Муҳтарама Улуғова. Марғилонликлар (Бир мухаммас тарихи)

Фарғона давлат педагогика университетининг ҳурматли домлаларидан бири, устозимиз, адабиётшунос олим Муҳаммаджон Мадғозиев ҳикояси:
— ХV аср охири — ХХ аср бошларида Марғилонда навоийхонлик анъанага айланган эди. Оқшомлари эркаклар алоҳида, аёллар алоҳида йиғилишиб, буюк бобомиз Алишер Навоий ғазалларини мутолаа қилишар ва уларни таҳлил этишиб завқ олишар эдилар.
Оғиздан оғизга ўтиб келган мана бу ҳаётий ҳикоя ҳам марғилонликларнинг шеъриятга, адабиётга, хусусан, Навоий ҳазратларига эътиқодининг бир ифодасидир.
Шаҳарнинг Чорчинор маҳалласида яшовчи, Умидий, Чаҳорчинорий тахаллуслари билан ғазаллар битиб юрган шоир навбатдаги навоийхонликка йиғилганларнинг эътиборини ўзига қаратиб:
— Мен бир нарсага жуда ҳайрон қолдим, — дея гап бошлабди. — Навоийнинг бир ғазали:

Кўкрагимдур субҳнинг
пироҳанидин чокрок,
Кирпиким шабнам тўкулган
сабзадин намнокрок,

байти билан бошланади. Қаранг-а, инсоннинг кўкси субҳдан ҳам қонталашроқ, чокроқ бўлиши мумкинми? Назаримда, ҳазрат муболағани ақл бовар қилмайдиган даражада ошириб юборганга ўхшайдилар…
Умидийнинг бу таънаси йиғилганлар кайфиятини бузибди, шу куни даврага файз кирмабди. Ихлосмандлар Умидийнинг фикрига муносабат ҳам билдирмабдилар, ортиқча сўз ҳам айтмабдилар…
Умидий қанчалар нотўғри иш қилганини тушунса-да, энди кеч бўлибди. У ҳам кулбасига қайтиб, изтиробга ғарқ бўлганича бедор ётибди, тонг олдида кўзи илинибди.
…Катта гулзор… Япроқлари шовуллаб турган дарахтлар эгилиб соя солган йўлакдан Мир Алишер Навоий юриб келаверибдилар. Ўзини бефаросатликда айблаб хоки туроб бўлиб ётган Умидий устоди комилни узоқдан кўрибди-да, ҳузурларига пешвоз бориб, тиз чўкибди, чопонларининг этагини кўзига суртиб узрлар айта бошлабди.
— Тур, бўтам, тур! — дея Умидийнинг бошини силабдилар Навоий.
Худди шу ерда ҳаяжону титроқ билан кўзини очган Умидий англабдики, кўрганлари туш экан. Сапчиб ўрнидан турибди, таҳорат қилиб, токчада турган Навоий “Девон”ини қўлган олибди, юқорида тилга олинган ғазални очибди ва беихтиёр унга мухаммас боғлашга тушибди. Мисралар қуйилиб келибди. Мухаммас мана бундай бошланар экан:

Аё, Умидий қулинг
бефаҳму беидрокрок…

Қарангки, шоир худди шу кеча ўзи билмаган ҳолда адабиётнинг бу жанрига янгилик киритган экан, яъни шу пайтгача бирор ғазалга мухаммас боғлаган шоир ўзининг тахаллусини асарнинг охирги байтида келтирган бўлса, қилиб қўйган хатоси, “бефаҳму беидрокрок” эканлигини имкон қадар тез тан олишга шошилган Умидий ўз тахаллусини мухаммаснинг биринчи байтидаёқ келтирган экан, “Мен айбдор, нодон қулингиз…”, дегандек…

“МЕНИНГ ХОНДА ИШИМ ЙЎҚ…”

