Гулноза Одилова. Ёшларни “бола” десак… ёхуд таржимон бўлиб туғиладиларми? (2012)

Сўнгги йилларда бевосита таржима амалиётида сезиларли натижалар кўзга ташланаётир. Юртбошимизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч”, ­“Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” асарларидаги кўрсатмалар, йўл-йўриқлар ўзбек адабиёти дурдоналарини бевосита жаҳон тилларига, дунё адабиёти намуналарини она тилимизга таржима қилишдек улкан ишларда қанот бўлаётир. Бу борада миллий адабиётимизни севиб қадрлайдиган, бадиий ижодга уқуви бор ёш таржимонларга катта умид билдирилаётгани, уларни қўллаб-қувватлаш, имкониятларини юзага чиқаришга ҳаракат қилинаётгани қувонарли ҳол.

Чунончи, 2010 йили филология фанлари доктори Ш.Сирожиддиновнинг ташаббуси билан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети Илмий кенгашида олий таълим муассасаларида “Ёш таржимонлар мактаби”ни ташкил қилиш тўғрисида низом ишлаб чиқилди. Тажриба тариқасида бошланган ҳаракат натижасида Самарқад давлат чет тиллари институти, Қарши давлат университети, Урганч давлат университети каби олий таълим даргоҳларида ҳам “Ёш таржимонлар мактаби”лари ташкил этилиб, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорлик йўлга қўйилди. Бугунги кунда мазкур мактабларнинг илк илму толибларига таржимашунос олимлар, таниқли таржимонлар сабоқ бериб келишмоқда.

Ўзим ҳам Қарши давлат университети роман-герман филологияси факултети қошида иш бошлаган ана шундай мактабда таржима назарияси ва амалиёти, бадиий таржима асослари, таржимонлик маҳорати йўналишларида амалий машғулотлар олиб бораман. Машғулотларда нафақат илмий адабиётлардан, балки интернет тармоғида мавжуд бўлган инглиз тилидаги йирик электрон изоҳли луғатлар, синонимлар ва антонимлар луғатлари, шеърий таржимада қофия ясашда қўл келувчи инглизча тескари луғатлардан фойдаланамиз. Мактабимизга энг иқтидорли, шеър, ҳикоя машқ қиладиган, инглиз, немис, француз тилларида бемалол сўзлаша оладиган талабаларни саралаб олганмиз. Уларнинг ҳар бирига биттадан кўп йиллик тажрибага эга мутахасис тилчи ва адабиётшунос бириктирилган. Ойда бир марта ўтказиладиган ҳисобот йиғилишлари, таржимонлар билан учрашувлар ўзининг амалий натижаларини бермоқда.

Шунингдек, талабаларга грамматика, фонетика фанларидан ташқари, йиллик юкламанинг асосий қисмини ташкил этувчи оғзаки ва ёзма нутқ амалиёти фани ўтиладики, унда талабалар интерактив усуллар, турли видео дарслари ва лингофон орқали жаҳон халқларининг урф-одатлари, маданияти, тарихи, сўзлашув услуби, этикет нормалари билан яқиндан танишадилар. Чунончи, “Инглиз адабиёти” фанининг ўзи 4 босқичда 4 курс давомида ўтилади. “Мамлакатшунослик” фанининг асосий мавзулари эса, инглиз тилли халқларнинг турмуш тарзи, маданияти билан яқиндан таништиришга мўлжалланган. “Таржима назарияси ва амалиёти”, “Бадиий таржима” каби танлов фанларимизнинг ўқув-услубий мажмуалари ҳам айнан ўзбек тилидан инглиз тилига таржима қилиш амалиётини кучайтиришга қаратилган. Талабалар веб камералари орқали Англия ва АҚШдаги олий ўқув юртларида таҳсил олаётган тенгдошлари билан бажараётган ишларини социал тармоқларда ўзаро муҳокама қилиб турадилар. Улар таржима қилган баъзи ҳикояларни ўқиган инглиз ёшлари ўзбек адабиётига ниҳоятда қизиқиб қолишди…

Бу ишларимиз ҳозир ўзининг илк босқичида. Халқимизнинг: “Қимирлаган қир ошар”, деган ҳикматига амал қилиб, келажакда талабаларимиз орасидан кучли таржимонлар етишиб чиқишига умид боғлаганмиз. Мана шундай саъй-ҳаракатлар жараёнида таржимон кадрларни тайёрлаш масаласида турли хил фикрлар айтилаётгани, баҳс-мунозара бўлаётганига ҳам табиий ҳол, деб қараш жоиз, албатта. Мен бу ўринда Зуҳриддин Исомиддиновнинг “Каминанинг номлари…” (“ЎзАС”, 2012 йил 29 июн) ва Адҳамбек Алимбековнинг “…Ўзимиздан қачон чиқади?” (“ЎзАС”, 2012 йил 6 июл) мақолаларини назарда тутаяпман.

