзо таржимаси. — Тошкент: Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, 2005, 2-бет).
Дарҳақиқат, доктор Фальк Бомсдорф таъкидлаганидек, Германияда 1936 йил национал-социалистлар ҳокимият тепасига келгач, Лессингнинг “Донишманд Натан” пьесасини театрлар репертуаридан олиб ташлашади, ҳатто уни ўқишни ҳам таъқиқлаб қўядилар. Иккинчи жаҳон урушининг тугаши билан ёзувчи ватанида фашизм идеологияси ҳам барҳам топади ва 1945 йилнинг сентябрида Берлин театри ўз мавсумини айнан Лессингнинг “Донишманд Натан” пьесасини намойиш қилиш билан бошлаган эди. Бу эса тинчликпарвар немис зиёлиларининг фашизм ғояларидан тамомила воз кечганини тасдиқлаганди.
Хўш, биз немис адиби Эфраим Лессинг ижоди ва унинг “Донишманд Натан” драматик достони ҳақида нималарни биламиз-у, бу асарнинг “толерантлик”ка нечоғлик алоқаси бор? Нимага доктор Фальк Бомсдорф “Донишманд Натан” пьесаси мисолида “толерантлик” ғоясини бизга тушунтирмоққа уринаяпти?
Готхолд Эфраим Лессинг (Gotthold Ephraim Lessing. 1729–1781) немис мумтоз адабиётининг йирик вакили, ғарбий Европа маърифат фалсафаси ва адабиёти салафлари Монтескьё, Дидро ва Вольтерларнинг сафдоши ва маслакдоши бўлган. Лессинг камбағал руҳоний оиласида таваллуд топди, черков мактабида саводини чиқарди. Сўнгра Лейпциг ва Виттенберг университетларида таҳсил олади. Унда бадиий ижодга бўлган истак соҳибжамол актриса Каролина Нейбер билан танишувидан бошланди. Кейинчалик, Лессинг театрлар учун маърифат ғояларини тарғиб этувчи пьесалар ёза бошлайди. 1750–1760 йилларда Лессинг драматурглик фаолиятини журналистика билан боғлаб олиб боради. У ўзининг “Янги адабиёт” журналини нашр қилдираркан, маърифатчилик адабиётини шакллантириш мақсадида астойдил меҳнат қилди, ўсиб келаётган янги авлодни ҳимоясига олди, улар ижодини қўллаб-қувватлади. Айни пайтда адиб миллатчи, ақидапараст руҳонийларни, мамлакатни парчалаб, майда князликларга бўлиб юборишга уринаётган феодалларни, қолаверса, бетайин қирол Фридрих II сиёсатини ўз мақолаларида кескин қоралади.
1767–1769 йиллар Лессинг Гамбург театрида драматург ва адабий эмакдош лавозимида фаолият кўрсатади. Бу йиллар адиб ижодида баркамоллик даври бўлди. У театр саҳнасида ўйналган пьесаларга тақризлар ёзди, уларни таҳрир қилиб “Гамбург драматургияси” номи билан алоҳида китоб ҳолида нашр эттирди. Бу китоб ўша даврда катта воқеа бўлиб, ёш қаламкашлар ижодининг юксалишида муҳим аҳамият касб этган эди. 1769 йилдан бошлаб Лессинг Вена театрида драматург лавозимида фаолият кўрсатади. Айни пайтда машҳур Вольфенбюттел кутубхонасида илмий ходим лавозимида ишлаб, унинг фондида сақланаётган қадим қўлёзмаларни ўрганади, уларга тартиб бериб, нашр эттириш билан машғул бўлади.
Энг муҳими, адиб бу йилларда ўзининг машҳур асари “Эмилия Галотти” (1772) драмасини ёзиб тугатади. Асарда муаллиф Германияда ҳукмдорлик қилаётган княз ва феодаллар сулоласининг тажовузкорлиги, ўзбошимча ғайри-инсоний ҳаракатларини кескин қоралайди. Бу драма нафақат Лессинг ижодида, балки немис драматургияси тарихида ҳам муҳим воқеа бўлган эди. Қолаверса, у Шиллер драматургиясининг юзага келишига замин ҳозирлади. Улуғ Гёте ўз даврида бу драмага баҳо бераркан, “у тиранлар разолатига қарши қўйилган илк дадил қадам бўлди”, деган эди.