Республикада хизмат кўрсатган маданият ходими, меҳнат фахрийси Баҳриддин ота Фозилов ҳикоя қилади:
— Мен саксон ёшдан ўтган бўлсам, ақлимни таниганимдан буён хонадонимизда энг кўп кўрганим китоблар бўлди, бобом ва отамнинг қадрдонлари, уйимизнинг меҳмонлари ҳам кўпинча шоирлар, санъаткорлар эди. Отамнинг айтишларича, катта бобом Муқимий, Фурқат, Завқийлар даврасида улфат эканлар. Марғилонлик, қўқонлик ҳофизлар ҳовлимизда тез-тез меҳмон бўлишарди. Мен уларга чой ташиб юриб, ажойиб суҳбатларини жон қулоғим билан тинглардим. Жаҳон отин Увайсий ҳақида бобомдан эшитганларим тасаввуримга ўрнашиб қолган.
Айтишларича, Амир Умархон Нодирабегимни Андижондан Ҳўқанди латифга келин қилиб олиб кетганларидан кейин кўрадиларки, Моҳларойим нафақат шоира, балки илмга ҳам ташна бир толиба эканлар. Шунинг учун Амир маликанинг ҳам шеърий иқтидорлари, ҳам илмлари такомилига устозлик қила оладиган муаллима излай бошлабдилар.
“Нодирабегимга устозликка ҳар жиҳатдан марғилонлик Жаҳон отингина муносиб”, — кўп суриштиришлар, маслаҳатлардан кейин мана шу қарорга келиб, Амир Умархон сарой бекаларини хонаравада Марғилонга жўнатибди.
Чолдевор ичидаги лойсувоқ уй олдидаги катта марварид тутнинг тагида ўт ёқиб қумғон қайнатиб ўтирган оддий, кўринишидан косибларнинг ожизасидан фарқ қилмайдиган отинни кўрган сарой бекалари дастлаб ҳайрон бўлишибди: “Наҳотки, маликага мана шу аёл устоз бўлса?!”. Кутилмаган меҳмонлар юпунгина тўшакларга омонатгина ўтириб ўзларини таништирибдилар, мақсадларини айтибдилар.
— Хуш келибсизлар, — дея сўз бошлабди Жаҳон отин. — Мен, аввало, бир нарсани билмоқчиман. Амир ҳазратлари менинг ихтиёримга қарайдиларми ёки саройга боришим мажбурийми?
Элчилар бу саволдан ҳайрон бўлиб бир-бирлари билан кўз уриштириб оладилар ва сўнгра:
— Албатта, ихтиёрингизни ҳисобга оладилар, — дея жавоб қайтарадилар.
— Агар ихтиёримга қарасалар, саройга боролмайман, чунки менинг хон билан боғлиқ, унинг саройида битадиган ишим йўқ.
Оғизларидан чиққан таклифдан мезбоннинг боши осмонга етишини кутган сарой бекалари ҳайрон қолишибди, Жаҳон отиннинг бу жавобини Амир Умархонга бориб айтибдилар. Шунда хон лаб тишлабди: “Ҳақиқатан ҳам, шоиранинг менда эмас, менинг у фозила отинда ишим бор эди. Шу боисдан ўзим ҳузурларига боришим жоиз”, деб Марғилонга келибди.
Хоннинг ўзи илтимос билан келганида, рад этмоқнинг иложи қолмабди.
— Майли, мен хизматларингизда бўлай, — деб гап бошлабди Жаҳон отин. — Фақат битта шартим бор: мен бу ерда косибларнинг, ҳунармандларнинг қизларини ўқитаман. Кўриб турибсиз, қумғонда чойим қайнаб турибди, яримта ноним — бугунги насибам. Эртанги куним — ё Раззоқ! Агар Қўқонда ҳунармандларнинг, косибларнинг қизларини ҳам ўқитишимга рухсат берилса, мен Сиз билан кетишга тайёрман.
Бу гапдан Амир Умархоннинг жаҳли чиқибди: “Нечукким, маликани ўқитган устоз оддий фуқаро болаларига ҳам дарс берса?”. Бу фикрини Жаҳон отинга ҳам англатибди. Шунда Увайсий машҳур ғазалнинг бир байтини келтирибдилар:

Эй шоҳ, карам айлар чоғи
тенг тут ёмону яхшини,
Ким меҳр нурин тенг солур
вайрону обод устина.