Яширмайман, З.Исомиддинов ўз мақоласида ҳақли эътирофлар (“…бадиий таржима тўлиғича бадиий ижод, ҳеч ками йўқ”) билан бирга бир қаторда эътироз туғдирадиган фикрларни ҳам билдирган. Уларни умумлаштириб айтадиган бўлсак, мақола муаллифи иқтидорли талабалар орасидан таржимонлар тайёрлашга самарасиз машғулот, деб қарайди: “Чунки таржимонлик ўта миллий ва… сартарошликка қараганда минг чандон теранроқ нарса, у фақат шу миллат кишисининг бадиий тафаккури меваси бўлиб юзага чиқади”. Ҳақиқатан ҳам, З.Исомиддинов ёзгандек, “дуч келган ўзбекка, сен ўзбекчани биласан-ку, кел энди ҳикоя ё шеър ёз, асаканг кетмайди десак” бадиий ижодга “сартарошликка қараган”дай ёндашган бўламиз. Бугун олий ўқув юртларида жаҳон тилларини пухта ўрганаётган, бадиий ижодга иқтидори бор, таржимонликка интилиши, лаёқати сезилиб турган талабани “дуч келган ўзбек”дан фарқи бордир, ахир? Бундай “бола”ларга йўналиш бериш, уларнинг изланишларини, машқларини қўллаб-қувватлаш лозимми ёки сенинг таржимангни “биров бадиий асар сифатида ўқимайди», деб қанотини қайириш керакми?

Бу борада мен яна ўз тажрибаларимдан келиб чиқиб, университетимиз қошидаги “Ёш таржимонлар мактаби” машғулотларининг, албатта, самара беришига ишонишимни таъкидлашни истайман.

Дарвоқе, мактабимиздаги машғулотларда таржима амалиётини таржима танқиди билан бирга қўшиб олиб бориш мақсадида кейинги йилларда амалга оширилган бевосита таржималарни аслият билан солиштириб, таржима асарда аслиятнинг бадиийлиги, руҳи ва мазмуни қай даражада акс этганини муҳокама қилиб борамиз. Мисол учун, машғулотлар давомида “Каминанинг номлари…” мақоласи муаллифи З.Исомиддинов муҳаррирлик қилган таржимон Абдуқаҳҳор Иминов томонидан инглиз тилидан бевосита ўзбекчага ўгирилган Вилки Коллинзнинг “Оқ кийинган аёл” (Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти, 2010 йил) романини катта қизиқиш билан мутолаа қилдик. Муҳаррирнинг бу китобга ёзган сўзбошисидаги айрим фикрлари юқорида тилга олинган мақоласидаги қарашларига мос эмаслиги бизни ажаблантирди. Шу сўзбошидан баъзи жумлаларни келтирсак: “Энди қисқача роман таржимаси ҳақида. “Оқ кийинган аёл” — ўзбекчага инглиз тилидан бевосита ўгирилган тўнғич роман. Унинг мутаржими Абдуқаҳҳор Иминов эса профессионал таржимонликка даъвогар одам эмас. У маъмурий лавозимларда ишлаган, инглиз тилини пухта билади (мен ўтган йили унинг Берлинда яшайдиган неварасига таваллуд куни билан табриклаб, инглиз тилида шеър ёзиб жўнатганига гувоҳ бўлганман)…”. Билмадик, 650 бетлик таржима асарини нашр қилган ижодкорни “таржимонликка даъвогар эмас”, деб эътироф этишни қандай тушуниш мумкин? З.Исомиддинов таржимонни “музёрар кема”га қиёслаб, ўқувчини таржимада йўл қўйилган камчиликлардан кўз юмишга ундайди: “Албатта, аслиятнинг бирон жиҳати ушбу таржимада бошқачароқ акс этиб қолган бўлиши ҳам мумкин. Аммо унинг дастлабки йирик таржима — кўламли тажриба эканлигини ҳисобга олиб, унча-мунча нуқсонлардан кўз юмсак, ҳеч бокиси йўқ. Илло, биринчи бўлиб йўл очганлардан ҳамма нарсада бадастирликни талаб қилиш ноўрин ҳам. Музёрар кеманинг иши — музни ёриб йўл очиш, нафт ташиш ва балиқ овлаш бошқаларга тан”.