Драматург ва театр назариётчиси Лессинг ҳаётининг охирги ўн йиллиги Вольфенбюттел князлигида кечади. Адиб ғарибона ҳаёт кечирганига қарамасдан, бадиий ижод билан мунтазам шуғулланади. У ҳаётининг сўнгги дамларигача фақат адабиётгина инсониятга рўшнолик келтирувчи, жамиятни ўзгартира олувчи, зулмат ва разолатга қарши курашувчи қодир кучдир, деган ишонч билан яшайди. Бу ишонч Лессингнинг диний разолатларга етакловчи черков қонуниятларига, диний мазҳаблар ўртасидаги хунрезлик урушларга қарши муросасиз курашувида мадад бўлди. Шу мавзуда адиб ўзининг “Анти-Геце” (1779) фалсафий памфлетини, “Донишманд Натан” (1779) драмасини, “Инсон насли тарбияси” (1780) рисоласини яратди. Бу асарларида Лессинг одамларни диний муросага, сабр-тоқатли бўлишга, бағрикенгликка чақирди. Шу ўринда, ёзувчининг “Донишманд Натан” (Nathan der Weise, 1779) шеърий драмаси ўша вақтда Германияда мураккаб ижтимоий-сиёсий ҳаёт жараёнини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этган эди. Драматург черков ва унинг пешволари билан ирқий ва диний тенглик ҳамда тафовутлар мавзусида олиб борган баҳс-мулоҳазаларини асар мазмунига сингдираркан, “черковнинг кўҳна минбари (кафедраси)дан сўзамоллик қилгандан кўра, театр саҳнасидан уларга зарба бермоқ маъқулроқ кўринади”, деган мулоҳазага келади. Сабаби ўша кезда руҳоний-олимлар жам бўлишиб, диний бағрикенглик тарафдори бўлган Лессингни сиқувга ола бошлаган эдилар.
“Донишманд Натан” пьесаси мазмунида Ўрта аср диний тафовутлар замирида кечган салб юришлари (1096–1270 йй.) билан боғлиқ воқеалар тасвирланган. Аниқроғи, драмада европалик рицарларнинг шарққа, ислом оламига қарши уюштиришган учинчи салб юриши (1189–1192 йй.) ва бу юришда уларнинг султон Салоҳиддин томонидан мағлуб этилиб, муқаддас Қуддус шаҳри халифалик ихтиёрига ўтган давр воқеалари акс эттирилади. Саҳнада учала дин пешволари-яҳудий Натан, черков пешвоси архиепископ ва мусулмонлар султони Салоҳиддин тўқнаш келадилар.
Султон Салоҳиддин валинеъматлик қилиб, ўз асири ёш насроний йигитни озод қилади ва ватани Германияга кетишига рухсат беради. Дафъатан яҳудий Натаннинг уйи ёнаётган маҳалда рицар йигит ўз ҳаётини хавф остига қолдириб бўлса-да, унинг ёлғиз қизи Рэхани олов ичидан олиб чиқади. Қиз ўз халоскори олижаноб рицар йигитни кўришга нечоғлик иштиёқманд бўлмасин, у қиздан ўзини олиб қочиб юради. Ниҳоят, қиз рицар йигит билан учрашаркан, уни нечоғлик севиб қолганини тушуниб етади. Йигит ҳам қизни ёқтириб қолади. лекин у билан бирга бўлолмаслигини яхши билади. Сабаби, Рэха ва у турли динга мансуб кишилар эди. Насроний дин ҳимоясига жонини тиккан, қасамёд қилган жанговар, аммо мағлуб рицар қизалоқнинг севгисини қабул қилиши асло мумкин эмасди. Қолаверса, уни қаллиғ ўрнида ватани Германияга олиб кетишга ҳадди ҳам сиғмасди.