Ҳайратда қолган Амир Умархон:
— Бундан сўнг сиз фақат Нодирабегимга эмас, балки менга ҳам устозсиз. Ҳамма шартларингизга розиман, — дея шоирани саройга олиб кетибди.
Увайсий билан Нодиранинг устозу шогирдлик муносабатлари, бир-бирларига ҳурмат-эҳтиромлари, хоннинг илм ва ижод равнақига ҳомийлиги қизиқувчан ўқувчиларга адабиётлар орқали бир қадар маълум. Фақат кўнгилдаги иштибоҳ шуки, айрим телесаҳналарда талқин қилинганидек, Амир Умархон Жаҳон отинга анор отган эмас, ҳуда-беҳуда буйруқлар берган эмас. Ҳар икки томон ҳам ўз қадрини, шу билан бирга, хонлик ва шоиралик иззатини сақлаганлар.
…Орадан йиллар ўтиб, Жаҳон отин Марғилонни, марғилонлик азизларни соғинибди, она юртга бориб келиш учун хоннинг рухсатини сўрабди. Аммо “Бир оз шошмай турсинлар”, деган жавоб бўлибди. Бундай жавоб икки-уч бора қайтарилгандан кейин, бир куни алоҳида аравалар йўлга тахт қилиниб, сарой бекаларидан Жаҳон отинга ҳамроҳлар белгиланибди, Марғилон сари йўлга тушибдилар. Хон аравалари Марғилони муаззамнинг кўчаларидан бирига кириб тўхтабди ва Жаҳон отинга манзилга етиб келганликларини билдирибдилар. Увайсий араванинг пардасини кўтариб пастга тушмоқчи бўлибди-ю, қаршисидаги манзарани кўриб тўхтаб қолибди. Рўпарада қўқонғиштдан тикланган, нақшли ёғочлар билан зеб берилган мўъжаз, кўркам иморат турарди.
— Менинг ҳовли-жойим, эшигим бу эмас, — дебди шоира. — Адашиб келибмиз.
Шундан кейин йўлбошловчилардан бири қаршидаги ҳовлининг дарвозасини очиб:
— Отинойи, тушаверсинлар, биз худди ўзингизнинг ота жойингизга келдик, — дебди ва ҳовли ўртасида кўкка қўлларини чўзиб турган қадрдон марварид тут дарахтига ишора қилибди. Увайсий тутни таниб, соғинчу шукрона билан ичкарига қадам қўйибди.
Маълум бўлибдики, Жаҳон отин бундан бир ярим ойлар муқаддам Амир Умархондан она шаҳрига бориб келиш учун изн сўраган куни хон мана шу иморатни қуриш учун керак бўладиган ғишту ёғочлардан усталаргача Марғилонга юборилишини, тез муддатда шоирага муносиб уй-жой тикланишини амр қилган экан. Токи қурилиш охиригача битмагунча, “Яна озгина сабр қиладилар” деган жавоб билан сафарни кечиктириб турган экан…
Куч-қудрат, давлату дабдабанинг маърифат, ноёб иқтидор, шеъриятга таъзими рамзи бўлган бу иморат қарийб бир ярим асрдан кейин — Марғилон шаҳрининг қутлуғ тўйи арафасида қайта таъмирланди. Шаҳарнинг энг азиз зиёратгоҳларидан бирига айланди. Жаҳон отин Увайсийнинг боболари экиб кетган, ҳовлининг ўртасида чайир, буриш қўлларини ҳамон кўкка чўзиб турган марварид тутнинг тили бўлсайди…