Очиғи, З.Исомиддиновнинг ушбу сўзбошиси билан “Каминанинг номлари…” мақоласини солиштириб ҳайрон бўлдик: мақолада у таржиманинг бенуқсон чиқиши учун қайғуриб, ёш таржимон бундай масъулиятни уддалай олмайди деса, сўзбошида ёши улуғ таржимондан масъулият талаб қилманг, деган маънода сўз юритади. Ёшларни “бола” десак, кексаларни “аяйлик” десак… Хўш, бадиий таржиманинг эстетик завқ бера оладиган даражада чиқиши таржимоннинг кекса ёки ёш эканига боғлиқми? Бизнингча, таржиманинг бадиий етук чиқиши таржимада рецептор прагматикаси билан ҳисоблашилганига ва бошқа кўплаб экстралингвистик омилларга ҳам боғлиқ. Тўғри, миллий адабиётимиз намуналарини инглиз тилига таржима қилаётган ёшларимиз ғарбча фикрлай олмас. Лекин бу масалани таржиманинг охирги босқичида ғарблик мутахасис билан ҳамкорликда қайта кўриб чиқиб, таржимани таҳрирдан ўтказиш орқали ечиш мумкин-ку. Бунинг учун замонавий коммуникация тармоқларида имкониятлар етарли назаримизда. Таржимон Динара Султонованинг ўзбек адабиётидан инглиз тилига қилган таржималари Американинг www. poetry.com сайтида рейтингнинг энг юқори ўринларини анча вақт қўлдан бермай келганига гувоҳ бўлганман. Излаган имкон топади, муҳими ишонч ва кўмак.

Энди инглиз тилидан ўгирилган дастлабки романнинг айрим жиҳатларига эътибор қаратсак. Асарнинг ҳажми ва матнининг мураккаблиги, ҳақиқатдан ҳам, таржимон меҳнатига таҳсин айтиш учун етарли асос бўлади. Аммо таржимада ноўрин ишлатилган тасвирий иборалар (“шинам сумка”, “нодир мато”, “шаффоф ва гўзал”(қиз), “қилич бурун” каби), услубий ғализликлар, сўзлар такрори китобнинг деярли ҳар бетида учрайди. Таржимон “илтерламаот” деган сўзни жуда кўп ишлатади. Баъзида бу сўз қандай маънода келаётганини англаш мушкул: “Унинг шу илтерламаотига дастлаб жавоб берган мен эдим” (130-бет), “…илтерламаот юзасидан ўз зиммангизга олишингизни илтижо қилардим” (133-бет), “Унинг жентлменлик илтерламаоти илтимосимни рад этишга ожиз эди”(139-бет), “Менга бўлган илтерламаотингиз ва мен учун жон куйдириб қилаётган ҳаракатларингизга яраша хизматингизда бўлайин (143-бет). Бу сўз изоҳли луғатда ҳам учрамагач, уни таржимон “илтифот” маъносида қўллаган, деган тахминга бордик. Аммо “…иттерламаоқдошингиз аёл киши-я!” (48-бет) деган жумла бу тахминимизни рад этди.

Роман таржимасидан ўқиймиз:

“Ойижониси – париваш, бақалоқ; уч ёш қизалоқ – париваш, бақалоқ; икки ёш ўғил – париваш, бақалоқ; дадажониси эса ҳаммасидан ҳам паривашроқ, бақалоқроқ (13-бет). Ўзбек тилида семиз сўзининг “тўлачадан ­келган”, париваш сўзининг “хушрўй” “келишган” каби муқобиллари мавжуд, қолаверса, эркак кишига нисбатан “паривашроқ” дейиш ўзини оқлайдими?