Яҳудий Натаннинг ўзи ким, унинг ҳаётида не воқеалар кечган? Аслида бу донишманд яҳудийни ҳам тақдиру азал динлар ўртасидаги муросасизлик қурбонига айлантирган. Савдогар Натан салб юришлари пайтида ўз оиласи, фарзандларидан жудо бўлган, динлар тўқнашувидан азият чеккан одам. Шундай бўлса-да, у ўзга динга мансуб кишининг зурриёди, насроний қизалоқ Рэхани асраб олади ва ўз фарзандидек тарбиялаб вояга етказади. Қизалоқ ҳам яҳудий Натанни, ўз отаси деб билади, уни ҳурмат қилади, фарзандидек севади. Бу сирдан фақат Натан ва қизалоқнинг эгачиси насроний аёл Дайягина хабардор эди. Воқеалар давомида сир очила боради. Ундан воқиф бўлган Қуддус шаҳри черкови пешвоси архиепископ яҳудий Натанга бу ўзбошимчалиги учун олий жазо, тириклайин ўтда куйдиришга фатво беради, ўз ҳукмини амалга ошириш учун султон Салоҳиддиндан изн сўрайди. Сабр-тоқатли, ҳақни қарор топтириш истагида бўлган султон аввало воқеалар замирига етмоқ учун яҳудий Натанни ўз ҳузурига чорлайди. Суҳбат чоғида донишманд Натан унга уч узук ҳақидаги ривоятни сўзлаб беради. Ҳикояда кекса ота бисотида аждодлари рамзи бўлган олтин узукни уч ўғлининг қайси бирига мерос қолдиришни билмасдан заргарга яна унга ўхшаш икки узук ясатибди-да, ўлими олдидан учала узукни уч ўғлига тортиқ қилибди. Узуклар бир-бирига чунонам ўхшар эканки, уларни ҳеч ким ажрата билмабди. Ака-укаларнинг ҳар қайсиси ўз узугини асл деб, даъво билан қозининг олдига келибди. Узукларни синчков қози ҳам фарқлай олмай, ака-укаларга қуйидаги маслаҳатини берибди:
… Маслаҳатим эса менинг
Шундайин: ким нимага эга бўлса,
Шу билан қаноат айласин. Узук
Ҳар кимда бор ва майли, ҳар ким
Ҳақиқий деб билсин ўз узугини.
Балки падарингиз ҳеч истамаган
Ҳар ким ўзидаги узук сеҳрини
Қанчалик қудратга эга эканин
Англашга интилсин ҳамиша, ҳар вақт!
Ўзингизга ишонч ортмоғи учун
Каттароқ бўлингиз соме ва комил
Ёруғ юзли бўлинг худо олдида!..
Бундан чиқди, узукларнинг қайси бири сеҳр-синоатга эга бўлган асл нусхаю, қайсилари сохта эканлигини бирон кимса аниқлашга қодир эмас. Донишманд Натан узуклар воқеасини сўзларкан:
… На тафтиш, на-да арз,
На баҳсу талаб — ожиз эди бунда:
Қайси узук асл — исботламоқлик,
Далиллаб бермоқлик мумкин эмасди.
(Султон жавобини кутиб, сукунат сақлайди.)
Худди шунинг каби қайдин ҳақиқат —
Бизга билмоқ мушкул, дея калимасини кунлайди.
Ва ниҳоят, яҳудий Натан узук ҳикоясида нимага шаъма қилаётгани ўқувчига аён бўлади. Донишманд Натан айтмоқчи, яҳудий дини ҳам, насроний ва мусулмон динлари ҳам ўз бандалари учун узуклар каби муқаддас ва мўътабардир, одамзод эса қайси динга мансуб бўлмасин, ягона Яратган Эгамнинг қули ҳисобланади.