ЧИН ИХЛОС

Навбатдаги ҳикоя менинг ўзимга тааллуқли.
Раҳматли дадам мулла Муҳаммадхон Улуғхўжа ўғилларини алламаҳалларда, кутилмаганда кимлардир чақириб келиб қоларди.
Ташқарига чиқиб кетган дадам зувиллаб қайтиб, катта уйга ўқдай учиб кириб кетардилар, яна шу шаҳд билан кўчага отилардилар-да, ҳеч қанча вақт ўтмай кўзлари билан кулиб кириб келардилар:
— Фалон жойдан фалончи мени ахтариб, ҳожати чиқишига ишониб келибди-я! — дердилар худди ўзининг нозик иши битган одамдек. Кейин, албатта, қўшиб қўярдилар: — Бир одамнинг кимнидир йўқлаб, нимадир умид қилиб келиши жуда оғир иш, худди юзини босгандек келади. Шунинг учун қўлларингдан келганча одамларнинг ҳожатини чиқаринглар, ноумид қайтарманглар. Кишининг илтимос қилиши жуда мушкул, аммо илтимоси рад этилса ундан бадтар аҳволда қолади…
Дадамнинг бири биридан ажойиб одатлари кўп эди. Агар бир яхши таом пиширсак, дастурхон атрофига йиғиларканмиз:
— Хаҳ, бир ризқи улуғ келиб қолсайди! — деб дарвозага қарайверардилар.
Дунёни таний бошлаганимдан отажонимнинг ширали, ҳиссиётлардан товланиб турадиган овозларида “Қуръон” оятлари, Шоҳ Машраб ғазаллари онгимга қуйилди.

Ҳама обод бўлди, бўлмадим
обод дастингдин,
Ки мен ҳар қайда борсам, дод этармен,
дод, дастингдин! —