Яна бир мисол:

“Қадди-қомати шунчалик келишганидан уни чиллаширлар жинсидан деб бўлмаса ҳам, назаримда ажойибхоналардан бошқа бирон ерда кўзим тушган одамзод миттиси худди шу эди” (9-бет). Бу ўринда таржимон қўллаётган “чиллашир” сўзи асар қаҳрамони профессор Песканинг ташқи кўринишини мутлақо нотўғри кўрсатаётир. Сабаб “чиллашир” — изоҳли луғатда “озғин” деган маънони англатиши келтирилган. Озғин киши узун бўйли ҳам бўлиши мумкин. Аслиятда эса Песка dwarf – ўта пакана, яъни карликка ўхшаши айтилган. Маълумки, карликлар цирк ва томошагоҳларда ўз санъатларини намойиш этишади. Бу ўринда асар қаҳрамони Ҳартрайт “мен карлик томоша кўрсатадиган томошагоҳдан ­ташқарида кўрган одамларим орасида энг миттиси Песка эди”, демоқда. Аммо негадир таржимон show-roomни – ажойибхона деб олган. Show-room сўзма-сўз томошахона деб ўгирилади. “Томошагоҳ” сўзи контекст маъносидан келиб чиқиб show-roomнинг эквиваленти бўлиши мумкин. Ажойибхона ўзбек рецептори тасаввурида асло цирк томошаси ва пакана одамлар билан боғлиқ асоциацияга эга эмас.

Асар матнида услубий ғализликлар ҳам кўзга ташланади. “Мактуб ёзилишини мис Ҳалкомб узоққа чўзмади. Кейин ўрнидан туриб, мурожатнома варағини сэр Персиввалга узатди. У таъзим билан уни қўлига олди, мазмунига қарамасданоқ шартта буклаб, уни муҳрлади. Устига адресни ёзди ва миқ этмай уни мисс Ҳалкомбнинг ўзига қайтарди”(132-бет). Зеро, таржима амалиётида содда ва равон нутқни яратиш мақсадида қўлланадиган алмаштириш, тушириб қолдириш каби табдил усуллари мавжудки, бу таржиманинг ўқишли ­чиқишига хизмат қилади.

Умуман, камчиликларига қарамай, мазкур катта ҳажмдаги, тили мураккаб асарнинг инглиз тилидан таржима қилингани ўзи воқеа, дейиш мумкин. Роман сюжети, мазмуни ва воқеалар ривожи таржимада аниқ акс этган. Қаҳрамонлар Лаура Фэрли ва Анна Катерик қисматларининг бир-бирига боғлиқлиги сири роман мутолааси давомида ўқувчининг диққатини ушлаб туради. Мазкур таржима, шунингдек, илмий тадқиқотларга объект бўлиши мумкинлиги билан ҳам қимматлидир. Сабаби, сўнгги йиллардаги таржима муаммоларига бағишланган илмий ишларда асосан (бевосита таржималар йўқлиги сабаб) воситачи тил орқали қилинган таржималар объект қилиб олинмоқда.

Шу ўринда З.Исомиддиновнинг “Каминанинг номлари…” мақоласида тилга олинган ўзбек адабиётидан бевосита чет тилларига таржима масаласига қайтадиган бўлсак, айтиш жоизки, ўзбек тилидан бадиий таржима қилишдек машаққатли ишни чет эллик таржимонга тўла ишониб бўлмайди. Бу фикримизни 2000 йили “Шарқ” нашриётида чоп этилган “Уммондан дурлар” тўпламидаги Навоий ғазалларининг хорижлик мутаржим Л.Кметюк томонидан қилинган таржимадан бир намунани аслият билан қиёслаш орқали далиллашга уриниб кўрамиз. Навоийнинг “қизил, сориғ, яшил” радифли ғазалидаги:

Фақр аро беранглик душвор эрур беҳад, ва лек,
Ҳирқада тикмак эрур осон қизил, сориғ, яшил —

байтининг инглизча таржимасидан англашиладиган маъно жуда ғариб:

The poor can hardly afford clothing even of a single shade,
Still they can easily sew into their robs stripes of red, yellow and green.

(Сўзма-сўз таржимаси: “Камбағаллар ёлғиз ўзларинигина кийим билан зўрға таъминлайдилар, шунинг учун улар ҳирқа, яъни чакмонларига қизил, сариқ ва яшил ямоқларни осонлик билан тикадилар”.)