Драма якунида насроний рицар йигит ва яҳудий Натаннинг асранди қизи Рэха аслида бир ота ва онанинг зурриёдлари эканлиги маълум бўлади. Уларнинг отаси султон Салоҳиддиннинг дараксиз кетган ва Европага бориб яшаб қолган укаси Асад бўлиб чиқади. Дарвоқе, тарихий манбаларда қайд этилишича, султон Салоҳиддиннинг укаси салб юришлари ва диний муросасизликларнинг олдини олиш мақсадида Дамашқда Англия қироли, салб юриши қўмондони Ричард I Шерюрак билан музокаралар олиб борган, у билан дўстлашиб, сулҳ тузишга эришган. Келишувга биноан, султон Салоҳиддин қирол Ричард фуқароларининг муқаддас Қуддус шаҳрига уч йил зиёратга келиб-кетишлари учун рухсат берган (Қаранг: История средних веков — М.: Просвещение, 1980, с.186). Бундан чиқди, Лессинг драмасидаги воқеалар тасвири жараёнида бу тарихий ҳақиқатни ҳам эътиборга олган.
Демак, султон Салоҳиддин донишманд Натаннинг олижаноблиги туфайли ўз туғишган иниси Асаднинг фарзандларини топишга муяссар бўлади. Уларнинг жисмида мусулмон ва насроний бандаларининг қони оқиб, тарбиясида яҳудий урф-одатлари мужассам эрса-да, бағрикенг султон Салоҳиддин жигаргўшаларидан тонмайди, аксинча, уларни бағрига босиб, мурувват ила оталик меҳрини бағишлайди.
Қиссадан ҳисса, яҳудий Натандаги сабр-тоқат, одамийлик ва бағрикенглик динлар ўртасидаги низога барҳам беради, султон Салоҳиддинда эса адоват шуурини уйғотади, насроний дин пешвоси архиепископ ўз ғайриинсоний хатти-ҳаракатидан мулзам бўлиб қолади. Ҳатто, динлар ўртасидаги ғов-тўсиқ рамзида қурилган саҳнадаги “Йиғи девори” борган сари нураб, охири қулаб тушади. Асардаги бош ғоя — толерантлик ғояси экани унинг сўнгида ўз ечимини топади, томошабин саҳна охирида буни англаб етади.
Дарҳақиқат, доктор Фальк Бомсдорф толерантлик ҳақида гап кетганда не сабабдан Лессингнинг “Донишманд Натан” пьесасини ёдига олгани, асарни ўзбек тилига таржима қилдириб, Миллий академик театрда саҳналаштиришни орзу қилганини энди тушунса бўлади. Бу олижаноб ишни рўёбга чиқаришда доктор Бомсдорфга Тошкентдаги Гёте институти яқиндан кўмаклашди. Пьесани ўзбек тилига таниқли шоир Мирпўлат Мирзо таржима қилди. Уни иқтидорли режиссёр Авлиёқули Хўжақулиев Миллий академик театрда саҳналаштирди. Бош ролларни таниқли артистлар Жамшид Зокиров (донишманд Натан), Маҳмуд Исмоилов (султон Салоҳиддин), Теша Мўминов (архиепископ) ижро этдилар. “Донишманд Натан” пьесасининг премьераси 2003 йилнинг 16 сентябрида Миллий академик театрда бўлиб ўтди. 2004 йил уни Самарқанддаги Шердор мадрасасининг очиқ саҳнасида кўрсатишди. Ўтган йиллар давомида драмани Фарғона, Хива, Бухоро, Марғилон, Термиз, Қарши ва бошқа шаҳарларда ҳам халқимиз томоша қилди. 2005 йил асарнинг русча ва ўзбекча таржималари Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриётида алоҳида китоб ҳолида босилиб чиқди. Китобга доктор Фальк Бомсдорф сўзбоши ёзган.
Хулоса қилиб айтганда, “Донишманд Натан” драмасини ўқиган, уни саҳнада кўрган томошабин толерантлик, яъни ҳаётда сабр-тоқатли бўлиш, ўзгалар фикрига ҳам қулоқ осиш, энг асосийси, диний қадриятларни ҳурмат қилиш каби инсоний фазилатларга эга бўлишни кўнглига тугади.
Муҳаммаджон Холбеков, филология фанлари доктори, профессор
“Жаҳон адабиёти” журнали, 2008 йил, 7-сон