Бу каби сатрлар магнит тасмасига муҳрланган каби кўнглимдан ҳеч ўчмайди.
Дадам араб имлосини ҳам, кириллни ҳам яхши билардилар. Ҳар куни уйимизга почтачи “топ” этиб ташлаб кетадиган бир даста газета-журналларнинг барини ўқиб чиқардилар, айрим мақолаларни белгилаб қўйиб, бизга ўқишни тавсия қилардилар.
Бир гал… қиш эди, элас-элас хотирлайман. Дадам жуда уриниб кетган, аммо ғоят чиройли, араб имлосида чоп қилинган китоб олиб келдилар. Ҳар куни кечқурун уйимизга аммаларим, амакию кеннойиларим, яқин қўшнилар йиғилишадиган бўлди. Дадам ўша китобни ўқиб берардилар. Ҳамманинг фикру хаёли китобда эди. Мен унинг воқеаларини эслолмайман, аммо йиғилганларни жуда ҳаяжонга солганлиги учунми, бир лавҳа элас-элас хотирамда қолган: гўзал қизни ўғирлаш учун ёмон одам уйнинг орқасидан чуқур қазади — кейинчалик билдимки, дадам ўшанда “Ўтган кунлар” романини ўқиб берган эканлар. “Ўтган кунлар”… Романга Абдулла Қодирийнинг фақат Кумушбибиларга эмас, бутун марғилонликларга муҳаббати сингдирилгандек.
Қозоқвой ҳожи опоғдадам (онам томонларидан) дадамга бошқача ихлос қўйгандилар. Дадамнинг айтишларича, опоғдадамнинг юракларидан ўтган, қалбида ётган дардни ёлғиз Оллоҳ биларди.
Қозоқвойҳожи опоғдадамга ота-оналари қатор фарзандларини ёшлигида ерга топширгач, “қозоқларга ўхшаган қалин-қаттиқ, умри узун бўлсин”, деб шундай исм қўйган эканлар.
Онам Маликахон ойим айтиб бергандилар: ўтган асрнинг 20-йилларига тўғри келади. Опоғдадамнинг катта ўғиллари Комилқорига маҳалладан бир қизни олиб берадилар. Келин чиройли, тутимлари маънили, фақат… овози эркакларникига ўхшаган дўриллаган экан. Қизни илк бора чимилдиқда кўрган Комилқори тоғам унинг овозидан кўнгилсиз бўлибди. Бу ҳақда оналарига айтибди. Аввалига унинг гапига ҳеч ким эътибор бермабди, куёв аста-секин кўникиб кетади, деб ўйлаганлар-да. Лекин ундай бўлмабди. Тоғам тинмай ачамга: “Айтинг, келин уйига чиқиб кетсин, мен у билан яшамайман”, дерканлар. Ниҳоят, бу гап опоғдадамга ҳам маълум бўлибди.
— Бекорни айтибди, — дебдилар Қозоқвой ҳожи. — Комилқори шу келин билан рўзғор қилади!
Кўнгил-да, кошкийди, буйруқ бериб бўлса! Катталар ўз қароридан қайтмабди, Комилқори тоғамнинг эса келинга нисбатан ҳеч кўнгли илимабди. Оналарига яна кўнгил ёрибди: “Дадам рози бўлсинлар, мен бу қизнинг умрини зое кетказиб ўтирмай…”. Шахрибону ачамиз гапни яна айтган эканлар, бу сафар опоғдадам қаттиқ жаҳл қилибдилар ва:
— Мен бировнинг боласини бахтсиз қилиб, қайтиб уйига олиб бориб қўйиш учун келин қилмаганман. Комилқори шу келин билан шу уйда яшайди, агар хоҳламаса, истаган жойига борсин! – дебдилар.
Айни шу гап айтилган ва қулоқларига етган кунда чиқиб кетганча, тоғам қайтиб ота уйининг остонасини босмаган экан. Опоғдадам юздан ошиб боқий дунёга кетгунча ҳам… токи шу кунгача Комилқори Қозоқвойҳожи ўғилларининг кейинги тақдири ҳақида ҳеч ким ҳеч нарса билмайди…
Дадам оддий косиб — ишчи эдилар, опоғдадам эса ўтган асрнинг 30-йиллари ҳукумат томонидан “Бу мулла, эскилик сарқити” деб ер-сувлари тортиб олингач, шаҳар чеккасидан кичкина ташландиқ ерни олиб, гуваладан бир уйча ва бостирма тиклаб, ҳовлини узумзор қилиб, “Мен дунёнинг барча роҳат-фароғатини кўрдим”, дея қолган умрларини шогирдларга илм ўргатишга бағишлаган самбит бўйли, оппоқ соқолли, ҳаётларининг охирги кунларигача олдиларидан меҳмон аримаган ҳожи дада эдилар.
Узоққа бормадим, ўзим улғайган қутлуғ хонадоннинг икки соҳиби ҳақидаги хотираларимдан бир парчаси қоғозга тушди. Қўни-қўшни, қариндош-уруғлар, мен билган ва билмаган одамлар орасида шундай инсонлар кўпки, уларнинг ҳаёт саҳифаларини қанчадан-қанча китобларларга шундайгина кўчириш мумкин. Бошқаларга яхшилик қилиб, ўзи роҳатланадиган кимнингдир эзгу ишини кўрганда, эшитганда кўзларига дувиллаб ёш келадиган… ўзининг фарзандини ҳам “сиз”лаб, миллатини улуғлайдиган… фақат касбу корни ва ҳунарни эмас, балки инсоний муносабатларни ҳам ҳақиқий санъат даражасига кўтарган марғилонликлар туфайли бу кўҳна ва навқирон маскан “Фариштали шаҳар”, деган номга муносиб бўлса керак.

Муҳтарама Улуғ,
Республикада хизмат кўрсатган маданият ходими
«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 2007 йил 36-сонидан олинди.