Аслиятда муқобала, яъни қаршилантириш санъати қўлланган бўлиб, бу санъат бир-бирига зид тушунчалар орқали муайян ғояни таъкидлаш, таъсирчан ифодалаш мақсадида ишлатилади. Таржимон “фақр”даги “беранглик” ва ҳирқадаги “ранг-баранглик” тушунчалари орқали ишлатилган муқобала санъатига эътибор бермагани учун байт маъносини жўнлаштириб қўйган. Натижада, таржимада ғазалдаги теран фалсафий ҳикматга эга шоҳбайт оддий мулоҳазага ва маъносиз мисраларга айланиб қолган. Фақр (фақрлик) сўфийлик мартабасидаги бир мақомдир. Абдураҳмон Жомий фақрни икки турга бўлади: расмий ва ҳақиқий. Расмий фақр деб мол-дунёга эга бўлмаслик ва фақир яшашликка айтилади. Ҳақиқий фақр эса, ҳар қанча давлати бўлса ҳам, ҳар қандай шароитда ҳам мол-дунёга берилмайди ва ниҳоятда оддий яшайди. Баъзи шайхлар халқни Ҳақ йўлига эргаштириш учун фақр суратида тарғибот ишларини олиб борганлар. Улар бой бўлсалар ҳам дунё ҳою ҳавасларига лоқайд қараганлар (беранглик шунга ишора). Инсон нафс исканжасидан халос бўлар экан, илоҳий моҳиятни чуқурроқ идрок эта бошлайди. Зоҳирдаги фақр аломати бўлмиш турли ямоқли либос ботинан фақрга айланганлик далолати эмас, дейди ­Навоий. Бу ўринда таржимон “фақр” сўзини “poor” деб эмас “fakir” деб берса бўларди. Инглиз тилига дастлаб транслитерация қилиб келинган бу Шарқ реалияси эндиликда инглизча изоҳли луғатларда – “fakir – Moslem holy beggar” (қаландар ёки дарвеш маъносидаги мусулмон муқаддас тиланчиси) тарзида учрамоқда. Демак, фақр сўзининг лексик маъноси инглиз китобхонига таниш. Таржимада фақр сўзининг тасаввуфий маъноси ва байтдаги мазмуни, яъни Навоий ҳақиқий фақир бўлиб яшаш мушкул эканлиги, аммо чакмондаги ранг-баранг ямоқлар орқали фақрликка даъво қилиш осон эканлигига ишора қилаётганлиги ва риёкорликни қоралаётгани қисқа изоҳда тушунтириб кетилса, байтнинг ботиний мазмуни инглиз ўқувчисига аён бўлган бўларди. Хорижлик таржимонлар амалга оширган юқоридаги каби таржималарга кўплаб мисолларни келтириш мумкин.

Хўш, бундан қандай хулоса келиб чиқади: қайси хорижлик таржимон ўзбекдан кўра ўзбек адабиётини яхшироқ тушуна оларди? Таржимада шеъриятимиз, бадииятимиз малоҳати, ёзувчи ва шоирларимиз истеъдоди шарқона тафаккури-ю услуби намоён бўлмас экан бу таржимани хорижлик таржимон амалга оширганидан нима наф? Бизнинг назаримизда бу мақсадга эришишнинг йўли, биринчидан, таржима илмига, бадиий адабиётга иқтидори бор ёш талабаларни шу соҳага йўналтириш, “Ёш таржимонлар мактаби”лари фаолиятини республика миқёсида йўлга қўйиш; иккинчидан, кўп йиллик тажрибага эга таржимашунос олимларни ёш таржимонларга устозлик қилишлари ва объектив таржима танқидчилигини йўлга қўйиш; учинчидан, мутахасис (таржима тили вакили) билан ҳамкорлик қилиб, таржимани сайқаллаб таҳрирдан ўтказишдан иборат.

Мана шу йўлдаги саъй-ҳаракатлар бугун бир қадар жонланаётгани қувонарлидир. Шу маънода, умид билан қадалаётган ниҳоллар бир кун япроқ чиқариб мева беришига ишонайлик. Зеро, ишонч ва эзгу мақсад ҳеч қачон самара бермай қолмаган.

Гулноза Одилова,

филология фанлари номзоди

“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси, 2012 йил, 40-сон